Пайшанба, 19.09.2024, 12:57
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Наср

Ҳамқишлоқ аёл
Ҳамқишлоқ аёл.
Инсоннинг бутун ички дунёсини баъзан унинг биттагина иш
ҳаракати, сўзи ёки ҳазили ҳам бошқа ҳодисалардан
кўра яхшироқ очиб бера олади.
Плутарх.

Муҳаррир ҳикоямни қайтарди. Лекин хижолат бўлмадим, чунки у эсда қоларли зўр сўз айтди: хонасида ўзи ва ёрдамчиси ўтирган экан:
--Ёмон ёзилмаган,-- деди ёрдамчи муҳаррир, -- бироқ бош қисмини бироз қисқартириш керак, кейин у аёлнинг ички дунёсини ҳам очиб кўрсатишга унчалик ҳаракат қилмабсиз.
-- Ҳамқишлоқларим ҳаётида содир бўлган бир воқеани шундай тасвирлаб қўя қолувдим, -- жавоб бердим мен.
Энди бош муҳаррир гапга аралашди:
-- У воқеада ўзинг ҳам иштирок этгансан, шекилли?
-- Йўқ, гапириб берган одамнинг номидан ёзилган.
Муҳаррир қаламини чаккасига тираганча бироз ўйланиб турди-да, кейин ҳалиги гапини айтди: “Энди ука гап бундай, ҳамқишлоқларинг ҳақида ҳар қанча ёзсанг ёзавер, лекин уни бутун дунё ўқийдиган бўлсин “ . . .
Ҳикоямнинг бош қисмини аямай қисқартирдим, “бутун дунё ўқиши” учун шу етарли бўлса кошки. У аёлнинг ички дунёси?... Қўлимдан келмас ишми дейман, яна у ер бу ерини чапладим, кейин нимаси қолди экан, деб қайтадан ўқий бошладим:
*
“Оббо”,-- деди Қавлон ака ( оқсоқолимиз, ишчилар қўмитаси раиси) автобусимиз меҳмонхона қаршисида тўхтагач, ҳаммамиз ялт этиб меҳмонхона томонга қарадик: “Ёпиқ, тамирланаяпти”,-- деган ёзув осиғлик
-- Чойхонага ҳайда, -- деди у йўлни кўрсатиб. У ер ҳам бўлмаса яна битта жой бор, нима дединг Тошмат, -- деб аввал Тошмат, сўнгидан бошқаларга сирли назар ташлади.
--Ҳа, -- деб қўйди Тошмат ака алланечук, у ширкат буғолтири.
-- Яна қандай жойни айтаяпсизлар, Тошмат, -- сўради унинг ҳамкасби Нажмиддин ака. Тошмат ака унга қараб қўйди-да, қўрслиги тутиб, индамади.
-- Индамасанг индама, вой бў. ўй, жа. а.., -- Нажмиддин ака жиззакироқ.
1
-- Нажмиддин ака, -- орқага ўгирилиб гап қотти оқсоқол, -- бунинг Ўратепада бибиси бор(бизда опасини биби дейишади), уруш охирларида, чамаси саккаиз-ўн ёшлик чоғларида йўқолиб кетган экан, ўша бибиси беш-олти йил олдин топилди, мана шу ёқларга келиб қолган экан, шундайми Тошмат?
--Ҳа.
-- Эшитмаган эканмиз, туғишган бибингизми? – сўради кимдир.
-- Ота бир, она бошқа, -- унинг ўрнига жавоб берди Қавлон ака сал хомуш оҳангда. Ҳеч ким бошқа сўз сўрамади. Қандай қилиб йўқолиб қолганикин? Ботиниб сўрай олмасанг. Қиз бола “палахмоннинг тоши “ бўлса, узатилганидан кейин, бу эса . . . Тошмат ака ҳам у замонда пилдираб юрган бола бўлгандир?
Чойхона ҳам тўғри келмади: жой бору ўрин-тўшак йўқ.
Гапни қисқа қиламан деб ҳангоманинг қоқ ўртасидан бошлаб кетдим шекилли, шу ерда озгина “лирик” чекиниш қилмасам бўлмас: биз, ширкат ишчи-хизматчилари – ўн беш чоқли одам Тожикистоннинг Ўратепасида юрган пайтимиз, бу воқеа ҳам ўша, пуллар “сомон” бўлган замонларда кечаяпти. Пулнинг қадри тушиб кетса “сомон” деб аталиб кетиларкан, чўнтакда эмас, тўр-халталарда олиб юриларкан, картушка-пиёздай. Совет деган каттакон Иттифоқ, империя десангиз ҳам хоҳишингиз, ана тарқайман, мана бўлинаман деб турган даврда шундай бўлган, матоҳу ҳарламбалолар қидириб одамлар дуч келган томонга санғиган. Мен ҳам шу баҳонада кўпчилик билан тоғли Ўратепани кўриб келганман. Ўратепа ҳам майли, тақдир ўша аёл билан тўқнаштирди, лекин . . .
 -- Сиз Муҳсин деган кишини танийсизми? – сўралди чойхоначидан(Муҳсин—поччамиз экан), аёли биз томондан, Чимкентдан(аёлини айтиш шартмиди) . Чойхоначи ўйланиб ҳам ўтирмади: “Уста Муҳсинми, “Лаби ҳовуз”лик? Уни ким танимайди дейсиз, аёлини бошқа юртлик деб эшитган эдим, сахий, тантиқ одам, лекин фарзанддан Худо қисган уни”.
 -- Унда шу, менинг поччамни айтаяпти,-- деди Тошмат ака.
Тунашга шароити борми-йўқми, хабар олиб келишга Тошмат ака, мен ва шўпир учовимиз кетдик.
--Бўлса бўлар, бўлмаса бибингни кўриб келганинг қолади, --дейишди Тошмат акага.
Топиб бордик, ҳовузнинг ёнида бир тор кўча, автобус сиғмади, шундан юз қадамча юриб, уларникига етдик. Пастгина пахса девор, бир жойидан дарвозага десам кичикроқ, эшикка жой қолдирилган, эшиги йўқ, ичкари кирдик. Ичкарида, девор тагида бир қатор тизилган қопларга нимадир қоплаб қўйилган. Қалин дарахтлар орасида кичкина уй, сукунатда ерга сингиб турибди, эски замонлардагидай; олди айвон, ўртаси йўлак, бир эшик, шу ерликларнинг уйидай бир уй. Боя чойхоначи, поччангларни ким танимайди ва яна уста деганига, . . Бу ерликлар бизларга қараганда эскичароқми, камтарроқ яшашар экан.
Уй ичидан бир киши чиқди, поччамиз уйида экан, ўйладим мен. У иккиланиб бўлса ҳам қайин инисини таниди, илиққина кўришиб , ичкарига таклиф қилди. Бу орада бибимиз ҳам олдимизга етиб келиб, укаси билан йиғлай омонлаша кетди. Қотмадан келган, ёшига нисбатан тетиккина аёл экан, уни биринчи кўрганимдаёқ қойил қолганим, тили ўзгармабди, ўзимизнинг шевада. Шунча йил авайлаб сақлабдида тилини, шўрлик, қандай қилиб йўқолган 2
экан-а? Замона зайлидир, яна ким билсин.
Уйга кирдик; Ўрта – даҳлиз, ўнгда бир, чапда иккинчи хона, биби югуриб-елиб, кўрпача солиб, дастурхон ёзди, ўтириб яна ҳол-аҳвол сўрашди. Сўнг, чойгами уннаш учун ўрнидан турмоқчи эди укаси қўймай, келишдан муддаомизни тушунтириб, кейин:” Шунга олдин ола билиб келайлик дегандик”,-- деди.
 --Тўппа тўғри келавермабсизларда, уйимизга ҳам кўнглимизга ҳам сиғасизлар, -- деди Муҳсин почча.
Биз орқага, чойхонага қайтдик, Муҳсин поччани ҳам бошлаб ола кетдик, у ёқда ош пиширилаётган эди. Ош ейилди, қизиқчи Йўлдош аканинг аскияларига кулишиб, чақчақлашиб “Лаби ҳовузга” келдик. Автобус кўчага киролмаслигини айтган эдим. Шундай замонда ҳам бунақа кўчалар бор экан. “Сичқон сиғмас кўчада “тоғорага” бало борми? – деди автобусга ишора қилиб Йўлдош қизиқчи, кулишдик. Бунга кулиш учун ўзидан эшитишингиз керак. “Ҳечқиси йўқ, ташвиш чекманглар, -- деди Муҳсин почча, -- автобус шу ерда тураверади, нарсаларинглар ҳам ичида қолаверсин, бу ерда ҳеч ким тегмайди”. Ҳайдовчига эса: “ Эшикларни ҳам илмай қўяверинг”, -- деб қўшиб қўйди. Қаёқда, биз томонларда бу каби хотиржамликлар аллақачон барҳам топган. Сафар давомида йўл-йўлакай харид қилган газлама-матоҳларимизни ўғри одамдай, поччага сездирмай қўлтиққа урдик. Ҳайдовчи Сирлибек ҳам бироз ўйланиб турдида, сўнг автобусини деворга яқинлаштириб, йўловчилар миниб тушадиган эшигини очилмайдиган даражада деворга тиради, ўзи томондаги эшикни илди: “Бир нарса деб бўладими?” “Ҳеч ким тегмайди”си биз учун муболаға эди.
Уйга киргач ҳалигина бўлганимиз хонани танимай қолибман, хона ичи тамоман ўзгариб кетибди: ерга яп-янги палослар солинган, тутилмаган кўрпачалар тўшалган, ёстиқлар ҳам шундай, худди янги тушган келиннинг уйи бўлибди қўйибди. Бирпасда қаёқдан кела қолди булар, бирон яхши ниятда йиғиб юргандирда, бибим бояқиш. Бибига иккинчи марта қойил деб қўйдим ичимда. Уйни тўлдириб дастурхон ёзилган, ликопчаларда бир хил қуруқ меваси бор экан, тоғ писта экан бу. Ҳалиги қоплардаги мана шу мева бўлиб чиқди, чақиб е-да буни.
 --Ҳой азаматлар, секинроқда энди, бу деҳқончилик эмас, пулга келган, катта даҳага кирган пилла қуртидай кусурлатаяпсан ҳамманг, -- оқсоқол танбеҳ берган бўлди, -- ё тоғ пистани биринчи марта кўриб турибсизларми? Бошқаларни билмадиму, мен ҳақиқатан ҳам биринчи марта кўриб туришим эди. Поччамиз тоғликлардан пистани чаканаю кўтара сотиб олиб, қовурибми, тозалабми, ишқилиб манашу ҳолатга келтириб, бозорда сотиш билан тирикчилик қилар экан. Яна бошқа ҳунари ҳам бор бўлса керак, чойхоначи уни уста деди-ку. Чойхона ошию бу писталардан кейин чой ичиладида, лекин ичимлик сувлари ҳовуздан бўлганигами, қониб чой ичолмадик, таъми бир хил, бемазароқ, бу тоғ ораларида ёз охири сувлари тортилиб, кунлари ҳовуз сувига қоларкан.
3

Ёт жойда яхши ухлаёлмай эрталаб барвақт уйғондим. Тоғ ораси – ҳали қоп-қоронғу. Ҳовли четида ўчоқлиги бор экан, очиқ оғзидан аждарҳонинг комидай бўлиб қизил ўт шуласи чиқиб турибди. Ичига қарасам қип-қизил қалин чўғ, туни билан ўтин ёқилган бунга. Нимага керак шунчалик? Кун ёриша , бошқалар ҳам чиқиб-кира бошлашди. Муҳсин почча ҳам кавушини апил-тапил кия, ҳовлига тушди-да: “Мен ҳозир, тандирга бориб нон олиб келай”, -- деб шошила кета бошлади.
--Тандирни ҳам ола келинг, нонни иссиқ-иссиқ ейлик, -- Йўлдош ака унинг ортидан сўз отди, кулдирди ишқилиб. Почча кула-кула кетаётганида биби ҳовлига обкашда сув кўтариб кириб келарди:” Тезроқ бўла қолинг, мана сувни ҳам олиб келдим”. У ўчоқлигига ўта туриб, биз билан омонлашди, ҳозир ўчоққа чой қўйиб юбораман, лаҳзада қайнайди”, -- деди. Ҳа, чойга эканда, бояги ўчоқдаги чўғни ўйладим. Демак газ-пилта йўқ.
--Бўпти биби, бўпти, -- деди Йўлдош ака хуш тавозе билан(бунақани у қотиради) қўлини кўксига қўйиб, -- бозор бўлса борармиз, қочиб кетмас тоққа қараб, а, нима дедингиз оқсоқол? Унинг ёнига келган Қавлон ака жавоб беришга оғиз жуфтлаган эди ичкаридан Нажмиддин ака важоҳат билан қўлини пахса қилиб чиқиб қолди: “Ҳей, сенлар бозор қилишга келгансанларми ёки шу ҳовузнинг сувидан чой ичишгами?” “Шу” деган сўзни бошқачароқ қўллади, сассиқ маъносини кўзда тутди, чамамда.
--А, Қавлон, -- давом этди у, -- ўчоқда чой қайнагунча бозор тарқайди-ку, бозорда ичамиз чойни. Ўчоқнинг чўғи тайёр, деб айтишга жазм қилган эдим, бўлмади, унгача Нажмиддин ака яна дағдаға қила кетди: “Кетдик, кетдик, -- зардаланарди у қатъият билан, -- эй Сирлибек, “қўш” машинангни”. Энди кетишимиз аниқ эди, ҳамма ҳовлида. Нажмиддин аканинг дағал сўзларини биби эшитмади дейсизми, эшитди:
-- Ҳой, жигар-бағирларим, ҳозир, нон келгунчаёқ чойим қайнайди, бирпасгина шошманглар, -биби куя-пиша бизга яқинлашди, -- ҳовузнинг суви эмас бу, бошқа сув, қоқиндиқлар. У гиргиттон бўлар, бу ёқда эса Нажим ака ва унинг дўқидан ҳурккан яна бир нечаси кўчага чиқиб улгурган эди. Ўнғайсизлик бўлди, биров у ёққа, биров бу ёққа тортиб яна бўлмаса.
--Раҳмат, биби, энди борайлик,-- дейишдик.
--Чойингизни кеча ичдик, янги ўрин-тўшаклар, раҳмат, барака топинг, берган нон-тузингизга рози бўлинг, -- деди Қавлон ака ўзига хос келиштириб.
Бибининг кўзлари жовдираб, ҳаммамизга ёлворгандай қарар, алоҳида хайрлашаётган укасига тузуккина сўз ҳам айтолмай хуноб эди. Ортимиздан, эсон-омон боринглар, юртимдагиларга мендан салом айтинглар деганича қолди.
Автобуснинг олдида бироз кутдик, ҳаял ўтмай , чопонининг барида нон, Муҳсин почча ҳам етиб келди, бизни бу ерда кўриб, бозорда туя кўрган болакайдай ҳайрон бўлиб, келган жойида туриб қолди. Биз унга узримизни айтаяпмизу, у бўлса нуқул, нега ундай қилдинглар, чой ичиб кетсанглар бўлмайдими, нега . . .—дерди, довдираб қолган одамдай такрорлаб. Қавлон ака Поччани қучоқлади, сўнг яна таскин учун елкасини қоқиб қўйди, у бўлса:” Омон бўлинглар ишқилиб, деди ниҳоят бизни хижолатдан қутқариб, лекин кетидан айтган
сўзи ...Лекин бир жиҳати чакки бўлдида, --давом этди у(яна чойга қарамай кетаётганлигимизни айтса керак, ўйлардим мен, лекин хато ўйлабман),-- бибинглар, укаларим қишлоғим булоқларининг ширин-шакар сувларига ўрганганда, бизнинг чойни мириқиб ичолмади, деб кўнгли тўлмай тунда яёв Ўратепага бориб сув олиб келувди(менинг юрагим “шув” этиб кетди, кимдир “иҳ” деб ҳам юборди), қувурнинг суви. Қўй десам қўймади, майли, омон бўлинглар ишқилиб”.-- деди синиқ оҳангда, сўнг автобус эшигини ёпди. Ана ҳангома. Бизми, йўқ, ортга қайтмадик, қайтолмадик, энди олдинга юришу ортга қайтиш – иккаласининг ажри бир хил эди. У аёл, ҳаммамизга ҳамқишлоқ аёл, бизни деб тунда яёв босиб ўтган йўлдан кетаяпмиз, бўларимизча бўлиб. Ҳеч ким чурқ этишга журъат этмасди. Автобус деразасидан кўриниб ўтаётган ҳар бир харсанг тошни паналаб бибининг меҳригиёси қараб қолаётгандай, гўё...
Ўчоқни қиздиришга қачон улгурди? Почча ёқдимикин ё? Биби шу топда нима қилаяпганикин, орқамиздан сўкмайди, албатта. Бундай бўлиши мумкин эмас. Йиғласа керак, ҳа, Муҳсин поччага билдирмай йиғлаб олади. Дунёда аёл зоти борки, қисматдан қасдини йиғлаб олади, бу уларнинг ҳам заифлиги ҳам қудрати. Йиғидан сўнг улар, чўмилиб бўлгач бир силкиниб яна ўз ҳолига келиб қолган оққуш мисоли, ҳаёт курашини яна давом эттираверади. Эркаклар эса ундай эмас, эркаклар ич-ичидан емирилаверади, тошқиндаги дарё қирғоғидай ўпирилаверишади...
Ўратепага кираверишда Қавлон ака Сирлибекдан, қанча чақирим экан, деб сўради, ҳайдовчи ҳам нима, қаер деб ўтирмасдан, “ўн икки”, -- деди жавобан. Ҳеч ким миқ этмас, биров бировнинг бетига қарагиси келмасди:
--Ўчоғининг чўғи ҳам таппа-тайёр эди, -- дедим мен нимагадир дабдурустдан, ўзимга ҳам томдан тараша тушгандай туюлди. Яна ҳеч ким индамади, фақат Қавлон ака мен томонга алланечук ёвқараш қилиб қўйди, холос.
Олдинги ёзганимдан қолганини бир сидра қайта ўқиб чиқдиму, юноннистоннинг улуғ алломаларидан Плутархнинг инсон ички дунёси ҳақидаги бир таърифи эсимга тушиб қолди, ҳикоямнинг камчилигини шу фикр тўлдирар деган умидда айнан сўзма – сўз бўлмасада эслай билганимча тепасига ёзиб, ҳикояни тугатдим.


Рукн: Наср | Қўшди: Samandar (31.12.2013) | Муаллиф: Комилжон Солибеков
Кўрилди: 740 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0