Пайшанба, 19.09.2024, 12:54
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Наср

Энигма
ЭНИГМА
Ойдин (Ойтўти РЕЖАМЕТОВА)


Дориларнинг ўткир ҳидларига тўйинган хонада уч аёл ётишибди. Хушбичимгина жувон - Суюма деразадан ташқарига тикилган кўйи “уфф” дея ўнг томонига ўгирилди.
Ташқарида қиш қиличини қайраб, кўкдан қуйилаётган майда қор зарраларини шамол гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга итқитиб, хиралик қилади. Қашқирдек увиллаётган бўрон деразага қорни силталаб уради, қор муаллақ қолиб сўнг беҳолгина пастга шўнғийди.
- Кунлар мунча совуқ бўлмаса, қиш қаттиқ келди-да, болаларимни соғиндим, улар ҳам йиғлаётган экан, уйдагиларни қийнаб қўйишдиёв... - жувоннинг бўғзига муштдек йиғи тиқилди.
- Қизим, уфламанг, Оллоҳ денг, ўпкангизга ҳаво тўлади, уфлаш яхшимас дейишади, - танбеҳ берди ёши ўтинқираган қўшниси.
- Хўп, хола, – деди Суюма бемажолгина.
Шу чоқ ҳамхонаси хабар олишга келган қизига шивирлаб:
- Касали оғирга ўхшайди, тузалмайдиган дардга яқинроқ, деган тахмин бормиш. Тузалиб кетсин, илойим... Бояқишнинг ўтган йили куёви ўлиб қолган экан, бало келса қўшоқлашиб келади-да. Ёш нарса, ер босиб кун кўрсин. Шу келиннинг ҳам дардига шифо бер эгам – деб дуо қилиб ётибман. Мана биз шунча ёшга келсакда ўлгимиз келмайди, одам ўлгани билан қора ернинг қорни тўярмиди – деди.
Қулоғи оғир аёл шивирлаганининг ўзида қаттиқ гапириб юборганини сезмади. Суюма музлаб қолди. Уни даволаётган врач республикада кўзга кўринган профессор, ўз соҳасининг билимдони, “Бошингиз шамоллаган”, – деган эди, демак яширган экан-да. “Агар мен ҳам ўтиб қолсам, йўқ, йўқ, худо сақласин... Соҳибжон акамни олди, энди икки севишгандан ёдгор бўлиб болаларим бўзлаб қоладими? Эй худо, раҳминг келсин, ёш жонимга, болаларимга раҳминг келсин”, – жувоннинг кўзларидан ёш оқиб кетди. У умидсизлик оролида ёлғиз нотавондек сезинди ўзини. Бироқ ҳозирги эшитгани уни қисди-қафасга олиб бўлганди.
“Ўтган йили Соҳибжон акамдан айрилдим, ёш кетди, увол кетди, мен унга, у менга, бир-биримизга тўймовдик-ку! Вой бераҳм дунё-ей, ҳали буниси бормиди пешонамда. Ахир уни қаро ерга топширган дақиқадан бери яшамаяпман-ку!.. Тунлар тонг отмайди, кўкда ой боқмайди. Ёстиқларим тиканакдек ботади. Ётоқхонамизга киришга юрагим зириллайди. Диванимиз ҳам мунғайиб тургандек, чиройли пардаларим маъюсгина. Икки қўлини икки ёнга ташлаган чорасиздек осилиб турибди”.
Кейинги пайтларда Суюманинг болалари “дадам қачон келади” - деб сўрайверадиган бўлди. Ўзини қўлга олиб: “Ишларини тугатиб келади, узоқ шаҳарга кетган” – деб жавоб қайтаради Суюма. Болалари Суюма хомуш пайтларида бўйнидан қучиб: “Дадам узоққа ишга кетган, яқинда келади, хафа бўлманг”, – деб ўзининг гапини ўзига такрорлашади.
Суюма мактабда ўқитувчи, жажжи болажонларни ўқитади. Хасталик хуруж қилганида касалхонага йўл олар, бироз дармонга кирганида болаларини, ўқувчиларини соғиниб уйига қайтар, ишга базўр судралиб борар - кунлари шу тахлитда нурсиз, маъносиз ўтаётгандек эди. Мана, ахийри жиддий даволанишига тўғри келди. Тасодифан эшитган аччиқ ҳақиқатни билганидан сўнг, деярли ухлолмай қолди. Балки янглиш ташхисдир... Кўнглининг бир четида маъюсгина шубҳа бўлиб, “Мен ундай касал эмасман”, – деган ўй уни бироз овутса, оғриқ кучайганида, “Ростдан шундай тузалмас дардга чалиниб қолган бўлсам-а”, – деб ўзининг этини кемирар, эзиларди.
Кўзи илинди дегунча Соҳибжон акаси тушига кирадиган бўлди, агар тушига кирмаса ўзи унга хаёлан мурожаат қиладиган, шундан кўнгли андак ором оладиган бўлди. Бу унинг севимли машғулотига айланди. Гоҳида ўзининг бу ҳолига ўзи кулиб қўяди:
- Тавба, кичкина болага ўхшаб қолдим-а, бироқ менинг Соҳибжон акам унутадиган йигит эмас эди-да. Мулойим ўктам, ҳалол, меҳрибон ота, вафодор ёр, севимли, оқибатли фарзанд эди.
- Суюма, жоним, нега умидсизликка тушяпсан, сен иродалисан, икки қора кўзларни ўйла... Тузалиб кетасан...
- Илойим, айтганингиз келсин, фақат йиғлоқилигимни биласиз-ку, ахир иссиқ жон оғрийди, сизлайди, тузалади.
- Бу бошқа гап, мени соғинсанг, болалар билан овун. Мени хафа бўлмасин десанг, тузалиш учун ҳаракат қил...
Шу тахлитдаги савол-жавоблар Суюмани анча чалғитар, шу орқали овунарди. Томография хулосасига кўра, мияда ўсимта ўса бошлаган деган ташҳис ҳамма яқинларининг кўзларига дунёни қоронғи қилиб юборди. Энди улар бирлашиб Суюмани қўллаб-қувватлар, яхши ниятларини изҳор қилардилар. Келинининг хаёлан Соҳибжон билан гаплашишини эшитган қайнона-қайнота, овсину, қайинсингиллар касалхонадан оёғини узмай қўйишди.
- Болам, ранггинг ўтган галгидан анча яхши...
- Вой, овсинжон, ҳеч ким сизни касал деёлмайди, кайфиятингиз яхши, ҳойнаҳой дўхтирлар адашган...
Бу гаплар Суюмага қанот бўлди. Бироқ ажал унга хўмрайиб, қошини кериб тургандай туюларди. Эри тириклигида Суюма ўзини доимо ҳимояланганини ҳис қилар, гўё ўз қалъаси, ўз уйида тургандек руҳи кўтаринки бўларди. Ҳозир эса турмуш ўртоғининг хотираси унга хасталикни енгишида мадад бўлар, бундан руҳияти кўтарилар, яшаётган ҳар дақиқаси учун шукрона келтирар, бу эса беморликнинг маънисиз, тоқатсиз, умидсиз онлари танобини бир қадар тортиб турарди. Ҳар оғриқ хуруж қилганидатепасида Соҳибжон акаси нигоҳи кулимсираб турар, буни ҳам зоҳиран, ҳам ботинан сезсада, барибир шу нигоҳларни доим соғиниб кутар, унинг мадад бўлгувчи гапларини ўзи тўқиб, ўзи айтиб, ўзи шунга ишонарди. Эри гоҳ хона бурчагида, гоҳ муолажа пайтида врачнинг ёнида унга кўриниб қолар, бошини қимирлатиб қўяр, Суюма маъюс бўлса худди келин-куёвликнинг фараҳбахш лаҳзаларидагидек бироз шўхлик қилиб, кўзларини қисиб қўярди гўё. Бу рўёлар сон-саноқсиз эди. Мана шу оламда узоқ қолиб кетгиси келарди Суюманинг.
Бир куни ҳамшира унга осма укол ишлаб туриб, тикилиб-тикилиб қараб қўйди. Ўнғайсизланган Суюма юз-кўзини силаб, у ёқ бу ёғини, сочини тўғирлаб қўйди. “Ерпарчин бўлиб ётавериб, ўзимга қаролмаяпман шекилли”, - ўйланди у. Ҳамширанинг “тузалиб кетармикин” маъносидаги нигоҳи ўзига отилган қора чақир тошдек кўксига суқилиб, анча пайтгача нохуш ўй-хаёллар исанжасига асир бўлиб юрди. “Наҳот кетиб қолсам, онам чидолмайди-ку, болаларим-чи, кечаси қўлларини кўксимга тиқиб ухлайдиган кенжам ҳоли не кечади? Олдига борганимда Соҳибжон акам хурсанд бўлмайди... “Болаларни кимга ишондинг”, – дейди”.
Бу ўй-хаёл бандилигидан қутулолмай азоб чекар, шундай пайтда хасталик яна ҳамла қилар, у яраланган оҳудек ўзини у томонга, бу томонга ташлар, кўзига жони кўринарди холос. Шу пайтларда таҳлил учун олинаётган қоннинг “тузалмас дард”га яқин белгилари кўринар, бу икки хилликдан докторлар ҳам ҳайрон эдилар.
Яна унга жонини нисор қилишга тайёр эрининг кулимсираган нигоҳи кўмакка келар, овозлари шундоққина қулоқларига қуйиларди: - Суюма, қанча оғир хасталар бу ердан шифо топиб кетишган, сен эса анчайин шамоллагансан, қара, ҳамма сен учун куюняпти, сен ҳаммага кераклисан, мен сени доим қувватлаб тураман, қани бир кулиб менга қарачи...” Бундай тотли ҳолат бот-бот мўралаб, кўнгил дарчасини ёриштирар, яна қандайдир ҳимматли илоҳий қўллар елкасини, пешонасини силаб тургандек тетикланарди. Унинг кайфиятини кўрган шифокор:
– Баракалла, синглим, шижоатли бўлинг, ҳадемай кўрмагандек бўлиб кетасиз – деб кўнгил чироғини алангалатиб қўярди. Атрофдаги барча қариндош-уруғ, ҳамкасблари, тенг-тўши, бағир-жигарлари уни кунда-кунора йўқлаб турар, қайин-юрти эса дори-дармонларни бетўхтов етказиб беришарди.

***
У кучли дорилар сабабми ҳар тугул тоқатлари ҳам ингичкалашиб қолгандек, кейинги пайтларда кўнгли ниманидир тусаётганини пайқаб қолди. Тусаётгани, истаётгани “Энигма” тинглаш, ўзини, хасталигини бироз унутиш эди...
Ётоғига ундан олдин кириб олган Соҳибжон акаси Суюма киргунича Регистон майдонида ўз гуруҳи билан “Энигма” ижро этиб, халқ оғзига тушиб қолган бастакорнинг бир туркум куйлар гулдастасининг видео тасмасининг овозини паст қилиб қўяр ва уни кутарди. Иккаласи оҳистагина диванга чўкишиб, бошқа куйлардан батамом фарқ қилувчи, томир-томирини симиллатиб юборгувчи, дилтортар, дилўртар бу романтик оҳангни, фақат яхши ҳислар уйғотгувчи шаффоф садони шавқ билан тинглашарди, бир-бирига сўзсиз тикилишар, бошларини бошларига теккизганича ўтиришарди. Бу ҳол ҳар кеч ёки кун ора такрорланарди. Бу хотирани, бу онни тусарди Суюма...
Хасталик кучайганида шу хотира уни яшашга, дардни енгиб олишига ишонишига сабаб бўларди. Назарида ҳозир ҳам кўзларини юмиб шовуллаб пастга думалаётган сув томчилари, шаршара, жаннат қушларининг навозишли сайроғи, дарахт баргларининг тўлғониб-тўлғониб шитирлашларини сезинди. Вужуди гўё нимадандир тозариб боряпгандай туюлди. Бу исмсиз ҳолат унга, ўша куй ҳадя қилган таассурот бағридан чиқиб, унинг бағрига иниб кетгандек енгил тортди. Шу кезда бой-бадавлат яшаб, шундаям ўз турмушларидан ичи чиқмай, бир-бирини аямай юрганлар ора-чора учраб туришини кўриб, ўз ҳаётининг ўртача таъминотию, юксак маънавияти мўллигини, ҳар дақиқа ҳар сонияда Соҳибжон акаси руҳи қўллаб турганлиги, ўз қариндошларидан кўра қайин юрти унинг учун тик туриб, ҳар ишорага шай турганлиги қувонтирар, тезроқ тузалгиси, қандайдир кучли хоҳиш-майли уни олдинга тортқилаётгандек сезарди.
***
Хасталик яна бош кўтарди. Чўкаётган одам хасга ёпишади деганларидек онаси Раҳима ая ялиниб-ёлвориб қизини бир ров уйига олиб кетишни сўранд:
- Бир армоним бор, зулук солдирсак, қон олдирсак, кўнглим сезиб турибди, нафи тегади.
Бу усул, яъни кўҳна халқ табобати билан даволайдиган врач яқиндагина малака ошириш учун Туркияга бориб қайтган эди. Врач ишга киришиб кетди. Орадан анча вақт ўтиб мўъжиза рўй берди, ҳам очлик, ҳам зулук солиш, ҳам қон олдириш Суюманинг бутун вужудини тозалагандек ўзида енгиллик сезди ва тезда оёққа туриб кетди. Тиббий таҳлил натижаларига кўра, бошида ҳеч қандай доғ ё ўсимта деб тахминлаган нарса кўринмади. Суюманинг тиришқоқ ва меҳнаткаш чиққанлигига қойил қолган доктор Раҳима аяга:
- Опажон, қизингизга ташхис қўйишда андак адашдимми ё мўъжизами, ҳар ҳолда ҳозир синглим соппа-соғ. Бу дегани, энди бўлди, касалхонага йўли ҳам тушмайди деганимас. Қизингиз назоратда туради. Эҳтиёт шарт, лекин кўнглингиз тўқ бўлсин, оғирчилик ортда қолди, - деб, сўнг Суюмага юзланди:
- Синглим, шундай ота-онангиз, яқинларингиз, қайин-юртингиз, фарзандларингиз, ёш ўтиб қолган укахонимиз ёди сизни барвақт оёққа турғизди. Биз ҳар қанча дори-дармон қилганимиз билан атрофдагиларнинг мададига етолмайди. Мадад хасталикни енгади, ишонч кураштиради, кайфият эса олға қадам ташлатади. Саломат бўлинг, синглим.
***
Шифокорлар бўлим бошлиғи билан суҳбатлаша туриб, унинг дарддан фориғ бўлган Суюма ҳақидаги фикрини сўрашди.
- Биз классик медицинага суяниб қолганмиз, бошқасини тан олгимиз келмайди. Аммо ҳозирги кунда очлик билан даволаш, зулук солиш, қон олдириш каби усуллар хусусий клиникаларда яхши натижа беряпти. Ахир беморимиз айнан шу муолажадан сўнг ўзини яхши ҳис қила бошлади-ку, - Матлуба Абдуқодировна жиндай сукут сақлади, - Яна, қайдам, бу ерда қўшимча омиллар: атрофидаги яқинларининг меҳрибонликлари, севган инсонининг ёди, ёқимли куй тинглаш ҳам ижобий самарасини берди, деб ўйлайман, - бўлим бошлиғи тўсатдан ёнидаги ҳамширага ўгирилди. - Айтганча, Жамила, сен интернетни яхши биласан-ку, қараб кўр-чи, “энигма” деган сўзнинг маъноси нима экан? Энигма жанридаги куйлардан бир қанчасини менга кўчириб берчи.
Атрофидагилар “энигма”нинг қудратли таъсири ҳақида ўзаро фикр алмашиб кетишди.


Рукн: Наср | Қўшди: Samandar (06.09.2013)
Кўрилди: 889 | Рейтинг: 1.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0