Пайшанба, 19.09.2024, 22:31
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Наср

Икки элнинг ёзувчиси
Эрназар Рўзиматов


Бир ажалдан қолган бола

Ҳаётда кутилмаган воқеаларга дуч келаркансан. Гоҳо ёқангни ушлаб, тавба дейсан...
Меҳмондорчиликда эдим. Дастурхонга келтирилган ошга «Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм», деб энди қўл ургандим. Уй эшиги очилиб ҳаяжонда қизим Марҳамат:
- Дада! Тезроқ ташқарига чиқинг, - деди.
Хонада тўла одам. Барчаси ҳам ошга энди қўл чўзганди. Ҳаммаси юзимга бир-бир боқиб қўйди. Нима қилишимни билмай оғзимга олган луқмани ютолмай қолдим. Мен ўр¬ним¬дан тургунча қизим: «Дада, дада», деб икки-уч марта такрорлади.
Ташқарига тез чиқишга имконим йўқ эди. Уйдаги ўтирганлар юзимга яна бир-бир боқиб, ташвишланиб турганимни пайқаб, ташқарига чиқишга йўл беришди. Мен улар орасидан аста ўтиб ҳовлига чиқдим.
- Тинчликми? - дедим қизимнинг кўзидаги ёшни кўриб.
- Дада, тезроқ уйга бормасангиз боладан ажраб қоламиз.
- Нима бўлди? Тушунтириб гапир, - дедим тоқатим тоқ бўлиб.
- Овқатланиб ўтирган Элмуроднинг ўпкасига ерёнғоқ дони кетиб қолди. Нафас ололмай қийналиб ётибди. Бир ҳушига келади, бир ҳушидан кетади.
Қизимнинг охирги сўзи қулоғимга киргани ҳам йўқ. У айтиб бўлгунча мен ҳовлидан чиқиб ташқарига отилдим. Йўл-йўлакай менинг чопиб келаётганимни кўрганлар «Тинчликми?», деб ортимдан қараб қолишарди.
Орадан беш дақиқа ўтмасдан уйга етиб келдим. Элмуродни бувиси тиззасига олиб ўтирибди. Мени кўриши билан Раҳбар:
- Тезроқ, ҳаракат қилайлик, набирамиздан айрилиб қо¬ламиз. Бошини сал қуйи қилиб ётқизсам, нафасни росмана олади. Агар бошини кўтарсам, борми ўзини йўқотиб қўяди. Ранги рўйи кўкариб кетади. Айтишга ҳам қўрқаман. Ажабтовур кўзга кўриниб қолган бола, - деди кўзларига ёш олиб.
Бу сўздан сўнг тилим калимага келмай қолди. Ортимдан етиб келган Марҳамат қизим:
- Дада, Элмуроднинг ҳаёти, тақдирини бир сония ҳал қилади. Тезроқ чора топайлик.
- Дадаси, - деди Раҳбар, - Элмуродни тезроқ Тошкентга олиб борайлик. У ерда Ҳамза амакиси барча жойни яхши би¬лади. Докторлар топиб беради.
- Машинам ҳозир юришга ярамай турибди. Бир соатлик иши бор-да.
- Ман билмайман, машинани олиб чиқинг, - деди Раҳбар.
Машинамни эт-бетини кўриб, ўт олдириб, итариб гараждан олиб чиқдик. Ҳамма жойи бинойидек, лекин тезликка тез тушмайди. Машинага Раҳбар, қизим Марҳамат, Элмурод билан ўтирдилар. Машинани итариб юргиздик. Шу ҳолатда катта йўлга чиқдим. Шунчалик қийин бўлдики, ортимиздан келаётган катта от-арава бизни қувиб ўтади. Тепаликка чиқиб, пастга тушарда тезлигини ўзгартиб, шу тезликда йўл босдик.
Тошкентга етиб олсам, ўғлим Ҳамзанинг машинаси бор. Ўшанда юрмасак, бу машинада шаҳар ичида юриб бўлмайди. Шу қийинчилик билан Тошкент шаҳрига кириб бордик. Элмурод набирамиз дардини айтолмас, гоҳо йўталиб қолар, шунчалик қийналганидан иштони ҳўл бўлиб қоларди. Набирасининг қийналаётганини кўрган Раҳбар изтиробга тушиб, қўшилиб йиғларди. Ҳеч кимнинг бошига бу дард тушмагай. Ҳамза ўғлимнинг уйи Паркент бозори юқорисига жойлашган. Машинамиз уларнинг уйларига бир бекат қолганида ишдан чиқди. Бунисига ҳам шукр қилиб, машинани бир четга чиқариб қўйиб, такси тўхтатиб ўғлим уйи томон йўл олдик. бахтимизга Ҳамза ҳам уйида экан. Элмуроднинг аҳволини кўрган Ҳамза, тезда кийиниб ташқари чиқиб, машинасини юргизди-да, бизларни ўтқазиб, болалар касалхонаси томон йўл олдик. Йўлда бўлган воқеаларни ойиси батафсил айтиб берди.
Касалхона эшигидан Марҳамат акаси билан Элмуродни олиб кириб кетди-да, ярим соат ўтир-ўтмас яна Элмуродни кўтариб чиқишди.
- Нима бўлди? - дедим мен.
- Рентген тасвирида кўрдик, ерёнғоқ дони ўпканинг нафас олиш йўлида турибди. Бу ерда уни чиқариб олиш имкони йўқ экан. Бошқа клиникага йўлланма ёзиб берди, - деди Ҳамза.
- Қани,тезроқ Ҳамза ака, - деди Марҳамат, - Элмуроднинг ҳаётини сақлаб қолиш керак. Қанча пул кетса ҳам майли. Бош омон бўлса пул топилади, одам топилиши қийин, - дея кўзига ёш олди.
- Йиғлама қизим, аввало Худо, қолаверса, Яссавий бобо ёрдам беради, - дерди-ю, лекин Раҳбарнинг дили йиғларди.
Нима қилсин, кенжа ўғлининг ўғли-да. Қайси ота-она ўғил-қизларининг униб-ўсганини ёмон кўради. Оёғингга кирган тикон, менинг пешонамга кирсин, - дейди. Баъзи бировлар амалдор бўлсалар ота-онасини ҳам кўзга илмай қўяди. Сени ким вояга етказди, ким сенинг йўлингга чироқ бўлди. Ота-она худди чироқ каби танасини куйдириб, қизмат қилади-ю, лекин хизматлари сароб бўлади. Биз шундай деймизу, лекин ҳаммаси ҳам омон бўлишсин, деймиз.
Кун ботарда жарроҳлар клиникасига етиб бордик. Ҳамза тезда рентген туширган тасвирни олиб ичкари кириб, бир пасда чиқиб: - Элмуродни қабул қиларкан, лекин операция қиладиган жарроҳ йўқ экан, - деди. Қўлтиғимиздан тарвуз тушгандек бўлиб. Сал ўтмай ичкаридан бир ҳамшира чиқиб: «Ака, болага жой тайёрлаб қўйдик. Жарроҳ ҳам командировкадан келибди. Ҳозир сим қоқиб билдик. Мана манзилгоҳи, тезда бориб келинг, у кутаётибди», деб қўлига қоғозни тутқазди. Юзимизга қон югуриб севиндик. Ҳамза мени бирга бориб келишимни айтди. Марҳамат, Раҳбар касалхона ичкарисига киришди. Ўша пайтда Тошкент вақти билан соат бирдан ошганди. Бизлар машинага ўтириб ҳамшира берган манзил томон шошилдик.
Қоронғи тун... Кимдан йўлни сўрайсиз. Ҳамма уйқуда. Бир амаллаб жарроҳнинг уйини топиб бордик. У ҳам тезда кийиниб чиқиб, бизлар билан касалхонага келди. Жарроҳни кўрган Раҳбар:
- Болам яхшимисан, набирам жони аввало Худонинг қўлида, қолаверса, сенинг қўлингда, - деди йиғлаб.
Раҳбарнинг йиғлаганини кўрган жарроҳ:
- Йиғламанг хола, Худо хоҳласа тузатамиз, мен бир рентген тасвирини кўриб чиқай, - деб жарроҳлар хонасига кириб кетди.
Салдан кейин навбатчилик қилаётган доктор билан бирга чиқди. Ёнидаги навбатчи докторга: - ҳамшира жарроҳлик хонасини тузатиб, бор ускуналарни тайёрлаб қўйсин, - деди ва менга қараб, - набирангизни ҳозир кўрамиз. Агар имкони бўлса операция қилмасдан япон аппарати билан ер ёнғоқ донини оламиз. Агар ер ёнғоқ донини олиш имкони бўлмаса у ҳолда... - деди-да гап давомини айтмади.
Жарроҳ хонасидан чиққан икки ҳамшира қиз:
- Акрамжон ака, хонани тайёрлаб қўйдик, - деди.
Жарроҳ Акрамжон болани кўтариб турган Раҳбарга қараб:
- Болани беринг, ташвишланаверманг, - деб қўлини чўзди.
Доктор ҳамширалар билан бирга Элмуродни кўтариб олиб кириб кетишди. Орадан анча вақт ўтди. Йўлакда худди игна учида юргандек у ёқ-бу ёққа юрардик. Амакиси Ҳамза, аммаси Марҳамат ҳам ташвишланиб жарроҳ хонаси эшиги олдидан у ёқ, бу ёққа ўтар, гоҳ тўхтаб эшикка қулоқ тутарди. Раҳбарнинг кўзидаги ёш ҳали қуригани йўқ. «Жони омон бўлса бўлди», дея ўзича пичирлаб қўярди.
Тонг оқара бошлаганди. Субҳидамда жарроҳхона эшиги очилди. Ичкаридан ҳамшира кўринди. Тўртталамиз ҳам олдига чопиб бордик.
- Ўғлимизнинг аҳволи қалай, - деди бувиси Раҳбар.
- Ташвишланманг, набирангиз яхши, - деб қўлидаги пахта ўртасини очиб, ер ёнғоқ донини кўрсатди.
- Шу нарса ўғлингизни ташвишга солаётган.
Орқасидан жарроҳ ўзи чиқди.
- Балли болам, раҳмат, қўлинг дард кўрмасин. Кўпчиликнинг дуоси кўл, дейдилар, соғ-омон бўл, - деди Раҳбар.
- Элмуродни бугун олиб кетамизми? - деди Ҳамза.
- Йўқ, - деди доктор, - Ўпкадан донни олиш осон бўлгани йўқ. Бахтингларга доннинг пўсти йўқ экан. Пўсти ўпкага ёпишиб қолса, уни олиш имкони туғилмасди, операция қилишга тўғри келарди.
- Ҳозир ўзи тузукми? - деди Ҳамза.
- Сал туриб ўзига келиб қолса керак. Наркози ҳали тарқагани йўқ. Бугун қўлларингизга бермаймиз. Бир кун бизнинг меҳмонимиз бўлади, - ёдига бир нарса тушиб сўзида давом этди, - уйга боргандан кейин совуқ сув ичиб, парҳезни бузиб қўймасин. Бир ҳафтагача пенцилин олади. Қисқаси, шамоллатиб қўйманглар, - деди.
Бизлар доктор билан хайрлашиб кетгунимизча, қуёш ҳам терак бўйи кўтарилиб қолди.
Машинамизга «Худога минг қатла шукур», деб ўтиришиб, кеча машинани қолдириб кетган жойга келдик. Машинага ҳеч ким қўл урмаган, шу ҳолича турган экан. Ҳамза иккаламиз эт-бетини кўриб, ўт олдириб, машинани созлаш устахонаси томон йўл олдик.
Эртасига доктор айтган вақтда касалхонадан набирамиз Элмуродни олиб қайтдик. Бир ҳафта Матлуба аммасининг уйида дам олдик. Аммаси Олмалиқ шаҳрида яшайди. Элмурод доктор айтган муолажани ўша ерда олди. У пайтда Элмурод энди уч ёшга тўлганди. Ҳозир бешинчи синфда ўқийди.
- Мен, - дейди Элмурод, - оғир дамларда мени ажал исканжасидан олиб қолган шифокорни, бобом, бувим, Матлуба, Марҳамат аммаларимни ва Ҳамза амакимнинг хизматларини бир умр унутмайман. Улар учун бошим эгиб, хизмат қиламан.


Ҳақиқий гонорар


Ўғил уйлантириш тўйи. Ҳовли меҳмонлар билан тўла. Келин-куёв уйдан чиқиб, тўрда безатилган кошонадан жой олишгач, тўй базмини бошқарувчи базмни очиб бериш учун сўзни менга берди. Овозимнинг пастлигидан гоҳо тортиниб сўзлагим ҳам келмайди. Чунки меҳмонларнинг бири эшитади, бири эшитмайди. Уларни айблашга менинг ҳаққим йўқ. Лекин бировлар тушунмасдан истеҳзо билан кулаётганини сезиб қоламан. Мен ҳам шундай бўлишни хоҳлармидим, албатта йўқ. Бу худонинг иродаси, бунга ҳам минг бора шукр қиламан. Қўлимга микрофонни олиб, келин-куёвни табриклаб кечани очиб, ўрнимга келиб ўтирдим. Орадан бироз ўтгач, қаршимдаги бўш ўриндиққа ёши қирқлардан ошган, кўринишдан салобатли бир киши келиб ўтирди.
- Ассалому алайкум, Эрназар ака, - деб менга юзланди.
- Ваалайкум ассалом, - деб алик олдим.
- Ўзбек маданият марказининг раиси сизмисиз?- деди ҳалиги киши.
- Ҳа, - дедим қисқа қилиб. Ўзимча «Бир чанг чиқармоқчими?» - деб ўйладим. Чунки «Қочоқлар» шеъри ёзилгандан сўнг Б.исмли ажабтовур одам: «Мени ёзибсиз» деб кўнглимни оғритганди.
- Тошкентдан кўчиб келдим, - деди хаёлим бўлиб ҳалиги киши. - Туркистондан дўстларим ҳам бориб турарди. Ёмон яшамадик. Қорнимиз тўқ, устимиз бут эди. Ўғлим бир куни болалар газетаси - «Тонг юлдузи»ни олиб келди. Газетанинг адабиёт саҳифасини қарасам сизнинг «Қочоқлар», «Аравакаш» ва «Боботут» шеърларингиз жой олибди. «Қочоқлар» шеърингизни ўқиб таъсирландим. Кўчиб келишга мажбур бўлдим, - деб шеърни ёддан ўқий бошлади.
Қочоқлар ҳей, қочоқлар,
Айтинг қайга қочасиз?
Она юртингни ташлаб,
Қайдан макон очасиз?
Ҳар ерни қилма ҳавас,
Бордир тошу, тарози.
Она юртин ташламас,
Йигитларнинг хўрози.
- Раҳмат, - дедим ичимдан суюниб.
- Мен Маткарим Ирисбековман, - деб ўзини таништирди.
- Қаерда ишлаяпсиз? - дедим ўзимни эркин сезиб.
- Марказий бозорда. Эрта олдимга ўтинг, бафуржа гаплашамиз, - деди-да, хайрлашиб ўрнидан туриб кетди.
Тўйдан кеч қайтганим учунми, уйқудан кечроқ турдим. Нонушта қилиб бўлгач, кечаги киши кўз олдимга келди. Борсамми, бормасамми, икки ўй... Кайфчиликда айтиб қўйди-да, дедим. Сўнгра мен ўзим учун эмас-ку, кўпчилик учун-ку, арғимчоққа қил қувват деганлар, - деб бозор томон йўл олдим.
Бахтимга қарангки магазинда ўзлари ўтирган эканлар. У мени кўриши билан ўрнидан туриб саломлашиб, ўтиришга таклиф қилди. Бироз ўтирганимдан кейин марказ дардини айтиб қўлига счёт қоғозини узатди. У «ўғлим», деб иккинчи хонадан ўғлини чақириб, счётни қўлига бериб, «Шунга лойиқ пул олиб, Эрназар акангга бер», - деди. У ҳам бир гап қайтармасдан счётда кўрсатилган пулни олиб чиқиб менга узатди. Очиғини айтсам олишга уялдим.
- Маткарим, пулни мен олмайман, имкони бўлса бухгалтер ўзлари тўлаб кела қолсин, - дедим.
- Хўп, - деб пулни ёнида ўтирган йигитга узатди. У чиқиб кетгач, шеър ёзилиш сабабини сўради.
Ўзбек маданият маркази 1990 йил 16 июн куни ташкил топган. Очилиш қурултойи шаҳардаги «Темирйўлчилар» саройида ўтган (ҳозирги «Туркистон» театри). Қурултойга Алматидан ёзувчи Масимжон Зулфиқоров, Тошкентдан шоир Омон Матжон, Суннатилла Анорбоев, адабиётшунос олим Ғаффор Мўминов, Раҳим Отаев, Ҳусан Рўзиматов, Янгиердан доктор Баҳодир Раҳимов, Матлуба Эрназар қизи, Намангандан собиқ вилоят ижроия комитети раиси М.Абидшаев ва бошқалар келишганди. Марказни очишда ташкилий ишлари Эркин Жўрабеков билан кўп хизматлар қилдик. 1991 йиллари Туркистон аҳолиси турли томонга кўча бошлади. «Марказ ўшаларга бирор чора кўряптими?» деб сўрашса нима дейишим керак? Қайси бирига «Кўчма» деб айта оламан. «Қочоқлар» шеъри шу мақсадда ёзилган.
Эшикни очиб кирган бухгалтерга «Бўлдими?» деди Маткарим хаёлим бўлиб.
- Ҳа, - деб чиптасини узатди.
Маткарим чиптага кўз югуртириб, ўқиб чиқди-да, менга узатди. Раҳматимни айтиб турмоқчи эдим:
- Тўхтанг, бизлар бир ерга бориб келамиз, - деди.
Дўкондан чиқиб учаламиз ҳам машинага ўтирдик.
- Ўғлим, - деди Маткарим, - машина запас қисмлари сотиладиган бозорга олиб бор.
Машина бирпасда ғизиллаб манзилга олиб келди. Маткарим ўғлига юзланиб:
- Болам, тезда бозорга кириб тўртта енгил машина баллонини олиб чиқ, - деб киссасидан пул олиб узатди. У машинадан тушиб, бозор ичига кириб, тезда тўрт баллон кўтариб чиқиб машинасига жойлади.
- Кетдик, - деди Маткарим ўғлига юзланиб.
Мен нима бўлаётганини, қаерга боришимизни билмадим.
Машина яна бояги жойга келиб тўхтади.
- Эрназар ака, машинангиз қаерда? - деди менга боқиб.
- Анави машина, - деб қўлим билан кўрсатдим.
Машинадан баримиз тушар эканмиз, Маткарим:
- Ҳалиги тўрт баллонни Эрназар аканинг машинасига жойлаб бер, - деди ўғлига. Мен машина багажнигини очиб, баллонларни бирга жойлаштириб бўлгач, «Қаерга борамиз?» дедим.
- Ҳеч қаёққа, - деди у қисқа қилиб.
- Нега баллонларни жойлаштирдинг? - дедим.
- Сизга ўша «Қочоқлар» шеърингиз учун гонорар, - деди.
- Кераги йўқ, - дедим ўнғайсизланиб.
Улар бу гапимдан хафа бўлишларини айтишди.
Уйга келиб, машина баллонларини тушириб бўлгач, бўлган воқеаларни ўғлим Нурмуҳаммадга айтдим.
У «Кайфи йўқмиди?» деди.
- Кайфи йўқ, - дедим.
Баллонларни уйда бир ой сақладик. Ҳеч ким ортидан излаб келмади. Шунда биз «Ҳақиқатдан ҳам гонорар экан», дедик.


Рукн: Наср | Қўшди: Samandar (12.12.2012)
Кўрилди: 926 | Рейтинг: 4.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0