Пайшанба, 19.09.2024, 22:34
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Наср

Муҳаббат ғунчалари
Ойдин (Ойтўти Режаметова)
Бола эрталаб боғчага боришни хуш кўрмайди. Роса хархаша қилади. Уйдагилар ёрдамида юз-қўлини, тишларини ювади. Кийинади. Қўлига ширинликми, олмами, ҳар тугул жуфти билан халтага солиб берилади. “Бу Мадинага”, бола тез ҳушёр тортади. Кайфияти чоғ бўлиб, оёқ ки¬йимларини кийишга шошилади. Нонуштага номига бўлса ҳам шерик бўлади. Машинага ўтириб бола боғчасига, додаси ишига йўл олишади. Агар боғча эшиги олдида “у”ни кўриб қолса борми, қувончи ичига сиғмайди. Боғчада унинг олдида бошқа болалар ўйнаб юрса ғаши келади. Рақибини аввал уради, сакраб туриб тепади. Ҳай-ҳайлаган боғча опанинг танбеҳига жимгина қулоқ солади. Танбеҳ эшитатуриб ҳам муштини рақибига дўлайтириб қўяди. Бундай уруш усулини акаси иккиси компьютерда бир марта ҳеч кимга билдирмай кўрган эди.
Ёшига нисбатан анча бўй¬дор, гап-сўзлари, фикрлари ти¬ниқ. Катталарга ўхшаб кийинишни ёқтиради. Оёқ кийимини эса акаси доим ялтиратиб қўяди. Атир суришни унутмайди. Чўнтагида албатта дастрўмоли, капалакнусха бўйинбоғ, оппоқ кўйлак ва костюм-шим билан боғча эрталикларида фаол қатнашади.
***
- Катта ойи, сизга бир гап айтайми, кеча Мадина фақат мен билан ўйнади. Яқинда, эрталигимизда Мадина иккимиз “Шалала”га (испан рақси) ўйнаймиз.
- Мадина ақлли қиз эканда, менинг асал неварам билан дўст тутиниб яхши қилибди.
- Мадина дўстим эмас.
- Тойчоғим, боғчадаги барча ўғил-қизлар сенинг дўстинг бўлади.
- Йўқ, - бола катта ойисининг қулоғига шивирлади, - мен уни яхши кўраман. Катта бўл¬сам фақат унга уйланаман.
- Астағфирулло, кароматингдан ўргилай худо, нима дединг? Қандай яхши кўрасан?
- Мана бундай яхши кў¬ра¬ман! – қўллари билан катта доира шаклини чизди бола. – Яна бир гап айтайми, катта ойи?
- Айт, тойчоғим, мендан бошқа кимга ҳам айтардинг.
- Бизнинг тўпда Зоҳид деган бола ҳам Мадинани яхши кўраман, деди. Мен: “Ҳов, менга қара, ҳариф, Мадина меники! Катта ойим Тошкентдан атлас кўйлак, дўппи олиб келиб Мадинага совға қилади, билдингми?!”, дедим.
- Жуда тўғри айтибсан, фақат боғчада урушма, болам. Тунов куни боғча опанг “Набирангиз ҳеч кимни аямайди”, деди. Мен уялдим.
- Зоҳиднинг тирноғи ўсиб кетган, бўйинбоғ тақмайди, туфлиси ялтирамайди. Шунинг учун урдимда.
- Ундай дема, Зоҳид ҳам, бош¬қа болалар ҳам сенинг дўстларинг. Аҳил иноқ бўл. Сен ақл¬ли боласанку!
Бола боши билан “хўп” ишо¬расини қилди.
***
Болани боғчадан олиш учун катта ойиси, додаси келди. Эшик олдида Мадинанинг дадаси ҳам қизини кутиб турган экан. Улар салом-алик қилишди. Чопқиллаб чиққан набира додасидан сўранди:
- Дода, машинанинг деразасини очингчи, кейин анови Мадинанинг дадасининг машинасининг орқасидан юрингчи. Хўпми?
- Вой қудратингдан, катта ойиси, эшитаяпсанми, булар бунча тез ривожланиб кетишди. Мадинанинг уйи бошқа томнда, бизнинг уй батамом бошқа томонда.
- Бўлмайдида, дода, “хўп”, денгчи. Орқасидан юрингчи, кейин қайтиб келамиз.
- Майли, боланинг кўнгли чўкмасин, бола кўнгли пошшо дейишади, - набира фикрини маъқуллади катта ойиси.
- Ҳозир қанча ёшда?
- Июнь келса бешга тўлади, - аниқлик киритди катта ойиси.
Додаси машинани Мадиналарнинг машинаси орқасидан юргиза бошлади. Мадина орқа ойнадан қараганида, унга қараб қўлини ойнадан чиқариб, силкитди. Бир оз юришгач, олдиндаги машина тезлигини оширди.
Додаси ҳам муюлишдан ўз уйи томон бурилди.
***
- Гулноз опа, сизникидай кўйлакни Мадина кийса бўладими? – Алматида ўқийдиган аммасига савол беришда давом этди бола. - Гулноза опа, сизникидай туфлини Мадина ҳам кийса бўладими?
- Албатта, мен Алматидан олиб келаман, сен совға қиласан, майлими? Фақат менинг пулим камроқ, етмай қоладими, деб турибман. Сен бера оласанми?
Бола пилдираб югуриб кетди. Салдан сўнг қувонганича қайтиб келди:
- Гулноза опа, катта ойим айтдилар, мен ҳам катта бўлганимда, Алматида ўқиб қайтганимда, катта ишда ишлайман, пулим кўп бўлади, сизга ҳам бераман. Сиз Мадинага энг яхши кийимлардан танлаб олиб берасиз.
***
- Мадина, ёнингда турган бу бола ким? – сўради Мадинанинг отаси кечқурун Мадинанинг боғчада тушган суратларини томоша қиларкан.
- ...
- Нима, исмини билмайсанми?
- Номи К дан келади.
- Манави оққуш кийимидаги бола ким бўлди?
- Номи Ко... дан келади.
- Энди бу бола билан ўйнама, - деди отаси онасига қувлик билан кўзини қисиб, - бу бола роса тўпалончи, урушқоқ экан.
- Йўқ, дадажониси, - деди қизининг хомуш тортганини сезган онаси, - Комроншоҳ яхши бола бўлиб қолибди.
- Ҳа, Комроншоҳ, роса яхши бола, - дадиллашди Мадина. – Ошхонада бошқа ерга ўтирган экан, мен ҳам ёнига ўтиб олдим.
Ота-она бир-бирига қараш¬ди ва тенг кулиб юборишди.
***
- Катта ойи, мен Мадина билан бир мактабда ўқийманми? – боғчанинг якуний эрталигидан сўнг чарчаганча ётган бола сўрай бошлади.
- Менимча Мадина ўзла¬рига яқин мактабга боради. Сен эса ёнимиздаги мактабга.
- Ундай бўлса Мадинани яна кўрмайманми?
- Насиб қилса кўрасан.
- Қачон кўраман?
- Катта бўлганингда кўрар¬сан балки.
- У вақтда Мадина ҳам катта бўладими?
- Ҳа, Гулноз опангдек катта қиз бўлади.
- Унинг ҳам сочлари Гулноз опамникидай узун бўладими?
- Ҳа, унинг ҳам сочлари роса узун бўлса керак.
- Унда яхши, - деди бола уйқу аралаш, - мен узун сочларни жуда яхши кўраман...
***
... Ёзнинг қисқа тунида ҳам узун тушлар кўриш мумкин. Бола ҳам бу кун жуда тиниқиб уйғонди. Тушига узун сочлари товонига етган Мадинани кўрганмиш. Худди Гулноз опаси каби чиройли ва жилвали...




Манбъа: http://Қозоғистондаги "Жамият ва маърифат" газетаси
Рукн: Наср | Қўшди: Samandar (14.07.2012) | Муаллиф: Ойдин (Ойтўти Режаметова) E
Кўрилди: 882 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0