Пайшанба, 19.09.2024, 13:02
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Наср

Виждон фаришталарининг етти дақиқаси
В И Ж Д О Н Ф А Р И Ш Т А Л А Р И Н И Н Г Е Т Т И Д А Қ И Қ А С И
Бахту омадни кимгадир бериб, кимгадир бермасдан,
виждонни эса ҳаммага бериб синайди, виждонсиздай
яшаб, умр сўнгида унинг азобидан қийналганларни
кўп эшитганмиз. (Муаллиф)

Ақли тўлиқ ҳар бир инсоннинг кўнгли ҳам бор, меҳри ҳам, қаҳри ҳам—бу саноқни тўлиқ бажарсак узун қатор ҳосил бўлиши аниқ. Демак виждон ҳам шулар қаторида, виждонсиз одамнинг ўзи йўқ, акс ҳолда ундай одамнинг ақли тўлиқсиз, кам бўлмайдими?
...Иккита кишининг виждонлари фаришталарга айланиб, биттаси ажиб, иккинчичиси ғариб қушлар тимсолида, ҳар туннинг бир маҳалида, одамлару жониворлар ўликдек қотиб ухлаган чоғда соҳибларини тарк этишиб, бир қўшнининг теракзори чеккасидаги ёнғоқнинг ўтиришга қулай шохига келиб қўнишади. Бу учрашув етти дақиқагина давом этади. Заминни сукунат батамом эгаллаган бу онларда инсонлар жисми виждонларидан тўлиқ халос бўлишади, лекин эга-соҳиблар буни билишмайди. Виждон фаришталари эса шу вақтда ҳам, ўзларининг таъбири билан айтганда, эгаларининг ташвишидан холи эмас:
--Ҳолинг қалай?
--Ўша-ўша, тинглайдиган эмас.
Ҳолинг қалай деб сўраган фаришта кундан - кун яшнаб, ярқираб келаётгани, “ўша-ўша” деб жавоб бергани тобора озиб-тўзиб, патлари ҳам қари қарғаникидан баттар дағаллашиб, хунуклашиб бораётгани.
--Бизга тан ҳамма амалларни қилиб кўраяпсанми?
--Амал ҳам қолмади.
--Ҳеч қийналай демайдими?
--Тўнкадай миқ этмайди, умрининг охиригача шундай ўтса, Яратганнинг олдига нима деб бораман, бўларимча бўлдим.
--Ноумид шайтон. Меники эса қийналгани қийналган, ҳали шу ҳодиса ўтгандан бери лаҳзага ҳам эътиборидан чет қолмадим.
Иккаласи ўз ўйлари билан банд, сукутда қолишди. Етти дақиқа ҳам тугади. Улар шоша-пиша қанотларини товушсиз қоқиб, ўз жойлари – эгаларининг жисмлари томон учишди. Тун сукунатини бузиб, овсар итлар ҳура бошлашди, қаёқдандир енгил шамол эсиб, тераклар ҳам пичирлашишга тушди. Сукунат чекинди.

ll Яна тун. Яна ўша етти дақиқа.
--Эга-соҳибим дўзахга қуласа ҳам мен жаннатга ўтиб кетишим мумкинми?
--Мумкин, ахир қўлингдан келганича ҳаракат қилаяпсан-ку, лекин сен дўзахи, эга-соҳибинг жаннатий бўлиши мумкин эмас.
--Устингдан жаннат ҳиди келаяпти, кундан-кун ужмоҳ товуси монанд бўлиб бораяпсан.
--Сенга эса жуда жоним ачийди, ўзимни ўнғайсиз сезавераман.
--Эҳ, Яратганнинг ишлари!
--Ё Оллоҳ!
--Бандалари унинг жамолини кўриш қандай роҳат эканлигини англаб етмайдилар.
- -Ўйлашади, лекин ақллари бовар қилмайди, кўз олдиларига келтириша олмайдилар.
--Бунга қодир бўлишса эди, бисотидаги қоғоз пулларини бор йиққан мулкларига тутантириқ қилишган бўлишарди. Менинг соҳибимни қара, арзимаган пулни деб шу ишни қилди-я?! Нимадан бошланувди ўзи, эсим ҳам қолмади,-- деди хунук виждон фариштаси.
--Қўй, эртага гаплашамиз, фурсатимиз тугади.
Яна овсар итлар ҳура бошлади, тераклар шовуллади.

lll Худонинг тағин бир куни ўтиб, туни ҳам бошланди. Тағин ўша етти дақиқа маҳали келди. Энди чиройли виждон фариштаси гап бошлади:
--Менинг эга-соҳибим ойнаи-жаҳон томоша қилиб ўтирган эди, ётоқ маҳал. Дераза орти теракзор, ундан кейин йўл. Йўлдан ғулдур-ғулдур товушлар эшитила бошлади, эркак ва аёлнинг овози. Эру хотин бўлса бундай маҳал йўлда тўхтаб гаплашмайди. Эркак аёлнинг номини ялинганнамо такрорларди. Тушунилдики, ёмон иш. Теракзоримни ҳаромламоқчи,-- ўйлади эга-соҳибим, кейин у ерга битта машина келиб тўхтади, шовқин кўтарила бошлади.
--Ҳа, улар гадарги*ни эгиб, теракзорга ўтамиз деб туришганида, мен виждони бўлган банда машинасида келиб қолди,-- эслай бошлади шўрлик хунук виждон фариштаси ҳам.
--Мен эса соҳибим-эгамга, чиқ-чиқ, -- дедим, ақл тушунади, биз буюрамиз, тақдир ҳал қилади. У эса кўнмиш, устига чопонини ҳам илмай чиқа қолди, салқин тун эди.
--Менинг соҳиб-эгам эса қаерда текин пул топиш бўлса шу ернинг олашақшағи*, таъмини олган, ҳалиги йигитга чаппа ёпишди, бемаҳалда бизнинг маҳаллада нима қилиб юрибсан, -- деб мазасини қочира бошлади. Қисқаси уларни ўғрига чиқарди, бўлмаса ўғри эмаслиги кўриниб турибди, ёнидаги илаштиргани ғирт маст, саёқ аёл.
Иккала виждон фаришталари ўша воқеани галма гал шарҳлашга берилиб кетганларининг сабаби ўзларига ҳам номаълум эди, анча даврдан буён биринчи марта хунук фариштанинг ҳам кўзларида билинар – билинмас учқунлар пайдо бўлган, улар тунда ҳам нигоҳларидаги нурни кундуздагидай илғай олишар, ҳодиса тафсилотлари тўлиқ эсларига тушса ҳам баён этишда давом этардилар:
--Менинг соҳиб-эгам (чиройли виждон фариштаси гапираяпти), эса ҳайрону паришон кузатаяпти, ҳалиги йигит сеникига ялина бошлади; ўғри эмаслигини, отасининг исми, уйи қаердалигигача айтиб солаверди. Сеники эса уни жеркиб: “”қўятур”,- деди-, кейин ҳалиги аёлни сўроқ қилмоқчи бўлиб кўрди. У , кўча кўрган саёқ аёл эмасми : “ Трей ... ҳезалак””,- деб сўкиб юборди, сўкиб юборувди сенинг “олашақшағинг” унинг башарасига тортиб юборди. Менинг эга-соҳибимнинг виждон азоби нақд ана шу ердан бошланди.
Вақт яна тугади ... Овсор итлар ... Тераклар ...
lV --Сенинг эга-соҳибинга ҳалиям раҳмат, -- гап бошлади эртанги тун хунуклашиб кетган виждон фариштаси,-- меники, ҳалиги йигит пасткашларча ялинаверганидан кейин, майли, миршабхонага олиб бормайман, уйингни кўрсат, ўз кўзим билан кўриб. ишонч ҳосил қилишим керак, деган баҳонада олиб кетаётганида ( унинг мақсади пулини шилиб олиш), сеники, манави аёлни ҳам олиб кет, кўчада қолмасин, деди.
--Шунга куядида у, бошқа бирон яхшилик қилмади. Сеники бўлса шунга ҳам кўнмади: “Кўрмаяпсизми, машинамни саситиб юборади,-- деди-ю, бунга сиз қараб туринг,-- деб ялинчоқ-бузуқ йигитни олиб ҳайё-ҳуйт кетди. У ёқда нима бўлди?
--У ёғини кейин гаплашамиз, фурсат кетди, деди хунук виждон фариштаси. Овсар итларнинг туни туғди. Тераклар эса шовуллайверсин.
Бу ҳодиса қачон бўлгани ҳам номаълум. Иштирокчилардан тирикларининг ёшлари ўтиб, қарий деб ҳам қолишган, лекин виждон фаришталарига бунинг иссиғи ҳам, совуғи ҳам йўқ, улар “ўйинини” охирги сонияларигача “ўйнашга” мажбур.

V --Кейин, уйининг олдига олиб борди, чўнтагидан титкилаб бор пулини олди, у бечора (майли, бечора дейверай), кириб отамга айтиб қўймасин деб, дамини чиқармай тураверди. Лекин пули унчалик кўп эмас экан.
--Таксида келгандай бўлибдида.
--Унчалик ерга урма, лимузинда келгандай бўлди.
--Ҳе, ўлсин шунинг, бу ёқда меники:” Нимага мен бунга( саёқ аёлга) қараб туришим керак, нуқул шундай савдоларга қолиб юраман”—деган ўйда қолди. Бу шўрликни кимлардир эрмак қилиб шу аҳволга солгану зерикишгандан кейин ҳалиги бечорага “тортиқ” қилиб юборишган бўлса керак, ёши ҳам жазманиликдан ўтибироқ қолибди, ўйларди у.
--Кейинчи?
--Кейин маст аёл: “Растага қандай бораман?—деб сўраб қолди. Уйинга киргиз,-- деса нима қиламан, деган тараддудда эди, сўрамади. Сўраса йўқ дейишни эплолмайди, устидан эса қўланса ҳид келиб турибди, хотинига нима дейди. Раста томонни кўрсатди-ю уйига кириб кетди.
Ҳангома шу ерга етганда виждон фаришталари хом сут эмган бандалар ҳис этолмайдиган аллақандай сеҳрли туйғу билан бир-бирларини сўзсиз тушунишиб, чурқ этмай қолишдилар. Ҳаёт йўлида адашган у аёл эса мастликдан бўлса керак, кўчада яна адашиб, раста томонга эмас (у ёқларда ҳали уйғоқ одамлар бор), шох кўчанинг нариги тарафига ўтиб, пастга, қарама-қарши томонга йўналган. Йўналганда шунчаки эмас, ҳар бир дарвозани тақиллатган, очганлар унинг юзига қайта ёпган, очмаганлар очмаган. Тақ-туқ этган бу товуш узоқлаша-узоқлаша охири тингунича, чиройли виждон фариштамизнинг эга-соҳибига эшитилиб тураверган ва қулоқларидан кирган бу сас унинг қалбида бир умрга қотиб қолган, У аёл эса Яратганга омонатини шу кўчанинг четида, икки томони тўла уйлар орасида, лабига бир томчи сув томмай топширган.
--Шундан кейин менинг эга-соҳибим анчагача “ичиб” кетди,-- деди чиройли виждон фариштаси.
--Меники эса:”Анави аёл ўлиб қолибди-ку”,-- деб сеникига писанда қилди.
--У эса: “Сениг дастингдан”,-- дея билди холос ва шу кундан бошлаб “ичишга” ружу қўйди.
--Кейинчи?
--Кейин кўтара олмади, ўлар ҳолатга етгач, тавбасига таянди, сўнг намозга ўтди.
--Унда энди нимага қийнайверасан, қўйсанг бўларди
--Қайдам... Баъзан ўзимнинг ҳам жоним ачиб кетади, унинг юраги шундай ажойиб-ки... Лекин бу вазифам-ку!
--Мен бўлсам “уни” тарк этгим ( хунук виждон фариштасининг эга-соҳибим дейишга ҳам тили бормай қўйган эди ) келаяпти.
--Ё алҳазар, жоноза номозисиз-а?
-- . . .(Хунук виждон фариштаси индамай ерга қараб тураверди).
--Қўй бу ўйингни, муҳлат ҳам тугади, учдик энди!
Етти дақиқалик сукунат ҳар галгидек ўша етти дақиқасида тугайди, бир сония ҳам ортиқ чўзилмайди. Тераклар итларними, ёки итлар теракларними уйғотиб юборди, сукунат бузилди.

Vl --“Ичганида” ҳам шундай эди, намоз ўқиганида ҳам шууридан ўша сас- садо кўтарилмайди.
--Қанақа садо?
--Ўша аёлнинг дарвозаларни тақиллата-тақиллата узоқлашаётганининг садоси. Борган сари пасайиб, кучсизлана кетаверадида, кейин яна қайтадан бошланади. Сенинг эганг учун ҳам, дарвозалар эгалари учун ҳам ва ўз аёлидан ботинмаганлиги сабаб ўзи учун ҳам қийналмоқда у шўрлик: “Ўша аёлни ҳам бир замонлар онаси қийналиб туққан-ку!”
--Шу чиройинг билан сенда ҳам дард бор эканда.
--Менинг чиройим – эгамнинг дарди, сенинг бу аҳволинг – соҳибингнинг дардсизлиги.
Хунук виждон фариштаси йиғлай бошлади. Анча йиғлади. Вақт эса... вақт ҳам дардсиз кесак, у ҳам хунук виждон фариштасининг соҳиби каби шафқатсиз. Аммо унинг ҳам ушбу фаришталар каби ўз вазифаси бор, эрки ўзида эмас, тинмай ўтавериши керак. Хунук виждон фариштаси йиғисига ҳали қонаолмагани ҳолда яна учиб кетишди.

Vll Эртаси тун чиройли виждон фариштаси ёнғоқнинг эгилган шохига келиб қўнмади. Индинига ҳам ва ундан кейин ҳам. Хунук виждон фариштаси шундай бўлишини биларди, у осмонларга узоқ тикилди, шунча алами етмагандек, етти дақиқалик овунчидан, айни бир ҳодиса сабаб тақдирлари тамоман айри тушган эши*сидан ҳам айрилди. Ҳар тун у дақиқаларни осмонга тикилиб ўтказа бошлади. Ҳаммасини ташлаб, кўкка учиб кетгиси келади, бироқ ҳақи йўқ. Бу ўз жонига қасд қилган инсоннинг гуноҳича келади, гуноҳга боришга эса ҳадди сиғмайди. Ахир у одам боласи эмас, у фаришта-ку. Охири бўлмади, бир туни ”қисматидан”дан шунчалар зада бўлганлигидан, осмонларга қараб мунгли-мунгли куйлай бошлади. Унинг овози ҳам бир текис чиқмас, эшитган жонзотнинг юрагини музлатадиган йўсиндаги куй эди унинг хониши. У етти дақиқаси тугаганда ҳам хониш қилаверди, қилаверди, сўнг чарчади, ўша ўтирган шохида ўтираверди. ўтираверди. Соҳибига қайтиб боришни хоҳламасди, пайсалга солгиси келарди. Унинг умри сўниши олдидан бораман, деган қарорга келган бўлса ажаб эмас. Лекин шунда эгаси -- ердаги муваққат эгаси эмас, барчамизни Яратган Эгам уни самоларга кўтарилиб, жамолини кўришга муяссар бўлиши мумкин фариштадан, замин осмонида парвоз этадиган оддий қушга айлантириб қўйди. Бу қуш тунларигина “қиюв-қиюв”, деб сайрайди, тўғрироғи хониш қилади, кўриниши хунукликдан арилган бўлсада, овози ўша-ўша, эшитганнинг вужудини совуқ бир ҳис чулғайди-ю, у ўтирган ошёнга томон мўлжаллаб кесак отадилар. Кундузлари у одамларга кўринмайди, ёки кўрингиси келмайди. Унинг соҳиби эса юргандир энди ҳақиқатан виждонсиз, ҳамма нафратланадиган, одам десанг одам эмас, бошқа десанг бошқа бўлмай. У қушни ҳам ва бу одамни ҳам ҳамма ёмон кўради.
Тунлари бедор итлар вовиллайди, шамолда тераклар шовуллайди, ўша қуш ҳам ҳув-ҳувлайди. Лекин тунда етти дақиқалик маҳал бор, ана шу дамда уйғона билсангиз роҳат қиласиз, бу сукунат салтанати, виждон фаришталарининг беқафас умридир.
*гадарги (шевада) – тўсин.
* олашақшақ (шевада) – зағизғон.
*эши(шевада) дугона


Рукн: Наср | Қўшди: Samandar (31.12.2013) | Муаллиф: Комилжон Солибеков
Кўрилди: 1018 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0