Пайшанба, 19.09.2024, 22:30
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Наср

Долимжон Сайфуллаев
Ўша воқеа
Нимадир ҳақида ўйласам дарҳол хаёлимга “ўша воқеа” келади, лекин бу воқеанинг нималигини, нима билан бошланиб, қандай тугашини ҳануз тасаввуримга сиғдиролмайман; шундай бўлса ҳам “ўша воқеа”ни тушимда, хаёлимда минг бор кўрганлигим рост эканлигини дилим сезиб туради. Ўзимнинг ўзимга ишонишим мушкул.
Мен “ўша воқеа”нинг қачондир бўлганига ёки бўлишига ишонаман, унга боғланиб қолганман, у мени ўзига чорлаб туради доимо.
“Ўша воқе-а-а!”
Ота-онанинг борлиги яхши, дейди кўпчилик
Имоннинг-чи? – сўрайман дабдурустдан.
Бу саволим телбаларча айтилгандай туюлади уларга.
Имон – ота, имон – она, йўқ ундан ҳам улуғроқми?!
Имонсиз – сағирдан ҳам баттар, ғарибдан ҳам ғариброқ.
Менинг хаёлларим фақат ўзимгагина аён бўлиб қолмасдан кўкрагимга ошён қуриб, сен билан тилсиз сирлашадиган бир нарсага, йўқ, бир ...га ҳам маълум. Ана шу бир ... менга “ўша воқеа”ни доимо эсда тутишимни хотирлатиб туради.
Отанг борми?
Онанг ҳаётми?
Ўзинг тирикмисан?
(шу тарзда саволни давом эттириш мумкин, агар “ўша воқеа”га алоқаси бўлса).
Ўлмай туриб ўлганлар ҳақида ёзилган сўнгги мақолани изоҳлаш учун кўп вақт сарф қилинмади. Бунинг боиси бир асрча муқаддам қад кўтарган уй тоқилари орасидан топилган ёзувда ушбу масалага аниқ-тиниқ жавоб берилган эди: “Ҳозир қўғирчоқдан одамлар ясаш йўли қидирилмоқда, вақти келадики, тамоман бунинг акси бўлади”.
Қўғирчоқлар кўпайиб кетди: санаб саноғиға етолмайсан, санаб адоғини билолмайсан, ҳаттоки чой ичаётганигда хонтахта атрофида ҳам ўралишиб юради. Улар оёғидан чалишиб, имкони бўлса чормихга парчинлаб ташлашга тайёр “ўша воқеа”ни, аммо “ўша воқеа” менга ва менинг сирдошимгагина аён бўлса, унинг чормихда қовжираб, қузғунларга ем бўлишига асло илож йўқ. Чунки...
Кечирасиз, алаҳсиб кетибман, бошқа гап айтмоқчи эдим.
Умр азон билан намоз орасидаги вақт дейди кўпни кўрганлар. Туғилган чоғида қулоғига азон айтилиб ном берилади ҳар бир гўдакка. Сўнгги йўлга кузатар чоғида... азон айтилмайди. Беҳисоб сарсон-саргардонликлар, бефойда ташвишу безовталиклардан халос бўлиб энди намозга етишганида, ҳаётнинг мағзини энди чақмоқчиман деб беҳуда кунларини беҳуда ўтказиб юборганини тушуна бошлаганида... Нега фақат?..
Гўдакнинг номи – ИМОН.
ИМОН – номи гўдакнинг.
ИМОН – НОМИ.
Бу икки сўзнинг ўнгдан чапига ёхуд чапдан ўнггига қараб минг маротабалаб қайта-қайта ўқиганингиз билан моҳияти ўзгармаслигининг исботи шу. Гўдакнинг номи муқаддас эканлигини англаган куни – байрам! Агар англамаса-чи?..
* * *
Расм... Узун қоп-қора панжара орқасида турган минглаган узун-қисқа нарсаларнинг каллалари. Каллада соч йўқ, тап-тақир. Яна унда зангнинг ранги бор. Ана, халос! Занглаган бошлар, ҳаммаси бир хилда, инкубатордан бир пайтда чиққандай. Улар панжарага кандай ёпишиб, чегарани ёриб ўтишмоқчи, муқаддас қалъани топтаб оёқ ости қилишмоқчи эканлиги уларнинг чақноқ кўзларидан, вахшийларча олазарак боқишларидан сезилиб турарди. Уларнинг жони бор, жонли нарсалар; одам демаётганимнинг сабаби уларнинг номи йўқ, номсизлар, уларнинг одам ҳисобланишига ҳаққи йўқ (буларнинг қўғирчоқ эканлигига ким ҳам шубҳа қиларди?!)
Қалъанинг очиқ деразасидан таралаётган нақадар тиниқ, сарғиш, ёрқин нур уларнинг кўзларига таъсир қилаётгандай, зеро баъзи номи бор адашганлар ўзини таниб олсин. “Ўша воқеа” шунда маълум бўлар, эҳтимол!
* * *
“Ўша воқеа” хусусида изланишлар ҳамон давом этади.
* * *
Биринчи мактуб
“Дунёда шундай одамлар борки, улар фақат кўрган ва қўли билан ушлаган нарсаларигагина ишонади, борди-ю улар янглишган бўлса нима қиласиз? Юқорида тасвирланган ва иккимиз баҳслашган расмдаги занглаган каллалар хусусида бир нима дейишингизни, иложи бўлса фикрингиз ўзгарган-ўзгармаганлигини билишни истардим. Ровийлар айтган ривоятларнинг, рассомлар чизган тасвирларнинг шакли, мазмуни кўнглимизга маъқул бўлса айни муддао. Биз юқоридаги расмни бошқача изоҳлаганимиз учун, уларнинг номсиз пода эканлигини ўз вақтида, ўз замонида айтолмаганимиз учун гуноҳимиздан ҳеч қачон соқит бўлолмаслигимиз аниқ-ку! Қалъанинг остин-устун қилинишини тасвирлаш рассомнинг асосий мақсади эмас, қалъадан таралаётган Нур ҳал қилувчи тимсол ҳисобланишини ҳеч қачон назарга илмаганмиз. Агар НУР сўнмаса, занглаган каллалар абадул абад қалъа ичкарисига киролмайди. Сиз ҳам шуни тиланг. Нур ўз номи билан Нур бўлиб қолаверсин! Бўлмаса ҳамма ўз номини унутиб, номсизлар сафи кенгаяверади. Тасаввур қилинг, номсизлар жамияти қурилди дейлик. Ҳеч кимнинг номи йўқ. Уларни қандай аташ мумкин, жамиятни-чи? Илойим, бундай ҳолдан Оллоҳнинг ўзи асрасин”.
* * *
Бу хатни ёзган куним кечаси кўрган тушим ҳақида ҳеч кимга лом-мим демадим. Ҳозир ҳам ҳеч нима деёлмайман.
* * *
Иккинчи мактуб
Инсон танасида хавфли яра пайдо бўлган чоғда бунинг ҳаёт учун ўта зарарли эканини сезса ҳам ушбу аъзолардан (қўл, оёқ, қулоқ ва ҳакозолардан) воз кечишга қийинчилик билан рози бўлади, аммо “қулоғимни севаман”, “оёғимни севаман” деб ҳеч қачон айтган эмас ва айтолмайди ҳам. Нега шундай? Аросатда қолган нарса учун бундан ортиқ хўрлик борми? Йўли қаердан бошланиб, нима билан охирлашини билмасликдан ортиқ қандай даҳшат бор? Қўйилган иккинчи қадамнинг биринчисини инкор этиши, учинчиси яна бошқачароқ бўлишининг сўнги – боши берк кўча. Бу шундай жойки, жонли нарсалар жонсизга айланиши муқаррар. Мен сизга айтсам, жонсизга айланишдан аввал жонли нарсалар қиёфаси тасаввуримда шундай гавдаланади:
“Зўрма-зўраки илжайиб, овозлар янада майинлашади, буни одамлар (таъбир жоиз бўлса) самимийликка йўяди, мулойимлигидан шодланади. Шундай қилиб тинчгина, ҳеч кимга озор бермасдан яшайверади. Куни ўтаётганидан қувонади, ўзига эътибор беришаётганидан оғзи қулоғига етади, токи охир-оқибатда жонсиз нарсага айлангунча ялло қилиб юраверади”.
Сиз бундай ўйламассиз, гапларимни инкор этарсиз, бу шахсий ишингиз. Лекин биринчи хатимга ёзган жавобингизда “айтилган мушоҳадалар фақат телбалик аломатлари бўлиб қолмасдан, ақлдан озишнинг яққол белгиларидан дарак беради” деб башорат қилмоқчи бўлибсиз. Хўп, майли! Аммо бу дунёнинг мен билмаган сирлари, мўъжизалари кўп эканлигига ишончим комил. Уларни оддий кўз билан кўриб бўладими ё йўқми, мен учун аҳамиятсиз, ўрганишнинг зарари йўқ деб ўйлайман. Нарёғига Худо подшоҳ”.
* * *
Кўргазма залидаги ҳалиги расм ёнида яна бири пайдо бўлди. Бу аввалгисининг батамом акси эди. Қалъа олдида тўдалашган оломон йўқ (фақат излар қолган), панжара олиб ташланган, бинодан таралаётган НУР одамларни ўзига чорлар эди.
Расмни кўрдиму рассом билан учрашиш истагида унинг ҳузурига қараб чопдим. Аммо учрашиш насиб этмаган экан. Ундан сўнгги ёдгорлик ушбу сўзлар қолган экан: “Дунёнинг икки хил моҳияти борлиги учун ххххххххх (сўзлар ўчириб ташланган)...ҳар икки хил моҳиятни ифодалаш хато ҳисобланар экан”.
* * *
“Ўша воқеа” хусусида ҳам икки хил қарашнинг борлиги аниқ. Ҳамма ўз фикрини тўғри деб билиши ҳам аниқ. Ҳакамлик қилиш бизнинг ихтиёримизда эмас. Буни У Олий зот ўзи ҳал қилади. Омин.

МАҲКУМ

Эшик “ғийқ” этиб очилиб қўлидаги косасини жирканиб ушлаганча хонасига кириб келди. Косани столнинг бир чеккасига зўрға бўш жой топиб “тарс” этиб қўйди ва ичида “онас...” деди, лекин нимага ёки кимга қарата айтганини билмади: косадаги шўрвагами ё ... Иштаҳа биланг овқат ейишни ният қилиб, қиммат эсада кейинги беш кун ичида биринчи марта навбатга туриб илингани шу шўрва бўлди. Ўриндиққа ўтириб, пок-покиза туширадигандай, бир ўтиришда ҳаммасини симириб ташлайдигандай столга ястаниб ётиб олди ва қошиқда қотиб қолган овқат қолдиқларини тирноғи билан тушириб, қоғоз билан артди. Шўрвани у ёқ-бу ёққа шопирди, гўё маза кириб қоладигандай: “Зўр овқат бўпти”. Бир қошиқча сувидан ичди, томоқ бечора шўрлик сувни зўрға ютди. У ижирғанди, лекин шу овқатни ичмаса бўлмаслигини, насибаси бекорга тўкилишини эслаб косани нарига сурмади; қошиқни ичига солиб қўйди ва ётган қоғозларни бир-бир кўздан кечира бошлади. Ҳа, дарвоқе, нимада тўхтаган эди? МАҲКУМ очлик эълон қилмоқчи эдими? Худди шундай. (Муҳаррирнинг “Маҳкум”ни “Маҳкам” қилиб тўғрилашини сезиб ғижиниб қўйди). Сўнгги сатрдаги ёзувлар:
“...Маҳкум очлик орқасидагина муддаосига етишини тушунди...”
У шўрвага қаради, назарида мазалидай туюлди.
“Аввалгиларни ҳисобга олмаганда кейинги беш ой ичида бирор марта ҳам одамга ўхшаб овқат еганини билмайди, бунинг бош сабабчиси ўзи; оқибатига ҳам ўзи чидайди. Агар чидай олсагина асл мақсадига етади, етиш учун қанча марта синалган иродасини яна бир марта текшириб кўради; иродаси етиш учун бор кучини сарфлайди, сарфлаб-сарфлаб кучи тамом бўлишини сезган чоғида тушкунликнинг ботқоғига ботмасдан куч сўраб муножат қилади; ана шу кучгина унинг асл муддаосига, олий тилагига етиш учун сўнгги қадам бўлади ва ... Тилаги – дунёнинг бешинчи томонини ва бешинчи фаслини, йилнинг ўн учинчи ойини, ойнинг ўттиз иккинчи санасини, ҳафтанинг саккизинчи кунини, сутканинг йигирма бешинчи соатини яратиш. (Муҳаббат бодасининг лаззатини кўпроқ ҳис қилмоқ учун вақт тақчиллиги тугаса зора). Таъбир жоиз бўлса ана шуларни яратишга ёрдам учун сўнгги чоғда – узлат олдидан куч сўрайди. Куч сўраш учун, албатта, гуноҳларни ювиш эвазига очлик эълон қилмоқ зарур. Ана шунда ёлғон дунёнинг азобига кўпроқ дучор бўлади”.
Яна овқатга қаради. Кўзига янада яхшироқ кўриниб кетди. Бир қошиқ олиб хўриллатиб симирди. Ширин туюлди. Ўрнидан туриб токчадан гармдори олди ва ҳаммасини косага ағдарди, шўрва қизарди, юзидаги зарралар милт-милт эрий бошлади. Ширин яхшими ёки аччиқ? Ўзининг беихтиёр нега шундай қилганига ҳайрон бўлмади. Кўнгил тусадими, демак, қилиш керак.
Кўпинча танқидчилар нега қаҳрамонингиз фақат биттагина. Иккита, учта ё кўп эмас? – деб сўрашадиганини эслаб, гармдорининг эришини кузатиб жим ўтириб қолди. Жавоб тайёр бўлса ҳам уларга бир оғиз гапирмасди, уларнинг ноўрин “қамчи”лари остида қолишини истамасди. Куни кеча учрашувда айтилган нотаниш дўстининг эътирозлари уни ўйлантириб қўйиши мумкин эди:
“Сизнинг ҳикоянгизда нега ҳамма вақо оёғи осмондан қилиб тасвирланади? Бу қандайдир бош оғритишми ёки ғояларимиздан чекинишми? Агар иложи бўлса, оддий тасвирлар, ҳамма ўқиса тушунадиган қилиб ёзиш лозим, ҳаётни тасвирлаш кабиларда тушунтириб ёзсангиз. Шунчаки ағдар-тўнтар қилиш шарт эмасдир. Сиз ёлғизликни ёқлайсиз. Ахир бу бўлмағур фалсафа-ку! Ёлғиз отнинг чанги чиқармиди? Ўйланиб кўринг. Арзимаган нарсалар – алаҳсирашлар билан ўзингизнинг ҳам, бизнинг ҳам бошимизни оғритманг...”
“Ёлғизлик! Буни тушунган тушунади, тушунмаган нени тушунади. Мен донғим ё чангим чиқиш учун яшамаслигимни “ўша дўстим” тушунармакан? Майли, ихтиёри ўзида, хохлаганича фикрлайверсин. Менинг қаҳрамоним мен сингари ёлғизликка маҳкум этилган ҳолда яшайверсин. Ҳар кимнинг ўз йўриғи бор, ўз ўрни бор. Йўлини топган ўз йўлида кетаверади: у ёлғизми, тўдами, оломонми, бунинг аҳамияти камроқ. Тоққа чиққанингда ёлғиз ўзинг бўлсанг ҳам, сени кимдир таъқиб қилиб, овозингга тақлид қилиб акс-садо беради. Қўрқиб кетасан, кимдир оёғингни чаладигандай. Акс-садонинг тури кўп: у майинми, дағалми, қўполми ё бошқами, лекин акс-садо бор нарса-ку! Унинг овозини ҳамма эшитади, лекин нега кўринмайди? Балки кўзимиз уни кўришга қодир эмасдир, шунчалик бечоралашиб қолгандир. Ҳар ҳолда акс-садо бор нарса; у ҳам ёлғизликка маҳкум этилган. Ёлғизлигидан роҳатланиб, шодланиб юз йил, беш юз, минг йил яшайди, балки абадий. Шундай экан, ҳурматли дўстим, мени ёлғизликни тарғиб қилишимни тушунолмаслигига амин бўлганим учун ҳам ёлғизлик ҳақида кўплаб ёзаверсам, умрим охиригача ёлғизлик ҳақида ёзсам. Маҳкумни кўринмас кучлар ёрдамида ёлғизликда олий ниятига етказсам, ана шундагина ёлғизликнинг куч-қудратини билишарди, унга ишонишарди”.
У яна қоғозга тикилди. Ўтирганига икки соатча бўлди-ёв. Овқат, қоғоз, луқма, фикр. Ана шу тўрттаси айланиб келаверади. Овқат совиб қолди, қоғоз эса тўлишини кутиб ётибди, луқма жавобсиз, фикр ниҳояланмай қолди. Ёлғиз ўзи ёлғиз хонали уйда яшаётганига неча йиллар бўлган бўлса ҳам ўзига, баъзилар айтмоқчи, ёлғизлиги сезилмади. Чунки у – ёлғиз, унинг дунёси ёлғизлик, ёлғиз яшаш унга ароқ ва чилимдай кайф беради, шунинг учун ёлғизликни қўмсар, ёнида одамлар бўлса юраги сиқилиб кетай дерди.
“... азобини кўпроқ тортади. Маҳкум ана шуларга эришгандагина ҳаётида биринчи марта енгил нафас олади. Оғир тин олавериб умрини янада оғирлаштириб юборган кимсалар унга ҳасад билан қарайди. Чунки у энди эркин. Ёлғизликнинг меваси – эркинлиги қўлида. Унинг ёлғизликдан топган бешинчи фасли, бешинчи томони, йигирма бешинчи соати, саккизинчи куни унга шундай бахт инъом қиладики, уни дунёдаги энг кўп бойликка ҳам алмаштирмайди. У шунчалик бебаҳоки, уни иккинчи марта қўлга киритиб бўлмайди. Чўлда увиллаган ёввойи ҳайвонлар орасида қолганида ҳам, зулмат ёруғликка алмашганида ёки шом тушганида ҳам, бетиним ҳаракатлар билан олдинга интилиб ошиб-шошган пайтда ҳам унинг хаёли ана шунда эди. Шунча қирғинлардан омон чиққанининг ҳам боиси шунда. Мана, сўнгги қадам – очлик ва энг сўнгги лаззатли қадам – абадият.
Ёлғизлик – абадият.
Ёлғизлик – очлик – абадият.
Маҳкум – очлик – ёлғизлик – абадият.
У – маҳкум – у – оч – у – ёлғиз – у – абадий тирик.
Маҳкум ёлғизлик очлик абадият.
Маҳкум ёлғизлик абадият
Маҳкум ёлғизлик
АБАДИЯТ
ЁЛҒИЗЛИК...
... Ўтган кун ўтди, уни орқага қайтариб бўлмас. Маҳкум бутун бўшлиқни забт этди. Унга сирли коинотнинг ҳамма йўллари очиқ. Бугун ўзининг олий ниятига етишини билиб мажолсизларча, лекин тетик руҳ билан атрофига разм солди. Албатта, шу бугун ўзининг баланд келишини сезар ва шу сезги унда абадий сақланиб қолишини ҳис қиларди”.
У қоғозни нари суриб, қаламни столга қўйди ва косани қўлига олди. Аччиқ бўлиб қолганини билса ҳам бир томчисини қолдирмасдан, юқини ялаб қўйишгача тайёр эди, лекин “Маҳкум”ни тугатишни ўйлаб косани яна нарига сурди. “Ёзганларим қизиқ эмас! Унда ошиқ-маъшуқлар йўқ, қизиқ-қизиқ воқеалар йўқ унда, ҳирсий бепарда нарсаларнинг ҳиди сезилмайди, ҳаммаси қуруқ гап (дўстим айтгандай)”.
“Маҳкум шу куни икки турдаги жинсларнинг қўшилишидан ҳосил бўладиган лаззатли оғриқ ҳосиласининг ниҳоясига етаётганини аниқ ҳис қилса ҳам, ўз оламининг изсиз кетмаганлигидан кўнгли жойида эди... Бу кун у ўзини топди; топганича роса сарсон бўлганини ҳисобга олмаганда унинг чеккан азоблари бир пул. Асосийси ўзини ўзи қидириб топди. Бу оламнинг бешинчи томонини кашф қилиш билан тенг деса янглишмасди. Бу Маҳкумнинг кашфиёти: унинг номи шарқ ҳам, ғарб ҳам, жануб ҳам, шимол ҳам эмас; буни фақат МАҲКУМ билади, лекин унинг қалбида мангуга қолади. Энди у Маҳкум бўлгани билан маҳкум эмас, лекин у – МАҲКУМ. Нега у бошқа бўлиши керак?
Саноқли лаҳзалардан сўнг Маҳкумнинг кўзларидаги учқун сўнади. У Мангуга мулойим бўлиб қолади. Орқасида қолганлар унга ғазаб билан, ҳасад билан ҳавас қилиб қолишади. Баъзилари “ит ўлимини топди” деса, бирлари “ёмон қийналди бечора”, “ёлғиз яшаб нима азоб...” ва ҳакозо, ҳар хил куракда турмайдиган ҳукм ва хулосалар чиқаришга шошилишади. Лекин шошилган жойида тошдай қотадилар: “ит ўлими”ни улар топади, қотган жойида очликдан ёмон қийналади, бироқ ҳеч бир ниятларига етишга кафиллик берилмайди.
Маҳкумнинг улар билан иши йўқ.
Маҳкум – улар учун ошиб бўлмас чўққи, ўтиб бўлмас денгиз.
Маҳкум – М а ҳ к у м – а ҳ к у м – ҳ к у м – к у м – у м – м... м...”
У тин олиб ўрнидан қўзғолди. Унинг ҳам қисматини қоплаган ёлғизликдан тилагига етган қаҳрамонидан шод бўлиб шўрвани олдига тортди. Энди унга совуқми, аччиқми, барибир. У ҳозир ҳаммасини ичади. Ўнгачининг аччиб турганига зўрға бардош бериб бор овози билан бутун оламга эшиттириб бақирса ҳам, ҳеч кимнинг келмаслигини билса-да жар солади. Унинг овозига фақат бир нарса жавоб беради. У – АКС-САДО. Энди дунёда фақат иккисига мавжудлигига ўзи яна бир бор ишонч ҳосил қилади.
“Аччиқ – аччиқ маҳкум аччиқ маҳкумаччиқ аччиқмаҳкум ачмаҳчиқкум...”
Бу сўзларнинг ўртасида боғлиқлик борми? Унинг хаёлида Маҳкумнинг ёнидан аччиқ жой олади. Оғзи ловулларди. Кўзларидан потирлаб ёш чиқди. У ичади, ҳаммасини ичади. Маҳкум унинг қалбини эгаллаган. У шуни ичишга маҳкум. Фақат Маҳкумнинг нусхаси бўлмайди. У Маҳкумнинг акс-садоси эмас.
Унинг ўз ЙЎЛИ бор. Ана шу йўл манзилга элтади.

АЗОБЛАР СОҒИНЧИ

Ассалом, ўзига доим мунтазир этувчи, йўлига кўз тиктирувчи, Азобим!
Сени мудом дераза олдида ўтириб интизорлик билан кутаман, сени соғинаман, аммо буларни шу вақтгача ҳеч кимга ошкор этмадим.
Азобим, мен сенинг қиёфангни ҳар дақиқа, ҳар сонияда хаёлимда фаразан тасаввур этаман: гоҳида оппоқ ҳарир либосда, баъзан қоп-қора тун кўринишида таҳаюлимда гавдаланасан. Шундай бўлса ҳам, мен сени соғинаман. Боиси бир хилликка йўғрилган, бор фурсатни ўйин-кулгу билан совурадиган қувончлар ичида яшаш жонга тегди, зерикдим, гоҳида бўғиламан. Бундан ташқари уларнинг орасида ириб-чириб йўқ бўлишимни сезиб қоламан. Жондан мосуво бўлган жасадимнинг улар қўлида ем бўлмаслиги шартлигини билсанг эди. Шунинг учун истаган пайтимда телефон гўшагини кўтариб, тўғри келган рақамни тера бошлайман, зора сен жавоб берсанг... лекин ундай бўлган эмас. Улар менинг гапимни охиригача тингламай: “ичган пайтингизда қўнғироқ қиласизми?” дейди гўёки маст билан гаплашаётгандай. Яна бир-иккиси ҳазил билан жавоб қайтаради, чунки улар Азоб нима эканлигини ўйлаб кўришмайди, асл ниятнинг нима эканлигини англаб етмайди.
Сен тезроқ кел, мени ушбу исканжадан озод қил, Азоб!
“Сиз учун ҳаётнинг қизиғи қолмаган”, дейди телефондаги овоз бисотимдаги бор дунёмни совға қиламан деганимга жавобан. Менинг бор нарсамни улашмоқчи бўлганим унга эриш туюлди, шекилли ёки “жиннисан” деган луқмани сал ўраб-безаб қувонч тилида шундай деган. Дарҳақиқат, шундай!
Лекин сен бўлмасанг менга жонсиз тақир-туқурлар не ҳожат? Боболарнинг ўгити бўйича “борини қўлдан чиқариш” учун бисотимни тарқатишни ният қилгандим. Тўғри гапни қинғирликка олиш менингча ҳам, сенингча ҳам китобга унча мос келмаса керак. Шундай издиҳомда ёлғиз яшаш осонми? Осон бўлиш учун ўзгалар фикри билан яшаш, ўзгалар гапини гапириш лозим. Ана шунда қиёмат бўлади. Чунки бошқалар фикри билан яшаш ўлим демакдир. Даҳшат! Агар оломон билан бирга бир томонга оқсанг, ҳамма қатори курранинг бир чеккасига тўплансанг, юмалоқ замин бир томоннинг оғирлигини кўтаролмай чаппа айланиши, охир замон бўлиши тайин-ку! Агар бировнинг йўриғи билан шундай қилинса-чи? Замин ағдарилмай, фақат оломон ботқоққа ботириб турилса-чи? Ҳеч ким бош кўтармайдими, сени изламайдими, Азоб?
“Одам қашшоқликда ўзини йўқотиб қўймайди”, деган буюк хитой файласуфи Конфуций. Шайх Абусаид Абулхайр “Бошингда не бўлса чиқариб ташлаш, қўлингда неки бор, қўлдан кетказиш” зарурлигини таъкидлашган. Ҳамоҳанг фикрлар. Шу боболаримизнинг ўгитини нега биз чин дилдан ҳис қилолмаймиз. Сабаби битта: Конфуций ёки бошқа файласуфлар камолотга эришган инсонлар тўғрисида фикр юритишган. Биз турли баҳоналар билан ўзимизни шу даражага етган деб ҳисобламаймиз. Ўзимизга етарлича баҳо беришдан қўрқамиз, нафснинг қулимиз деймиз. Шу ҳолларда кимга суянмоғимиз керак? Биз шунда сени истамаймизми, Азоб?
Энди ранж хусусида. Мен қувноқликдан воз кечдим,сени қидирдим, сени кутдим. Бунинг учун бор бисотимдан кечишга қарор қилдим. Сенинг ишорангни дилдан туяман, аниқроғи, тушунаман, гарчи сени кўрмасам ҳам. Сенинг васлингга етиш учун кимдир ноҳақ ранж этса ранжимаслик ёки ўзгани ранж этиш шарт бўлганда ҳам унга озор етказмаслик зарурлигини ҳис қиламан. Ёмонлик қалбимда уруғини сочмаслиги учун собитлик билан курашиш хусусида гапирганимда ўзгалар масхараомуз номимни қўрқоққа чиқаришмоқчи бўладилар. Уларни қувноқликдан юз ўгирган Азоб аҳли деб бўладими?
Мен кўп ўйладим. Ўзимга ишонмасдан саволлар бера туриб, юқоридаги тасаввурга яна ишора қиламан: наҳотки одамлар бир нуқтага тўпланса?..
Тирик қолиш инсон ўзлигидадир, лекин бу ўйин-кулгу – қувноқлик натижаси эмас, балки Азоб билан қувонч ўртасида мутаносиблик ҳосил бўлганида, дейман баъзан. Шунда ҳам қувноқлик қанча кўп бўлса, курра ўз якунига шунча тез етаётгандай туюлиб, гоҳида “ал-фирор мин-ад-дунё” деб таъкидлагим келади. Бу дунёдан воз кечиш, оламдан юз ўгириш демакдир. Шуни улар дўппини бошидан олиб яхшилаб мушоҳада қилар пайт қачон келади?
Ана шунда бизнинг кўчага ҳам яхши кунлар доимо меҳмон бўлади. Сен ҳам мудом ёнимизда бўласан, АЗОБ!
Мени кўп интизор этмагайсан, Азобим!



Рукн: Наср | Қўшди: Samandar (18.02.2013) | Муаллиф: Долимжон Сайфуллаев
Кўрилди: 1111 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0