Пайшанба, 19.09.2024, 13:03
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Ҳавазмат Исаметов. ОХИРЗАМОНМИ БУ...
ОХИРЗАМОНМИ БУ...
Дўстим, кўринмайсан, қайда юрибсан?
Ҳеч кимга қўшилмай сиртда турибсан.
Соғу-сиҳатмисан, танинг омонми?
Сўрасам бир марта, ҳолинг, ёмонми?!
Оғир замонми бу, охирзамонми?

Масжид деворига гуллар солинди,
Аёллар бошидан рўмол олинди.
Бизга инсоф тилаб руҳлар ялинди,
Рўзғор юкидан бел яғир замонми?
Оғир замонми бу, охирзамонми?

Чойхона тўрида аёл кўпайди,
Жавоблар камайди, савол кўпайди,
Зиёфат кўпайди, завол кўпайди.
Рўзғорни бошқарган Хонзодахонми?
Оғир замонми бу, охирзамонми?

Бошқарар техника-машинани ҳам,
Янгамиз рулда-ю, ёнида акам.
Бир аёл бошқарар каминани ҳам,
Зуҳрохон яхши-ю, Тоҳир ёмонми?
Оғир замонми бу, охирзамонми?

Сотилмаган ердан қарич қолмади,
Сайрамлик бормаган хориж қолмади.
Корея қолмади, Париж қолмади,
Меҳри йўқ, шундай тош бағир замонми?
Оғир замонми бу, охирзамонми?

Шеърларим тагида ҳақиқат ётар,
Шу алпоз кун ўтар, тонгларим отар.
Шеърим кимга ёқар, кимларга ботар,
Шоирлар шундайин тахир забонми?
Оғир замонми бу, охирзамонми?

Ёзган мисраларим кўнгил оҳори,
Бор йўғи тангадек жойни олади.
Кетарда шеърларим фарзанд қатори
Ортимдан қарсаклар чалиб қолади...
Ортимдан қарсаклар чалиб қолади...


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (21.01.2014) | Муаллиф: Ҳавазмат Исаметов
Кўрилди: 751 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0