Пайшанба, 19.09.2024, 13:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Долимжон Сайфуллаев. "Бир этак юлдуз"
Қарноқлик шоир Долимжон Сайфуллаев кўпчиликка таниш. Шу кунларда «Жамият ва маърифат» нашриётида унинг «Бир этак юлдуз» деб аталган тўплами чоп этилмоқда. Қуйида, ана шу тўпламга кирган шеърлардан баъзилари чоп этилмоқда.
* * *
“Сиз-бизлик” дунёда энг катта неъмат
Инсоний одобга қилсак риоя.
Мол-дунёга тўймай ўтган кўзларга
Атиги бир ҳовуч тупроқ кифоя.
* * *
Бир этак юлдуз бер, азизим, менга,
Улар менинг билан юрсин ўйнашиб.
Сўнгра сочайин само бағрига,
Ўртоқлари билан кетсин қувлашиб.

Бир этак юлдуз бер, азизим, уни
Мағрур гўзалларга қилайин кўз-кўз.
Ушбу дунё юзин кўрган, илоҳим,
Тўлиқ таърифлашга тополмасин сўз.

Бир этак юлдуз бер, азизим, унга
Кўкнинг тоқисидан қурай бир қаср.
Сулувлик бобида бўлсин у танҳо,
Олисдан кўрганлар бўлсинлар асир.

Бир этак юлдуз бер, азизим, улар
Ҳижрон азобидан чекмасин ҳеч ғам.
Бизнинг шодлигимиз, қувончимизни
Самонинг бағрида кўрсинлар баҳам.

Биздан кўнгли тўлиқ эканин ерга
Ёмғирлари билан этади ошкор.
Томчилар силайди менинг юзимни,
Томчилар қалбингда очади баҳор.

Бир этак юлдуз бер, азизим, токи
Осмонимиз яна ранго-ранг бўлсин.
Қуёш юзин этиб доим чароғон,
Бахтсизларнинг қалби бахтларга тўлсин.

Бир этак юлдуз бер,
бир этак
юлдуз.
* * *
Бу кун қирларингнинг диллари қондир,
Ундан юз ўгирмиш ҳатто шаббода.
Кўзлари ҳилолга тикилган тандир
Қўлларингни кутиб бўлганмиш адо.

Бу йўллар сўнгида бордир бир малак,
Сенинг манзилингга етаверади.
Ҳижрондан “оҳ” урган маъюс капалак
Мўлтираб инига инаверади.

Унинг кўзларида ухлайди бардош,
Лекин уйғотмоққа йўқ менда мажол.
Кел энди, қайтгин сен, бўл яна сирдош
Йўлларга йўқлигинг келмасин малол.

Бу кун яна йўллар бирга туташди,
Севги оташида ёнади кўнгил.
Беҳад севингандан соқов тошларнинг
Юрагини ёриб униб чиқар гул.

Ана юзда севинч – марварид кулди,
Ушбу марваридни қилгин сен тортиқ.
Кўзларингдан томган икки томчи ёш
Менинг кўзларимга бўлди қорачиқ…

МАНЗАРАЛАР
Умри ўтиб бўлди
тушида
бурнини йўқотди одам.
* * *
Чийиллама,
сенинг овозинг
акс этмасин менинг қалбимда,
кўзгудаги акс!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (28.07.2013) | Муаллиф: Долимжон Сайфуллаев.
Кўрилди: 866 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0