Пайшанба, 19.09.2024, 22:34
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Гули Осиё: Парвонаман бир умр
Гули Осиё (Гулосиё Ҳасанова). Қозоғистон ўзбек адабиётида ўрнини ола билган ижодкорлардан. Даврий нашрларда, бир қатор тўпламларда шеърлари чоп этилди, шу кунларда сараланган шеърлари тўплами "Жамият ва маърифат" нашриётида чоп этишга ҳозирланмоқда.

Онажон
Онажон, сочингиз оппоқ толида,
Бахтиёр кунларим заҳматин кўрдим.
Зим-зиё кечалар умрим йўлида,
Меҳрингиз нурларин зийнатин кўрдим.

Йўқликка тикилиб, сурсангиз хаёл,
Қалбимда изтироб туғёнин сездим.
О, кўзим ўнгидек фаришта аёл,
Кўнгил осмонида қўшилиб суздим.

Зарра тафтингиздан жон олиб жоним,
Келган балоларни қайтарди меҳрим.
Зарра зардангиздан кўпириб қоним,
Ғанимга юракдан сочилди заҳрим.

Илоҳий қудратсиз, жоним, онажон,
Оппоқ сочларингиз ўпиб силайин.
Қалбим садосига жўр бўлсин жаҳон,
Аллоҳдан умрингиз боқий тилайин.

Парвонаман бир умр
Муҳаббатим, бир гул бердинг, баҳоримда эркалаб,
Қалбимда нур, чирой очар ҳар кун тонгда, эрталаб.
Оллоҳ берар неъматини, насибамиз битталаб,
Муҳаббатим, гулларингга парвонаман бир умр.

Шул шул бўлди, севгимизга имтиҳони баҳона,
Турфа гуллар ичра нафис, мушки анбар ягона,
Орзуларга ошно мудом, қайғуларга бегона,
Муҳаббатим, гулларингга парвонаман бир умр.

Ёрим, билсам, ҳаёт ўзи, дарси оғир бир сабоқ,
Ишқ йўлида матонат ҳам, мардлик, керак зўр сабот.
Сўқмоғида йўқолмасин, вафо бирла садоқат,
Муҳаббатим, гулларингга парвонаман бир умр.

Баҳоримнинг гулзорида мангу яшар ўша гул,
Кўнгил гўша айвонига нурин тўшар ўша гул,
Бахтим гўзал тимсонига яқин, ўхшар ўша гул,
Муҳаббатим, гулларингга парвонаман бир умр.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (06.08.2012) | Муаллиф: Гули Осиё
Кўрилди: 811 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0