Пайшанба, 19.09.2024, 22:36
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Иброҳим Туркий : Вужудим қаърида дард-ғамлар уммон

(Ахиска турклари сургун бўлганлигининг 65 йиллигига "Йўлда ёзилган шеърлар” туркумидан)

Биринчи авлод нол
аси
Зулматли кунларда йўқотдим сени,
Қайлардан излайин Ватаним – онам?
Бир соғинч туйғуси қийнайди мени,
Ярадор қалбимга ўзинг бер малҳам.

Соғиндим чашмали ўз тоғларимни,
Аждодим куйлаган қўшиғим қани?
Тўйиб атрин олай гул боғларимни,
Она юртим – олтин бешигим қани?

Нақадар оғирдир айрилиқ дарди,
Вужудим титратар ҳамон ғам ўти,
Мудом кўз олдимдан кетмайди нари,
Туғилган Ватаним сиқим тупроғи.

Ҳақиқат ўтмишдан қилганда фарёд,
Мен учун ўқилди, афсона ўгит.
Яхшилар бор бўлсин тегизмади гард,
Яшадим бағрида юз очиб умид.

Йиллардан йилларга шу умид ўчмай,
Йўлингда интизор кўзим қораси.
Баъзида қолганда кимлигим билмай,
Ёш бўлиб қуйилар юрак нидоси.

Уясиз қуш бўлмас, илдизсиз дарахт,
Бу ҳаёт бир карра ҳукмрон танда.
Қаерда топмайин яшаб қувонч, бахт,
Истайман жон берсам фақат Ватанда.
***
Эй, фалак, чархингми бу, нега тўздинг,
Тоълемга аччиқ қисматларни ёздинг.
Мажнун каби ёлғиз қўйиб чўл, саҳрода,
Ўлмасимдан ёш бошимга қабр қаздинг.

Ўлмасимдан ёш бошимга қабр қаздинг,
Ғарқ айладинг зулматларга кўзларимни.
Айри солиб йўлларимни Ватанимдан,
Узоқ қўйдинг ундан менинг изларимни.

Узоқ қўйдинг ундан менинг изларимни,
Орзуларим чечакловчи баҳорим йўқ.
Хазон урди, бир гул каби сўлмоқдаман,
Имдодимга тез келиб бир етарим йўқ.

Имдодимга тез келиб бир етарим йўқ.
Ҳасратликлар юки чўкди курагимга.
Мадор кетди, кўз чарчади кутишлардан,
Ёлғизликдан қонлар тўлди юрагимга.

Дер Иброҳим, қонлар тўлди юрагимга.
Ватанимнинг холи бугун мендан баттар.
Аста-секин, йўқолмоқда бутунлайин,
Билмам, яна бу ном менга қачон битар.

***
Иккинчи авлод ноласи
(Муҳаммад Юсуф йўлидан)
-Бобонг қайда болам-ай?
-Сургун бўлган, Сибирга.
-Унда чақир момонгни,
-Дардлар кўмган, қабрда.

-Отанг қайда, сўзим бор.
-Отам урушга кетди.
-Бўлмаса онанг чақир,
-У ҳам вагонда кетди.

-Акангга айт, бир чиқсин,
-У мангуда уйқуда.
-Балки синглинг ҳам йўқдир?!
-Қорни очган, йиғида.

-Борми кимса, яқининг,
-Саргардон ит, кар ва кўр.
-Энди на кечар ҳолинг?
-Уни СТАЛИНдан сўр.

[b]37-йил фарёди
Кўзимнинг нури халқим,
Юрагим қўри халқим.
Замон ёмон замондир,
Ўзингни қўри халқим.

Одамлар тақдири оддий тушлик ёки кечки овқат пайтидаёқ ҳал бўларди. Суҳбат орасида кимларнингдир номлари тилга олинарди. Бирдан Сталин "Лаврентий, чора кўр”, - деб қоларди. Берия эса бошқа хонага ўтиб, қайгадир қўнғироқ қиларди. У номларини айтган одамлар шу кечасиёқ қамоққа олинарди.
Маршал Жуков хотираларида
н.
 
Толеим келди ғамлик, ўтар умр ситамлик,
Чекмоқдаман азият, руҳим мангу аламлик.
Кимлар кетди Сибирга, кимлар кирди қабрга,
Кимлар ёниб ҳасратдан, сажда қилар сабрга.
Ҳибсда жон зор йиғлар, маломатдан ор йиғлар,
Етим чорасиз кўзлар, ёш тўкиб бағрим тиғлар.
Бир томон дил озори, бир томон ҳақ мозори,
Бир томонда ҳайқириқ, сохта севинч бозори.
Дил боғли, дардли созим, қировли қишдай ёзим,
Қонга бўялди тахтим, етсин қайга овозим?
***
Лаврентий Берия сафарга чиқди
Эй дўстим, тез бўл тез, йўлингни тузат,
Кимки шоҳидинг бор, сен томон сўзлат,
Тарихинг, аждодинг, авлодинг кузат,
Қурбонсиз баланд дор бўйнини букди,
Лаврентий Берия сафарга чиқди.

Қайда фожеа бор, туш кўради у,
Умрини қурбонсиз бўш кўради у.
Қон қовурмасини хуш кўради у,
Иштаҳа очилиб, заҳрини тукди,
Лаврентий Берия сафарга чиқди.

Ватандан сўз очма, сени кутар дор,
Бу дорлар остида мурдалар қатор.
Қурбонлар устида қурбонлар ётар,
Эй дўстим, қисқаси фурсатинг етди,
Замона сенга ҳам тиғини тиқди,
Лаврентий Берия сафарга чиқди.

Қўй ғанимлар йиғласин

 
1944 йили 15 ноябрь куни Сталин имзоси билак икки соат ичида Туркия чегарасидаги Ахиска турклари истиқомат қилаётган беш тумандан 220 га якин қишлоқ аҳолиси Марказий Осиё Республикалари ва Қозоғистонга гуноҳсиз сургун қилинди.


Ахиска гул эди кетди,
Бир аҳли дил эди кетди.
Айтинглар, Султон Маҳмудга,
Истанбул калити кетди.
Гулали бахши.

Ватанинг Ахискани совуқ урди, боғ сўлди,
Бу қисмат дарди билан имконсиз тош, тоғ сўлди.
Мозорлари ингради, оҳидан тупроқ сўлди,
Дарбадар, ғарибликдан, жон, жигар сўрмоқ сўлди.
Қолдинг зулмат ичида дардим-дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Бир сиқим миллатчилар юртинг қўлдан олдилар,
Пок номинг қора бўяб, не кунларга солдилар.
Хасрат чеккан қалбингда тикан бўлиб қолдилар,
Сен ёш тўкдинг, қон ютдинг, улар роҳат топдилар.
Маҳзун, маҳзун оҳ чекиб, дардим дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Олтмиш йилдир кўрганинг манзилсиз бир йўл сенинг,
Юрдинг ғамлар ичинда ҳам ўнг ҳамда сўл сенинг,
Кимлардан азоб кўрдинг, кимдан қўлда гул сенинг,
Баъзи Ватан, баъзида бўлди сувсиз чўл сенинг.
Чинор қаддинг эгдингми, дардим дардга боғлама,
Қўй ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Кўп эшитдим ноҳақлик, йўлда чеккан фиғонинг,
Ҳеч мурувват кўрмадинг, кўл бўлди оққан қонинг,
Юз мингдан ошди уруш, ҳам йўлдаги қурбонинг,
Бир Оллоҳга аёндир, ғурбатда неча жонинг,
Шаҳид кетганлар ҳаққи, дардим дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Мард ўғлинг Умар Фойиқ сенга тўкди ёшини,
Шокир Пўлат туркманда қўйди қабр тошини,
Қирқ минг қаҳрамон ўғлинг эгди душман бошини,
Юксалтир авлодларинг яна тарих ёшини,
Дунё билан амалинг дардим дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Қаддингни сақла сен тик, сўнмасин қалб оташинг,
Тўкилмасин хасратдан, сақлагил кўзда ёшинг.
Юрма ҳеч мотамсаро, эгма, бу мағрур бошинг,
Қозоқ, ўзбек, қирғизинг артар кўздаги ёшинг.
Оҳингдан ёнди қуёш, дардим дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Сен толеъи қуёшининг юзида кўрдинг юзинг,
Иймон йўлини тутдинг, мўл бўлди нону тузинг,
Дўст, қардошлар орттирдинг, ўтди ҳар ерда сўзинг,
Саодат осмонида яна порлар юлдузинг.
Оҳ, мозийдан сўз очиб, дардим дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Мардлигингни сўзласам, достон бўлар мадҳинг бор,
Мадҳингга қулоқ тутсам, куч-қувват ҳам аҳдинг бор.
Аҳдингдан фикр этсам, тоғлар каби бахтинг бор,
Бахтингдан қалам олсам, буюк тож ҳам тахтинг бор,
Сенга бўлсин фидо жон, дардим дардга боғлама,
Қўй, ғанимлар йиғласин, миллатим, сен йиғлама.

Ярадор оҳу

Йўлчиман, йўл олис, манзилим йироқ,
Йўлдаги йўлдошга дардим сўзлайман.
Ярадор оҳуман, қилмангиз сўроқ,
Ўзга бир тоғлардан нажот излайман.
Ҳаётда қувончдан дардим кўп, инсон,
Бу дардлар эримас қалбимда осон.
Фикримни чулғайди минг хил хаёллар,
Юрагим ўртайди тугун саволлар.
-Ярим асрдирки кўзингда ёшинг,
Нечун қисматингдан эгилган бошинг.
-Нечун чархпалакдек айланди бахтинг,
Таланди Ватанинг, азалий тахтинг.
-Йиллар ўтдики, ғамлисан ҳамон,
Йўллар азобидан топмайин омон,
Қайларда, аждодинг тўкилди ёши,
Оловга ташланди инсон бардоши.
Ватандан узоқда, Ватансиз улар,
Кетдилар кимсасиз, кафансиз улар.
Нечун бир сўроқлаб келгувчинг йўқдир,
Ғам-алам, кулфатинг билгувчинг йўқдир.
Келибсан дунёга, қалбингда ёлғиз,
Ватанинг дардини сақлайин азиз.
Қани сабр косанг, қанча жудолик,
Ахир етмадими шунча гадолик.

Қабрларим садо беринг
Ғариб ётиб, дардлар ютган, қабрларим садо беринг,
Гул ўрнига тикан битган, қабрларим, садо беринг.

Бир кечада хазон урган, умри бир гул каби сўлган,
Бир мен эмас, олам ҳайрон, қабрларим, садо беринг.

Сургун, уруш, хиёнатлар ўқи тешиб юрагини,
Кўйлаклари кафан бўлган, қабрларим, садо беринг.

Жон берарда бир томчи сув томизишга қўл топмаган,
Жасадини селлар ювган, қабрларим, садо беринг.

Ширин умр неъматидан очиқ қолиб икки кўзи.
Бевақт қора тупроқ тўлган қабрларим, садо беринг.

Айри тушиб Ватан, ота, она, сингил, яқинлардан,
Бири учган, бири чўккан қабрларим, садо беринг.

Дунё фалак ёйи бирла отилибсиз оловларга,
Ёниб, куйиб, куллар бўлган қабрларим, садо беринг.

Сабр, ризо, шукр, иқрор, бор орзунгиз чил-чил синиб,
Бевақт ажал хазон қилган, қабрларим, садо беринг..

Еру фалак садо берар Иброҳимнинг фарёдига,
Чуқурларда нечун сиз хун, қабрларим, садо беринг.

Қабрларим, садо беринг...

Мозийдан садо
-Эй етим болам менинг, аждодларинг ватани саналган Ахисканинг гуллари сўлди, тоғлари йиғлай-йиғлай эриди. Булоқлари қуриди. Китоблари ёна-ёна кул бўлди. Дунё узра сочилиб кетган етим халқининг мунгли нидоларидан оҳ торта-торта минг йиллик тарихи сарғайди. Э воҳ, ким бу дардли нидо эгаси, жавоб бер!...
-Мен...
-Мен...
-Мен...
-Биз, биз, рус-турк урушларида, 1930-1940 йиллардаги қатағонлик ва сургунларда, иккинчи жаҳон урушларида шаҳид кетган, 1944 йилги сургунларда, хасталиклардан, йўллардаги совуқлардан, очликдан, янги муҳитларга ўрганолмасликдан сонимиз юз мингларга йитган, жабру-жафолар оташларида ёниб вафот этган аждодларингмиз.

1-нидо:
Ҳаётда севинчдан дардимиз кўпдир,
Қабримиз йўқловчи кишимиз йўқдир.
2-нидо:
Аччиқ қисмат, ҳасратлардан сарғайдик,
Дардлар еди, ўтда ёндик, қорайдик.
3-нидо:
Бир гул эдик, хазон урди сўлдик биз,
Саҳро ва гул, биёбонда ўлдик биз.
4-нидо:
Узоқ тушди, ота-она қариндош,
Бизга қолди, чуқурлик ва дара, тош.
5-нидо:
Бошимизда йиғловчилар бўлмади,
Кафанимиз ўровчилар бўлмади.
6-нидо:
Қор остида қузғунларга ем бўлдик,
Эриб битдик, тупроқ бўлдик, қум бўлдик.
7-нидо:
Йиллар бўйи неча минглар кетдик биз,
Йўқ қабримиз, шундай бир-бир етдик биз.
8-нидо:
Тилагимиз, унутмай ёд айланглар,
Эслаб бизни руҳимиз шод айланглар.

Битик тошлар ҳасрати

Ёзди толейимни асримнинг боши,
Қаерларда синди тарихим тоши.
Йиғилди, сел бўлди халқим кўз ёши,
Бир-бир дардларимни ташимоқ учун,
Илоҳим, сен менга бироз сабр бер.

Ҳаёт синовида сараландим мен,
Золимлар ҳукмидан қораландим мен.
Хиёнат ўқидан яраландим мен,
Ёзилган толеим англамоқ учун,
Илоҳим, сен менга бироз сабр бер.

Туғилган ватаним орқада қолди,
Қисматим йўлимни ҳар ёна солди.
Ҳасратдан қалбимни минг бир дард олди,
Бу аччиқ қисматни ташимоқ учун,
Илоҳим, сен менга бироз сабр бер.

Ватан ҳасратидан бағримни ўйдим,
Йиғладим, тошларга бошимни қўйдим.
Кўп азоблар тортдим дардлардан тўйдим,
Бу ғамли дардларни ташимоқ учун,
Илоҳим, сен менга бироз сабр бер.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (28.07.2012) | Муаллиф: Иброҳим Туркий
Кўрилди: 1401 | Рейтинг: 2.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0