Пайшанба, 19.09.2024, 12:57
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Муҳтарама. Оилани ямади қизим...
Эрта билан турсам ўрнимдан,
Кўтаролмам бутун танамни.
Оёқларим панд бериб бугун,
Йиғолмам ҳеч ётган хонамни.

Келин кўзи тушмасин дея,
Тахлаб кўйлак, пайпоқ, рўмолим,
Жавонимга қўяй десам денг,
Турмоққа ҳеч йўқдир мажолим.

Оёқларим чўзиб ўтириб,
Ҳаракат-чун қилдим машиғим.
Бир амаллаб ошхона томон,
Етказайин товоқ-қошиғим.

Супургини келтириб аранг,
Супурай деб, бироз эгилдим.
Белдаги бод ушлади бирдан,
«Дод» дедим-у, тамом букилдим.

Супургини отвор, дер қўлим,
Кўнгил қурғур, дейди супурвор.
«Воҳ» йиқилдим, шу он набирам,
«Момо,- дейди, - ерга тупурвор».

Кўзларимга тўлди жиққа ёш,
Бола бўлиб қолганимми бу.
Қариликнинг «гашти» шу бўлса,
Ўлмай, роҳат кўрганимми бу.

Чолим кирди «ўҳў-ўҳу»лаб,
«Не қиляпсан, кампир, имирсиб.
Зарилми шу, сенга не керак,
Юрасан-да, доим қимирсиб».

Келинларга улгу1ман, ахир,
Тушунмайди ёшлар бу ҳолим.
Кўмак қилай, рўзғор дегани,
Ҳисоб қилмас менинг аҳволим.

Чол қиқирлар, суяниб ҳасса,
- Кампир, энди, қара экинга.
Жаҳлим чиқиб, «портладим» бирдан:
- Отам сизга сотган текинга.

Болам дебман, ювиб тараб мен,
Уй-ҳовлингиз саришталабман.
Умр бўйи хизматингизда,
Югурибман, тилим тишлаб ман.

Ортгинамдан қанча югуриб,
Маҳалламда қилиб урушлар.
Олганингиз ёддан чиқдими,
Эслатади, айтсам танишлар.

- Воҳ, воҳ, қачон? Борми гувоҳлар?
Ўлиб кетган калтак еганлар.
Аҳмоқ бўлма, аслида сени,
Онанг ўзи «олгин», деганлар.

- Онамни сиз тинч қўйинг, хўпми,
Тупроғини тўзғитманг, асло.
Сизга теккан мен тентак қизман,
Ғунча умрим қилдингиз расво.

Воҳ, чиқибман, ўзимдан шундай,
Яна қанча деган сўзим бор.
Чол қочибди, қарасам бир вақт,
Кўзим очсам меҳмон қизим бор.

- Ҳа, ойижон, не бўлди сизга
Яна асаб чатоқли дейман.
Йўқ, йўқ, қизим, сира ундаймас,
Асалингни ҳар куни ейман.

Отанг, ҳозир чиқиб кетувди,
Дастёримиз шу киши, асли,
Яхшиям-ки, шундай одам де,
Аҳли дониш инсонлар насли.

Шу пайт кирди чолим дарғазаб,
Қўлларида ихчам бир тугун.
Яхтак, дўппи, нечун, халтада,
Хижолатдан ўлдирди бугун.
Отажонинг шу кийимларин,
Бермоқчийди бирон фақирга.
Топмаган-да, ҳозир ғариб йўқ,
Десам, чол дер: - сўзинг тахир-да.

Қиз ортидан чолга кўз қисиб,
Имолайман, айтманг урушим
Бола-чақа билмасин сира,
«Дока рўмол тезда қуришин»

Чолим-доно, тушунди, тузук,
Кулиб энди, айтар афанди.
-Шу десанг чол,
чиққанда йўлга,
Унутибди манзилин анди2.

Кулишарди қизим, келиним,
Илжаяман мен ҳам ноилож.
«Қизим меҳмон, кетмасин хафа»,
Деб суҳбатга бераман ривож

Ўтирибмиз гул-лола бўлиб,
Келин таом келтирган чоғда.
Унутдимми, ростдан аламим,
Майли, шу чол ортдаги тоҳда

Ич-ичимдан қўйдим суюкиб,
Сал қолди-я ажрим кетишга.
Шу тил қурсин, ўсиб кетганми,
Оз қолди-я тишлаб-кесишга.

Муҳаббатнинг чегаси фарзанд,
Дарз кетганда улаб тургувчи.
Ўғил, қизим тушунмас «ноз»им,
Замондош чол суяб тургувчим.

Муҳтарама
«Исфижоб» ижодий
уюшмаси аъзоси.
улгу1 - намуна
анди2. - такасалтанг


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (23.07.2013)
Кўрилди: 873 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0