Пайшанба, 19.09.2024, 22:35
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Нурхон Мухаммедова: ...Маъюс эгиб мағрур бошимни, Қора юзинг кўрмайин дейман...
Ватансан
Ватансан, кўкларга кўтардинг мени,
Чимкентим, шунингчун севаман сени.
Тупроғинг кўзимга суртиб ўтаман,
Ўзингсан дунёга келтирган мени.

Келаман чегара ошиб толмайин,
Ташнаман, кўришга етмай қолмайман.
Ҳар бир сонияни ғанимат билиб,
Ҳар қарич ерингга кўнгил боғлайман.

Бу дийдор мен учун доимо азиз,
Дўст, ёрга дардимни дилдан айтаман.
Тупроғинг мен учун ундан ҳам лазиз,
Бир яйраб, уйимга яна қайтаман.

Бахтлиман бугун
Бахтиёрман, оилам бирга,
Етиб олдим Пайғамбар ёшга.
Дуом шудир, тинчликни бериб,
Умр берсин кекса-ю ёшга.

Музаффарим ҳовлиси тўлди,
Орзуларим бари жам бўлди.
Минг шукрлар, қувончлар билан,
Кекса умрим гаштини сурди.

Созларга жўр Маъмур, Элнора,
Гапирди илк Абдумалигим.
Мадина, Муҳаммад, Ойдин, Ирода,
Ва Расул, Жасурлар - бахтим, омадим.

Севинчдан яйрайди олтмиш уч ёшим,
Нақадар мағрурдир бу азиз бошим.
Оллоҳимдан энди тилагим бирдир,
Фақат оқизмасин кўзлардан ёшим.

Умр ўтмоқда
Ёшим олтмиш учда умр ўтмоқда,
Орзу ҳавасларни яна кутмоқда.
Ниятларим олдимда бир-бир битмоқда,
Қадр ва мардликни бергин Оллоҳим.

Шукрки ортимда кўп изим қолди,
Авлодга насиба ош, тузим қолди.
Юрак ошёнларим, дил сўзим қолди,
Меҳр ва илҳомим бергин Оллоҳим.

Қувонч ва дардимда елкадош дўстлар,
Бир-бир баҳрам топди, бор ками кўстлар.
Замон ҳур замондир, бахтим тахт истар,
Қадр ва омадни бергин Оллоҳим.

Нурхон дер, олдинда режаларим кўп,
Ҳали етолмаган орзуларим кўп.
Из қўймоқчи бўлган йўлакларим кўп,
Куч-қувват ҳам соғлик бергин Оллоҳим.

Шукр
Кўкда ойга, юлдузлар ҳамроҳ,
Қуёш, осмон уларга ҳамдам.
Боғда булбул гулларга ҳамроҳ,
Куйган бу дил кимларга ҳамдам?

Жуфти ҳалол ёрлардир ҳамроҳ,
Дўст, биродар, қалблардир ҳамро.
Дугоналар, улфатлар ҳамроҳ,
Ёлғиз юрак кимларга ҳамдам?

Яхшиликка қўлни чўзайлик,
Ёмонликдан йироқ бўлайлик.
Ғийбатларни ерга кўмайлик,
Шукр бўлсин дилларга ҳамдам.

Гўзалликни кўрганга шукур,
Қуш нағмасин туйганга шукур,
Оёқ-қўллар юрганга шукур,
Кўзлар бўлсин тилларга ҳамдам.

Ўғил-қизлар ҳаммаси тўкис,
Уйли-жойли йўллари текис.
Нола қилмай ўқийлик ҳадис,
Имон бўлсин қалбларга ҳамдам.

Бу заминда яшаш омонат,
Нега керак, шунча хиёнат.
Яхшиликни қилайлик одат,
Қўллар бўлсин қўлларга ҳамдам.
Ўзгани ўзингдай бил

Шундай инсон борки, туз ичиб,
Ўша уйнинг тузига туфлар.
Ёмонликлар ғиштини териб,
Яхшиликнинг эшигин қулфлар.

Ҳар инсондир ўзига подшо,
Ўзгани ўзингдек билган ҳам яхши.
Худбинларни қилмасдан ошно,
Бўлиб юргин ҳаётнинг нақши.

Майли, кечир, хатолар қилса,
Кўнглини ол, дилин оғритмай.
Мезбони бўл, душманинг келса,
Эртани бил, бугунинг битмай.

Вафоли дўст, чин инсон бўлгин,
Чунки фоний сенга синовдир.
Ман-ман бўлма, ўзингни севма,
Охиратда олдингда ғовдир.

Холидага
Ёшлигимиз ўтибди зумда,
Етимликда қийналиб ўсдик.
Ғамлар адо бўлмасди кунда,
Сайёқ эмас, адабли бўлдик.
Инсонларни кўрдик ҳаётда,
Гул ичида тикондек битган.
Сабоқ олмай умри, умрдан,
Хатоларин тузатмай ўтган.

Малҳам топмай яқин ошнодан,
Дардларимиз ютиб юрдик биз.
Хатто тўйиб сабр-бардошдан,
Омадимиз кутиб юрдик биз.

Бўлди фарзанд умр ганжимиз,
Ёддан чиқди барча зор-озор.
Демак, бордир келажагимиз,
Ҳаёт экан шундайин бозор.

Иғвогарга
Кўчада гар учратсам сени,
Юрагим бир ҳаприқиб кетар.
Вужуд музлаб қўлларим титраб,
Шодликларим ўпириб кетар.

Маъюс эгиб мағрур бошимни,
Қора юзинг кўрмайин дейман.
Ўрганган тил, одатин қўймас,
Яна юрак тилмайин дейман.

Бахт қасри
Инсон умри нимадир, нима,
Ўхшатдим мен уни қасрга.
Ғишти бўлса меҳр, садоқат,
Шунда етар ўнлаб асрга.

Ва бу қаср доимо достон,
Тилдан тилга ўтаверади.
Қўйган изинг тожи тахт бўлиб,
Авлодларга етаверади.

Ҳаётдан толма
Ёлғон дунё гаштини суриб,
Ўзгаларга хиёнат қилма.
Давлат, мансабингга керилиб,
Қарғиш олма, ҳаётдан толма.

Толейингга шукур айлагин,
Дўсту-ёрга хиёнатдан қоч.
Мардона юр, синов дунёда,
Яхшиликлар эшигини оч.


Жудолик
(Онам Ойдинхон Муҳаммад қизига)
Саксон бешга кириб онам,
Бизни буткул ташлаб кетди.
Еру-кўкка ишонмаган,
Кўзларимиз ёшлаб кетди.

Мусофирлик хўп қийнарди,
Ватанини соғинарди.
Ундан яхши хабар топса,
Қувончлардан овунарди.

Ҳар ойда бир она юртга,
Зиёратга борар эди.
Омон кўриб дўсту ёрни,
Кўнгли ором олар эди.

Давраларнинг гули бўлиб,
Қўшиқ, ялла айтарди у.
Ҳасратликни босиб бир-бир,
Ғарибликка қайтарди у.

Сўнгги бор нафасида,
Юртим, - деди кўзида ёш.
Ва ниҳоят ёдгор қолди,
Дардлар тўла бир қабр тош.

***
Илҳом билан тўкилса дурлар,
Оқ қоғоз ҳам безанар хўп соз.
Малҳам бўлар шундаки дўстлар,
Чок-чок бўлган шу юрак бир оз.

Чархлар экан қаламни ўткир,
Фикрингни бил баётинг куйла.
Бўлмасдан сен ҳиссиз бир сўқир,
Устозларинг сўзини тингла.

Най навоси
Най навоси ўртар юракни,
Кўзларимдан томади дурлар.
Эслатади ўтган кунларни,
Очилгандай қалбдаги сирлар.

Умрим бўйи сақладим севгим,
Ардоқладим сенинг номингни.
Соғинчларда қийналди жоним,
Най навоси эслатди сени.

Наво кирди юракка сингиб,
Чанқоқ гулга сув қуйгансимон.
Ўзим билмай куйладим ёниб,
Найга жўрман ёлғонмас инон.

Най оҳанги мени куйлатди,
Ва йиғлатди, ҳаловат топдим.
Бу куй менинг қалбим тебратди,
Яшаш учун ишонч уйғотди.

Чунки умр бебаҳо инъом,
Йўқотмасанг ишонч ва имон.
Куй кирганда қалблар эрийди,
Ва бўлади орзулар меҳмон.

Гўзал ҳаёт, баҳор, ёз азиз,
Ҳар сония, ҳар они азиз.
Нурхонга сиз дўстлар овози,
Ҳамда найнинг оҳанги азиз.

Қаримасин кўнгиллар
Ёддан чиқар шеър сўзим,
Дармонсиз қолдим ўзим.
Хиралашибди кўзим,
Қарилик, тан олмайман.

Тишларим тушиб бўлди,
Сочим қировга тўлди,
Кўнгил ҳам чарчаб сўлди,
Қарилик, тан олмайман.

Ғамим ортга ташлайман,
Яхши гапдан бошлайман.
Хурсанд бўлсам яшнайман,
Қарилик, тан олмайман.

Ишлаб турган қўлим бор,
Билмам қанча йўлим бор,
Охират бор, ўлим бор.
Қарилик, тан олмайман,
Ҳаёт ширин, толмайман.

Қадрият
Ниятлар пок бўлса, кўрарсан роҳат,
Сен учун мен учун муҳим қадрият.
Фарзандинг, ишларинг бир зум қўй йироқ,
Ота-онанг қадрини билгин эй инсон!

Фарзандлар доимо биринчи турган,
Ота-она йироқда соғиниб юрган.
Яқиндан айрилган хору зор бўлган,
Кўнгиллар қадрини билгин эй инсон!

Бу ёлғон дунёда қадриятни бил,
Синов дунёсида ибодатинг қил.
Умр деганлари ўтгувчи билгил,
Охират азобин унутма инсон!

Йиллар ўтар
Йиллар ўтар, умр ҳам ўтар,
Варақлашар дил сатрларим.
Соғинганлар эслашиб бир бор,
Қалбга битар хотираларим.

Мен розиман ўтган умримдан,
Фарзандларим тобдилар камол.
Меҳр бердим, шу меҳр ила,
Қўйдим ҳатто назмга тамал.

Тавба
Кўз очиб кўрамиз бевафо дунё,
Одам бор, қўрқмасдан туҳмат ёғдирар.
Яхшини итариб лойга қораркан,
Ҳаёт уммонида қалбни тилдирар.

Қамоқда ўтирар гуноҳкор ёшлар,
Қорнини силайди порахўр хумпар.
Дўппингни ушлайсан хаёлга чўмиб,
Жавобсиз қолади не-не саволлар.

Ҳайронман шунчалар йўқдир тарбия,
Бекатда қарига ёш жой бермайди.
Ибосиз ўғилу-қизлар чекишар,
Тавба, тилларига салом келмайди.

Эҳ, воҳ, охират яқинми шунча,
Ночорга кулади бойвачча кунда.
Озгина закотни кўрмайди раво,
Раҳм-шавқат, имон йўқдир юракда.

Ахлатда ётади увол бўлиб нон,
Кимлардир билмайди тўқликнинг қадрин.
Йўлларда ётади маст юзлари қон,
Фақат ўзи билармиш юракда дардин.

Ўғил ўгити
Отажоним, илтимосим,
Бир сўзим бордир сизга.
Агар оғир ботса сўзим,
Кўксимда қўл узрга.

Уй, барака, борлигингиз,
Алмашдингиз қиморга.
Эртани ҳам ўйлаб бироз,
Нуқта қўйинг хуморга.

Эслаганда ўтган кунни,
Кўзларимга ёш тизилар.
Онажоним куйганини,
Кўргач бағрим эзилар.

Эшик қоқиб келса кимса,
Бошгинангиз эгасиз.
Эрта пулинг тайин дебон,
Қаддингизни букасиз.

Қани улфат опа-сингил,
Ҳурмат обрў қариндош.
Бошин эгар қизу ўғил,
Тугади бизда бардош.

Зулфиянинг дардлари
(Оқ шеър)
Нега ташлаб кетдингиз дада,
Менда не айб, айтингиз она?
Меҳр кўрмай ўсдим ўн беш йил,
Отам кўргач дил бўлди пора.

Қизим, жоним, асалим дебон,
Юз-кўзимни ўпдингиз шу он.
Қайда экан бу меҳр шунча,
Йиғлаб чиққан куну ва кеча.

Онам билан яшаб олти ой,
Сўнг кетибсиз ўзга бир ёрга.
Мен қолибман дунёга келмай,
Шундан буён келмабсиз уйга.

Ёлғон айтмай, кўрибсиз бир бор,
Чақирганда онам бўлиб зор.
Туғруқхонадан олиб келиб,
Кетибсиз-ку яна югуриб.

Мени бу дунёга келтириб,
Меҳр бермай ташлаб кетсангиз.
Не қиларди туғилмай туриб,
Қўя қолмайсизми ўлдириб.

Ўшанда мен ҳеч йиғламасдим,
Соғинганда юрак тилмасдим.
Ўзгалардан бир меҳр излаб,
Минг балога дучор бўлмасдим.

Керакмассиз демангиз
Ёш ўтганда дўст далда,
Ўғил-қиз, жигар далда.
Дийдор, хотира далда,
Керакмассиз демангиз.

Бўлай сизларга азиз,
Дилу тилингиз лазиз.
Мунис аёлман ожиз,
Керакмассиз демангиз.

Кераксиз бўлиш даҳшат,
Ёр, дўстсиз юриш даҳшат.
Ёлғиз кун кўриш даҳшат,
Керакмассиз демангиз.

Фақат айтинг кераксиз,
Қолмайин айри изсиз.
Сизсиз ошимдир тузсиз,
Керакмассиз демангиз.

Улфатлар
Аёллар «Гап» ейишар ойда,
Дард-ғамларни бир зум унутар.
Ўтиришар кафе, уй-жойда,
Ўйнаб-кулиб, қўшиқлар айтар.

Сирлашаркан, юрак очишар,
Ғуборлардан фориғ бўлишар.
Чеҳралари гулдай очилиб,
Бир-бирига севинч улашар.

- Олтмиш ошиб, етмиш келяпти,
Оғзимизда тиш ҳам қолмади.
Аммо кўнгил қурғур ёшмикан,
Сочлар оқдир, юрак толмади.

Ҳар онимиз, ширин ғанимат,
Бу юришлар, кўриш омонат,
Ҳар сония, юриш ғанимат,
Кўнгилларни сўраш омонат.

Ҳаммамизни Оллоҳ қўлласин,
Соғлик берсин, ҳеч кам қилмасин.
Қаторимиз бўлмасин хато,
Гулдек умр, бевақт сўлмасин.

Ёлғон дўст
Дўстим, дея ёнимда юрдинг,
Нонимни еб, кўрсатдинг кучинг.
Сирим айтдим, ғамингни бўлдим,
Ғийбат отдинг, дўстим не учун?

Бечораҳол келдинг уйимга,
Кириб олдинг содда қўйнимга.
Қасд қилай деб энди жонимга,
Дил оғритдинг, дўстим не учун?

Тек юрибман, бахтим ёнимда,
Ҳалол қонлар юрар танимда.
Насибамни тераман кунда,
Бу ғаразлик, дўстим не учун?

Элда юрган фарқлар одамни,
Ажратаркан яхши-ёмонни,
Сендайларни сўзи ёлғонни,
Ҳасадгўйлик, дўстим не учун?

Майли сабрим етар кўрмоққа,
Бор ғамларим кетгай йироққа,
Ҳасратларим қўйдим Оллоҳга,
Бағри тошлик, дўстим не учун?

Муаттарга
Софдил, соддагина, азиз қизимсан,
Оналик бобида худди ўзимсан.
Тилагим ҳаётда яшна, ўйна, кул,
Ўттиз етти ёшинг муборак бўлсин!

Бахт тилай, ишингда тилай омадинг,
Синовларда эгилмасин қоматинг.
Бахтингдан кулганинг, юрганинг кўрай,
Ўттиз етти ёшинг муборак бўлсин!

Сингил ҳам укага жонинг фидодир,
Сенга суянган ота, мунис онадир.
Ҳам бахтинг, умидинг икки қизингдир,
Ўттиз етти ёшинг муборак бўлсин!

Дуо қилай, ёнингда дўстлар кўп бўлсин,
Кўнгли қора бахиллар йироқда юрсин.
Мард инсон, вафодор ёнингда турсин,
Ўттиз етти ёшинг муборак бўлсин!

Доимо шундайин ўйнаб-кулиб юр,
Қариндош, фарзандлар бахтин тилаб тур.
Эл билан баробар даврон суриб юр,
Ўттиз етти ёшинг муборак бўлсин!

Ҳаётнинг асли
Баҳорим қайдасан, излаб топмайман,
Ёзим ҳам ўтибди, бир зум тин олмай.
Мана куз вақтида юрибман толмай,
Қиш келса, бир тола қора соч қолмай.

Орзулар баҳорда очилсин гулдай,
Ёз, куз, қишда чеҳраси ёнсин лоладай.
Гулларга булбуллар сайрасин тинмай,
Улар қаторида инсон кам бўлмай.

Баҳор, ёз, куз, қишдир умрлар фасли,
Барқ урар, қувонар, кўпайса насли.
Ғунчалар очилгай, фарзанд улғаяр,
Роҳати шундадир ҳаётнинг асли.

Висол
Келиб кетдинг қалбимда илиқ,
Бир туйғуни сездим мен шу он.
Бўшаб турган юрак тўрини,
Тўлдираркан бериб кетдинг жон.

Ҳа, суянса киши кишига,
Бу катта бахт, азизим билгин.
Гар севсак биз бир-биримизни,
Лаббай дея ёнимда тургин.

Севаман ҳа, севилдим чандон,
Фақат баъзан ҳижрон қийнайди.
Аммо унинг ўти сўнганда,
Қалб чархпалак, юрак ўйнайди.

Зор этасан баъзан сўзинга,
Қийнарсан гоҳ кетиб йироққа.
Ўшанда мен сезиб ёлғизлик,
Бош эгаман фақат фироққа.

Баъзан эса бу кўнгил рашкдан,
Ўтда ёнар қийналади жон.
Аммо яна сув сепиб ўзинг,
Сўндирасан уни бил Бекжон.

Эркалайсан дея Ойжамол,
Дерман мен ҳам азизим, бегим.
Ҳаётимиз барқ уриб яшар,
Эртамизни келади билгим?

Фақат бордир бир илтимосим,
Бул меҳрибон қилгин эътибор.
Юрагингга жо қилиб олгин,
Ойжамолинг қилиб қўйма хор.

Ишқ жомининг майидан ичиб,
Маст эрурман висол чоғида.
Тезроқ келгин ёнимга бегим,
Сайр этайлик вафо боғида.

Ишонч
Ишонч буюк неъматдир,
Севишганлар ардоғи.
Оила тотув экан,
Бўлмагайдур дил доғи.

Муҳаббатда бор ишонч,
Чин дилдан севишганда.
Бўлмас ҳеч қачон қувонч,
Рашкдан дил совиганда.

Бор бўлса орзу тилак,
Ғубор дилларда қолмас.
Шошар орзуга юрак,
Умр йўлларда толмас.

Унинг борига шукр,
Яхшиликлар тилайди.
Севгига қувват бўлиб,
Бахт, иқболга белайди.

Ният
Қизгинамни узатган кун,
Ҳувиллади даргоҳим.
Фаришталар ҳамроҳ бўлсин,
Бахтини бер, Оллоҳим.

Қиз чиқариш оғир экан,
Бошдан ўтган билади.
Узатилган қиз тақдирин,
Фақат ўзи билади.

Борган жойи бутун бўлиб,
Қолсин кам-кўст узоқда.
Синовларда бардам бўлсин,
Ёшлар тушмасин тузоққа.

Тилагим бир унга фақат,
Қайнонаси қиз билан.
Ширин сўздан очиб чирой,
Қизим ўйна, кул десин.

Тилагимдир фақат битта,
Синовларда қолмасин.
Борган жойни бахтга белаб,
Омон бўлсин, толмасин.

Юрагим танҳо
Эй дўстлар, келинг, қалбимни тингланг,
Эшитинг дардимни, мендайин куйманг.
Ўғил-қиз ўстирдим бахтли деб билманг,
Лек юрагим танҳодир, вужудим танҳо.

Қизларни узатдим, тўлиб ва тошиб,
Ўғилларим кетди чегара ошиб.
Толеим ҳукми ила қолдим мен шошиб,
Лек юрагим танҳодир, дилзорим танҳо.

Четдан қараганда бахтли инсонман,
Омадлар қасрида тахтли инсонман.
Юрган ҳар йўлимда аҳдли инсонлар,
Лек юрагим танҳодир, гулзорим танҳо.

Танҳолик қўмсайди юртим ҳавосин,
Элимга ташнаман, йўқдир баҳоси.
Ўзга жойнинг бўлмас экан вафоси,
Йиғлайман, қолмасин мозорим танҳо.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (18.02.2013) | Муаллиф: Нурхон Мухаммедова
Кўрилди: 927 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0