Пайшанба, 19.09.2024, 22:40
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Собир Шомурод: ...Муҳаббатнинг боғиданми ўтининг...
Дил дарди
Демишларки, донишлар дил дардига йўқ даво,
Юқтирмоқ осон эрур, аслида у бедаво.
Сирли дард кўксим узра оташларини тутди,
Муҳаббат бўстонига ким игна сочиб кетди.

Офатижон ҳурлиқо, сизга йўқдир даъвойим,
Сабр ила омад берар балки менга Худойим.
Фироқ тиғлари қалбим тешиб сўнгакка етди,
Муҳаббат бўстонига ким игна сочиб кетди.

Равонмас ошиқ йўли, турфа синоати бор,
Гоҳи ҳижрон қаршилар, гоҳ садоқатли дилдор.
Насимга тўймасимдин, хазонрез поймол этди,
Муҳаббат бўстонига ким игна сочиб кетди.

Бахту-иқбол кўйида лайлу-наҳорлар толдим,
Орзум сиғдирмас армон, жанг майдони бўп қолдим.
Собир, висол онлари тушу-хаёлда ўтди,
Муҳаббат бўстонига ким игна сочиб кетди.

Кўнгил қолмасин
Ҳар кўнгил турфадир, сирли бир олам,
Сирли олам сари хушёр қўй қадам.
Тўлмасин дилларга қайғу-ю, алам,
Эй, дўстларим, кўнгил қолмасин экан.

Кор этмагай қанча ширин сўзлар ҳам,
Парча муздир дилда, эримас бир дам.
Давоси топилмас, қўйсанг-да малҳам,
Эй, дўстларим, кўнгил қолмасин экан.

Чинни пиёладир, дарз кетса тамом,
Афсус, бутлай олмас моҳир уста ҳам.
Асло аримагай маъюс кўздан нам,
Эй, дўстларим, кўнгил қолмасин экан.

Кўнгилни чулғагай ғурур ила ноз,
Эмасдир тўшалган йўлга поёндоз.
Булбул ошён этсин, топтамасин ғоз,
Эй, дўстларим, кўнгил қолмасин экан.

Истарам
Нотавон, хазин кўнгилнинг дардига дармон истарам,
Изларига интиқибон, кўзлари мастон истарам.

Ногаҳон вайрона қалбим илинди жоду домига,
Йўқотган ақлу ҳушимни, йиғолмай сарбон истарам.

Дўсту ёрлар ҳавас қилиб душманларим ҳасадига,
Битгали арзигулик бир севгима достон истарам.

Ором бахшида айлаган орзу, умид карвонларин,
Сақлагувчи ишқ аталмиш, мангуга посбон истарам.

Собир, туйғуларим жўшиб, самовий ул паризоднинг,
Васлига етгали мовий парвозга осмон истарам.

Қиёс этардим
Ёр меҳрини уммонларга қиёс этардим,
Қайдан билай сув юзида кўпиклигини.
Висол орзусида гирён кезиб кетардим,
Сезмай ошиқларга сароб етуклигини.

Туйғуларим найлай, мудом айлар ғалаён,
Қўзиб қалбим тубидаги ўксиклигини.
Бошда сирин қилмас экан муҳаббат аён,
Бахтиёрлик ё бахт йўли тўсиқлигини.

Питирлайди юрак қушдай, тор келиб қафас,
Кўтаролмай ишқ риштасин узуклигини.
Бўю бастим тикарга дард қўймас бир нафас,
Ёрдан ёдгор билгум қаддим букиклигини.

Аросатда қолдим, Собир, ортга қайтайин,
Десам, кўнгил сўроқлайди суюклигини.
Мангу фироқ, забоним оҳ, кимга айтайин,
Дил оғриғи ила бағрим куюклигини.

Эҳ, кўнглима
Эҳ, кўнглима, ўртанишинг колмади,
Кўз ёшимга ташнамиди тутунинг.
Оловлари не кўйлара солмади,
Муҳаббатнинг боғиданми ўтининг.

Етаклабон қадим висол изига,
Бирда илинж, бирда умид узасан.
Кўксим тилиб, сепиб кетган тузига,
Малҳам излаб, саробларда сузасан.

Макру сеҳр, жоду кўзлар яроғи,
Моҳир сайёд сира хато кетмади.
Балки кунлик машғулоти, сабоғи,
Бўлса юрак сезиб, нечун этмади.

Хушлагайсан самовийроқ ҳурини,
Тушармикин кўкдан яқин орада.
Олмай кетган Собир тутган гулини,
Эҳ, кўнглима, ўтар бўлдинг нолада.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (10.09.2012) | Муаллиф: Собир Шомурод
Кўрилди: 851 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0