Пайшанба, 19.09.2024, 22:40
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Собир Шомурод: ...Мунгли кўзлар қароғи, ашкимга чўккан чоғи...
СУРНАЙИМ
Чертсам сўзлар тилга кириб шўх торим,
Булбул каби сайрар мағрур дуторим.
Демагайсан аларни ҳеч бегона,
Созлар ичра ягонасан, сурнайим,
Қайғуларга бегонасан, сурнайим.

Сурнайчи-ю, сурнайларнинг сеҳри бор,
Куйга қўшган қалб қўри-ю меҳри бор.
Кўҳна сирли наволарга сирдошсан,
Созлар ичра ягонасан, сурнайим,
Қайғуларга бегонасан, сурнайим.

Боболарни селкиллатиб ўйнатган,
"Ёр-ёр"га жўр момоларни йиғлатган.
Келин-куёв юрагини ўйнатган,
Созлар ичра ягонасан, сурнайим,
Қайғуларга бегонасан, сурнайим.

Қаддинг ёғоч, қамишдан шўх тил чиқиб,
Санъаткорлар нафасидан жон битиб,
Гоҳ тановар, дилхирожга куйлаган,
Созлар ичра ягонасан, сурнайим,
Қайғуларга бегонасан, сурнайим.

Дилга сирли хонишларинг хуш ёқар,
Тўлқинланиб қалб, кўзлардан ёш қалқар,
Ноғора-ю, доирага жўр бўлган,
Созлар ичра ягонасан, сурнайим,
Қайғуларга бегонасан, сурнайим.

Ҳар кун бўлсин элда тўю-тантана,
Аждодлардан қолган удум-анъана,
Қизни олиб куёв томон узатган,
Созлар ичра ягонасан, сурнайим,
Қайғуларга бегонасан, сурнайим.

ОШИРМАСИН
Тим қаро кўзларин сузиб, савдосин оширмасин,
Озорин ошириб доғлаб, ғавғосин оширмасин.

Эмас асло бахт юлдузи милтираган ҳар чироқ,
Саробни уммон билибон, тошларга бош урмасин.

Тингласин кўнглин садосин, учмасин сайёрага,
Чағир ҳижрон сўқмоқларин кезмоққа шошилмасин.

Дуч келар бўлса ногаҳон ёд этиб паймонларин,
Ёниб ҳижолат ўтида юзларин яширмасин.

Собир ташлабон санги дил мани ишқ саҳросига,
Меҳр булоғин ўзгага қайнатиб тоширмасин.

САЙРАМИМ
Насимдан тебраниб тонгда чаманзор,
Булбул хонишини кутар интизор,
Боғу-бўстон ўлкам, тенгинг қайда бор,
Кўҳна Сайрамимсан, муқаддас диёр,
Жамолинг мадҳ этиб, куйлармиз алёр.

Ватан деб жон берган ўғлонлар ўтган,
Ботирларинг донғи оламга кетган,
Душманлар неча бор келиб қон ютган,
Кўҳна Сайрамимсан, муқаддас диёр,
Жамолинг мадҳ этиб, куйлармиз алёр.

Гоҳ гуллаб-яшнадинг, гоҳ жисминг куюк,
Азалдан тарихда ўрнингдир буюк,
Элу-элатларга ўзингсан суюк,
Кўҳна Сайрамимсан, муқаддас диёр,
Жамолинг мадҳ этиб, куйлармиз алёр.

Иккинчи Макка, эл зиёратгоҳи,
Ҳар қадамда азиз, сонсиз боб ҳоки,
Соғинсам сўкилар юрагим чоки,
Кўҳна Сайрамимсан, муқаддас диёр,
Жамолинг мадҳ этиб, куйлармиз алёр.

Яссавий бағрингда "жавоҳир" терган,
Ҳақиқат йўлида Байзовий елган,
Юсуф Сарёмийга илҳомлар берган,
Кўҳна Сайрамимсан, муқаддас диёр,
Жамолинг мадҳ этиб, куйлармиз алёр.

Осмонинг мусаффо, мангу бўл омон,
Оллоҳнинг инъоми, турмуш фаровон,
Аҳдинг диёнатли, қалбида иймон,
Кўҳна Сайрамимсан, муқаддас диёр,
Жамолинг мадҳ этиб, куйлармиз алёр.

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК!
Неварасин еру-кўкка қўймаган,
Меҳри жўшиб, суюб сира тўймаган.
Хаёл суриб келажагин ўйлаган,
Бувижонлар, навбаҳор айёмингиз,
Қутлуғ бўлсин муборак байрамингиз!

Фарзандига тожу-тахтлар кўзлаган,
Фариштасиз, меҳр ила сўзлаган.
"Алла"лару "ёр-ёр" сиз-ла янграган,
Онажонлар, навбаҳор айёмингиз,
Қутлуғ бўлсин муборак байрамингиз!

Етса озор ранжин ортга ташлаган,
Насиҳатдан асли сўзин бошлаган.
Зафар қучсак, қувнаб кўзин ёшлаган,
Холажонлар, навбаҳор айёмингиз,
Қутлуғ бўлсин муборак байрамингиз!

Бахту-иқбол кулган, армон қолмаган,
Кўзларида меҳру-вафо порлаган.
Иффат-ордан мангу ҳамроҳ танлаган,
Жон келинлар, навбаҳор айёмингиз,
Қутлуғ бўлсин муборак байрамингиз!

Шўх нигоҳлар дилни-дилга боғлаган,
Ҳажрингизда борми кимса ёнмаган.
Йигитларнинг қалбин вайрон айлаган,
Гўзал қизлар, навбаҳор айёмингиз,
Қутлуғ бўлсин муборак байрамингиз!

Қабул айланг сўзим жону-дилимдан,
Бир учқундир ҳурмат ила меҳримдан.
Таъзим бажо бўлсин сизга Собирдан,
Ҳур аёллар, навбаҳор айёмингиз,
Қутлуғ бўлсин муборак байрамингиз!

АЛВИДО
Ушалмади, онаизор, орзуимиз-ўйимиз,
Сизсиз қолди-ку ҳувиллаб боғу-бўстон, уйимиз.
Изларингиз кўзга суртиб, қаҳрабодир рўйимиз,
Ҳажрингизда қаддимиз дол, чўкиб борар бўйимиз.

Бу фоний дунё аслида кимга этибди вафо,
Шодлигидин кўпми экан кулфати, жабру-жафо.
Жовдирармиз чор тарафга, мангу дилларда нидо,
Сўзлагандай бўласиз гоҳ сабодан келиб садо.

Табассумни билмагаймиз, маъюс кўнглимизда ғам,
Тақдирга тан берсак ҳамки, қалбимиз тирнар алам,
Кор этмади дардингизга асло бирор-бир малҳам,
Нетайлик, йўқдир чорамиз, шулдир хоҳиши Эгам.

Айлайлик Қуръон тиловат, руҳингиз бўлсин деб шод,
Шашқатор кўзда ёшимиз, дилда қайғу-ю, фарёд,
Илоҳим, бўлсин онажон охиратингиз обод,
Мунису-меҳрибонимиз алвидо то қиёмат.

БОҚМАСАНГИЗ
Қуёш тутилган гўё, сиз қиё боқмасангиз,
Унда найласин зиё, сиз қиё боқмасангиз.

Забонимда оҳ-воҳим, қайғу-ҳасрат ҳамроҳим,
Бўзлаб қолгумдир моҳим, сиз қиё боқмасангиз.

Э хушрўй, сарвиравон, мудом хаёлий карвон,
Етагида ютгум қон, сиз қиё боқмасангиз.

Мунгли кўзлар қароғи, ашкимга чўккан чоғи,
Хазонрезги ишқ боғи, сиз қиё боқмасангиз.

Орзу-армонлар талар, мандин аламин олар,
Рашким мўралаб қолар, сиз қиё боқмасангиз.

Ё муҳаббат сабоғи, борми жабрин адоғи,
Аримайди дил доғи, сиз қиё боқмасангиз.

Собир, кулмас бахт ҳар кун, гоҳ зулмат, гоҳ ойдин тун,
Бағрим ярим, у ҳам хун, сиз қиё боқмасангиз.

ҚАНДАЙ СЕҲРИНГ БОР
Елиб борадирман ёнингга шоша,
Дуч келган турфа хил тўсиқлар оша.
Фарҳод кунин солма бу ғариб боша,
Нозу-карашманг-ла этарсан бедор,
Эй нигоро, ўзи қандай сеҳринг бор?

Ишқнинг тўфонида ҳар ён боқарман,
Гоҳи чўкиб, гоҳи қалқиб оқарман.
Чашми гирён сувин ютиб наҳор ман,
Мудом кезгайдирман изларингга зор,
Эй нигоро, ўзи қандай сеҳринг бор?

Анвар мирзодайин бўлай парвона,
Иффату-орингдан юзларинг ёна.
Мисли Раънодирсан сарвиравона,
Боқмай ўтар бўлсанг кўзга дунё тор,
Эй нигоро, ўзи қандай сеҳринг бор?

Алпомишдай бўлмоқ учун қоматим,
Келмас, кулиб боқмас ҳаргиз омадим.
Барчинойга қиёс сен, саодатим
Ором олгум туҳфанг бўлса ҳам озор,
Эй нигоро, ўзи қандай сеҳринг бор?

Қалб бошлаган йўлга йўлим бургайман,
Орзу етагида сархуш юргайман.
Ҳуснинг қўйиб кетган ўтда куйгайман,
Сирли нигоҳларинг бунча мафтункор,
Эй нигоро, ўзи қандай сеҳринг бор?

ҚУДРАТИНГ БУЮК
Муҳаббат, қудратинг чексиз, буюкдир,
Қалбларга ташрифинг сирли, суюкдир.
Пинҳона суҳбатинг бунча куюкдир,
Висол онларига излабон имкон,
Бўлсайдинг муҳаббат садоқат томон.

Шайдолик шаробин таъмин тоттириб,
Шод айлабон гоҳи бўзлаб ёттириб.
Ғариб бошларига болиш боттириб,
Кўнгли вайронларга ютқизмасдин қон,
Бўлсайдинг муҳаббат садоқат томон.

Измингга солибон, ҳар ён чоптириб,
Ёшларин маржондай тизиб оқтириб.
Хаёл оғушида тонглар оттириб,
Гулгун чеҳраларни этмай заъфарон,
Бўлсайдинг муҳаббат садоқат томон.

Аввалда меҳрингни тугал сочгайсан,
Кўзларин домингга тортиб очгайсан.
Сўнгра ҳижронингга ташлаб қочгайсан,
Ошик аҳлинг бўлар юргувчи гулхан,
Бўлсайдинг муҳаббат садоқат томон.

Собир, дегум мудом, сендан тонмаймиз,
Жабрингни бол дебон ютиб қонмаймиз.
Ўзинг оташ бўлсанг қандай ёнмаймиз,
Муштоқмиз мангуга нажоту, сарбон,
Бўлсайдинг муҳаббат садоқат томон.

НАЙЛАЙ
Аҳду-вафодин йироқлаб, кетди мақваши жон, найлай,
Самоларга учмоққа шай, тугаб бардоши жон, найлай.

Қиё боқса гар дилрабо, зулмат қалбим топгай зиё,
Воҳ, мунча этмиш маҳлиё маликаи замон, найлай.

Ҳижрон тиғидин яроси, дилим ёр меҳрин гадоси,
Шулми ошиқнинг жазоси, жабри урар жавлон, найлай.

Гоҳи хабар етиб келар, хабарлари деманг нелар,
Афсус, хазонрезлар елар, баҳордин йўқ нишон, найлай

Борми мендек дил пораси, жаҳонни тутган ноласи,
Собир, дардимнинг давоси, васли кўзи чўлпон, найлай

НАВРЎЗИ ОЛАМ КЕЛДИ
Сочиб хушрўй лолалар,
Қалбларда шўх наволар,
Куйлаб қўшиқ-яллалар,
Наврўзи олам келди.

Гулзорларни яшнатиб,
Булбулларни сайратиб,
Чуғурлатиб, яйратиб,
Наврўзи олам келди.

Бошда гулдан чамбарак,
Либослар ҳам гул безак.
Мисли гўзал келинчак,
Наврўзи олам келди.

Қир-адирда жилғалар,
Оқар айлаб жилвалар.
Бирга учиб турналар,
Наврўзи олам келди

Кўк либосдан рўмоли,
Бизлар эдик хумори.
Қувонтириб висоли,
Наврўзи олам келди.

Дилда қолмай зарра ғам,
Суҳбат қуриб жамул-жам.
Биз-ла бўлай деб ҳамдам,
Наврўзи олам келди.

ШОИР ЁРЛАРИ
Шоирларга эмасдир осон,
Бардошлилар камдир уларча.
Шеърлари ҳам бир фарзанд бўлса,
Эҳ, ёрлари қанчадан-қанча.

Этмай вафо қайсидир ери,
Чертиб кетар қалбин мисли тор
Излай-излай сафоли ёрни,
Келгай ҳиссиз парига дучор.

Сержафо ёр чектирса нола,
Тор келгайдир замину, фалак.
Ўзга ёрни қўмсаб дил пора,
Ул ёр эса зийнат деб ҳалак.

Гоҳ самога айлагай парвоз,
Ерда қолиб иффатли санам.
Самовий ёр виқорли, танноз,
Менсимагай муҳаббатни ҳам.

Шоирларга эмасдир осон,
Эҳ, ёрлари қиёмат бунча.
Сўз гавҳарин саралаб тергач,
Бўй кўрсатар нафис гулғунча.

Асли ёри таъриф этилган,
Ёрларидан аъло бирмунча.
Ижод ҳамда ҳаётда ёлғиз.
Қўймас асло ҳамдам, ҳамиша.

КЎЗГА ТЎТИЁ
(Юсуф Сарёмийнинг 165 йиллигига)
Дилларимиз ёритгайдир мозийдан зиё,
Бобо, кўнгил мулкингиздир кўзга тўтиё.
Буюк адиблар сафида маъруф ўзингиз,
Руҳингиз шод бўлсин дебон тиловатда биз.

Элтса ҳам орадаги йиллар йироққа,
Талпинамиз парвонадек порлоқ чироққа.
Мудом шеъриятнинг буюк осмонидасиз,
Руҳингиз шод бўлсин дебон тиловатда биз.

Бедорликда ўтгаи оқшом ҳамда саҳарлар,
Маҳсулидир бизга мерос шоҳи асарлар.
Ортмоқдадир олам аро зўр шуҳратингиз,
Руҳингиз шод бўлсин дебон тиловатда биз.

Эл фахрисиз, юртдошларнинг қалбида ғурур,
Қайнабон ҳам тошмоқдадир беқиёс сурур.
Эгам жаннатлардан ато этсин жойингиз,
Руҳингиз шод бўлсин дебон тиловатда биз.

ЎЙНАСИН
Товус мисол товланиб, сарву-санобар ўйнасин,
Гоҳи саҳнани безаб, гоҳи чаманзор ўйнасин.

Ноз ила айлаб ҳиром, дилларда қолмай ғусса-ғам,
Элга таъзим-ла калом, чалганда дутор ўйнасин.

Тегмасин ҳуснига кўз, диёрида топсин камол,
Элдан олқиш олсину, кўксида тумор ўйнасин.

Истеъдод ҳам меҳнатин, санъатда топсин шуҳратин,
Ҳеч йўқотмай иффатин, покиза дилдор ўйнасин.

Ташлабон сирли нигоҳ, меҳр ила ҳаё билан,
Собирии айлабон лол, кўзлари хумор ўйнасин.

ҚАНИ
Эй, кўнгил ишқида ёнган жисмимдек гулхан қани?
Ҳижрон дардида менингдек хору ҳам сарсон қани?

Маҳлиё этган ўзига, сўзларидан бол томиб,
Аҳду-вафодин шиори, тиллари бийрон қани?

Орзуларда этдим парвоз, бахтли ўтган онларим,
Ширин-ширин суҳбатлару, висол-ла бўстон қани?

Йўлларида нигоҳ толди, хаёл гулгун рухсорда,
Қалбимнинг ардоғи бўлган ваъдаси ёлғон қани?

Ўртар дилим армонлару, жудоликнинг ғамлари,
Чор тарафга термуларман, кўзлари чўлпон қани?

Билармен бисёр ошиғи, мендир аларнинг бири,
Ўзга ёр бир-ла кўргали, кўз ёшсиз мужгон қани?

Собиро, фиғон фалакда, соғинчу-жафолардан,
Бевафо дилдор дардига табибу дармон қани?

КЕЛМОҚДАДИР
Қалбим ром этган пари нозланиб келмоқдадур,
Орзуларим сарвари нозланиб келмоқдадир.

Вужудимга ўт қалаб, ё чўғигами талаб,
Ором олиб тафтидин, товланиб келмоқдадир.

Ишва аралаш меҳр, жодую-амал, сеҳр,
Саболарда сочлари чулғаниб келмоқдадир.

Гуёки ширин тушдай, муҳаббатдин сархушдай,
Биз томонларга боқиб, тўлғониб келмоқдадир.

Собир, ушалмас армон, демагил сарвиравон,
Ишқ риштасига чунон, боғланиб келмоқдадир.

БОРМИКИН
Солмаган бошга санам жабру-жафоси бормикин,
Босди дилим ғам-алам, дардим давоси бормикин.

Гулгундир сўлим юзи, меҳр билмас шаҳло кўзи,
Кинояли ҳар сўзи, сирли маъноси бормикин.

Найлай кўнгил бошлади, ёнган оловга ташлади,
Бир имога ташнаси, мендек гадоси бормикин.

Маъюс дил хастаю лол, шамшод қаддим бўлмишдир дол,
Сўзларим келди малол, аҳдга вафоси бормикин.

Эй Собир, оҳу-фиғон, ўз ҳолимга қўймас армон,
Ўзгадир энди замон, Раъно, Лайлиси бормикин.

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ,
Юракларда ҳаяжон, титроқ.
Шунча бирга ўқидик гулим,
Наҳот бизни кутмоқда фироқ,
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ.

Нечун маъюс эрур кўзларинг,
Жумбоқларга бойдир сўзларинг.
Нуқта эмас жумла сўнгида,
Бисёрлашиб бормоқда сўроқ,
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ.

Бир-бирига талпинган мамнун,
Кўнгилларни айламайлик хун.
Айро йўлда шодлигимиз ним,
Болаликдан эдик-ку иноқ,
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ.

Зимдан чорлаб турибди-ку бахт,
Кел, қурайлик муҳаббатдан тахт.
Ўн бир йил ҳам ўтибди, э-воҳ,
Энди ҳаёт бергайдир сабоқ,
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ.

Кўришгунча хайр, устозлар,
Хайр дўст-у э, сарвинозлар.
Гўё байрам, дилда ҳазинлик,
Тушар бўлди йўлимиз йироқ,
Янграмоқда сўнгги қўнғироқ.

ЗОР АЙЛАЙСИЗ
Ҳусну-латофат ила ошиғу зор айлайсиз,
Ҳар кунги одатингиз: ишқим инкор айлайсиз.

Кўнгил инкорни билмас, ўзгани асло демас,
Ҳуснингизга бўлиб маст, дардим бисёр айлайсиз.

Этай сизни бахтиёр, токи танда жоним бор,
Бўлаверманг ғамзакор, бунча озор айлайсиз.
Беайб бўлдим гуноҳкор, қош-қабоқдин ёғиб қор,
“Бўлма, дебон, харидор" жаҳоним тор айлайсиз.

Сўнган умид қайта ёр, "йўқ", дейсиз жозибадор,
Энди майинроқ инкор, токай хумор айлайсиз.

ОЛИБ КЕТАМАН, ДИЛДОР
Пойлайвериб йўлингни толиб кетаман, дилдор,
Дилгинангга ғулғула солиб кетаман, дилдор.

Қолсам ҳамки ҳижронда, кўнгилнинг кўзи санда,
Ағёр рақибларимдан ғолиб кетаман, дилдор.

Куйиб борадир сийнам, эй тани сиймингинам,
Муҳаббат шаробига қониб кетаман, дилдор.

Тилаб мангу бахтингни, куйлаб ўтай мадҳингни,
Гар қўймасанг макрингни, ёниб кетаман, дилдор.

Борми, борай даъвога, Собирдек мубталога,
Муносибсан, самога олиб кетаман, дилдор.

АРМОНИНГ БОРМИ
Арши-аълода юлдуз, сенда ҳам борми армон,
Олгайми оромингни Зу\ра тобланиб ҳар он.

Балки Чўлпон менсимай, ташлаб кетгандир йироқ,
Шундай мовий самода борми шафқатсиз фироқ.

Ойга тушдими ишқинг, маҳкуммисан жазога,
Чиқмасдан куйдиргайми нозланибон фазога.

Гар чиқса зумда ғойиб, вақти эканми тиғиз,
Қолдими шуъласидан жисмингда жизғанак из.

Шайдо бўлдингми ёки ғафлат босиб Ҳулкарга,
Сайёра маликаси қиёси йўқ Жавҳарга.

Қолдинг нечун муаллақ ўзгаси ёқмагайми,
Ё булутлар ортидан суйганинг боқмагайми.

Порламайсан, сезилар, милтирашингдан алам,
Ерга сиғмасдан ҳижрон етмиш осмонингга ҳам

ТАШҲИС
Шифокорлар қошига,
Кириб келди бир бемор.
Беморга ҳеч ўхшамас,
Ўта кетган димоғдор.

Қуйиларни менсимас,
Каттасини сўрарди.
Хўмрайганча гоҳида,
Истеҳзоли куларди.

Нуқсон топмоқ пайида,
Тузоқ қўйиб, тош қотди.
"Сирли" бемор дардини,
Излай-излай бош қотди.

"Ташҳис" қўяр чоғида,
Ақл-идрок асқотди.
"Хаста" экан жиғилдон,
Давосини ахтарди.

"Уришидан томирин",
Ёқа ушлаб танг қолди.
Виждони йўқ умуман,
Бунга асло йўқ чора.

Сотилибди иймон ҳам,
Керак ахир чой-чақа.
Қандай тирик юргани,
Маълум эмас мутлақо.

Жиғилдоннинг дардини
Амаллади, тузатди.
Нафрат ила жамоа
Шум юлғични кузатди.

Кўнгил сира ёримас,
Ўйлар сезиб зўр чарчок,
"Бугун, эрта ё индин,
Яна келар бир олчоқ.

Тақалди қаллоб урган,
Устихонга тиғ, пичоқ".
Қачонгача бошлаймиз,
Тишни тишга қўйиб иш.

Собир, ҳалол кимсани,
Ранжитмоққа йўқ хоҳиш.
Мақсад - қинғир-қийшиқнинг,
Кўксин пойлаб урмоқ ниш.

ДИЛБАРИМ
Биларсанми, билмасмисан, дилбарим,
Баён айлаб орзу-армон сирларим.
Ўтар экан, ўтар бир-бир кунларим,
Доғи ҳижрон қийнар узун тунларим,
Мафтун кўнгил термулар кўзим маним,
Ранжу-алам ўртар жон ила таним.

Дуч келганда бир сўз демай кетарсан,
Эплай олсанг йўлинг буриб ўтарсан.
Куйган бағрим ўтга ёқиб нетарсан,
Билмам, балки зўр имтиҳон этарсан,
Бу барчаси дилдаги дардим маним,
Ранжу-алам ўртар жон ила таним.

Жумбоқларинг ечмоқ мушкул мен учун,
Самодаги Зуҳромисан, айтгил чин.
Ширинмисан, Лайлимисан, ё Барчин,
Олиб қочар хаёлларим чил-парчин,
Талпинадир сен томон қалбим маним,
Ранжу-алам ўртар жон ила таним.

Нозларингдир қўймагай ҳеч ҳолима,
Жабру-жафо айлар ширин жонима.
Ташна этиб ҳаттоки ўз қонима,
Бир демадинг, келгил ёрим ёнима,
Тингламассан оҳ ила зорим маним,
Ранжу-алам ўртар жон ила таним.

Бисёр Собир бевафо ёр озори,
Унутилмиш аҳд-вафо, дил изҳори.
Чаққон экан муҳаббатин бозори,
Вайрона қалб жоду кўзин хумори,
Жудоликдан дилдаги дардим маним,
Ранжу-алам ўртар жон ила таним.

ИККИ ДИЛ
Таъриф айларга тиллар лол, достонлардин аёнсиз,
Бирингиз султон, бирингиз маликаи замонсиз.
Иффатли, орли, сафоли, мунча ширин забонсиз,
Балқинг муҳаббат боғида, қолмай асло армонлар,
Боболару, онажонлар, дўсту-ёрлар, санамлар,
Тилар қутлуғ келсин дебон бирга қўйган қадамлар.

Қайғу эмас, қувонч ёши юзларингизни ювсин,
Оллоҳ ҳар дам йўлингизни садоқат сари бурсин.
Ўғил-қизлар чуғурлашиб ёнгинангизда юрсин,
Чекманг ҳижрон азобини, ранг бўлмасин сомонлар,
Боболару, онажонлар, дўсту-ёрлар санамлар,
Тилар қутлуғ келсин дебон бирга қўйган қадамлар.

Дўстларга жўр қутлар сизни кўкда ёрқин ҳилола,
Муҳаббатдир диллар аро очилган гулу-лола.
Огоҳ бўлинг, нозик диллар, мисли чинни пиёла,
Осмонимиз мусаффо-ю, тўқ-тотувлик замонлар,
Боболару, онажонлар, дўсту-ёрлар санамлар,
Тилар қутлуғ келсин дебон бирга қўйган қадамлар.

Э, муҳаббат амри ила топишган иккала дил,
Низо солибон бўлмасин орада айёра тил.
Собир айтар бу ҳаётнинг синовлари хилма-хил,
Аълога ўтсин синовдин ҳар иккала томонлар,
Боболару, онажонлар, дўсту-ёрлар санамлар,
Тилар қутлуғ келсин дебон бирга қўйган қадамлар.

ҚИЁМАТ ҚОЙИМ БУ
Муҳтожлик этса сарсон,
Рангини айлаб сомон.
Сўкилса юрак чоки,
Қон-ла оқади армон.
Хору-зорлик тайин бу,
Эҳ, қиёмат қойим бу.

Зўрнинг ҳар сўзи фармон,
Фармондан қалблар вайрон.
Кўзларида ёш қалқар,
Тўкилса бўлар уммон.
Тўфон суви тайин бу,
Эҳ, қиёмат қойим бу.

Қайрабон бийрон тилин,
Бири алдагай бирин.
Онт ичишдан толмагай,
Ўртага солиб дилин.
Шаккокликдир тайин бу,
Эҳ, қиёмат қойим бу.

Етим ҳаққин ер биров,
Порахўр айлар минг дов.
Инсоф билмагай қаллоб,
Ўмарар қўйсанг ҳам ғов.
Иймонсизлик, тайин бу,
Эҳ, қиёмат қойим бу.

Ғафлатдан кўзни очсак,
Нопоклар пойин чопсак.
Босмасдан бурун тўфон,
Инсофга келсак бешак.
Мусулмонлик тайин бу,
Эҳ, қиёмат қойим бу.

Қиёмат куни билгин,
Сўрмагай сендан бир хун.
Озми-кўпми, қил савоб,
Асқотар сенга у кун.
Сарҳисобли тайин бу,
Эҳ, қиёмат қойим бу.

ИТОАТ АЙЛАНГ
Э бандаи ожизлар, Ҳаққа итоат айланг,
Берган ризқу-рўзига сабру-қаноат айланг.

Надомат-ла чекиб ғам, демангиз қайғуриб кам,
Бир кун кўрсатар карам, шукру-моҳият айланг.

Қолар бунда симу-зар, олиб кетишга не бор,
Унутманг буни зинҳор, савобни бот-бот айланг.

Тугамасин ҳеч бардош, билмаганга бўлиб бош,
Бидъатларни этиб фош, динга эътиқод* айланг.

Сиротдин кимлар ўтар, ким кавсар сувин ютар,
Оллоҳнинг ҳукмидадир, бунга эътимод* айланг.

Кўрсатгайдир ҳидоят, ўқингиз илму-оят,
Саломат-иймон ила дил уйин обод айланг.

Диндорга бериб қўлни, масжидга буринг йўлни,
Тақвою-ибодатни ҳар кунги одат айланг.

Эрта-индин деб фақат, ўтмасин ой, кун, соат,
Дақиқалар ғанимат, шаҳду-шижоат айланг.

Э муслими кекса-ёш, саждага қўйингиз бош,
Намоз - жаннат калити, эъзоз, эҳтиёт айланг.
* ЭЪТИҚОД - ҚАТТИҚ ИШОНЧ, МАҲКАМ УШЛАНГАН МАСЛАК, ДУНЁҚАРАШ.
* ЭЪТИМОД - САМИМИЙ, ТЎҒРИ, ОДИЛ ДЕБ ҲИСОБЛАБ, ҚАТТИҚ ИШОНИШ.

ҲАЗРАТИ ИНСОН
"Ўта бунёдкормиз" - яратдик иллат,
Ёрдамга қўл чўзсак, қилгаймиз миннат.
Ёт бўлди муҳтожга кўрсатмоқ қиммат,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Раво кўрмай йўққа бир бурда нонни,
Гаровга қўйгаймиз бойлик-чун жонни.
Ҳайдаб чиқмоқдамиз дилдан иймонни,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Жўшармиз гоҳида қайнабон тошиб,
Гарчи омад келса ҳадлардан ошиб.
Босар-тусаримиз билмаймиз шошиб,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Ерни тарк этгаймиз, қўймаймиз қадам,
Самода учарму қанотсиз одам.
Кўзга тор келгайдир йиқилгач олам,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Каттаю-кичикка йўқ зарра ҳурмат,
Отармиз панадан таънаю-туҳмат.
Босиб бормоқдадир қалбимиз зулмат,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Ўзни буюк билиб ўйлагаймиз хом,
Алик олмагаймиз ким берса салом.
Ёзаверсам тутаб кетмоқда қалам,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Тўғри қолиб, қинғир йўлдадир назар,
Янги касб орттирдик - моҳир чоҳ қазар.
Ҳаттоки ҳаромдан қилмаймиз ҳазар,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Гўёки диндормиз борсак намозга,
Лафзимиз сотгаймиз парча қоғозга.
Савоби босгайму қўйсак тарозга,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Айтинг, асли шундай туғилдикми ё,
Мансабу-бойликдан бузилдикми ё.
Инсонлик удумидан узилдикми ё,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати инсон.

Собир, эл бошида шунча синоат,
Яхшиликдан эмас асло аломат.
Оллоҳдан сўрайлик сабру-қаноат,
Бизга не бўлмоқда, Ҳазрати ннсон.

ЕТГАН ЭМАС
Хаёлий оламинг кезгил, ким дунё деб ўтган эмас?
Лек боқийга бойлик олиб мансаби-ла кетган эмас.
Жўшкин дарё бўйлари нам, саҳролар топгайдир барҳам
Инсон тошса дарёсимон, соҳилга соғ етган эмас.

Ногаҳон кетмагил тойиб, кибру-ҳаволаб гердайиб,
Бахт қуши қўнса бошига, нодон ҳаргиз тутган эмас.

Бўлма фирибу-дилозор, иймонинг қўйибон бозор,
Ҳардам сергак фаришталар, асло янглиш битган эмас.

Маҳшар кутгайдир ҳушёр бўл, сиротга тушгай бир кун
Фақат савоб чўзгайдир қўл, ўзга нажот етган эмас.

САЙРАМ ҚИЗЛАРИ
Ақлу-ҳушдан жудо айлайди чоғи,
Сайрам қизларининг севгисин доғи.
Шаҳло кўзга посбон қошу-қабоғи,
Мисли қизил олма эрур яноғи.
Кўз ўйнатар бўю-басти, дудоғи,
Бўш қолгайдир қўйса йигит тузоғи,
Гапга чечан, йўқдир сўзга нўноғи,
Маъно тўла, сирли савол-сўроғи.
Сўзларининг зарра йўқдир алдоғи,
Иффатию-ори ҳардам ҳамроҳи,
Таърифининг битсин энди саноғин,
Қизимасин сулув қизлар яноғи.
Атрофидан учсин, гар бўлса зоғи,
Булбулга ошёндир ҳур қизлар боғи,
Мағрурлигин айтсам, битмас адоғи,
Момолардан мерос, одоб сабоғи.
Эл фахрисиз, жону-дили, ардоғи,
Сиз-ла қайнар Собир илҳом булоғи.

АЙЛАМА
Эй, дилрабо, дилим доғлаб, қайдингни бийрон айлама,
Бўйнимга ишқ домин боғлаб, сайдингни жайрон айлама.
Ноз-карашмангга ақлим лол, макру-сеҳринг бунча бисёр,
Борму иложи бўлмай зор, кўзларим гирён айлама.
Қўярга жоним топмай жой, чимирган қошларингдир ёй,
Мужгон тиғин отгали шай, тур дебон фармон айлама.
Тушган нигоҳим тошқин сой, бўйин кезибон ҳусни ой,
Оллоҳ инъом этган чирой ила бағрим қон айлама.
Шайдолигим ҳам фаромуш, ёримагай кўнгил хомуш,
Ҳижрон кутар очиб оғуш, кулфатим чандон айлама.
Кетолмадим, неча тондим, оғу ютгандай тўлғондим,
Саробларингга ҳўп қондим, обсиз арғувон айлама.
Баҳор келиб, тугарму қиш, ишқ куртаги урмоқда ниш,
Бирга этайлик парвариш, очилмай хазон айлама.
Кимса йўқ ўзима сўзлаб, кезадирман, нетай бўзлаб,
Кўксим жароҳатин тузлаб, рангим заъфарон айлама.
Қисмат экан, келмай омад, куйдирдинг чунон, ҳуш қомат,
Собир, сўзим бемаломат, жабринг армуғон айлама.

СИНФДОШЛАР УЧРАШДИ
Қўмсаб ёшлик чоғларин, мактабларин, боғларин,
Меҳрибон устозларин, синфдошлар учрашди.
Мактаб бағридан бизлар учдик мисли лочинлар,
Топишиб бу кун диллар, синфдошлар учрашди.
Ҳаёт - долғали йиллар, беғубор эрур диллар,
Бир-биридан йўқ сирлар, синфдошлар учрашди.
Ҳурлиқо Лайли қизлар, Мажнунлар, Отабеклар,
Зимдан бир-бирин излар, синфдошлар учрашди.
Йигитлар бу кун ота, қизлар меҳрибон она,
Баъзилар бобо-момо, синфдошлар учрашди.
Баъзиларидир олим, баъзилари муаллим,
Аёллар ҳур-мулойим, синфдошлар учрашди.
Чеҳралардан нур ёғар, эски одатлари бор,
Ҳазил, олиб қочишлар, синфдошлар учрашди.
Барча домлалар олим, талабчан эди доим,
Сизларга айлаб таъзим, синфдошлар учрашди.
Байрам ўтди шўх-шодон, бўлди бир қайғули он,
Ҳаётдан бевақт кетган дўстларини эслашди.
Қўмсаб ёшлик чоғларин, мактабларин, боғларин,
Меҳрибон устозларин, синфдошлар учрашди.

АЗИЗ ОНAMГА
Умрин фарзандларга бахшида этган,
Жарроҳ йиллар юзин ним тилиб ўтган,
Тим қора сочлари оқариб кетган,
Жонин фидо этган оҳу-ноламга,
Илтифот этдимми азиз Онамга.

Каттаю-кичикни бирдай сизлаган,
Ризқу-рўзимизни ҳалол излагай,
Бахту-иқболимиз мудом кўзлаган,
Мендан меҳрибонроқ менинг боламга,
Илтифот этдимми азиз Онамга.

Ғамларин яшириб хаёлга ботган,
Рўзғор "аравасин" бир ўзи тортган,
Ҳатто уйқусида уф тортиб ётган,
Нурафшон айлаган кирса хонамга,
Илтифот этдимми азиз Онамга.

Меҳри жўшиб бизга боқиб тўймаган,
Ором не эканин асло билмаган,
Ҳатто байрамларда янги киймаган,
Ёш тўккан сафарда битган номамга,
Илтифот этдимми азиз Онамга.

Ўғил-қизларим деб Собир, ҳорибман,
Не олсам фарзанду-ёрга олибман,
Ўтган умрим эслаб ўйга толибман,
Сал кечиксам сиғмай қолган оламга,
Илтифот этдимми азиз Онамга.

ОНАМГА ДЕБ...
Тиним билмай чопдим, бўлсин боламга деб,
Ризқин излаб топдим кўзи қорамга деб.
Онам кутар, "Келмай қўйди саломга" деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Шодон юрсин қалби тўлмай аламга деб,
Не сўраса олиб бердим боламга деб.
Ҳар дам жони фидо эди ноламга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Йиғиб-тердим келин бўлмиш санамга деб,
Совчи бўлиб борай қоши-қаламга деб.
Бир демадим ўйлаб кўрай танамга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Топганимни сочдим гулу-лоламга деб,
Тўйларининг донғи кетсин оламга деб.
Кам бўлмасин сарпо амма, холамга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Илинжи зўр болам юрар боламга деб,
Садо чиқмас буни берай онамга деб,
Собир бўзлар тузлар сепма ярамга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?!

МЕҲРИБОН ЎҚИТУВЧИМ
Болалик чоғларимда чучук экан сўзларим,
"Р" ҳарфини айтолмай ийманаркан кўзларим,
Сўнг ёғдириб саволлар онажоним бошига,
Шўхлик-ла ўтиб йиллар, етдим мактаб ёшига,
Отам етаклаб келгач, улуғ даргоҳ қошига,
Илк бор Сизни танидим, меҳрибон ўкитувчим.

Мактабга келган оним, ўзингиз меҳрибоним,
Жажжи қалбим Сиз ила, бўлдингиз дилу-жоним.
Хотирамда билимга ундовчи хитобингиз,
Кўксингизда муқаддас алифбо китобингиз.
Ҳам одилу, ҳам покдил, вазмин, доно ўзингиз,
Маъно тўла сўзингиз, меҳрибон ўқитувчим.

Оҳиста ўтди йиллар, улғайиб бордик бизлар,
Сўнгги қўнғироқ чалиб, парвозга шайладингиз.
Оқиб кўзда ёшингиз, бошимиз силадингиз,
Фотиҳага қўл очиб бахтимиз тиладингиз.
Жумбоқ тўла ҳаётга хўрсиниб йўлладингиз,
Жовдираб кўзларингиз, меҳрибон ўқитувчим.

Ким деҳқон, кимдир ишчи, ким муҳандис, қурувчи,
Қалбда уйғониб ҳавас, баъзимиз ўқитувчи.
Баъзилари фазогир, касб-коридир учувчи,
Таниқли шифокордир ҳамда моҳир тикувчи.
Таъзим айлагай Сизга барча собиқ ўқувчи,
Камтарин, меҳридарё, меҳрибон ўқитувчим.

Самодаги оймисиз, кулган иқболларингиз,
Ё заминда боғбонсиз, унган ниҳолларингиз.
Бизлардир мевасимиз яратган боғларингиз,
Билмам, бўла олдикми, суянган тоғларингиз.
Бўлмадикми, жон устоз, дилда ғуборларингиз,
Мангу қалбимиздасиз, меҳрибон ўқитувчим!

ҚИСМАТ
Марғилоннинг йўлларида адашдим, толдим,
Қалбларингиз нидосини билолмай қолдим.
Жисмингизга рашкнинг ўчмас оловим солдим,
Кумуш, муҳаббатга очган оғуш экансиз,
Зайнаб, кулиб туриб дилдан хомуш экансиз.

Тошкент билан Марғилоннинг ораси йироқ,
Бунда бўлсам, Кумуш кўнглин ёритмас чироқ.
У томонга кетсам чақар Зайнабни фироқ,
Кумуш, чексиз ҳижронлардан нохуш экансиз,
Зайнаб, кулиб туриб дилдан хомуш экансиз.

Сиз рақиблар орангизда жавлон урибман,
Юрак икки бўлинмасин қайдан билибман.
Мехрга зор дилингизни тиғсиз тилибман,
Кумуш, висолга талпинган оққуш экансиз,
Зайнаб, кулиб туриб дилдан хомуш экансиз.

Кундошликнинг қайғусидан эгик бошингиз,
Ошкор эмас зимдан оқар экан ёшингиз.
Болми, десам оғумиди ичган ошингиз,
Кумуш, такрор кирмас оқшом бир туш экансиз,
Зайнаб, кулиб туриб дилдан хомуш экансиз.

Ҳар бирингиз бахтингизни айладим барбод,
Бағру-дилимга ўт кетар қилганимда ёд.
Ғариб бошим қайга уриб, кимга дегум дод,
Кумуш, сўнгги бор кўрганда беҳуш экансиз,
Зайнаб, кулиб туриб дилдан хомуш экансиз.

ЎТГАН ЙИЛЛАРИМ
Озчилик эдингиз, кўзга илмадим,
Асраб-эъзозлашни асло билмадим.
Бир-бир ўтардингиз, парво қилмадим,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим.

Қайда навқиронлик? Қолдирди фироқ,
Сездирмай сочдингиз сочларимга оқ.
Нечун бермадингиз эртароқ сабоқ,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим.

Чигал жумбоқларга бой оламларим,
Кам эмас дарду-ғам, ҳам аламларим.
Чархламай қўясиз гоҳ қаламларим,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим.

Ўткинчи ёшликдан умидим узмай,
Қолибман хазонрез келганин сезмай.
Топдингиз йироқда қанчалар кезмай,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим
Бунча ошиқасиз илдамроқ юриб,
Гўё танимайсиз чеҳрамни кўриб.
Қиё боқмагайсиз аҳволим сўриб,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим.

Қолган кунми ё йил, барчаси нимжон,
Ташқарига сапчиб қўяр танда жон.
Ғанимат экан-да, берилган ҳар он,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим.

Эй, Собир, кексалик хабарин айтиб,
Келмас экан ҳаргиз баҳорим қайтиб.
Асли фаслларни бўлмас узайтиб,
Менинг ортда қолиб кетган йилларим.

ҚЎЙ, МУҲАББАТ, ЎЗ ҲОЛИМГА
Сиғмай қолдим бирор жойга, қўй муҳаббат ўз ҳолимга,
Қўлларим чўздирма ойга, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

Хаёлларим тўзар бошда, баьзан оғу бўлар ошда,
Ҳар дам икки кўзим ёшда, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

Йўлларда гоҳ, гоҳ гўшада, фикру-ёдимда ўша-да,
Тентиратма ҳар кўчада, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

Арзим ўтмас ижобатга, кўксим тўлди жароҳатга,
Илинжим йўқ садоқатга, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

Е учдими майда сўзга, танлагани бўлди ўзга,
Илмай кетди нетай, кўзга, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

Ботқизди йўқ гуноҳимга, етмади бир бор оҳимга,
Сўнгги сўзни дей моҳимга, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

Собир, тоқат йўқ бир онга, интизорлик тегди жонга,
Бағрим тўлиб кетди қонга, қўй, муҳаббат, ўз ҳолимга.

ДОВОНЛАРДИН ОШАРСАН
Кеча бедор, илҳомга зор, қаламларин билганча,
Тебратганлар уюшмага аъзо бўлди бирқанча,
Номи "Исфижоб" бўлгунча тортишув бўлди анча,
Орзу-истакларинг мўлдир, юксакларга шошарсан,
"Исфижоб"им, ҳали буюк довонлардан ошарсан.

Тетапоя пайтинг ўтиб, бу кун кирдинг еттига,
Нечалар лол пурмаъно ҳар ғазалларинг сеҳрига,
Яширмайсан муҳтожлигинг устозларнинг меҳрига,
Ижодга бахш этган умрин устозлардай жўшарсан,
"Исфижоб"им, ҳали буюк довонлардан ошарсан.

Бир зум тиним билмай ҳардам, олға қадам ташлайсан,
Кексаю-ёш ижодкорлар қаламларин чархлайсан,
Шеъриятнинг ўта мушкул сўқмоғига бошлайсан.
Навқиронлик кутар олдда, дарё бўлиб тошарсан,
"Исфижоб"им, ҳали буюк довонлардан ошарсан.

Саёзликдан йироқ бўлгил, битма асло хом-ҳатал,
Мўраласин илҳомларинг, моҳирлик ила сайқал,
Беравергил мисраларга, ясаб ўзингга ҳайкал.
Назм бўстонларин кезиб турфа ифор сочарсан,
"Исфижоб"им, ҳали буюк довонлардан ошарсан.

Аҳмад Яссавийни мудом пирим дебон ўтгайсан.
Юсуф бобом ҳокларини кўзларингга суртгайсан,
Туроб Йўлдош, Шоаҳмаднинг рухларин шод этгайсан.
Тан олгайсан вақти келиб ''Исфижоб"ни башар, сан,
"Исфижоб”им, ҳали буюк довонлардан ошарсан.

ЙИРОҚДАН ТАЪЗИМ
(Машҳур ҳофиз Ҳожиакбар Ҳамидовга шогирди Толиббой Ниёзҳожи номидан)
Дўстлар, баёнимдир бир қисқа калом,
Яссавий элидин келтирдим салом,
Бизда ҳам эъзозда ҳофизи олам.
Саломни еткизмоқ қиёмат қарзим,
Машҳур устозимга айлабон таъзим.

Санъат бўстонига бошлаб, авайлаб,
Ижро, ихлосимга зимдан қарайлаб,
Гоҳи зафар қучсам қалбидин яйраб,
Айтган ўгитларин бажармоқ фарзим,
Машҳур устозимга айлабон таъзим.

Ижод мушкулотин енгиб ўтолган,
Оғир юкин зиммасида кўтарган,
Нодон, нопоклардан нари кетолган,
Ҳайратда ўтарман тинглаб овозин,
Машҳур устозимга айлабон таъзим.

Таваллуд кун ила қутлар дўсту-ёp,
Соғлик тилаб, қўлдин тушмасин дер тор,
Эл-юрт олқишига бўлган сазовор,
Ажойиб санъаткор мадҳига назм,
Битиб Собир қилгай йироқдан таъзим.

ИЖОД БЎСТОНИ "ЧАШМА"
Табригим дилдан, "Чашма", 15 ёшга тўлибсан,
Навқиронлик ёшингни бу кун тўйлаб юрибсан.
Бунёдкорлик мушкулин ўзинг сезиб турибсан,
Назм бўстонларин кезиб қолмай ғам-аламларинг
Илҳом бериб Илоҳим, чархласин қаламларинг.

Вилоят мақомини олиб шўху-шодонсан,
Шоирлар эъзозида бунча ширинзабонсан.
Муҳаббатинг кўйида мўлтираб ҳар томон сан,
Васлии тилабон йўллаб санамга саломларинг,
Илҳом бериб Илоҳим, чархласин қаламларинг.

Ёр каби нозланиб гоҳ, сўзлар ҳам қилмас вафо,
Фироғида куйдириб солгайдир жонга жафо.
Саёз, ғўр сатрлардан йироқсан этмай хато.
Чашма мисоли тошгин, ҳам дадил қадамларинг,
Илҳом бериб Илоҳим, чархласин қаламларинг.
Уйқу хумори тутган тонгда ҳорғин кўзингга,
Шафқат қилмасдан асло сарғайган гул юзингга.
Излайсан кўкка боқиб, ҳарир либос сўзингга.
Асли қисматинг бўлмиш, чекдирмай фиғонларинг,
Илҳом бериб Илоҳим, чархласин қаламларинг.

Мухлисларинг олқиши тўйингта олий туҳфа,
Битавергил толиқмай ашъорларингни пухта.
Қўйишга йўқдир хоқиш, мадҳинг куйлабон нуқта,
Элга айла армуғон, назмиёт оламларинг,
Илҳом бериб Илоҳим, чархласин қаламларинг.

УМР ЎТМОҚДА
Турфа синовларга бой азал замон,
Зайли билан оқсаб гоҳи хиромон.
Тонг, чошгоҳ, сўнг шом-ла келибон армон,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қани йироқларга идрок етгани,
Ҳидоят сари йўл топмай ўтгани.
Савоб изламасдан олиб кетгани,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Тилу-дилда бўлса Яратган номи,
Тортқилаб кетмасди бидъатнинг доми.
Сира ўйлантирмай боқийнинг ғами,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қарилик гашт бўлса бутмас, ёртида,
Шифо излаб ҳорғин танлар қортиқда.
Равшан кўзлар қолиб парда ортида,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Собир, қалбдан қувнаб ҳар тўлган ёшга,
Кексалик келганда нотавон бошга,
Қоқилиб ҳаттоки тирноқдек тошга,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

СЕВАР ЭДИМ
Ишонмам дил дардин деса: «йиллар даволар»,
Қай манзилда ёр ифорин бўйлар ҳаволар.
Барча шоду-хуррам, фалак мени олалар,
Уйларимиз орасидан излайман изин,
Қўшни қизни севар эдим, қўшнимиз қизин.

Ширин орзу етагида олам ўзгача,
Шу оламни илинж ила кездим кузгача,
Асло етиб келмас бўлди омад бизгача,
Дийдаларим шабнам айлаб авжида ҳазин,
Қўшни қизни севар эдим, қўшнимиз қизин.

Тавдирга ҳам ўжар туйғу қурғур кўнмайди,
Қандай кўнсин жисмим аро оташ сўнмайди,
Меҳр қушмас, учиб гулдан гулга қўнмайди,
Ўтмиш васли он хаёли бунчалар узун,
Қўшни қизни севар эдим, қўшнимиз қизин.

Эҳ, кўнглима, ҳаловату ҳузурдан кечдик,
Эвазига ишқ боғидин саҳрога кўчдик,
Муҳаббатнинг жумбоқларин кечикиб ечдик,
Унутолмам бахтим каби қоп-қора кўзин,
Қўшни қизни севар эдим, қўшнимиз қизин.

Ўзи йироқ ҳур сийрати сирли суҳбатдош,
Ҳижроний ҳис жабридадир мунгли ғариб бош,
Ранжу-алам, ғам-ғуссага тутиниб қардош,
Собир, мудом пешонамнинг артибон тузин,
Қўшни қизни севар эдим, қўшнимиз қизин.

ЭНДИ УЛАР ҚАЙТМАЙДИ
Билиб-билмай, ё ғафлатда кўнгилларин топмадинг,
Лайлу-наҳорлар талпиниб, дийдорига чопмадинг.
Чашми гирён тўфонлари оққанида боқмадинг,
Улуғ неъмат дуоларни бозорларда сотмайди,
Ота-онанг меҳмон эди, энди улар қайтмайди.

Қавму-қардошлар қадами йироқлашиб узилгай,
Волидасин қўмсаб мудом, хаста кўнгли бузилгай.
Изларини тавоб айлаб кўз ёшлари тизилгай,
Не учундир кенжатойи кимларгадир ёқмайди,
Ота-онанг меҳмон эди, энди улар қайтмайди.

Орқа тоғларинг ўтди, бир-бир танобинг тортилар,
Турмушнинг залвор юклари аробангг ортилар.
Руҳларини чиркиратиб, тортолмасанг қамчилар,
Тикан кирса «жон болам»лаб кипригида тортмайди,
Ота-онанг меҳмон эди, энди улар қайтмайди.

Собир, само тўлмасайди ноқобиллар оҳига,
Фарзанд бурчин унутиб гар, тушса фалак чоҳига.
Билмам нелар олиб борар бир кун Ҳақ даргоҳига,
Падар каби қайғурибон, ҳеч ким ўгит айтмайди,
Ота-она меҳмон эрур, кетгандан сўнг қайтмайди.

МУДОМ ЁД ЭТАЙ
(Таниқли шоир Ирисали Жумановнинг порлоқ хотирасига бағишлайман)
Тиловат айлабон марҳум руҳларини шод этай.
Кунба-кун, соатма-соат қалбда мудом ёд этай.
Асар битмоқ кўп мушкулдир, яна халқпарвар бўлмоқ,
Тахаллуси хўб муносиб эканин бот-бот этай.
Адабий меросларидир кўзларимга тўтиё,
Ҳар байтию ҳар ғазалин эъзозин одат этай.
Асли орзуларим будир, устоз йўлидин юрмоқ,
Ҳоли қудрат шеъриятнинг бўстонин обод этай.
Таъма, хушомадгуйликдин ўзни олибон йироқ,
Журъатдек оқу-қорани уқдириб, ижод этай.
Мангуликка қолар экан аччиқ ҳижрон дардлари,
Балки таскин топар кўнглим, бир тўйиб фарёд этай.
Яратгандин сўраб қолгим жаннатдин жойлар ато,
Ҳақнинг ожиз бандасиман, ўзга кимга дод этай.

ШУКР АЙТИБ
(Шоаҳмад Шопўлатов хотирасига)
Ноҳакликка топилмади жисм аро жонда тоқат.
Тилардингиз элга бахту, осуда ҳаёт фақат.
Эзгуликнинг уруғларин ижод боғига қадаб,
Шукронага шукр айтиб, кетдингиз боқий тараф.
Саёзликка йўл қўймасдан, бизни ҳам ундардингиз,
Соҳир мисралар кўйида эди доим дардингиз.
Шеърларингиз уммонининг тубида сонсиз садаф.
Шукронага шукр айтиб, кетдингиз боқий тараф.
Оқ қоғознинг бағрин тилиб, битардингиз поралаб,
Ижобий ва салбий ҳаёт кўринишин оралаб,
Бизнинг нигоҳ илғамасни илғардингиз бир қараб.
Шукронага шукр айтиб, кетдингиз боқий тараф.
Гоҳ бўстонда, гоҳида-чи, ишқий сўқмоқда ҳалак,
Бўлган чоғи бўй кўрсатар эди осмонда малак.
Парвоз айлаб муҳаббатнинг қанотларида ё Раб,
Шукронага шукр айтиб, кетдингиз боқий тараф.
Оҳ ила аччиқ нидолар қўймагайдир таталаб,
Сўнгги йўлга кузатармиз бағримизни нимталаб,
Нимта дилга ўтлар кетди ҳижрондин ўтин қалаб,
Шукронага шукр айтиб, кетдингиз боқий тараф.

ЁДНОМА
(Набирам Собиржонов Шоҳруҳ Ғофуржон ўғли хотирасига)
Тутмаса ҳам осмонларни ноламиз,
Қаҳрабо ранг, диллари садпорамиз.
Ғарибона қабристонга борамиз,
Сўнгги бора сўзлаб қолдик, набирам,
Несин айтай, бўзлаб қолдик, набирам.

Беморликда яйраш нима, билмадинг,
Болаликнинг гаштларини сурмадинг.
Лоақал бир мучал ёшга тўлмадинг,
Кўнглимизни ғашлаб колдик, набирам,
Кўзларимиз ёшлаб қолдик, набирам.

Қувонтириб, жилмайибон кулиб сан,
Тушимизда кулиб шодон юрибсан.
Соғиндим деб, лек йироқлаб турибсан,
Туш кўришни хушлаб қолдик, набирам,
Сувратингни ушлаб қолдик, набирам.

Ёшларимиз мужгон аро тизилди,
Эҳ, йўқлигинг шу ондаёк сезилди.
Исминг бевақт мармар тошга чизилди,
Ҳақдан жаннат тилаб қолдик, набирам,
Мармар тошни силаб қолдик, набирам.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (03.12.2012)
Кўрилди: 1484 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0