Пайшанба, 19.09.2024, 22:32
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Собир Шомурод: ... Сўқмоқларинг оташ муҳаббат, товонларим тешиб кетмоқда...
Отажоним биздан йироқ
(Отам Шомурод Шониёз ўғли хотирасига бағишлайман)
Суянардик мисоли тоғ,
Дардимизга йўқдир адоғ,
Ҳижрон солди кўнгилга доғ,
Қалблар тилим мисли тароқ,
Отажоним биздан йироқ.

Нурафшон юз-кўзингизга,
Интиқ ўтдик сўзингизга,
Сира тўймай ўзингизга,
Қолдик, қисмат экан фироқ,
Отажоним биздан йироқ.

Тенгқурларга қилдик ҳавас,
Оталари кўтарса даст,
Биз улардан бирмунча паст,
Юрар эдик қайғуриброқ,
Отажоним биздан йироқ.

Ҳаёт экан дарёсимон,
Ўтган қайтмас ортга томон,
Қўмсаб қўймас бу дил ҳамон,
Ҳар дам ўтган Собир муштоқ,
Отажоним биздан йироқ.

Интизор бўлди

Ёққан оловларин кетди титкилаб,
Хаёлимизда зулмат сочларин силаб,
Доғда қолган бағрим ҳижрон нимталаб,
Ҳар бўлаги ёрга интизор бўлди.

Очилмади ишқий куртак ғунчалаб,
Қўлимдан учирган қушимга қараб,
Қолдим юлдузига оқшом мўралаб,
Маъюс нигоҳларда нам бисёр бўлди.

Қай уйни ёритар жамолин нури,
Малак энди ўзга бўстоннинг гули,
Муҳаббатнинг ўзим энг содиқ қули,
Қулин ташлаб кимга вафодор бўлди.

Висол онларини тушда изларман,
Кўксим тилиб қўйиб, ўзим тузларман,
Бир саволга жавоб топмай бўзларман,
Меҳрибоним нечун жафокор бўлди.

Билармикин, аҳдда турмас нигорим,
Қалбимдадир ҳануз кўзи хуморим,
Баландроқ эканда осилган дорим,
Кимга шому кимга кун наҳор бўлди.

Э, Муҳаббат
Ширин-ширин хаёл сурдирган,
Орзуларим жавлон урдирган,
“ Зуҳро” билан суҳбат қурдирган,
Э, муҳаббат, сарбон муҳаббат.

Билсам, бисёр экан сирларинг,
Ёруғ, гоҳи хира нурларинг,
Нечун вафо билмас ҳурларинг,
Э, муҳаббат, сарбон муҳаббат.

Сўқмоқларда қолди изларим,
Ёр қалбига етмас сўзларим,
Очилди-ку энди кўзларим,
Этдинг мунча сарсон, муҳаббат.

Бахтга қўлим чўздим, етмади,
Сен ёққан ўт ҳамон ўчмади,
Ранжу-алам бағрим ўртади,
Кўзда ёшим маржон, муҳаббат.

Бўлгандинг-ку ёлғиз сирдошим,
Лек тугатдинг метин бардошим,
Қайғуларга қўйдинг бу бошим,
Умрим айлаб хазон, муҳаббат.

Солдинг неча турли кўйларга,
Армон билан ботдим ўйларга,
Айтгил, юрай қайси йўлларга,
Сендан бўлсин фармон, муҳаббат.

Зулмат босди ёруғ кунларим,
Ҳижрон қийнар узун тунларим,
Сайратмадинг бийрон тилларим,
Ўзинг ёлғиз ҳоқон, муҳаббат.

Собир, аро йўлда қолдим-ку,
Қалбим, ичдан тутаб ёндинг-ку,
Э, муҳаббат, мендан тондинг-ку,
Бўлдим сенга қурбон, муҳаббат.

Армонли дунё
Болалигим қўмсаб, турли хаёлга толдим,
Бир зумгина меҳмонлигин билмасдан қолдим.
Ёш қалбимда туюларди йўқдай поёни,
Улғайгандан сўнг билинди умр аёни.

Ёшлик ўтди қувноқ, қайғу бағримни тилмай,
Жумбоқ ҳаёт сўқмоқларин, сирларин билмай.
Ўта қисқа муддатдир бу, парвоз этган қуш,
Англаб ололмадим ўнгим ё кўринган туш.

Йигитлик ҳам келди дучор турли суронга,
Гоҳ чароғон офтоб каби, гоҳи бўронга.
Этмай вафо дилдор кетди ўзга томонга,
Қолди ўхшаб рангу-рўйим сўлиб, сомонга.

Хасталиклар кексаликдан бермоқда дарак,
Тан олишни истамасдан бўламан ҳалак.
Собир, билсам, ёшлик гўё вафосиз малак,
Бир зум пайдо бўлиб сўнган кўкда камалак.

Недир ширин
Бол эмас, дўстлар, ҳикматли сўзларинг сеҳри ширин,
Нуроний ота дуоси, оналар меҳри ширин.
Дўст-ёрлар даврасида дийдор ширин, суҳбат ширин,
Барчаси эрур ўлчоғлик, ҳар ону-фурсат ширин.
Қайноқ ишқнинг кўйида сурган сирли хаёл ширин,
Фироқда куйган ошиққа ёр ширин, висол ширин.
Ўзлигин билган донога эл-юрту виждон ширин,
Покиза инсон қалбини қамраган иймон ширин.
Деҳқонларга тер тўкиб, кузда уйган хирмон ширин,
Бўлса ҳамки зоғора, меҳнат-ла топган нон ширин.
Кўрмасин халқим мусибат, шу тинчлик замон ширин,
Сурнай новоси шириндир, тўй ширин, даврон ширин.
Собир, қобил фарзандлару набиралар энг ширин,
Унга асло топилмаган жоҳонда ҳеч тенг ширин.

Куйдиргай
Кўз тегмасин бўйига, туморлари куйдиргай,
Тим қора зулфу-анбар, хуморлари куйдиргай.

Иффат-ла моҳирона айлаган имтиҳони,
Аҳду-вафодан деган шиорлари куйдиргай.

Гоҳида олис кетсам, кўз ёшидан сиёҳи,
Оҳу-ноладан битган ашъорлари куйдиргай.

Учай десам йўқ қанот, талпинарман васлига,
Дилга ташлаган чўғу, оловлари куйдиргай.

Эркаланиб, нозланиб, “ Ёмонсиз” деб боқиши,
Табассум-ла чимирган ҳилоллари куйдиргай.

Ҳеч кимга қиёс этмам, ой ҳам эмасдир тенги,
Кўксида олий неъмат анорлари куйдиргай.

Собир, ёрнинг жамоли айирди оромимдан,
Кўрсам ҳусни фироқда, ҳаёллари куйдиргай.

Етган эмас
Хаёлий оламинг кезгил, ким дунё деб ўтган эмас,
Лек боқийга бойлик олиб, мансаби-ла кетган эмас.

Жўшқин дарё бўйлари нам, саҳролар топгайдир барҳам,
Инсон тошса дарёсимон, соҳилга соғ етган эмас.

Ногаҳон кетмагил тойиб, кибру-ҳаволаб, гердайиб,
Бахт қуши қўнса бошига, нодон ҳаргиз тутган эмас.

Бўлма фирибу дилозор, иймонинг қўйибон бозор,
Ҳар дам сергак фаришталар, асло янглиш битган эмас.

Машҳар кутгайдир, ҳушёр бўл, сиротга тушгай бир кун йўл,
Фақат савоб чўзгайдир қўл, ўзга нажот етган эмас.

Армонсан
Мужгон тиғин орттириб, э соҳиби камон сан,
Ишқ шаробин тоттириб, қаддим этган камонсан.

Боқсанг нетар бирор он, кўнглим учун нотавон,
Айлай дардимни аён, берсанг олий фармон, сан.

Зилол сувли булоқлар, сайригоҳ эрам боғлар,
Саробмиди у чоғлар? Найлай мангу ҳижронсан.

Ўтса ҳамки баҳорлар, ҳар дам шому-саҳарлар;
“Қайда”, деб дил сўроқлар, чинмас, аҳди ёлғонсан.

Излаб васлингга имкон, ором ололмам бир он,
Фикрим чувалган карвон етаклаган сарбонсан.

Жон ила танимдасан, ширин хаёлимдасан,
Чашми гирёнимдасан, вафо билмас жононсан.

Мўлтирагай нигоҳим, Собир, недир гуноҳим,
Тутгайдир бир кун оҳим, то қиёмат армонсан.

Ғалаба
Баён айлай билганимча Улуғ Ватан урушин,
Босқинчилар сулҳни бузиб, хоинона юришин,
Ҳимояда ватандошлар кўкси қалқон туришин,
Матонатли халқ қаҳрида куртак урган Ғалаба.
Не қисмат-у кўргилик эл зиммасига тушмади,
Ёвуз ёвнинг даҳшатидан асло ҳуши учмади,
Сарбозларнинг елкасидан йиллаб қурол тушмади,
Довюрак, зўр қаҳрамонлар ила юрган Ғалаба.
Ўрмон, дарё, ертўлада, аёзларда қотишган,
Ҳушёр тортиб жангоҳларда буйруқ кутиб ётишган,
Она ердан фашизмни йироқларга отишган,
Жангчиларнинг тушларига бот-бот кирган Ғалаба.
Ушалмаган орзулару, синиб кетган тақдирлар,
Лагерларда кўрган хўрлик, ноинсоний таҳқирлар.
Яримроқ дил, ярим соғлик, лек майдонда моҳирлар,
Кимки тута олса қурол, чорлар турган Ғалаба.
Неки бўлса бари бирдай Ғалабага аталган,
Кимлар шаҳид, ким урушнинг поёнига етолган,
Байроғимиз Рейхстагнинг куббасига қадалган,
Ҳазин қалбларга ёғдусин сочиб келган Ғалаба,
Ҳурриятнинг йўлларини очиб келган Ғалаба,
Собир, ушбу улуғ айём, қутлуғ бўлсин Ғалаба.

Озорлари куйдиргай
Дил розин десам ёра, бор-борлари куйдиргай,
Мисли тўтидай такрор инкорлари куйдиргай.

Наҳот сезмас зорини, дилимда не борини,
Наззора этмас асло, виқорлари куйдиргай.

Ўзгага кўнгли зорми ё ўзга сири борми,
Ошкора этмас зинҳор, асрорлари куйдиргай.

Чин ошиғи зориман, мангу вафодориман,
Лек васлидан йироқман, озорлари куйдиргай.

Юз нозу таманноси, ман Собир овораси,
Ўзни солгаймикан ё бозорлари куйдиргай.

Яна
Айланмас лутфу-карам, жабру-жафо бошга яна,
Мўлтирар мунгли нигоҳ, шул қайрилма қошга яна.

Оромим олмиш моҳим, уйқусиз тунлар гувоҳим,
Вужудим ўртар оҳим, оғу тушди ошга яна.

Кенг жаҳон мисли қафас, дарду-дилимни англамас,
Бўлмадим дарддин халос, кўзим тўлди ёшга яна.

Орзуларим бесамар, ул малакда вафо нетар,
Тиласам зое кетар, инсоф бағри тошга яна.

Эй Собир, бўлгил огоҳ, ишқ оламин дарди фироқ,
Гоҳ зулмат, излаб чироқ, урма бошни тошга яна.

Ғаминг қолди
Э, муҳаббат, жисму-жоним тортқилаган доминг қолди,
Баҳру-дилимни эзғилаб, алам билан ғаминг қолди.

Ҳам вужудим нимталашга, қачонлардир паривашга,
Тушган нигоҳларим гирён, йироқлаган коминг қолди.

Орзуларим энди армон, ҳижрон чақиб қўймас ҳамон,
Мангу муқаддас билганим, интиқ бўлган номинг қолди.

Сирли ҳислар-ла дилни хуш, хаёл оғушида сарҳуш,
Айлаб, ишқ шаробин тутган, қайда биллур жоминг қолди.

Қайғу қамалида юрак, саҳродаги гулдек ҳалак,
Толе сихида жизғанак, зулмат босган шоминг қолди.

Ман мубтало, қайга борай
Ул ёр нозланиб келмади, ман мубтало, қайга борай,
Баҳор еллари елмади, ман мубтало, қайга борай.

Ширин ёлғонга инониб, ҳузур-ҳаловатдан тониб,
Бўзлаб қолдим найлай ёниб, ман мубтало, қайга борай.

Бирор дам бахтим кулмади, саломларимни билмади,
Унга жавоб ҳам қилмади, ман мубтало, қайга борай.

Умид дунёси бир қарар, дебон термулгим дарбадар,
Ҳижрон дарди судраб борар, ман мубтало, қайга борай.

Бежиз босмас экан ваҳм, асло тушмас кўкдин моҳим,
Мудом ёшланиб нигоҳим, ман мубтало, қайга борай.

Туйғуларим тўлиб-тошиб, бағримга ўтлар улашиб,
Ранжу-аламларим ошиб, ман мубтало, қайга борай.

Собир, энди демасман дод, кимга керак оҳу-фарёд,
Лек хаёлда шул паризод, ман мубтало, қайга борай.

Сездирмагай муҳаббат
То қайнаб тошмагунча сездирмагай муҳаббат,
Беҳуда осмонда кездирмагай муҳаббат.

Гарчи бўлмаса ёниш, айласа ҳамки нолиш,
Сохта ошиққа гулин уздирмагай муҳаббат.

Олар бўлса қоши ёй маъшуғин қалбидан жой,
Ҳар кимсага бир кўзин суздирмагай муҳаббат.

Сурар бўлса кўз ёшда, ичу-тоши оташда,
Халал бериб хаёлин тўздирмагай муҳаббат.

Сўздин ясалган нишдан, туҳмат ила миш-мишдан,
Эъзозлаб сақлар ҳаргиз, эздирмагай муҳаббат.

Сирли оғриқ сезса дил ё дилга сиғмаса қил,
Бу турфа хил азобдан бездирмагай муҳаббат.

Ҳижрондин, Собир, бир он, тўйиб кетса ширин жон,
Ёдга солиб аҳдини буздирмагай муҳаббат.

Бахт қани
Э, дилрабо, бизни сарҳуш айланиб шоширган бахт қани?
Эркалаб, очибон оғуш, қайнаб тоширган бахт қани?

Висол онлари ўтди хуш, гўёки кўрган сирли туш,
Учиб кетгач қайрилдим қуш, қайта тутгали шаҳд қани?

Қўймасдинг сайр этгали ҳам замин бўстонида бир дам,
Ютдим осмонларингда ғам, иқболу, тожу, тахт қани?

Баҳор, ёз ўтиб, келди куз, заъфарона бўлди-ку юз,
Ўксик кўнгил дер умид уз, кутгали энди вақт қани?

Собир, ўчмас ишқий олов, тушса ҳамки бошга қиров,
Муҳаббатга шунчаки дов қилганмидинг ёр, аҳд қани?

Кўнглима, кўнглим
Мўъжизаму ё сеҳр, бисотинг тўла меҳр,
Бор бойлигим жавоҳир - кўнглим, кўнглима, кўнглим.

Қорани демадинг оқ, яхшидан олиб сабоқ,
Жисмида порлоқ чироқ - кўнглим, кўнглима, кўнглим.

Учирмадинг ҳавога, йўл кўрсатиб давога,
Мойил ишқий навога, кўнглим, кўнглима, кўнглим.

Гоҳ сўрмадим ҳолингни, тингламадим зорингни,
Кечиргил беорингни, кўнглим, кўнглима, кўнглим.

Бердим сенга ихтиёр, бошла, омад бўлсин ёр,
Илиқликка интизор, кўнглим, кўнглима, кўнглим.

Келиб кетсин
Васлин хумори тутар, жонона келиб кетсин,
Ҳуснин таърифи тафсил жаҳона келиб кетсин.

Гулгун чеҳралар сариқ, меҳрин тутмасин дариғ,
Дийдалари ғамбода томон келиб кетсин.

Дардим бедавому ё изларман меҳри гиё,
Этмай ишқий оламим пайҳона келиб кетсин.

Айтингиз суманбара, моҳитоб сиймин ёра,
Билмасмикан тўлганин паймона, келиб кетсин.

Ботса ҳам ҳижрон ниши, йўқдир малакнинг иши,
Етар энди озори, бир бора келиб кетсин.

Эй фалакнинг гардиши, севгайму оқил киши,
Телба ошиғига ул дурдона келиб кетсин.

Ўхшайдур сенга
Не-не ҳалаклар гирён ўхшайдир сенга,
Ушалмасдан тилаклар гирён ўхшайдир сенга.

Рухсор нурафшон, чўлпон кўзларинг офатижон,
Тўлин ой ва юлдузлар чунон ўхшайдир сенга.

Бир аломат ҳурдирсан, қалбга тушган нурдирсан,
Афсонавий парилар жонон, ўхшайдир сенга.

Соҳибаи назокат, ҳижронми ишқ ё фақат,
Боқишларинг қиёмат, жайрон ўхшайдир сенга.

Ким тутар, кимдур ёнар, ким ҳажрингда тўлғонар,
Билсам, ишқингда жумла жаҳон ўхшайдир сенга.

ТЎЗИБ КЕТДИ ХАЁЛИМ
Хаёл кетди мастона, қайтариб олиб бўлмас,
Қайтарган чоғимда ҳам измимга солиб бўлмас.

Итоат этмай қўйди фармони олийимга,
Нелар олиб келаркин билмадим, толеимга.

Тўзиб кетиб боради сирли ишқий оламга,
Само тўлиб кетмасми бир куни оҳ-ноламга.

Ақлу-ҳуш етагида кетар жисмим жонсарак,
Барчасин сеҳр ила чорлар қоши камалак.

Юрак талпинган сари хаёлим югуради,
Энди улар Собирга ҳукмини буюради.

МАЪЮС ҚАЙТАМАН
Ул санамнинг пойлаб йўлларин, қувнаб бориб маъюс қайтаман,
Лоақал силкиб қўймас қўлларин, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Офатижон ўзга бориб зеб, ўйлармикин ким экан бу деб,
Орзу, армон бир-бирини еб, қувнаб бориб маъюс қайтаман.
Ҳеч кимсага айтолмай сирим, журъат қайда изҳорг а дилим,
Курмалибон сайроқи тилим, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Гоҳ ошиқлар сўқмоғи тайғоқ, яна неча жойида айғоқ,
Барчасидин ёмони фироқ, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Гул рухсори олиб эс-ҳушим, парвоздадир ул ҳумо қушим,
Илинж ила очиб оғушим, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Назарига тушмоқ-чун тезлаб, келсам бепарводай лаъли лаб,
Изларидин бахтимни излаб, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Оқшомлари кўксимни доғлаб, тушларимда ёрни сўроғлаб,
Келажакка умидим боғлаб, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Ёқиб борар яширин қараш, макру-сеҳр, жоду аралаш,
Ишқ заҳмидин бағрим қонталаш, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

Эх, муҳаббат, жафоларга бой, яширинмоқ учун топмай жой,
Ғарибликда кезибон токай, қувнаб бориб маъюс қайтаман.

ТОМЧИЛАР
Кўнгилда ғам, дийдалар нам, оқиб борар томчилар,
Заъфарона юзу кўксим ёқиб борар томчилар.

Мисли ҳижрондан эшилган, рашкдан экан дастаси,
Гўё сийнамга тушгандай заҳри томган қамчилар.

Шунчалар аччиқ бўлурму қаҳру-ғазаби қаттиқ,
Муҳаббатни лаззатли деб айтишганму фолчилар.

Гоҳи бахтдан тахтим қуриб, зумда бузиб кетарлар,
Олиб қочган хаёлларим бунчалар алдамчилар.

Сирли олам аро Собир, бир кун тугаб қиш фасли,
Висол элчиси баҳорнинг ёмғирлари томчилар.

ҲОЛИМНИ СЎРМАНГ
Хаёлпм тўзғатиб холимни сўрманг,
Нозик ришталари узилиб битган.
Навоси мунгли дил торимни сўрманг,
Зулфи сийнасида толимни сўрманг.

Эзғиламанг такрор тутиб сўроққа,
Қалбим макон бўлди армонларимга.
Тилимлари ўхшаб кетар тароққа,
Эртароқ ташрифи, долимни сўрманг.

Аро йўлда қолди орзу карвони,
Билмабман, фариштам осмонда экан.
Излай-излай бордир дебон нарвони,
Осилганим баланд доримни сўрманг.

Интилганим сайин бахтим йироққа,
Равонадир, қолдим ман ғарибона.
Толе раво кўрди жабру-фироққа,
Кўрганим саробу, боримни сўрманг.

Собир, висол истаб озорга етдим,
Гувоҳдир ҳижронда ўтган онларим.
Аччиқ қисматларга чун тўйиб кетдим,
Қачонлардир тотган болимни сўрманг.

КЎЗ ЁШЛАРИМ
Мудом тўлиб-тошибон, дилим ғашлаб оқасиз,
Орзу-умидларимни қайга бошлаб оқасиз.

Эмассиз-ку тўтиё, қора бўлсин деб гўё,
Маъюс кўзларимни ё балки ҳушлаб оқасиз.

Бунча қайноқсиз билмам, шундан озордадирман,
Бир ғариб хаста дилман, ёзу-қишлаб оқасиз.

Ёшларим, сиз ёшларим, менинг қайғудошларим,
Синабон бардошларим, ўтга ташлаб оқасиз.

Собир, оламим торми, уммоннингтуби борми,
Кўзларим ёшга зорми, қайта бошлаб оқасиз.

СЕВСАНГИЗ
Севиб, ҳам севилсангиз, дилда меҳр сўнмасин,
Ўзга дил гулшанига дил қушингиз қўнмасин.

Гул юзли гўзалларга пинҳон назар ташлабон,
Садоқатни унутиб, кўнглингиз бузилмасин.

Ўзга ёр васлин излаб режалар тузилмасин,
Тик боқолмай кўзига кўзингиз сузилмасин.

Эгрига бурманг йўлни, тўғри йўлдан тонмасин,
Ишқнинг гулхани сўниб, ҳасрат ўти ёнмасин.

Қийнаб ошиқ қалбини виждон ҳам эзилмасин,
Сўнгги пушаймонлардан дилда ғам тизилмасин.

Аҳдга вафо айлангиз, ошиқ қалби синмасин,
Шабнам эмас, гул юзин кўз ёшига ювмасин.

Аччиқ тўкилган ёшдан нигоҳлари сўнмасин,
Чароғон қуёш қалби зулматларга тўлмасин.

Ёрга аталган гуллар тупроққа сочилмасин,
Қадри хазонрезгидай тепкилаб босилмасин.

Бўйнингизга маломат "маржондай" тизилмасин,
Ишқ-муҳаббат риштаси бир умр узилмасин.

НАЙЛАЙИН
Э, муҳаббат, бахт тиласам ўтга отасан, найлайин,
Сиру-синоатлар билан жонга ботасан, найлайин.

Махфий фармонинг сездириб, ишқий оламинг кездириб,
Гоҳи армонга эздириб, кўзим очасан, найлайин.

Макру-сеҳрингдан қай замон, борми қолган соғу, омон,
Мушкул мусибатга томон чорлаб чопасан, найлайин.

Жоним қуяр дил оҳига, талпинтириб ул моҳига,
Бевафо фалак чоғига, ташлаб қочасан, найлайин.

Жафоларингдан ютиб қон, излабон осуда бир он,
Кетар бўлсам кўзим гирён, зумда топасан, найлайин.

Саболарда шўх овозинг, қалбим чертар сирли созинг,
Кўрмай раво баҳор, ёзинг, тиғсиз чопасан, найлайин.

Боқмассан маъюс кўзларга, тамоман дардим сўзларга,
Келмас мажолим бўзларга, жабру-жафосан, найлайин.

БЕДОР АЙЛАДИ
Сирли ишқ бағрига тортиб, тобора бедор айлади,
Дарду-аламларим ортиб кетмоғига кор айлади.

Сеҳрли ишқий оламим, маккор чиқди-ку сарбоним,
Меҳр қўйган гуландомим ҳуснига хумор айлади.

Ҳижронлардан сийналар нам, эмиш ҳали бу менга кам,
Ул маликаи муҳтарам, васлин баланд дор айлади.

Само дегай қўш қуёшим, парвоз этгач қалам қошим,
Муҳаббатга тиккан бошим орзусин душвор айлади.

Дош беролмай қалби ўртга, афсонадир Собир юртга,
Парвоси йўқ кўзи тўртга, ёр аҳдин бекор айлади.

ХАЁЛ ЭЛТАР
Хаёл элтар ўтмишимга, оғули фироғимга,
Қайда вафо дебон берган қайғули сўроғимга.

Ақлу-ҳушимни ром айлаб, раво кўрмай меҳрини,
Ўзга томон оғиб кетган сарвиқомат моҳимга.

Очар қалбим жароҳатин, ишқ чўғининг доғларин,
Ёдга солиб гулзорларни, куйган ўтли оҳимга.

Ушалмади орзу-ўйим, қаҳрабо рангу-рўйим,
Жабр бўлди ширин жону, термулган нигоҳимга.

Йироқ кетди омаду ҳам, мендан сиймин тан санам,
Собир чеккан жабру-алам билмам, қай гуноҳимга.

БИРИНЧИ ЎҚИТУВЧИМ
(Биринчи ўқитувчим Али Оқбоев хотирасига)
Илк бор мактабга жавлон уриб келганда шодон,
Кутиб олган жонажон биринчи ўқитувчим.

Алифбе сабоғимиз, энг "қайнаган" чоғимиз,
Тингларди чатоғимиз биринчи ўқитувчим.

Болалик, ўйинқароқ, билмай қолсак дарсни гоҳ,
Вазмин қиларди сўроқ биринчи ўқитувчим.

Қандай майин сўзларди, бахтимизни кўзларди,
Барчамизни сизларди биринчи ўқитувчим.

Мушкулдир бермоқ илм, бағри бўлса ҳам тилим,
Бизга қилмасди зулм биринчи ўқитувчим.

Сиздай устоз камчилроқ, биллур қалб, тилаги оқ,
Орамиз мангу фироқ, биринчи ўқитувчим.

НАСИМ ЭМАС
Гар оҳ урсам тонгда насим эсмас майин ел бўлиб,
Жону-жаҳонни ўртагай ўтли гармсел бўлиб.

Йироқларга равонадир санам бахтин кўйида,
Оқар эриб хун жигарим у томонга сел бўлиб.

Дош беролмай ҳижронга жон, чиқмоқ бўлар танамдин
Чиқолмасдин қолиб кетди жафоларга эл бўлиб.

Босган изларимда зинҳор, унмагай бирор ниҳол,
Барча ютган зардобларим тўкилгандир тер бўлиб.

Таъна тошин отмагайман, йўқ дилдорга ғуборим,
Қайда бўлса бўлсин омон, бахт тиларман эр бўлиб.

Бу муҳаббат саҳросида ташналикдан сўлгайман,
Кетгаймикин орзуларим бир кун қаро ер бўлиб.

Битмагайдир қалбда дарзим, Собир, демасмаи арзим,
Нетай дарздин сизганлари томмоқдадир шеър бўлиб.

АЙЛАДИНГ
Сўлдириб ғунчани, ишқ йўлида қурбон айладинг,
Шабнаммас, чеҳрам узра ёшларим маржон айладинг.

Менга Саҳрои кабир, гул ўрнига янтоқ ажир,
Рақиб келар йўлларин сайри хиёбон айладинг.

Кўргазиб кўкда тахтим, сўнг поёндоз этиб бахтим,
Ўзгаларнинг пойига тўшаб намоён айладинг.

Қалбда чўғ гоҳи тутун, ранжу-аламдин бағрим хун,
Э париваш, қаддим дол, ҳам қадрим арзон айладинг.

Чорлабон жило ила мушкул муҳаббат бағрига,
Нечун рангим қаҳрабо, этдингу хазон айладинг.

КЎРГИМ КЕЛАР
Бўйларингдин ўргилай, ҳар кун сени кўргим келар,
Бахту-иқболим кулиб, ёнингда ёр юргим келар.

Сархуш этса мушк анбар ҳамда ҳуснинг айлаб асир,
Жилмайин шому саҳар, васлингга бир тўйгим келар.

Тўзғитар бўлса насим, зулфинг силаб бармоқларим,
Мўътабар билиб кўзу, юзларимга сургим келар.

Гар кетар бўлсам йироқ, қалбимни ўртаса фироқ,
Кўзларим қамашгунча, расмингга термулгим келар.

Ҳижрон дардидин тамом, қутқар Собирни э санам,
Шу ҳаёт бўстонида сен-ла даврон сургим келар.

ҚАЙГА БОРАЙ
То жилва қилди ул пари, ман мубтало қайда борай,
Эмди дегайлар бор нари, ман мубтало, қайда борай.
Муқимий


Орзу билан боғланди дил, мен мубтало, қайга борай,
Ҳижронларда доғланди дил, мен мубтало, қайга борай.

Нозу карашмаси кўзар, зулфи сийнасида тўзар,
Берган ваъдаларин бузар, мен мубтало қайга борай.

Тим қора ҳоли юзида, макру-сеҳр ҳар сўзида,
Жоду бор шаҳло кўзида, мен мубтало, қайга борай.

Нечун дилдор ёлғиз кезар, ошиғиданми ё безар,
Жудоликни кўнглим сезар, мен мубтало, қайга борай.

Қиё боқмас бўлди ул ёр, умид узолмам бўлиб зор,
Келиб қолди дунё ҳам тор, мен мубтало, қайга борай.

Меҳрига бўлмай сазовор, ўтгим, битмас қисматим бор,
Кезиб ишқ дардида бедор, мен мубтало, қайга борай.

Мунча сирли ишқий олам, аралашган шодлигу-ғам,
Хаёл экан бунда ором, мен мубтало, қайга борай.

Тамоман битди тоқатим, йўқдир зарра ҳаловатим,
Излаб энди фароғатим, мен мубтало, қайга борай.

Жамолидин ёғилиб нур, саллониб келиб насли ҳур,
“Эй Собир, дегай, нари юр,” мен мубтало, қайга борай.

БАХТ НЕДИР
Бойликдадир бахт деса хато билганимиз бахт,
Бахт кўйида янтоққа ёто билганимиз бахт.

Ширин ёлғондан кечиб, бўлса ҳам гарчи аччиқ,
Ҳақиқатнинг талхини тота билганимиз бахт.

Интилиб гоҳ куюниб, чекибон чексиз азоб,
Буюк-буюк мақсадга ета билганимиз бахт.

Агар келмаса омад, битмасин сабру-тоқат,
Насиб этса келгайдир, кута билганимиз бахт.

Ҳар жафога гирифтор этгувчи жаҳлимизни,
Ҳақ-ноҳақ келса ичга юта билганимиз бахт.

Яратмиш Эгам ўзи барчани жуфт-жуфт этиб,
Шул сафоли жуфт билан ўта билганимиз бахт.

Оллоҳ берган ноз-неъмат, дастурхондаги ризқни,
Келтириб шукроналар, юта билганимиз бахт.

Бахт ўзи недир дебон бўлмайлик асло лоқайд,
Келганида сездирмай тута билганимиз бахт.

Тангридан узоқ умр сўраб яшаймиз, Собир,
Қарилигу асога ета билганимиз бахт.

МУҲАББАТ
Сездирмасдин домига тортиб кетган муҳаббат,
Жабрлари жонларга ботиб кетган муҳаббат.

Қалблар гўёки денгиз, тўлқинлари тошган кез,
Аччиқ қисматнинг талхин тотиб кетган муқаббат.

Гоҳ меҳрибон, гоҳида садоқатни унутиб,
Чирқиратиб кимнидир сотиб кетган муҳаббат.

Термултириб ҳар ёна, юзларни заъфарона
Айлагайдир, бағри тош қотиб кетган муҳаббат.

Кимга бахт, кимга озор, совға Собирга ҳам бор,
Ол деб менга қаламин отиб кетган муҳаббат.

ГАР УРУШ БЎЛМАГАНДА
(Буюк Ғалабанинг 65 йиллигига бағишланади)
Йўл пойламасди гирён, гар уруш бўлмаганда,
Бағри бўлмасди бийрон, гар уруш бўлмаганда.

Ҳаловати бузилиб, армонлари тизилиб,
Юрмасди эл эзилиб, гар уруш бўлмаганда.

Шаҳру-қишлоқ вайрона, ҳисобсиз етимхона,
Кутмасди интиқ она, гар уруш бўлмаганда.

Жигарлари жонсарак, фарзанд дардида ҳалак,
Сочин юлмасди малак, гар уруш бўлмаганда.

Қора хатларнинг доғи, ҳануз ҳасрат булоғи,
Ёндирмасди фироғи, гар уруш бўлмаганда.

Қайтганлар чашмида нам, қулоқ кар, бир кўзда чарм,
Безабон ютмасди ғам, гар уруш бўлмаганда.

Ҳолсиз сўнгги нидолар, ҳасратли алвидолар,
Бўзламасди жудолар, гар уруш бўлмаганда.

Рангу-рўйи заъфарон, топширмасди нотавон,
Омонатин ногаҳон, гар уруш бўлмаганда.

Ёнмасди еру-осмон, тўкилмасди қатра қон,
Жон олиб, бермасди жон, гар уруш бўлмаганда.

Жангларда ким қаҳрамон, ким бедарак, ким омон,
Мотам тутмасди жаҳон, гар уруш бўлмаганда.

Бир зумдаёқ оҳ-воҳсиз, жарроҳи-я, жарроҳсиз,
Қолмасди қўл, оёқсиз, гар уруш бўлмаганда.
Жангчилар Берлинга ҳам етди унутилмас дам,
Қонга ботмасди олам, гар уруш бўлмаганда.

Сургаймиз Собир, даврон, юртимиз тинч, фаровон,
Бўлармиди ҳур замон, гар ғолиб бўлмаганда.

БИР КЕЛИБ КЕТМАСМИКИН
Қолмади зарра тоқат, бир келиб кетмасмикин,
Бўй-бастлари қиёмат, бир келиб кетмасмикин.

Ё қилгайму билмам ор, токай айлар интизор,
Жаҳоним этмасдин тор, бир келиб кетмасмикин.

Бунчалар нозик ниҳол, лек сийрат эмас висол,
Гарчи кслмаса малол, бир келиб кетмасмикин.

Чашми гирёнимда нам, куймас дил оташи ҳам,
Ҳижрону алам ҳамдам, бир келиб кетмасмикин.

Ёдга олибон аҳён, чекдирмай оҳу-фиғон,
Ошиқ Рақиби томон, бир келиб кетмасмикин.

Меҳрим қалқиган уммон, топар бўлса гар имкон,
Юрагим ўйнатибон, бир келиб кетмасмикин.

Қаддим қошидай камон, мужгон тиғидин омон,
Қолмади танда дармон, бир келиб кетмасмикин.

Етса нигора номам, ул кўзлари мастонам,
Қувончим айлаб олам, бир келиб кетмасмикин.

Қай замонда қай инсон Собирдек зору-сарсон,
Бўлганлиги даргумон, бир келиб кетмасмикин.

ЭТАРСАН
Мисли тордай созланибон, ўзингга зор этарсан,
Жон илҳоми нозланибон, сўзингга зор этарсан.

Излаб гоҳи мисраларни ўтар куну-тун, ойлар,
"Ёзиб кўр-чи менсиз", дебон, мунча озор этарсан.

Мавзу бору қофияга туширолмай хунобман,
Фалсафий бир фикр бермай, дунёни тор этарсан.

Вазнин базўр эпласам-да, келмас асло туроғи,
Яшириндинг қайларга сен, кўп интизор этарсан.

Қоғоз бетин қораларман илиб ундан ё бундан,
Боғлай олмам бир-бирига, келмай бедор этарсан.

Сенсиз ёзган шеърим битди, таҳрир этиб кўр ўзинг,
Мазмун саёз, бежозиба, ўқишга op этарсан.

Қай вазнда келадурсан, бармоқдами ё аруз,
Собир хаёлин тўздириб, ҳар дам хумор этарсан.

КЕЛАР
[/b]Саболар етказиб зорим, ёрдам сирли сало келар,
"Қайда, дебон хору-зорим,” тўлғаниб дилрабо келар.

Раво кўриб лутфу-карам, табассуми дилга ором,
Бериб ишва ила салом, ишқ оловин ола келар.

Ошиқ шиори сафода, меҳр бўлмас бевафода,
Қолдирмай асло жафода, дардларимга даво келар.

Очилган гулдай ифорли, элни лол этиб жамоли,
Етишиб қадду-камоли, аҳду-ҳуши расо келар.

Собир, англадим аслидир, парилардан ёр наслидир,
Қалбларда баҳор фаслидир, аҳдга айлаб вафо келар.

СОФ МУҲАББАТ
Изҳори дил ҳар малакка эмасдир доно иши,
Ўзни дуч келган чироққа урмоқ парвона иши.

Сайр этгали ёр-ла бўстон, барчада бор иштиёқ,
Бехабармиз, беҳисобдир, пок ошиқлик ташвиши.

Кезибон ёруғ жаҳонни, излармиз сафоли ёр,
Муносибмизми ўзимиз ё ҳиссиз дил хоҳиши.

Ишқ асли меҳру, садоқат, панд бериб фаросати,
Кимдир сотиб олмоқ бўлар, гарчи ўтмаса тиши.

Собиро, йироқ тут ўзинг бу каби аросатдан,
Афзалдир соф муҳаббатнинг шафақланиб ботиши.

СИРЛИ ДАРД
Мубталодирман дардга, озор деб этолмасман,
Бу сирли дарддин бағрим безор деб этолмасман.

Жисмим оралаб жавлон урар ҳису-ҳаяжон,
Хаёлим олиб қочар, югуриб етолмасман.

Орзу мисоли оқ қуш, юксакларни кўриб хуш,
Кўнгил ила парвозда, талпиниб тутолмасман.

Билсам, юрагим хаста, муҳаббатга пайваста,
Кезгум висол кўчасин, сарғайиб кутолмасман.

Ўз ҳолимга қўй дебон хархаша қилмагил жон,
Ишқнинг домидан Собир, қутулиб кетолмасман.

УНУТОЛМАДИМ
Эски маскан ҳижрон дардлари, сизни асло унутолмадим,
На кетаркан бирор дам нари, сизни асло унутолмадим.

Дуч келганда қирмиз юзимиз, бийрон тилга келмай сўзимиз,
Тиллашганин эслаб кўзимиз, сизни асло унутолмадим.

Эмаслигин муҳаббат мароқ, сездим унга тобе бўлибоқ,
Хотиралар чопишиб улоқ, сизни асло унутолмадим.

Сирли оламимга мўралаб, туйғум қўзиб, бағрим яралаб,
Кетсангизда балки қоралаб, сизни асло унутолмадим.

Кўнгил деганлари қушмаскан, чор тарафга қараб учмаскан,
Ўзга чаманзорга тушмаскан, сизни асло унутолмадим.

Аросатда қолдим улоқиб, хаёл дарёларида оқиб,
Васлингизга тушимда балқиб, сизни асло унутолмадим.

Ишқ ниҳолин парвариш қилмай, ё парвариш қилишни билмай,
Неча замон бир тўйиб кулмай, сизни асло унутолмадим.

Изларингиз излаб гирёна, лайлу-наҳор сиғмай жаҳона,
Қайда юрсам-да ғарибона, сизни асло унутолмадим.

Ҳасрат ила дилда ўчмас доғ, қолди ерга боқибон қароғ,
Найлай, тишлаб қолибон бармоқ, сизни асло унутолмадим.

Хазонрезги онларим маним, ҳазинликдан жизғанак таним,
Жисмимда жам ранжу-аламим, сизни асло унутолмадим.

Ушалмаган орзулар сероб, мавжлангандай денгиздаги об,
Оқибати бўлса-да сароб, сизни асло унутолмадим.

Чашми гирён сувлари уммон, сув бошида турар пушаймон,
Кўксим тилка-поралаб ҳамон, сизни асло унутолмадим.

Умр экан бунча чопағон, кимга зулмат, кимга чароғон,
Ўтса ҳамки йиллар навқирон, сизни асло унутолмадим.

Ёндирмасди заминни оҳим, аҳдингизда турганда, моҳим,
Билолмасдан ҳануз гуноҳим, сизни асло унутолмадим.

Саҳродаги гуллардай сўлиб, ғафлат босиб, қайғуга тўлиб,
Қисматимга Собир, қул бўлиб, сизни асло унутолмадим.

УМИД УЗА ОЛМАСМАН
Қоматингизга боқиб мафтун, сиздан умид уза олмасман,
Маҳзунлигим* бағрим айлаб хун, сиздан умид уза олмасман.

Дуч келганда чимиргайсиз қош, оҳларимга эрир эди тош,
Кимга йиғлаб, қайга урай бош, сиздан умид уза олмасман.

Бешафқатсиз бунча ҳилолам, қайрилмайсиз эшитиб нолам,
Ўтиб кетса ҳам жондан алам, сиздан умид уза олмасман.

Бедорликдан юзларим салқиб, хаёл оғушида гоҳ балқиб,
Хўрлигим кеб, ёшларим қалқиб, сиздан умид уза олмасман.

Висол эмас сийратга тўйиб, вужудимга такрор ўт қўйиб,
Тушларимни омадга йўйиб, сиздан умид уза олмасман.

Эзиб бормоқда интизорлик, интизорликдан дилим доғлиқ,
Бахту-иқболим сизга боғлиқ, сиздан умид уза олмасман.

Собир, дардим аёндур ёра, келиб қолса инсофга зора,
Етсам дебон кўзи хумора, сиздан умид уза олмасман.

*маҳзун - ҳазин, мунгли, ғамгин


БИР НИГОҲ ТАШЛАСАНГИЗ
Бўю-басти қиёмат, бир нигоҳ ташлаб ўтинг,
Шўхликлари аломат, бир нигоҳ ташлаб ўтинг.

Вужудимда ғалаён, яна шy нарса аён,
Тушиб кетмайди осмон, бир нигоҳ ташлаб ўтинг.

Эй сиймин тан, гул рухсор, сизга сероб харидор,
Касод бўлмайди бозор, бир нигоҳ ташлаб ўтинг.

Энг бахтлиман дунёда, гарчи олсангиз ёда,
Қолмайин аламзада, бир нигоҳ ташлаб ўтинг.

Изингизга зор-гирён, кезарман соясимон,
Илтимосим, ҳар замон бир нигоҳ ташлаб ўтинг.

Юз ноз ила хиромон, айлабон сарвиравон,
Шўрлик нотавон томон, бир нигоҳ ташлаб ўтинг.

Ўзингиз олиб йироқ, тоқатим этмангиз тоқ.
Қул қилмай туриб фироқ, бир нигоҳ, ташлаб ўтинг.

КЕТВОРИБСИЗ
Қиё-қиёлаб боқиб, мастона кетворибсиз,
Орзу-умидим ёқиб, мастона кетворибсиз.

Ошиқ юрак япроқка ўхшаб титрар фироқда,
Яқингами, йироққа, фарзона кетворибсиз.

Орттириб дилнинг доғин, ҳам сўндириб чироғин,
Ҳазон қилиб ишқ боғин, боғбона кетворибсиз.

Қалбим чертиб сервиқор, эрмак-чун мисли дутор,
Ўзгагами энди зор, сарбона кетворибсиз.

Муҳаббат мушкулотим, унсиз найлай фарёдим,
Сотибон ҳиссиётим, арзона кетворибсиз.

Кўргандайсиз чамалаб, аҳд-вафо ё зар, садаф,
Босгани дунё тараф, пинҳона кетворибсиз.

Собир, бир сирли паймон, меваларидир армон,
Эҳ, айлабон ғазалхон, жонона кетворибсиз.

ХАЁЛ БОШЛАР
Хаёл бошлар ўтмишимга, оғули фироғимга,
Қайда вафо дебон берган қайғули сўроғимг а.

Ақлу-ҳушимни ром айлаб, раво кўрмай меҳрини,
Ўзга томон оғиб кетган сарви қомат моҳимга.

Очар қалбим жароҳатин, ишқ чўғининг доғларин,
Ёдга солиб гулзорларни, куйган ўтли оҳимга.

Ушалмади орзу-ўйим, қаҳрабо рангу-рўйим,
Жабр бўлди ширин жону, термулган нигоҳимга.

Йироқ кетди омадим ҳам, мендан сиймин тан санам,
Собир чеккан жабру-алам билмам, қай гуноҳимга.

ЎРТАГАЙ
Чекмай оҳу-фиғон найлай, ойдек жамолинг ўртагай,
Ҳам фироғингу, васли он, қадду-камолинг ўртагай.

Гоҳи силаб, гоҳ тўзғитиб, гоҳи ғашингни қўзғитиб,
Тим қаро зулфинг уфорин бўйлаб шамолинг ўртагай.

Ўтгай кунларим бефайз, сенсиз тортиб қолгум маъюс,
Гўё очилган гул нафис, ҳусну хуморинг ўртагай.

Ишқий олам сари қадам, қўйиб тортгум чексиз алам,
Кўрсат караминг эй, санам, жабру-озоринг ўртагай.

Васлингмикан ёки сароб, Собирни лол айлаб хуноб,
Ийманибон ерга қараб, сурган хаёлинг ўртагай.

ОЛИБ КЕТАЙ САЙРАМГА
Муҳаббатнинг сирига сир етмайди,
Имо қилса ким ортидин кетмайди,
Қай дил унга жонин фидо этмайди,
Бахтим кулар борсанг бизлар томонга,
Юр гўзал қиз, олиб кетай Сайрамга.

Тўлиб кетди осмон оҳу-ноламга,
Ошиқлигим ошкор бўлди оламга,
Ўраб олай ўзингни гул-лоламга,
Айролиқда ташлаб кетма армонга,
Юр гўзал қиз, олиб кетай Сайрамга
Авж пардада узилмасин дил тори,
Нозларингнинг бўлсин энди меъёри,
Тутиб борар хусну васлипг хумори.
Май ошиқман мисли кўзи жайрона,
Юр гўзал қиз, олиб кетай Сайрамга.

Қул Аҳмаднинг суйган она диёри,
Мевалари, ҳатто суви ҳам дори,
Шундай эл фарзандин бўласан ёри,
Обод ўлкам, ҳар кун ўхшар байрамга,
Юр гўзал қиз, олиб кетай Сайрамга.

КЕЛМАГАЙ
Зориқиб кутсам келмагай, хабар дилдор томонлардин,
Борса ҳамки бепарвомиш, хабар бедор томонлардин.

Ҳусну васлининг хумори, тутиб гирёна кўзларим,
Ё йўлларин бурганмикин, рангу-рўйи сомонлардин.

Садпора хаста кўнглима, изламам малҳам сўроқлаб,
Бедаво ишқнинг дардига чалинмаган, омонлардин.

Хаёлларим қўймас талаб, қайга борсам ҳам қувдалаб,
Бахтли кунлар келгаймикин, ҳоли этиб армонлардин.

Хазинлик аёни ташҳис, гоҳ қувонтар ажиб бир ҳис,
Ваъда бериб тушларимда, йироқлатар гумонлардин.

Битмас шайдолик нидоси, бормиди бир муддаоси,
Мужгон тиғларин отганда, чимирилган камонлардин.

Мудом субҳу шом-ла қўймас, шивирлаб шўх забонлари
Собир кўзу, кўнглимдадир, сийрати кўп замонлардин.

ҚИЗ БАЗМИДА
Ҳурлиқолар аро юрак уриши ҳам тезлаб кетар,
Асли бийрон тил не керак, имо ила сўзлаб кетар.

Базми жамшид давомида, ширин хаёл оромида,
Отабеклар ишқ домида, Кумушларни кўзлаб кетар.

Термулибон ҳар томонга, кўрмаса йўйиб "ёмонга",
Тохир мисли ўқ камонга, Зуҳрасини излаб кетар.

Боқишлари қиё-қиё, шўх санамлар макрими ё,
Ишқнинг ажиб сеҳрими ё дилни тилиб тузлаб кетар.

"Билмасмикан меҳр кўзда, эканлигин турмас сўзда",
Дебон хаёли ой юзда, кимдир унсиз бўзлаб кетар.

АЙРИЛИБ ҚОЛДИК
(Шоир Туроб Сайрамий хотирасига)
Нохуш хабардин ўзимни йўқотиб ўйлардим туш,
Ногаҳон келгач ўзимга йўқотганим эсу-ҳуш,
Дилдаги оғриқдан сездим эмаслигин мудҳиш туш,
Инсоннинг жони экан-да зумда учиб кетар қуш,
Олиб кетди орамиздин боқий очибон оғуш,
Нетайлик, камтарин улуғ шоирдин айрилиб қолдик.

Кўзларида меҳри-гиё, сўзлари пур маънодир,
Қалбидин зиё таратар, мисли гавҳархонадир,
Назмий ташналикдин кимки ўқиса гар қонадир,
Мухлислар ҳижрон дардидин ич-ичидин ёнадир,
Барчаси мотамсаролар, кайф-сафодин тонадир,
Нетайлик, камтарин улуғ шоирдин айрилиб қолдик.

Ёзганлари тўғри йўлга ундовчи огоҳидир,
Ватан мадҳи, юрт ороми, гоҳи элин оҳидир,
Ишқий бўстон аро кезиб излаб топган моҳидир,
Қачонлардир жисмин ёқиб, сўнмаган фироғидир,
Адабиёт оламининг ёрқин бир чироғидир,
Нетайлик, камтарин улуғ шоирдин айрилиб қолдик.

Шеърларини кўзга суртиб, ўқирмиз топиб зиё,
Ўқиган сари бўлгаймиз мисраларга маҳлиё,
Покни шод айлар сўзлари, нопок дилини сиё,
Ўтди мардларга ёндашиб, номардга боқмай қиё,
Ётган жойингизга тўлсин илоҳим мангу зиё,
Нетайлик, камтарин улуғ шоирдин айрилиб қолдик.

БАҒРИМ ҚОН
Юрагим қон, жигарим қон, бағрим қон,
Исинсангиз, мен каби йўқ ҳеч гулхан.
Умр бўйи қийнагайдир бир армон,
Ҳар бир ўтган куним экан имтиҳон,
Имтиҳонлап ўтмай куйган ошиқман.

Шум рақиблар дуто этди қоматим,
Келмадими ёки билмам омадим.
Ҳар кимсага ишонмоқдир одатим,
Балки шундан бошга тушган офатим,
Ҳасратларга обдон тўйган ошиқман.

Севгилимнинг қўлида бир ўйинчоқ
Эканимни билмай қолдим мен гумроҳ.
Ёр сўнггида юрган йўлим тор сўқмоқ,
Игна сочиб қўйилган экан мутлоқ,
Сўқмоқларда сарсон кезган ошиқман.

Пушмонларнинг йўқдир, афсус, ҳеч нафи,
Ўзгаларнинг кулиб боқсин омади.
Дол бўлмасин ошиқларнинг қомати,
Ҳушёр бўлмоқ бўлсин Собир одати,
Жодуларни сўнгроқ сезган ошиқман.

ДИЛИМ
Қисматимга бардош бера олмай ёнадур дилим,
Орзу-армон орасида тилка порадир дилим.

Чашми гирён шабнамлари, ранжу алам онлари,
Токай висол илинжида ёлғиз қоладир дилим.

Мажнундирман, лек кўринмас найлай, Лайли қораси,
Кунба-кун ҳам ойу-йиллар қайғухонадир дилим.

Асло умид узолмадим, узолмагайман яна,
Сийратининг боқишига то нишонадир дилим.

Собир, субҳу шом-ла битмас нотавонлик номаси,
Мудом бедор, меҳрга зор, эҳ, вайронадир дилим.

ОТАШҚАЛБ ШОИР
(Одилжон Тиллахўжаев хотирасига)
Шеърдан бўстон яратмоқ-чун сўзлар излади,
Гоҳ келмасдан илҳом қурғур, бағрин тузлади.
Буюкликни тушкунликка тушмай кўзлади,
Назм оламига кириб равон сўзлади.

Кунни тунга улаб ёзди, қабоғи салқиб,
Ширин хаёл оғушида чулғаниб, балқиб,
Сир тутган ул маҳбубасин қўмсарди алқаб,
Баъзан тўлиб-тошар эди ёшлари қалқиб.

Эголмади шум тақдирнинг қисмати бошин,
Кўрсатмади ҳар кимсага кўздаги ёшин,
Қиймай ўтди ота-она, қавму-қардошин,
Ҳамда меҳри тушган танҳо гўзал сирдошин.

Ёна-ёна туғён урган юрак кўрига,
Мисраларни ўйиб битди қалбин тўрига,
Асарларин тугал бериб элин қўлига,
Мангу чироқ ёқиб кетди умрин йўлига.

СОҒИНИБ
(Онам Сожи Шониёз қизи хотирасига)
Мўлтирарман чор тарафга, онажон сизни соғиниб,
Фиғоним етгай фалакка, онажон, сизни соғиниб.

Фарзандим деб ўтга ўзни урган мунис ширин сўзни,
Қўмсаб йўлга тикдим кўзни, онажон, сизни соғиниб.

Йироқ кетсак кўзингиз тўрт, бағрингизга тушарди ўрт,
Чил-чил сингай бу кўнгил мўрт, онажон, сизни соғиниб.

Бошимиздан учди-ку хуш, инсон жони экан-да қуш,
Ҳеч ишонмам дебон бу туш, онажон, сизни соғиниб.

Ичга ютгум чиқмай уним, ҳасрат ила ўтгай куним,
Ёнингизга кетди иним, онажон, сизни соғиниб.

Чеварангиз суймадингиз, тўйлар бўлди кўрмадингиз,
Ором бермас ўйларингиз, онажон сизни соғиниб.

Эмас асло бағрим бутун, ёна-ёна босди тутун,
Салга ўксиб бўлғайман хун, онажон сизни соғиниб.

Уриб илҳомларим жавлон, назм гулларидан бўстон,
Яратибон битай достон, онажон сизни соғиниб.

Тиловат айлайин Қуръон, жаннат бўлсин сизга макон,
Найлай, қўймас ўртаб ҳижрон, онажон сизни соғиниб.

Қадрингиз ўтгайдир ҳар он, қат-қат бўлди қалбда армон,
Собир ўғлингиз бағри қон, онажон сизни соғиниб.

СЕНГА
Эй, кўнгил боғланган қалби вайрон қайдадир сенга,
Ҳуркагу, шўху, мисоли, жайрон қайдадир сенга.

Дарбадардирсан сафоли дилдаги дилдор дебон,
Ороминг олиб қочгали жонон қайдадир сенга.

Келса ҳамки навбаҳоринг, муҳаббатинг куртаги,
Ниш уриб очилмас ҳамон, бўстон қайдадир сенга.

Бесамардир ишқий сароб, ташналикдан қовжираб,
Чор тарафга мўлтирарсан, уммон қайдадир сенга.

Нотавон кўнгил дардига, Собир изларсан даво,
Бахтинг бунёдига ширин забон қайдадир сенга.

ХОТИPA
(Биринчи ўқитувчим Али ака Оқбоев хотирасига)
Сўлим Абдуллаобод кўчаларида толган,
Яланг оёқларимнинг жажжи излари қолган.

Хотирамда мангуга муҳрланган у чоғлар,
Қайтганимиз қирлардин лола тўла қучоқлар.

Катталар ғамгинлиги бизга ҳам ўтиб, кўзлар,
Маъюсроқ йилтирарди, шодон эмасди сўзлар.

Йўқчиликда тутмасдик қулоқ кўнгил майлига,
Кўникмасдин на чора замонанинг зайлига.

Чуғурлашиб қолардик гоҳ бўйимиз бўйлашиб,
Турли хил ўйинларни топар эдик ўйлашиб.

Қизлар кутарди меҳмон, лойдин кулчалар ёпиб,
Тамшаниб ўтардик биз "ёғоч отларда” чопиб.

Урушнинг асорати ёвғон шўрва ошимиз,
Йиллар ўтиб мактабга борар ёшда ёшимиз.

Уст-бош кийим олишга маблағ йўқ, чекиб афғон,
Кузатишар ўқишга ҳар қалай, топиб имкон.

Ҳозиргидай янги шим, кўйлак, костюм қаёқда,
Ямоқ тушган иштону, йиртиқ кавуш оёқда.

Латта "папка" ичида дафтар, ручка, сиёҳдон,
Онам солган илиниб макканинг унидан нон.

Сентябрнинг бирида улуғ даргоҳга қадам,
Қўйдик, бахтли кун эди, интиқ кутган ўшал дам.

Ўқитувчи меҳрибон асло топмасди тиним,
Чуқурроқ бермоқ бўлар эди доимо илм.

Сал шивирлашиб қолсак, кўз қирини ташларди,
Уқмаганга уқдириб, дарсни қайта бошларди.

Ул замонлар ушбу кун кўҳна тарих домида,
Илк ўқиган мактабим илк муаллим номида.

Бизнинг парвозимизни ўзи кўрмасдин кетди,
Айрилиқ они аччиқ, фиғонлар кўкка етди.

Насиҳатлари ҳикмат, биз ундан оғишмаймиз,
Қуръон тиловат қилиб, руҳига бағишлаймиз.

Руҳларин шод этишин Ҳақдин сўраб қоламиз,
Иншооллоҳ, етсинда Яратганга ноламиз.

Ёд айлабон устозим қўлдин келганча қалам,
Тебратдим, устозларсиз бўлмас мунаввар олам.

БИЛМАСА
Шўх дилдорки васлига ҳуморини билмаса,
Берган ошиқ юрига озорини билмаса.

Ортадир ҳасратларим, бир қиё боқса нетар,
Жабру- жафоларидан безорини билмаса.

Кўрмасам ҳуснин бир он, қолмагай танда дармон,
Ўзга чаманда найлар гулзорини билмаса.

Кўзлар гирён йўлида, қалбда битмас дард, алам,
Уйқу келмас кечалар, бедорини билмаса.

Найлайин ҳолим хомуш, ҳам паришон ўйларим,
Аҳду-вафодан битган ашъорини билмаса.

Куйдирар борсам яқин, ул қуёшдир не ажаб,
Пир-пираб ёнган чироқ ҳам борини билмаса.

Тортадурмен ранж-алам, доғи ҳижрон дардини,
Ошиқ оҳу-ноласин изҳорини билмаса.

Кўп жафо чекдинг Собир, йиғ ақлу-ҳушинг энди,
Демаса ўзига тенг дилдорини билмаса.

НИМ ТАБАССУМ
Кимни этмас маҳлиё, сеҳрли ним табассум,
Боқтирмай қўймас қиё, сеҳрли ним табассум.

Кўргани шоҳу-султон, бундай гўзални гумон,
Орзуларимга сарбон, сеҳрли ним табассум.

Ийманиб қараб қўяр, иффат яноғин бўяр,
Қалбга орзулар уяр, сеҳрли ним табассум.

Замонавий Кумушда боғлаб кўнгилга ришта,
Бот-бот кўринар тушда, сеҳрли ним табассум.

Яратганнинг инъоми, мулки ҳусни хироми,
Бунчалар дим ороми, сеҳрли ним табассум.

Нечаларнинг холи танг, кўзлари аланг-жаланг,
Менга бахшида қаранг, сеҳрли ним табассум.

Собир сени домига, оташин оламига,
Чорлар жоду қонига сеҳрли ним табассум.

НОЛА
Поёни йўқ оламнинг бағри менга тор бўлди,
Сароб висол орзуси, ҳижрон эса ёр бўлди.

Лаъли лаб, ширинсухан, чеҳраси моҳитобон,
Излай қайси чамандан, кўз йўлингдазор бўлди.

Найлай, бўлдим афсона, оташда ёна-ёна,
Жисмим мисли парвона, ишқ дардидан хор бўлди.

Айлар бағрим поралар, қайғу, ҳасрат, нолалар,
Чертгай мунгли наволар, қалбим қўлда тор бўлди.

Кўйида бўлдим адо, жоду кўзлардан жудо,
Қайрилиб боқмас асло, қилгани озор бўлди.

Хаёлларим паришон, келмишми фасли хазон,
Тилар бағримни армон, дилда зўр ғубор бўлди.

Кетса ҳам тандан дармон, то томирда оқар қон,
Айлай нисор ёрга жон, мангу шу шиор бўлди.

Айтди Собир бир ҳасрат, кулмангиз дўсту-улфат,
Муҳаббатдир бешафқат, кўзга дунё тор бўлди.

САЛОМ АЙЛАБ КЕЛИНГ
Жондин ўтмиш жабру-жафо, раҳм айлангиз ҳурлиқо,
Айтсам битмас дардим адо, дардга даво айлаб келинг.

Ишқ дардидин сўлмиш юзим, айтмоққа журъат йўқ сўзи,
Термулди-ку, мунгли кўзим, нозу-жило айлаб келинг.

Ошиққа айлаб минг жафо, кўрмагайсиз ўзга раво,
Кечиб ўтган бўлса хато, ишқдан даво айлаб келинг.

Демай бир сўз этарсиз зор, кутгим топиб сабру-қарор,
Шому-саҳар дил интизор, сирли имо айлаб келинг.

Учли бошдин ақлу-ҳушим, англай олмам ўнгу-тушим,
Етса юракка нолишим, жонни фидо айлаб келинг.

Бир-бир босиб, майин боқиб, ҳам жилмайиб, дилни ёқиб,
Кетмасидан ой ҳам ботиб, сайру-сафо айлаб келинг.

Кўксингизда заррин тумор, кўз тегмасин кўзи хумор,
Ишқингизда Собир бедор, аҳдга вафо айлаб келинг.

СИРЛИ МУҲАББАТ
Мафтун айлаб маҳваш, мухаббат,
Ишқ риштасин чўзиб кетмоқда.
Чулғаб қотган бошим, хаёллар
Туман каби тўзиб кетмоқда.

Улус аро дилкаш муҳаббат,
Афсоналар қизиб кетмоқда.
Тиллар тиғи найлай, шафқатсиз,
Бағру-дилим чизиб кетмоқда.

Сўқмоқларинг оташ муҳаббат,
Товонларим тешиб кетмоқда.
Жумбоқларинг асаб торларим,
Чилвир каби эшиб кетмоқда.

Олай қайдан бардош муҳаббат,
Ҳижрон дарди кўзиб кетмоқда.
Қалбим қурғур қалққан денгиздай,
Соҳилларин бузиб кетмоқда.

Гоҳ меҳрибон йўлдош муҳаббат,
Осмонларга элтиб кетмоқда.
Сеҳр ила, моҳир, пинҳона,
Дил торини чертиб кетмоқда.

Гоҳ бўйнимга сирдош муҳаббат,
Маломатлар тақиб кетмоқда.
Ҳам уйғотиб қалбда шубҳалар,
Рашк оловин ёқиб кетмоқда.

Воҳ, бунчалар бебош муҳаббат,
Ҳижронларга солиб кетмоқда.
Излаб ҳийла, найранг йўлларин,
Садоқатда н тониб кетмоқда.

Маъюс кўнгил, оташ муҳаббат,
Мангу сен-ла қолиб кетмоқда.
Билмам Собир, жисмим оёқлар
Қайларгадир олиб кетмоқда.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (12.12.2012)
Кўрилди: 1306 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0