Пайшанба, 19.09.2024, 22:41
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Қозоғистон » Шеърият

Туркистонлик шоир ва ижодкорлар
Эрназар РЎЗИМАТОВ.
ОТА ТИЛАГИ
Оқ фотиҳа берай сенга, қўлингни оч, жон қизим,
Яхшиларга ёндошгин-у, ёмондан қоч, жон қизим.
Бошни эгиб ибо билан очдинг тақдир эшигин,
Бир кўрганлар ҳавас қилсин, дилдан дур соч, жон қизим.

Илтифот-у, одоб билан ёрга боққин, жон қизим,
Вафодорга вафо билан, ёзгин қулоч, жон қизим.
Бир-бирингга интизорлик муҳаббат нишонаси,
Ота-она юзин ерга қаратма ҳеч, жон қизим.

Ўйлаб босган ҳар қадаминг иқбол сари етаклар,
Ожизларга малҳам бўлгин гўё равоч, жон қизим.
Ким амалда қўлласа гар Эрназар кўнглин сўзин,
Ойдек юзи нурга тўлар, эрта-ю, кеч, жон қизим.

Ҳамза МИРХАЙДАРОВ
ҚОЗОҒИСТОН
Бошингда нақшона истиқлол тожи,
Оламга шоҳона ташлайсан назар.
Бу кун ўзлигингнинг тошар қувончи,
Ҳуснингни мавжланиб оқ тонглар суяр.

Қуёш ёши билан ёшинг баробар,
Турон осмонида зар қанот бургут.
Боболар журъати янглиғ мўътабар,
Ғурурга тўлади кунларим хушнуд.

Ақли доноларнинг ойдин кишвари,
Ҳайдар Дулатийнинг камоли ўзинг.
Югнакий, Форобий зеҳни сингари,
Фазли заковатни шимар илдизинг.

Тик-ханжар чўққилар қорлари кетмас,
Абай ўйларини асрар мангуга.
Жамбил бобо шеъри нозлари тукас,
Арзийди дунёни безантирувга.

Полвонлар сарасин ўстирган диёр,
Ҳожимуқон жаҳдига йўғрилган қаддинг.
Танти эл қудрати ошсин деб бисёр,
Парвози лочиндек Бекзатни бердинг.

Тўлабий, Қазибек бийлар сарвари,
Жоҳиллик тиғлари шаштин қайирган.
Ўзингсан ростгўйлик қалблар гавҳари,
Нуқра бутоғингда бахтлар сайраган.

Эргаш МАММАТ
ТАРОНАИ РУБОИЙ
Етим молин ноўрин бўлувчи бўлманг,
Хасисдан пул сўраб олувчи бўлманг.
Дардли йиғлаб турса, кулувчи бўлманг,
Золим додига қулоқ солувчи бўлманг.

Феъли ёмон жоҳилдан қочиб юр йироқ,
Қанча узоқ юрсанг, шунча яхшироқ.
Ўлар ҳаётий чоғда, эшит кар қулоқ -
Жонзот, ўлса титраб турар ер, тупроқ.

Кун тегмай сояда сарғайиб вафо -
Сўлгач, шодон кулиб турибди жафо.
Яхши отдан қуласа, қаранг бир расво -
Таъна қилиб қах-қах кулармиш, тавба.

Эй мағрур, йўл олсай гўристон томон,
Не ҳолда ётибди кетган барча жон.
Ажаб эмас харобда тавба деб бир он,
Ўз ишингдан, ўзинг қилсанг пушаймон.

Раҳми йўқ, тошбағир бу жаллод жаҳон,
Жон олишдан тўхтаб турганди қачон.
Душманинг ўлса ҳам, шод бўлма нодон,
Вақтинг битгач сен ҳам қолмайсан омон.

Ўтмишдан ибрат ол, бу чархи даврон -
Кўз очиб юмгунча йиқар қабристон.
Жаҳонни титратган бек, султон-у, хон -
Бўлсанг ҳам, чивинча ўйнатар осон.

Эй оқил, дунёда ростдан ҳақиқат -
Борми десам, ул деди овоза фақат.
Тирқи дунё ишида бўлса адолат -
Доно аҳли, не қилиб кетди шикоят.

Яхшининг ёмондан бўлса улфати,
Бошдан ошиб ётар қайғу-кулфати.
Ўзи Сохий, яна, бисёр давлати -
Бўлса ҳам бир тийинча бўлмас қиймати.

Дунёда не яхши бўлса ўшал кам,
Ошиб-тошиб кетар деб ўйлама ҳам.
Дунёга юз йилда бир комил одам -
Келмас, келар ҳар кун юз минглаб беғам.

Эргаш, қани бугун Хотамтой Сахий,
Амир Темур саркарда, меҳрибон доҳий.
Шеърият султони Навоий, Румий,
Увайсий, Жомий, Насимий, Хайём, Низомий.

Олимжон ДУРЖОНБОЕВ
УСТОЗЛАРГА ТАЪЗИМ, ТАШАККУР!
Ҳаёт йўлим қисқамас, кўрганларим кўп бўлди,
Яхшиларга ёндошдим, шунинг ўзи хўб бўлди.
Билим олдим мактабда онггимга ёғду сочган,
Устозларимга таъзим ёрқин йўлимни очган.
Ҳар сония ташаккур айтгум кўнгилдан ихлос,
Кетмагай ўлгунимча яхшилиги учун оз.
Эсимда, ҳа, эсимда, мурғаккина боламан,
Қўлимга китоб берди, бўлдим сергак доно ман.
Бутун борлиқ меҳрини қаратганди бизларга,
Узоқдан туриб йўллай ташаккурим сизларга.
Вақтлар ўтди чағалай қанотини ёзгандай,
Макон-маконга учдик ҳар ким режа тузгандай.
Яқин, узоқ йўлларни танладик билиб-билмай,
Қалтис йўллардан юрдик гоҳ устозни тингламай.
Хаёлан назар солгум нечоғ интилмай кўкка,
Фидокор устозларим етказдингиз тилакка.
Ўқидим чўнг донишлар, Навоий бобомизни,
Китоб орқали билдим Форобий даҳомизни.
Чексиз раҳмат, ташаккур олижаноб устозлар,
Шеъриятдан дарс берган қалбимда сўнмас созлар.
Китоб, билим қаъридан инжу-маржон тергансиз,
Ёғдулансин, нурлансин дея сабоқ бергансиз.
Яқин-узоқ бўлсам-да, барчангизни қучаман,
Мир Алишер қўлласин шеъриятга учаман!

Аширмат ТОЛИПОВ
РАҲМАТ, ОДАМЛАР!
Таниб-танимасдан салом берарсиз,
Ҳол сўраб ёнимдан илдам ўтарсиз.
Бир кўрганим қайта кўрмоғим гумон,
Ортингиздан қараб қоламан ҳайрон.
Меҳрингиз-ла кўнглим топади таскин,
Мендан қайтмаса ҳам Худодан қайтсин.
Раҳмат, одамлар!

«Балки кўришганмиз кўча-кўйларда»,
«Балки учрашганмиз аза-тўйларда».
Масжидда бўлганмиз шундай ёнма-ён,
Лекин исмингизни билмасман ҳамон.
Ихлос бир, ният бир шул вазиятда,
Қалбим таскин топар соф бир ниятда.
Раҳмат, одамлар!

Меҳнат қилиб кун-тун сира тинмайсиз,
Таниш-нотанишлар бахтин тилайсиз.
Хонадонда фарзанд келса дунёга,
Дил мойил бўлганда нурли зиёга.
Умид-ла дуолар қиларсиз ҳар тун,
Кўнглингизни этмиш Эл меҳри мафтун,
Раҳмат, одамлар!

Меҳр ила яралган ер, осмон лим-лим,
Сизнинг меҳрингизга тўлиқдир кўнглим.
Тепиб ўтганда ҳам оёғи соғлар,
Турғизиб қўйгансиз йиқилган чоғлар.
«Шундай қўлламаса одамни-одам,
Фақат зўр ғамхона бўларди олам»,
Раҳмат, одамлар!

Меҳрингизга меҳрим этолсам пайванд.
Сиз каби этолсам Эл-юртни хурсанд.
Дунёда бўлардим шу бахтдан сармаст,
Фақат ўзим деган қадри доим паст.
Халқ ғамин ўйлаган асл инсонсиз,
Ватанни гуллатган моҳир боғбонсиз!
Раҳмат, одамлар!

Одамлар, сизлардан ҳеч гинам йўқдир,
Одамлар сизлардан, қарзларим кўпдир.
Яхшилик қил сувга ташла деярлар,
Балиқдан қайтмаса Холиқдан қайтар.
Қул ҳақини қуллар ўтай олмайди.
Дуо қилиб сизни тилим толмайди.
Бор бўлинг, соғ бўлинг, азиз одамлар!
Раҳмат, одамлар!

Муҳаббат АМАТОЕВА
МЕН СЕНИ СОҒИНИБ КЕЛДИМ МУҲАББАТ
Қоралаб қолганда қирқларни ёшим,
Номардга ҳеч қачон эгилмас бошим.
Кўнглимни тарк этиб бор ақлу-хушим,
Мен сени соғиниб келдим, Муҳаббат.

Порлоқ ёғду сочган ул осмонлардан,
Жонни макон қилган ғам, армонлардан.
Кечиб айрилиқдан ҳам ҳижронлардан,
Мен сени соғиниб келдим, Муҳаббат.

Пойимга ишқдан гул тўшайман энди,
Бахтнинг оппоқ қушин ушлайман энди.
Ишонгин сен билан яшайман энди,
Мен сени соғиниб келдим, Муҳаббат.

Миртемир ХАМРОЕВ
МАЪШУҚАМНИНГ КЎЧАСИ
Қўлим тегса титраб кетар елкаларинг,
Билолмадим, ноз қилдингми, эркаладинг.
Улгурмовдим сочларингдан ҳидлаб ҳали,
Кўчамиздан ўтманг дейди янгаларинг.

Чилвир сочлар юришингга халал берар,
Тилла тишлар кулишингга халал берар,
Янганг чиқиб туришингга халал берар,
Кўчамиздан ўтманг, дейди янгаларинг.

Тулпор чопиб кўчангиздан ўтолмадим,
Кўзмунчоқдек кўзингиздан ўполмадим,
Дунё топдим, янганг кўнглин тополмадим,
Кўчамиздан ўтманг, дейди янгаларинг.

Бу кўчадан ўтмасликнинг йўқ чораси,
Ёлғиз девор сизу бизнинг уй ораси,
Мен ҳам ахир шу қишлоқнинг фуқароси,
Кўчамиздан ўтманг, дейди янгаларинг.

Тўрт томонинг қибла, дейди, кетгин дейди,
Уйларингга бошқа йўлдан ўтгин дейди.
Ўпгинг келса, майли мени ўпгин дейди,
Кўчамиздан ўтманг, дейди янгаларинг.

Ўнгга боқдим, сўлга боқдим қибла қайда,
Билсам қибла сенинг уйинг турган жойда,
Ўпсам ўпай кенойингни у ҳам фойда,
Кўчамиздан кетманг, дейди янгаларинг.

Акажон ИЗЗАТУЛЛАЕВ
НАЗМ ГУЛШАНИ
Бағри кенг бир гулшан чорлади мани,
Йўқ! Йўқ! У чорлади ҳамма-ҳаммани.
Унга талпинганлар кўп-у, лек қани,
Чин шоир?
Бер аён, Назм гулшани!

Дарвоқе, оз бўлар ҳақиқий шоир,
Рубоий арбоби мисли шоҳ Бобур.
Муҳаммад Юсуфдек сўзи жавоҳир,
Машъаллари камрон Назм гулшани!

Боғингда райҳонлар бўйи ҳукмрон,
Эркинлик эркаси - тоғингда жайрон!
Бир нозим ҳолига бутун эл ҳайрон,
Эй Машраби жаҳон Назм гулшани!

Бўстонингга кириб бордим дил оча,
Юрагим нисор деб, меҳримни соча.
Карам эт, қарши ол, кел, қучоқ оча,
Ватандек бепоён Назм гулшани!

Эй юрак! Сабр эт, Аллоҳ ризқин кут,
Ҳақдан, ҳақиқатдан ўзгасин унут.
Оро бермас, этмас кўнгилни хушнуд,
Пўртана бир туғён - Назм гулшани!

Бағри кенг бир гулшан чорлади мани...

Юлдуз АБДУҒАНИЕВА
АЗИЗ ИНСОНЛАР
Биллур, қандил кўнгил шишасин,
Синдирасиз гоҳида чил-чил.
Қоронғилаб умр шуъласин,
Ғавғолардан тўқиб турфа хил.
Эҳ, сиз, шундай яхши-ёмонлар,
Сиз мен севган, азиз инсонлар.

Орқалайсиз умр ташвишин,
Кўксингизда туганмас бардош.
Сўнг етаклаб фитна, миш-мишин,
Тақдим этиб кимгадир кўз ёш.
Эҳ, сиз, шундай яхши-ёмонлар,
Сиз мен севган, азиз инсонлар.

Санчиманг ҳеч сароб нишини,
Кўнгилларни айлаб ҳайрона.
Маъқул кўрманг шайтон ишини,
Дил бўлмасин хароб, вайрона.
Эҳ, сиз, шундай яхши-ёмонлар,
Сиз мен севган, азиз инсонлар.

Бу шошқалоқ умрда бир маън,
Қолдирайлик, ҳазрати инсон.
Иғвогарлар, айламай маскан,
Биз, тилайлик Аллоҳдан иймон.
Эҳ, сиз, шундай яхши-ёмонлар,
Сиз мен севган, азиз инсонлар.

Гулчеҳра ТИЛАШ қизи
ОЙМОМО
Кўкдаги ойни кўриб,
Жажжи қизим қўйди сўроқ:
«Ана ойи қаранг уни,
Ҳув осмонда катта чироқ.
Атрофида нима у?
Кўйлагими ялтироқ?
Менга ҳам шундай кўйлак,
Тикиб беринг-чи тезроқ!»
Кулгим қистаб сўзига,
Жавоб бердим ўзига.
«У чироқмас, тўлин ой,
Кўкка берадир чирой.
Эмасдир у ягона,
Ҳув юлдузлар парвона.
Ўғил-қизи кўп унинг,
Оймомодир бир дона».
Қизим жавобим тинглаб:
«Ҳа», - дея кулиб қўйди.
Эрталаб туриб яна,
Саволларини уйди:
«Ойи, ой, юлдуз қани?
Кетишдимикан қочиб?
Ё ўзга бир томонга,
Кетиб қолдими кўчиб?»
«Йўқ, қизим, у кечқурун,
Яна меҳмон бўлади.
Қуёшга берса ўрнин,
Олам нурга тўлади».


Рукн: Шеърият | Қўшди: Samandar (18.02.2013)
Кўрилди: 971 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0