Пайшанба, 19.09.2024, 12:51
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Адабий ўйлар

Ҳозирги Ўзбек адабиётига бир назар
Кейинги пайтларда ёзувчи ва шоирларга «Сиз нима деб ўйлайсиз: яхши асарлар оз ёзиляптими ё китобхонлар савияси пасайиб кетганми» қабилидаги саволлар тез-тез бериладиган бўлиб қолди.
Албатта, бу каби саволлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Нега ўқувчи ўзи яхши билган, асарлари боис ҳурмат этадиган ижодкорларни бир қараганда оддий, лекин қалтис саволга тутмоқда?
Нега Ўзбекистонда йилига минг-минглаб китоблар нашр этилаётган бир пайтда нозиктаъб китобхон ўз кўнгил эҳтиёжини қондира оладиган асар топа олмай, норози бўлмоқда?
Худди шу саволларга жавоб топармиканман, дея бир неча китобхонга мурожаат қилдим. Аксарияти олий маълумотли бўлган бу кишилардан ўзлари қайси ижодкорларнинг асарларини суйиб ўқишларини сўраганимда қўшиқ ёзувчи бир неча шоир билан кечинма-саргузашт асарлари потирлаб чиқиб ётган адибни тилга олишди. Фақат бир суҳбатдош Абдулла Қодирий, Чўлпонларнинг асарларини қайта-қайта ўқишини, кейинги йилда эса унга Эркин Аъзамнинг "Шовқин" китоби ёққанлигини кўзлари порлай-порлай айтди.
Бозор адабиёти тантанаси бошландими?
"Ҳозир эса китоб нашр этиш ҳам ўзига хос бизнесга айланди. Ёмғирдан кейинги бемаза қўзиқориндек сони кўпайган ноширу нашриётлар хизматингизга ҳозиру нозир. Фақат чўнтагингизда ақчангиз ёки саховатли ҳомийингиз бўлса бас. Истасангиз китобингизни бир кечадаёқ ёстиқдек қилиб чоп этиб, қўлингизга тутқазишади."
Абдунаби Абдиев
Худди шу аснода интернетда қашқадарёлик ижодкор Абдунаби Абдиевнинг "Мукофот учун ёзиладиган "асар"лар" мақоласини ўқиб қолдим. Унинг айрим фикрлари кейинги пайтларда зуд-зуд такрорланмоқда. Масалан, Абдунаби Абдиев "Илгарилари китоб чиқариш у ёқда турсин, шеър ёки ҳикоянгизни адабий-бадиий газета-журналлар саҳифасидан ўрин олиши учун ҳам минг битта чиғириқдан ўтардингиз. Ёзганларингиз Ёзувчилар уюшмаси махсус кенгашидан ўтсагина босиб чиқариларди", дейди.
Ҳозир бу муаллиф айтган "минг битта чиғириқ" йўқ. Абдунаби Абдиевнинг фикрича "Ҳозир эса китоб нашр этиш ҳам ўзига хос бизнесга айланди. Ёмғирдан кейинги бемаза қўзиқориндек сони кўпайган ноширу нашриётлар хизматингизга ҳозиру нозир. Фақат чўнтагингизда ақчангиз ёки саховатли ҳомийингиз бўлса бас. Истасангиз китобингизни бир кечадаёқ ёстиқдек қилиб чоп этиб, қўлингизга тутқазишади. Уни кимга сотиш - бу энди ўзингизнинг муаммонгиз!"
Бу муаллиф ижодкор деганда ёш китобхонлар аксар ҳолда мактабни битирар-битмас китоб чиқарган, "мен иккита, мен учта китоб чиқардим" дея оғзини тўлдириб гапиришдан ҳеч тортинмайдиган ёш шоираларни танийдиган бўлиб бораётганларидан ташвишланади.
Ушбу урфга айланиб бораётган ҳолат фақат у эмас, кўпгина катта ижодкорларни-да ташвишга солаётир. Истеъдодли ижодкор, Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Даврон ўз сайтида Абдунаби Абдиевнинг "Мукофот учун ёзиладиган "асар"лар" мақоласидаги мавзу мақола ёзилган пайтдаям, бугун ҳам ва келажакда ҳам долзарб бўлиб қолишини таъкидлайди.
Хуршид Даврон "Адабиётни ўсмир қизлар ижоди, уларнинг ҳаваскорона ёзилган шеъру-ҳикоялари белгилай бошлагани мени анчадан буён қийнаб келади. Ёзувчилар уюшмаси ҳаваскорлар тўгарагига айлана бошландими, графомания асл адабиёт билан тенглаштирила бошландими, тамом - бу бозор адабиётининг тантана қила бошлаганидан далолат. Бу яна, худди шўролар тузуми пайтида бўлганидек, адабиёт сиёсат қуролига айланиб бораётганидан далолат. Адабиёт сиёсий курашнинг ойнаси бўлаётганидан эмас, адабиётни бошқариш сиёсат томонидан амалга оширилаётганидан далолат", дея куйинади.
Абдунаби Абдиев фикрича эса, фақат ёшлар эмас, балки катталар орасида ҳам тезроқ ва кўпроқ китоб чиқариш истаги кучайган.
"Янги-янги асарлар дунёга келиши керак эди, лекин нашриёт ва китоб савдоси мутасаддилари бозор, бозор тамойили деб, фойдани ўйлаб, маънавий фойдани унутиб, адабиёт ривожининг туб илдизларидан бири – моддий таъминоти қирқилиб қолди. Ёзувчи – нашр – китобхон силсиласига путур етди."
Аҳмад Аъзам
У "Балки ёш ҳаваскорнинг (эртага ундан шоир чиқиш-чиқмасидан қатъи назар) китобини чоп эттириб бериш, ҳомийлик қилиш унга ижодий рағбат берар (шеърлари бошқатдан ёзиб берилмаса, албатта). Аммо адабий жамоатчиликка анча танилиб қолган ижод аҳли ўртасида ҳам китоб чиқариш мусобақаси авж олдирилаётганига нима дейсиз?" дер экан, ўз фикрини исботлаш учун мисол келтиришга киришади.
"Нуфузли нашриётда, олий навли қоғозга чоп этилган, қаттиқ, ялтироқ жилдли шеърий китобни варақлашга киришдим. Сийрат билан суврат ҳамиша ҳам бақамти келавермас экан, зўрма-зўраки қофиялар, вазнсиз вазн, беўхшов ўхшатишлар ҳафсаламни пир қилди, асабим бузилди", дея ёзади куйинчаклик билан муаллиф.
Руҳан бегоналик ва китобхоннинг оч қолиши
Истеъдодли адиб ва адабиётшунос Аҳмад Аъзамнинг фикрича савияси паст китоблар кўпаяётганини фақат ижодкор ва китобхонлардан қидириш унчалик тўғри эмас.
"Китобхон бор асарни ўқийди. Мустақиллик таъсирида давр ўзгариши, табиий равишда, китобхоннинг ҳам руҳий эҳтиёж, талаблари ўзгаришига олиб келди. Шу пайтгача бадиий юксак деб тарғиб этилган асарлар билан бу эҳтиёжларнинг ораси узоқлашиб қолди. Шўро даврида яратилган асарларда улар ҳоҳ юксак, ҳоҳ ўртача савияда бўлсин, ё мафкура босими остида ё у билан ҳисоблашган ҳолда яратилган бўлиб, энди у китобхонга руҳан бегона, кераксиз эди. Ва ҳатто баланд савияда ёзилганлари ҳам. Янги-янги асарлар дунёга келиши керак эди, лекин нашриёт ва китоб савдоси мутасаддилари бозор, бозор тамойили деб, фойдани ўйлаб, маънавий фойдани унутиб, адабиёт ривожининг туб илдизларидан бири – моддий таъминоти қирқилиб қолди. Ёзувчи – нашр – китобхон силсиласига путур етди".
Олдинлари 30-40 минг нусхада чоп этилган яхши китоблар тезда тарқалиб кетарди. Бир китобни бир маҳалла, бир қишлоқ ўқигандан унинг муқовасигача титилиб кетарди. Лекин нега энди ҳозирда нари борса 5-10 минг нусхада нашр этилаётган китобларнинг тарқалиши ҳам қийин кечмоқда? Лекин айни бир пайтда китобхонлар бадиийликка унчалик дахлдор китобларга ўч бўлиб қолишди?
Аҳмад Аъзамнинг фикрича бунинг сабаблари битта эмас, Ижодкор кузатишича:
"Ўзбек миллати - истеъдодли миллат. Шундай экан, у ҳеч қачон кунига ярайдиган истеъдодсиз қолмайди. Истеъдодлар туғилаверади, лекин уларнинг чинакам истеъдод ёки даҳо санъаткор бўлиб етишмоқлари учун муҳит мувофиқлиги керак."
Улуғбек Ҳамдам
"Китобнинг тиражи ўлгани боис ёзувчи қалам билан кун кўришнинг уддасидан чиқа олмади ва шу боис ҳақиқий адабиёт намуналари жуда кам яратилди, яратилгани ҳам китобхонга етиб бормади, китобхон оч қолди, очлигидан тўғри келган нарсалар билан озиқланишга ўтди. Талаб бор жойда шу талабни олди-қочдилар қондира бошлади. Юзада яққол кўриниб турадиган сабаблари шу деб ўйлайман. Лекин тафаккур нуқул чўкиб кетаверадиган жараён эмас, вақти-вақти билан саёзлашиб турса-да, барибир, яна ўзини тиклайди. Бадиий адабиёт уч-тўрт йилдан бери шундай яхши ўзгаришлар томон юз бурди. Бозор олди-қочди саргузаштларга тўйингани сайин бадиий юксак, жиддий асарларга талаб ортиб боряпти".
Аҳмад Аъзам тўғри қайд этганидек кейинги йилларда яратилган бир қатор насрий асарлар кечинма адабиёт каби кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлмаса-да, ўзининг ўқувчисини топди. Жумладан, чинакам бадиий адабиёт мухлислари юқорида айтилган Эркин Аъзамнинг "Шовқин" китобидан ташқари, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам каби адибларнинг асарларини ташналик билан ўқий бошлашди. Исажон Султон ва Улуғбек Ҳамдамнинг асарлари фақат Ўзбекистонда эмас, балки ундан ташқарида, Америка ва Оврупода ҳам ўқилмоқда, ўрганилмокда, мукофотларга сазовор бўлмоқда.
Истеъдодли адиб ва зукко адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам фикрича ўзбек адабиётида мудом истеъдодлар бўлиб келган.
"Ўзбек миллати - истеъдодли миллат. Шундай экан, у ҳеч қачон кунига ярайдиган истеъдодсиз қолмайди. Истеъдодлар туғилаверади, лекин уларнинг чинакам истеъдод ёки даҳо санъаткор бўлиб етишмоқлари учун муҳит мувофиқлиги керак. Мисол учун Навоий ёки Пушкиннинг пайдо бўлиши даҳо ва тарихий зарурат уйғунлиги билан белгиланади. Бошқача айтганда, Навоий маданият ва адабиёт оламида амалга оширган буюк туркона ишлар тарих тақозо этган паллада юз берди. Пушкин, Шекспир, Қодирий, Чўлпонлар ҳақда ҳам шуни айтиш мумкин. Худди шундай, гарчи айримларининг ёшлари қирқу элликни қоралаб қолганига қарамай, бугунги кунда ҳам наср, ҳам назм бобида ярқ этиб кўзга ташланиб турган истеъдодлар бор. Айнан ана ўшалар чинакам адабиёт юкини даст кўтариб елкаларига олишлари мумкин: насрда Назар Эшонқул, Исажон Султон, Раҳимжон Раҳмат, Абдуқаюм Йўлдош каби, назмда Абдували Қутбиддин, Ҳалима Аҳмедова, Фахриёр, Зебо Мирзо, Хосият Рустамова, Гўзал Бегим, Меҳриноз Аббосова, адабиётшунослик илмида Дилмурод Қуронов, Баҳодир Карим, Узоқ Жўрақул, Саъдулло Қуронов сингари адиб, шоир ва олимлар ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигида кўп ишларни амалга оширишди ва яна кўпига қодир, деб биламан. Уларнинг асарлари билан танишар эканман, ўзбек адабиётининг янги кўтарилиш тўлқинини кутаман эмас, ўз кўзларим билан аниқ-тиниқ кўраман ҳам".
Ўзбек матбуотида ва интернетда чиқаётган ўзбек адабиёти борасидаги мақолалар, суҳбатлар билан танишган пайтимда Улуғбек Ҳамдамнинг фикрига қўшиладиганлар оз эмаслигини кўрдим.
"Бугун жиддий, оқни оқ, қорани қора деб айтишга билим, тафаккур кучи ва жасорати етадиган адабий танқид ҳар қачонгиданда зарурроқ экан. Унинг тушунтирувчи, қарашларимизни тиниқлаштирувчи, адабий-маънавий ўзагимизга озуқа бергувчи, унга янги руҳ ҳадя этгувчи кучига жамиятда катта эҳтиёж пайдо бўлганига ортиқ шубҳа йўқ."
Абдунаби Абдиев ҳам айрим сермаҳсул ижодкорлар кўпаяётганлигидан хавотирланиб, уларни "Сариқ матбуот адиблари" деб аташидан қатъи назар, ҳақиқий китобхоннинг ҳақиқий бадиий асарни излашини таъкидлайди:
"Бир қаламкаш дўстим айтиб қолди:
- Ҳафталик кўнгилочар газеталардан бирига қиссаларимни жўнатган эдим. Таҳририятдагилардан "Асарларингиз ниҳоятда жиддий экан, уларни газетхонларимиз ҳазм этолмайди" деган жавобни олдим...
Қизиқ, руҳий драматизмга бой асарларни ўзбек китобхони ҳазм этолмаяптими ёки кўнгилочар газета "талаблари"ми? Бундай газеталарнинг вазифаси одамларга олди-қочдилардан иборат саёз бир нарсаларни "асар" деб тақдим этишдангина иборатми? Ўрни келганда бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш лозим, китобхондан маълум даражадаги руҳий тайёргарликни талаб этадиган, фалсафий мушоҳадаларга бой асар муаллифнинг машаққатли меҳнати, ботиний эмринишлари эвазига дунёга келади. Бундай ёзувчилар ижодида сермаҳсуллик бўлмайди. Оз, лекин созгина! Бугун эса ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзадиган "сермаҳсул адиб"лар пайдо бўляпти. Бир кўнгилочар (русча айтганда "булварная") газета ходимининг бармоқ билан санарли муддатда ўндан ортиқ қораламани саргузашт-детектив роман деб китоб ҳолида чиқарганини кўрдим. Бунга энди нима дейсиз!"
Улуғбек Ҳамдам наср ва назмда бирдай самарали қалам тебратиши билан бирга бадиий ижод намуналарини синчиклаб ўрганиб, илмий таҳлил қилиб бермоқда. Яқинда унинг “Янги ўзбек шеърияти” деган китоби босмадан чиқди ва адабий доирада катта қизиқиш уйғотди.
Улуғбек Ҳамдамнинг фикрича замонавий ўзбек шеърияти (бу ўринда 1960 йиллардан то ҳозирги кунгача назарда тутилмоқда) дунёнинг исталган юксак шеърияти билан беллаша олади.
Лекин ўзбек насридан адабиётшуноснинг кўнгли тўлмайди.
"Адиблар, энг аввало, адабиётшунослар ва "Қизил китоб"га киритилишига бир баҳя қолган мунаққидлар фақат беш-ўн истеъдодли ёзувчи китобларини таҳлилу мадҳ этиш билангина шуғулланмай (ҳатто асл адабиётни тарғиб қилиш ҳам савиясизликка нисбатан кураш бўлган тақдирдаям), адабиётда пайдо бўлаётган ҳар қандай қашшоқ асарга холис баҳо беришлари, уларнинг адабиётга, китобхонликка кўрсатаётган зарари ҳақида ҳаққоний фикру мулоҳазаларини айтишлари шарт"
Хуршид Даврон
"Наср ҳақида бу гапни айтолмайман. Чунки ўзбек наcри Қодирий ва Чўлпондан жуда катта потенциал билан бошланиши ҳамоно бир хилликка юз тутди. Албатта,“Сароб”, “Қутлуғ қон”, “Улуғбек хазинаси” каби қатор яхши романлар ёзилди. Бироқ уларнинг бари ўша юқоридаги иккита гигант ёзувчи яратган насрий йўллар анъанаси доирасида эди. Шунинг учун ҳам насрда яхши асарларнинг сони оз. Ниҳоят, 80-йиллардан эътиборан ўзбек насри чинакам янгиланишлар палласига кирди. Ва истиқлол даврида у ўзлигини тўла намоён этишга киришди. Бугун ўзбек насрида том маънода бурилиш ҳодисаси кечаяпти. Назмда бу 60 ва 70-йиллар авлоди шеъриятида юз берган эди".
Адабиётшуноснинг бу фикрини қувватлар эканман, айни саксонинчи йиллар маҳсули бўлган Мурод Муҳаммад Дўстнинг "Лолазор" романини, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Олим Отахон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Нурулла Отахон, Хайриддин Султонов, Собир Ўнар, Абулқосим Мамарасулов, Шодиқул Ҳамроев каби ижодкорларнинг қисса ва ҳикояларини эслайман. Бу муаллифларнинг асарлари босиладиган "Шарқ юлдузи", "Ёшлик", "Ёш куч" мажаллалари, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" ҳафталиги гарчи ўша пайтлар юз минг ва ундан анча кўп нусхада чиқса-да, талаш бўлиб кетарди.
Адабий танқидчига билим ва тафаккур етарлими?
Адабий доираларда “Нега айрим ҳолларда чинакам асарлар четда қолиб, бемаза қовун уруғига ўхшаш потирлаб чиқаётган китоблар мақталади?” деган савол тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди.
Улуғбек Ҳамдамнинг айтишича бунинг жавоби саволнинг ўзиданда аччиқроқдир. "Чунки бундай ҳол афсуски, ҳозирда бутун дунё санъату адабиётида бўлганидек, ўзбек адабиёти ва илмида ҳам мавжуд. Демак, битта гапни алоҳида урғу билан айтиш лозимга ўхшайди: бугун жиддий, оқни оқ, қорани қора деб айтишга билим, тафаккур кучи ва жасорати етадиган адабий танқид ҳар қачонгиданда зарурроқ экан. Унинг тушунтирувчи, қарашларимизни тиниқлаштирувчи, адабий-маънавий ўзагимизга озуқа бергувчи, унга янги руҳ ҳадя этгувчи кучига жамиятда катта эҳтиёж пайдо бўлганига ортиқ шубҳа йўқ".
Улуғбек Ҳамдам адабий танқиддаги холислик мезони бузилса, таҳлил этилаётган асарга ҳеч қачон тўғри баҳо бериб бўлмаслиги исботланганини айтади.
"Шу маънода бадиий асар қайси мезонлардан туриб баҳоланаяпти: унинг сифати, янгилиги, илмийлигидан ташқари танқидчининг ХОЛИСЛИК даражаси қай аҳволда каби ҳақли саволлар туғилади. Чунки, кўпинча, бадиий асарлар баҳоланган танқидий мақола, илмий тадқиқот ва ёки тақризни ўқиб, ўзингга ўзинг савол бериб қоласан киши: қайси бири паст, қайси бири ўртаю қайсиси баланд асар ва нима учун?.. Аксарият ҳолларда ҳаммаси бирдек дурдона ўлароқ тақдим этилади. (Ва ёки кўр-кўрона “уриб” ташланади). Назаримда бу ўринда танқидчиларимиз ўқувчилик муҳаббати (ёки нафрати) изҳоридан олим-мутахассис муносабатини билдириш даражасига ўсиб боролмаяпти. Яъни у ўзининг у ёки бу асарга ёки унинг муаллифига бўлган симпатия (ёки антипатия)сини олимнинг қараши деб ўйлаяпти".
Адиб ва адабиётшунос савияси етарли бўлмаган мунаққиддан теран таҳлил кутиш мумкин эмас, дейди:
"Таниш-билишчилик, маҳаллийчилик деган иллатлар ҳам бадиий асарни тўғри ва ҳалол баҳолаш йўлида тўсиқ бўлмаслиги керак. Баланд савиядаги асар ўз вақтида ҳаққоний баҳосини олиши жуда-жуда зарур. Янада муҳими, баланд асарни муносиб таҳлил қилиш учун танқидчининг ўзи баланд савияга эга бўлиши шарт... Юқоридаги нуқсонлар бартараф этилгандагина танқидчилик ўз вазифасини бажаришга киришади.»
"Ҳақиқатан ҳам адабиётшунослар сусткашлик қилдилар ва қилаётирлар ҳам. Бу ҳам айланиб келиб, моддий сабабларга тақалади. Бадиий адабиётнинг сара намуналари сотилмаса, газета-журналлар кўча матбуотига айланса, адабий танқидчи ёки адабиётшуноснинг асарлари қаерда босилади, қанча тарқалади, уларни қанча одам ўқийди ва муаллиф ойлаб ўтириб ёзган мақоласига қанча қалам ҳақи олади?"
Аҳмад Аъзам
Хуршид Даврон "бозор адабиёти"нинг зарарлари ҳақида сўзлар экан, адабиётшунослар, мунаққидлар адабиёт майдонини ўзиники қилиб олишга уринишлар олдини олиши мумкинлигини таъкидлайди.
"Албатта, "бозор адабиёти" тантанасига бефарқ қараб турмаслик керак. Адиблар, энг аввало, адабиётшунослар ва "Қизил китоб"га киритилишига бир баҳя қолган мунаққидлар фақат беш-ўн истеъдодли ёзувчи китобларини таҳлилу мадҳ этиш билангина шуғулланмай (ҳатто асл адабиётни тарғиб қилиш ҳам савиясизликка нисбатан кураш бўлган тақдирдаям), адабиётда пайдо бўлаётган ҳар қандай қашшоқ асарга холис баҳо беришлари, уларнинг адабиётга, китобхонликка кўрсатаётган зарари ҳақида ҳаққоний фикру мулоҳазаларини айтишлари шарт", дея ёзади Хуршид Даврон ўз сайтида.
Аҳмад Аъзам бу фикрларни қўллаб-қувватлайди:
"Ҳақиқатан ҳам адабиётшунослар сусткашлик қилдилар ва қилаётирлар ҳам. Бу ҳам айланиб келиб, моддий сабабларга тақалади. Бадиий адабиётнинг сара намуналари сотилмаса, газета-журналлар кўча матбуотига айланса, адабий танқидчи ёки адабиётшуноснинг асарлари қаерда босилади, қанча тарқалади, уларни қанча одам ўқийди ва муаллиф ойлаб ўтириб ёзган мақоласига қанча қалам ҳақи олади? Атиги уч нашр бор адабиётшунослик мақолалари босиладиган: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Ёшлик” ва “Шарқ Юлдузи” журналлари, бунга истисно қилиб “Жаҳон адабиёти” журналини қўшиш мумкин. Кўча матбуотида ҳам онда-сонда суҳбат, баҳс мунозаралар босилиб туради, лекин уларнинг савияси ўзига яраша ва бу улар учун табиий ҳам".
Аҳмад Аъзам кейинги йилларда чинакам бадиий асарлар кетма-кет яратила бошлангани адабий танқидга ҳам таъсирсиз қолмаслигидан мамнун.
"Лекин бутун айбни бозор тамойилларию нашриётларнинг фойда ортидан қувишига қўйиш инсофдан эмас, ҳаракат ҳам қилиш лозим. Жиддий адабиётнинг жонланиши билан, масалан, адабий танқидда ҳам шундай тирилиш бошланяпти," дейди Аҳмад Аъзам.
Айни бир пайтда таҳлилчилар ўзбек адабиётида янги-янги номлар пайдо бўлаётганини айтишади. Кўпдан кўп чиқади, дейишади. Балки ўша янги номлар орасида ҳам майли, бармоқ билан санарли бўлсин, йигирма-йигирма беш ёшли истеъдодли ижодкорлар бордир…




Манбъа: http://www.bbc.co.uk
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (29.01.2013)
Кўрилди: 1389 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0