Пайшанба, 19.09.2024, 22:12
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (2)
Абдулҳамид ИСМОИЛ
* * *
Йўқ, у ҳикояни сарғайган барг остида беркиниб, кеч кузга етиб келган хазонак ғужумчадан бошлагани йўқ. Абдулла қиссани улгили улоқдан бошлади. Эмишки Бухоро амири Ҳайдархоннинг иккинчи ўғли Насруллохон Қаршида ҳоким бўлиб ўтирган пайти улоқ томошасини хуш кўрар, мана бу куни ҳам ўзининг эндигина совутилган тўриқ айғирига миниб, шаҳар четидаги сайҳонга кириб борарди. Отлар ичида Насруллохон тўриқларини хушлар, балки сағрисига қамчи урганда, ё сонини қилич тилганда сизган қон кўзга ташланмаганлиги учунми. Ҳокимни аъёнлари билан кўрган оломон ғала-ғовурда такбирлар ҳайқиришга киришар экан, Насруллохон ўзининг бедав тўриғига кўз қирини ташлаб қўйди: отмисан-от-да: ёлларига жажжигина зар қўнғироқлар боғланган, буларнинг ҳар эшитилар-эшитилмас зинғирига тафти совуса-да қони ҳали совумаган айғир сесканиб, зийрак тортади, юганининг юмшоқ қайишга садафлар тақилган, эгарнинг қоши қизил тиллодан, ҳатто тўқими ҳам оқ бўталарнинг юнгидан босилган кигиз… “Ҳа, савил!”, – деб қўяди ҳар бир силкинишига дўлвор гавдали ҳоким. Унинг зарчопонларини айтмайсизми, қараган одамларнинг кўзлари қамашади, айниқса тоза тилло устига от кўзидек гавҳар қўндирилган камар тўқасию бу камарга осилган ғилофу шамшир. Ушбу ерга тўпланган бор авомнинг бисотидан ортиқроқ бўлса бордир. “Ҳай-ҳай, не жавоҳир!” – деб ўйлаб қўяди ўз-ўзидан кўнгли тўлиб Насруллохон.
Мана у кенг чорпоя капа остига кириб борди-да, эпчил ясовуллардан бири хумоюн тўриқнинг оёғига тушов солди-ю, икки ёндан икки ғулом елпиғичларини кўтаришган эди ҳамки, такбирлар бир зумда тиниб, ўртага баковул ила шаҳар қозиси чиқишди. Қозикалон узундан узоқ қилиб, Қуввати Дин Буҳоро аморотида Иймон сирожини порлоқ тутган Манғит хонаводасию хоссатан ўшал хонавода гавҳари шаҳзода Насруллохон шарафларига дуои саломлар қилиб, ҳоким қамчисини бир силкигачгина, ўртадан ғойиб бўлди-да, баковул нарироқда кишнагану ер тепган асов отларини шайлаб турган чавандозларга қарата ўз йўриқларини ҳайқирди. Якум, – деди, – бир-бирингни қулатмайсан, бир-бирингга қамчи урмайсан, дуввум, – деди, – отларингни бир-бирига тишлатмайсану тепдирмайсан, севум, – деди, – йиқилганни отинг билан депсатмайсан. Чавандозларнинг бари “Балли! Балли!” – деб, бу гапларни олқишлаб туришди. Шу пайт қора от минган икки навкар тақимига улоқни босганича, чекадан елдек учиб келишди-да, ҳоким капасининг шундоқ пешида ўн қадамларча нари новвосча келадиган улоқни ерга улоқтиришдию, бир зумга тўхтамай, боди раф-раф бўлиб, оломон томонга ўтиб кетишди.
Баковул томоғини йиртгудек бўлиб: “Улоқ кўтарилди!” – деб буюрди ва дарров ўзини панага тортди. Ана бошланди шунда рўзи маҳшар! Гижинглаб турган отлар чангу-чим кўтариб, дупур-дупурга тушди, авом, тизгини қўйиб юборилгандек, ғалаён кўтарди, узоқроқдаги ўлаксахўр қарғалар жон ҳолатда осмонга қалқишди.
“Ол!” – деди кимдир. “Ёпиш!” – деди бошқаси. “Шошма!” – деди учинчиси. Мингларча одам тўпланган бўла ҳар бири бу жўрга қўшилди, ит эгасини танимай қолди.
Даврага интилган отларнинг пишқиришларидан Насруллохоннинг тўриғи чўчидими, ё қони қўзиб, тушовига қарамасдан юлкинди, тепина бошлади, бироқ “Ё, сабил” – деб, жиловни қўлига маҳкам ўраган ҳоким тортишга ҳам улгурмасдан, икки ясовул икки тарафдан ўзангига ёпишишди. Отларнинг оғизлари қийшайди, оғизларидан кўпиклар сачради, қамчилар ёғилди, қани ҳоким бу орада улоқни кўрса.
Кўргани – бир-бирини туртиб суртган отларнинг кўтлари бўлди. Юраги дук-дук урди ҳокимнинг. Икки ясовулини икки томонга тепиб, отини ўртага солмоқчи бўлди, шамширини яланглатиб бўлса-да орага ёриб кирсаю, қамчи оғзида, бир энгашиб улоқни ўзи кўтарса… Тўриғи ҳам ҳокимнинг фикру-зикрини сезгандек, яна бир талпинди ва агарда шунда тумонот отлар даврасидан қулоқ пардасини йиртгудек чинқириқ кўтарилмаганида эди, ким билсин, савлату-давлатига қарамай Насруллохон ўзини даврага урармиди…
Чека отлар бирданига сийраклашиб, туёқлар оралаб кўргани шу бўлдики, кимдир улоқни эмас, илигидан тортиб тақимига одам боласини кўтармоқда эди…
“От босди, от босди!” – деган овоза чор тарафга бошлар оша тарқалди. Баковул ўртадаги пўсиб қолган даврага шошилди. Бир зум ўтмай орадан улоқни эмас, бежон чавандозлардан бирини от гарданига осилтириб, яна бир чавандоз чиқди-да, унинг кетидан қўлма-қўл қилиб, етимлаган саман отини баковулга тутқазишди. Баковул ҳоким тарафга таъзим ила боққанди, ҳоким бош ирғади. Чокарлардан иккиси капа ичидан зарбоф чопон олиб чиқишди-да, саманнинг устига ёпишди. Баковул саман жиловини тана кўтариб чиққан отлиққа тутқизди-да, у оломон ичида дод-вой кўтарилган тарафга икки отни йўрғалатганича жўнади.
Узоқдаги оҳу-вовайлога қарамай яна улоқ кўтариш бошланиб кетди. Энди чекароқда турганлар ўзларини ўртага уришди. Бундан бир ҳафта аввал Қаршига Насруллохоннинг отаси Бухоро амири Ҳайдар-подшоҳ келган эди, бугун олампаноҳ вазири Ҳаким-қушбегидан чопар келибди: “Валинеъматингиз сиздан қайтгач, бетоб бўлиб қолдилар, масиҳо нафасли табиблар муолажа учун қанча уринмасин аҳволи хумоюнлари тобора оғирлашмоқда!” – дейди. Ҳаким-қушбеги: “Тадоригингизни кўраверинг!” – деб юборибди.
Отаси илмга берилди, ҳилмга берилди, манғитлар хонаводасини заифлади. Аморат фитналарга чўмган. Бари бир-бирини сотган. Самарқанд ҳокими Давлат-қушбегини хитой-қипчоқ улуси талабди. Шаҳрисабз томондан Дониёл-оталиқ бир нечта қўрғонни қўлга киритган. Ички хиёнатлардан фойдаланиб, Хўқанд амири Умархон Жиззаҳ қалъасини узук кўзидек қамалга олган…
Аҳволи хумоюнлари тобора оғирлашятганмиш. Бу ерда эканларида манови ўлаксахўр баковул бир нарса едириб қўйган бўлмасин тағин. Бир томчиси от йиқитадиган маргумушим бор! – деб мақтаниб юрарди, ош-пошларига солиб юборганмикан? Бир терговга тутса бўларди бу мурдашўйни. Майли, режаланган ишлар битиб олсин-чи!
Шу тоб яна қий-чув кўтарилди. “Улоқ, улоқ кўтарилди!” Чиндан ҳам кўтарилган улоққа чап томондан узатилган қўлни тиззаси билан шарақлатиб синдириб, кетда қолган дод-войга қарамасдан, орадан ёшгина бир чавандоз отилиб чиқди-да, улоқни тақимига босганича, ҳокимникидай тўриқ айғирини ўнг томонга учирди. Кетидан отларнинг жийронию қорабайири, чақирию бўзи, марқасию ақал такаси, оқбулоқу кўки қувишга ташланди. Баковулнинг бояда “бировингга қамчи урма” дегани қани, шартиллатиб оғзи-бурнини билмай савалаб ётишибди. От отни чалган, чавандозлар чим билан бир бўлиб, туёқлар остида қолиб кетишган, яна боягиндай қиёмат!
Эллик қадамча нарида тўриқнинг оёғи дўнгалакми, чуқурда тойдими, бир энтиккан эди, чил минган чавандоз бир тарафдан, бурноч мингани иккинчи тарафдан ўртага олишди, ва яна чопганча торт-торт бошланиб кетди. Лекин оти қоқилса ҳам чавандози абжир экан, тақимидан бермади улоғини бояги дўнон йигит, қамчиси бирининг биқинига ниқталди, жиловини кескин чап томон тортган эди, улоқ босган тиззаси қўл узатган иккинчи чавандозни ҳам эгаридан улоқтириб юборди-да, бир неча қадам улоққа ёпишганича у ер бўйлаб судралди-да, тап этиб ўз отининг тагида қолиб кетди.
“Азамат!” – деб юборди Насруллохон. Улоқни кўтарганига яраша олиб кетишини ҳам эплаган бу йигитчани негадир ўзига ўхшатди. Бошқа пайт, айниқса отасининг ўнгида баковулни чақириб сўкарди балки, бироқ бу кез аллақайси хаёлда йигитга офаринлар айтди. Отаси Амир Ҳайдарга бир нарса бўлгудек бўлса, Насруллохоннинг оғаси амир Ҳусайн, инилари Умархону Зубайрхон, Ҳамзахону Сардорхонлар улоққа ташлангандек, тахтига ёпишишади. Лекин улоқни байталлар уюри эмас-да, остида типирчилаб турган тўриқ ғўнонни минган Амир Насруллохон олиб кетиши муқаррар.
Шу фикрда, томошанинг қоқ авжида тарк этиб, шошган аёнларига қарамай, ҳоким тушовсизланган отини кўшкига қараб чоптирди…




Манбъа: http://www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=360313607374547&id=135713306501246¬if_t=feed_comment_reply
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (12.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 918 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0