Пайшанба, 19.09.2024, 22:13
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (4)
Абдулҳамид ИСМОИЛ

Ойхон-пошша Сайид Ғози-хожа ҳазратларининг тўнғич қизи эди. Ўн саккизга ҳали кириб-кирмаган бу қиз ёш умрига қарамай кўпни кўрганиданми ўз онаси Қантак пошшога қиз эмас, сингил қатори эди. 1232-нчи йилнинг Жадий ойида улар туғилиб ўсган Ўратепани Хўқанд подшоҳи Амир Умархон босиб, сайидлар паноҳи Маҳмуд-хожаю, бошқа улуғ-улуғ ҳазратларнинг қўлларига кишан солганида, бало Сайид Ғози-хожанинг ҳам хонадонига кириб келди. Қишнинг қаттиқ совуғига қарамай буларнинг барини қор устида зор йиғлатиб бутун борлиғини мусодара қилишди-да, уловга солиб, Хўқанд томон бадарға қилишди. Ойхон-пошша ўшанда ўн беш ёшда эди. Оч-яланғоч булар Хўқандга етишгач, Амир Умархоннинг хожагонга қарши ғазаби битмай, Сайид Ғози-хожаю Ўратепа улусининг бошқа улуғларини ундан ҳам нари, Шаҳрихонга сургун қилди. Ул бечораларни шу қадар талашган эди-ки, бир кулча нон буларнинг кўзларига фалак чархи, жулдур кўйлак эса биҳишт ҳилъатидек кўринарди.
Қиш қаҳратонида яйдоқроқ ерда бир кулба қуриб Сайид Ғози-хожа маҳалладаги учта-тўртта майдага дарс ўқитиш ила, Қантак-пошшо билан Ойхон-пошшо эса дўппи тикиш ила кун кўриша бошлашди. Дўппи гулларини ипакдан тикишса-да, ўзлари бўз кўйлак кийишди. Топган-тутганлари фақат қора қозонни қайнатишига етиб турди холос. Кичик ука-сингилларини – отасини уринтирмасдан – ўзи ўқитди Ойхон-пошша. Уларга аллалар айтди, эртаклар тўқиди, ғазаллар битди.
Ютган аламлариданми, иккинчи қишга бориб, Қантак-пошшанинг аввалига буқоғи шишиб кетди. Кейин битмас йўтал ёпишди. Сайид Ғози-хожа аллақаердан кийик ўти тилаб келди, уни қайнатиб ичиришди, ёрдам бергани йўқ, кўкламга етар-етмас беш болани тирик етим қолдириб, Қантак-пошша бу вафосиз дунёдан кечди. Зор-зор йиғлаб қолишди булар. Энди Ойхон-пошша отасига ягона суянчиқ, ука-сингилларига она ўрнида қолди. Илгари ҳафтасига ўн дўппи тиккан бўлса, энди йигирматадан тикди, ўшанданми шаҳло кўзлари икки ўткир ханжардек чархланди, укаларини ювди, таради, ўқишию ошига қаради, ҳаракатлари сиртлоннинг урғочисидек енгилу эпчил бўлди, бирданига мункайиб қолган отасининг синиқ кўнглини асраб-авайлаб чегалади – овозлари чиннидаги қиёмдек ширалади…
Буни биринчи бўлиб ҳар кўклам Эски-Новқатдан Шаҳрихонга келиб, боғчаларни чопишдаю, экин экишда ёрдам бериб юрадиган амакиваччаси Сайид Қосим-хожа йигитча сеза бошлади. Энди у аввалгилардек ишини битирса, Сайид Ғози-хожа ҳазратларининг дуосини олиб йўлига ошиқмас, балки турли баҳона топиб, бир буларнинг барини ковушларини ямар, бир тандиру ўчоғ атрофидаги сувоқни янгилар, бир деворингиз нураб қолибди, – дея, пахса қаларди.
Сайид Ғози-хожанинг болалари ҳам Сайид Қосимни хуш кўрар, бири унга лой отган, бошқаси хипчин олиб келиб, тойчоқ ясаб бер дея, хархаша қилган, учинчиси “Катта бўлсам, сизга тегаман” – деб, ваъдалашган. Фақат Ойхон-пошша ўзини бу амакиваччаси билан сипо тутар, керагида чойига, керагида жойига қарарди.
Ўша эрта кўклам ҳам бошқа ишларини битириб бўлгач, Сайид Қосим буларнинг икки тупгина токини очиб бериш важҳида яна Эски-Новқатига қайтишга кеч қолди. Ҳолбуки Сайид Ғози-хожа ўша куни Янги-Новқат томон Саҳобани зиёрат қилгани ўзининг 14 яшар ўғли Сайид Олим билан йўлга чиққан эди. Ойхон-пошшанинг икки синглиси маҳалладаги Отинча-бувиникига дарс олгани чиқиб кетишган, ёлғиз кенжатой Сайид Нозимхон уйда ҳали ҳам уйқусидан турмаган эди.
Сайид Қосим-йигит аввалига ишкомининг бир-икки ямоғини янги ходалар билан ямади. Бир чой қайнар вақтдан сўнг токни очишга киришди, бардиларни аста бир чекага йиғди, қўндоқланган токни авайлаб очди, хар тугул совуқ урмабди, ва оҳиста таг-тагидан бошлаб, ток поясинию, новдаларини истак билан ишкомга тараб-тараб боғлай бошлади. Кўклам жони поя танасидан югура бошлаган, шўралар эгилиб-букилиб, ҳар томон гажак ташлай бошлаган эди.
Шу пайт чойини кўтариб Ойхон-пошша келиб қолди. “Ҳормангиз, ака!” – деб сўрашди-да, қўлтиғидаги қийиқчани ёзиб, ичидаги нонни ушатди, чойни пиёлага қуйиб имо қилди: “Чойдан ичиб олинг, қувват бўлади!”. “Майлингиз!”, – деб жавоб берди Сайид Қосим ва дастурхонгача яқинлашар экан, Ойхон-пошшанинг анави гажак-гажак шўралар каби ўгирилиб, уй томон кетажагини пайқади-да, бирдан:
- Менга ёрдамингиз керак эди, Ойпошша! – деди.
Ойхон бир қиё боқди-да:
- Нима эди, ака? – деб сўради.
Бу “ака” деб айтган сўзида неларни англамади ўша он Сайид Қосим-йигит, дами ичига тушиб кетиб, қарийиб шивирлади:
- Шотини ушлаб туролмайсизми. Ишкомнинг тепаси нозикроқ, шўрани боғлаб олай…
Ойхон бебоғ шўрадек ялт этиб ўгирилди.
- Майлингиз…
Чой ҳам бир чекада қолиб кетди, Сайид Қосим-йигитча, қўлу-нафаси титраганича, ишком тагида ётган нарвонни турғизиб, ишкомнинг пухтароқ бир ходасига тирадию:
- Мана бу тарафдан ушлаб турсангиз, мен дарровгина токни тараб ташлай, – деди.
Ингичка Ойхон қаддини ростлаб, бор жаҳди билан нарвонга ёпишди. Сайид Қосим эса бирданига ўзини дорбоз янглиғ ҳис этиб, шоти тепасига учиб чиқди. Кўклам шабадаси унинг юзу-сочларини қитиқлар, у эса ўзини ишком тепасида тугул, бутун олам узра учаётгандек сезарди. Қўлидаги истак билан бир новдани боғлади, иккинчисини. Учинчиси – бебошроғи хийла узоққа қайирилган экан, истак ушлаган қўли билан чўзилганини билади Сайид Қосим-йигит, бирданига нарвон бир томонга оғиб, боягина янгидан ямалган ишком катаги қарс этдию, қизнинг “Дод!” – деганига қарамай, Сайид Қосим-йигит нарвони билан осмондан ерга қулади.
“Дод!” – деб, Ойхон йигит олдига ташланди, бетларига уриб боқди, ёқасидан ушлаб силкитиб кўрди, қани жон асорати кўринса. Йигитнинг юзига дув-дув ёшлар оқди, жонсарак лабларини йигитнинг тер босган манглайига босган эди, йигит бирданига бир ингради.
- Вой худойим! – деб ҳитоб қилган Ойхон кетидан:
- Кўрдим, кўрдим, ўпишдийла! – деган овоз қизни чўчитди…
Кечаси кенжа укаси Сайид Нозимхонни қучоғида олиб ётаркан, Ойхон-пошша унга:
- Сиз боягини ҳеч кимга айтиб юрманг-а, яна, – деб сирлашарди.
Қўшни хонада ётган Сайид Қосим-йигитнинг эса урилган бадани лўқ-лўқ қақшаса-да, юраги елвизакка бўй берган новдадек сарҳуш эди…
* * *
Қоронғу туннинг билмам қай бир қисмида Абдулла лўқ-лўқ қақшаган баданини кўтариб, бурчакда қорайган ёстиққа ташлади; бадани оғриққа тўла эса-да, негадир юраги енгил тортди. Қайси муждадан экан буниси?
Айёру қувча Сайид Нозимхон дадаларига сотиб қўйдими, ё Саҳобадан қайтаётгач, Эски-Новқатдаги қариндошлари билан хабарлашган Сайид Ғози-хожа маслаҳатини пишириб келдими, баҳарҳол боғу-роғ ишларини битирган Сайид Қосим-йигит буларнинг кўнгилларини ярим қилиб, уйига кетганида, ота тўнғич қизини пешгоҳда ўз олдига чақирди-да, гапни Одам Атою Момо Ҳаводан бошлаб, аста-секин кўнгилларидаги муддаоларини изҳорладилар:
- Сайид Қосим-хожа яхши йигит, тагли-тугли, ўзимизнинг сайидлар авлодидан. Қўли гул йигит, экин чопишгаю, гувала теришга бирдек эпчил. Ана, томорқани ҳам қўралаб қўйибди. Устига-устак ўқимишли йигит, оталари Сайид Қодир-қози Хўқанддан ҳужра олиб бериб, зиёда ўқитиш ниятида эканлар. Мен ҳам қариб қолдим, кўзларим назла, қўлларим гириҳ, ёнимга кирадиган бир маҳрамим йўқ, қани шўрлик онангиз роҳатингизни кўрса эди… – деб, тусмоллагандек бўлдилар.
Бўроз Ойхон-пошша аввалига оталари уни синаяптимикан деган хаёлга борди. Бироз йиғлаб ҳам олди:
- Отажон! – деди, – дўхтари заифангизни афу этинг, мен гуноҳкор – сизга яхши қаролмадим. Бир каштага алахсидим, бир қозонга. Энди зинҳор ундай қилмайман, онажонимдан ўрнак олсам бўлмасмиди…
- Йўқ, – деди Сайид Ғози-хожа, – ундай деманг, онам қизим, мен қариб, ақлимни еб қўйибман. Ўзим эмас, сизни ўйлаб айтган гапим эди. Қуръони Каримнинг “Ал Ҳужурат” сурасида Аллоҳ таоло айтибдурким: “Йа айюҳаннасу, инна ҳалакнакум мин закари ва унса ва жаалнакум шуубан ва қабална таарафу. Садақаллоҳу азийм!” Бу дегани, “Эй, инсонлар, чиндан ҳам биз сизни эркак ва аёл қилиб яратдик, ва бир бирингни билингиз деб, халқу-қавмларга бўлдик!” Эркаку аёл орасидаги никоҳ Пайғамбаримиз суннатидир, мана сизнинг ҳам бўйингиз етиб қолган, деб шу андишага борган эдим… – деди маюс овозда Сайид Ғози-хожа…
Ойхон-пошшанинг пирпираган лаблари ҳатто: “Ихтиёрингиз!” – дейишга ҳам бормади, у фақат қуйи солинган оғир бошини ирғаб қўйди холос.
* * *
Ўша кўкламнинг охирида Ойхон пошша укалари билан Эски-Новқатга амакисининг уйларига бориб, бир ҳафта туриб келадиган бўлди. Буларни олиб кетиш учун Сайид Қосим-йигитнинг ўзи улови ила келди. Бомдоддан кейинги ғира-шира саҳарда Сайид Ғози-хожанинг дуосини олиб, булар йўлга чиқишди. Бардию похол устидан ёпилган уч қават кўрпача устида силкина-силкина, Асакаю Аравон қилиб, пешинларга қирғизларнинг Қора Кўчкан деган жойига кириб келишди. У ерда нонушта еб, қирғизларнинг тоза қимизидан симиришган эди, йўлнинг тоғ қисмини Ойхон-пошшанинг иккала укаси ҳам донг қотганича ухлаб кетишди. Икки томон адиру-тоғ, сой ёқалаб кетишар экан, Сайид Қосим-йигит от ҳайдаб ўтирган еридан орқага ўгирилмай ўзига сўзлагандек:
- Тоғ шаббодаси яхши-да! – деб сўрадими, ё, жўнгина, тўлиб кетган кўнглини бўшатдими, унга хомушликдан сиқилиб кетгану кимсасиз ялангликда чимматини юзидан олган Ойхон-пошша ҳам:
- Айниқса кўклам шаббодаси ўзгача, – деб жавоб берди.
- Буни мен анови куни ишком устида англаган эдим… – дедию соддадилликда Сайид Қосим-йигит ва бирданига тилини тишлаб қолди, чунки Ойхон-пошша ҳижолат тортганини ўгирилмасданоқ унинг оғир “уҳ”идан пайқади.
- Мен, ўлгур, ўшанда ушлай олмадим… – деб, ўкина бошлаган эди қиз, Сайид Қосим-йигит дарров гапни бошқа томонга чалғитти.
- Бу тоғларда одамнинг негадир ашула айтгиси келади-я…
Кўм-кўк адирлардан, пастда оқиб турган тиниқ сой сувларидан, ях ҳаводану бояги тоза қимиздан элиган Ойхон ҳам бош ирғаб:
- Ҳа, – дедию, қизлик ҳаёси тўсқин келдими: – Айтмайсизми, ака? – деб қўя қолди.
Сайид Қосим-йигит ҳам, ортиқча қистатмасдан, ўпкасини тўлдириб, умканларини шишириб, куйлай бошлади:
Арзимни айтай боди сабога…
Арзимни айтай боди сабога.
Кўзлари Чўлпон, зулфи паришон,
Сарви хиромон, дод-ей, қоши қарога.
Биздан дуолар бўлсин
Ул дилрабога…
Учди кўзимдин ул пари янглиғ,
Ташлади кетти, дод-ей, турли балога…
Қилдик икковлон бир аҳду-паймон
Ҳар ким ёмондур, ёрай, солдим худога…
Йигитнинг овози эшилиб-эшилиб, тоғ томон кўтарилаётган шабодага эргашгандек, юқори интилар, ашула авжига чиқиб борар экан, Ойхон ҳам ўзини тиёлмасдан, аста хиргойи қила бошлади…
Бу ашулага яна бири қўшилди. Қизнинг овози ҳам эркин ҳавода озодроқ янграр, буни сезган Сайид Қосим-йигит ашула тугар-тугамас:
- Энди сиздан ҳам эшитайлик, пошшам, – деб қолди.
Ойхон укаларига ялт этиб кўз ташлади-да, ҳали ҳам қимиз кучи босган уйқуда эканларига амин бўлгач, Сайид Қосим-тўра ҳеч қачон эшитмаган ғазални куйлай бошлади:
Овозим титрайдиё, аранг-аранг жон келсин,
Гулнинг ярми ранг бўлса, қолганига қон келсин.
Кеча кундуздан тошиб сим-сим оқди эрса ёш,
Кўзни куйдиргач Чўлпон кун бўлиб афғон келсин…
Қиз овози адир бағирларидаги лола-қизғалдоқлардек уятчангу нозик, айни пайт туновги ток шўраларидек гажакдору, ернинг сармаст қилувчи ширасидек кучли эди. Сайид Қосим-йигитнинг бу хаёлларини ғайбдан пайқагандек Ойхон бирданига:
Томга шоти қўйган ким, чангга ботгунча олманг,
Ё бизни хазон урсин, ё сизга боғбон келсин, –
деб куйлаганида, йигит бу ғазални ким битганини юрагининг ҳар зарби билан ўз-ўзига аниқ тасдиқлади.
Бир ўгрилиб боқишинг икки жаҳонга ўлим,
Иккисида тирилсам биридан нишон келсин…
Сайид Қосим тизгинларини деярли қўйиб юборган, чошгоҳнинг тоғ букури бўйлаб думалаган пастқам офтоб нурида орқасига ўгирилдию, чимматсиз қиз юзи эмас, қуёш нурларида чарақлаган маюс ой кўргандек бўлди.
Бу кунимга мих қоқиб кўнглимни асрай десам
Тилди кўнглимни бу кун, кетгали осон келсин…
Кошки бу сўзларни қиз эмас, Сайид Қосим-йигитнинг ўзи айтсайди… Қуёш, бир думалаб, тоғ кетида ярим бошини йўқотдию, қиз ҳам авжидан тушиб, оҳиста хиргойи тарзида ашуласини эшитилар-эшитилмас қилиб битказди:
Юрагимнинг яраси ямоқ-ямоқ бўлганда
Елвизакка ип боғлаб Ойхондек осмон келсин…




Манбъа: http://www.hamidismailov.com/wordpress
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (13.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 949 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0