Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (5)
Абдулхамид ИСМОИЛ
Қуёш тафтию ашула ҳовури ҳали ҳам музлаб бўлмаган хавода овунар экан, улар Кўк Жетик деган яйловга кириб келишди. Ўтов ичида оёқларини ёзиб, асрни ўқиб бўлгач, Сайид Қосим-тўра отларини боқиб берган таниш қирғиз йигитлардан бирини ўзи билан олди-да, қоронғуда қолиб кетмайлик дея, яна йўлга шошилди. “Орада бир довон қолди”, – деб, Ойхону укаларига тушунтирди у қирғиз йигитнинг тоғ шевасини… Ана шу довонда юрак-пураклари чиқиб кетди Ойхоннинг. Йўл тепага шу қадар тик кетар эканки, отлар ҳансираб қолишди. Сайид Қосим-тўраям, бояги қирғиз йигитча ҳам, аравадан тушиб, бири тизгинни ушлаганича отларни тепага торта бошлади, бошқаси эса араванинг кетидан баҳоли қудрат итара бошлади.
Ҳалигина Ойхон ўз ашуласида айтганидек, қуёш ҳам тоғ тепасига қоқилдию бир вақтга қадар қотиб қолди гўё; тоғ ортига думалаб кетай деса, буларнинг аравалари тепароқ чиқавериб қуёшни кўздан йўқотишмади. Сайид Қосим-йигит ҳам худди бор кучини шу қуёшни узоқроқ ушлаб туришга, қўрққанидан, араванинг бурчагига биқиниб, чимматига бурканиб олган Ойхон юзларида, чиммат узра бўлса-да, қуёш нурлари ўйнашини орзулагандек эди. Довоннинг энг тепасига чиқишганида яна ўша ишком тепасидаги туйғу йигит юрагини чулғади: “Илло, энди арава шотиси билан қуламасам” – деган хаёлда қора тер босган қўйнига туфлаб қўйди. Тепа ёп-ёруғ, довоннинг икки тарафидаги воҳаларга эса қоронғуликнинг илк сояси тушган эди.
Бу тоққа чиқиш қўрқинчлироқмиди Ойхон учун, ё тушиш йўлими, ким билсин, лекин қоронғу тушиши билан улар сойлари кокил каби таралган Орол номли обод ерга, яна бир соат деганда эса осмонида юлдузлар чарақлаган Эски-Новқатга кириб келишди.
Умрида бу қадар бахтли бўлмаган эди Ойхон ўша бир ҳафта.
Аммо бир ой ўтар-ўтмас уларнинг кулбасига Амир Умархоннинг совчилари бостириб келишди. Ўша йилнинг Сунбула ойида эса Ойхон-пошшани зўрлаб, Амир Умархонга учинчи хотин сифатида никоҳлашди ва у чимилдиққа қамоққа тушган қушдек кирди…

Бу фикрни эндигина тўйган Абдулла кимнинг оғриғидан инграётганини ўзи билмай қолди. Навқирон йигит Сайид Қосимнинг ишком эмас, довон эмас, чарақлаган юлдузли осмонидан қаро ерга қулаган вужудининг оғриғимиди бу, ё қор устида зор йиғлаб турган болаларни музлаб қолган кўзларида ҳаргиз эритолмайдиган Ойхон-пошшанинг азиятимиди? Қаерда ўзи у? Нималар бўляпти бу дунёда, бу битмас зулматда?! Оғриқдан ортиқ нарса борми ўзи?..
Тоғ тепалаб ботаётган қуёш, бешта норинж бўлиб, пастга думалаб кетди-ю, Абдуллани қоронғу уйқу босди…

* * *

Эрталаб қамоқхонанинг эшиги шарақлаб очилди-да, чўчиб: “Қаердаман ўзи?” – деб уйғонган Абдуллага ошпаз аскар бир товоқ бўтқа билан бир кружка чой қолдирди. Қамоқдаги биринчи уйғониш бошқача бўлади. Буни Абдулла биринчи қамалишидан эслаб қолган: тушсиз уйқуда бўлса-да, қамоқда эканлигингни англайсану, уйғонгач биринчи хаёлинг – тунги васвасаларим туш бўлиб чиқса-я! – деган ўй бўлади. Лекин, қарайсанки, босинқираш ёки алаҳсираш эмас экан у, ростданам қамоқдасан. Ростданам кеча 31-нчи декабрь уч киши келиб, қўшнинг гувоҳлигида уйингни тинтув қилишган, Раҳбару болалар қор устида зор йиғлашган, гўдаклигида: “Кўтаринг бер!” – деб, қўлга ўрганган кенжатойи Маъсуд: “Дадажон!” – дея, кишанланган қўллари томон талпиниб қолган…
Урилгани, тепилгани ҳам рост, бурчакда турган пақирдаги сувга турмоқчи бўлган Абдулла бутун вужуди зирқираганидан яна жойида узалиб қолди. Йўқ, насҳ босиб, бомдодниям қазо қилибди, аста туриб таҳоратини олиши керак, қазо қилиб бўлса-да бомдодни ўқиб олиши лозим… Бадандаги оғриқини енгиб, Абдулла ўрнидан турди, бурчакда таҳоратини олди, ётоғига қайтиб, қибла қайси томонда эканини билмасдан, гардкамига қазо бўлган бомдодини ётоқ бўйлаб ўқиб олди. Бўтқага кўнгли бормади, тахир чойни ичиб олди.
Чой фикрларини ёзиб юборди.
Ўйламабмиди, шу деворлар орқасида Ғози Юнус аллома бўлиши мумкин, Фитрат домла бўлиши мумкин, Чўлпон, ҳа, Чўлпон бўлиши мумкин, деб. Аравада ашула айтган қизни Чўлпон ёзмаганмиди, ана ким Шаҳрихоннию Эски-Новқатни афзалроқ чизиб бериши мумкин эди. Қўмсади Чўлпонни Абдулла. Қанчадан қанча гаплашадиган гаплари тугулиб юрган эди кўнглида. Энди кўришармикан у билан бу ерда? Энди етказа олармикан унга рус хотинининг ҳавотиру ташвишларини?…
Қамоқдаги биринчи кун айрича. Нималар бўларкин? – деб, пуч хаёлларда эшик орқасида қитир этган ҳар бир сасга қулоқ тутиб ўтирасан. Лекин узоқ-узоқ ҳеч нарса бўлмайди. Бундан яна беҳудаю зое хаёлларга бериласан. Яна бир нарсаларни эслайсан, яна ўз кўнглингни оғир тегирмон тошлари орасига соласан. Бундан чиққани эса – пуф деса тўзиб кетадиган тўқимаю тахайюл уни…
Оғир тош деди. Лекин Ойхон-пошшанинг ўз қамоғидаги биринчи эртаси бундан юз карра оғир бўлмаганми? Зўрланган ул қизнинг, эрталаб келин саломга чиқиб, ўз отаси Сайид Ғози-хожага бош эгиши, ундан сўнг хонага бирин-кетин кириб келаётган хотин-халаж, уни зўрлаган ва ҳалқумидаю қорнида оғир бир тугун қолдирган Амирнинг онаю холалари, аммаю хотинлари олдида қад эгиш оғирлгини бир зумга сездию Абдулла, ўз нолишини шу кезоқ унутиб, хаёлини Оллоҳнинг зикрига бурди.
Озми-кўпми вақт ўтди, қамоқхона эшиги яна очилиб: “Заключенный Кадыри, руки за спину, на выход!” – деган аскар уни ертўладаги бошқа бир катакка бошлади, у ерда қўлига номери ёзилган тахтача тутқазиб, бир – юзи тарафидан, бир – ёнидан расмга туширишди, кейинги катакда эса қартайган жуҳуд сартарош сочию соқол-мўйловини тозалаб қиртишлади. Ғўдайиб турган аскар ўнгида оғиз очишга изн берилмаганиданми, соқовликдан ичи ёрулгудек у сартарош пишшилларди, вишшилларди, шивирларди, илож топмагач, гапга чанқоқлигини қўллари орқали ифодаларди. У Абдулланинг кўпикдан озод бетларига енгил шапатлар туширар, яктагининг ёқасини тортиб қўяр, қулоғига энгашиб яна пишшиллар, вишшиллар, яна ўзига бир нарсаларни шивирларди.
Абдулла бирданига Сайид Қосим устида гиргиттон бўлган Ойхонни эсладию, бирданига кулай деворди. Йўқ, устара остидаю анави аскарнинг муздек кўзлари ўнгида ўзини жиддий тутгани дуруст. Келиб-келиб бу кулгининг нуқси манови бечора сартарошга ҳам урмасин. Уям ахир бир навъ маҳбус эмасми? Қўлга тушмай деб, буларга ишлаётганмикин? Ё чинданам маҳбусмикан? Қўлларини аямай оппоқлади у Абдулла яноқларини.
Соч олдириш осон эса-да, бир зумда бесоқолу бемўйлов бўлиш оғир экан – тепа лаби дўрддайиб кетди Абдулланинг. Яхшиям расмга бу ҳолатда тушмади… Анови туксиз рус аскарига қараганиданми, қиссасида кейинроқ ва кенгроқ ишлатмоқчи бўлган бир ҳикоя эсига тушиб кетди.

19-нчи асрнинг бошида Россия қарамида бўлган Польшанинг Шавел шаҳрида аслзода Виткевичлар оиласида ўғил туғилади. Отаси унинг отини Ян, француз маданиятига моил онаси эса Жан деб аташади. Бола зукко ва абжир бўлиб ўсади. Поляк тилидан ташқари ёшлигиданоқ рус ва инглиз, француз ва немис тилларида бемалол гаплашади. 14 ёшида Краж шаҳрининг гимназиясида ўқир экан, Ян Виткевич “Қора қардошлар” деган махфий ташкилот тузиб, халойиқ орасида русларга ва Россия мустамлакачилигига қарши шеърлару варақалар тарқатаётганда қўлга тушади. Ёшлигига қарамай, барча мулкию, ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этиб, бу ўспиринни бадарға қилишади.
Рост, қадди-қомати ўспирин эмас, йигитлик даражасида эканлигиданми, қўнғир сочлари бараварида ҳали мўрт мўйловларинаям аскар сартароши қиртишлаганида, лаблари дўрдайиб қолганини у кейинроқ ўз хотираларида ёзган эди.
Орск чўлида, татару қозоқлар орасида, у маҳаллий тилларни ўрганишга киришади, ҳамда илмининг ўткирлигидан татарлар орасида Ян эмас, Жан эмас, Галимзян, қозоқлар орасида эса Алимжанга айланади.
Онда-сонда Бухородан Маскўвга кетаётган савдогарлардан у форсчани ҳам юқтириб олади. Бу уринишларда олти йил ўтади. Ўша пайт Сибир экспедициясидан қайтар экан, Оренбургда машҳур немис шарқшуноси Вильгельм Ҳумбольт тўхтаб ўтади. Тасодифан 20 яшар Ян Виткевич билан учрашиб қолган олим, унинг билимларига қойил қолиб, эндигина Оренбург губернатори этиб тайинланган полковник Перовскийга Виткевични тавсия этади.
Чор ҳукумати тарафдан Ўрта Осиёни забт этиш вазифаси юклатилган Перовскийга Виткевичдек одамлар айни муддао бўлганидан, у Галимзянни 1835-нчи йили Бухорога жосус сифатида юборади. Бир йил деганда у Бухоро қушбегию вазирлари билан танишиб, маълумоту ахборот йиғиб, Перовский олдига қайтади. Бундан сўнг у яна бир қанча жосуслик сафарларига Туркманистону Афғонистонларга йўлланади.
Русларга ва Русия ҳукуматига кўрсатган хизматлари учун уни зобит этиб тайинлашади, ҳақ-ҳуқуқларини тиклашади. Келажаги порлоқ 30 яшар зобитни 1839-нчи йили пойтахт Петербургга чақиришади. Меҳмонхонада экан, у тасодифан ўзининг ёшлигидаги дўсти шоир -Константин Тышкевич билан учрашиб қолади. Шунча йил кўришмаган икки дўст хонага қамалиб, ёшлик орзуларинию бошларидан кечганларини бир-бирига ошиқиб-тошиқиб сўзлашади.
Ян ҳам ўзининг Галимзяну Алимжонга айланганини, Бухорою, Нишопуру, Кобулларда бўлган саргузаштларини айтар экан Тышкевич тобора оқариб, бўзариб, ахир Виткевич ўз ҳукукларида тикланганию, зобит мартабасига кўтарилганини сўзлаганида, бирданига уни кесиб:
- Сен биласанми кимсан? Сен сотқин. Сен хоин. Ахир буларга қарши ўлгунча курашамиз деб қасам ичмаганмидик?! Сен эса буларнинг малагига айланибсан, – деб, шартта ўрнидан турадию, эшикни шарақлатиб ёпганича, хонадан чиқиб кетади.
Эртасига миясига ўқ еган Виткевичнинг жасади, қўлида тўппончаси билан, ўз хонасида топилади…
* * *

Абдулла бу хомроқ ҳикояни кейинроққа сақлаб қўйган, балки пишганида, “Рус рулеткаси” деган бир боб қилиб ёзар. Иншоллоҳ, бу ердан эсон-омон чиқиб олсин-чи, ҳали Виткевичнинг Бухородаги саргузаштларига ҳам қайтади. Бу ҳикояни серсув қиладиган бир-икки қўшимча қочиримлари бор. Тилини ҳам анча зийнатлаш керак. Ҳозирча жўнгина қилиб манови рус йигитга айтиб берсамикан бу ҳикояни? Тушунармикан? Тўзиб кетди Абдулланинг хаёллари ўзининг тўкилган сочлардек. Ақлини бир ерга жамлаб олиши керак. Айниқса бу ерда…
Сартарош ҳам ўз ишини битирди. Яна бояги бир-бирига ўхшаган темир эшиклар бўйлаб уни ўз қамоқхонасига бошлашди. Ақлини бир ерга тўплаши керак. Бедов хаёлларининг жиловини қўлга ўраши керак. Сўроқ бўладиган бўлса, нималарни сўрашади? Буларга жавобларини пишитиб қўйиши лозим. Нималарда айблашди кеча уни? Татар терговчининг қоғозида, хато қилмаса, 57-нчи, 67-нчи моддалар кўрсатилганди. Эрталаб кўрмаган экан, эшик ёнида титкиланган китоб – Жиноий Кодекс ётибди. Уни қўлига олиб, ўз моддаларини қидиришга киришди Абдулла. 57-нчи модда: “Совет Иттифоқи Конституцияси ва Иттифоқдош республикалар Конституцияларини, Совет Иттифоқи ва Иттифоқдош автоном республикаларнинг ишчи-деҳқон ҳокимиятини ағдариб ташлашга, қўпоришга ва ё заифлаштиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, ҳамда Совет Иттифоқининг халқ хўжалигининг пролетар революцияси қўлга киритган ғалабаларни қўпоришга, заифлаштиришга қаратилган уринишлар контрреволюцион деб ҳисобланади.
Совет Итифоқи таркибига кирмайдиган меҳнаткашларнинг бошқа бир давлатига қарши қилинган хатти-ҳаракатлар ҳам, барча меҳнаткашларнинг манфаатини, интернационал бирдамликни ҳимоя қилиш мақсадида контрреволюцион деб ҳисобланади”.
Абдулла бу моддани қайта-қайта ўқиб, ўзининг қайси бир ҳаракатини ушбу йўсинда йўйиш мумкинлигини билмай, ўйланиб қолди. Ё: “Дўппи бўлса бош топилади” – деган хилиданмикан буниси?
Бир неча бет варақлаб у 67-нчи моддани ҳам топди: “Контрреволюцион мақсадда қилинган ҳар бир ташкилий фаолият, ва ё унга тайёргарликда қатнашган, айни пайтда юқорида қайд этилган биронта жиноятни содир этган шахслар ушбу бўлимнинг контрреволюцион жиноятлар сирасида кўзда тутилган моддаларга мувофиқ жиноий жавобгарлкка тортилади”.
Бунисини ҳам қанча тиришмасин, Абдулла тушунгани йўқ. Бир томондан тушунмаганлиги юрагига аллақандай ғулғула солгандек бўлса-да, бошқа тарафдан ақли: “Буларга менинг ҳеч қандай дахлим йўқ-ку!” – дегандек, енгил тортди.
Бекорчиликда бошқа моддаларни ҳам кўздан кечира бошлади у. “Безорилик” деганда Тошпўлат-тажангини эслади. “Қўшхотинлик” деган моддага Отабекини солди. “Диний даъватга” Калвак Махзумини ўлчади. “Ўғрилик”ни очганда, ният қилиб қўйган Намоз-ўғрини хотирлади. Китобни бир бошидан, бир оёғидан титкилаб, буларнинг барчасига ҳазил-ҳазил модда топиб чиқди, лекин ўзига ярашасини кўрмади. “Хаёлпарастлик” – деган жиноят йўқ-ку ахир. “Ўйчанлик” ё “Орзукашлик” деган ҳам модда учрамайди бу китобда.
Жиноят дейдиган бўлса мана буни сўзлаб берсин у…

1242-нчи ҳижрий йилнинг Шаъбон ойи, эрта баҳор. Қарши ҳокими Насруллохон яна черик чорлаб, Бухоро томон юзланган. Бу сафар унинг шашти баланд, бу сафар улоқни у олажак. Отаси Амир Ҳайдар ул бевафо дунёни тарк этганида, улуғ оғаси Амир Ҳусайн тахтга чиқди. Бухоро остонасига черик тортган Насруллоҳ сув бўйидан сув ичмасдан қайтди. Уч ой ўтар-ўтмас Амир Ҳусайн ҳам фонийдан боқийга отаси кетидан йўл олгач, Карманада ҳоким бўлиб ўтирган кичик иниси Амир Умархон эпчиллик қилиб тахтга уйқашиб олди. Бир сафар оғам деган эса Насруллоҳ, иккинчи сафар иним деб, яна Бухоро остонасидан қуруқ қайтди.
Энди Ҳаким-қушбеги юборган чопардан эшитишича Амир Умар салтанат ишлари эмас, айшу ишрату, кайфу сафо билан куну кеч бандмиш. Амирлик емирилаётган бир пайт Амир Умар чоғиру таннозлардан ўзгасини билмасмиш. Бундан нолиган вазирлару беклар Ҳаким-қушбегини ўртага солиб, чопарларини яна кимга – Насруллохонга жўнатишди.
Бу кез энди ёлғон мулозаматга бориш йўқ. Насруллохон шахтидан қайтмайди, тахт тиланмас, тахт улоқ каби юлиб олинар экан. Бухорога етишдан аввал Насруллохон Хожа Баҳовиддин мақбараларини зиёрат этиб, Ҳожатбарор Пиримиздан ўз ишларида дастак сўради. Мушкулларини раво қилиб бердими Ҳожатбароримиз, бир неча ҳафта қамалдан сўнг 1242-нчи сана, Шаъбон ойининг йигирманчи куни Ҳаким-қушбеги бошлиқ аъён Амир Умарга хиёнат қилиб, Арк дарвозасини Насруллохонга очиб бердилар ва ўша куннинг ўзидаёқ инисини тутиб, Амир Насруллоҳ-хонни тахтга кўтардилар.
Пиримиз хожа Баҳовуддин Ҳожатбарор руҳлари ҳали элимаган эканми Амир кўнглидан, орада Эшон Муҳаммадшариф-хўжа ўртачи бўлиб, расвои-раддибало Умархонни ўз отига айқаштириб, шаҳардан олиб чиқиб кетди. Йўлда оламондан бири амирга қўл узатиб, бошидан зар қалпоғини, бошқаси эса белбоғу зарчопонини юлиб олса бўладими! Бухоро кўчаларидан бошялангу яланғоч чиқиб кетди кечаги амир… Э, бевафою беоқибат дунё! Агарчи Эшон Муҳаммадшариф-хўжа ўзларининг фақирлик кулоҳларини амир бошига кийгизган эканлар.

Подшохларга муносиб тож ила авранг эрур,
Йўқса билмиш ҳар гадо эски кулоҳ бош узра тож…

Амир Насруллоҳ-хон тахтга чиққач, Ҳожатбароримиз буюрган мурувват ила унга қўшилган инилари Зубайрахон Ҳамзахон ва Сардорхонларга инъом сифатида Бухоро туманларидан бири – Наразим ҳокимиятини топширди. Ҳаким-қушбегини қайта вазирликка тайинлади, халойиққа Арк ўнгида ош тортди…
Мана энди Ҳаким-қушбеги билан юзма-юз ўзининг хос хонасида ўтирар экан, ўзини дўсараликка солган қушбеги ўсмоқлаб:
- Шояд инингизни озод қўйиб юборганингиз хайрия йўлига йўйилса, – деб қўйди.
- Недан? – деб дўққироқ тарзда сўради амир.
- Салотини Усмониянинг ажиб бир расми бор экан деб эшитдим, тахт ворисидан ўзга барча иноғалар гўдаклигидан қатл этиларкан! Тахтга даъво бўлмасун деб…
- Дуруст, унда бизам шаҳид кетган бўлурдик – деб дўлайиброқ жавоб берди Амир Насруллоҳ.
- Астағфирулло, – деб ўз хатосини ямашга шошилди Ҳаким-қушбеги. – Мақсад – бу тахт табаррук қўлингизга тушгач, уни даъвою, дўқ-даварадан озод этиш…
Шипдаги чилчироқ липиллаб ёнар, Ҳоким-қушбегининг салқи юзида ажиб соялар ўйнарди.
- Сeн менга ўзгача гапни айт, баковулинг ўзи қандай одам? Ишонса бўладими? – ўзини гўлликка солиб сўради Насруллоҳ-хон.
- Қўлингиздан ўтгач, таълимингизни ҳалигача унутмаган… – гап қаёққа бурилаётганини билмай каловланди қушбеги.
- Сўраётганим, падари бузрукворимиз бехосдан касалликка учради. Оғамиз Амир Ҳусайннинг навқирон умри бир зумда хазанакка айланди. Буларда шу баковулингни қўли йўқми? – деб синагандек бўлди ёш амир.
- Илло-билло! – деб, уф тортди айёр қушбеги, суҳбат жиловини яна қўлига олар экан. – Мўмин одам, ҳолвадан ортиғига парвои фалак…
- Ҳолва дейсану, иниларимдан эҳтиёт бўлсакми дейман…
Чекадан бу суҳбатни эшитаётган одам нималарни ҳам тушунарди, лекин беш-олти амирни кўрган қушбеги чинни пиёлага қараб, бу пиёланинг ичидаги нимпиёладан ҳам бохабар туриши шарт. Охирги гапни, шайху эшонга кўниб, ўз иниси Амир Умарни озод қўйиб юборган Қарши ҳокими мўрт Насруллоҳ-бек айтяптими, ёки Ҳаким-қушбегининг гапларини қулоғига қуйган тахт оғаси Амир Насруллоҳ-хонми?
- Баковул бунда, ул зотлар Наразимда, – деб ўртага синов тошини отди қушбеги.
- Шуни айтаман-да…
Йўқ, ўз фикру-ниятларини беркитишда ҳалиям мўрт амиримиз, баковул айтмиш: қиёмига етмаган. Буни илғаган қари тулки Ҳаким-қушбеги шахдамлик билан:
- Чорасини Ғозибек-мирохўр қалмоққа топширамиз, – деди.
Бир ой ўтар-ўтмас Амир Насруллоҳ-хоннинг уч иниси: Зубайрхон, Ҳамзахон ва Сардорхонларнинг нозанин бўйинларига тун ярмида пичоқ тортилди. Бухоро салтанати Амир фармонига мувофиқ малъунлар қўлида шаҳид кетган шаҳзодаларга уч кун мотам тутди…
Мана буни жиноят деса бўлади, – деб ўйларди Абдулла…




Манбъа: http://hamidismailov.com/wordpress/
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (14.07.2012) | Муаллиф: Абдулхамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 1237 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0