Пайшанба, 19.09.2024, 22:05
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (7)
Аблуҳамид ИСМОИЛ
Хуши чип-чип қону оғир оғриқ билан ўзига қайтгач, бу сафар ёмон афсусланди Абдулла. Нега, хом хаёлларга берилиб, бунга тайёр бўлмади?! Винокуровнинг бўғзига қўлининг кучи етмаса тиши билан ёпишса бўларди-ку, отиб ташласин эди шу ернинг ўзидаёқ, лекин мановинга ўхшаб хор бўлиб ётганидан минг карра афзалроқ эмасмиди?! Энди қайтишга йўл йўқ. Сал кучини йиғиб олсин: кўриши билан тишлаб, ғажиб, бўғиб, ўлдиради у маҳлуқни. Абдулланинг тишлари ғижирлади. Ўлдиради! Ўлдиради! Ўлдиради!
Туни бўйи биронта пуч хаёлга берилмай, фақат аблаҳ Винокуровнинг интиқомини ўйлаб чиқди Абдулла. На оғриқни сезди, на қотган қонни, фақат ёниб-куйиб ўртанган қасоскор юрагини. Хуфтон намози эсидан чиқиб кетди, буни тун ярмида элас эслагандек бўлди, лекин намоз сўзи миясининг бир бурчагида учқунлагач, кимни эслади – Намоз-ўғрини. Аср бошида ўрислар қамоғидан чиқиб, Самарқанд вилоятида бой-бадавлатни қийратиб, улар томонидан сотилгану, ўрис қамоғига тушган Намоз-ботирни. Уни урмоқчи бўлган аскарларнинг тўртта-бештасини гумдон қилган экан у. Шунинг учун ҳам Намозни ташлашган қоронғироқ хонага ҳеч ким ёлғиз йўламас, кирганда ҳам 10-12 киши милтиқларини шайлаб киришар экан.
Намоз йигитлари уддабурон эмасми – булардан бир-иккитаси майда ўғрилик қилиб, атайин шу қамоққа тушишади-да, Намознинг қайси катакда ўтирганини билиб, у билан ўзлари билган сирли алоқага чиқишади. Ким тош билан тўсин тақиллатишни айтса, ким ашула айтиб, ашулага керакли сўз қўшишни сўзлайди. Неки бўлмасин, буларнинг баъзилари ўзларига тегишли 50 дарра еб, қамоқдан чиққач, ташқаридан ер кавлашга тушишади ва келишилган пайт бу қазима Намоз-ўғри ўтирган катакнинг бурчагидан чиқиб келади. Лекин осонгина қочса, Намоз Намоз бўлмас эди. Ўрани яхшилаб яшириб, у саҳарда ўз эшигига бир неча бор тақиллатади. Бир-бирини уйғотиб, ҳайбаракалаб ўн-ўн беш аскар милтиқлари билан кириб келишади-да, ғира-шира қоронғуликда Намоз-ўғрини тополмай, ҳавога ўқ отганича, кими ташқарига, кими бошқа катакларни очишга, кими эса жойида қотиб қолишади. Ҳаммаёқ ола-гастон. Шу пайт шифт остидан болорларга тирсагию тиззасини тираб ёпишган Намоз-ботир анави карахт бўлиб қолганларнинг устига сакраб, ер билан яксон қиладию, милтиқларини қўлтиқлаб, ўзини ўрага уради.
Ўшанда унинг кетидан ўн-ўн бешта қамалган ҳам ола-тасирдан фойдаланиб, қочиб қутулган экан.

Буни ҳам ёзмоқчи бўлган эди Абдулла. Лекин нимага бу саҳнани хозир эслади у? Бошқа қиссада, бошқа замон содир бўлган ҳодиса эмасми бу? Агар Намоз қилганини қайтараман деса, на ўзининг одамлари бор Абдулланинг, на бу бетон узра ўра ковлаш мумкин, на шифтга ёпишай деса, тўсину болорлар бор. Шифтдаги чироқни ўраган темир катак холос, лекин унга ҳам осилмаслик учун камару белбоғларни ечиб олишган…
Барибир ёпишади Винокуровнинг бўғзига! Барибир…
Шу иштиёқда Абдулла, ўрага қулагандек, қоп-қоронғу тушсиз уйқуга қулади…

* * *

Эрталаб эшик ғичирлашидан сесканиб уйғонган Абдулла зеҳни билан эмас, кечаги аламининг кучи билан кириб келганга ҳамла қилмоқчи эканлигини уйғониши биланоқ туйиб, қўллари муштга тугулган эдики, қараса эшикдан анави бесўнақайроқ ўзбек аскарчаси кириб келаяпти. “Худо бир асради-я!” – деб, ўзиними, ё йигитними ўйлади Абдулла ва мусулмон бу йигитга юзини ювмасдан салом беришга бетламай, апил-тапил қонлари қотган пешонасию кўзларини, шишган икки яноқу, оғриган жағини бурчакда ювиб олди.
Йигитнинг ўзи шивирлаброқ салом бергандек бўлди. Саломи ҳам Тошкентчасига: “Соламан, ака!” – қабилида бўлиб, Абдулла юзини чопонининг этагига артиб, алигини олди.
¬- Ока, сизга нон-чой опкелудув…
Абдулла кечагидақа бўтқа билан кружкадаги чойни таъзим билан қабул қилиб, пастроқ овозда:
- Тошкентликмисиз? Қайси маҳалладансиз? – деб сўради.
Аскарча идиш-товоқни тақиллатиброқ топширар экан, бу шовқинга овозини ўраб:
- Қумлоқливуза, Калҳовуз бўйидан. Бзайа хизмат бўса этувринг! – деб пичирлади.
Абдулла ҳам кружка билан товоқни бир-бирига шақирлатиброқ:
- Майли, ўйлаб боқай-чи! – деди-да, қайрилиб, “уҳу-уҳу” билан чиқишга юзланган аскарчага: – Чўлпон билан Ғози Юнус дегани қайси хонадайкин? – деб қолди.
Эшитдими унинг саволини қумлоқлик аскарча, ким билсин, эшик шарақлаб ёпилдию, Абдулла анави бўтқа устида ўз хаёллари билан яккама-якка қолди.
Нимани сўраса экан бу йигитчадан? Нима келар экан унинг қўлидан? Пичоқ обкелиб бер, – десамикан? Эплолармикин? Ё осонроғи – бир парча қоғоз билан қалам топ деб, уйдагиларига хат ёзиб юборсамикан? Нима деб ҳам ёзарди? Эсон-омонман деса – ёлғон, эрта-индин чиқиб қоларман деса – пуч хаёл, уриб-тепкилашяпти, – деб ёзмайди-ку! Ё Виноградов деган ярамасни ўлдирмоқчиман, кечиринглар ва алвидо дейиши ҳам қип-қизил аҳмоқлик. Лекин барибир негадир аввалига бир парча қоғоз билан қалам сўрашни ният қилиб қўйди, жилла қурса, Раҳбарга: “Темирйўлчилар саройига бордингларми?” – деб ёзиб юборар. Кейин: “Канизак қиссасининг қўлёзмаларини шийпондаги ёқилмайдиган чўян печканинг ичига беркитган эдим, уни қариндош-уруғларникида асраб қўй!” – дермиди? Қўлёзманинг тўлароқ қисмини авваламбор болалардан, қолаверса Раҳбарнинг ўзидан яшириб, чўян печкада сақлаши қўл келдимикан, терговчилар майда-майда қоғозларгача барини тинтиб-тортиб-тергаб олишди, бироқ шийпондаги печканинг ичига қарашга биронтасининг ақли етмади…
Абдулла мазасиз сўк бўтқани еркан, яна терговчилару, домкомни эслади. Тергови қачон бошланаркин? Бир-икки кун Янги йил қилиб, дам олишса керак, демакки бу кунлар Винокуровнинг маҳрига ёзилиб, Винокуровнинг хасмига айланган экан-да!
Пичоқ сўраши керак қумлоқлик йигитчадан.

Ойхон-пошша гўшангада янчилган талқондек ётар экан, на дод дейишга кучи, на юм-юм йиғлашга ёши, на ўзини бўғиб ўлдиришга мажоли бор эди. Зўрланган қизнинг адоқсиз кечаси… Зўрлаган махлуқ эса ғусл олгани чимилдиқ ортидан ташқарига чиқиб кетган, унга эргашгану, қулаган нафрат қиз кўкрагини тегирмон тошидек босган. Тепинди қиз, тимдалади, тишлади, дарранда-чи бундан қайтага жўшиб, пишқириб, кўпикларини нозик гулбаданга сочди. Чип-чип қону оғир оғриққа буланиб ётган қиз: “Энди келса бўғзига тишим билан ёпишаман!” – деб, маржондек тишларини ғижирлатиб ётибди.
Ойхон-пошша уловга солинганида навкарлар орасида баланд бўйли қизғишроқ одамни кўрган эди. Кўзига иссиқ кўринган бу навкар ваҳший ҳайвонни ҳам гўшангагача қўриб келган эди. Ўратепада отасининг қўлида ўқиган кўҳлик Муҳаммад Шариф бўлмасин тағин! Ўзини “Нола” атаган отаси уни эркалаб “Гулханий” деб атарди… Агарда ўша бўлса, ялиниб, эркаланиб, ханжар сўрасамикан?…

* * *

Моҳларойимнинг ўз султони Амир Умархоннинг салтанат ишларигаю, илҳом ғилмонлари, ҳатто бир вақт “анор” сўзи кетидан Жаҳонотинга қизғаниши ўйинчоқ бўлиб чиқди. Моҳларойим иккита бола кўриб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолгач, Амир Умархон, сиёсат юзасидан дея, япалоқроқ қипчоқ қизни Моҳларойим устига қўшхотин қилганида ҳам куюккани ҳолва бўлиб чиқди. Рашкнинг бузурги, иҳтимомнинг кабири, қизғанчнинг улуғи ҳали олдинда экан.
Ким йўлдан оздирди олампаноҳни ўзи, лекин бир ёз Шаҳрихондаги синглидан хабар оламан деб бориб келдию, бом-бошқа бўлиб қайтди. Моҳларойимнинг шоирона юрагини алдаб бўлармиди?
Гулу лола мавсумидир, қани ёри дилнавозим,
Назаримдин ўлди ғойиб санами суҳан тирозим.

Ҳама сайди орзудур бу жаҳон шикаргоҳи,
Нетайин қўлимдин учди бу маҳалда шаҳбозим…

Билди ўшанда Моҳларойим селдек офат келишини. Машраб айтмиш:

Минг шўри фиғон бирла ҳай-ҳай не бало келди,
Жон қичқирадур қўй деб, ханжарни оло келди…

Бор чорасини ишга солди Моҳларойим, аввалига аниси ғамкашининг жайбидан Хўқанд қоғозига ёзилган ғазални топди:

Висолингга кўнгул муштоқ эди, эй ёр, хуш келдинг,
Кўзим нурини равшан айладинг бисёр, хуш келдинг.

Хуморим заъфидин бетоб эдим, базм ичра, эй соқий,
Хиромон шишаи соғар тутиб саршор хуш келдинг.

Бу шаклу бу шамоил бирла базми ноз аро кирдинг,
Сиҳи қадларни қилдинг сояи девор, хуш келдинг.

Кеча кулбамға пинҳон келди ул маҳваш, Амир айди:
“Бу лутфу марҳаматни билмасун ағёр, хуш келдинг… ”

Уни, пинҳон келган маҳваш ўнгида, ағёрга айланиши ҳам бир гап, лекин девордаги сояга эврилиши ажаб қийнади сарой бекасини. Ишончли маккораларни ишга солиб, бу фитнанинг бошида Шаҳрихон ҳокимининг хотини турганини билса-да, бало ривож олиб, томир отиб, муолажа палласидан чиқиб бўлган экан. Моҳларойимнинг икки дастархончиси аллақачон Шаҳрихонга қувилган Сайид Ғози-хожа қизига совчи бўлиб тушишган экан.
Ким экан ул маҳваш? – дея ўртанди, куйди Моҳларойим, токи Сайид Умаршоҳ жияни ўспирин Ҳакимхон-тўрани орачи қилиб, Амирул-муслимийннинг шаҳрихонлик сингиллари, тўранинг волидаи муҳтарамаларини кўриш баҳонасида никоҳи хумоюнга тараб-тайёрланган “сиҳи қадларни сояи девор” қилган товуси хушрафторни парда ортидан кўрмади. Ул душизани кўрдию, барча аввалги майда-чуйда рашклари бир тараф ва бул рашкларнинг рашки бир тараф бўлди. Энди билди Моҳларойим рашк дегани нималигини, ҳолонки унга ўз сўзининг қудрати етишмасдан бемажол лаблари яна оташнафас Машрабнинг байтларини пичирлади:

Минг шўру фиғон бирла ҳай-ҳай не бало келди,
Жон қичқирадур қўй деб, ханжарни ола келди.

Қўлида қилич фўлод, бошимга келиб жаллод,
Қилди мани бебунёд, тийғи гузаро келди…

* * *

Абдулла бемаза-бематра сўк бўтқасини еб бўлиб, офтоби ўлган тахир чойдан хўплади. Чўлпонлару Фитрат домлалар қамоқ кунларига кўникиб кетган бўлсалар керак. Катаклардаги хлорка билан тер ҳидию бу белаззат томоқ, шифтдаги жинчироқу, тунгги ҳамлалар – Абдулла ўзининг биринчи қамалишидан билганидек буларнинг барига бора-бора кўникма ҳосил бўлади. Буларни вақти-бевақт бузиб турадиган сўроқлару юзлаштиришлар эса ташқи дунё билан алоқадек – рост у ташқи дунёнинг шакли қинғир, шамоили қийшиқ, аслию арази эса ёлғондир.
Бироқ Янги йил байрамлари боисми, ҳануз бирон тергов бўлгани йўқ, ё уни аввалига бу ерда янчиб-синдириб, кейин юмалоқ-ёстиқ қилишмоқчими?! Бояги қумлоқлик йигит чалғитди Абдулланинг муқаррар иродасини: умид бор ерда ихтиёр бўшашади чоғи – балки анави дарранда Винокуровни ўлдирмас, бироқ энди ғафлатда қолиб, унга текинга тан бермаслиги тайин. Оғизда қамаштирувчи тахирлик қолдириб, чой ҳам битди.
Қумлоқлик йигитни ўз томонига оғдирса ажаб бўларди! Китобларини ўқиганмикан у йигитча? Афтидан соддароқ, аммо НКВД аскарларига олишган экан, бир нарсаси бўлса керак бу йигитнинг. Ҳамманиям олишавермайди-ку! Ана, туновги терговчилару текширувчилар орасида биронта ўзбекка йўлиққани йўқ Абдулла… Раҳбар-бонуга хат ёзиб, қўлёзмаларини сақлаб қўйса яхши бўларди, йўқса қиш чилласи кириб, қаҳратонда уй иситамиз деб, чўян печкага ҳам ўт қалаштириб юборишмаса… Бу фикрдан Абдулла анча тоқатсизланди. Ҳозирга қадар ёзилган саҳналари унча-мунча эсида бўлса-да, гап фақат қуруқ саҳналарда эмас-да, топилган талаффузда, терилган сўзларда, вақтида қўйилган нуқтада…
Баъзи асарлар пишиқ ғиштдан теп-текис терилган иморатларга ўхшайди, бармоқ тиқадиган кавак тополмайсан унда. Деворлари жаранглайди. Бошқалари эса – қинғир-қийшиқ гуваладан апил-тапил ясалган кулба мисол. Ер бир силкинса, жўнгина дўнглик қолади булардан…
Оғдириш керак бу йигитчани ўз тарафига.

“Келин-саломга упаланган-пардозланган Ойхон-пошша белидаю, оёқларида чидаб бўлмас оғриқ билан чиқиб борди. Юрганида оёқлари бир-бирига чуваланар, ҳарам хотинлари унинг ҳусну-малоҳатига “оҳу-воҳ” қилишса-да, у ўз-ўзини сувга тушган мушукми, ё аксинча ярғаш суваракдек ҳис этарди. Йўқ, ўртага ташланган бежон улоқчадек… Типирчи, давуғеч кампирлар атрофда ивирсир, улардан бири отинча бўлиб:

Сарв бўйлуқ хуш қадам, раъно сифат, хуш келдингиз,
Юришинг товус киби барно сифат, хуш келдингиз.

Ҳа, келинлик даврини сурсанг керак бир неча вақт,
Нури дийдам, тожсар, келинойим, хуш келдингиз.

Умрингиз бўлсун дароз, ҳам бахтингиз бўлсун кушод,
Охуни барпо билан қўша қаринг, хуш келдингиз… -

биддилларди. Бу чуғурлашга энсаси қотди Ойхон-пошшанинг. Ким тўқибди бу қадар бесўнақай, йўсинсиз ғазални? На қофияси бор, на маъноси… Санъати илтифот ўрнида эса тескари жайдари сенсирашга ирғиш… Ҳарир ниқоби остидан Ойхон-пошша атрофга зимдан қараб боқди. Ажузалар ўнгини ўраб, улардан кейин рўбинондан сарупо олиш илинжида турган катта-кичикка кўзи тушди.
Отинча шеърдан-шеърга сакраб, келин саломига киришди. Аввалига хонадон улуғларига эгди у Ойхонни, улардан ҳадъя бўлиб тушган лаълу-маржонлар қизнинг лойқа ёшга тўла кўзини ёритмади, сўнг кундошлари ўнгида букди Ойхонни отинча, айниқса саройнинг тўнғич бекаси Моҳларойимни онқадар таърифладики, булбули гўё бўлди:

Ул куни туриб бериб сарупо,
То қилди улуғлиғки бар аъло,
Сер айлади ҳар ғарибу ғурабо…

Тўр остидан ул таърифи беназиру нодир аёлга кўз югуртирган Ойхон икки кўз эмас, икки ханжар қадалганини сездию, юраги шиғ этди. Ахир баёзлардан унинг Нодира таҳаллуси ила ёзилган ғазалларини Ойхон ёд биларди-ку:

Шому фурқат ёрсиз мен ютмаган қон қолмади.
Раҳм қилким, энди қон ютмакка имкон қолмади…

Энди эса, кетида икки ўспирин ўғлини еталаб, у Ойхонга туҳфа ўрнида алвон-алвон шойи-ипакларни тортиқлар экан, оғриқдан эгилган белини тўғирлолмай, дол сифат қотган пошша қиз бошқа матлаъни ич-ичидан ваҳму-даҳшатга тўлиб, хаёлидан кечирди:

Қон тўкар майдон аро ул қилса жавлон ҳар тараф,
Мавж урар дарё каби майдон аро қон ҳар тараф

* * *

(Шу ерда романнинг биринчи фасли тугайди)




Манбъа: http://hamidismailov.com/wordpress/
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (16.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 918 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0