Пайшанба, 19.09.2024, 22:17
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (II фасл)
Абдулҳамид ИСМОИЛ

Ошиқ

Январнинг тўртинчи кечаси, қорасини ортиқ кўрсатмаган Винокуровдан мерос – кўкарган бету кўзларини унча-мунча упалаб, Абдуллани тагхонанинг оғзига бошлашди-да, камару белбоғларини ечиб олишган хонада унинг уйидан топилган милтиқни кўрсатиб, бу милтиқ унга тааллуқли эканини ёзиб олишди. Абдулла бир қоғозга қўл қўйиб, агарда бу ерда ҳам тепкилашадиган бўлишса, ўқсиз бу милтиққа ёпишиб, қўндоғи билан буларнинг бошини ёришини мўлжаллаб қўйди. Йўқ, уришгани йўқ, имзо чекиши биланоқ қўлига уйдан милтиқни ўраб келган кўрпачасини тутқазишди-да, ўзининг эски қамоқхонасига эмас, тескари тарафга бошлаб, бошқа хонага етаклашди.
Тун яримлаб қолган, бояги упа-пардоздан ҳойнаҳой катталарданми, терговчилардан уни кимдир кўрганими келибди, – деб ўйлаган Абдулла адашганини, эшик очилиб, уни ичкари итаришганида англади. Димоғига қўланса ҳид урди. Ўнлаб ўз терию, сийдик-ўсириғига ботган ювуқсиз эркакнинг ҳиди. Бир эмас тўртта-бешта қафасланган жин чироқдан бу катакнинг аввалгисидан уч-тўрт баравар катталигини чамалади Абдулла. Бу ердаги қуюқ қоронғуликка ҳали кўникмаган кўзи остонадан бошлабоқ ерда қатор-қатор нарса ётганини сезгандек бўлди. Анови сассиқ ҳиддан ўқчиб-ўқчиб энгашиб боқса – буларнинг бари бир ёнда ётган одам…
Кираверишдаги чап бурчакда бири уйғониб, гавдасини кўтарди-да, Абдуллага узоқ тикилиб қаради. Кейин ишонч ҳосил қилдими, ёнидаги яна бирини уйғотди:
- Муборай, Муборай, тур, яна биттасини опкелишди!
Муборак дегани ғудраниб уйғонди-да:
- Оқсоқолга айт, жой топеб бераде! – деди.
Лекин биринчиси қўл силтади.
- Келувринг буёққа, яхши одамга ўхшийсиз.
Кейин яна Муборагини туртиб:
- Муборай, сурил, орамиздан жой беровуза! – деди.
Қўшнисининг хархашасидан энди росмана уйғонган Муборак Абдуллага қарадию, кутилмаганда:
- Домла, Абдулла Қодериймасмесиз? – деб кўзини ишқай бошлади.
Димоғи бу ҳиддан бўкиб-бўғилиб, ўқчиғи қайтган Абдулла бош ирғади.
- Сиз нема қилеб юребсиз бу ерда? – деб, хитоб этдию Муборак, бироқ ўз саволига шу заҳотиёқ ўзи жавоб топгандек: – Ҳа, немалар деяпман ўзе, кела қоленг бу ёққа, – деб, қўшниси билан оралиқда Абдулла қўлидаги кўрпачага жой очди.
- Содеқ, танемаденгме, бу одаме ўзбекнинг энг катта ёзувчисе бўладе-я! – деб бухорои талаффузда шивирлади Муборак.
Буни элас эшитган Абдулла кўрпачасини орага тўшар экан, Содиқнинг:
- Қизил пахта чопонларидан билувдим-а! – деб ўзини оқлагандек бўлди. – Ётинг, домла! Дам оловуза! Эртага отамлашармиз, – деб қўшиб қўйди у.
- Фақат ҳаммамез ярем тун бир ёнда, ярим тун бошқа ёнда ётамез, – деб, Муборак чап ёнига ағдарилди.
Абдулла ҳам оралиққа кириб чап ёнига ётди.
Бу ҳидданми, сўнгги саҳнаданми, атрофдаги хурракларданми Абдулланинг уйқуси келмас, лекин нафсиламри, тўрт кунлик совуқ ёлғизликдан сўнг у яна ўзига ўхшаш одамлар орасида эди…

Кундошлар орасида тўнғич хотин бўлиш яхшими ё кенжа хотинми? Буни ўз бошидан ўтқазганлар айтсин. Моҳларойим ўз хонасида Жаҳонотин билан мутолаа қилиб ўлтирар, ва лекин хаёли айрича жойларда эди.
Жаҳонотин аллақаерлардандир топиб юрган баёзларидан масал ўқир, ул масал жиҳатлари эса Моҳларойимга қасдданми ё тасодифан ўз турмушини эслатарди.
“Илгари айёмда икки кабутар бор эрди, бирини Базанда, бирини Навозонда дер эрдилар. Кеча-кундуз бир ашъёнда дамсоз ва бир кошонада ҳамроз эрдилар. Бир куни Навозанда Базанданинг юзига боқди: осари малоҳат – андуҳ пешонасидан мутолаа қилди. Айди: “Эй, кўзумнинг нури, ва ой маҳзун кўнглумнинг сурури, замиринг кўзгуси хира, юзинг шиои тийра, айёми нафаржомдин нелар кўрдинг ва нелар тегди?”
Анда Базанда айди: “Қадимғилар сўзидурки: “Арзон кира шаҳардин овора қилур”. Ҳеч зод ва роҳила менда йўқ Сафар қилмоқ дағдағаси бошимга тушубдур. Жон тўтиси тан қафасидин парвоз қилур”…
Жаҳонотин ўқишини давом этар, Моҳларойим эса сўнгги сўзларни ўзига ўлчар, чиндан ҳам унинг топталган руҳи, жон тўтиси гўё, тан қафасидан парвоз этгусидек эди… Икки мунгли кабутар орасида Навозанда бўлиб, Жаҳонотин гоҳ насрдан, гоҳ назмдан ўқир, Моҳларойимнинг чалғиган хаёли эса сўз уқмас, тилида эса икки мисра:

Шум рақиби ки адоват қилур
Кофир эрур, ёди худо айламас, -

айланаверади…
Сезгир Жаҳонотин ҳам Моҳларойимнинг пароканда ҳолатини пайқади чамаси, овозини баландроқ кўтариб дона-дона қилиб ўқиди:
“Анда Навозанда айдики: “Сафарга қўп ҳарис бўлмаки, анда бир нуқта зиёда бўлса, сақар бўлур. Сафарда рафиқ керак… Яхши рафиқ бирла сафар қилсанг саодат топарсан ва ёмон рафиқ билан шаковат. Далилдур, нечукким сангпўшт билан чаён ҳамрох бўлғондек”.
Анда Базанда айди: “Қандоғ эрди? Сўзлағил!”
Навозанда айди: “Андоғ эшитганим борки, сангпўшт Ироқдин Ҳижоз сари борур эрди. Йўл узасида ночор бир чаёнга йўлдош бўлди. Иккиси заруратдин ҳамроҳ бўлдилар. Аммо сангпўшт бағоят фаросатлик эрди. То баҳоддеки кўп сафарларда юруб, кўп тажрибалар ҳосил қилган эрди. Аммо чаёнга инон-ихтиёрин бериб, бодиялар қатъ этуб, манозил ва мароҳил тай қилиб юрур эрди. Ўшал аснода ногоҳ бир наҳри азимга дучор бўлдилар. Андин ўтар иложини топмадилар… Охируламр, сангпушт мурод ҳадафиға мақрун бўлуб, шиноварлик бирла муддао истидосининг соҳилиға ўзини олди. Ғоз ва ўрдакдек силкунуб турди. Ногаҳ орқасиға боқти, кўрдики, йўлдоши йўлда ҳорғон… найзасини кифтига тик ушлаб, юқори-қуйи юрубдур. Сангпушт айтдики: «Эй биродар, сабаб надур ки буён ўтмайсиз».
Чаён айди: «Кўз ёшича, сув бўлса, бизга маъзур тутунг». Сангпушт кўнглида айтдики: «Йўлдош бўлмоқ шарти бу эмаски, оз ҳодиса бирла ҳамроҳлик расмини бартараф қилсам, унча хўб эмас. Авло улдурки, ўткариб қўйсам. Қадимий яхшилар масалидурким: «Яхшилиқ қил сувга сол, сув билмаса балиқ билур, балиқ билмаса, холиқ билур».
Алқисса, сангпушт чўлғочини қўлиға олиб, оз ҳаракат бирла ўзини нажот соҳилиға олди. Айди: «Эй биродар, сени дарёдин ўткаргали ўғрадим. Менинг устимға мин. Бежо ҳаракат қилмаки, ўз жонингга жабр қилурсан».
Анда чаён айтди: «Ҳар ким ўз маслаҳатини ўзи билур», деб сангпўштнинг орқасиға минди. Дарёға тушуб оқдилар. Замондин сўнг чаён тебранаберди. Сангпўштга айди: «Букун майдонингни васиъ топдим. Бурунғи яхшилар «Эшак ўюни қирқ йилда»,- дебдурлар. Букун пўлод найзамни якжурма қалқонингға озмойиш қилай дерман».
Сангпушт айтди:
«Сенинг бу хор сифат найзайи бемажолинг менинг бу якжурма қалқонимға нима кор қилсин».
Анда чаён айди: «Билганинг йўқмуким, ақрабнинг муддаоси неш урмоқдур, хоҳ дўст кўксинадур, хоҳ душман орқасина».

Ҳаркими одати нечук бўлғай,
Беиродат зуҳур этар андин.
Тошдин неш аёри йўқ ақраб,
Гарчи мундоқ демак ажаб сендин.

Сангпушт айди: «Яхшилардин бир масал қолибдурким: «Ишонмағил дўстингга, сомон тиқар пўстингга», «Ошнангдин топ» дегандек, дўстум, сув узра хасдек юрмоқ токай. Бу баҳри амиқ жавоҳирларин тамоша қилмоқ керак» деб, ғаввослардек бир ғўта урдиким, ул жавоҳир термоқда ва чаён жон бермоқда қолди, бу масални анинг учун келтурубдурларким «Асилни хатоси бўлмас, ножинсни ошноси бўлмас», «бўйнида иллати борни оёғи қалтирайдур». Бу сўзни ниҳояти узоқдур, лекин мақсад қўлдин кетар». Сўз мақсудига келдик”…
Жаҳонотин қўлидаги китобни шаъм ёниб турган токчага қўяр экан, Моҳларойим ўзича ўйларди: “Қай мақсадда ўқиди ул масални Навозанда? Сен мўлжаллаган сафарда икки кабутар киби бирга бўлолу деями, ва ё “ўзингга эҳтиёт бўл, кундошингни рақиб тутма” қабилидами? Ким ёзган экан ул матални, Жаҳонотиннинг ўзи бўлмасин, йўқ, тили соддароқ, жайдарироқ, кўча тилига ўхшаркан…
Хаёллари айланиб-айланиб яна ўз байтига қайтди: Овозини чиқариб, Моҳларойим пирпираган шамдек қироат этди:

Бўлса гар мақсад кўнгуллар қушларни сайд айламак,
Дона қил ҳолингни, зулфинг ҳалқасидин дом тут…

* * *

Амирул-муслимийн Сайид Умархон аҳён-аҳён эгнига жулдур кийим кийиб, дарвешсимон кўча-куй сандирақлашни хуш кўрарди. Белбоғига эҳтиёт шарт хирпи ошиқу беш-олти олтин танга солинган хилондонини боғлаб, ёнига ишончли навкарлардан кўҳлик қизғиш полвон Гулханий лақабли Муҳаммад Шарифни беанжом таврда оларди-да, бозорми, чойхона карвонсаройми, қиморхонага йўл оларди. Халқнинг салтанат ҳақидаги олди-қочди гапларини ўрганиш баҳона, Амирул-муслимийнга номашруъ бўлмиш хирсу-завқларга ҳам шу асно берилишни хушларди у.
Чилимми ёки кўкнорни саройда ҳам тотса бўлур, кўпроқ қиморхона ошиқ ўйинига ошиқарди ўзига Холбоқи-мисгар лақабини олган Умаршоҳ. Ёнида Журъат лақабли паҳлавон навкари билан у ҳеч нарсадан тап тортмас, керак бўлса ўйинга, керак бўлса қиморхона чапанилари билан олишувга киришиб кетаверади.
Лекин ўша куни аксига олиб, кийим алмаштираман деганда девонга шайхулислом кириб келса бўладими. Нима эмиш, Хўқанд фуқароси бозор-ўчарига берилиб масжидларга қатнамай қўйибди. Айниқса аср билан шом намозида масжид имоми ёнида масжид сўфисию мутаваллисидан ортиқ ҳеч ким йўқмиш. Тоқатсизланган Амирул-муслимийн сармуншийга фармон буюрди: “Кимдаким Пайғамбаримиз Мустафо Расулуллоҳ алайҳиссаломимиздан суннат бўлган намозларни, айниқса аср ва шомни тарк этса 50 дарра урилсин”. Сармунший буларни оқизмай-томизмай ёзиб олди. Шайхулисломнинг шахсий ҳам муддаоси бор экан. Унисини ҳам ҳал этиб, Умаршоҳ кийим бошини алмаштирдию, ёнига Журъат лақабли Гулханийни олиб, тўғри қиморхонага йўл олди.
Бу кун ҳам у қиморхонада ошиқ отишга отланган. Хирпаланган ошиғини “Гардкам!” – деб отади, бироқ ошиғи ҳеч олчи турмайди, яхши тушса товвасига тушади, тушмаса бужулига. Қўли келмай ҳамёнидаги бир танга истисно бор пулини ютқазиб бўлди. Охирги тангасини тергаган бармоқлари билан пайпаслар экан тўсатдан барчага: “Энди бошқа ўйин ўйнаймиз!” – дея, хитоб қилди. Кимдир унга тиртайиб боқди, кимдир хомтамалик билан: “Ўйнаверсак бўларди, ўйин роса қизиятувди” – деди, бироқ Холбоқи-мисгар ёнида қўлини кўксида чирмаштирган Журъат-полвоннинг кўзлари тарозунинг палласига тушган икки оғир тошдек барининг майлини бир тараф оғдирди.
- Қанақа ўйин, ошиқми ахир? – деб, чуғурлаша бошлашди қиморбозлар.
- Мен манови атлас белбоғимни ўртага ёзаман-да, баримиз устига қатор қилиб иккитадан ошиқ терамиз. Кейин беш қадам кўт ташлаб, бирин-кетин хирпаларимизни отамиз. Ким ошиқни чорсидан уриб чиқарса ошиқам, қўл ҳам уники. Хирпасини уриб белбоғ устидан чиқарган одам хирпасиниям, ошиғиниям олади.
Қиморбозлар бош қашишди, буниси – болаларнинг ўйинию, деб ижирғанишгандек бўлишди, бир икки савол сўрашди ва ўйин бошланди. Ёдгор-булотқи дегани “Гардкам!” – дея, хирпасини отди. Майдагина хирпаси ошиқлар қаторидан бир қаричча берироқда бир сакраб, чиқ этиб, ошиқлардан бирига тегдию, шашти ўчиб қаторга кўмилди. Ёдгор-булотқи кир тирноғини тишлаганича чекага турди.
Сафар-боғчи дегани “Ё пирим, мадад!” – дея, хирпасини ирғитди. Хирпаси бориб, Ёдгор-булотқининг хирпасини чўқиди-да, ўзи думалаб, қийиғ арзидан чиқиб кетди.
- Етим қизга елпиғич чикора! – деб, кулиб қўйди Журъат-полвон.
Сафар-боғчи танқа бурнини пишиллатганича, Ёдгор-бўлотқининг рўпарасига ўтди.
Гал Отабой-бўзчига келди. Бутра соқол бу одам хирпасини отишдан аввал тисарилиб, Журъат-полвонга маслаҳат солди:
- Тавваси билан отайми ё бужулими?
Унга Журъат дўққи овозда:
- Сен қассобдан: “Бу кафш хотинимга тўғри келурми?” – деб сўраган одамдайсан! – деган эди, қиморхона шифти қахқахадан бир силкинди.
Ўсал Отабой-бўзчи хирпасини улоқтирган эди, хирпа бечора ошиқлар тугул, уларнинг остидаги чорсига ҳам теккани йўқ.
- Бўзчи белбоққа ёлчимас дегани шу-та! – деб, шарҳлади Журъат-полвон ва яна қиморбозлар бир ботқоқ қурбақа янглиғ қур-қур кулдилар. Ниёзча-оғалиқ отди, Бобожон отди сўнгиси пихини ёрганлардан эмасми, иккита ошиқни уриб чиқарди, бироқ хирпаси ҳам зарба кучидан узоқроқ сапчиб кетган экан, иккинчи қўлда яна иккита ошиққа урилди-да, ўзи улар билан бир ҳовуч бўлиб туриб қолди.
Энди навбат Холбоқи-мисгаримизга етганда, у бошқаларга ўхшаб хирпаланган қўй ошиғи эмас, муштумдек мол хирпасини хилондонидан чиқарди. “Ғирром!” – деди кимдир, “Нотанти!” – деб, ғижинди иккинчиси, лекин Холбоқи-мисгар: “Оғиз ошга етганда, бурни қонаган мен бўлдимми?” – деб, юзини бужурлади-да, Журъат-полвонига қараганди, Журъат-полвон ботмондек қўлини кўтардию: “Шунга ҳам ота гўри қозихонами! Биттанг ёнимга кел!” – деб, буларнинг орасида муштумзўри Ниёзча-оғалиқни ўзига имлади.
- Айт, – деди у Ниёзчага, кавушини кўрсатаркан, – мана бу кавушимни тепага ирғитаман, ерга чаппасига тушадими, ё ўнги биланми? Топсанг сен ҳақ, топмасанг – Ҳолбоқи!
Қиморбозлар бахслашиб кетди, бири “ўнг” деди, бири “чаппаси”ни айтди. Ниёзча-оғалиқ кавушга синчковлаб боқди-да: “Кавушнинг товони қалин экан, ўнги билан тушади”, – деб, хулоса қилди. Журъат-тожик кафшини аёғи билан тепага отган эди, кафши икки ярим марта умбалақашиб роппа-роса чаппасига тушди: “От тошингни, Холбоқи!” – деб, белгилади Журъат. Холбоқи-мисгар: “Гардкам!” – дея, гувалачадек хирпасини ёнлаб олди. Ошиқлар учқундек ҳар томон сочилди. Хирпа, оғир бир юмалаб, белбоғ устида қолди. Ҳолбоқи аввалига ғашғашани бошлаб берган Бобожоннинг хирпасини янчди, охирида эса атлас устида қолган ошиқчаларни жуфтлаб-жуфтлаб сурди. Қийиқ устида ёлғиз ошиқ қолганида шомга азон айтилиб қолди.
Эшитган эшитди уни, эшитмаган хирпасини ошиққа отди. Ошиқ шарақлашига қўшилиб, қиморхона эшиклари ҳам шарақлаб очилди-да, ўн қадар навкар шўру-шайн билан ичкари бостириб келишди.
Йўқ, ўзи эрталаб буюрган эллик даррани бошқалар еган эса-да, Холбоқи-мисгар лақабли Сайид Умархон егани йўқ. Журъат-полвон кору-ҳол қилиб тўрт-беш жароҳатланган навкар орасидан олиб чиқиб кетди Ҳолбоқини.

Мана энди у ўз кутубхонасида Журъат лақабли Муҳаммад Шариф Гулханий билан жулдур жандаларда ўтирар экан: “Ҳолбоқидан гапир, Ҳолбоқидан!” – деган эди, Журъат дағалроқ тожик талаффузида айди: “Андоғ эшитганим борки, одамзод фарзандидин Холбоқи-мисгар деган бир кўкнори бор эрди, намозшом вақтида бировни меҳмонхонасига таом устида ҳозир келибдур. Мардумлар суфрани қуршаб ўлтирурлар эрдилар, шу вақтда азон овози келди. Кишилар айдилар: “Аввал намоз ўқуб, сўнгра таом тановвул қилали. Ҳар ким намоз ўқимаса таом емасун”, – дедилар. Ҳолбоки-мисгар намоз учун ер ўпкани йўқ эрди. Ўрнидин туруб, таҳорат қилиб, намоз ўқуб, сўнгра нарсани маломат қилиб, даржанг бўлуб айтур эрдиким: “Эй, тош кемиргур нафс, мени кўкнори ҳолига боқмай қўлимга совуқ сувни сазовор этиб, рангимни қаҳрабодин ўткариб, ахир намозхон айладинг…” Сиз анга ўхшабсиз. Сазовори нафсингизни битказинг, ё султон амрини”. “Икки суюқлик бир кўнгулга сиғмас” – дебдурлар. Ва яна яхшилар дебдурларким: “Икки кема тутган қолди ғарқоб ичида, чиқмас ул денгиздан бир кема тутмагунча”…
Султон на кулишини, на сўкишини билмай, бир лаҳзага ўйга толди…

* * *
Келиннинг чилласи чиқдию, у отасини кўргани Шаҳрихонга отланди. Дурустки, қўл келиб, Сайид Умархон Сирдарё шикорига кетиш тараддудида, сингиллари Офтоб-ойим эса тўй меҳмондорчиликларини битириб, Шаҳрихондаги уйига қайтаётган эди. Амир Умархон буларга яна уч-тўрт югурдак кампир баробарида ўз тўнғич ўғли Муҳаммад Алихонни, жияни Ҳакимхон-тўрани, ҳамда ўз ишончли навкардаридан кўҳлик Муҳаммад Шарифни қўшиб берди.
Кун совиб, ҳавода булдуруқу, йўлларга қиров тушган, шундан эркаклар пўстину, хотин-халаж эса астарли тўнлару юнг рўмолларга ўралиб олишган. Оғизлардан буғ чиқиб, кўҳлик полвон Гулханий истисно, биронтасининг сўз қотишга ҳам майли йўқ. Пишқирган отлар ҳам арава кутмасдан, тезроқ қизиш учун чопишса. Кампирлар билан аёллар аравада танча қургандек, қалин кўрпа остида айланалаб ўтиришган, йигитлар икки ёнда икки от миниб, аравакаш Муҳаммад Шариф-навкар юрган тезликка ўз булонларини мослашган.
Кун қаҳратон эса-да, чиммат остидаги икки яноғи қип-қизил олмадек Ойхон-пошша барибир ўзининг илк баҳор арава сафарини аччиқ-чучук бир туйғу билан эслайди. Худди арава ўриндиғида кўҳлик тожик Мухаммад Шариф эмасу, унинг суюкли Сайид Қосим-тўраси, ёш иссиқ баданига биқинишган кампирлар эмасу, меҳрибон укалари. Арава ғилдираклари ғичирлайди, худди икки оғир тегирмон тошидек унинг ширин хаёлларини ун қилиб янчади…

Кечау кундуз кетимда шарпа ё жосус назар,
Яккалиғ ҳолимни пойлаб кеча-кундуздек юрур.

Ваҳму-қўркунчим нафасдек чун саёз ўлса, бироқ
Ман қадам босган йўлимнинг кети чексиз лаҳм эрур…

Ойхон-пошша ғазал битса-да, уни қоғозга кўчирмайди, ўз исъёнкор хаёлларидан ҳадиксирайди. Ипга терилган маржондек бу байту мисраларни эл кўзидан йироқ, қўйнида, иссиқ юраги ёнида сақлайди. Хаёллар, хаёллар, хаёллар… кошки сизларга чек бўлса, ё кошки сизлардан наф тегса. Илк баҳордан кеч кузга тушиб қолган йўлдексизлар гўё. Лолазор ўрнида анғиз, гуллаб-яшнаган ўрикзорлар бағрини хазон тўлдирган, кўм-кўк кети кўринмас осмон, пасайиб, қош-қовоғини уйдирган кампир янглиғ, оғир булутлари билан хўмраяди. Арава ғилдираги эса тинимсиз ғичир-ғичир, ғичир-ғичир.

Бешанинг бошоқ ўқидек, тоғу-тошнинг нешидек
Санчилур икки куракка бўшлиқ ичра ваҳми нур…

Аравакаш Муҳаммад Шариф Сайид Қосим-йигитдек ашула айтмайди, у хотин-халажни зериктирмаслик учун йўғон дағал овозида матал айтади. Маталлари ҳам кун атворидек ҳазин:

Бор эди Фарғонада бир сарбон
Теваси бор эрди, туғди ногаҳон.

Аҳлу аёли анинг бас эрди чўҳ,
Озуқадин кулбасида нарса йўқ.

Султоннинг ул тевадин ва ул теванинг бўтасидан бошқа бисоти йўқ экан. Бир кун ул тевани қўмлаб, устига оғир юкларни юклаб, сарбон йўлга чиқибди. Уйда қолган бўта онасидин ажраб ёнибди, ўртанибди. Ёз фасли экан, қумлар ёнар, бироқ онаси кетидан югурган бўтанинг юраги ундан бадтар ўртанар экан. Саҳрода ёлғиз дарахт соясида сарбон тевасини чўктирибди.

Бўтаси бориб эди орқасидин,
Ёнди ҳароратлар яғмасидин.

Юзланиб айди: Ҳоло бераҳм онам,
Куйдию ёндию туташти танам.

Аста-аста юрсанг бўлғай на ғам,
Сийна сутингдан эмайин дам-бадам.

Айди онаси боласига боқиб,
Кўзларининг ёшлари сувдек оқиб:

Кўрки, бурундуқ кишининг қўлида,
Бу кишининг кўзлари ўз йўлида,

Менда агар зарра каби ихтиёр
Бўлса эди бўлмас эдим зери бор…

Бу сўзларни эшитган Ойхон-пошшанинг бирам хўрлиги келиб кетдики, совуқдан ёшлари кўзида қотмаса, чиммат оралаб тўкилармиди.
Гулханийнинг маталлари билан пешинларга Марғилонга кириб боришди. Бу атрофда Муҳаммад Шарифни танимаган одам йўқ экан чамаси, бари: “Бир пиёла чой қилайлик, кириб ўтмайсизми?” – деб, ўзлариникига қисташди. Булардан тузукроғини танлаб, унинг қўшига тушдилар, пешинни ўқиб, чой-пой қилишди-да, сўнг, дамланган ошни кутмай, йўлларида давом этишди.
Марғилондан ўн-ўн беш чақирим наридаги Араб-мозор деган ерга етиб қолишганида, осмоннинг авзои янада бузулиб Мадалихон-шаҳзода отидан тушиб, отининг тизгинини аравага боғлади-да, ўзи: “Тўнгдим!” – дея, хотинларнинг орасига, кўрпа остига кирди.
Ойхон-пошша қараса, у нуқул кўрпа остида ўз оёқларини унинг оёқларига текказиб, кўзларини олиб қочгани қочган. Аввалига ўгай ўғлининг ўгай онасига эркаланишидир деган хаёлга борди у, бироқ оёқларини чирмаштиришида алланечук хирсни сезиши биланоқ, Ойхон-пошша аравакаш Муҳаммад Шарифга хитоб этиб, аравани тўхтатди-да, “Энди отга мен минай!” – деб, Ҳакимхон-тўра ёрдамида Мадалихоннинг булонига мингашди. От ҳам арава кетидан судралиб зериккан эканми, шаталоқ отиб, олға чопди. Ҳакимхон-тўра ҳам бўш келмай ўз отини қамчилади. Қоши қорая бошлаган кун ичида улар тезда кўздан ғойиб бўлишди. Муҳаммад Шариф ҳам аравасини авайлаброқ чоптирган эди, Араб-мозорга етиши биланоқ ўнг ғилдиракнинг икки кегайи узулиб тушди.
Хайриятки бу қишлоқда ҳам Муҳаммад Шариф-навкарни таниганлар бор экан. Чой узатиш асносида ғилдирак парралари ҳам тузатилди, аммо Ойхон-пошша билан Ҳакимхон-тўранинг қоралари учиб бўлганди. Ғира-ширада Найман деган ерга етиб олайлик, ўша ерда тунаб қоламиз, – деди Муҳаммад Шариф. Аммо у ерга етишса, на анови икки суворийдан хабар, на уларни кўрганлардан. Майлига, қодир Худо улуғ, адашган бўлишса-да, йўл ёлғиз, ахир бу ерга келиб қолишар деб, қишлоқ оқсоқолиникида тунаб қолишди.
Энди ҳикояни Ойхон-пошша билан Ҳакимхон-тўрадан эшитайлик. Булар аравадан узилган чоғ, орқага қарамасдан бирин-кетин от чоптиришда давом эттираверишибди. Ойхон-пошша ниҳоят эркинлик туйғусини қоронғу ичидан озод этиб, бу туйғуга маст, совуқ ҳавода ўт бўлиб елса, Ҳакимхон-тўра “қиз қувди” дан сархуш бўлиб, янгасининг кетидан қолмайди. Бироз чопгач, аксига олиб, осмонни қора булутлар қуюни қоплабдию, бутун оламни қоронғулик босибди. Бу шабгун зимзиёликда кўрингани – фақат чопган отнинг ҳилпираган ёйи бўлибди. Бирдан қор учқунлаб шамол увиллай бошлабди. Атроф – чангалзор, ёлғиз оёқ йўл ҳам кўринар-кўринмас ҳолатга келибди. Ким ваҳимага тушибди – ёш йигитча Ҳакимхон-тўра. “Орқага қайтайлик!” – деб ялинибди, ёлворибди, лекин янгаси ҳеч тўхтамай, отини шитоб ила олға чоптираверипти.
Иттифоқо, ўша дам совуқ ҳавога дош беролмай отлар ҳам ўпкасини тўлдиришибди-да, хансираб-хансираб тўхташибди. Ҳакимхон-тўра ҳар иккала отни шамширининг дастасига оёғидан қаттиқ боғлабди. Янга бошлаб, қийргунликда буларнинг иккаласи тош лавҳаси оралиғига кириб, ширин жонларидан қўл ювганича, ўлимларини кутиб ўтиришибди. Ҳар дамда буларнинг икки гўшига ажал хабари музлик зимистони томондан ва ваҳимали товушлар чангалзор тарафидан етаркан. Даррандалар наъраси, уларнинг ваҳшийларча ўкиришлари қулоқларига чалинибди. Феълан, булар биқиниб ўтирган ердан бир гала тўнғизу қобонлар ўтиб қолишибди. Улар отларни кўргач, ҳуркканидан шундай чийиллашиб югуришибдики, уларнинг оёғи остида қолган неки бор бўлса, ер билан яксон бўлиб янчилибди. Юрак-пураги чиқиб кетган Ҳакимхон-тўра янгасининг пинжига кириб олиб, жон ҳолатда “Ло ҳавла”ни ўқибди. Отларнинг ўпкалари пўсгач, Ойхон–пошша яна отга минибдию, узоқдаги жинчироқларга чоптирипти. Униси арава тўхтаган Найман қишлоқ экан…

Абдулланинг бехоб кўзларига худди ўша жинчироқлар кўриндию, қамоқхона оқсоқоли буйруғи билан ойқора ётган барча маҳбус бошқа ёнига ўгирилар чоғи, бу уч саҳнадан қай бирини қиссага олишини билмай, у ҳам тескари ёнига ағдарилди.




Манбъа: http://hamidismailov.com/wordpress/
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (17.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 1086 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0