Пайшанба, 19.09.2024, 12:55
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (II фасл) 10кун
Абдулҳамид Исмоил
Булар ҳақида айтиб берсамикан маҳбусларга Абдулла? Тушунишармикан? Ё бир бошидан “Минг бир кеча” тарзида ҳикоя қилсами? Баҳонада ҳануз ёзилмаган саҳналар ҳам шаклга тушармиди… Зийрак Муборак Абдулланинг атрофидаги суҳбатларга қизиқиб, қулоқ тутганини пайқади-да:
- Ако-Абдулло, сизне қайсе гуноҳ илан муттаҳам қилишде? – деб, гапга тортди.
- Қайдам? – деди Абдулла. – Тепадагилар билишса керак. Вақти соати келиб айтишар… Сиз-чи? – деб, сўраган эди Абдулла, лекин бу пайт маҳбуслар билан олди-бердисини битириб бўлган қизғиш соқолли “оқсоқол” Журъат-ака буларга яқинлашди-да:
- Қани, қул болани чичкани дам олгани деб, сиз билан ҳам бир гаплашайлик-чи, – дея, орадаги суҳбатни бўлди. – Ёзувчиман денг? Ўқимаган эканмиз. “Шум бола” деган китобни ўқиганман. Зап ёзган ўша одам… Абдулла бир нарса деганни “Ўғри” китобини ўқиганман… Ҳа, бояда отингизни Абдулла дедингиз шекилли? “Ўғри”ни сиз ёзмаганмисиз,
- Йўқ, уни Абдулла Қаҳҳор дегани ёзган…
- Билмадим, ёзишларингиз уларга етадимию, барибир тўнингиз яхши экан…
Охирги гапини Журъат-оқсоқол чалғитиш учунми, ё Абдулланинг кўнглини кўтариш учунми, ё боринг-ки, Абдулла тўнини ечиб, унга топшириши учунми айтди, бироқ Абдулланинг хотирига Насруллоҳ-хон давридан бир латифа келиб қолдию, у беҳосдан кулиб:
- Бир подшоҳ эски пайтда урилиб-сурилиб тахтидан ажрабди-да, сарсон-саргардон бўлиб, бир кун Самарқандга кириб борибди. Қўлида на пули, на моли, бор бисоти – бир эски чопони экан. Ноилож ўша чопонини сотишга бозорга борибди. Ҳеч харидор топилмасмиш. Ниҳоят, деярли текин баҳода, аниқроғи чорак дирҳамга чопонини сотибди-да, бу пулга амаллаб қорнини тўйғазибди. Эртасига ўша бозор атрофида юрса, кечаги харидор уни ушлаб олибди-да, “Чопонингни айби бор экан, кечаги савдони бекор қиламан, олмайман!” – деб, дағдаға қила бошлабди. “Айби нима экан?” – деб сўраса шоҳ, ҳалиги одам: “Бутун дунёнинг бити шу чопон ичига йиғилган экан. Кечаси танимда бир мисқол ҳам соғлом эт қолмади, ямлаб ей дейишди!” – деган экан.
Шунга ўхшаб бизнинг тўнимизнинг ҳам айби ўзи билан… – деб, табассум ила битирди ҳикоясини Абдулла.
- Э, қойиле! Тан бердим! – деди Журъат-қизилсоқол. – Сиз бу ерда оёқ ости бўлиб, ивирсиб ётманг, ёнимга кўчасиз. Биз қимор ўйнаганда чўпчаклардан қулоғимга қуясиз, – деди оқсоқол ва чўнтагидаги ошиқларни шарақлатганча, Абдулланинг тўшагини тўрга, унинг ёнига ёзишни буюрди.
Шу дамда бошқа бурчакда икки маҳбус алланарсани бўлишолмай жиғиллашиб қолишганди, оқсоқол олов олиб кетмаслигидан аввал уларни босгани шошди.
Фурсатдан фойдаланиб, Муборак узилган суҳбатни ямагандек:
- Насруллохон давредан гапурдингизме? Биз ҳам ўша даврдан бисёр кўб ўқигон. Айнеқса инглизи кетоб… Ишпиёнларде… – деб қолди.
- Йўғ-е! – деб, ҳайрон бўлганиними, ё ҳайратда қолганини яширолмади Абдулла. – Мен ўша давр ҳақида китоб ёзаётган эдим…
- Унда сиз ман било гапурушингиз лозем, – деб, қувларча кўзини қисиб қўйди Муборак. – Тўшакни тўрга ёзаверай, дэл ҳаминжо қолса бас… Пурсеш бердингиз бизне муттаҳамлик чи, деб. Биз инглиз ишпиёне…
Ажаб, қандай одамлар учрайдия қамоқда…
Абдулла оқсоқол Журъатнинг жағиллашганлар орасида қозилик қилаётганини кўрди-да, Муборак кетидан тўрга чиқиб боришга ботинмади. Кейинроқ бир гап бўлар деб, Содиқ томон қайрилди. Содиқ нариги ёнидаги маҳбус билан гаплашарди. Абдулла қулоқ тутса, нариги томондаги одамнинг шеваси ғалатироқ, бунақа шевалик одамни Абдулла Ўзбекистон сафарларида учратмаганди.
- Мақсад, мўтарвонни тутиб, шипилла гузориши ҳадди мамолик қилинса…
Қамоқда бировнинг суҳбатига беруҳсат қулоқ солиш у ёқда турсин, бировга назар ташлаш қамоқ одобидан эмас. “Бақрайма! Очиб қўйиптими!” – деб, урворишлари ҳам ҳеч гап эмас, шунда Абдулла ҳам номига йўталиб қўйди. Содиқ у томон ўгирилди: “Домла, манови қўшнивуза Афганистонлик муллаладан. Термизу Бухорога зиёрат учун келганаканла, қўлга тушип қоптила” – деб, ҳамма қатори бесочу бесоқол муллани таништирди. Э-ҳа, Афғонистонлик ўзбеклардан денг…
Абдулланинг ўзи яратган бир ўйини бўлган эди. Трамвайми, автобусда шаҳар марказигами, ё шаҳар марказидан Ҳадра томон уйига кетаётганида йўловчиларнинг юзларига қараб, уларни турли даврларга солиб боқарди. Манови бақалоқ хомсемизроқ киши Насруллоҳон Аркида қози калон бўлармиди, анови патила сочли жиккаккина аёл Нодирабегим ҳарамида дастурхончилар маъмураси бўлишга ярарди. Трамвайнинг шоп мўйлов ҳайдовчиси аравакашликка эмас, қассобликка мосроқ, чипта текшириб юрган бежо кўзли эркак эса Хўқанд бозорида паттачи эмас, ўлпончи эмас, киссавурликка лойиқ эди… Кимдир, ўзи билмаган ҳолда, шоирлик мартабасига кўтарилар, бошқаси қўлтиғида попкаси билан, ўзининг жаллодлигидан бехабар, Бозормачит бекатида тушиб қоларди.
Ана шу ўйинини эслади шу тобда Абдулла. Ўлиб қолсаям бу афғон мулласида афғон мулласини танимасди. Кўп бўлса Бухоро зиндонида оёғига ғул солинган тутқун деб билармиди…
Абдулла мулло билан қўл бериб кўришди.
- Ассалому алайкум, қандоқсиз, жонингиз журми? – деб, кўришиб кетди мулла.
¬- Була бзани улув ёзувчиларимиза-те! – деб қўшиб қўйди ўзидан Содиқ.
- Баҳ-бах-баҳ! – деди, тиржайганича мулла, – Тасаддуғинг кетай аҳли ёзғучидин, шоядки бизнинг воқеатимиздин огоҳ ўлуб тазкираи масоиллардан ёзсалар… Бул сари шўрангезимизга Дўстмуҳаммад подшоҳнинг бошиға тушмаган балолар ёғилиптур, ани айтишга тил ожиз ва дил пурхундир…
- Сиз Дўстмуҳаммад-подшоҳнинг тарихидан бохабармисиз? – деб сўради ҳайратда Абдулла.
- Наинки бохабар ва лекин ул зоти забунвашнинг авлодидин эрурмиз…
- Демакки, Дўстмуҳамад-подшоҳ тахтидан қулаб, Бухоро амири Насруллоҳ-хоннинг олдига келганини эшитган бўлсангиз керак?
- Йўқса-чи! Ўзим ҳам ул роҳигузаронлик кетидан бу ҳолати нофаржомга тушубман… Айтиб берайму?
Абдулла “Ҳа” дейишга улгурмади, чунки шу топда Муборак унинг енгидан тортиб: “Ахсоқол олдега чағуряпти!” – деб, мулло билан келишишга ҳам қўймасдан, Абдуллани қамоқхона тўрига бошлади.

* * *

Журъат оқсоқол икки қават ёстиқни қўлтиғига қўйиб, ёнбошлаб майкачан ётарди. Бармоқлари орасида икки хирпаланган кичик ошиқ шақилаб ўйнар, у Абдуллага ўзининг ўнг ёнидан жой кўрсатди-да, Муборакка буюрди.
- Ёзувчига ҳаммани танитиш керак. Ёзувчи ўз қаҳрамонларини билсин. Битар ишнинг бошига, яхши келур қошига, деб қўйибди. Бирма-бир опкел қаҳрамонларингни!
Муборак узоқдагилардан бошлади. Ҳар кимни у биттама-битта тўрга бошлар, келган одам отини ва нима учун қамалганини айтар, Журъат-оқсоқол эса ҳар бирига икки оғиз шарҳ бериб қўярди.
- Фалончи Фистончиев, Ўзбекистон Жиноий кодексининг 150-нчи моддаси, порахўрликда воситачилик. – Унга оқсоқол: “Бор мақтанса топилар, йўқ мақтанса чочилар” – деб қўяр, Фалончи ғунда баданини таъзимга эголмай, қорин устидан бош эгиб таъзим қилиб қўярди-да, оқсоқол имоси билан орқасига қайтарди.
- Фистончи Фалончиев, Ўзбекистон Жиноий кодексининг 233-нчи моддаси, алдаш ва ишончдан суистеъмол қилиш. “Ёлғон масал турмас!” – деб, чўрт кесиб қўярди Журъат. Фистончи Фалончиев мақолнинг маъносига етмасдан, айёр кўзларини табассумга бўяб, юзларини бужмайтирарди.
- Фалонбой Фалонбоев, – кўзини ёғ босган бу маҳбус ўзининг моддасини айтар экан – 150-нчи, порахўрликка кўндириш, – Журъат, ижирғаниб: “Харомзоданинг қуйруғи бир тутам!” – деб қўлини силтар, Фалонбоев эса: “Озодликда бўлсак, сени нима қилишимни хўп билардим-а!” – дегандек, тилла тишларини ғичирлатар ва салқи юзини буруштирганича кетига қайтарди.
Бироқ таништирувга келганларнинг энг кўпи битта моддани турлаб-турлаб айтар, 1926-нчи йил қабул қилинган Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 66-нчи моддасини. Бири 66-нчи модданинг 12-нчи бандини – контрреволюцион ҳаракат жинояти ҳақидаги хабарни тегишли органларга еткизмаслик ҳақида сўзласа, иккинчиси айни шу модданинг 10-нчи бандини эсларди – контрреволюцион ташвиқоту тарғибот. Буларга Журъат-оқсоқол аллақандай ўкинч билан: “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга!”, ё “Эсинг борида этагингни ёп!” – деб қўяқоларди.
Бирма-бир эллик-олтмиш одамнинг бари буларнинг кўзи олдидан ўтди. Бирови: “Ким экан бу янги ўнгқўл вазир?” – деб тиржайди, бошқаси қўғирчоқбоз бу одатдан нолиб, тумтайгандек бўлди, яна бириси “Бошга тушганни кўз кўрар” – дегандек, ўз хаёлида келдию, ўз хаёлида қайтди. Буларнинг тинимсиз ҳаракатларидан бижиқ хаво янада чучмаллашиб, бижғиган олманинг ҳидида қотди. Ахир олиб келадиган инсон қолмасдан Муборакнинг ўзи буларга яқинлашиб:
- Муборак Кўхонуфф, 66-нче модда, 6-нче банд, ишпиёнчилик, – деб қўя қолди.
- Шестёркаларни шестёркаси бўлиб кет-э, ишпион, – деб, гап отди Журъат-оқсоқол. 666 дегин-а! Яшавор-э! Қўй кўрмаган эсак-да, қий кўрган эдук, – дегин. Айрон тилаб келган бўлсанг челагингни яширма, айт, кимларга ишпиёнчилик қилдинг?…
- Акамулло, сиз беласизку, мен ҳеч қандай ишпиён. Аҳле Мусо қидируб Энглистон тушуб қолдук. Бизнинг бўюнга инаш маломат қўйилибтур.
- Уруғингдан топдингми ахир у ерда?
- Ҳарчандке топдум. Бисёр сарватманду хейли донешманд. Дар барое Бухоро кетоб-кетоб ёзуптурлар. Ўзум ўқудум…
- Ке, минг қарғага бир кесак, сен биланам бир ошиқ ўйнайлик. Ошиқ ўйнашни биласанми ўзи?
- Қанэ, намойшта бино қилай-че…
Абдулла бу суҳбатга қизиқиш билан қулоқ осса-да, анави бижиғ ҳиднинг бу ердаги чидаб бўлмас қўлансалигиданми, ё шунча ночор инсонни юзма-юз кўрганиданми, ва ёйнки ўша намойишнинг ясама ва ғайриинсоний табиатидинми, бехосдан ўқчий бошлади.
- Мен яхшиси эшик тагида ётсам, ҳаво етишмаяпти менга… – деб, оқсоқолга боққан эди, Журъат-қизилқсоқол ҳам ёзувчининг бўзариб кетган юзига назар ташлади-да: “Яхшилик қил, сувга сол, сув билмаса балиқ билур, балиқ билмаса ҳолиқ билур…” – деди-ю, Муборакка: “Эски жойига еталаб қўй!” – деб буюрди.

Жаҳон ганжига шоҳ эрур аждаҳо,
Ки ўтлар сочар қаҳр ҳангомида.
Анинг коми бирла тирилмоқ эрур
Маош айламак аждаҳо комида…

деб ўйлади ўзича Абдулла, елвизак исли эски жойига қайтар экан.

* * *

Ана шу ҳангомаларда тушлик овқати ҳам тортилди. Бу сафар овқатни тарқатишда Винокуровнинг ўзи бош-қош бўлиб турди. Абдулла уни кўриши билан кўзларига қон урди, кўнглида кўп кунлаб йиғилган интиқом ҳиси Абдулланинг бақувват муштларида тугилгандек эди. Ҳозир Винокуров у томонга қараса борми, кўз тўқнашадию, Абдулла бутун йигитлик шаънини бир ҳамлага йиғиб, ярамаснинг бўғзига ёпишади… Бироқ Винокуров бировга қараш тугул, икки бидонни ғалтак аравада олиб келган икки аскар панасида туриб, Журъат-оқсоқолни ўзига имларди. Журъат-оқсоқол ортиқча қисталангсиз Винокуровнинг олдига келдию, улар бир нарсаларни ўзаро шивирлашиб, Винокуров бирданига думи тугилган итдек тисарилиб-тисарилиб, қамоқхона эшигидан чиқиб кетди. Абдулланинг қасоси ҳам фақат тугилган муштлардаю, қисилган нафасда қолди холос.
Нималарни гаплашишди улар қизилсоқол Журъат билан? Оқсоқолнинг ўзидан сўрасамикан? Ё орада аллақандай фитналар бормикан? Маълумки, икки киши бор жойда учинчиси фитнага аралашади. Бу ерда эса икки эмас, олтмиш икки инсон баҳор чаёнидек бир идишга тиқилган бўлса…

Фитна… фитна… фитна… Амир Умархон етти қават кўрпачада бедана патига тўлдирилган болишларга ёнбошлаб ётар экан, унинг ўнгида қисилиб ўтирган Қурама вилоятининг ҳокими Эрназар вилоятидан йиғилган ўлпонлар ҳақида гапирарди:
- Олампаноҳим, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бироқ бириси куни ўлпончилар вилоят чекароғидан қайтиб келишаётса, йўлида икки шубҳали кимса учраб қолибди. “Кимсан, бу ерда нима қилиб юрибсан?” – деб суриштира бошлаган экан, иккаласи қирчанғи отларига қамчи уриб қочишибди. Ўлпончилар ҳам бўш келмай кетидан қувиб, ахир қўлга олишибди. Уларнинг қўйнидан мана бу хат чиқибди. Хумоюн отингизни кўрибоқ, хатни, ўқимай, сизга олиб келдим, олампаноҳим.
Амир Умархон узатилган хатни ишонқирамайроқ қўлига олди, лекин хат узра кўз югуртирар экан, қошлари хуркайиб, кўзлари олайиб, муштлари тугулиб борди.
- Бачағар! – деди у. Кейин, хатни икки буклаб, жайбига солди-да, Эрназарга бош ирғаб:
Бори шуми? – деб сўради.
- Олампаноҳим, хатда нималар ёзилганини билмадиму, анавиларни исканжага олишса, хат ёзган одам булардан ташқари яна иккита одамни қирғизларнинг орасига, Норбутабийнинг ўғилларига ҳам юборган экан…
- Тутганларни нима қилдинг? – деб тишини ғичирлатди Умархон.
- Яна бир қошиқ қонимдан кечинг, олампаноҳим. Зиндонга солган эдим, зиндондан қочишмоқчи бўлишганида тунқотарларим иккисини-да чопиб қўйибди…
- Аттанг! – деди Амир Умархон ва муштумини бедана пати тиқилган болишга тушурди. Болиш “пўп!” этиб, шаклини ўзгартирди.
- Сен энди кетавер. Бу ёғини ўзим ҳал этаман! – деди Умархон. – Аммо зийраклигингни йўқотма. Чегараларингга кўпроқ одам қўй. Кимни тутсанг менга келтир!
Эрназар: “Хўп бўлади!” – дея, тисарилиб-тисарилиб, бўйини юқори кўтармаганича, хосхонадан ғойиб бўлди.
Қопинган Амир бирор лаҳза ўйланди-да, қарсак урди. Қўшни хонадан соқчиларнинг бири югуриб чиқди.
- Мадали билан Ҳаким-тўрани чақир! – деб буюрди Умархон.
Соқчи Амирнинг ўғлию, жиянини қидиргани чопиб кетди.
Бироздан сўнг йигитларнинг иккаласи Амирнинг ҳузури олийларига таъзим ила кириб келишди.
- Мана буни ўқи! – деб Амир бир парча қоғозни жияни Ҳакимхон-тўрага тутқазди.
Ҳакимхон “Бисмилло” деб, ўқишга киришди.

“1232-хижрия санаси Ражаб ойининг биринчи куни.
Етиб маълум бўлсинким, алҳамдулиллоҳ биз дуогўй дўсти қадрдонимиз дуои жонингизни ва саломингизни қилиб, сояи тақдиру-тадбир остида ҳаргиз соғ-саломат юрубмиз…”
- Охирини ўқи! – деб, тоқатсизланди Умархон.
Ҳакимхон-тўра, бир узулиб, хатнинг пастроқ қисмига боқди ва ниҳоят керакли жойини топди шекилли қайта бошлади:
“Айшу-ишрат ботқоғига ботган, даррандаю парранда қатори хотин-қизни шикори номашруъ қилаётган Умаршоҳнинг тиғи зулми халқимизнинг қаро қонига беланиб…”
- Тубан! – деб, ҳайқирди подшоҳ. Ҳакимхон-тўра ушмундоқ хитобнинг хатгами, хат ёзғучисига тааллуқлигини билмасдан, бир дамга сўзсизланди-да, башарти эҳтиёт бир нарсаларни пичирлаб, кўзини яна қуйироққа югуртирди.
“Вақти интиқом пишиб етди. Жирғатол қирғизларини ҳозирлаб, шай бўлиб турунг. Қорачопонликлар қипчоғу қирғизни бирдек қириш тараддудида эканлигини аларға билдиринг. Қоратегин халқини ҳам унданг. Қишқа яна бир ўлпон солинармиш денг. Иншаоллоҳ ошиқларимиз олчи тушуб, вали неъматингиздан сизларга мерос бўлиб қолғон Хўқанд тахти ул бедаво остида қулаб, қайта Олимхон авлодига насиб айлағай.
Аддои хайриҳоҳингиз Ражаб-девонбеги…”
- Аблаҳ! – деб юборди шу ерда Мадали.
- Сотқин! – деб, қўшиб қўйди хатни Умаршохга ихтиёрсиз қайтарар экан, Ҳакимхон-тўра.
- Чоғир! – деб бақирди буларга тескари Умаршоҳ.
Соқчилардан бири хумча тўла май олиб чиқиб, уни косага қуйди. Амир бир нафасда уни сипқарди.
- Сен бориб Ражабни топ! – деб буюрди у ўғли Мадалига, ҳўл мўйлабларини енги билан артар экан. Мадали югуриб ташқарига чиқиб кетди.
- Қуй! – деб, косасини жияни Ҳакимхон-тўрага узатди Амирул-муслимийн. Ҳакимхон-тўра хумчани косага бўшатар экан, Умархон унга:
- Ит Ражаб келса, мендин бохабар бўлиб тургин! – деб, қўшиб қўйди-да, косани қулт-қулт ичига ағдарди.
Ҳадемай Мадали ўнгида ҳаллослаб, Ражаб девонбеги кириб келди. Кириб келдию, тиз чўкди. Чўккалаб Амирга таъзим қилди:
- Буюрган экансиз, олампаноҳим…
Умаршоҳ тунд бир ҳолатда унга бояги хатни узатди-да:
- Ўқи буни! – деб ўшқирди.
Ражаб-девонбеги, ҳеч нарсадан хабари йўқдек, бояги мактубни ўқишга тушди. “Ёвузлик саҳросининг тикани, залолат вайронасининг бойўғлиси бўлмиш беҳосил Умархон …” – деган жойига етгач, тутилиб:
- Йўқ, бу каби қабиҳ сўзларни мен ўқиёлмайман, олампаноҳим! – деб туриб олди.
- Муҳрига қара! Муҳри сеникими?! – деб ҳайқирди Умархон. Ражаб-девонбеги хатнинг туб қисмига боқди-да, бирданига унинг бўртинган юзларига қон уриб:
- Илло-билло бу туҳмату фитна! – деб, хитоб этди ва – Худо урсин, агарда! – дея, қасам ичишга тушиб кетди у.
- Имзонг сеники-а! – дея, енгилмади Умархон.
Бунисига Ражаб-девонбеги байт билан жавоб берди:

Машнав суҳани ҳар кас ва бишнав суҳани ман,
Ки арбоби ғараз рост ба ҳар боб суҳанҳо.

Ҳар кимнинг гапига кираверма, мен ҳақимда мендан эшит,
Ғараз аҳлининг сўзи исталган борада бўлиши мумкин.

Тортишув яна бир қанча вақт давом этди. Умаршоҳ у деса, вазири бу деди, Ражаб-девонбеги айбсизман деса, подшоҳи – айбсиз Парвардигор, деб айтди. Ахир Амир вазирига ишонгандек бўлди, эгнидан зарчопонини ечиб, Мадалию Ҳакимхон-тўра ўнгида Ражаб- қушбегининг гарданига ёпди. Ражаб-қушбеги ўзида йўқ хурсанд бўлиб бу инъомнию, инъомдан ортиқ афуни қабул этди, сўнг олампаноҳидан ижозат олиб уйига кетди.
Уни чиқариб юборгач, Умархон ўғлинию жиянини карвонсаройга юбориб, Қурама вилоятининг ҳокими Эрназарни зудлик билан топиб келишни буюрдию, ўзи оғир бошини бедана патидан ясалган болишга ташлади.
Амир бу қитдай мизғишда қанча вақт ўтказганини билмадик. Йигитлар Эрназар-ҳокимни карвонсарой тугул, аллақайси зиёфатдан топиб, саройга етаклаб келгач, Амир Умархон ўғлию жиянини чиқариб юбориб, ҳоким Эрназар билан нималарни сирлашганини ҳам билмадик.
Билганимиз – Амирнинг фармони олийлари билан Эрназарни Қурама вилояти ҳокимлигидан озод этиб, унга Тўрақўрғон ва Наманган вилояти берилганида, Ражаб-қушбеги янги ҳокимни бу икки ҳокимиятига ўтказиб келадиган бўлди.
Йўлда Сайхун дарёсидан кечиб, Ахси мавзеида қўш ташлашган чоғи, тун ярмида Эрназарнинг тўрт жаллоди Ражаб-қушбегини милтиқ пилтаси билан бўғиб ўлдириб, жасадини қопга солишдию, Сайхун дарёсининг лойқа сувларига ташлашди.

Бу саҳналар Абдулланинг миясида ажиб бир тезлик билан кечиб, улардан қолган хазанак – Винокуровнинг Журъат-қизилсоқол билан шипшиташи эмас, балки ўзининг уйга, Раҳбар-бонуга ёзмоқчи бўлган хати юракда жиз этдию, бироқ аллақандай ваҳимага йўғрилган бу хаёл ҳам кечдию-ўчди…
Тушлик овқатини кавшаш давом этарди…




Манбъа: http://hamidismailov.com/wordpress/
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (19.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 1088 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0