Пайшанба, 19.09.2024, 22:07
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (II фасл) 9 кун
Абдулҳамид ИСМОИЛ
Эрталаб “Подъем!” буйруғи билан ҳамма ёппасига турганда, Абдулла атрофига қараб элликдан ортиқ инсонни кўрди. Боғбончилик йиллари у бир неча ёз ари боқмаганмиди, нақд асаларининг уясидек тиқилинч эди бу ҳона. Эски қамоғида ҳам бу қадар бўлмаса-да, йигирма қадар инсон бир хонада ўтирган, уларнинг орасида кимдир оқсоқоллик қилмаса на ювунишнинг, на сийишнинг, на овқат ейишнинг, на ухлашнинг тартиби бўлади. Бу уяда ҳам қизғиш соқолроқ йўғон оқсоқол дўқ-давара билан маҳбусларнин аввал яқин бурчакдаги пақирга сийишга, сўнг эса ювинишга навбатларни белгиларди. Гал ғундароқ Муборакдан сўнг Абдуллага етганда, оқсоқол дағдаға билан:
- Сен кимсан?! Нега менинг хабарим йўқ? – деб ўшқирди.
Абдулла жавоб учун оғзини жуфтланган эди, орқасидаги майдароқ Содиқ:
- Булар ўзбекнинг котта ёзувчилари бўлади! – деб, Муборакнинг кечаги гапини қилди. – Ярим тунда опкелишти, сиззи уйғотишка ботинмадув, Журъат-ока, – деб қўшиб қўйди у.
- Отинг нима? – деб, дағал эса-да, сал юмшоқроқ сўради Журъат-қизилсоқол.
Унинг отига, бўйи-бастига ҳайрон бўлиб ўтирган Абдулла ҳамманинг ўзига боққан нигоҳларидан уялиброқ айтди:
- Абдулла…
- Э, бу Абдулла Қодирий-ку! – деб қолишди икки-уч ёндан.
- Орамизда шоиримиз бор эди, Чўлпон дегани, энди сени ҳам оқартувга жўнатишибди-да, – деб ачиндими, ё заҳарханда қилди Журъат-полвон. – Майли, чўпчакларингдан ҳали айтарсан, ҳозирча кел, ичингни бўшатвол.
Абдулла ҳамманинг назари остида бурчак томон ўтиб бораркан, ўтган қамоғидан олиб чиққан тўқимаси – Тошпўлат тажангни эслаб қўйди. Бунисидан ҳам зап Намоз-ўғри чиқса ажаб эмас… Бадя олдига етиб ҳам борди-да, лекин гардани билан анови ниқталган нигоҳлар юкини сезди-да, аввалига шимининг пешчокидаги тугмаларини ечишга қўли бормади, кетида яна қанча одам заҳартанг бўлганини ўйлагач, тугмаларини ечдию, пешоби ҳеч келмади. Хаёлларини чалғитишга уринди, шифтга қаради… Кейин ўйлаб боқса, хона оқсоқоли ҳам буни сезган чамаси, ўша пайт бировнинг кўйлагини сочиқ қилиб юзу-қўлини артаётган бир маҳбусни кўриб қолиб, дўна-дўна ўшқириб кетди. Ҳамманинг диққати бошқа бурчакка чалғиб, Абдулла ҳам қовуғини бўшатиб олди. Таҳорат ололмадию, юз-қўлини яхшилаб ювиб, ҳўл бармоқлари билан маҳсисига яширинча маҳс тортиб қўйди. “Худонинг ўзи кечирсин!”
Ўрнига қайтиб, Муборак билан салом-алик қилди. Муборакнинг талаффузидан унинг Бухорои эканлиги сезилар, лекин бунинг устига Абдулла билмаган шеванинг ҳам асорати теккандек эди. Бироқ Абдулла юз хотир қилиб, ҳеч нарса суриштиргани йўқ. Содиқ ҳам ювиниб, ўрнига қайтди. У билан ҳам салом-алик қилиб, Абдулла Чўлпон ҳақида сўради. Буларнинг иккаласи ҳам елка қисиб қўйишди: “Қайдам, биздан аввал ўтирган бўлса керак”. Абдулла зимдан атрофдагиларга қараб чиқди, қамоқхонадаги ғира-шираликданми, ё боя айтганидек – арининг уяси тинмай ғимирлашиданми, биронта таниш юз топгани йўқ. Буларнинг орасида боягинда “Абдулла Қодирий” деганлари ким экан? Наҳотки танишса, ё ўқишган бўлишса? Абдулланинг ғужғон хаёллари ҳам арининг уясидек яна тўзиди. Йўқ, бозор ё издиҳомни эмас, Чўлпоннинг номи тилга олинганиданми, бу ғала-ғувурга қараб мушоирани ўйлади Абдулла.

Сайид Умаршох саройида мушоира дабдаба билан ўтарди. Ову-шикорни яхши кўрган подшоҳ, шоирларнинг йиғинидан ҳам ўлжа олгудек, аввалига бошқаларни пойлар, дўнглик кетида писиб ётган овчи янглиғ фақат кўз-қулоқ бўлар, кимдир товушқон, кимдир тустовуқ отганидан бир навъ қаноат ҳосил қилар, чунки унинг кутгани йирикроқ дарранда – ё шер, ё сиртлон бўларди. Шеърнинг шери ё сиртлонини пойлар экан, Умархон, ёҳуд, тўғрироғи Амирий, атрофдаги шуарои фузалони вақти-бевақт гиж-гижлагандек ҳам бўларди. Оҳирги сафар у мушоира бошланишидан аввал Зулфиқор, Сайфиддин, Содиқ ва Қулмуҳаммад отли тўрт косагул йигитни бир қаторга тизиб саройнинг маликул-шуароси Мавлоно Фазлий кириб келганида унга: “Бул гул руҳларга бир муносиб сўз айтинг!” – деган эди, Мавлоно дафъатдан:

Тилим гўё бараҳна Зулфиқори наъти Аҳмаддур,
Кесарга риштам ботилни Сайфиддин мушаддаддур.
Етушса муниси Содиқ ҳама Козиб бўлур барҳам,
Ҳама олам умид эткучи яхши Қулмуҳаммаддур! -

деб айтди. Ул хонга манзур бўлиб, эгнидаги беш юз тиллолик пўстинини дарҳол ечиб, Мавлоно Фазлийнинг елкасига ёпти. Буни кўрган шоирлар бири биридан ўзаман деб, хон шаънига қасидалар, рубойилар айтиб кетишди.
Биринчи бўлиб Мавлоно Хозиқ ўз рубоийсини айтди:

Чун ёфт жаҳон ба асри вай тўйи дигар,
Жамжоҳи жаҳон сурё ба сад зийнату фарр,
Сар кард ба шаҳзода ки шуд базм ҳама,
Жўши тараби жоми майи шоҳ Умар.

Ҳамма Мавлоно Ҳозиқийга тасаннолар айтди. Умархон эса ширинсуҳан шоирга кумуш жабдуқли отини ҳадъя қилди. Бу отни кўрган Бухоро амири Ҳайдарнинг укаси Амир Ҳусайн форсий забонни бир чекага қўйиб, соф туркийда қасидасини ўқиди.

Гарчи кўп кездук жаҳонда хору зору дарбадар,
Тобтук ахир боргоҳи ҳазрати Султон Умар.
Риштаи иҳлос ила ҳизматга боғлабмиз камар,
Шукри лиллоҳ қилди бизга лутфу шафқатдин назар.
Шоҳ бизнинг шоҳимиз, султон бизи султонимиз,
Давр бизнинг давримиз, даврон бизи давронимиз…

Амир Умархон Амир Ҳусайнни қучоқлаб, девонбеги ўрнига ўтказди, фахрий инъом либосини тортиқ қилди. Қасидалар шарақлаб ўқилди, туҳфаю армуғонлар ширинқаламлар аро улашилди. Хонсалару дастархончилар лазиз таомларни тарқатишди, соқию косагуллар жом-жом шаробу май узатишди. Муғаннийлару машшоқлар майин нағма таратишди.
Базм авжига чиққанда маликул-шуаро Мавлоно Фазлий Амирул-мўминийн қулоғига алланарсаларни шивирлагач, қаттиқ қарсак чалди-да, бир дамга мажлисга чўккан сукунатда: “Арши мушоира байни Фазлий ва Маҳзуна”, – деди-да, қўли билан бурчакдаги ғуломгардишга кўрсатиб ўз бадиҳасини бошлади:

Юз офарин сўзингга лубби лубоб кўрмай,
Арзи жома этарму ойина об кўрмай…

Кимдир қийқирди, кимдир чапак чалди, кимдир қаҳқаха отди. Шовқин бироз босилгач, ғуломгардиш кетидан майин тебранган аёл овози янгради:

Кимдан чиқар бу сўзлар баҳри кабоб кўрмай,
Ганж ўлмагай муяссар ҳолин ҳароб кўрмай.

Энди бояги шовқинларнинг икки ҳиссаси кўтарилди. “Дод!” – деди кимдир, “Дўст!” – дея, хитоб қилди бошқаси. Мавлоно Фазлий таъзим бажо келтириб давом этди:

Мастураи суҳанга пўшидалиғ муносиб,
Маъно арусини бас мен бениқоб кўрмай…

Шовқин энди кўтарилай деганда, ундан бурунроқ жавоб келди:

Йўқ айб, сўзларимни гар бўлмаса муаддаб,
Андоқки ўт кўкаргай ҳеч офтоб кўрмай…

Қий-чув бошланиб кетди. “Нима деди? Нима деди?” – деб, кимдир кимдан сўраган ва кечикиб бўлса-да қаҳқахага қўшилган. Бу шовқинда баъзи байтлар ҳеч кимнинг қулоғига кирмас, бироқ айтишув завқи сўзлар маъносини унутиб, ўз-ўзича базмни қизитиб ётарди. Ахир Мавлоно Файзий яна қарсак чалиб, диққатни ўзига тортди.

Мундоқки нуқтадонсан, ким эрди устодинг,
Ой каби нур қилмас, то офтоб кўрмай…

Сукунатда ғуломгардиш кетидан титраган овоз келди:

Кўп нархлар йиғилса дарёи нур дур ўлғай,
Илм аҳлидин бу мискин бир шайху шоб кўрмай…

Ана эндиги шўришу-суронни кўринг. Маҳзуна тахаллусли бу қиз Мавлоно Фазлийнинг сўнгги ва суюкли шогирдаси эканлигини билганам биларди, билмаганам. Ойни этак билан ёпиб бўлармиди? Айтишувнинг сўнгги байтлари бу шавқли шовқинда ғойиб бўлди, шунда овчи каби шеъру сиртлонини пойлаб ўтирган Сайид Умархон, йўқ, ғазалгўй Амирий, ўз ўрнидан турди-да, барчанинг ҳайрон нигоҳи остида Мавлоно Фазлий ёнига бориб, унга сертош тўқали камарини узатиб, сукунатда ғуломгардишга қарата:

Зери домони ту пинҳон чист, эй гули пираҳон?

деб сўради. Бурчакдан ўйноқироқ овоз:

Нақши сўмми оҳуйи Чин аст дар барги суман, –

деб жавоб берди. Ҳамма жим. Амирий:

Боз тош беҳи дигар кун, эй бигардам аз сарат, –

деса, қиз парда орқасидан:

Ғунчаи серобро монад, ки нашгуфта даҳан…

деди. Шунди зиёфатда рўзи маҳшар турди. Завқу-шавқ денгизига чўмган Амирий: “Шу ерда неки бор бўлса, барини сенларга бердим!” – деб, ёқасини йиртди. Ана талади хосхонани шуарою фузало, аъёну-умаро. Амир олдида ҳеч нима қолмай, толор шип-шийдон бўлди.
- Таланг! – деди амир. Олинг! – деди…

- Оленг! – бу Муборак билан Содиқ Абдуллага эрталабки ёрма бўтқа билан тахта чой юқини узатишарди.
- Қизув одамакансиз, – дерди Содиқ. – Худди қаткадир учиб кеткандовсиз. Хаёлийз бўттамас, бошқа жойда…
Абдулла чиндан ҳам шавқ денгизидан чиқиб келган кимсадек, атрофига шабкўрона аланглар эди…

* * *
Қамоқхонада бир неча кун ёлғиз ётиб, хаёл тизгинларини қўйиб юборишга одатланибди ўхшайди Абдулла. Камеранинг бунисида тахайюли давом этадиган бўлса, кулгига қолиши тайин. Ана, айтяптику Содиқ: “Учар экансиз!” – деб. Балки кўпроқ бугунги ҳолатини ўйлагани маъқулроқдир. Атрофидаги одамларни ўргангани дурустдир… Абдулла ёрма бўтқага нон бостириб еркан, шуларни ўйларди. Атрофига разм ташлаб чиқса – бўтқани барчага тарқатаётган аскар – анави қумлоқлик бола. Э, қойил-е, ўртоқ ёзувчи! Чўлпон айтмиш:

Хаёлим бир учиб кетиб қоладур,
Мен ҳам тизгинини қўйиб бераман.
Зотан қандай қилиб тутиб тураман?
Энг нозик қилимга тегиб қоладур….

дея, энг керакли нарсаларниям кўрмаса-я? Қумлоқлик бу аскар Абдулланинг боқишини сездими, қувлик қилиб: “Дабавка берайми?” – деб имлади. Бошқа пайт бундай ипирисқи овқатнинг қўшимчаси қурсин, ўзини ҳам емайдиган Абдулла йигитда бир гап борлигини сезиб, гуп-гуп урган юрагини ҳовучлаганича, темир товоққа сим билан боғланган темир қошиқни ялади-да, қумлоқлик аскарнинг олдига шошилди.
Атроф шовқин, қошиқларнинг товоқларга урилган бир пайт биров йигитчанинг шивирлашига аҳамият берармиди.
- Ока, этканийзи опкелдувиза, икки бурда нон беровуз, орасида… – деди-та, шарақлатиб чўмичини бўтқа бидонига уриб, Абдуллага икки кесим нон тутқазди.
Абдулла ҳам эпчиллик қилиб, бу тилимларни чопонининг енгига солди-да, ўрнига товоғида ярим чўмич добавкаси билан қайтди. Унинг юраги яктагу қизил пахта чопони тагидан чиқиб кетгудек урилар, лекин на Муборак, на Содиқ, на уларнинг икки ёнидаги маҳбуслар бирон нарсани пайқаган эди. Абдулла бир амаллаб бўтқани бир бурда нон ҳайдови остида ютиб битқазди-да, товоқларни топшириш маромида бир парча қоғоз билан чўлтоқ қаламчани шимининг чўнтагига солиб, иккинчи бурда нонни пинҳона қумлоқлик йигитчага қайтариб берди.
Ишлади! Отангга рахмат, мусулмон боласи! Ишлади! – деб аллақандай ҳаяжонона ўз жойига қайтди Абдулла. Энди қўлёзмалари сақланиб қоладиган бўлди. Худо хоҳласа бу ердан чиқса, яна бир ёзми, қишми ўтириб, барини битказади. Худо кўрсатмасин, узоқроқ қолиб кетсами – яна барибир омонати омон қолади.
Орада, кун бошланиб, кимнидур сўроққа етаклаб кетишди, кимнидур жой алмаштирганими, Сибир қилиб жўнатгани ашқал-дашқали билан олиб чиқиб кетишди. Кимдир бекорчиликда вақ-вақлашиб ўтирар, кимдир-кимдандир қай мақсадда гап олар, бир сўз билан айтганда, арининг уяси одатдагидек ғувилларди. Фақат Абдулла Мубораку Содиқларнинг саволларига алланечук паришонхотирлик билан бош ирғаб қўяр, унисига эса Содиқ: “Ёзувчимиз яна учиб кетди!” – деб, Муборак билан ўзлари билган майда-чуйда гапларни қилишарди.
Абдулла чиндан ҳам хаёлида учиб борарди.

Учадир… учадир… минг қабат кўкни
бир бошдан сийналаб ўта берадир.
Зерикмай, эринмай кета берадир,
Баъзан ҳовлиқтириб жинни юракни…

Бугун тунда Рахбар-бонусига, ётиғи билан тушунтириб, ёзиб юборса, эрта-индин, Худо хоҳласа қоғоз унинг қўлига тегиб, қўлёзмаларни илдамгина сақлаб қолади. Кимникига элтиб қўяркин? Ўзининг Кўктеракдаги қариндоши Иноғомжонникигами? Ё укаси Асомиддинникигами? Раҳбар-бону ақлли аёл, ақли барига етади. Абдулла хотинини эсладию, кўзи намиқди. Кўп қийналди идборликда шу аёл. Биринчи бор қамалганида ҳам ҳомиладор ҳолатида учта бола билан ёлғиз қолиб кетган эди. Хайриятки у сафар қамоғи ихтисор бўлиб, узоққа чўзилмаганди. Эндигиси қандоқ бўларкин? Яна бола-чақа билан ёлғиз ўзи қолди. Қўлида оз-моз пули бор эди, лекин фурсат чоғлаб, қора кунга сақлаб қўйган пулининг жойини айтгани йўқ-ку унга! Юраги жиз этиб санчилди! Хаёли қаерларда санғимади бу кунлари, бироқ буни эсига ҳам олмабди-ку! Ўз-ўзидан уялди, утанди Абдулла! Ёзувчи дегани ҳеч одам бўлмас экан! – деб койиди ўзини.
Ўтган йили ёзда оналари Жосият-биби оламдан ўтганларида уларни ерга қўйишдию, дафн маросимининг иккинчи куни Абдулла Ёзувчилар Иттифоқи топшириғи билан Чўлпону Ғофур Ғуломларга қўшилиб, Қозонга, татар ёзувчилари қурултойига кетворди. Қаъдаларга қўшниси Мулла Юсуф-домла бош-қош бўлиб қолди. Қозондан қайтиб келган туни болаларини ухлатиб бўлган Раҳбар пиқ-пиқ йиғлаб: “Бир кун худо кўрсатмасин, мен ҳам ўлиб қолсам, мурдам ювилмай, сиз ёзувчилигингиз кетидан қувасиз-а?” – деб, роса кўнглини бузганди. Энди ўйлаб боқса – ҳақ экан ўшанда бетолеъ хотини. Ахир Қозонга бормаса, осмон узилиб ерга тушармиди?! Борганида ҳам атрофи ўйин-кулгу, ҳазил-мутойиба. Бири Ғафур Ғуломга: “Ғафур, сен ичишингни ташла! Талантингни бошига етасан! Одамга ўхшаб юрсанг ўласанми?!” – деб, роса насиҳат қилади. Ғафур ҳам бошини қуйи солганича, бу сўзларни қулоққа олади. “Бу гаплар билан кошки тузалсанг! Ке, қўй, бор анавидан иккитасини топиб кел!” – деб, йўл гаштинию, меҳмондорчилик завқини суришлар… Шуларни кўриб юришга борганмиди?
Ундай деса, дарвозасининг ўнгида мотамсаро ўтирса-да, ўн-ўн беш дақиқа бекорчиликда кимдир гап бошларди:
- Бу йил деҳқончилик қилдувиза, сартопо дахмаза бўларкан. Ҳали ер чоп, ҳали ариғ торт, бу ёғида хомток, хашак… ўсиришкаям вақтинг бўмасакан! Кеча, оғайни, картишка яганаловдим, энди бир суғорсам, чопиғиям кептурипти…
- Пирназарвой, ягана деганини сув бергандан кегин қилардию. Ундан кейин картошка яганаланмийдию!
- Э, ҳазилийззи қўйинг, муллака! Ўзи ўлардек чарчап турипман…
- Йўқ, беҳазил, ана бошқаладан сўранг!
Ҳамма бош лиқиллатади.
- Э, хўп, ягана қилинди нимаю, қилинмади нима?
- Қилинмаса ҳосил яхши бўлади. Қилинса, эккан уруғийззи оласиз холос…
- Вой, нима қип-қўйипман, деҳқончиликдан ўргилай, – дейиши биланоқ азада ҳам қаҳ-қаҳ кулгу кўтарилди.
Яна ҳазил, яна аския…
Абдулла қулоқ солса, атрофидагилар ҳам кими латифа айтган, кими бошқасини масхара қилган, хуллас ичакузди кун ўтказиш. Ўзбекчилик…

Амир Насруллоҳ барча иноғаларини гумдон қилиб бўлгач, уни ҳокимиятга олиб келган Ҳаким-қушбегидан гумонсирай бошлади. Йўқ, унинг лаёқатида бирор дарзми, кавак кўргани йўқ Амир, бироқ бир эмас тўрт амирга вазир бўлган бу қари тулкидан нималарни ҳам кутса бўларди? Кўнглингда ғулув бўлса-да – унинг домига тушдингми, ширин каломлари билан эритади сени, хушомаду зарофати ила гумон тугунларини бирма-бир ечиб ташлайди. Аввалги амирлар ҳулқи-атворидан гапир-деса Амир Насруллоҳ, шу зайлда сўзлайдики, малихул қабиҳ деб, мақтаяптими у, ё куляптими уларнинг устидан – англаб етолмайсан.
- Бир куни падари бузрукворингиз Шаҳрисабз амири Муҳаммад Содиқбий ҳақида ушбу латифани айтиб берган эдилар. Шаҳрисабздан Китобга келаётганида, мол бозорда ола буқа олиб келаётган бир ўзбекдан туркий сўйлаб: “Сигирингни номи нима?” – деб сўрабди. Ул содда ўзбек нима деб жавоб беришни билмай, гаранг бўлибди. Мир эса ҳадеб сўрайверибди. Ўзбек амирнинг муддаосини тушунмай роса боши қотибди. Ахир амир дарғазаб бўлиб, ҳалиги одамни таёғи билан савалай кетибди. Ул бечора: “Хўкизимнинг оти ҳўкиз!” – деб, қоча бошлабди. Ниҳоят амир надимлардан бири амир муддаосини илғагандек бўлибди ва бечора ўзбекка: “Мир сендан баҳосини сўраяпти!” – деб тушунтирибди. Ўшанда мир ҳам туркийда янглиш гапирганига ақли етибди. Шунда ҳўкиз эгаси хўкизини сотиб олмагани, бундан нарҳини ҳам билмаслигини айтиб, беҳуда еган калтагига пушаймон бўлган экан…

Шу латифани айтиб берсамикан Абдулла мановиларга? Лекин тушунишармикан? Ё Амир Насруллоҳга ўхшаб: “Ҳаким-қушбеги яна устимдан кулаётган бўлмасин!” – деб, ўзбекона гумонга солиб ўтиришмаса тағин…

* * *

Хотинлар ҳақида айтиб бериши керак, ҳа, хотинлар ҳақида. Тўртта эркак бирга йиғилдими, гап бориб-бориб шунга тақалади эмасми! Султон Умархоннинг ҳарами ҳақида.
Моҳларойим Султон Умархоннинг сўнгги мушоирадаги “қилиғидан” хабар топди-да, яна оромини йўқотди. У қилди, бу қилди, барча жодуларини ишга солиб, энди Султон ҳарамида ҳам ўшал каби мушоира ўтказадиган бўлди. Шуаро деган аёлми, отинчами бор экан, бари саройга чақиртирилди. Жаҳонотин ўзининг шогирдаларини йиғди. Уйларининг ичкариларида, дутору танбурларини биров эшитмасин деб, тинғир-тинғир қилиб ўтирадиган машшоқалар ҳам таррор, муғомбир кампирлар воситаси ила саройга буюртирдилар.
Моҳларойимнинг кўнглида сирли бир ҳаваси бор эди. Бу ҳавас ҳақида у ҳеч кимга айтмас, бироқ уни зимдан кузатган икки аёл – Жаҳонотин билан Ойпошша-хон – бу сирдан воқиф эрдилар. Моҳларойим Бобурийлар хонаводасида, Ҳиндистонда туғилмаганидан афсус чекарди. Ёшликда ўқиган китоблариданми Дилдор-бегиму, Гулбадан-бегим, Аржуманд-боную Зебунисо, Нуржаҳон-бегиму Жаҳонаро унинг хаёлида ер эмас, жаннатда яшагандек эди, Шоҳжаҳоннинг Мумтоз Маҳалга бағишлаб қурган Тожмаҳалининг довруғи Моҳларойим юрагини эзиб-эзиб қийнарди…

Нигори гулбаданимни тушимда кўрсам эдим,
Лаби шакаршиканимни тушумда кўрсам эдим…

Мушоира кечасига ҳам у атлас ё адрас кийгани йўқ, Ҳиндистондан келган парчаю ҳарирларга ўралди. Муаттар накхатлар таралди, султоннинг хос икки товуси кенг толорда гуногун думларини ёзиб, хиромон айлашди. Дастурхончи хотинлар базмда елиб-югуришар экан, товуслар чўчиш ўрнига уларни такаббурона чўқиб-чўқиб, кетидан ёқимсиз овозларида ғул-ғуллаб ижирғанишарди. Пурлаззат таомлар ейилди, анор сувию, узум суви деб, мусалласлар ичилди. Шоираларнинг яноқлари анору чиллаки узумдек лов-лов лахчаланди. Энди қасидалар бул зиёфатнинг мезбони олиялари Моҳларойим шаънига ўқилди.

Анингдек келмагай дахр ичра ойим,
Анинг кўнгли саҳоват бирла дойим.
Сурубон келтириб аҳли фазойил,
Йиғилди даргоҳида ҳар қабойил.
Бириси шеър ичра эрди моҳир,
Ғазал демоққа барча эрди шоир…

Маддоҳларга Андижон тужжорлари узоқ Ҳиндистондан келтирган саруполар тортилди. Бир бурчакда, қасидаю ғазаллар қолиб кетиб, чилдирма чалиндию рақс-лапар бошланиб кетди.

Оқ ойдин кечалар,
Оппоқ ойдин кечалар.
Гул билан райҳон бурайди
Ёр юрган кўчалар.

Ёр юрган кўчаларни
Супурай сочим билан.
Чанги чиқса сув сепай
Кўзимдаги ёшим билан.

Аёллар жўш уриб чегарасидан чиқмасин экан. Чиқишса борми, рўмолларини ечиб, ёйлиқ ўрнида елпишдию, ул-ул-уллашди, қий-чув, кулгию чапак шифтга кўтарилди. Хушбўй аторатлар сўниб, атрофни тер ҳиди босди. Ғулдураган товуслар ҳам хослигини унутиб, бир бурчакда писиб қолишди.
Тўрда ёлғиз ўтирган маҳзун Ойпошша-хон ўзича:

Кечди умрим нақди ғафлат бирла нодонлиғда, ҳайф,
Қолғани сарф ўлди андуҳу пушаймонлиғда, хайф… -

деб ўйлади-да, ҳеч кимга билдирмасдан, базмдан ётоқхонасига чиқиб кетди. Чиқиб кетди-да, бу базмнинг авжи, атайин мақсадидан бебаҳра қолди. У чиқиб кетишидан бир пас, ярим пас ўтмай, бурчак эшигидан Моҳларойим чиқиб келдию, хизматкорлар бурчакдаги эшикни шу заҳотиёқ ғуломгардиш билан тўсдилар. Моҳларойим толор марказига яқинлашар экан, базм бекаси Жаҳонотин қаттиқ қарсак чалдию, “Субхон оллоҳ!” – дея, ҳайқирди. Атрофдаги шовқин-сурон истар-истамас оҳиста сўнди.
- Арши мушоира байни Нодира-бегим ва … – орада бироз сукунат тутиб, Жаҳонотин бор овозича: Амирий! – деб ҳайқирди.
Толор бир овоздан “Оҳ!” – деди. Чинданам ғуломгардиш кетидан Амир Умархоннинг шоҳона овози янгради:

Неча арбоби хирад аҳли унундан ори бор?

Унга Нодира-бегим, толор ўртасида туриб, ўзининг нозу-такаллуф тўла овозида:

Ким булар урён аларнинг жуббаи дастори бор, -

деб, жавоб берди. Хотин-қизлар зор-зор “Оҳу воҳ!” қилишди.

Гул юзунг олида зоҳир қилди шабнамдин ароқ… -

деб, давом этди яшринган Амирий.

Ғунча хамушу лабингни гавҳари гуфтори бор…

Яна оҳу-воҳ кўтарилди. Кимдир ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.

Соқиё, май бирла бир соат мени шодон қил,-

деган эди Султон, дастурхончи қизлардан бири, чоғир тўла жомни кўтарганича, ғуломгардиш кетига ошиқди. Буни кўрган Нодира-бегим бошини чайқаганича:

Нотавон кўнглимни ҳижрон дардидан озори бор, -

деб қўя қолди. Бирор бир дақиқага айтишув тўхтаб қолди-да, чоғирдан лабини хонсалар қиз этагига артган Амир бундай деди:

Риштаи зулфини бўйнимда кўруб таън айламанг…

Шу маҳал бурчакдаги товуслар, бир нарса сезгандек, бирининг кетидан бири қувлай бошлаган эди, орадаги қий-чувда Нодира-бегим ўз орзусини яққол кўргандек:

Бир бираҳман бут йўлида бўйнида зуннори бор, –

деди. Аёллар бир-биридан нима дейилганини англашмоқчи экан, фақат Жаҳонотин бу сўзларнинг маъносию лафзига етиб, мийиғида кулиб қўйди. Бироқ кейинги сўзларнинг сирини балки у-да тушунмагандир, чунки орадаги гаплар фақат зукко Султон Умархон билан ўртада йўқ яна бир кимсага ҳавола эди:

Эй пари, бир кун бузуқ кулбам сари қилғил хиром… -

чоғирнинг ҳарорати сўзларига урган Амирий жавобига кутгани бул эмасди:

Ҳеч агар йўқтур замони сояси девори бор…

Амирий бир вақтлар “Хуш келдинг” радифли ғазалида ишлатган мажози – “сояи девор” келиб-келиб унга қайтарилди. “Йўқ, бугун кулбангни обод айлашга мен келмагум, истасанг, хуш келдинг деганингга бор, биз сояи девор бўлғон эдик, энди сояи девор бўлиш гали сизларга ҳам тегсун!” – дегандек эди аразу-ўч аралаш Нодирабегим бу сўзлари ила. Шундай дедию – орадаги учинчи кимса томон боқди-да, тилини тишлаб қолди: Ойпошша мажлисда йўқ эди… Бу пайт охирги ҳайратомуз мисрасини айтиб бўлган султон:

Не сабабдин бўлмасин обод кўнглим кишвари… -

жавобини кутди-кутди-да, жавоб бўлмағач, ўзи ғуломгардиш кетидан:

Ишқ шоҳидек Амирий маъдилат осори бор, -

деб, ғазални ўз номи билан тугатиб қўяқолдию, хотин-халаж базмини уларнинг ўзларига қолдириб, ётоқхонасига чиқиб кетди… Вайрон бўлди Нодира кўнгли:

Юзунг ўлсун қароким, эй фалак, зулм авлодинг беҳад,
Айирдинг ёрдин бу Нодир мажнуни шайдони.

* * *


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (18.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 922 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0