Пайшанба, 19.09.2024, 12:47
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Адабий ўйлар

Усмон Азим менинг тассавуримда
Ҳасан Ғойиб

Носиржон Жўраевнинг “...МЕНИ ҲЕЧ КИМ СОҒИНМАГАН ШОМ...” мақоласини ўқиб хотирамга келган фикрлар ёхуд Усмон Азим менинг тассавуримда.

Ўқувчилик ва талабалик йилларимда(80-90-йиллар)Усмон Азимнинг

"Қулаб тушди ирода-зиндон,
Йўлга чиқди бир сўз-севаман.
Мен жўнатдим уни сен томон
Симёғочлар карвони билан.
Симёғочлар карвони кетди....",

«Тош бетон чўнг қояларда
кабутардек яшаган қиз,
Кўлларини ёлғизликдан
елкамга жим ташлаган қиз...
Келмайдими иккимизнинг
бахтли-бахтли яшагимиз» каби шеърларини ҳамиша такрорлаб юрар эдим.
Шеър қаҳрамонининг кечинмалари менинг кечинмаларимни , ўша пайтдаги ҳолатимни акс эттирар эди.
Кейинчалик менинг тақдирим хам ўша лирик қаҳрамон тақдиридек кечди. Севганимиз (мени севмаган бўлиши ҳам мумкин) ўзгага турмушга чиқиб кетди. Ҳайтовур, севган қиз билан бахтли бўлиш менга насиб этмади.
Энди шоирнинг "Севгимиз ўлдими либосингиз кўк...", "Энди у кўчага сира бормайман..." "Графика", "Сиз ёққансиз менга ҳамиша", "Туфли ювар экан тунда аёл" ва бошқа шеърлари менинг дарддошимга айланди. Ушбу шеърларни ҳозиргача такрорлаб юраман.
1993 ёки 94-йилларда (Олма-отага Тошкент орқали борар эдим) поездда Бойсун Маданият уйи директори, Ўзбекистон Республикаси маданият аълочиси Мирзо Ҳолиқов бошчилигидаги бир гуруҳ санъаткорлар билан Тошкентгача бирга кетгандик. Улар Наврўз байрамида қатнашиш учун боришаётган экан. У киши Усмон Азим билан дўст эканлар. Мен тинмай Усмон ака хақида саволлар берар эдим. Худди олтин топиб олган одамдай қувончим чексиз эди. Мирзо ака "Карвон"ни Усмон менга бағишлаб ёзган дея, ўзларининг бошидан кечирган воқеаларни сўзлаб берган эдилар. Ва яна Мирзо аканинг ноҳия ёки қайси жамоа раиси чақирса ҳам Усмон Азимнинг улар қошига бормаганлиги , оддий одамлар билан суҳбатлашишни афзал кўришлиги ҳақида гапирганлиги эсимда.
Бойсунлик бир санъаткор акамиз (афсуски исмлари эсимда йўқ) "Боғ қўйнида икки дарахт" қўшиғини куйлаб берган эдилар. Кейинчалик ушбу қўшиқни Юлдуз Усмонова ҳам ижро этди. Усмон ака билан 2008-йилда Сариосиёда шоир Сиржиддин Саййиднинг юбилейида учрашганман. Озроқ суҳбатлашгандек бўлдик, тўғриси ҳаяжонланганимдан яхшироқ гаплаша олмадим. Кўпроқ у кишини тингладик. Муносабатлар узилиб қолганлигидан афсусланиб сўзлаганлари эсимда.
2012-йилда Кўрғонтепа шахрида чоп этилган "Хажрида куяр кўнгил" китобимнинг бир бўлимини "Мен севган сатрлар" деб номлаганман. (Ушбу китобнинг электрон нусхаси Давронбек Тожиалиевнинг "Зиё истаган қалблар учун" сайтида мавжуд). Ушбу бўлимда Ҳазрат Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Шавкат Рахмон, Асқар Маҳкам, Сирожиддин Саййид каби устоз шоирлар қаторида Усмон Азимнинг ҳам "Отим қолар демагин бу дунёда шоирим..." номли шеърларини киритганман. Бу менинг у кишининг ижодларига бўлган ҳурмат-эҳтиромим ифодасидир.
Усмон аканинг "Уйғониш азоби",(афсус ҳозир йўқ),ва "Сайланма"си менда бор эди. "Фонус" номли китобларини жияним Тошкентдан олиб келиб совга қилди. Кейинги энг ёқтирган шеърларим "Фитрат май сипқоринг..", "Шавкат Рахмон хотирасига" шеърларидан "Қандай учдик Хақ сари Шавкат" сатрларини кўз ёшсиз ўқиш мумкинмасдек. Шоирнинг шеърларини ўқир экансан, "Чархнинг ўзи маҳв этгач" шоирнинг ҳам ожизлигини, бўлаётган ишлар Оллоҳнинг иродаси эканлигини дарк этасан киши ва яна Оллоҳга тавба қиласан ва ундангина мадад сўрайсан.
Усмон Азимнинг яқинда чоп этилган китобининг номи "Жимлик" деб номланган экан. (Устоз Хуршид Давронга миннатдорчилик билдираман хабардор қилганлари учун).
Бу номга истаганча дунёвий, сиёсий тус бериб, рамзий маънолар юклаш мумкин. Аммо менинг фикри ожизимча, инсон ёши улғайиб камолга етган сари, Ҳаққа ёвуқ келади ва қалбидаги исёнлар ўрнини тавба тазарру эгаллайди, умрнинг банда учун -чин ва абадий ҳаёт йулидаги бир имтиҳон сафари эканлиги, жазо ва мукофот кунининг ҳақлиги ва Ҳакнинг ҳузурига қайтишнинг муқаррарлиги ҳақида тинимсиз ўйлар суради.
Ёшлигидан нохақликка, адолатсизликка муросасиз бўлган шижоатли, жасоратли шоир Усмон Азим менинг назаримда йиллар ўтган сари тобланиб, Сурхон бахшиларига хос зукко ва донишманд устозга айланиб бордилар ва миллатимиз маданиятига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмоқдалар. Биргина "Алпомиш" достонининг суратга олиниши катта тарихий воқеадир. Бу ҳаётда энг қийини ўзинг интилган ва орзу қилган «қушлардек озод» жамиятнинг мавжуд эмаслиги ва шу шароитда сенинг яшашга маҳкумлигинг бўлса керак. Ҳур фикрли дўстларингнинг ярми ватандан олисда, ундан ҳам ёмони, ҳамфикр дўстларинг бу дунёни эрта тарк этишган бўлса. Устознинг «Шавкат ва Муҳаммадга» деган шеърини ўкиганлар буни англаб етадилар.
Сўзимни сўнгида айтмоқчи бўлганим, Устознинг умри узун бўлсин. Икки дунё саодатини меҳрибон Оллоҳ у кишига насиб этсин! Халқимиз бахтига, мухлислари-аҳли дардлар ва аҳли байтлари-умр йўлдошлари, фарзандлари ва набиралари бахтига ҳамиша соғ-саломат юришларини муборак Рамазон ойларида Яратгандан тилаб қоламан! Омин, ё Раббул Оламин!

Устоз Усмон Азимга
Мен Усмон Азимман, тушуняпсанми,
Нега танимайсан мени, севгилим?
Кўргин пешонамнинг ёриқларини,
Бошимга қарагин тутунга тўлган.
Хазонга айланган дарахт-вужудим,
Унда ўз аксини қолдирди йиллар.
Севгилим, мен сенга гул келтирдим, ол,
Юрагимда унган ахир бу гуллар!
Севгилим, мен сенга гул келтирдим, гул,
Наҳот танимайсан мени севгилим?!
2008-йил
Ушбу шеър ва қуйидаги сурат2012-йилда нашр этилган "Юракнинг маҳзун тунлари" китобимнинг "Қисмат ёзиғи" бўлимидан ўрин олган.
Суратда Устоз Усмон Азим суҳбатида. 2008-йил





Манбъа: http://www.facebook.com/Hasan.Gayub
Рукн: Адабий ўйлар | Қўшди: Davron (11.07.2013) | Муаллиф: Хасанбой Ғойиб
Кўрилди: 1228 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0