Пайшанба, 19.09.2024, 22:17
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Матбуот

АҲИЛЛИК САМАРАСИ ЁХУД ШЕЪРИЯТ МАХФИЛИ - 2
АҲИЛЛИК САМАРАСИ

ЁХУД

ШЕЪРИЯТ МАХФИЛИ - 2

Бу гал автоуловимиз улуғ шоир, Тожикистон қаҳрамони Мирзо Турсунзода номидаги ноҳияга қараб йўл олди. Экипаж, бир кишининг ўрнига бошқаси келганини ҳисобга олмаганда, деярли олдингидек: автоулов бошқарувида устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим, ён тарафида Омонбой ака, орқада Абдулвоҳид Алматов, Раҳим Абдураҳмон ва каминангиз. Англаганингиздек, бу сафар шоир Дилмурод Қурбоннинг ўрнида шоир Раҳим Абдураҳмон ўтирибди. Уни бормайман деганига ҳам қўймай уйидан олиб чиқдик. Пойтахт билан М. Турсунзода ноҳиясини бир-бирига боғлагувчи автойўлда таъмирлаш ишлари кетаётганлиги учун Ҳисор ва Шаҳринав ноҳиялари орқали юришга тўғри келди. Дилмурод Қурбон, бугунги махфилнинг ташкилотчиси, тинмай телефон қилиб, қаерга етганлигимизни сўраб турибди. Йўлнинг узоғи йўловчини зериктиради деганича бор экан. Зерикканимиздан Абдулвоҳид иккаламиз эшон бобо билан Омонбой акага сездирмасдан арзимас нарсанинг устидан тортишиб ҳам олдик. Шунинг учун индамасдан кетяпмиз. Абдулвоҳид иккаламизнинг бунақа тортишувимизга ўрганиб қолган Раҳим Абдураҳмон эса икки аразчини яраштириб қўйишни парвойига ҳам келтирмайди. Юртмиздаги энг гигант саноат корхонаси саналмиш Тожик алюминий заводига яқинлашганимизда Абдулвоҳид ўзининг ноҳақ эканлигини тушуниб етдими, ёки бўлмасам шу жиззаки билан тортишиб нима обрў топардим деган хаёлга бордими, қиёфасидаги тундликни ҳайдаб юборди-ю очиқ чеҳралик билан аллақандай қизиқ мавзуда гапира кетди. Эшон бобо билан Омонбой ака эса орқа ўриндиқдагиларнинг тортишганидан ҳам, ярашганидан ҳам хабарсиз, секин овозда ўзаро ниманидир гаплашиб борар эдилар. Алюминий заводидан ўтаверишдаги чорраҳада асл касби ошпазлик, шунинг билан бирга бир қанча нафис шеърлар ҳамда ичакузар ҳангомалар муаллифи, Регарлик ажойиб инсон Абдусамад ака Муҳиддинов бизни кутиб турган экан. Тошлоқ йўлда автоуловларга жабр бўлмаслиги учун Абдулвоҳид иккимиз Абдусамад аканинг машинасига ўтиб ўтиргач, олдинма-кейин: “Қайдасан, Работ?” - дея йўлимизда давом этдик. Эҳе, машина деразасидан шундай ажойиб манзаралар кўзга ташланардики, боққан кишининг кўнглида алланечук ҳислар туғёнга келарди. Ширкент дарёси соҳилида деҳқонлар шоли экиш учун ғайрат қилиб ер ҳозирлашмоқда. Битта соябонли қалпоқ кийган киши соҳил ёқасидаги харсангда ўтирган экан, "Ўҳ, қаранглар, карис ака балиқ овлаб ўтирибди!"- дея бақириб юборибман. - Ўзингизни босинг, махсум, карис акангиз балиқ овлагани йўқ, шолига ер ҳозирлайман деб ҳориган экан, харсангга ўтириб, ҳордиқ чиқармоқда! - дея ҳовуримдан туширади Абдулвоҳид. - Нима бўлганда ҳам, карис аканинг худди ўзини кўргандек бўлдим!.. Асфалт йўл тугагач, айланма ва тошлоқ йўллардан юриб, тепаликда жойлашган мактаб ҳовлисига кириб бордик. Бутун республикага донғи кетган машҳур 19- мактаб! Бир эмас, учта олим: иккита тиббиёт фанлари номзоди ва битта кимиё фанлари номзоди таълим олиб, вояга етган қутлуғ илм маскани! Ўқув бинолари ҳашаматли бўлмаса-да, тартиб билан қурилганлиги кўриниб турибди. Спорт майдончаси билан ўқув биносининг оралиғида узунлиги 30, эни 10 метрлар чамасидаги икки тарафи қаторасига экилган дарахтлар билан қуршалган махсус жой бўлиб, у ерда "П" шаклида стол ва стуллар териб қўйилган эди. Аниқки, бугунги махфил ана шу ерда ўтади. Стол устидаги гулдонларда кўзни қамаштирувчи гулларнинг хушбўй ифори атрофга таралмоқда. Гулгун чеҳрали ўқувчилар нон-туз ҳамда гулдасталар кўтариб бизни пешвоз олишди. Дам олиш куни бўлишига қарамай, кекса-ю ёш ўқитувчи ва муаллималар, юқори ва қуйи синф ўқувчилари қадрдон мактабларида жамул жам экан. Дам олиш кунларини чиппакка чиқарганимиз учун хижолат тортаётганимизни маълум қилдик. Мезбонлар эса хижолат бўлишга ўрин йўқлигини айтишди. Муҳаммадали ака Собиров, мазкур илм даргоҳининг раҳбари, самимият ила: - Аксинча, бугунги якшанба ўзимиз учун ҳам, ўқувчиларимиз учун ҳам энг сермазмун ва сира унутилмас дам олиш куни бўлиб қолажак! - дея бизни хижолат чангалидан қутқармоқчи бўлади. Қадрдон муаллимлар билан қучоқ очиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашишгач, бизни ичкарига, ўқитувчилар хонасига бошлашди. Бир пиёладан иссиқ чой ичиш давомида Дилмурод бизни мезбонлар билан яқиндан таништириб чиқди. Кекса ўқитувчилар Эшон бобо билан Омонбой акани яхши танишганлиги учун дарров гаплари қўшилиб, ҳангомани бошлаб юборишди. Дилмуроднинг таърифлаганича бор экан. Ўқитувчиларнинг ҳаммаси соф кўнгил инсонлар эканлигини чеҳраларидаги самимияту сўзларидаги қувноқлик тасдиқлаб турибди. Энг муҳими, мактабнинг ўқитувчилар жамоаси жуда аҳил ва иноқ экан. Аҳиллик ва иноқлик бор жойда эса муваффақият бор, ишида самара бор! Бундай жамоада ишловчи инсонлар ишламайдилар, яйраб-яшнайдилар! Деворда иш режалари, дарс жадвали ва "Ўқитувчилар бурчаги"дан ташқари яна иккита улкан деворий тахта осиғлиқ турарди. Биринчисидан мактабни илк ташкил қилган раҳматлик Машраб бобо Эшовнинг салла ва желак каби миллий либосда тушган суратидан тортиб, мактаб ташкил қилинганидан буён унга раҳбарлик қилган устозлар ҳамда

шу бугунги кунда фаолият юритаётган муаллим ва муаллималарнинг акслари бизга табассум ҳадя қилиб туришарди. Иккинчисининг тепа қисмига катта ҳарфлар билан "БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ" деган жумла ёзилган. Ёзувнинг тагида эса нафақат Работликлар, балки бутун республика аҳолиси фахрланса арзийдиган буюк инсонларнинг расмлари: Марҳум Муҳаммадиев С. (Тиббиёт фанлари номзоди), Марҳум Эшназаров Ю. (Химия-биология фанлари номзоди), Асадулло Норов (Тиббиёт фанлари номзоди, ТАЗ касалхонасининг жарроҳлик бўлими бошлиғи), Ҳафизов А. (Турсунзодадаги 15-автосарой бошлиғи ўринбосари), Меликов А. (ТАЗ касалхонаси даволаш бўлими бошлиғи), Муродулло Ахтамов (Турсунзода шаҳар маиший хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи), А. Абдужалилов (Милитсия майори, Турсунзода шаҳар БДА транспорт воситаларини қайдга олиш ва давлат рақамлари билан таъминлаш бўлими бошлиғи), И.Махкамов (Милитсия майори, Турсунзода шаҳар БДА йўл ҳаракати қоидалари бўлими бошлиғи), Рахимов Т. (“Мўъжиза” қандолатчилик фабрикаси директори). Шак йўқки, мана шундай улуғ инсонларнинг етишиб чиқишида энг асосий омил - бу ўқитувчилар жамоасининг аҳиллиги ҳамда ўз вазифасига масъулият билан ёндошишлигидир. Ташқарига, махфил учун ҳозирланган жойга чиқиб, ўз ўрнимизни эгалладик. Овоз юксалтирувчи мосламадан ажойиб садо тарала бошлади. Кўнгилларга сурур бахш этгувчи бу соҳир овоз бугунги махфил ташкилотчиси, М. Турсунзода ноҳияси 19-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, “Уйғон, дилим” номли шеърий тўплам муаллифи, нафискалом шоир дўстимиз Дилмурод Қурбонга тааллуқли эди. Дилмурод берилиб шеър ўқирди. “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!” - деган гап бекорга айтилмаган ўзи. Шеърни ҳам ўқиса, шоир ўқисин экан. Дилмуроднинг шеърини бутун вужудимиз қулоққа айланиб тингладик. Ундан кейин мушоира навбати ўқувчиларга берилди. Оҳо-о! Шогирдлар ҳам шеър қироат қилишда устозларидан қолишмас экан. 11-синфдан Б. Содиқова, С. Махмадмуродова, Н. Пирова; 10-синфдан Ж. Норова, М. Исмоилова, Л. Очилдиева; 9-синфдан Мавжуда Қурбонова, Маҳлиё Қурбонова, З. Элмирзоева; 4-синфдан М. Азимова, И. Хидирова каби ўқувчилар махфилнинг ибтидосидан интиҳосигача галма-галдан мушоирага чиқишиб, ўзларининг маҳоратлари билан бутун мажлис аҳлини қойил қилишди. Ташкилотчи махфилни жуда мукаммал тарзда режалаштирган экан. Аввал ўқувчилар махфилда иштирок этаётган ижодкорнинг ижодиётидан намуналар ўқийди. Кейин шеърлари қироат қилинган ижодкор сўзга чиқиб, ўз ижоди ва фаолияти хусусида гапириб беради.

Э, шу кўпчиликнинг ҳузурида сўзга чиқиш жуда мушкул-да! Айниқса, овоз юксалтирувчи мослама воситасида сўз айтиш – тошдан қийин! Бир гапни айтмоқчи бўлиб сўзингни бошлайсан-у шошганингдан нима демоқчи эканлигингни унутиб қўйиб, бошқа гапни гапириб юборасан. Айтган гапингни охирида ўзинг ҳам тушунмайсан, тингловчилар ҳам. Энди, устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга Худойим ҳамма тарафдан берган-да! Нутқдан ҳам, истеъдоддан ҳам, хушмуомилаликдан ҳам, маърифатдан ҳам. У кишига сўз берилса, энг профессионал телебошловчиларни ҳам ярим йўлда қолдириб, ўта жарангдор овозда сўзларни дона-дона қилиб, шошмасдан, айтмоқчи бўлган фикрларини жуда тушунарли тарзда баён эта олади. Мен бундай нотиқлик маҳоратини устозим, улуғ шоир Абдулло Зуҳурда ҳам кузатганман. У киши ҳам ўз фикрини мукаммал тарзда ифодалаб бера оладиган нотиқлик маҳоратига эга. Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим нутқини тугаллагач, моҳир таржимон Омонбой Жумановга сўз берилди. Шу кунларда муборак етмиш ёшини қаршилаётган Омонбой ака ҳам бутун умри мана шундай адабий махфилларда ўтгани учунми, нутқни қотириб қўяди. Ўқувчилар Тожикистондаги ўзбек адабий муҳитида аллақачон ўз ўрнини ишғол қилган ҳассос шоир – Абдулвоҳид Алматовнинг шеърларидан намуналар қироат қилишгач, навбат шоирнинг ўзига берилди. Абдулвоҳид ҳам менга ўхшаб, сўзга унчалик чечан эмас. Аммо ичидан пишиқ. Ҳар қандай вазиятда ҳам эсанкирамай чиқиб кетишни уддалай олади. Қарайди. Сўзлари қовушавермаса: “Мен сизларга ўз ижодиётимдан битта шеър ўқиб бермоқчиман!” – дея шартта қироатни бошлаворади. Ўзиям Абдулвоҳиднинг қироатига гап йўқ-да! Тинглаганни лол қолдиради.

Навбатдаги мушоирага чиққан ўқувчилар ёдлаган шеърларини жуда гўзал оҳангда қироат қилиб бўлишгач, сўз навбати ана шу ўқилган шеърларнинг муаллифи, истеъдодли шоир Раҳим Абдураҳмонга берилиши эълон қилинди. Оҳо-о! Раҳимқул дўстимиз ҳам устоз нотиқлар сафидан жой олганига анча бўлган экан-у биз билмай юраверган эканмиз. Шундай чиройли нутқ қилдики, шоирнинг ҳар бир талаффуз қилган сермазмун жумласи худди дилрабо қўшиқдек қалб бўшлиғида такрор-такрор акс садо бериб турарди. Раҳим Абдураҳмон ҳам ўз нутқини бир жуфт шеър қироати билан ниҳоясига етказганида махфилимизга ҳозир бўлган шеърият мухлисларининг шоирни олқишлаб чалган гулдурос қарсаклари узоқ вақтгача тинмас эди.

Оббо! Ичида сўзга нўноғи мен эканман. Юраверибман, “Мен филолог бўлмасам, гапга жило бериб гапиришни менга ким қўйибди?!” – деб. Раҳимқулни олқишлаб чалинган қарсак садоси тингач, бир гуруҳ ўқувчилар чиқиб, менинг унчалик ҳам шеърга ўхшамайдиган шеърларимдан қироат қилишди. Айниқса, Интизор Хидирова билан Манижа Азимова (иккаласи ҳам 4-синфда ўқишаркан) иккиси чиқиб, ҳажвий шеърларимни кўргазмали қуроллар воситасида маромига етказиб қироат қилишганида завқланганимдан еттинчи осмондан ҳам тепароққа чиқиб кетдим-ов! Офарин! Бироқ сўз навбати менга берилиши эълон қилинганда, тап этиб бетонга тушгандек ҳис қилдим ўзимни. Шу онда микрофон эмас, белкурак тутқазишиб:

“Манов дарахтнинг тагини яхшилаб юмшатиб қўй!” – дейишганда, яйраб-яшнааб ишга киришган бўлармидим?! Хуллас, узатилган микрофонни коксланувчи кўмирнинг ўзидан минг даража иссиқ ҳарорат чиқаргувчи чўғини тутгандек қўлимга олдим-да, ижод хусусида, Дилмурод билан орамиздаги дўстликнинг тарихи тўғрисида ва “Сўзимни дарҳол тугатсам ноқулай бўлади-ку!” – деган андишада мавзуга алоқаси бўлган ва бўлмаган яна аллақандай нарсалар хусусида қийнала-қийнала бир-икки оғиз сўз айтдим-у нутқимни тугатдим. Уфф! Хайрият-ей! Енгил тортдим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди, гўё. Аммо Абдусамад ака бало экан. Жуда ажойиб гапларни гапириб ўтди. -Мен ҳам сизлардек мактабда ўқиб юрган кезларимда, - деди у ўқувчиларга қарата, - бир тонг мактабга бора туриб, кўлмакка тойиб йиқилдиму уст-бошим ифлослангани учун ортимга қайтдим. Ота-онам менинг кўнглимга қараб: "Бугунча мактабга бормасанг бормай қўяқол!"- дея меҳрибончилик кўрсатишди. Мен ич-ичимдан суюнганча диванда ётиб, кечгача телевизор томоша қилдим. Эҳе, мен ҳам агар сизларга ўхшаб қишлоқ мактабида ўқиганимда, мактабга бормай ўн бир йил телевизор томоша қилиб кунни кеч қилган бўлармидим?! Офарин сизларга! Ёзда чанг, қишда эса лой бўладиган мана шундай қишлоқ кўчаларидан қатнаб, мамлакатимиздаги энг илғор ўқувчилар сафидан ўрин олишингиз – таҳсинга лойиқдир!

Абдусамад акадан кейин мактаб директори Муҳаммадали ака Собиров сўзга чиқиб, баланд кайфиятда бугунги махфилдан олган таассуротларини сўзлаб берди ва:

- Бизнинг мактабимиз дарвозаси ҳам, хонадонимизнинг эшиги ҳам Сиздек қадрдон дўстларимиз учун ҳамиша очиқ! Сизларнинг дилкаш суҳбатларингизни доимо соғиниб яшаймиз! Биз, Работликлар Сиздек азиз инсонлар ила дийдорлашишимизга асосий сабабчи бўлган Дилмуроджонга чексиз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз! Барака топгин, Дилмуроджон! Ота-онанг, устозларинг, барча ҳамқишлоқларингнинг ишончини оқлаганинг учун мингдан минг марта розимиз, ўғлим! Работдан ҳам ҳассос шоир чиқди, энди у ўзининг соҳир мисралари билан қишлоғимизнинг номини бутун дунёга машҳур қилади, дея ифтихор қилиб юрамиз энди! Неча-неча авлод келиб-кетар, келиб-кетганларнинг номлари ўчиб ҳам кетар, аммо сенингдек жўмард ўғлонлари туфайли Работнинг номи тарих варақларига ўчмас ҳарфлар билан ёзилиб қолади, Худо хоҳласа! Сенингдек асл ўғлонларни дунёга келтириб, вояга етказган табаррук инсонларга мингдан минг раҳмат! – дея сўзига якун ясади устоз. Махфил сўнгида шеърият мухлислари билан ижодкорлар ўртасидаги савол-жавоб жуда қизғин кечди. Дастхат ёздириб олиш ҳамда эсдалик учун суратга тушиш маросимлари тугагач, мактаб касаба уюшмаси раисаси Муҳаррама опа Алматова меҳмонларнинг қадамларига ҳасанот тилади, мезбонларни бугунги айём билан қутлади ва касаба уюшмаси ташкилоти томонидан тайёрланган эсдалик совғаларини тақдим қилди.

Махфил ниҳоясига етгач, Дилмурод бизни уйига таклиф қилди. Энди қайтишимиз лозимлигини айтиб минг бор узрхоҳлик қилсак-да, икки оёғини бир этикка тиқиб олган Дилмурод сира кўнмасди.

- Ахир айрим сабабларга кўра махфилимизга иштирок этолмаган қиблагоҳим сизларни кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтирибди-я! Бормасанглар, диллари қаттиқ ранжийди. Кўп ушлаб қолмаймиз. Бирор пиёладан иссиқ чой ичгач, қиблагоҳимизнинг дуоларини оласизлар-у йўлларингизга равона бўласизлар! – дея охири кўндирди. Турсунмурод ака Қурбонов, Дилмуроднинг падари бузруквори, бутун умрини маърифатга бахшида қилган табаррук шахслардан. У киши муборак ҳаж ибодатини бажо келтиргунига қадар қирқ йилдан ошиқроқ вақт мобайнида Машраб бобо Эшов бошчилигида ташкил этилган 19-умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиётидан ёшларга сабоқ берган. Истараси иссиқ, суҳбати дилкаш, хушмуомала инсон экан. Дилмурод айтганидек, бир-икки ошам паловхонтўранинг устидан бирор пиёладан иссиқ чой ичгач, ҳожи бобонинг дуои хайрларини олдик-да, йўлга тушдик. Алюминий корхонасининг чорраҳасида хайрлашгач, Абдусамад ака М. Турсунзода шаҳрига қараб, биз эса келган йўлимизга қараб равона бўлдик...

Абу Бакр Асоев,
Т о ж и к и с т о н.


Рукн: Матбуот | Қўшди: Samandar (04.06.2013) | Муаллиф: Абу Бакр Асоев
Кўрилди: 886 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0