Пайшанба, 19.09.2024, 22:09
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Матбуот

ОППОҚ ОРЗУЛАРИМ
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги "Анис" нашриёти ўзбек тилида нашр этган "Оппоқ орзуларим" китобининг муаллифи эндигина 12 ёшга тўлган боладир. Муҳаммад Гулбой (Муҳаммадали Гулбой ўғли) нинг мазкур китобига қирққа яқин шеър ва ҳикоялар киритилган.
Кузатувчиларнинг айтишларича Тожикистонда биринчи марта ўн икки яшар боланинг китоби чоп этилган.
"Агар сен дунёни яхшироқ кўрай десанг, унга бола кўзи билан боқ, дейишади. Муҳаммад Гулбойнинг асарларини ўқиган инсон бу гапнинг нечоғлик ҳақиқат эканлигига яна бир карра ишонади. Унинг бошқа тенгқурларига қараганда жисмонан озгина ноқислиги бор - оёқ қўйиб юра олмайди".
Бу жумлалар «Оппоқ орзулар» китобига ёзилган қисқача таништирув - кириш сўзидан олинди.
Кириш сўзи шундай давом эттилган:
"Лекин айни бир пайтда бошқа тенгқурларига қараганда анчагина катта афзалликлари бор - у етти ёшлигидаёқ ижод оламига кириб келди. Ёш ижодкорнинг шеър ва ҳикояларида атроф-теваракни, одамлар, воқеа-ҳодисаларни болаларча тийран нигоҳ билан кузатишни илғаб олиш қийин эмас".
Муҳаммадалининг ўзи ижод ҳақида сўз кетганда "Менинг устозим кўнглимни ҳеч ҳам оғритмасдан ва чўктирмасдан бир гап айтганлар. Мен ижод қилаётганимда у сўзларни сира унутмайман", дейди.
Ёш ижодкорнинг айтишича устози ижоднинг ўта масъулиятли эканлиги, у бойга ҳам, камбағалга ҳам, шоҳга ҳам, гадога ҳам, соғга ҳам, бир ери қақшаб оғриётган одамга ҳам бирдай шарт - бадиий юксак асар яратиш шартини қўйишини таъкидлаган.
Муҳаммад Гулбойнинг онаси Буҳожал Солиева ўғли туғилган пайтни оғир бир изтироб билан эслайди:
"Биз Худодан тилаган ўғлон туғилди. Лекин аввалига қувонч бир юзимизни силади ва бирпасда ғам иккинчи юзимизга тарсаки туширди. Боламиз қаттиқ бел оғриғига учраган, у оёғига таъсир кўрсатган эди".
Айримлар бу бола одам бўлмайди, деганда ота-она уни тузатиш учун елиб-югуришади. Тўрт ёшгача бола қаттиқ оғриқдан тўхтовсиз ингранар, ота-она киприк қоқмай тонг оттиришарди.
Ана шу бола ҳали мактабга бормасдан ўқиш-ёзишни ўрганиб олади. Етти ёшида эса,биринчи шеърини ёзади.
Муҳаммад Гулбойнинг дастлабки шеърларидан бирида шундай сатрлар бор:
Эй Аллоҳим, эй тангрим,
Шифо бергин дардимга.
Оёғимга куч-қувват,
Дармон бергин белимга.
Шу ўринда Муҳаммадалининг отаси Гулбой Солиев ва онаси Буҳожал Солиеванинг ҳам шеърий китоблар муаллифи эканликларини айтиш ўринли.
Муҳаммад Гулбойнинг шеър ва ҳикоялари билан танишган ўқувчи унинг ёшига хос бўлмаган ўта кузатувчанлигини, нозик тасвирларни илғайди.
Масалан "Ҳеч кимда йўқ копток" ҳикоясида ўтин териш учун далага борган икки боланинг ҳайвонлар билан дўстлашиб қолишгани тасвирланади. Болалар айиқ, йўлбарс, бўри, тулки, қуён, шер билан қор копток тепишади.
Ҳозир Тожикистонда Россияга ишлаш учун кетаётган, у ерда ишлаётган одамлар ҳақида суҳбат қурмайдиган оилалар бармоқ билан санарли.
Ёш ижодкорнинг бир неча ҳикоясида шу мавзу тилга олинган.
"Соғинч" ҳикоясида икки ёшли Ҳумоюн отасини соғинади-да, онаси мизғиб қолганидан фойдаланиб Россияга, ўзи айтмоқчи "Расси"га отланади.
Келинг, шу ўринда шу ҳикоядан кичкина парча келтирайлик:
"Нариги уйда кўрпа қавиб ўтирган энажони Ҳумоюннинг чиқиб кетганини сезмай қолди. Ҳумоюн секин бориб, ариқ устидаги тахта кўприкчадан ўтди. Ўша атрофда ўйнаётган икки-уч бола унинг қаерга кетаётганини сўрашди. Ҳумоюн чучуккина қилиб деди:
- Яссияга…
Беш ёшли Абдурауф ҳовлиқканча Ҳумоюнларнинг уйларига чопиб бориб, ҳовлига кирар-кирмас қичқирди:
- Туринг, Ойдиной келинойи, туринг! Ҳумоюн Рассияга кетяпти.

Ойдиной югургилаб етиб борганда Ҳумоюн катта йўлга чиқиб қолганди. У онасининг "Ҳумоюн, ҳой Ҳумоюн!" дея чақирганини эшитиб, орқасига қарамасдан тезроқ юра бошлади. Агар ҳозир тез юрмаса, онажони етиб олади, кейин яна дадажонини соғиниб ўтираверади. Уни фақат тушида кўриб чиқади…"
Муҳаммад Гулбойнинг бошқа бир ҳикоясида бола Россияда ишлаётган отасига қўнғироқ қилиб, аввалига қишлоқдаги янгиликларни айтиб беради. Сўзининг охирида эса:
"Шошманг, дада, охирига келдик. Об-ҳаво маълумоти. Шу кеча-кундузда об-ҳаво тез-тез ўзгариб турармиш. Қишлоғимизда ёмғир ёғиб, қорга айланармиш. Биз эса ҳалигача кўмир олганимиз йўқ. Кейин бултурги телпагим бошимга тор келиб қолган…
Худди шу пайт у ёқдан овоз эшитилди:
- Бўпти, ўғлим, гапни кўмир билан телпакдан бошламайсанми…»
"Укамнинг китобини чиқариш учун мактабда ўқитувчилик қилаётган отам таътил пайтида Россияга ишлаш учун кетдилар ва у ердан пул юбордилар", дейди ёш ижодкорнинг опаси Зулайҳо.
Муҳаммад Гулбойнинг шеър ва ҳикояларини биринчи бўлиб чоп этган нашрлардан бири Тожикистонда болалар учун ўзбек тилида чиқадиган "Б энд Б" газетасидир.
Мазкур газета бош муҳаррири, шоир ва журналист Аҳлирасул Муҳаммаднинг айтишича Муҳаммад Гулбойда фавқулодда иқтидор яққол сезилиб туради.
"Аслида ёш ижодкорнинг келажаги ўз қўлида. Лекин унинг янада униб-ўсиши учун авайлаш керак, катта ёшдагилар томонидан эътибор, ғамхўрлик зарур", дейди Аҳлирасул Муҳаммад.
"Истеъдоднинг ёши бўлмайди. Истеъдод макони, ижод Ватани - кўнгил. Муҳаммад Гулбой шеърлари ва насрий машқларини ўқиб, келган хулосам - истеъдодга эътибор керак. Фақатгина эътибор эмас, балки меҳр ҳам керак. Истеъдодсизлар йўл топишга уста. Аммо истеъдод эгаси мағрур ва тортинчоқ бўлади".
Адабиётшунос олима Мунаввара Ойматова бу гапларни айтар экан, ёш ижодкорга меҳр, эътибор кўрсатган устози қаторида бошқа ижодкорларнинг ҳам Муҳаммад Гулбойга кўмак кўрсатишларини исташини таъкидлади.
"Тоғ булоғининг кўзи очилгани юракка севинч солади. "Оппоқ орзулар"нинг вилоятда чиқадиган жуда кўп китоблардан фарқи унда беғубор қалбнинг беғубор орзулари ялт этиб кўриниб туради", дейди адабиётшунос.
Таҳлилчиларга кўра Шўролар пайтида Тожикистонда ўзбек тилида йилига битта, кўпи билан иккита китоб нашр этилган бўлса, ҳозирда ўндан ортиқ ўзбекча китоб босилмоқда.
Илгари босилган китоб учун қалам ҳақи берилган бўлса, эндиликда китоб муаллифнинг ўз пули ёки бирон пулдор қўлловчининг маблағи ҳисобига нашр этилади. Нашриётлар сони ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда.
"Бозор иқтисоди китоб сифатига салбий таъсир кўрсатди. Ўзи пул бериб китоб чиқараётган, ўзи уни сотаётган кишиларнинг маҳсули билан танишган ёш ўқувчиларнинг эса, диди ўтмаслашиб бормоқда", дейди ўз номини ошкор этишни истамаган тожикистонлик шоир.




Манбъа: http://www.bbc.co.uk/uzbek
Рукн: Матбуот | Қўшди: Davron (29.08.2012)
Кўрилди: 838 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0