Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Матбуот

ШЕЪРИЯТ МАХФИЛИ, ЁХУД ДИЙДОРНИНГ ШИРИНЛИГИ ХУСУСИДА
ШЕЪРИЯТ МАХФИЛИ
ЁХУД
ДИЙДОРНИНГ ШИРИНЛИГИ ХУСУСИДА
Дарҳақиқат, дийдор жуда ширин бир неъматдир. Айниқса, битта маънавий булоқдан сув ичгувчи қалблар дийдорлашганда дунёдаги энг нафис гулларнинг нектаридан жамланган бол ҳам чучмал таъмли бир матоҳга айланиб қолиши турган гап. Бу жумланинг айни ҳақиқат эканлигига куни кеча, аниқроғи 5 май куни Ёвон ноҳиясининг Алишер Навоий номидаги 15-умумтаҳсил мактабида ўтказилган шеьрият кечасига борганимизда яна бир карра амин бўлдим. Қандай қилиб дейсизми? Келинг, яхшиси бир бошдан сўзлай қолай. Шунда осонгина англайсиз, қўясиз!..
Бир неча кун бурун устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим:
- Баҳридин Мирзаковни танийсиз-а, ҳазир бўлиб туринг, якшанба кунига ўша киши таклиф қилган, бир-икки киши бўлиб бориб келамиз?! – деган гапни айтиб қолдилар.
- Мирзаков домланими, устоз, яхши танийман, Худо насиб қилса, албатта борамиз?! – деб жавоб бердиму “Домла тўй қиладиган бўлибди-да! Тўйи тўйга уланаверсин, илойим!” – деган фикр хаёлимдан кечаркан яна сўрайман: - Домла ўғлини уйлантиряптими, устоз?
- Йўқ, у киши ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда шеърият махфили уюштирмоқчи экан, ўшанга таклиф қилган!..
Шу он шууримда ажиб бир ҳис уйғонгандек бўлди. Шеърият махфили! Дунёдаги энг нафис мажлис!..
* * *
4-май, шанба куни тушдан кейин дўконимга (аниқроғи мен ишлаётган дорихонага) Регарлик истеъдодли шоир дўстимиз Дилмурод Қурбон келиб қолди. У киши яқинда чопдан чиққан “Уйғон, дилим!” номли илк шеърий тўпламининг иккинчи нашри борасида айрим масалаларни маслаҳатлашиш учун устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг хонадонига кетаётган экан, йўл-йўлакай биз фақирни ҳам кўриб ўтмоқчи бўлибди, барака топгур! Суҳбат давомида Ёвонлик Баҳридин ака Мирзаков раҳбарлик қилаётган мактабда ўтказиладиган шеърият махфили хусусида айтиб ўтдим ва:
- Эртага сиз ҳам бизга ҳамроҳ бўласизми? – дея сўрадим. У кишининг оғзидан:
- Боролмасам керак! – деган гап чиққан бўлса ҳамки, нигоҳидан: “Борсам яхши бўларди-да!” – деган маънони уқиш қийин эмасди. Шоир Абдул Воҳид Алматовга телефон қилдик. Гўшакни шоирнинг онаси кўтарди ва ўғлининг уйда йўқлигини, хирмонга кетганлигини айтди. Ғалла хирмонини кўтариш палласига ҳали анча борлиги учун Дилмурод менга ажабланиб қаради ва:
- Айрим адир жойларда буғдойлар ҳали бир қарич ҳам бўлгани йўғу бу биродаримиз хирмонда ҳалитдан нима қараса? – дея кўнглидан ўтганини тилига чқарди.
- Э, ҳали сиз билмайсизми, у киши буғдойнинг ғаройиб навидан экади ва бир йилда уч-тўрт марта хирмон кўтаради?! – “аниқлик” киритдим мен. У ёқ бу ёқдан ҳангомалашиб ўтирсак, устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг ўзлари келиб қолсалар бўладими?! Суҳбатимиз яна-да гўзалроқ тус олди. Кечга яқин Дилмуродни эргаштириб дўкондан чиқар экан, эртага бу кишини ҳам бирга олиб кетамиз, дея хайрлашдилар устоз...
* * *
5-май. Якшанба. Соат еттиларда Дилмурод телефон қилиб, катта йўлга чиқиб туришимни тайинлади. Бекатга чиқдим. Кўп ҳам ўтмасдан устознинг машинаси ёнимга келиб тўхтади. Машина бошқарувида устознинг ўзлари, ёнида Омонбой ака. Орқа ўриндиқда икки шоир – Абдул Воҳид билан Дилмурод. Мен ҳам уларнининг ёнига жойлашдим. Жўнадик, Аллоҳдан амонлик тилаб. Йўлда Дилмуроддан сўрайман:
- Сўрадингизми, тақсир, жўрангиз неча қоп буғдой олибди?
- Сўрадиму бироқ аниқроқ жавоб ололмадим, дўстим. Кўз тегмасин дедиларми?! – жавоб беради Дилмурод.
- Ана қаранг! – дейман адирлардаги айрим яланг жойларни кўрсатиб, - Ҳали ўт-ўлан ернинг бетини ҳам қоплагани йўқ. Жўрангизнинг буғдойи бўлса биринчи ҳосилини бериб бўлиб, иккинчисига ўтяпти... Қанақа нав бўлса-я?!
- Нав-нав дейсизлар, сизлар ўзи иссиқхона, парник деган нарсалар борлигини ҳам билсизларми, ўзи? – Дилмуроднинг ўрнига Абдул Воҳиднинг ўзи жавоб беради, индамай кетаверсам мот бўлдига чиқариб қўйишмасин деган мақсадда. – Ҳар қандай навни ҳам иссиқхонада ўстирсангиз, бемалол бир ойда мўл хирмон кўтараверасиз!
Беозор кулишамиз. Машина магнитофонида эса машҳур ҳофиз Шерали Жўраев:
Сен буғдой бошоғи бўлсанг, мен сомонингман, Ватан!
- дея ширали овозда куйлаётган эди. Эшон бобо билан Омонбой ака ҳам ўз ора ниманидир гаплашиб боришарди...
Йўлда кетяпмизу борадиган манзилимизнинг манзарасини тасаввуротимда гавдалантиришга уринаман. Ҳа, дейман, Баҳридин аканинг диди ўта юксак. Теварак-атрофда кўкламнингфусункор манзараси кўзларни қамаштириб, кўнгилларни яйратади. Ҳаво жуда мусаффо. Ана шундай ажойиб кунларда шеъриятга ошно қалблардаги завқу сафони тасвирлашга қалам ожиз. Домланинг ташаббуси билан барпо этилажак шеърият махфили эса... Ана шундай ширин хаёллар билан дилим орзиқса-да, аллақандай бир туйғу, нима десам экан, ҳадиксирашми-ей, ёки бўлмасам тортинчоқликми-ей, ишқилиб бир нарса кўнглимга ғулғула солардиким, бу ҳақда ҳали кейинроқ албатта тўхталиб ўтаман. Номи иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган “Олтинчи совхознинг бурилиши” деган жойга етганимизда манзилимизга етишимизга оз қолганини тушуниб етдим. Бир оз юргач, турар-жой биноларининг пештоқидаги “Алишер Навоий маҳалласи” деган ёзувни ўқидиму бизни тасаввуротимдагидан ўн чандон ортиқроқ манзара кутаётганлигини ҳис қилдим. Ундан кейинги маҳалла эса Шайх Саъдий Шерозий номи билан аталаркан. Икки улуғ шоирнинг номи билан аталадиган бу икки маҳалла аҳлини шеъриятга ошно эмас деб ким ҳам айта оларди?! Мактаб дарвозасидан кириб борганимизда мазкур илм даргоҳи Алишер Навоий номи билан аталишини кўриб, кўксим яна ҳис-ҳаяжон билан лиммо-лим бўлди. Нақадар ажойиб?! Дарҳақиқат, тасаввур қилганимдан минг чандон зиёд манзаранинг гувоҳи бўлиб турардим. Машинадан тушганимизда мазкур мактабнинг директори, бугунги махфилнинг асосий ташаббускори, мамлактимиз педагоглари орасида етакчи ўринни ишғол қилиб келаётган моҳир педагоглардан бири саналмиш устоз Баҳридин ака Мирзаковнинг шахсан ўзи қучоқ очиб кутиб олди ва ичкарига бошлади. Гулдек очилиб турган қизу ўғил ўқувчилар жуда гўзал хулқ ва одоб билан:
- Хуш келибсизлар! – дея бизга пешвоз чиқишди. Уларнинг чеҳрасидаги самимияту чақнаб турган кўзларидаги қувончни, нигоҳларидан уфуриб турган меҳрни кўрсангиз эди!.. Олисдан ҳориб келди дея ўйлашдими, бизни дастлаб она тили ва адабиёти хонасига бошлаб киришди ва иссиққина чою ширинликлар билан безатилган дастурхон атрофига таклиф қилишди. Аммо бизнинг нигоҳимиз ўта юксак дид билан безатилган хонадаги ўқув ва методик қуроллари ҳамда деворлардаги осиғлиқ деворий газета-ю адабиёт дастурига биноан ижодиёти дарсликларга киритилган ижодкорлар ҳақидаги маълумотлар битилган плакатларга боқиб, мактаб педагогик жамоаси ҳамда ота-оналар кенгаши аъзоларига тасаннолар айтдик: Офарин сизларга, эй маърифат жонкуярлари!.. Биз кирганимизда, у ерда биздан салгина фурсат илгарироқ ташриф буюришган Абдураҳмон Жомий ноҳиясида яшаб ижод қилиб келаётган шоир Абдулқосим Кўганов ҳамда шоиралар Гулойим (Ойимгул Тангрибердиева) билан Қизлархон Эшонқуловалар ноёб ўқув жиҳозларига тикилганича завқланиб аллақандай масалани муҳокама қилиб туришган экан. Бирор пиёладан чой ичгач, махфилнинг очилишини орзиқиб кутиб туришган ўқувчиларнинг ҳузурига боришимиз зарурлигини маълум қилдик. Бизни кенггина, шунинг билан бир қаторда яхшигина зал вазифасини бажаргувчи коридор сари бошлаб кетишди. Ҳамма ўз ўрнига – меҳмонлар ҳам мезбонлар ҳам қатор териб қўйилган ўриндиқларга ўтиб ўтиргач, Баҳридин ака мажлис иштирокчиларининг қадамларига ҳасанот тилади ва ширинсуханлик билан махфилни очиб берди.
Мусиқа янграй бошлади. Мусиқа – қалб қаъридаги хотира аталмиш сокин уммонни алғов-далғов қилиб ташлаш қувватига эга бўлган хазин садолар... Аждодларимизнинг қадимий либосидаги олти нафар ўқувчи қиз ва болалар секин ҳаракатлар билан рақсга тушганча даврага кириб келишди. Устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим изоҳ бериб ўтганидек, бу рақс “Само рақси” дея аталиб, мавлавия тариқатидаги обидларнинг зикр тушиш усули экан. Саҳнадагилар навбат билан Мавлоно Жалолиддини Румийнинг “Девони кабир”идан жуда чиройли оҳангда шеърлар ўқишди. Бир жуфт қалдирғоч худди ўқилаётган ғазалларнинг маъносини тушунадигандек,”вал фажри...” оятини қироат қилганча шеърхонлар тепасидан у ёқ-бу ёққа учиб ўтарди. Мен аввалига: “Домла Мирзаков махфилнинг яна-да манзаралироқ кечиши учун махфил дастурига “Қалдирғочлар парвози” деган бўлимни ҳам киритгану бирорта абжир ўқувчи бир жуфт қалдирғочни тутиб келтириб, бино ичкарисига қўйиб юборишган. Чиқишга йўл тополмаган бечора қалдирғочлар эса саҳна тепасида парвоз этиб, саҳна декоратсиясига сунъий равишда ҳисса қўшишмоқда!” – дея ўйладим. Йўқ, адашган эканман. Қалдирғочлар гоҳ ён томондаги очиқ деразадан, гоҳ коридор(айни пайтда зал вазифасини ижро этаётган кенггина хона)га туташиб кетган йўлакчанинг охирида очиқ турган икки тавақали эшикдан ташқарига учиб чиқишар ва гўё шеърнинг давомини эшитолмай қолишдан чўчигандек, яна зум ўтмай бино ичкарисида пайдо бўлишарди...
Само рақси билан қалдирғочлар парвози уйғунлигида давом этган Румийхонлик поёнига етгач, Баҳриддин ака сўз навбати камоли эҳтиром билан устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга берилишини эълон қилди. Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим устозимиз ўзи бошқача бир инсон-да! Ижодиёти қанчалик нафосатли бўлса, ўзи ҳам шунчалик хушсуврат, бунинг устига нутқдан ҳам Худо берган у кишига! Гапирса, тинглаб турсам дейсиз. Устоз жарангдор овоз билан шеърият борасида, ўзининг ижодий йўли хусусида, жамиятда китобнинг қанчалар қимматли ўринга эга эканлиги тўғрисида, компьютер ва интернет каби янги техника ва технологияларнинг аҳамияти ҳамда келтириши мумкин бўлган зиён-заҳматлари ҳақида жуда қизиқарли тарзда гапириб ўтгач:
- Сизларга тавсиям, азиз болажонлар, компьютерингиз ёнида ҳамиша ўндан зиёд бадиий ва илмий китоблар турсин! Чунки ҳалигача ҳеч бир ихтиро китобдан ўта олгани йўқ, ўта олмайди ҳам! – дея нутқига якун ясадилар. Гулдурос қарсаклар тингач, аввал биринчи, сўнгра иккинчи гуруҳ ўқувчилар чиқиб, устознинг шеър ва ғазалларидан намуналар ўқишди. Улар шеърни шундай маромига етказиб ўқишардики, гўё мактаб эмас, театрда ўтирибману саҳнада мактаб ўқувчилари эмас, катта тажрибага эга бўлган профессионал актёр ва актрисалар ёд олишган монологларини ўқиб бераётган бўлса керак деб ўйлашингиз ҳеч гап эмас. Махфил охиригача нечта ўқувчи чиқиб шеър ўқиган бўлса (ўзиям юздан ошиқ шеър, ғазал ва тўртлик қироат қилинди-ёв!), ҳаммаси ҳам жуда гўзал оҳангда, бирон марта ҳам тутилмасдан, ифодали тарзда қироат қилишди. Айниқса, Хурсандой Юсупова, Комрон Мирзаков, Меҳринисо Изимқулова, Омонжон Болтаев, Абдулазиз Мирзаков, Умаржон ва Абдураҳим Махановлар, Валижон Жабборов, Гавҳархон ва Марямхон Махановалар, Муҳаммадёр Мирзаков ҳамда Мадинахон Бўтаева каби ўқувчилар шеърхонликда фаол иштирок этишиб, йиғилганларнинг таҳсинига сазовор бўлишди. Фақат битта синглимиз шоира Гулойимнинг ота ҳақидаги шеърини ўқиётганда кучли таъсирланганидан охиригача тугата олмасдан йиғлаб саҳнани тарк этдиким, бу ҳолат бошқаларнинг ҳам кўзларида ёш пайдо бўлишига сабабчи бўлди...
Ўқувчилар устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг ижодиётидан тўртлик, шеър ва ғазалларни қироат қилиб бўлишгач, сўз навбати менга берилиши эълон қилинди. Ана холос! Катта бир аудитория, бунинг устига бадиий адабиётдан етарлича, ҳатто, ошиғича хабардор бўлган муҳтарам устозлару илмга, ўқиб ўрганишга чанқоқ мурғак қалбли ёш авлод ҳузурида сўзга чиқишдан-да мушкулроқ иш бормикан дунёда?! Юқорироқда қайд этиб ўтганимдек, кўнглимга ғулғула солиб келаётган нарса ҳам шу эди-да! “Менга ҳам сўз бериб қолишса, қандай қиламан экан-а?!” – деган ўй бутун йўл давомида қалбимни кемириб келганди. Энди нима қилсам? Деразадан ташлаб қочсаммикан? Йўқ бўлмайди! Бунча одамдан қочиб қутулиб бўлармикан?! Ночор Баҳриддин ака узатган микрофонни олдим. Ҳис-ҳаяжоннинг зўрлигидан нима дедим, нима қўйдим, ўзим ҳам билмайман. Айтганларимни тингловчилар тушунишдими, йўқми, буни ҳам билмайман. Ижодкорни кундузи мол боқиб чарчаган ё далада ишлаб ҳориган болакайга ўхшатдимми-ей, чарчаб ухлаб қолган болакай уйқусида ўзи билмаган ҳолда алланарсалар деб гапиришини, эрталаб уйғонганда уйқунгда нимани гапирдинг дея сўралганда эса нима деганини ўзи ҳам билмаганидек, дунё ташвишларидан толиққан ижодкор ҳам қўлига қалам олиб ижодга шўнғишини ва ҳалиги болакайга ўхшаб нима ёзганини ўзи ҳам билмаслигини, унинг нима ёзганини эса зийрак китобхонларгина баҳолай олишини айтдимми-ей, ишқилиб, бир амаллаб микрофонни эгасига қайтариб берганимдан кейингина ўзимга келиб, равон нафас ола бошладим. Яна саҳнага бир гуруҳ шеърхонлар чиқиб, менинг 2006-йили чопдан чиққан “Олисда қолган излар” номли мўъжаз шеърий тўпламимдан шеърлар қироат қилишди. Оҳо-о! Ёмон шеърни ҳам яхши интонатсия билан қироат қилишса, ёмонлиги унчалик билинмай қолар экан. Сира шеърга ўхшамайдиган мисраларимни шеърдек қилиб қироат қилишган саҳнадаги мурғак қалбли арслондек укажонларим ва ойдек сингилжонларимга қандай қилиб ўз миннатдорчилигимни изҳор қилишни билмасдим. Кейинги йилларда фалсафик мушоҳадалардан иборат “Қиёматга қанча қолди?” ҳамда роман, ҳажвий ҳикоялар ва шеърлардан таркиб топган “Недир ул Шарқ?” номли китобларим чопдан чиққанди. Яхшиям, ўша китобларнинг ҳар қайсисидан беш донадан ола борган эканман. Миннатдорчилигим нишонаси сифатида уларни “Мактабингиз кутубхонаси учун мендан ҳадя бўлсин!” – деб Баҳридин аканинг қўлига топширдим.
Ширинкалом шоир, бир қанча шеърий тўпламлар муаллифи – Абдулқосим Кўгановга сўз навбати берилганда, шоир ортиқча такаллуфларсиз қисқагина нутқ қилди-да, микрофонни қайтариб берди. Ўқувчилар Абдулқосим аканинг шеърларидан ҳам жуда чиройли қилиб қироат қилишди. Кейин “Баҳорнинг биринчи куни” ҳамда “Қора тулпор” номли шеърий тўпламлар муаллифи Абдул Воҳид Алматов сўзга чиқди. У киши ҳам шеър ва китобнинг фазилатлари хусусида бир оз сўзлагач, ўз қаламига мансуб бўлган “Кўктош” номли шеърини ўқиб беришини айтди ва жуда ифодали тарзда шеър қироат қилишга тушди. Шоирнинг соҳир овози-ю шеърдаги инсонийликнинг юксак мезонларини ифодалагувчи оҳангдорлик сеҳридан ҳамманинг вужуди қулоққа айланганди, гўё. Э, ана энди англашилди! Кеча Абдул Воҳид кимсасиз хирмонда буғдойнинг олтин бошоғини эмас, кўм-кўк майсада ётиб олиб, соҳир мисраларни қоплаган экан-да?! Оббо, қитмир-ей! Биз тағин Дилмурод билан иккимиз уни гапдан мот қилмоқчи бўлиб ўтирибмиз-а?! У эса ўзининг биргина “Кўктош” номли шеъри билан бутун мажлис аҳлини мот қилди-я!..
Шеърхонлар Абдул Воҳиднинг шеъриятидан намуналар ўқишгач, сўз айтиш гали нафискалом шоира, “Ойнинг ёруғ ўн беши” номли шеърий китоб муаллифи Гулойимга келди. Шоира ўзининг нафис мисраларидек соҳир овозда бугунги кун унинг учун қўшалоқ байрамга айланганини, биринчи байрам таърифига тиллар ожиз мазкур гўзал махфилда иштирок этиш бахтига муяссар бўлгани бўлса, кейингиси 5-апрел таваллуд айёми эканлигини айтиб, махфил иштирокчиларининг олқишига ва гулдурос қарсакларига сазовор бўлди. Мухлисларининг самимий олқишларидан илҳомланган шоира шеърни шеърга улаб, бира тўла учта шеърини қироат қилди. Микрофон яна саҳнадаги шеърхонлар қўлига ўтиб, Гулойимнинг ажиб ва бетакрор шеъриятидан иборат хазин садолар саҳна четидаги овоз юксалтирувчи мосламалар воситасида тингловчиларнинг юрак-юрагигача сингиб кетди...
Ўзининг қуйма мисралари билан аллақачон минглаб қалблардан жой олишга муваффақ бўлган шоира Қизлархон Эшонқулова микрофонни қўлига тутганда, салмоқли ва сермаъно жумлалар садо беришига ишонч ҳосил қилган мажлис аҳли сукут сақлаганча шоирани тинглади. Шеърият борасида, ижод хусусида, ўзининг ижод оламига қандай кириб келгани тўғрисида салмоқли сўзлар айтган шоира опамиз жумлаларни чертиб-чертиб гапирарди, гўё. У киши ҳам ҳали сиёҳи қуримаган шеърларидан учтасини қироат қилиб, махфилимизнинг шукуҳига шукуҳ қўшди. Қизлархон опа қироатини тугатгач, саҳнадаги ёш шеърхонлар шоиранинг шеъриятидан намуналар ўқиш билан қироатни давом этдиришди...
Баҳридин ака:
- Сўз навбатини Регарлик истеъдодли шоир, махфилимизнинг муҳтарам меҳмонларидан бири – Дилмурод Қурбонга берамиз! – дея эълон қилгач, асл ихтисоси филолог, бунинг устига узоқ йиллардан бери ёш авлодга таълим ва тарбия беравериб бой тажриба орттирган дўстимиз салобат билан жуда қотириб нутқ қилди-да ўзиям. Аммо жуда салмоқли гапларни айтди у. Сўнгги иқтисодий қийин шароит ҳамда ўтиш даврининг салбий таъсирлари туфайли бошқа соҳаларда бўлганидек, адабиётшунослик соҳасида ҳам бўшлиқ вужудга келиши эҳтимоли борлигини куйиниб тилга олган шоир Баҳриддин ака Мирзаков раҳбарлик қилаётган мазкур илм масканининг мақтовга арзигулик ютуқларини қуйидагича қайд этиб ўтди:
- Қанийди, Ватанимизнинг бошқа бурчакларидаги илм масканларида ҳам худди сизларнинг мактабларингиздагидек жонкуяр педагоглар жамоаси фаолият кўрсатишса-ю улардан таълим олаётган ўқувчилар ҳам худди сизлардек илмга чанқоқ бўлишса ҳамда таълим дастурида белгиланган таълимотларни худди сизлардек ўзлаштира боришса, сира куюнмасдик!
Сўнгра у Абдул Воҳид бошлаб берган анъанани давом этдириб, тўпламига киритилган шеърларидан бири – “Каклигим” шеърини ифодали тарзда қироат қилди. Сўзининг охирида эса ҳадя сифатида олиб келган ўн дона илк шеърий тўпламини Баҳридин аканинг қўлига топширди. Дилмуроддан кейин сўз навбати Омонбой акага берилди. Ўз таржималари билан Тожикистонда ўзбек адабиётининг ривож ва равнақига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Омонбой Жуманов дўсти, отахон шоир Ўлмас Жамолнинг ҳашаматли қаср қурганини айтиб, мажлис аҳлини ҳайрат уммонига ғарқ этди. Омонбой ака мазкур қасрнинг девори оддий ғиштлардан эмас, балки мисра ва байтлардан таркиб топганлигини, қасрнинг ўзи эса “Чор девон” дея аталишини айтганида эса тингловчиларнинг кўнглига чўккан ҳайрат тумани бутунлай тарқаб кетди. Яқинда у киши “Гулдаста” номли китобнинг биринчи қисмини тасниф этиб, чопдан чиқарган эди. Унда асарлари мактаб дастурига киритилган ижодкорларнинг таржимаи ҳоли ва ижодиётига доир кенгроқ маълумотлар берилган бўлиб, мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар ундан қўшимча қўлланма сифатида фойдаланиши мумкин. Табиатан сал “қаттиқ”роқ бўлган Омонбой ака махфил ташкилотчиларининг ҳимматидан “эриб” кетдими, йигирма дона “Гулдаста” китобини мактаб ўқувчилари учун ҳадя сифатида (бепул) жўнатишга тантанали тарзда ваъда бериб юборди. Баҳридин ака меҳмонлар ва мезбонлар орасида савол-жавоб ўтказилишини эълон қилгач, ўқувчилар навбат билан ижодкорларга мурожаат қилишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Охирида мазкур мактаб ота-оналар кенгашининг раиси, ажойиб тадбиркор, маърифати буюк инсон – Рустам ака Маханов сўзга чиқиб, махфил иштирокчиларининг қадамларига ҳасанот тилаб, махфилда иштирок этишга вақт ажратганлиги учун чуқур миннатдорчилик изҳор этди. Гулойимни туғилган айёми билан қутлаб,совға сифатида шоиранинг битта тўпламини ўз ҳисобидан чоп этиб беришга ваъда берди. Шеърхонликни аъло даражада ижро этишган ўқувчиларга кўп лутфлар кўрсатиб, келажакда бундан ҳам каттароқ муваффақиятларни қўлга киритишларига ишончи комил эканлигини маълум қилди. Ота-оналар кенгаши номидан тайёрланган эсдалик совғалари улашди. Шундан кейин мактаб мусиқа тўгарагининг раҳбари, аллақачон учта альбомини чиқаришга муваффақ бўлган хушовоз хонанда, махфилнинг мусиқий оранжировкасини тайёрлаган соҳир овоз соҳиби Собиржон Болтаев дилрабо куй жўрлигида қўшиқ куйлаб, кўнгилларга сурур олиб кирди. Операторлар Бахтиёржон Мамасаидов билан Собирбек Умаровлар эса, бири видеокамера, бошқаси фотокамера воситасида махфилни бошидан охиригача узлуксиз тасвирга олиб туришди. Ўқувчилар қатор бўлиб дастхат ёздириб ола бошладилар. Айниқса, устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимни дастхат олувчилар гуруҳи қалин парда янглиғ қуршаб олишди. Махфил сўнгида эсдалик учун суратга тушдик.
Ибтидо бор жойга интиҳо албатта етиб келади, дейишарди, чин экан. Таърифлайверсак, поёнига етиш мушкул бўлган ажиб махфилимиз ҳам поёнига етиб келди. Бироқ ҳеч кимнинг бу ерни тарк этгиси келмасди. Дўстлар дийдори шунчалар ширин эдики, ундан воз кечиб кетиш одамга жуда оғир келаркан. Аммо начора? Воқеият шуни талаб қиларди. Меҳмонлару мезбонлар бир-биримизни Аллоҳга амонат қолдирганча хайрлашдик: ЯНА ДИЙДОР НАСИБ ЭТГУНИГА ҚАДАР АЛЛОҲНИНГ ПАНОҲИДА БЎЛИНГ, АЗИЗ ДЎСТЛАР!
АБУ БАКР АСОЕВ.


Рукн: Матбуот | Қўшди: Samandar (16.05.2013)
Кўрилди: 1026 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0