Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Наср

ХЎЖАНД ҲАНГОМАЛАРИ
Ҳакимжон ЗОКИРОВ

Хўжанд ҳангомалари

Ижодкорлар, олимлар, санъаткорларни кўпинча жиддий одамлар сифатида кўз олдимизга келтирамиз. Аслида, Эркин Воҳидов айтганидек, «улар ҳам одам», ҳаётларида кулгили, ҳангомабоп воқеалар, лутфу киноя, қочириқлар тез-тез бўлиб туради. Қуйидагиларни ўқиб, оз бўлса-да завқ оласиз, ўзингиз ўқиган, севган таниқли кишилар тўғрисидаги маълумотларингиз кенгаяди, деб ўйлаймиз.

ДЕВОРАРО СУҲБАТ
Бир куни ёзувчи Аскар Ҳаким ноҳия газета редакциясига кириб келди. Унинг ташрифидан фойдаланган Анвар Олим шоир Шайдони чув туширди. Шу кунларда китоб чиқариш иштиёқида юрган Шайдога қўшни хонадан занг қоқди:
- Алло, Шариф Нуриддинмисиз? Душанбе шаҳридан Аскар Ҳаким безовта қилаяпти. Китобингиз нашри тўғрисида сўзлашмоқчийдим…
Улар узоқ гаплашишди. Бу орада ҳар иккала телефон қилувчининг овози баралла эшитилар, аммо содда Шариф Нуриддин «пойтахтдан» бўлаётган телефонга шунчалар берилгандики, бу воқеадан завқ олиб кулаётган қўшни хонадаги Аскар Ҳаким, Неъмат Оташ, Анвар Олимларнинг овозларини пайқамас эди.

«ТОШКЕНТЛИК МЕҲМОНЛАР»
Сиёсат шундай эди. Муҳаррир Аббос Воситов(жойлари жаннатда бўлсин) бошчилигида таҳририят аъзолари ҳам эл қатори пахта теримига чиқдилар. Ленин номли (ҳозирги А. Жумаев) колхозининг Зархок бўлими пахтазор майдонида этак бойлаб ишга киришдилар. Аммо ниманидир «саҳналаштирган» Ҳомиджон Шарипов(раҳматли) ҳамкорлари Неъмат Оташ, Мирзо Ғани, Анвар Олим, Убайдий(руҳлари шод бўлсин)ларга имо-ишора қилганича, қайгадир бир соатча йўқолди.
Тушлик пайти. Ҳомиджон илжайганича, редаксия ходимларини «шоҳона» тушликка таклиф этди. Барча гап нимадалигини тушунмай, ҳайрон бўлганича ГАЗ- 69 га чиқди. Машина тўғри Катта Фарғона канали бўйида жойлашган Шариф Нуриддиннинг уйи олдига етиб тўхтади. Ҳамма, айниқса, уй эгаси Шарифжон ҳайрон. (Аммо у сир бой бермади.) Шу пайт уй бекаси чиқиб, таклиф этди:
- Қани, марҳамат қилинглар, азиз тошкентлик меҳмонлар! Уйимизнинг тўри Сизники…
Маълум бўлишича, Ҳомиджон эрталаб, барча пахта теримига киришганда, бир ҳазиллашиб қўйиш учун Шариф Нуриддин уйига келади. Бир қоғозни уй бекасига кўрсатиб дейди:
- Келин ая, тушлик пайтида бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳмонлар келишармиш. Шарифжон ака тайинладиларки…
«Ўзбекистонлик меҳмонлар» зиёфатдан хурсанд қайтишди. Фақат бир киши – корректор Набизодагина хафа эди. Унинг уйидаги қўйларига атаб сидирган икки қоп тут баргини берган зиёфатини қисман қоплаш учун Шариф Нуриддин ўз қўйлари олдига бўшатган экан.

«СОВҒА»НИНГ «ҒАВҒО»СИ
Еттинчи ноябр Улуғ Октябр инқилоби байрамига бағишлаб шаҳар марказида намойиш ва митинг ўтказилади. Газетачилар байрамга янги либос кийишга қарор қилишди. Арафа кунида маошни олиб, мавсумий моли арзонлаштирилган дўконларни кезиш иштиёқида Чкаловск шаҳрига келишди. Бўй-басти кичик муҳаррир Абдулложон Омиров ва Шариф Нуриддин болалар кийим дўкони – «Детский мир»га кириб кетдилар.
Насрулложон Убайдий ҳам оёғига мос 45-размерли туфлини «Великан» магазинидан топди. Уни ўраб-чирмаб, машина ортига ташлаб қўйди. Уйига келгач, қай кўз билан кўрсинки, туфли ўрнида иккита русча китоб турарди. Кўз олдида «саҳна ижодкорлари» - Маҳмуд Иброҳим, Анвар Олим, Ҳомиджон Шариповнинг масхараомуз кулиб тургани намоён бўлди. Аламдан мушт тугди: «Шошмай турларинг, ҳали!»
Убайдий байрамни бинойидай эски туфлисини лаклаб ўтказиб, ишга келди. Туфлисига ер остидан кулиб боқаётган «дўстлари»ни аста зимдан кузатди.
Тушлик маҳали. «Дўстлар» оёқ кийимини ечиб, редаксия ҳовлисидаги катга чиқдилар. Овқатланиб бўлишгач, ҳаммалари янги оёқ туфлиларини кийиб намойиш қилмоқчи бўлишди-ю, аммо топишолмади. Бараварига команда берилгандай, ялт этиб Убайдийга қарашди. У эса гўё бепарво ва эътиборсиз, кўкни чойни майдалаб ҳўпламоқда эди.
- Кечиринг, Убайдий, айбдормиз. Оёқ яланг уйга қандай кетамиз? Мана янги туфлингизни олинг…
Убайдий пинак бузмади:
- Байрамга яраган туфлим ҳали кўп иш беради. Ўша янги туфлим сизларга сийлов! Айтгандай, ўша берган китобларингни қизиқиб ўқияпмиз...
У шундай дея, ўз хонасига йўналди.

«ПОРА»НИНГ ЧОРАСИ
Бош муҳаррир Абдулажон Омиров икки ходими – Неъмат Оташ ва Шариф Нуриддинга ноҳиянинг бир ҳайкалтароши тўғрисида очерк ёзишни топширди. Бундан хабар топган уста-ҳайкалтарош икки журналист билан ҳадеганда букилиб саломлашадиган одат чиқарди. Аммо икки муаллифнинг бир-бирига солавериши оқибатида очерк ортга суриларди. Ниҳоят, очерк босилди.
Эртасига оғзи қулоғида бўлган ҳайкалтарош икки сумка харид ташлаб кетди. Ичида тўрт килограмм гўшт ҳам бор экан. Бундан бир оз шубҳага борган муҳаррир дашном берди:
- Шуми, совет журналистининг рафтори?! Қайтариб беринглар!
Ҳар ишда сувдан қуруқ чиқадиган икки дўст Анвар Олим ва Ҳомиджон Шарипов сценарийни боплашди:
- Ахир шунча харид қилиб келган котибамиз Ҳожалойнинг туғилган кунида бир ўтирсак-ўтирибмиз-да! Қани, ўртага бир сўмдан ташланглар, орамиздаги ягона аёл учун совға харид қиламиз.
Муҳаррир бу «ташаббус»дан ёқа ушлаб, бир сўм узатди.

«НОСДАН ЧЎЗИНГ!»
Ёш шоир Неъмат Оташ ҳамиша қайнаб-тошиб турадиган чойнак мисоли эди. Темурийзода Заҳириддин Бобур ўзининг машҳур «Бобурнома»сида Мирмумтоз исмли шоҳмотчини таърифлайди. Гўё у бир киши билан шоҳмот сураётиб, иккинчисининг этагидан тутиб турар экан, токи кетиб қолмагай деб…
Неъматжон ҳам ана шу хилидан эди. (Дарвоқе, Оташ – яъни, олов, гулханнинг ўзи десак, хато қилмасдик.) У ёзиб келган янги шеърларини тингламасингизга қўймасди. Бири тугар экан, кўзингизга тикилганича, этагингизни тутиб, навбатдаги ашъорини эроний талаффузда-ажиб бир оҳангда ўқийверарди… тўхтатиб бўлмасди. У шеър қироат қилар экан гўё ҳамиша оғзида нос бордай туюларди. (Аслида ҳам у носга мухлис эди.)
Уни шеър ўқишдан фақат бир киши тўхтата оларди - Шайдо!
- Қани укойи шерин, бизга ҳам носдан якто олинг! Бирга-бирга прикур қилиб, шеърингиз мағзини чақайлик…

«НОЗ» УЙҚУ
Таҳририятда узоқ вақтлардан буён ишлаб келаётганлардан бири Насрулложон Убайдуллоевдир. У оддий мухбир, бўлим бошлиғи, редактор ўринбосари, масъул котиб – қарийб ҳамма вазифани уддалаган заҳматкаш журналист ҳисобланади. Уни, хусусан, ёши катталар Убайдий деб чақиришарди.
Убайдий билан боғлиқ ҳангомалар тез-тез бўлиб турарди. Навбатдаги газета саҳифаларини кўздан кечирар экан, муҳаррир Абдулложон Омиров Убайдийни йўқлаб қолди. У кўринмагач, каминага деди:
- Иш буюрганим учун ранжиманг, ука. Ёшроқсиз, кўринг-чи, нега масъул котиб кўринмайди. Саҳифада камчилик бисёр. Бу ҳолда чопга бериб бўлмайди.
Насрулложон акани ахтариб, иссиққина қоровулхонадан мизғиётган ҳолда топдим. Аста туртиб, муҳаррир йўқлаётганини айтдим. У уйқули кўзларини бирин-кетин очиб, ғудранади:
- Э, қўймадингиз, роса зўр жойига келганди-да…
Кириб келган ҳазилкаш Шайдо гапнинг этагини тутиб кетади:
- Убайдий, тўйдан тушган даромадни тенг ҳисса қилиб бўламизми, йўқми? Хўп десангиз, ухлайверинг, йўқса, редакторга чақамиз!
Гапнинг мағзини дарров тушуниб кулишамиз. Хизматчиликда, тиниб-тинчимас Убайдий шу вақтларда тўйларда ўртакашлик қилиб юргувчи эди.

БИР МИСРА БАҲСИ
Шеър баҳси тинчлигимни бузиб, эрталаб бир машқ ёзиб, Шукруллохон акага кўрсатдим. Устоз ўз фикрини бир оз ўнғайсизланиброқ ифода этди.
- Машқингиз ёмон эмас. Аммо… шу йигит кишининг шеър туғаман дейишиши сал ғалатироқ-да.
- Устоз, ахир илҳом келгач, шеър туғилади дейилса, нима қилибди?-дейман. Устоз ўз фикрида қолади.
Гап «Шеър дарди» сарлавҳали машқимдаги «Ҳар тонг туриб шеър туғаман мен» мисраси ҳақида эди.
Хуллас, машқимни ноҳия газетасидаги устоз Шайдога олиб бордим. Ундаги баҳсга сабаб бўлган мисра ҳақида сўзлаб бердим. Шайдо бу гапдан кулиб шундай дедилар:
- Тақсиримки (Авлиёзодани ҳурматлаб шундай деб ҳам атардилар) айтибдилар – биз нима дердик…
Кўп ўтмай, илк машқларимдан иборат ўша қораламам устоз Шайдо таҳририда газета юзасини кўрди:
Дунёга келаркан чақалоқ,
Барча дардни тортар онаси.
Дард бўлмаса туғилмас мутлоқ,
Шоир шеъри – унинг боласи.
Амалия ишқида Гейне
Гарчи ритсар чекканди ёҳу,
О, Байрон-чи, севгидан нолиб
Ҳаётига қўшилган оғу.
Эл ғамида яшагани-чун
Ҳамон севар Алишерни ҳалқ.
Ватан ишқи Бобур, Ҳамзани
Ижод сари ундагани ҳақ.
Не-неларни кўрмади замин,
Ижод аро синалди кўп мард.
Эл-юрт ишқи, ёру муҳаббат
Шоирларга қалам тутган дард.

ХОТИРА ҚУРСИН
Матбуот байрами муносабати билан ҳар йили диёримизнинг гўзал, манзарали жойларига саёҳатлар қилиб туриш одатимиз бор эди. Ўша вақтларда мактабда ўқитувчилик қилиш билан бирга ноҳия газетасида ҳамкорлик қилиб турардим. «Бо роҳи Ленинb» (ҳозирги «Хужанд») ноҳия рўзномасида ажойиб инсонлар муҳаррирлик қилишганди. Бугун орамизда бўлмаган Мўминжон Аҳмедов, Абдулложон Омиров, Аббос Воситовнинг ҳозирги айрим раҳбарларга ибрат бўлгучи камтаринлиги, ижодкор меҳнат коллективига ғамхўрликлари, дам олишга эътибор қаратишлари кўз олдимдан кино лентасидай ўтади.
Редакция аҳли миниб олган ноҳия маданият уйи автобуси (маданият уйи директори Маҳмуд Иброҳимов эди) қўшни Қирғизистоннинг тоғ қишлоғи Чорбоғ этагига етиб тўхтади. (Дарвоқе, бу ер шоирлар Илаш Тўйчи, Уста Пўлат туғилиб ўсган жой.) Коллективни шоир Шукруллохон ака кутиб олди. Абдулложон ака, Убайдий, Болтужон Умарзода, Мавлонзода, Мирзо Ғани, Неъмат Оташдан сўнг қўлтиқлашиш навбати Шайдога етди. Бахтга қарши уларнинг «ачомлашиб» кўришиши иккови учун ҳам ноқулай, чунки Шарифжон ака пакана, Авлиёзода эса дароз эди. Салом-аликдан сўнг Шукруллохон ака ўзини жиддий тутиб арзланди:
- Шарифжон, Сизни тўғрисўз, дуруст одам деб ўйловдим. Ёлғончилик одатингиз ҳам бор эканда-а?
Шайдо чинакамига ҳеч нарсага тушунолмай, таажжубланиб сўради:
- Нега, нима гап ўзи, Шукруллохон ака?
- Ахир, Овчининг чойхонасида, сизнинг «заказ» билан қўйнинг карт қуйруғи-ю, биқин гўштидан исматовча(Овчида, ошхўрлар орасида «Исматовнинг оши» ибораси кўп қўлланади) ош дамлаб, роса кутиб ўтирдик, келмадингиз-ку?!
Хотирпаришонлик касали ёдга тушиб:
- Эҳ-ҳа, узр, узр - кулиб юборди Шайдо. – Айтдима-а, қаёққадир боришим керак эди, деб… Ҳе, эсарлигим қурсин, ошданам қолибман.
Авлиёзода кулиб дашном берди:
- Шарифжон, Сизга гап шу, бундан буён ҳар доим рўмолчангизни тугун қилиб қўйинг, кўрсангиз, ёдга тушади. Мен шундай қиламан…
Ҳазил-ҳузилдан ҳамма қаҳ-қаҳ уриб юборди.

МИЛТИҚНИНГ МИЛИ ҚАНИ?
Табиат қўйнига, тоғ бағрига қилган саёҳатларимиз ҳамиша завқли ўтарди. Маҳмуд Иброҳим, Неъмат Оташ, Шайдо, Убайдийлар кўкка кўрпача тўшаб шоҳмот суришар, Абдуллажон Омиров, Ҳожи Қурбон, Ҳаннон Раҳмонлар «Хожа Боқирғон»га қармоқ ташлаб, балиқ тутишмоқда. Аббос Воситзода ва Авлиёзода – қозон бошида, пазанда. (Бу борада уларнинг олдига тушадигани йўқ.) Ўт ёқиб зирвак қилишаётир. Кўп ўтмай, ажойиб, антиқа ҳид ҳамма ёқни тутиб, иштаҳаларни қитиқлади…
Ўша чоқларда менда қайирма милтиқ бор эди. Навбат «мерганлик мусобақаси»га етди. Маҳмуджон ака, Неъматжон нишонга аниқ уришди. Нишонга олиш гали соддадил Шариф акага келди. Неъматжон ўзбекчалади:
- Акойи Шарифжон, нишонга тў-ўғрилаб, кўзингизни ёпинг, бо ўқи ҳавога кетиб, бегуноҳ бирор қушга тегмасун!
Милтиқ гумбурлади. Атрофни тутун босиб, милтиқ ерга тушди. Оташ кўз қисиб, ишора қилди.
Милтиқни зуд олиб яширдик.
Шайдо ўзларига келиб, кўзларини очганларида, суҳбат аҳли бараварига уни «талашди»:
- Қайга отдингиз?
- Милтиқ қани, шоир?
- О, ман гуфтамку, милтиқни маҳкам ушланг деб…
Содда, тўғри, кўнгилчан Шайдо уҳ тортиб юборди:
- Ё товба, милтиқ учиб кетдими-а, ўзимам отмай девдим-а…

«ТЎҒРИСЎЗ МИЙМАНДАР»
- Ука, Шайдонинг суҳбатиниям соғиниб кетдик-ку! Тоққа таклиф этиб, бир қимизхўрлик қилсак. Гулу лолазорни сайр этиб, дам олиб қайтардик-да,- деб қолдилар бир куни Шукруллохон ака. «Хўп» дедим. Шарифжон ака ўша кезларда ноҳия редакцияси томонидан мукофотга берилган «Урал» (пулга берилса-да, мукофот дейиларди) мотоцикли минардилар.
Таклифни қабул этган Шайдо сал ўтказиб, дам олиш кунларининг бирида сечархани миниб келиб қолди.
Овчиқалъача қишлоғида тоғу тош сайридан зерикмайдиган кекса бир отахон бор. У киши бизни Қирғизистоннинг Булоқбоши деган тоғ айилига бошлади:
- Шоир меҳмон, ўзим бир айлантириб келай, Сизларни. Бир тошнинг орқасида ярим килоча чин зирани ҳам чамалаб қўйганман, териб оласизлар, худо хоҳласа…
- Ҳали бу киши ерда ўсаётган зиранинг қанчалигиниям биладими-а? Тавба…
Содда шоир сўзларига кулиб «ҳа-да», деб қўяқолдик.
Йўлга тушдик. «Урал» уч кишига мўлжалланган, аммо биз тўртовлон мингашиб олганмиз. Миқтидан келган Шайдо рулда, дароз Авлиёзода унинг ортида, бошларига темир қалпоқ кийиб олишган. Узоқдан қараган киши ота-бола ўтирибди-ю, мотоциклни олдига ўғлини миндирган новча киши ҳайдаяпти, деб ўйлаши мумкин. Кажавада жойлашган қария ва менда каска йўқ.
Қулунди айилидан чиқар-чиқмас қирғиз ГАИ ходими ҳуштак чалди. Ҳайдовчи Шайдонинг ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлига олган баланд бўйли милиционер ва шоир ўртасидаги савол-жавоб бизга ҳам бемалол эшитилиб турибди.
- Мийман, Сиздерга жол бўлсун!
- Бир айланишга, ГАИ ака!
- Жақси. Не сабабдин торт адам мингешиб алибсиздер?
Шайдо ўзидан анча ёш гаичникнинг узун бўйини ҳисобга олибми ёки мезбонлиги ва ё погони учунми, ишқилиб, ҳадеб уни «ака»лар эди.
- Кечириб қўясизда, ГАИ ака, бир айланиб меҳмончиликка…
- Ўбдон жақси, мийман. Неге бул икавлан каска кийиб алмабдир?
- Борида ака, ўзи иккита холос…
- Анда, жана бир вопрос. Матацикл неге тутайд? Не причинаси бар, мийман?
-Э, ака, ўзиям сал бузуқроқ. Зў-ў-рға кетаяпмиз, тортмайди савил қолгур…
«Мийман шоир» Шайдонинг содда ва тўғри сўзлигидан ГАИ ходимининг ҳам завқи келди. У шунча нуқсонлардан кўз юмиб, ҳужжатларни қайтариб берди:
-Ақ жол, миймандар! Туури адам экенсиздер!

«АҚЛЛИ ГАП»
Овчиқалъачада, шоир Шукрулло Авлиёзода ҳовлисида тўй бўлаётганди. Меҳмонлар кўпайиб, тўйдан кейин университет домлалари, шоир ва журналистларни қўшнининг уйига жойлаштиришди. Ҳазил-ҳузул, аския давом этарди.
Барчага қулоқ солиб турган журналист Равшан Қосимов жиддийроқ гап қилди:
- Баъзида тентакдан ҳам ақлли гап чиқади!
Бу гапдан барча ҳушёр тортди. Биров у, биров бу деди. Авлиёхон хулоса ясади:
- Равшан юз фоиз тўғри гапирди. Мана, унинг ўзи ҳам ақлли гап айтди-ку!
Кулгидан том кўчишига оз қолди.

ЧИРОЙЛИ КЎРИНАЙ ДЕБ
Хужанд шаҳар ҳукумати меҳмонхонасида ёзувчи Шойим Бўтаев, шоир Авлиёхон Эшон, хушовоз хонанда Тўлқин Тожибоев бир пиёла чой устида суҳбатлашиб ўтиришарди. Авлиёхон деразадан тушаётган қуёш нуридан қочиб, ёзувчининг ёнига ўтирди. Шойим Авлиёхонга ҳазиллашди:
- Тўлқиндай келишган барно йигит ёнидан туриб, менинг ёнимга қўнганингизни тушунолмаяпман.
Шоир жавоб қайтарди:
- Тўлқинжоннинг ёнида юзимдаги нуқсонлар бўртиб кўринмасин дедим.
У яна қўшиб қўйди:
- Лекин Сизнинг ёнингизда мен ҳам бинойидек кўринсам керак!

ХАФА БЎЛМАНГ, ОҒАЙНИ!
«Ленинобод ҳақиқати» вилоят газетаси юбилейи куни ҳукумат биносида ўзбек шоир ва ёзувчиларининг нашрдан чиққан китоблари кўргазмаси ташкил этилди. Китоблар орасида ўзиникини кўрмаган Авлиёхон Эшон бир оз ранжиб, ёнидаги шериги Нурмуҳаммад Йўлдошевга сўз қотди:
-Ажабо, бу ерда ҳамманинг китоби бор-у, менинг икки китобимдан биттасиям қўйилмабди.
-Хафа бўлманг, оғайни, бу ерга таништирмаса бўлмайдиган китоблар қўйилган. Қўлма-қўл бўлиб юрган китобларингизни таништиришга ҳожат йўқлигини ташкилотчилар ҳам яхши тушунишган-да!
Ўз ўрнига тушган бу гапдан икковлон кулиб юборишди.

ПОЧЧАНГИЗ БЕРМАСИН-У…
Бобоназар Алиев(руҳлари шод бўлгай), Саидакбар Махсумхонов (пединститут домлалари) Тошкентни айланишиб, яна Хужандга қайтишибди. Автобусда Авлиёхон Эшон шерикларининг мўлгина пайпоқ харид этишганидан бохабар бўлиб, гап отибди:
- Мана, Сизларни қанча шоиру ёзувчи билан таништирдим, шаҳри азимни томоша қилдирдим. Энди… эвазига бир жуфтдан пайпоқ берасизлар-да...
Шериклар аста халталарини яширишибди. Авлиёхон бўш келмай, Бобоназардан бир жуфт пайпоқ олишга улгурибди. Саидакбар бу гапдан гўё бехабар, ойнадан ташқарига тикилиб кетаверибди. Бобоназар эшиттириб дебди:
- Авлиёхон, поччангиз Саидакбар-у пайпоқни мендан оласизми?!

АФСУС, ТАРИХГА КИРМАЙ ҚОЛДИК
Авлиёхон Эшоннинг ўғилларидан бири пединститутда ўқиб юрарди. Имтиҳон маҳали домлалардан бири талабага оёқ кийими-басоножка олиб келишини тайинлабди. Бундан хабар топган шоир институт кафедрасига кириб борганида, дўстлари Бобоназар Алиев ва Саидакбар Махсумхонов суҳбатлашиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг Авлиёхон ташрифи боисини айтибди:
- Бир домланинг аҳволи ночорга ўхшайди, туфли сўрабди. Янгисини топиш мушкулроқ. Оёғимдаги туфли ҳали янги, шуни бериб кетсам...
У туфлини ечиб эшикка йўналганда дўстлари ялина бошлашибди:
- Ҳай-ҳай, бизни шарманда қилманг!
Шоир ҳовуридан тушибди, бир пиёла чой ичаётиб шундай дебди:
- Бекор тўхтатдиларинг. Агар туфлимни қолдириб, оёқ яланг кетганимда, мен ҳам, ўша ўқитувчи ҳам тарихда қоларди.

СЎЗ ЎЙИНИ
Хужандда Авлиёхон Эшон, Тошкентда эса Ўзбекистон телевидениеси мухбири Шарофат Эрматова ташаббуси билан Саидамин Жило, Шариф Нуриддин, Нигора каби бир гуруҳ ўзбек ва каби тожик ижодкорлари иштирокида дўстлик мавзуида кўрсатув тайёрланибди. Намойиш ёзиб бўлингач, Авлиёхон Эшон Шариф Нуриддинга сўз ўйини қилди:
- Ака, яхши одамнинг садағаси кетсанг арзийди, деган гап бор. Сиз ҳам бахтли одамсиз. Мана, шарофатим билан телевизорга ҳам чиқдингиз…

“МАЙЛИ-ДА…»
Шоир Шариф Нуриддин бағри кенг одам. У ёки бу гапга «майли-да» деб қўяверади. Бир куни «Ленинобод ҳақиқати» редакциясидан чиқиб Авлиёхон Эшон билан суҳбатлашиб бораётганларида майдагап бир шоир учраб қолибди.
- Кеча фалон даврада Сизни жуда таърифлашди,- деди у Шарифжон акага салом-аликдан сўнг.
Шоирнинг энсаси қотди:
- Майли-да.
- Лекин фалоний роса ёмонлади…
- Майли-да.
Хабаркашнинг ранги бўзрайиб, жаҳли чиқди:
- Э, қўйинг-э, қанақа одамсиз ўзи! Мақтасаям, ёмонласаям «майли-да»ми?! Сизданам кўнглим қолди…
Шариф Нуриддин бепарво жавоб қилди:
- Майли-да.

МАШИНА ҚОЛИБ КЕТИБДИ
Бир куни Шариф Нуриддин «Ҳақиқати Ленинобод»га бориб қолди. Иш вақти тугаган пайт эди. У ва Авлиёхон Эшон қизғин суҳбатга берилиб, «Хужанд-Ғафуров» маршрутидаги автобусга чиқдилар. Ғафуровга бир бекат қолганида, негадир Шариф ака безовта бўлиб, олд эшикка югурди:
- Ҳой, шофёр ука, автобусингни тўхтат!
Унга нима бўлдийкин деб хавотирланган Авлиёхон сўради:
- Ҳа, ака, тинчликми, қўрқитиб юбордингиз-ку?
- Тағин бирортага айтиб юрманг, дўсту душман кулиб юришмасин: «Запорожец» машинам редакция ҳовлисида қолиб кетибди.
Авлиёхон Эшон ҳеч кимга айтмасликка сўз берди ва «ваъдасида турди».

МАШИНАДА ЖОЙ БОР
«Ленинобод ҳақиқати» газетаси ўн йиллиги юбилейи муносабати билан қаламкашлар идора ҳовлисида тўпланиб туришганида, кимдир ичкаридан чиқиб, ҳамманинг ҳукумат мажлислар залига бориши зарурлигини айтди. Авлиёхон Эшоннинг қўлида ҳасса билан қийналиб йўлга тушганини кўрган шоир Шариф Нуриддин меҳрибонлик қилди:
- Авлиёхон, пиёда қийналиб қоласиз. Ҳозир Мафтун Жўра(жойлари жаннатдан бўлсин) муҳаррир хонасидан чиқади. Анови сояда машинаси турибди. Сизниям олиб боради.
Авлиёхон Эшон ҳаммани кузатиб, нарироқда турган «Жигули» олдига келди. Шофёр йигит ҳафсала билан машина ювяпти. Шоир машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, нафасини ростламоқчи бўлди-ю, истиҳола қилди. Беш-олти дақиқадан кейин Мафтун Жўра икки шериги билан чиқди. Машинага яқинлашганда қўлидаги ҳассасига суяниб турган Авлиёхонни кўриб, сўз қотди:
- Ҳа, Авлиёхон, мажлисга бормадингизми?
- Мана, кутиб турибман,- деди у, машинага ишора қилиб, -шофёрнинг иши тугасин.
Мафтун Жўра маъқуллаб бош ирғади.Тўрт киши тик ҳолда суҳбатлашиб тураверди. Қани энди шофёр бола ишни тугатса?! Ҳали машинанинг уёғини, ҳали буёғини артади. Бу орада эллик метр чамаси узоқдаги крандан пақирчасида сув ҳам олиб келди. Оёғига оғриқ кирган Авлиёхон Эшон Мафтун Жўрага юзланди:
- Ака, жўнамаймизми?
- Кетдик,- деди Мафтун Жўра, - машинасини борганда ювар.
- Ҳозир йўлда яна лой бўлади, - маъқуллади Авлиёхон, -шофёрингизни айтинг, кеч қоляпмиз.
Мафтун Жўра ҳайрон бўлиб, Авлиёхон Эшонга қаради. Авлиёхон ёнидаги шерикларига бир-бир қараб олгач сўради:
- Ие, ҳали бу машина сизники эмасми?! Ўн беш минутдан бери машинада мажлисга бораман деб қувониб турибман. Шариф Нуриддин айтувди…
Икки шоир чув тушганини сезиб, баравар кулиб юборишди. Ҳали ҳам машинасини артаётган шофёр йигит уларга ўқрайиб қараб қўярди.
Тўрт киши пиёда ҳаллослаб ҳукумат биносига етиб келишганда, Шарифжон ака Авлиёхондан сўради:
- Қалай, машинада қийналмай келдингизми?
- Э, зўр бўлди, бир зумда етиб келдик. Мажлис тугаса узоққа кетманг, машинада битта бўш жой бор, сизни ҳам олиб кетамиз,- деди Авлиёхон Эшон дастрўмоли билан пешонасидаги терни сидириб.

СТУДИЯДАГИ ХИРА ПАШША
Шоир, журналист ва ёзувчи Муҳаммад Расул Ўзбекистон Марказий телевидениесида муҳаррир вазифасида иш бошлаган кезлар эди. Одатдагидек бугун ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатиш дақиқалари бошланди. Биринчи дастур дикторлари Ўктам Жобиров ва Насиба Қамбарова республика қишлоқ хўжалиги дала ишларининг бориши тўғрисида навбат билан гапирар эканлар, Шароф Рашидов номидаги илғор хўжаликнинг пахта Усталаридан бирига сўз беришди. Эгнида кител, бошда янги дўппи қўндирган виқорли пахтакорга ўзини қандай тутиш ва гапириш тўғрисида, экранда кўринмаган муҳаррир имо-ишора қилиб турибди.
Деҳқон «нутқи»ни бошлади:
- Ҳурматли ўртоқлар! Биз жонажон коммунистик партиямиз кўрсатмаларини оғишмай турмушга…
Шу пайт студияга кириб қолган чивин (мағилмак) унинг ўнг қулоғига ҳужум қилди:
- F-и-и-нг, ғи-и-нг…
Саркор бошини чап томонга қайирганча, ўнг қўли билан ҳайдаган бўлди ва сўзини давом берди:
- …оғишмай турмушга тадбиқ эта бориб, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда…
Бу гал сабил қолгур чивин чап қулоғи томонга реактив самолётдай ҳужумга ўтди. «Нотиқ» энди ўнг томонга бурилиб, чап қўлини силкитди. Ёш муҳаррир эса имо-ишора билан унга уқтирмоқчи бўларди: «Озгина чидаб беринг, у ёғи-бу ёғи битта пашша-да, эфир вақти ҳам тугаб боряпти».
Ногоҳ студияни гир айланиб чиққан чивин муҳаррир имо-ишорасига маҳлиё бўлган деҳқоннинг бурнидан қон сўра бошлади.
- Ҳе, падарингга,- «нотиқ» шапати тушириб бурнидаги чивинни эзиб ташлади.
Дастур тугаб, уйга қайтаётганларида студия директори Муҳаммад Расул, Ўктам Жобиров, Насиба Қамбароваларни ўз ҳузурига чорлади. Тартибга мувофиқ суҳбат қисқа бўлди:
- Хўш, значит, сиз эндигина иш бошлаган муҳаррир, сизлар эса тажрибали дикторлар, бугунги намойиш эса, ҳе… шунча одам битта пашшани…
Хулоса, директор уларни ишдан ҳайдашини эълон қилди. Туни билан ухлай олмаган Муҳаммад Расул ариза ёзиш хаёли билан эрталаб студияга келганида Ўктам Жобировни хушчақчақ кўриб, ҳайрон қолди. Таниқли диктор деди:
- Ука, Марказкомга телефон қилгандим, ишлайверинг, дейишди.
- Мени-чи, ака, айтмадингизми?
- Айтдим, ука, айтдим. Ишни худди аввалгидай давом бераверинг…
Маълум бўлишича, ўз ходимларини шу тариқа «ишдан ҳайдаш» студия директорининг «хоббиси» (яхши кўрган одати) экан.
Муҳаммад Расул енгил уф тортди.

«ФАХРЛИ СУРАТ»
Таниқли ўзбек санъаткори, ҳофиз Икромжон Бўроновнинг эндигина санъат боғига кириб келаётган ёшлик чоғлари эди. Ўзбекистон телевидениеси биринчи программаси режасига кўра ёш санъаткорнинг қўшиқ айтиш куни белгиланганди.
Икромжон айтилган вақтда етиб келди, аммо ҳарбий кийимда бўлганлигидан режиссёрнинг чакаги очилди:
- Бу қанақаси бўлди? Нима, қора шим-костюмингиз йўқми?!
Шундан сўнг режиссёр ёш ходим Муҳаммад Расулдан илтимос қилди:
- Ука, галстук ва костюмингизни бу кишига бериб турсангиз…
Муҳаммад Расулнинг кийими ориқ жуссали Икромжонга мос келди. Аммо семиз ва қориндор режиссёр Далавой аканинг ҳофизга бериб турган оқ куйлаги жуда катта эди. Кўйлакнинг орқасидан йиғиб, гугурт қутиси билан танғиб қўйишга тўғри келди. Қўшиқ тугагунгача қўшиқчи ва режиссёр куйлакнинг бўшаб кетишидан қўрқиб туришди.
Хайриятки, барчаси кўнгилли ўтди. Ҳаммадан кўра ёш ходим Муҳаммад Расулнинг вақти чоғ эди. Чунки шу дақиқалар ичида у санъаткорнинг ҳарбий кийимида расмга тушиб олишга улурганди.
Ижодкор, журналист Муҳаммад Расул ҳар сафар Икромжон Бўронов куйлаганида ёки албом варақлаб кўзи расмга тушганида, шу воқеани эслаб кулиб қўяди.

АДАШГАН «ҲАЙДОВЧИ»
Муҳаммад Расул вилоят ҳукумати йиғилишида иштирок этиш учун етиб келди ва «Волга» сини бошқа машиналар қаторига қўйди. Йиғилиш тугагач, ҳайдаб кетиш мақсадида машинасининг эшигига калит суқди. Калит негадир яхши бормади. Қанча уринмасин, сабил қолгур эшик очилмади.
Шу пайт унинг ёнида шляпа кийган, қора кўзойнакли, портфеллик басавлат одам пайдо бўлиб, истеҳзо билан сўради:
- Ҳа, очмаяптими?!
- Йўқ, йўқ, очмаяпти, чамамда калитни янгилаш керакка ўхшайди.
- Албатта очилмайди-да! Сизнингча, менинг машинам ҳар кимнинг калити билан очилаверсинми?
- А, нима дедингиз?
Жиққа терга ботган ёзувчи бундай қараса, ранги ва номери ўхшаш ўз «Волга»си бир оз нарида турган экан.

ХУРСАНД БЎЛИНГ
Ҳажвчи адиб ва журналист «Суғд ҳақиқати» таҳририяти аъзоси Эгамназар Соҳибназаров ўқувчиларни ҳамиша Fончи, Истаравшан ноҳияларидаги долзарб янгиликлардан бохабар қилиб туради. У ҳар сафар редакцияга кириб келса, албатта, кулги авжига чиқади. Бир гал келганида, салом-аликдан сўнг шикоят қилиб қолди
- Ўртоқлар, мен фаол мухбирингиз бўла туриб, бирор марта гонорар (қалам ҳақи) талаб қилмасам-у сизлар эса (масъул котиб Нурмуҳаммад Йўлдошевга кўз қирини ташлади) мақолам остига номимни қўймай чоп қилсаларинг, бу қандай гап бўлди?
…Мухбирнинг бошқа сафарги ташрифи вақтида бош муҳаррир ўринбосари Бихалича Аҳмедова ундан суюнчи олди:
- Эгамназар ака, мана энди биздан хафа бўлмасангиз ҳам бўлади. Ҳашар қисса - «Қопқон»даги улушингизнинг ҳам бошига, ҳам охирига номингизни такрорлаб ёздик (дарҳақиқат, навбатчининг айби билан унинг номи икки жойда босилганди).
Ҳазилкаш ёзувчи бўш келмади:
- Шундай қилмаганларингдаям борми, ўзим ҳам фалон мақолага номим қўшиб ўқилсин, деб тузатиш эълон қилишга ариза ёзмоқчийдим!

«ФОТОФАКТ»
- Бугун келинойиларинг ялпиз сомса пишириб бериб юборди,- деди елим халтани кўрсатиб, хандон урганча таҳририятга келган Эгам Дангал.
- Э, қўйсангиз-чи, - унинг бу гапига инонмаган ҳарф терувчи Матлуба лаб буриштирди. – Бунақа ваъдаларни кўп қилгансиз. Келиб-келиб бугун, 1-апрелда ишонармидик ёлғонингизга!
Аммо Эгам Дангалнинг ҳазил-мутойиба кунидаги гапи рост экан. Котиба Насибахон дарҳол чой қўйиб, дастурхон ёзди. Таҳририят ходимлари Спитамендан мозорбосди бўлиб келган ялпиз сомсани еб нонушта қилишгач, кўкат терган, сомса пиширган, уни келтирганлар ҳақига дуо қилишди.
- Бечора келинойиларинг касал бўлишига қарамай, сомса пиширди-да. Дуонинг кўпроғи унга тегсин,- гапни кулгига бурди қизиқчи.
- Яна ёлғон қўшдингиз-а, ахир бемор киши қандай қилиб сомса пиширсин. Балки ўзингиз пиширгандирсиз? - чувиллашди қизлар.
Эгам Дангал эса «буюк доҳий, халқлар отаси»нинг грузинча талаффуздаги баланд овози ёзиб олинган телефони воситасида хотинининг синиқ товушини эшиттириб, ўз гапини исботлашга уринди. Салдан кейин эса, бориб беморга қараш баҳонасида уйга вақтлироқ кетиш йўлини ҳам топди.
- Қизиқчи одам биринчи апрелда рост гапирмайдими? Мана, гапим тўғрилигига исботим ҳам бор.
У шундай дея, ҳамкорларга ўша машҳур телефон-фотоаппаратидаги бошини боғлаганча тўшакда ётган бемор аёл суратини кўрсатди ва бошлиқнинг розилигини олиб уйига вақтлироқ жўнади.

БИР ЭМАС, УЧТА ТЕЛЕФОН
Эгам Дангал ҳар сафар редакцияга кириб келаркан, ундан бирор қизиқ гапни эшитиш ҳаммамизга одат тусига кириб қолган. Бугун ҳам сумкасини елкасига осиб олган Дангал салом-аликдан сўнг шундай гап бошлади.
- Менда иккита хабар бор. Яхшисидан бошлайми, ёмонидан?
Бихалича Аҳмедова ҳазиллашди:
- Сиздан ўзи яхши гап чиқадими?!
Ойдин Сулаймонова ҳам гапга қўшилди:
- Аввал яхшисини айтинг-да!
- Хабаримнинг яхшиси шуки, қўйим иккита туғди. Худо хоҳласа, биттасини боқиб, сизларга сўйиб бераман. Маза қилиб гўштга тўядиган бўлдиларинг!
Ҳамкорлар ростакамига қўй сўйилаётгандай қарсак чалиб юборишди. Маҳбуба опа:
- Яхши хабарингизни эшитдик. Ёмонини ҳам айтақолинг энди,- деди.
Бирдан таржимон Равшан Усанов луқма ташлади:
- Ҳай-ҳай, бунча шошмасаларинг! Ўтган йили ҳам уй қурилишига пул етмай қолганида бизга аталган қўй бозорда сотилиб кетди. Дангалнинг ёмон хабари, ишқилиб, биринчи хушхабарини ютиб юбормасайди!
Бир кулиб қўйган қизиқчи:
- Иккинчиси шуки, ўртоқлар, мен телефонимни йўқотиб қўйдим!
Ҳамма бир лаҳза жим қолди. Масъул котиб Fуломжон Қаландаров вазиятни дарҳол қўлга олди. Қўлини кўксига қўйганча ҳазиллашди:
- Эгам ака, ёмон бўпти. Кўргилик-да, кўнглингиз ёмон бўлмасин! Ҳали бус-бутун одамлар йўқолиб кетяпти-ю, битта телефон йўқолганига хафа бўлиб ўтирасизми?!
Бихалича унга эшиттириб, қайғули овозда:
- Газетамизнинг навбатдаги 1 апрель сонида шу муносабат билан Эгам Дангалнинг йўқолган телефони учун таъзия беришни унутмайлик, хўпми Fуломжон?
- Гапимнинг давомини эшитмай туриб, бундай қўпол ҳазил қилманглар, илтимос. Гап шундаки, мен қимматбаҳо бир телефон ўрнига, арзонидан учтасини олгандим. Мана, ҳали иккитаси турибди!

«ХАЙРИЯТКИ, БИЗ-ЧЎЛОҚЛАР БОРМИЗ»
Тошхожа Асирий номидаги вилоят оммавий кутубхонасида ёзувчи Венера Қодирийнинг «Армон суви» китоби тақдимоти муваффақият билан охирига етди. Турли шаҳру ноҳиялар вакиллари бўлган ижодкорлар бир-бировини табриклаган ҳолда учинчи қаватдан силлиқ зинапоялар орқали пастга туша бошладилар.
Сафнинг олдида яқингинада ўз оёқ оғриғини «ўзбошимчалик» билан даволаб, оқсаб бораётган вилоят ёзувчилари бўлими ўзбек секторининг раҳбари Шариф Нуриддин ва қўлтиқтаёқдаги Авлиёхон Эшон боришмоқда эди. Шариф Нуриддин ортдан келаётган қаламкашларга қараб ҳазиллашди:
- Узр, кўп узр. Биз, икки чўлоқ, сизларнинг йўлингизни тўсиб, тез юришга қўймаяпмиз…
Авлиёхон Эшон гапни илиб кетди:
- Хурсанд бўлаверинг, ҳожи ака, яхшиямки, биз, чўлоқлар буларнинг олдини тўсаяпмиз, бўлмасам, шу кетишда улар соғларни ҳам битта қўймай босиб, янчиб кетишади!

«ЭНГ ЗЎР НОЗИМ ВА НОСИР»
Венера Қодирий романи - «Армон суви»ни таърифлаб, саҳнадан тушаётган шоир Авлиёхон Эшонга яқингинада «Даҳшат» қиссасини нашр қилдирган ёзувчи Муҳаммад Расул ҳазиллашди:
- Энг зўр шоир сиз бўлсангиз, энг зўр ёзувчи мен. Лекин шеър ёзсам, сиздан ўтиб кетишим ҳам мумкин.
Шоир ҳам гапдан қолмади:
- Тўғри айтасиз, ака. Мен ҳам шунинг учун орқада қолманг деб, ўзимни насрга урмаяпман-да!

«ҚЎЛИМНИ… ҚЎЛТИҒИМГА УРДИМ»
Китоб тақдимоти муносабати билан бир пиёла чой устидаги мароқли ва жонли суҳбат охирлади. Камтарин шоир ҳожи Шариф Нуриддин бир қўлида чойнак, иккинчисида сочиқ Авлиёхон Эшонга мулозамат қилди:
- Марҳамат, келинг, сув қуяй.
- Э, ака, мен аллақачон қўлимни ювиб, қўлтиғимга урганман.
Бу гапдан сўнг ижодкорлар орасида бўлди кулги, бўлди кулги. Устозлар - профессор Абдусалом Абдуқодиров ва дотсент Эрали Шералиев кула-кула тасдиқлашди:
- Гап йўқ! Бу гаплар ҳам ўз, ҳам кўчма маъносида тўғри айтилди!

ХОМ СЎЗЛАБ, ПУХТА ЭШИТ
Темурмалики Рустам нафақат шоир ва табиб, балки ҳар қандай жойда ҳозиржавоб сўз устаси ҳамдир. Ҳаётидан олинган лавҳалар бунинг исботи.

ҚОФИЯЛИ ЖАВОБ
Кунларнинг бирида кўпчилик олдида зўравонлик ва тартиббузарлиги билан ном чиқарган қистакўзлик дағал йигит шоирга пўписа қилди:
- Ҳой, сен!.. Менинг кимлигимни биласанми?!
- Хўш, хўш, билмасам-чи?!
- Хўш-пўши йўқ! Билиб қўй, мен Тоҳири одамкушман!
Темурмалик бепарво жавоб қайтарди:
- Ҳеч гап эмас, мен эса, шоири Тоҳиркушман!
- А-а?!

БАҲС
Шоир Темурмалик қатнашаётган даврадагилардан бири ўйламайроқ мақтаниб қолди:
- Сочимга қаранг, шундай силлиқ, ялтироқки… чанг солиб ҳам бузолмайсан!
- Ҳеч гап эмас! Агар мен ҳам сендай аёллар салонига кириб, беш доллар сарфлаганимда, сочимнинг тахини тўфон ҳам бузолмасди!

ХУДО БЕРАДИЯМ, УРАДИЯМ
Халқ байрами тантанаси давом этарди. Қадди қоматли ёзувчи, «Хужанд» ҳафтонамаси муҳаррири Fуфрон Рустам минбарга Темурмаликни ҳам таклиф этди. Буни кўролмаган ташкилотчилардан бири эшитдириб шивирлади:
- Бу икковлоннинг мағрур туришини қара!..
Гапни эшитиб қолган шоир:
- Худонинг бергани бу! - деди.
Хулоса чиқармаган ўша аламзада бир оздан сўнг яна минғирлади:
- Шунча ишни ташкил қилган мен пастда-ю, булар эса…
Темурмалик ҳозиржавоблик қилди:
- Худонинг ургани шу!..

КИМГА СОМОН
Овчи қишлоғи чойхонасида устозлар устози тилшунос олим Ҳомиджон Мамадов бошчилигида бир гуруҳ ижодкор жўралар гап еймиз. Деярли ҳар сафар қаламкашларнинг янги ёзилган асарлари шу ерда ўқилиб, муҳокама қилинади.
Бугун шоир ҳожи Шариф Нуриддин Ҳазрат Мир Алишер Навоий ғазалига боғлаган мухаммасини ўқимоқда. Fазалнинг ҳар банди ўқилганда шоирлар Шукрулло Авлиёзода, Илаш Тўйчи, устоз Абдуазиз Болтабоев, камина ва бошқалар таъсирланиб, «ҳай-ҳай»лаб турибмиз.
Гапхўрлар орасида шеъру шоирликдан узоқ бир отахон ҳам бўлиб, у ҳам ўзича хаёл сурарди. Fазалнинг янги банди ўқилгач, томоқ ҳўллаш учун ҳожи акага бир пиёла кўк чой узатдим. Шу вақтда шеърхонлик поёнига етди деб ўйлаган ўша отахон ўртага гап ташлади:
- Кимга сомон керак? Бир машинаси 300 сомон!
Ҳамма бир-бирига қаради. Демак, тенг-тенги билан деган гап шу ерда ҳам ўринли экан.

НУҚУЛ ОЁҚДАН ОЛИШЯПТИ-ДА…
Тошхўжа Асирий номидаги вилоят оммавий кутубхонаси иккинчи қаватидаги залда конибодомлик хушчақчақ ёзувчи Венера Қодирийнинг «Армон суви» романи тақдимоти бўлаётган эди. Иккинчи қаватга кўтарилиш чоғида бир қаламкаш оёқ оғриғидан азият чекаётган ҳассалик шоир Авлиёхон Эшондан сўраб қолди:
- Ҳа, шоир, оёққа нима қилди?
- Бирортаси тортганга ўхшайди, - ҳазиллашди иккинчиси.
- Ҳа, ҳадеб оёқдан олаверишса, шунақа бўларкан… - деди кулиб шоирнинг ўзи.

ҲАР КУН ГАПДАСИЗ
Овчи қишлоғида бир гуруҳ ижодкорларнинг навбатдаги гапи ҳожи Шариф Нуриддинга етгач, у шоир Авлиёхон Эшонни телефон воситасида таклиф қилди.
- Таклиф учун раҳмат, ака. Аммо узр, тобим йўқроқ, боролмасам керак,- деди Эшон.
Бундан олдинги гапда ҳам Эшон гап мавзуига айланганини ҳисобга олган шоир ака кулиб тасалли берди:
- Аслида келсангиз яхши бўларди, аммо хавотир олманг, келмасангиз ҳам ҳар доим гапдасиз.

ПОЙГАҲДА ЖОЙ БЎЛСА…
ХДУ ўқитувчиси, физик олим Аҳмаджон Домлажонов Овчи қишлоғида зиёфат бериб, дўстлари - филолог олим Бойиржон Шеронов ва шоир Авлиёхон Эшонни, кечикиброқ бўлса-да, телефон орқали ўзбек филологияси факултети давлат имтиҳонларида раислик қилаётган душанбелик олим Ражабали Хидировни ҳам таклиф этди.
Меҳмон кечикиброқ етиб келди ва оёқ оғриғи сабабли пойгаҳдаги стулда ўтирган Эшонга деди:
- Университетда талабалар ижодингиздан диплом иши ёзишса-ю, сиз пастда ўтирсангиз?
Шоир меҳмонни тўрга таклиф этиб деди:
- Раҳматли отамиз Авлиёзода «пойгаҳда жой топилса, тўрга чиқма» деб насиҳат қилганлар. Қўли билан оғзини тўсиб гапириб ҳаммани кулдирди: - Меҳмон, бизда одат шунақа, меҳмон доим пастда, мезбон тўрда ўтиради.

ЕЛИМ ХАЛТАЛАР ҚУРСИН

Қирғизистоннинг Орқа қишлоғида яшовчи шоир Авлиёхон Эшон ҳар гал унутиб қўяётгани боис тўрт ойдан буён эгасига топшира олмаётган китобни шаҳарга олиб бориб, хижлотпазликка нуқта қўймоқчи бўлди: «Ўшда ишлаётган олим дўстим Саидакбархон Махсумхонов бериб қўйишни илтимос қилган «Адабиёт-дўстлик кўприги» китобини хужандлик адабиётшунос Бахтиёр Файзуллаевга етказай. Мана бу китобларни эса университет муаллимаси Дилором опа Абдуллаевага беришим керак».
У шундай дея, китобларни ҳозирги вақтда жуда кўпайиб кетган кўк тусддаги елим халтага солди. Бахтиёржонга телефон қилди:
- Ука, ўша омонатни Тошхўжа Асирий кутубхонасига келиб, олиб кетсангиз, факультетга элтиб берай десам, қийналаман, оёқ қурғурнинг аҳволини ўзингиз биласиз…
Шоир ўзбек маънавият марказида ишлаб ўтирган шоир Жамшид билан қуюқ суҳбат қурди. Жамшид ака «Маънавият» муҳаррири Тилаболди Абдуназаров билан Ғончидаги бир учрашувга бориши зарурлигини айтиб хайрлашди. У чиқиб кетгач, Авлиёхон Эшон китобларни эгаларига топшириш ва дискка ёзилган шеърларини масъул котиб Облоқул Мусонинг компютерига ташлаш учун елим халтани қўлга олди. Олди-ю… ҳайрон қолди. Елим халтада ўзига қарашли нарсалар йўқ эди.
Авлиёхон Эшон бир оз ўйланиб, воқеани тушунди ва шоир Жамшиднинг телефон рақамини билмагани учун журналист Тилаболди Абдуназаровга телефон қилди:
- Сиздан олдинроқ жўнаган Жамшид ака адашиб менинг елим халтамни олиб кетибдилар. Илтимос, омонатимни олиб, менга етказишда ёрдамлашсангиз. Бир йўла халтамни кўтартириб қўйганим учун катта шоирга узримни айтиб қўйинг…
Тилаболди Абдуназаров телефон билан боғланиб, Пролетар шаҳарчаси бозори киришида шоира Шарофат билан суҳбатлашиб турган Жамшид акани топди.
- Ака, бировнинг халтасини кўтариб юриш яхши эмас, узатинг бу ёққа!
- Қўйсангиз-чи! Бу халтани Тошкентдан кўтариб келаяпман, ичида укам, ёзувчи Шойим Бўтаевнинг янги чиққан асари ва ўз китобларим бор.
- Бечора Авлиёхон Эшон сизга халтасини олдириб, ўзи марказда ишлолмай ўтирибди. Очиб кўринг халтани!
Дарҳақиқат, шоир Жамшид адашиб, бир рангда бўлган бошқа елим халтани кўтариб келган экан.
- Эҳ, соддалигим қурсин, шу вақтгача очиб қарамайманми!
Тилаболди куйган дилга мой сепди:
- Шоир ака, энди бу ёғига эҳтиёт бўлинг-да, тағин адашиб лаш-лушлар солинган менинг халтамни кўтариб кетманг, бунинг ранги ҳам бир хил экан!

МАЗАЛИ ШЎРВА
Куни билан «Шарқнома» журнали ва «Маънавият» газетаси таҳририятида ишлаб, дам олиш учун кўп қаватли уйларига қайтган ижодкорлар кечки овқатга уннашди. Шоирлар Абдували Бекмуҳаммад ва Жамшид аканинг таклифи билан журналист Тилаболди Абдуназаров магазиндан товуқ гўштидан қилинган сосиска олиб келди. Абдували ака эса «ошпазлик маҳорати»ни кўрсатмоқчи бўлди. Сув ва сосискаларни электрплитка устидаги қозонга солди. Пиёз ва туз ташлади. Қайнагач, чўп қошиқда тузини тотган бўлди.
- Оҳ, оҳ, еб кўринглар, туз, пиёз солиб мазали овқат пиширдим, - дея сосискаларни лаганга сузиб келди.
Тилаболди Абдуназаров мийиғида кулди:
- Ака, елим қоғозга ўралган сосискани қайнатганда туз, пиёз солишдан нима фойда? Ахир цехда сосиска пишириш чоғида ҳаммаси оби-тобида бўлади.
- Э, билағонлик қилма, бекорларни айтибсан! Жамшид, ўзингиз айтинг, тўғри қилганман-а?
Нима дейишни билмаган Жамшид ака ўзини эшитмаганга олди. Тилаболди шоир Абдувалини яна куйдирди:
- Шоир ака, пиёз ва тузингиздан қозондаги сув мазали шўрвага айланди. Бир косадан сузиб келинг, бир мазза қилиб ичайлик.

БЕҲУДА РАНЖИШ
Журналист-шоир Саид Жамол таҳририятда «Ҳақиқати Ленинобод»нинг навбатдаги сонини синчиклаб кўздан кечираётганди. Таниқли ҳажвчи Абдулла Ҳушёр(руҳлари шод бўлсин) салом бериб кирди ва сўрашиш учун қўл чўзди:
- Ҳи… жалаб ўқиб ўтирибсизми? – деди.
Саид Жамол ўқишга берилиб кетгани учун Абдулла Ҳушёрнинг сўзлари сўкиш бўлиб туюлди. «Нима гуноҳ қилдимки, ҳақорат қилади?!» - қовоғи солиниб кетди унинг.
Саид Жамолнинг авзойи бузилганини кўрган Абдулла Ҳушёр саволини қайтарди:
- Ҳижжалаб ўқияпсизми, деяпман?
Саид Жамол гапнинг тагига етиб, енгил хўрсинди, юзига табассум инди.

«АНГЛИЯГА САФАР»
- Ҳакимжон ака, қаердасиз? – телефондан сўраб қолди шоир Авлиёхон Эшон.
- Ғафуровда - «Роҳбари дониш»даман, нимайди?
- Э, ака, тезроқ Хужандга етиб келмайсизми? Сизни Англияга – Ливерпул университетига олиб кетишмоқчи!..
Гап нимадалигини бирор соатдан сўнг Тошхўжа Асирий кутубхонасига етиб келгач билдим. Ливерпул ва Оксфорд университетидан келган олим меҳмон Александр Моррисон таржимон билан бирга вилоят кутубхонасида жойлашган ўзбек маънавият марказига киришибди. Улар стол устидаги ҳали бўёги қуримаган «Шарқнома» журналидан эсдалик учун олишибди. Муқовадаги суратимни кўриб, танишмоқ истагини изҳор қилишибди. Мен етиб келганда, меҳмонлар хайрлашиб кетишган экан.
- Ҳакимжон ака, эсиз, бир оз кечикдингиз, ўзингиз эмас, суратингиз Англияга жўнаб кетди! - дейишди ҳамкорларим. Хонада кулги кўтарилди.

БЕБОШ СУРАТГА ЯРИМ ПУЛ
Fончилик Эгамназар Соҳибназаров икки тилдаги хат-хабар, шеъру ҳикоялари билан вилоят радио-телевидениеси, газета-журналларида фаол қатнашади. Ҳар гапида юмор ҳисси бўлган қаламкаш вилоят ўзбек маънавият марказига келиб, ишлаб ўтирган ижодкорларни кулдирди.
- «Шарқнома» журнали муқовасида Ҳакимжон ака суратини берганларинг яхши, - у муҳаррир Абдували Бекмуҳаммад ва унинг ўринбосари Жамшид акага юзланди. - Аммо уни 60 ёшда деганларинг хато бўлибди, энди аёллар қарамай қўйишлари мумкин. Иккинчи сонда суратни изоҳсиз такрор беришларингни сўрайман!
Журналнинг иккинчи сони муқовасида болалар шоири Эрали Жияннинг сурати чиқди. Эгамназар Соҳибназаров бу сафар ташриф буюрганда муҳаррирлар унга суратни кўрсатишди:
- Мана, янги журнал – 6 сомоний. Сурат тўғрисидаги талабингизни инобатга олдик… аммо бу сафар Ҳакимжоннинг костюми ва галстугини такрор бердик(Эрали Жиян ижодкор дўстининг кийимида расмга тушган эди).
Ҳажвчи шоир сўз ўйини қилди:
- Яхши, аммо Ҳакимжоннинг боши ҳам берилганида – гап йўқ - 6 сомон берардим, боши бошқа суратга ярим ҳақ бераман!

ЧОЙХОНАГА МЕН ҲАМ БОРАҚОЛАЙ…
Академик Б.Fафуров номидаги ХДУ педагогика факультетида ҳажвчи ва болалар шоири Эгамназар Соҳибназаров билан бўладиган учрашувга маънавият маркази раиси Илҳом Юсупов билан соат 12 да етиб келдик. Шоир билан кўришаётиб ҳазиллашдим:
- Ака, учрашув тезроқ тугаса яхшийди. Соат 1 да чойхонага ош буюргандик. Вақтлироқ жавоб берасиз-да.
- Яхши, жуда яхши! Учрашув бир гап бўлар, сизларга қўшилиб ўша чойхонага мен ҳам борақоламан.

ЎЙНАТИШАДИ
Университетда талабалар ва ўқитувчиларнинг шоир Эгамназар Соҳибназаров билан ижодий учрашуви давом этарди. Қўшиқчи йигит биз томонга қараб деди:
- Бу шўх қўшиқни сизларга бағишлайман, бемалол ўйнашларинг мумкин.
Рақсга унчалик уқувимиз бўлмаганидан иккимиз бир-биримизга қарадик.
- Ака, бир ўйнаб берасиз экан-да! – дедим Эгамназар акага.
У ҳозиржавоблик қилди:
- Домлаларни шунча ўйнатганлари етмагандек, шоирларниям ўйнатишмоқчими энди…

ҲОМИЛАЛИК РУЧКА
«Маънавият» Марказида ижодкорлар қизғин ишлаб ўтиришарди. Мастчоҳлик ўқитувчи-шоир Эрали Жиянбоев салом бериб кириб келди. Уни таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан табриклашди ва журналда бериш учун суратини сўрашди.
- Ака, ҳамма ёқда суратчилар йўлга кўз тикиб, мижоз кутиб ўтиришибди. Икки дақиқада расмга тушинг-да, бизга ташлаб кетинг, - деди Марказ раиси Илҳом Юсупов.
- Ҳакимжон ака, галстук ва костюмингизни бериб турсангиз, - талабалик давридан ҳатто ёзнинг чилласидаям галстук тақиб юрадиган сипо ижодкордан илтимос қилди Жиянбоев.
Иссиқдан терлаб ўтирган қаламкаш галстук ва костюмни ечиб берди.
Кўп ўтмай Жиянбоев тўрт хил вазиятда тушган суратларини кўтариб келди:
- Қаранглар-чи, қандай чиқибди?
- О, жуда зўр-ку! – деди «Маънавият» масъул котиби Облоқул Мусо.
- Айниқса, костюм ва галстугингиз ярашибди, - деди Илҳомжон.
- Раҳмат, Ҳакимжон ака, сизнинг кийимларингиз туфайли расмим яхши чиқди, мана, мақташяпти, - миннатдорчилик билдирди ўқитувчи –шоир.
Кимдир қўшимча қилди:
- Бу костюм ва галстук расмга кўп тушавериб, уста бўлиб кетган, Эрали ака, мен ҳам буларни кийиб расмга тушсам яхши чиќса керак.
Бу лутфдан барча кулиб юборди.
Ҳангома давомли бўлди. Эрали Жиянбоев хайрлашиб чиқиб кетди. Ўн- ўн беш минутлар ўтгач, у Ҳакимжон Зокировга телефон қилди:
- Костюмингизни кийганим камлик қилгандай, ручкангизни олиб кетибман, узр, дўстим.
Ҳангомага суяги йўқ қаламкаш ҳозиржавоблик қилди:
- Эралижон, ручкамизнинг ой-куни яқин эди, эҳтиёт ќилинг. Кўпайишиб қолса, олиб келарсиз.
Қийқириқ зўридан стол устидаги чойнак-пиёлалар ўйинга тушди.

УСТОЗНИНГ ҲАЗИЛИ
31 март кечқурун қазноқлик журналист Худоёр Жабборовнинг қўл телефони жиринглади. Телефондан таниқли ўзбек тилшунос олими Абдували Бердиалиевнинг овози келди:
- Худоёр ука, эртага бир-икки дўстлар билан Деҳмойнинг салқин чойхонасида ошхўрлик қилиб, суҳбат қурмоқчи бўлдик. Агар малол келмаса, соат ўн бирда ўша жойга келсангиз…
«Устоз келадиган бўлибдилар, барча ишни бир четга суриб боришим зарур», хурсанд бўлди Худоёр Жабборов. Эртасига кеч қолмай деб, тандирдан узилган жиззали нон, сабзи-пиёз, чеснок, укроб-кашничларни олиб Деҳмойга келди. Чойхонадан жой танлаб, меҳмонларни кутиб ўтирди. Соат ўн бирда телефон жиринглади:
- Ука, қайдасиз?
- Сиз айтган жойда, чойхонадаман…
- Э, Худоёржон, 1-апрель ҳазилини тушунарсиз деб ўйлабман, узр, узр, мен беморхонада ётиб, бекорчиликдан қизиқчилик қилгандим…- ҳамиша тўғри сўзловчи профессорнинг ҳазилидан Худоёр Жабборов хафа бўлмади, аммо бу ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтаришни ўйлаб қўйди.

ҲУШТАК ЧАЛАДИГАН МАШИНА
Икки шоир - «Шарқнома» журнали бош муҳаррири Абдували Бекмуҳаммад ва бош муҳаррир ўринбосари Жамшид Пиримов Конибодом ноҳияси қишлоқларини кезиб, обуна борасида тарғибот ишлари олиб боришарди. Уларга конибодомлик ижодкор-журналистлар Худойберди Самандаров ва Давлатёр Қўчқоровлар ўз машиналари билан ҳамроҳлик қилишмоқда. Ҳар гал «Тико» машинаси тўхтаганда Худойберди Самандаров қўлидаги автомат-кнопкани босар, эшиклар ғалати овоз чиқариб қулфланар ва яна шу хилда очиларди.
Икки енгил машина Патарга келиб тўхтаганда, тўртовлон ҳар галгидек машиналардан тушдилар. Журналист Худойберди одатдагидек қўлидаги кнопкани босди. Уч марта овоз чиқариб, машина эшиги қулфланди. Ҳайдовчи мақтаниб қўймоқчи бўлиб, «Жигули» эгаси Давлатёр Қўчқоровга деди:
- Ака, сизникиям шунақа қулфланадими?
Давлатёр Қўчқоров шоирларга қараб кўз қисди, «ҳа» деганча машинасига қулф солди ва лабини кувача қилиб уч марта ҳуштак чалди.

ЗЎРЛАШНИЯМ БИЛИШ КЕРАК
Икки ҳафтада бир марта салқин чойхонада ўтадиган гапимизга меҳмонларни таклиф этиш одатга айланган. Бу сафар ҳажвчи-журналист Мақсуд Жўра ташриф буюрди.
Косагул хуш кайфият учун сочиққа ўралган ароқдан қуйиб узатиб турибди. Меҳмон Мақсуд Жўра биринчи гал рад қилгани учун иккинчи даврада косагул уни четлаб ўтаётганди, у пиёлани ҳаводан илиб олди:
- Бир марта кўнгил учун ичмайман деб балога қолдимми энди? Тўлдиринг-е, қуювчи деган бундай зўрлашниям билиши керак-да!


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (25.06.2012) | Муаллиф: Ҳакимжон ЗОКИРОВ
Кўрилди: 1557 | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0