Шанба, 09.11.2024, 22:58
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

БАҲОРИМНИ ҚАЙТАР.
Гулнора Саид Али - адиба ва журналист, Лоҳутий мукофоти лауреати, Тожикистон матбуоти аълочиси.
«Ўзликдан кечиб...», «Сиғинганим сен ўзинг, Афсоналар олами», «Сўнмас ёғду шуъласи», «Юракдаги оғриқларим», «Эзгуликнинг нурли сиймоси» сингари китоблар муаллифи.

БАҲОРИМНИ ҚАЙТАР...
Тангри, тангри!.. Пешонада ёзмишларинг кўпмиди? Ажинлардан тортилган дор палахмон тош, тўпмиди? “Маҳшаргача биз биргамиз!..”-сўзларингдан уққаним, ҳайҳот, яна алдамч ёғий тўрларидан ипмиди?..
Тангри, тангри!.. Наврўзимга сиғинганим билардинг. Толпопукка соғинчларим тилим-тилим осгандинг. Армон қучган дараларда қизғалдоғим бўй чўзган, дардчил-дардчил хаёлларим ҳув-в самога сочгандинг...
Ойнинг юзи кемтик ҳамон, дардларимдан дард олган. Баҳоримни кута-кута юлдузгинам сўлғайган. Бу дунёмда балки эрта, балки жуда кечикдим, дардкаш дўстни излай-излай юраккинам толиққан...
Тангри, тангри!.. Умидларим сарғайганди беармон. “Дунё асли қўтир юзли...”-тош қотганди бир Армон. Бу оламда кузаклардан хазон бўлган чечаклар асил дунё жаннатида бўй уфурар, шу-дармон...
Балки кейин-у дунёда “Наврўз бўлар ҳам куним...”, баҳорларга ошиққан дил чечак ёзар кун-туним. Бахт қучолган қизғалдоқнинг ранги қирмиз, лаби-ол, фоний дунё, боқий дунё Армон билмагай, гулим...
Тангрим, тангрим!.. Ахир Сендан ўзга сирдош йўқ асли. Дардларимни очолганим-ёлғиз Холиқ сен-асли. Сарғайганда ялпиз-атрим ҳайронадир қалб фасли: “Нечун кузак? Мен-чун кузак?! Баҳорнинг борми қасди?!..”
Ўтди ёшлик, навқиронлик, билмадим Ишқ сайр- гаштин. Мажнун мисол, Фарҳод тимсол кўрсатмади дунёмда. Бу очуннинг қора-қура рангин туйдим, ҳўл тафтин. Шамдек ёниб кул бўлмоқлик насиб этмиш сўнг дамда...
Тангри, тангрим!.. Ахир, Баҳор келган эди чарақлаб. Дардчил юрак дардларини сой оқизди шарақлаб. “Келди Наврўз! Мен-чун Наврўз!”- кўролдим Бахт бўйини, ажинларим қўриқласин Баҳоримнинг тўйини...
Ва лек афсус, жуда афсус... Бойчечагим сарғайди. Оний Баҳор, оний Қуёш яна зулмотга қўнди. “Ишонганинг-дардкаш дўстинг хаёлида ўзга ёр...”-бу кўзлардан уқолганим, қирмиз қизғалдоқ сўлди...
Аё Тангри, аё Тангрим!... Ўзинг бўлгин мададкор! Бу дунёмда сўқир бошман, ёлғиз Ўзинг-Ҳақ, даркор!... Муҳаббатга ташна юрак тафти ҳамон куйдирар, баҳоримни қайтар Ўзинг, умримга бўлсин саркор!..

ИСТАК
Мен истайман... жуда истайман: Бахтни кўрсам, кўролсам Уни!..
Қучоқ очиб қамраб олса бутун борлиқ - вужуд - Ўзимни!..
Ва деёлсам: «Сен - меники!.. Танҳо Ўзим, фақатгина Ўз-ўзимники!..»
Ва ҳеч кимга ва ҳеч қачон бермасам - Уни!..
Наҳотки, кўп, жуда кўпдир ушбу тилагим?!. Ахир, танҳо Бахтни кўрмоқ, ҳис этмоқ-ла яшаш истагим?!.
На бойлигу на бир мансаб - ҳеч вақоси керакмас асли!
Бу дунёда Инсон эдим, Инсон бўлиб ўлмоқ чин фасли.
Бахтни, фақат Бахтни тўлиқҳис қилмоқ бахти насиб этмиш қачон, қай вақт, ким айтар асли?..
Ахир, Бахтсиз яшамоқлик - танҳолик фасли қачон тугар, тугармикан Дунёмда асли?..
Бу умримдан ночизгина тилагим, вале у дунёда балки насиб этгуси ҳали?..
Мен хоҳлайман: Бахтим фақат меники бўлса! Яримтамас, тўлиқ - бутун, бус-бутун бўлса!..

ТИЛАК
Муҳаббат, узрингни кутмайин ҳаргиз,
Муҳаббат, кўз ёшинг кўрмайин ҳаргиз...

Узоқ-узоқ самоларнинг қўйнидаги нафосат, бирам ажиб, бир ҳузурли, жаннатий бўй - тароват, жимир-жимир юлдуз мисол кўкда сочилган юрак, ой юзида доғ ўлмишам, қандоқ чидамоқ керак?..

Муҳаббат, узрингни кутмайин ҳаргиз,
Муҳаббат, кўз ёшинг кўрмайин ҳаргиз...

Сафарларинг жуда узоқ, узоқ кечди, Ишқи жон, кўзларимга уйқу илмас, йўқ ҳаловат - дарди жон. Йиллаб-йиллаб кутганларнинг бири бўлай, майли жон, фақат озроқ, сал-палгина насиб айла васли жон...

Муҳаббат, юракдан сўзлайин эртак,
Ҳар куни юз ўлмоқ - аччиқҳақиқат...

Бирида девона, бирда соғ, дерлар, Муҳаббат дардида куйган доғ, дерлар. Риштаси узилган, чертмас тор, дерлар, энди кеч, жуда кеч букмас тоғ, дерлар...

Муҳаббат, аслида қайдан йўлиқдинг?
Куйингда девона, бир кам соғ этдинг!..

ОНАЖОНИМ - АРМОНИМ!..
Онамга
Насрия
«Онажон!..» - қачондир бу сўзни айтиш менга бир оғир юк, дард бўлишини. Ярмини айтибу ярмин айтолмай бўғзимда сўзларим тош қотишини - билмабман, Онажон, ҳеч бир билмабман. Билмаганимданми, ғафлат қолибман!..
Онажоним - менинг, дармоним - менинг,
Бу дунёда топган Армоним - менинг!..
Бугун - элликдаман, қалбим ҳам эллик жойидан ямоқдир, илма-ю тешик... Эллик дарз ямоқни ортмоқлаб секин, кўнгил кўчасидан қидирдим эшик... «Тиқ-тиқ»лаб, «уҳ-уҳ»лаб кирганда ногоҳ тор, ажин замирли учрагай ошиқ...
Онажоним - менинг, дунёйим - менинг,
Соғинчга йўғрилган иймоним - менинг!..
Онажон, уйимиз ҳувиллаб қолди. Уй эмас, юраклар, оҳ, бўшаб қолди! Билмабман, аслида Сиз - тиргак экан, қондошлар бирлашган - жону тан экан - яқинларим ичра қўш кўприк экан...
Онажоним - менинг, илинжим - менинг,
Аслимдан топганим, севинчим - менинг!..
Онажон, Сиз, асли, болалик даврим. Ёшлигу забардаст навқирон бағрим. Сизни деб яшабман, Сиз деб юрибман, бу дунё дардларин Сизда кўрибман. Сиз - бобом, Сиз - бувим, Сиз - отам, онам. Сизда мужассамдир фараҳбахш он, дам...
Онажоним - менинг, Ватаним - менинг,
Охират борарим, Ҳақ - таним - менинг!..
«Эллик ёш - умрнинг ярими...» дерлар. Сараланган, пишган мағизи, дерлар. Ҳаётда ўзлигин кўрсата олган мағрур бош, мағрур тан, мағрур ёш, дерлар. Аслида ғурурим, мағрурлик - фахрим, ўзингиз экансиз, Онажон - билдим...
Онажоним - менинг, ғурурим - менинг,
Бошимни кўтарган сурурим - менинг!..
Ҳам отам, онамсиз, ҳам - бори будим. Афсона оламим ҳадя этган зот. Сизнинг дуонгиз-ла яшадим, турдим. Энди-чи, қадамим қандай қўяй бот?.. Эллик минг дарзларим ким ямар, ҳайҳот!..
Онажоним - менинг, фасонам - менинг,
Дилимда такрорим: шоҳ санам - менинг!..
Бугунни - ўйламам, эртам - қоронғу. Сизнинг йўқлигингиз - чидамсиз қайғу! Юракни алдабон ўтмоқда умрим, соғинчлар шодаси бир уюм - туйғу... Эртаги кунимга йўл бошланг - Она. Вайрона дилимга нур ташланг - Она!..
Онажоним - менинг, Оллоҳим - менинг,
У дунёда топар: жаннатим - менинг!..


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (11.07.2012) | Муаллиф: Гулнора Саид Али
Кўрилди: 866 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0