Пайшанба, 19.09.2024, 22:22
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

БУ ТУН МАЛИКАЛАР ЮРТИГА ХОСМАН...
* * *

Мунира Камол (Камолова) 1986-йилнинг 12-сентябрида Жаббор Расулов ноҳиясининг Ғўлакандоз қишлоғида туғилган.
2003- йилда Камол Хужандий номли 4- умумтаълим мактабини, 2009-йилда ХДДнинг филология факултетини тугатган.
«Ишқ меҳвари» номли шеърий тўплами нашрдан чиққан.

КЎЗЛАРИНГ

Мен кўнгил қулига айланган тунда,
Кўзларинг алдади, кўзларинг.
Сарсон юрагимда ғашлик – тугунча,
Кўзларинг алдади, кўзларинг.

«Кет» дедим, «кет» дедим, - дийдор- қиёмат,
Кўзларим алдади, кўзларим.
Дедим: «Сенсизликка етар матонат»,
Кўзларим алдади, кўзларим.

Йўлимда илондек ётар ёлғизлик,
Кўзларим излайди кўзларинг.
Қўйнимда судралар сўз бир оғизлик,
Кўнглингга элтмайди кўзларинг…

* * *

Мени ёд эт, жон-жаҳонинг
Қуршаб ётса совуқ қиров.
Мени ёд эт, қўлларингдан
Тутса биров, тутса биров.

Ёд эт мени, қара атроф
Маъюс кўзга кетди тўлиб.
Остонангда дилдираган
Соғинч гули қолмай сўлиб.

Яна келдим… изимга боқ,
Мана келдим… изларим – кўз.
Хазонларга ботиб кетган
Юрагим – куз, юрагим – куз…

Ёд эт мени, соғинчи - муз…

* * *

Ахтараман телба умиднинг
Гадой топмас нигоҳларини.
Кел, маъсумлик севган аёлнинг
Аёдат эт, гуноҳларини.

Мен жимликни бузаман, кечир,
Ўзимники этиб дунёни.
Кел, бедорлик майини ичир,
Бузилмасдан Хотира ини.

Сен жимликни бузасан, ҳайҳот,
Қалтирайди хонада сукут.
Кўзларингни юмасан, наҳот,
Хотиралар бўлмаган унут.

Хотиралар бўлмагай унут,
То ураркан ишқзода дилим.
Ўртамизда соқов сокинлик,
Гунг сукутни бузаман ўзим.

Мен жимликни бузаман, кечир,
Кел, хушнудлик майини ичир.

* * *

Менинг кутганларим кутмас интизор,
Менинг остонамда кўзлар бегона.
Менинг кутганларим кутмас мени ҳам,
Сенингсиз ўтган ҳар кузлар бегона.

Сенингсиз ўтажак кунлар беқадр,
Қадрсиз ҳаттоки бу илон йўллар.
Кўзим косасида лиммо-лим Сабр,
Кўнгил косасида паришон ўйлар.

Мени кутганларим ўзгани кутсин,
Ўзгани ёд этсин лаблари қақраб.
Суйганлари боқмай ўзгани кутсин
Ҳар кимнинг толеи кулсин чарақлаб.

…Менинг кутганларим – қон ютганларим…

* * *

Ёғаяпсан тўзиб-тўзиб,
Ҳур хаёлни гоҳ тўзғитиб.
Дил ўзанин бузиб-бузиб,
Қалов бўлдик гумонларга.

Ёғаяпсан эзиб - эзиб,
Хотиралар маёқини.
Қаҳратондай кезиб-кезиб,
Ялов бўлдик туманларга.

Сарнавиштим ёзиб-ёзиб,
Танҳоликдек туморларга.
Оҳ, оқ қорим, оппоқ қорим,
Биров бўлдик хуморларга.

Дил… ов бўлди бировларга…

* * *

Яшасам бағрингда беимкон
Кунларим чўзилса, ўлмасам
Яшасам кўксингни тўлдириб
Ғамингдан ҳеч холи бўлмасам.

Тунларим чЎзилса, келмаса
Кутганим малика-оппоқ тонг.
Узилиб кетмаса ғўр бардош
Янчилса сукунат бирор он.

Яшасам, яшасам ҳаётнинг
Ошасам фараҳбахш тотини.
Ҳамроҳим бўлсайди умрбод
Кўрмаган кунларим ёлқини.

Кўнгилга жойласам нур, сурур,
Бир нурки куйдирса кўзимни.
Бир нурки, таҳайюр туғдирса.
Мен сева бошласам ўзимни.

Яшасам кўксингни тўлдириб,
Кунларни эртакка уласам.
Сен келсанг эй озод, хур нафас,
Қанийди, қанийди ўлмасам...

* * *

Бир дил бер, озорни билмаган,
Ситамдан кетмасин титилиб.
Ишонсин сароблар ортида,
Бир умид ётибди йиқилиб.

Бир тил бер дилларни тилмаган,
Илк бора ишқ дея чўқинсин.
Аввал ҳам, охир ҳам сўзидан,
Шу ишққа қасамлар тўкилсин.

Бир аҳд бер, бир бахт бер ишончдан,
Аллоҳдан ёғилсин хайрлар.
Қадрни талотўп айлаган –
Пойимга йиқилсин ғаюрлар.

Ва сўнгги илинжим гоҳида,
Оромим – шеърларим ўқиб тур.
Кетсам… оромингни елкалаб,
Қабримда салавот тўқиб тур.

* * *

Яшаяпман ҳолсиз ва бедор,
Кўзларингдан бир имдод тилаб.
Яшаяпман телба умиднинг
Йўлларига кўз нурим элаб.

На қилайки бору йўқдайсан,
Яшаяпман йўғингдан тониб.
Ҳаёт тутган дардни сипқориб,
Бўйи узун аламдан қониб.

Яшаяпман нурсиз туйғулар,
Адоқсиз ишқ ўтида ёниб.
Қўйнимдаги ёпишқоқ зулук,
Кел, қонимни сўргали қониб.

Қачон тугар қисматнинг тўйи,
Яшай мен ҳам яшнаб оламдай.
Қачон қарир бу сафар йўли,
Мен ҳаётни севай Одамдай…

Мен яшашни севай Одамдай…

* * *

Манзилларинг олис-олис,
Учолмайди дил қушларим.
Тилакларим бирам холис,
Қучолмайди оҳ, тушларим.

Манзилинг-да осмон-осмон,
Парвозларинг енгди мани.
Ёлғизликка ўзим хосман,
Фаришталар тенгинг санинг.

Кунлар уйғоқ, заминга боқ,
Fамзада дил куюк-куюк,
Ишқ ғамингдан дилларда чок,
Бир боқ, шу ғам қолмай ўлиб…

Манзилларинг олис-олис…

* * *

Қайтди…
Кўзимга нур,
Қалбимга сурур
Бу ўжар юракка аланга - ғурур.
Қайтди…

Қайтди…
Ойли осмон
Нурафшон осмон
Бу тун маликалар юртига хосман.
Қайтди.

Қайтди…
Содиқ итдек
- Юр,- деди, кетдик
Дилафрўз кунларнинг бағрига етдик.
Қайтди…

Айтди…
Изҳор айтди
Юраги айтди
Лек, ишқ бозорига кечикиб қайтди.
…Қайтди…


Рукн: Шеърият | Қўшди: SHUHRAT1404 (05.01.2013) | Муаллиф: МУНИРА КАМОЛ
Кўрилди: 911 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0