Пайшанба, 19.09.2024, 12:51
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Гапларимиз бўлмайди адо
Одил ИКРОМ

ХИЁНАТ

Судралар тинкангни толиқтириб тун…
Лаънат муҳри янглиғ безраяди ой.
Офтоб кўлкасидай узанган узун
Кечаларни қаро зулфи – сумансой.
Ўт кетди хаёлнинг харобатига,
Бу дўзах ўтига энди не чора?
Нотавон вужуднинг касофатига
Кўнгил қолиб кетди, кўнгил - бечора.
Зор йиғлаб-сиқтаган руҳлар ортидан
Судралар тинкангни толиқтириб тун.
Гиёҳванд қутқулар гирдибодида
Гуноҳингни гизлар халоскор очун.
Томирингни тирнар ўрмалаган хун,
Ўлакса самода ой кезар хунхор.
Судралар тинкангни толиқтириб тун, –
Думига сочларинг бойланган тулпор.

ОРЗУ

Кўнглинг ҳамон Одамда, ўзинг
ҳалигача Ҳаводадирсан.
Ахир, ҳали ҳеч кимга кўзи
очилмаган дарбозадирсан.

Кўнглинг ҳамон бузилар, ўзинг
ўзинг каби топ-тозадирсан.
Ахир, етти иқлимга сўзи
сочилмаган овозадирсан.

Кўнглинг ҳамон ердадир, маъюс,
ҳамон ўзинг самодадирсан.
Ахир, бошим устида ҳануз
ўқилмаган жанозадирсан.

МУСОФИР

Гапларимиз бўлмайди адо,
Ҳар гал олсанг ҳолимдан хабар.
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.
Инсон қадр-қиммати бир пул,
Ишонмасанг бир пулдир бари.
Сен кетасан, дунёдан буткул
Аразлаган одам сингари.
Юрагимни нотайин бир ҳис
Ғижимлайди ҳар кун, ҳар кеча.
Сен кетасан кўнгилдан олис,
Кузатаман остонагача.
Ёмғир баланд томлардан ўтар,
Тепкиланган ерлар бўлар лой.
Ўчар, қаттиқ шамолда ўчар,
Тошфанордай милтиллаган ой.
Оч йиртқичдай исковуч шамол
Ахтаради ўлжа ҳидини.
Яхши одам кўчага алҳол,
Қўйвормасди, ҳатто, итини.
Мен қизийман, фақат уятдан,
Дош бермади ғамга суягим.
Совуқ ўтар суяк-суякдан,
Совимоқда сендан юрагим.
Шамол ҳамон бузуқ най чалиб
Чийиллайди, тинмади ёмғир.
Ўз уйингга етолдингми деб
Ўй сураман оғирдан-оғир.
Хавотирим бўлмайди адо,
Ололмасман ҳолингдан хабар:
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.

САФАР ОЙИ

Тўнғиган таппаклар ёнар осуда,
Қумғон қайнаб-қайнаб бўлади ярим.
Тандирнинг олдида, ўчоқ бошида
Тутатқига дўнди менинг шеърларим.
Қайғулар ёлғондир, қувончлар ёлғон, –
Одам тушунмаса одамнинг тилин.
Ахир, йиғлаганни кулдириш осон,
Ахир, кулганларни йиғлатиш қийин.
Кулмасман, мен йиғлаб билмасман зеро,
Нозик наволар ҳам сиғмайди дилга.
Наҳотки, юракка сиғмаган дунё,
Чўкиб кетса саёз, кўлмак ақлга.
Қумғон қайнаб-қайнаб дардини ютар,
Бироқ, тугамайди андуҳ сойлари.
Билмасман, олдинда мени не кутар,
Ортимда кўринар сафар ойлари…


***

Қанақа замон бу?.. Ёлғондир бари,
Руҳлар нотинч бўлса, гўр қалтирайди.
Юрак алғов-далғов, дунё тескари,
Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.

Қанақа замон бу? Кўнгиллар тўлмас,
Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.

ХАЁЛ

Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.
Қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган қўнғир ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…
Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг тўлар, кўзларинг.
Васлни тушунмас норасида ишқ,
Айрилиқ нелигин билмайди фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади, бироқ.
Дилимда садоқат шамлари сўнди,
Ўт кетди эҳтирос қафасларига.
Ўчмаган оловдай кетарман шўнғиб
Қўнғир сочларингга, нафасларингга…
Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.

ЮРАК ЎFИРИ

Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.
Тор дилга сиғмагай гуноҳи азим,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Умидлар хайлидан айро сийратинг
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.
Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.
Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.
Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.
Ютоққан ваҳмнинг харобатида
Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.
Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.
Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.
Ахир, адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб терлади кўзинг.
Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча, ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча, беғубор кўз ёшинг – улуғ.

***

Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Юрагинг – ҳали мард кўрмаган майдон.
Осмонга боқамиз хавотирланиб,
Биз бош қўйган ёстиқ янглиғ ой сарсон.
Дарёлар қошидан қайтамиз сувсаб,
Булутлар ортига қўрқиб қарайди.
Ақлим қочди, кўнгил ортидан қувсам,
Ақл ошиб кетса, меҳр камайди.
Биз учдик осмонннг ёлғонларига,
Жаҳолат аршидан тушмадик, бироқ.
Осилдик айрилиқ арқонларига,
Ерда эса, фақат, иблислар – иноқ.
Пайтавалар тожга дўнди самода,
Ерда торож бўлди тоза ҳаволар.
Орамизга тушиб қолди балога,
Киприк қоқмай қараб турган балолар.
Алдайди қисматнинг асотирлари,
Тўзонга дош бермай қайтар тавбалар.
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Ёмғир савалайди, тинмай савалар.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (02.07.2013) | Муаллиф: "Ҳафта ижодкори" Одил Икром
Кўрилди: 861 | Теглар: Одил Икром | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0