Пайшанба, 19.09.2024, 22:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Наманган соғинчи
Хасанбой ҒОЙИБ

"Ижодкор" сайтида Даврон Хотамнинг устоз Муғанний билан қилган суҳбатини ўқиб эшитган ва ўзим шоҳиди бўлган боболарим ҳақидаги хотираларни эсладим. Устознинг "Онам дўппи тикиб сотар, ҳар бир гапида мақол ишлатар, у пайтлар бу одати менда кулги уйғотар, бу одатнинг озчиликда учрайдиган ноёб фазилат эканлигини эса кейин англаб етдим" сатрларини ўқир эканман рахматлик онам Инобатхон Даврон қизини эсладим. Бу гаплар худди менинг бувим( биз онамизни "буви" деб чақирар эдик) ҳақида айтилгандек эди. Менинг боболарим хам Ўш, Наманган томонлардан. Онам тарафидан Эгамберди бобом ўз вақти замонида мингбоши бўлган эканлар. Совет давлати ташкил топгач, бойларнинг фарзандлари деган фитналар сабабли онамнинг Қамчинбек деган амакилари Сибирга сургун қилинганлар. Ўша пайтда у киши раҳбарлик лавозимида ишлаганлар. Онамнинг эслашларича "мажлисга бораман" деб кетиб қайтиб келмаганлар экан. Қамчинбек бобом 11 йил сургунда бўлгач, қайтиб келиши олдидан вафотлари хақида хабар келган экан. У кишининг Сожирахон деган завжалари ва Сорахон исмли бир қизлари қолган. Улар Ўш вилояти Тошкўмир туманида яшар эдилар. Шундан сўнг аввал Мирзобек бобом, сўнгра Давронбек бобомлар Тожикистонга келиб қолишган. Бу ҳаммаси ўша (30-йилларнинг) мудҳиш кунларнинг оқибати эди.Тошкўмир деган туманда катта бобомнинг ҳовл- боғлари ҳам бор эди. Ёшлигимда онам билан боргандик. (1982йил бўлса керак) Уйларида хизмат қилиб юрган одамга ташлаб келишган, ўша одам онамга Мирзобекка (Мирзобек бобом Давронбек бобомнинг акалари, бобомиз вафотидан сўнг тоғам Собиржон ва онамизни ҳамда Тожихон холамизни тарбия қилганлар) бориб айт, мана уйи-жойи турибди, қайтиб келсин, мен уни сотмаганман деб йиғлаган эди. Онам келиб бобомга айтганда бобом "мени ўша сотган" дегандилар жаҳл билан. Бобомиз 40йил ўтса ҳам у жойларга қайтиб бормадилар. Мирзо бобом 1987 йилда вафот этдилар, Аллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин. Мирзо бобом етимпарвар одам бўлганлар, у киши опаларининг фарзандлари шодравон Абдуназар бобомни, шодравон Меҳринисо холамни, сўнгги завжалари Офтоб момомизга эргашиб келган Тўхтасин тоғамизни ҳам ўз фарзандлари шодравон Маматқул тоғам, Рўзихон холам ва Иброхим, Турсунбой, Мамадали тоғаларим қатори тарбия вояга етказганлар. Ушбу воқеаларни менга раҳматлик онам Инобат Даврон қизи сўзлаб берганлар. Муштипар онам намозларини канда қилмас эдилар. 2002йил 20-июнда онамиз вафот қилдилар. Оллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин. Бу дунё тасодифларга тўла. 2000йилнинг 20-июнида Собиржон тоғам Учқўрғондан унча узоқ бўлмаган Ўш вилоятига қарашли "Шамолли сой" шаҳарчасида оламдан ўтган эдилар. Мен онам раҳматликни тоғамнинг қирқларига олиб борган эдим. Раҳматлик тоғам 60-йилларда ота маконларига кўчиб кетган эканлар. Шахарчада асосан Тожикистондан кўчиб борган ўзбеклар ва кирғизлар яшашар эди. Лекин 40йил ўтса ҳам уларни "Тажиклар" деб аташар экан. Бу бошқа мавзу бўлганлиги учун сўзимни мухтасар киламан. Қуйидаги шеърларни мен раҳматли онамнинг суҳбатлари таъсирида ёзган эдим.

туркум
Аждодларимизнинг пок
рухларига бағишланади.
Мирзо бобом армони
Юртни босди насл – насабсиз,
Диёнатни унутган каслар.
Мени сотди қўрқоқ, иймонсиз,
Тузим ичган у зоти пастлар.
Йўлга тушдим пою пиёда,
Бошим олиб кетдим мен сендан.
Молу мулкни нетгум дунёда,
Бағрингга гар сиғмасам, Ватан.
Сарҳадингдан мен кетдим йироқ,
Қўниб топдим фақат шу жойда.
Қамишзорлар босган бу тупроқ ,
Ватан, сенга жуда ўхшайди.
Мен ишладим, тинмай ишладим,
Айлантирдим юртни чаманга.
Узун тунлар кўрган тушларим,
Сен ҳақингда бўлди Наманган.
Ота-онам хоки бор сенда,
Руҳим сенда, гарчи бунда тан.
То қиёмат ёнгум кўйингда,
Пешонамга сиғмаган Ватан.
2001
Онам Инобатхон Даврон кизига бағишлайман.

Наманган, қайдасан боргим келодир,
Олма, ўригингни тергим келодир.
Олма, ўригинги кўзимга суртиб

Давру давронимни сургим келодир.
Наманган, гулларга тўлган диёрсан
Азалдан севимли бўлган диёрсан.
Бобомнинг армони менга ҳам ёрсан

Боғингдан гулларинг тергим келодир.
Наманган, сойларинг сувларга тўлди
Сув эмас сой тўла кўз ёшлар бўлди.
Юрак тўла соғинч, армонлар қолди,

Армоним дунёга ёйгим келодир.
Наманган, эврилиб нурга замонлар,
Кўркингдан яшнагай давру давронлар.
Мен ҳам ошиб бир кун тоғу довонлар
Бағрингда бир умр қолгим келодир.
2001

Давронбек бобомнинг армони
Қора кунлар келди чинакам
Осмон узоқ, ер қаттиқ бўлди.
Наҳот юртда йўқ одил ҳакам

Дашти қипчоқ қабрга тeлди.
Акам, менинг мард, ботир акам
Бошинг олиб қайларга кетдинг.
Дилни тиглар бир аччиқ алам,

Қай eлкага, манзилга етдинг?
Қайга борай бу ердан кетиб,
Укам сари бормоқ таҳлика.
Тақир чeллар, тоғлардан eтиб

Топарманми мен сизни ака?
Бу юрт нега бунчалар сабил,
Бу юрт нега ғафлатда қотган?
Rайси айби учун бу ҳалқни,

Тангрим томуғ-дўзахга отган?!
Акам, менинг мард, ботир акам
Юриб-юриб сизни топарман.
Баланд тоғлар бағрида қолиб
Ватан, сени мен яратаман.

11.03.2001йил
Гарчи ватан туғилган тупроқ,
Лекин тортар аждодлар қони .
Соғинаман мен сени кўпроқ,
Боболарим қутлуғ маскани .
Муҳаббатинг тарк этмас дилни,
Сен оловсан қалбимда ёнган.
Машраб каби соғиндим сени,
Боболарим шаҳри Наманган.
25.10.05

Куйлаганда ҳофизлар жўшиб,
“Наманганнинг олмаси”-н ҳар чоғ .
Жўр бўламан мен ҳам қўшилиб,
Кўнглим яшнаб кетар мисли боғ.
Соғинчларим тўкила бошлар,
Ҳил-ҳил пишган олмалар янглиғ.
Кўзларимдан сизилар ёшлар
Борай десам йўлларим боғлиқ.
2005.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (24.01.2013) | Муаллиф: Хасанбой Ғойиб
Кўрилди: 796 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 0

Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0