Пайшанба, 19.09.2024, 13:04
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Адабий танқид

"Мен сўзларни енгиб яшайман"
Мақсуд БЕКЖОН
Шеърият ҳақида гапирар экансан, имкон борича, танқидчиликда удум бўлган атамаларни чеклаб ўтишни истайсан. Зеро, аксарият ҳолларда шеърлар ўз ҳолича, уларга тақилган ёрлиқлар ўз ҳолича яшайдилар. Яъний, ёрлиқ – шеърнинг талқини эмас. Янада кучайтириб айтадиган бўлсак, ёрлиқ нафақат шеърнинг талқини эмас, балки, унинг ўзи шеър бўлишга интилаётган мустақил субстанциядир. Шу маънода ўз танқидий мақолаларини бадиий асар сифатида тақдим этишга интилиб келган рус танқидчиси Лев Анненский кайфиятини тушунса бўлади. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, биз барибир ёрлиқларсиз яшай олмаймиз.

Ёрлиқларни ҳимоя қилиб, яна шундай деймиз: инсоният ўйлаб топган барча сўзлар ёрлиқлардан бошқа нарса эмас. Колумбиялик ёзувчи Гарсиа Маркес асаридаги бир лавҳани тасаввур қилинг: хотирасизлик касалига мубтало бўлган бир ўлкадаги барча нарсаларга уларнинг номлари ёзилган тахтачалар осиб қўйилган бўлади… Хуллас, биз танқидчи-лигимиздаги ёрлиқ қўйиш санъати ҳақида, ёки аниқроғи, ҳар қандай ёрлиқларни ўзига юқтирмай, эркин қола билган истеъдод ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Янги ўзбек шеъриятининг, яъний, советлар даврида юзага келган шеъриятнинг илдизлари асосан классик адабиётимизга эмас, балки кўпроқ советлашган рус адабиётига бориб тақалади. Гап фақат аруз ёки рубойининг ўрнини бармоқ ёки оқ шеър эгаллаганида, яъний, шаклда эмас, балки, асарнинг моҳиятидаги турланишларда ҳамдир. Совет даврига келиб, ўзбек шеърияти муболағага қурилган интим-фалсафий заминдан, жимжималардан ҳоли, ерга анча яқинроқ бўлган ижтимоий заминга кўчди. Ўзбек шеъриятининг янги қаҳрамони илгаригидай ўз туйғулари ортидан кўкка эмас, балки, жамиятга қарай бошлади, Шу маънода ўзбек адабиёти европалашган адабиёт эди. Бў ўринда 80 йиллар бошида ўзбек танқидчилигида пайдо бўлган “Ғарб таъсири” ҳақидаги гаплар, фақат коммунистик идеология софлиги учун жон куйдираётган “адабиёт посбонлари”нинг гаплари эди, холос.

Ўзбек адабиётига 70 йилларнинг ўрталарида кириб келган Муҳаммад Солиҳ шеърларига айнан мана шундай тамға босиш учун кўп ҳаракатлар қилинган эди. Ўзбек танқидчилигининг баъзи намояндалари эса, Муҳаммад Солиҳ ижоди ҳақида “Шеърингизни тушунтириб беринг”, дея мақолалар ёзди. Ғарб ҳақидаги тасаввури ҳаминқадар бўлган бундай мунаққидларга жавобан Муҳаммад Солиҳ ўз мақоласида “Ғарб қозонинг фақат қораси эмас. таоми ҳам бор”, дея ёзди. Унинг “Бу Ғарб эмас, ўзимизнинг Шарқ” номли машҳур кинояли шеъри ҳам адабий калтабинликка берилган яна бир жавоб бўлди. Йўқ, Муҳаммад Солиҳ асло Ғарбни тарғиб қилмади, аксинча, Ғарб шеъриятининг осмондан тушмаганини, балки, унинг асосларида асрлар мобайнида Шарқдан кириб борган фалсафа ва мажозлар ётганини тушунтиришга ҳаракат қилди, Мабодо, Ғарбдан Шарқ томон нималардир келаётган бўлса,бу, шубҳасиз, Шарқ овозининг акс-садоси эканлигини уқтиришга урунди. Хусусан, Ўрхон-Енисей битикларидаги шеърий намуналар бугунги “модерн” шеъриятнинг кўриниши эканлигини эътироф этди.

Аммо шу билан бирга Муҳаммад Солиҳнинг оддий ўлчовларга сиғмайдиган истеъдод эканлигини тезда илғаб олган Озод Шарофиддинов каби йирик мунаққидлар ҳам бор эди. Кўпчилик ўртамиёна филологлар эса, Муҳаммад Солиҳ ижоди ҳақида ёзишдан ўзларини тиярдилар. Чунки, улар учун бундай ҳаракат фақат ўз лаёқатсизликларини фош қилиш билан якунланарди. Хуллас, Муҳаммад Солиҳ ижоди ҳақида жуда кўп баҳсу-мунозаралар, тортишувлар бўлди, аммо биронта ҳам мунаққид унинг ижодини системали равишда ўргана олмади. Чунки, бундай кенг миқёс ва айни пайтда беқиёс интимлилик, максимализм ва шаффофликка кўз ўрганмаган эди. Муҳаммад Солиҳ ижоди ўзбек танқидчилигида фақат фрагментар тарзда ёритилди. Унинг ҳар бир шеъри, ҳар бир китоби ҳақида алоҳида-алоҳида мақолалар ёзилди. Аммо бу асарларга умумлаштирувчи нуқтаи-назардан қарашга негадир ҳеч ким журъат қилмади. ҳолбуки, шундай нуқтаи-назардан қараб, бу ижодга баҳо бериш эҳтиёжи бор. Бу эҳтиёж ўзбек адабиётшунослиги ичида анчадан бери ётибди.

Муҳаммад Солиҳ ижоди ҳақида гап кетар экан, унинг фақат шеъриятдаги новаторлиги ёки ўзига хос мактаб ярата билганлиги ҳақидагина эмас, балки, унинг ўзбек адабий ва ижтимоий онгида янги йўналиш ва қутбларни очганлиги ҳақида ҳам мушоҳада юритиш лозим бўлади. Муҳаммад Солиҳнинг энг кичик асарларида ҳам янгича фалсафа, янгича характер, янгича ифода этиш услуби ва ҳатто янгича қадриятларни кўриш мумкин. Бу янги қадриятлар нафақат унинг сатрларида бекинган нозик ташбеҳ ва ғояларида, балки, унинг сўзга бўлган фавқулодда муносабатида ҳам зоҳир бўлди. Муҳаммад Солиҳ ўзининг програм шеърларидан бирида шундай ёзади:

Мен сўзларни енгиб яшайман,

Ишим шундай – сўзларни енгмоқ.

Қорни тўқ,

Боши бўш,

Мешчан сўзларни

Агар сен ҳам енгмоқчи бўлсанг,

Уларни айтма бир иложини топ.

Лаззатлана бил,

Айтмай, чидаб, яшаганингдан,,,

…”Булар-чи?” дейсанми?

Бу сўзлар-мени енгган сўзлар,

Илож йўқ…

Сўзларни айтмай – енгиш, ўзбек совет адабиёти учун мутлақо янгича қадрият эди. Чунки, шу пайтгача ёзувчиларимизнинг аксарияти “сўзни енгиш”, деганда, айнан бу сўзни айтишни, у ҳақда жар солишни тушуниб келар эдилар. Шу билан Муҳаммад Солиҳ ўзбек адабиётига пауза санъатини олиб кирди. Бу пауза, яъний, сукут, ўқувчи тафаккури учун, шоир томонидан эҳтиром ила бўш қолдирилган ўрин эди. Бундай фавқулодда ҳурмат, шубҳасиз, ўзбек ўқувчисини анча нозиклаштирди ва ўстирди. Ундаги ижодга бўлган ҳавасни оширди.

Муҳаммад Солиҳнинг илк китобларидаги чуқур лиризмга орқаворатдан “хонанишинлик”, “ўз қобиғидан чиқа билмаслик”, деган айбномалар қўйишга урунганлар ҳам бўлди. Муҳаммад Солиҳ уларга жавобан, “одамлар ўз қобиғига кира олмай сарсон юрибди-ю, сиз мени ўз қобиғимдан чиқишга даъват этасиз”, дея ёзди. Мазкур танқидчи ва ёзувчилар “ўз қобиғидан чиқиш”, деганда энг аввало тузумга мадҳия ўқишни, халқнинг порлоқ коммунизм йўлидаги шонли меҳнатини улуғлашни назарда тутар эдилар. Уларнинг “хонанишинлик”ка қарши йўналган қаҳр-ғазаби ортида ҳам мана шу ижтимоий-сиёсий буюртма ётарди. Энг қизиғи шундаки, ўзбек совет адабиётининг асло “хонанишинлик”да гумон қилиш қийин бўлган кўпчилик машҳур ва совриндор ёзувчилари асарлари, ўзга тилларга таржима қилинганида мутлақо ҳимоясиз, ночор аҳволда намоён бўлардилар. Ҳолбуки, ушбу совриндор ёзувчилар хизматида Совет Иттифоқининг энг яхши таржимонлари ҳозиру-нозир эди. Буни – фақат советлар даврида шаклланган адабиётимиздаги умумий савиянинг дунё адабий савияси қошидаги ночор аҳволи билангина изоҳлаш мумкин. Хусусан, ўзбек адабий жамоатчилигида “миллийлик – фикрга дўппи кийдиришдан иборат”, деган тушунча кенг тарқалган эди. Бундай тушунчага “ғарбнинг ёмон таъсири” ҳақидаги атайлаб яратилган қўрқув ҳам дастакчи бўлиб хизмат қиларди. Хуллас, миллийлик ниқоби остида, аслида эса, миллий руҳни тўла инкор этувчи, яъний, уни бузиб кўрсатувчи бир қатор буюртма асарлар яратилдики, бундай асарларнинг ўзга халқлар томонидан яхши қабул қилинмаслиги табиий ҳол эди. Яъний, ушбу ёзувчилар ланъатлаган “хонанишинлик”, айнан уларнинг ўз ижодларида тантана қилар эди.

Муҳаммад Солиҳнинг энг миллий, энг специфик кўринган, халқ мажоз ва маталларига йўғрилган шеърларида ҳам умум башарий қадриятлар ётади. Зеро, ҳақиқий миллийлик асослари муқаррар равишда умуминсоний қадриятларга бориб тақалади. Хуллас, Муҳаммад Солиҳ ижоди тимсолида ўзбек адабиётшунослари қошида ўрганилмаган улкан бир дунё турибди. Албатта, унинг ижодини таъқиқлайдиганлар доимо бўлган. Муҳаммад Солиҳ ижоди советлар даврида ярим таъқиқ остида сақланган бўлса, бугунги мустақил Ўзбекистонда унинг ижоди тўла таъқиқлангандир. Аммо, адабиёт бундай ўткинчи воқеликка бўйсуна олмайди. Адабиёт карвони гоҳ зоҳир, гоҳ ботин тарзда ўз йўлида давом этаверади. Шундай эмас экан, демак, бу адабиёт, оғир хасталикка дучор бўлган адабиётдир.

Мақсуд Бекжон


Рукн: Адабий танқид | Қўшди: Davron (19.07.2012) | Муаллиф: Мақсуд БЕКЖОН
Кўрилди: 939 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 2

0  
1 УммуМадина   (19.07.2012 11:08) [Материал]
Ажойиб мақола учун раҳмат!
Айниқса, М.Бекжон: ... Бу пауза, яъний, сукут, ўқувчи тафаккури учун, шоир томонидан эҳтиром ила бўш қолдирилган ўрин эди. Бундай фавқулодда ҳурмат, шубҳасиз, ўзбек ўқувчисини анча нозиклаштирди ва ўстирди, деб биз модерн шеърият дейдиганимиз шеърият оламининг ўзига хослигини жуда ҳам лўнда, аниқ қилиб ёритган.
0  
2 Хасанбой Гойибов   (08.10.2012 09:24) [Материал]
"адабиёт бундай ўткинчи воқеликка бўйсуна олмайди" бу фикрнинг накадар тугри эканлигини вакт узи курсатиб турибди.
"Одам жамлаб олса узини, Узини бир катта майдонга йигса, У -улкан лашкардир" Шоир шу биргина сатри билан хам тарихда колиши мумкин.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0