Пайшанба, 19.09.2024, 22:16
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Илмий мақолалар

Ўзбек онги чизгилари (1)
Хамид ИСМОИЛ

1911 йилда оталари Маҳмудхўжа ҳажга кетганларида туғилган Ҳожия-бувим, кейинчалик пешонашўр замонларда новвойчилик қилар эканлар, биз болалар хамир қораётган пайт, шол бўлаёзган оёқларини уқалаб: Бу сафар хамиртуруши яхши, хамири ҳам роса пишиб етишади, ана энди узган нонинг тандир оғзига сиғмайди ! – деб қўярдилар. Бу кичик тадқиқот ҳам узилган нон эмас, хамиртурушнинг бир навъидан.
Текширишнинг адабий тарихига келсак, 1990 йилнинг кузи Олмониянинг Бамберг дорилфунунида Ўрта Осиё хусусидаги Оврупа тадқиқотчиларининг тўртинчи анжумани бўлиб ўтган эди. Ана шу йиғилишга тайёрланар эканман, Олмония эмасми, хаёлимда нуқул Ҳенриҳ Ҳайненинг: Агар олам иккига бўлинса – дарзи шоирнинг юрагидан ўтажак! – деган сўзлари гиргиттон эди. Бу сўзлар боис – ўзбек шўрли шўро шеъриятининг ўн йиллик пешқадамлари, сардор ва ё яловбардорларининг ўша дарз кетган юракларини текшира бошладим. Шунда шеъриятимизнинг ўзига хос кардиограммаси намоён бўла бошлади менга. Мақолага ўтишимдан аввал яна бир қанча огоҳлар. Хамиртуруш деганининг ачитқи, бўзалатқи хосиятлари бор, менинг мақсадим маст қилиш ёки ҳумор ёзиш емас, ушоқчалик бўлса-да маънавий озуқа тайёрлаш. Шоирларимизнинг Кўнгул, Юрак, Қалбларини текширганимда қўл остимда Оврупа илмий жиҳозлари. Зотан, мен айтадиган нарсаларни таъбир жоиз бўлса, томир ушлаб ҳам айтиш мумкиндир, лекин узрим – бояги анжуман… Қисқаси асосий текширувчи жиҳоз сифатида Роман Якобсоннинг мулоқот чизгисини ишлатдим. Мана у: маъно-мазмун
сўзловчи ————– хабар ————–тингловчи
|
алоқа
|
Лафз
Яъни сўзловчининг хабари тингловчига етиб тушунарли бўлиши учун бу хабар қайсидир маъного эга бўлиши, бу билан бир қаторда муаян алоқа воситалари орқали (овоз, телефон, хат ва ҳок.) етказилиши, ҳамда аниқ бир калит ё лафзга эга бўлиши керак (мен, масалан, ҳинд лафзида, сиз эса соқовлар тилида гаплашар экансиз, турган гапки, биз бир-биримизни тушунмаймиз). Бу унсурларнинг ҳар бири тилнинг тайин вазифасини ўтайди. Дейлик, агар сўзловчи хабарни ўз-ўзи хусусида айтса, бу тилнинг эмотив (ҳиссий) вазифасини англатади, агарчи хабарнинг маъно вазифаси устивор бўлса, бу – тилнинг когнитив (билим) вазифасига мутаносибдир. Хабар фақат алоқани янгилаш учун айтилса (эсонмисиз-омонмисиз, шукр, бола-чақа, қозон-товоқ, эчки-бузоқ тузукми? қабилида), бу тилнинг фатик (урфий) вазифасидир. Тингловчига тақалган хабар – ундов, лафзни бўрттиргани еса – тилнинг белгиловчи унсуридир. Нихоят, хабар ўз-ўзини туйиб, ўз-ўзига тўйса, бу – тилнинг шеърий кўриниши, дейди Роман Якобсон. Демак, тилнинг кўринишлари бундай суратни ташкил этишади:
илмий
|
ҳиссий ——– шеърий ——— ундов
|
урфий
|
белгиловчи
Мулоқот пайтида сўзловчи ва тиннгловчи орасидаги бу унсурларнинг униси ё буниси устивор бўлиши турган гап. Лекин гапнинг пўсти-калласи – ана ўша устивор, буюртган унсурдадир. Дейлик, биз мулоқотимизни ўша: эсонмисиз-омонмисиз биланоқ чегаралб қўйишимиз мумкин, ва ё мен: бундай қилмайлик! – деб сизни мулоқотни давом эттиришга ундашим мумкин, сўнг эса бутун бор ҳиссиётимни ишга солиб, илмий асосда сизларга қуйидаги хабарларни етказишга уринишим мумкин. Умуман буларнинг бари – фан инкишоф ва эътироф этган қайдлар. Мен илова қилмоқчи бўлган нарса – Якобсоннинг чизгисини яна бир поғона юқорига кўтариб, унинг умумлаштирувчи кучини бир неча карра оширадиган қўшимчадир. Зотан, инсон онги – диалогик, ё мулоқотлидир. Ҳатто Аллоҳ, китобларга қараганда, оламни ва одамни Кун! деган сўз билан ҳаётга уйғотган. Гарчи Якобсоннинг юқоридаги чизгисига тингловчининг уърнига сўзловчини ўзини қўядиган бўлсак, демакки мулоқотни инсоннинг ички дунёсига кўчирсак, шунда биз инсон онгининг чизгисига эга бўламиз. Мисол тариқасида, бошқа бир жойда мен Алишер Навоийнинг Хамсаси нима учун беш достондан иборат деган муаммони текшириб, унда инсон онгининг 5 кўриниши ва ё 5 унсури: Ҳақиқат, Эзгулик, Гўзаллик, Саодат ва Адолат ғоялари (одамзод тарихида уларга мутаносиб фанлар: Фалсафа, Этика, Эстетика, Политекономия ва Политологиялар ҳам инсоният тараққиётида бирин-кетин намоён бўлган), ёки бошқа таъбир билан айтганда Эзгулик ва Адолатга йўғрилган шариат, Гўзаллик васлини ваъдаловчи Тариқат, Саодатга бошловчи Маърифат, ва инсони комилда мужассам бўлувчи ҳамда акс топувчи олиймақом Ҳақиқат мавжудлигини кўрсатган эдим. Хулоса қилиб айтганда, инсон онгининг тарихий тараққиёти тасаввуф йўллари каби Хамсага мутаносиб, унинг тузилиши эса юқоридаги чизгиларга чоғдош. Мана энди бу асосларга таяниб, бевосита текширувни бошласак ҳам бўлади.




Манбъа: http://ferghana.ru
Рукн: Илмий мақолалар | Қўшди: Davron (30.06.2012) | Муаллиф: Хамид Исмоил
Кўрилди: 940 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 3.0/1

Шарҳлар: 1

0  
1 Хасанбой Гойибов   (13.11.2012 11:59) [Материал]
Жуда кизик фикрлар
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0