Пайшанба, 19.09.2024, 22:38
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (1)
Абдулҳамид ИСМОИЛ

Кўнгилдаги муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.
Қулоғимга ол бахт, деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим.
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-туман афсоналар сўйладим.
Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: “Афсоналар беҳуда”.
Бул сўзлари қулоғимга етишди:
“Оқдим, – деди, – қонли, зардобли сувда…”
Оқ-оқ, – деди афсоналар султони, -
Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир,.
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.
Кет, эй шайтон, босирқадим… қўрқаман;
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган, ётаман,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.
Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак!
Чўлпон
Улоқ

Ўша йил куз ўзгача чиройда келди. Шаҳар кезиб Кўкчадаги янги тушган трамвай бекатидан ҳувиллаган кўчалар бўйлаб уйга қайтасанми, Самарқанд Дарвозадаги синчу гувала деворлар ортига кўз қирини ташлайсанми, толиқиб ўз боғингга чиқасанми – кўк осмон остида алвон-алвон ранглар. Сарғишу-қизғиш барглар негадир бу кузак қовжирамай, шоху-бутоқлардан узилмасдан, гўёки мусаффо ва осуда ҳавода қишларга довур ялт-ялт ҳилпирагусидек. Шундай эса-да, силжимас ҳаводаю қартайган ушуқ қуёшда аллақандай ҳазинлигу аччиқлик, кўзга бўлмаса-да, димоққа сезиларди. Узоқларда ёқилган чўпу хазоннинг элас-элас исимиди бу тахирлик…
Ким билсин…
Бугунга Абдулла ток кўмишни мўлжаллаган. Барди ўрилиб, ҳув чекароқда увун-тўда ғарамланган. Туновида болалар гулхан ёқиб, бардига ўт қўйиб юборай дейишди. Худо бир асради ўшанда. Ток-қайчи қўлида, Абдулла кенг ишком тагида тураркан, бир-икки ерда истак узилиб, бағозлар бўшаганига кўзи тушди-да, бу фавқулодда ҳолни нимага йўйишини билмади: ҳосилнинг мўллигими ё қаровнинг озлигимиди боис? Рост-да, бу ёзу бу куз боғига одатдагидек қаролмади, жабр бўлди пояга. Кўнгли алахсиди. Офтобчувоқ кўкламда токни очганидан бери, оламда жинлар базми бошланиб кетгандек. Кўча-кўйда узуккун янграгани – ғат-ғат оркестру “ура”–“ура” ҳайқириқлари. Ҳадрадан то Ўрдага қадар ҳар бинога сўлақмондек қилиб расмлар осилган. Ерга тиқилган хода борки, устида ранг-баранг байроқ. Кечалари эса ягана кўрган даладек бирма-бир жўралари йўқолади. Бириси куни Ғози Юнус-домланинг беркинавериб, унниққан ўғли Тўлқин, отасининг тилла соатини кўтариб, пул сўраб келибди. Тунов эса Чўлпоннинг бебаҳра хотини Катя-хоним: “Сиз тавсия хати ёзиб юборинг, сизга ишонишади-ку!” – деб йиғлайди. Кимга ким ишонарди ҳозир?! Кунимиз бетайин, қаттол замонга колиб кетган бўлса. Дала яганаланиб, уватга айлангани йўқ. Ҳазрат айтмиш: “Бешаи Мозандаронга тушти ўт”. Олағовурда ҳўлу қуруқ бир ёняпти. Мана унинг ўзи ҳам эгарланган очаға отдек тайёр турибди. “Чўх!” – дейишса кетади.
Бу маъюс хаёлларда Абдулла токнинг пастқам, олақароқ новдаларини кеса бошлаганини ҳам сезмай қолибди. Аста-секин қийшанғи пояни бутоқлар. Ҳалим-бери чуғурлашиб болалари ҳам ёппасига-қийғос ҳашарга чиқиб келишса ажаб эмас. Афсуски, тўнғичи Ҳабибулла касал бўлиб ётиб қолди, ёнига кириб ишни тезлаштиришармиди. Лўмбиллаган кенжатойи Маъсуд “отам-отам” бўлиб, ўроқ деганда косовни узатса-да, гапга солиб турар. Кенжасини эслаб, Абдулла мийиғида кулиб қўйди. Олам ҳодис, ҳалида нарвонни шитоброқ тиккайтирилган ишкомга қўйса борми, маймунчадек тепасига чиқиб кетади. “Дадачи, дада, чилпиган истакларни мен кесай” – деб боғбон-отачадек хархаша қилади. Майли-да! Қайдам, токларнинг барини бугун кесиб, ётқизиб, қўндоқлаб, барди билан ёпишга улгурмас-ўв! Яна эрта бор, яна Худо хоҳласа индин бор… Токларини кўмар ҳам, совуқлар ҳам ўтар, шовур-шовур ёмғирли кўклам қайтиб, буюрса, пояю бачкилар яна занг отар… Бир – кўмилади, бир – яна ҳеч нарса бўлмагандек, очилади… Адабиёт ҳам шундай эмасми, – деб ўйлади, қаншаридаги бир томчи терни артиб, Абдулла.
Олачалпоқдан кўзлари қамашдими, чунки худди шу пайт кесилган бир новда қўлига илашиб, шапалоқдек баргни ўзи билан ерга тортдию, бояги барг остида яширинган майдагина ғужумча узум очилиб қолди. “Қирмизка-қирмизка!” – деб ўтган йили аллақаердан топиб эккан токи. Бояги шингил ҳам қирмизка номига монанд, узилмай панада ётаверганидан, қип-қирмизи бўлиб етишган, юм-юмалоқ узумчалари ҳам – зўри келса – шабнам томчисидан зиёда эмас, худди ўйинчоқ ғужумнинг ўзгинаси. Юраклари дук-дук урди Абдулланинг. Анчадан бери кўнглига тугиб юрган китоби бор эди: уч подшоҳга хотин бўлган гўзал каниз ҳикояси. Барг остида қизларнинг луччак бетидек қип-қирмизи бўлиб яширинган бу шингилнинг кеч кузда бир куни яланғоч қинғайган новдалар аро тўсатдан муҳайё бўлиши Абдулланинг чигал ўйларини бирдан ёзиб юборгандек эди. “Маъсуд, отам, кела қолинг!” – деб севинчини уй томонга ҳайқирди. Кўнгил қурғур қув-да, ғужум ҳали лиққою тахирлаб қолган бўлмасин, – дея, кенжасига илинган шингилнинг энг майда донасини тишига қўйиб эди-ки, безаха узумча тирс этиб, тилни ёрадиган шираю-маза бехосдан Абдулланинг бутун вужудига урди.
Биракайига билди у қандай бошлашини бу қиссани. Шундай ажабтовур қисса бўлсинки, уни ўқиган одам “Ўтган кунлар”ни ҳам “Меҳробдан чаён”ни ҳам унутиб юборсин. Кўча бошидаги Аҳмад Қоридан. “Бадое ул-виқоя” ни олиб ўқиш демаса, Мулло Олим Махдуму Ҳакимхон тўраларни аврасидан астаригача титкилаб чиқди. Манави уйнинг атала-бўтала ишларидан хотиржам бўлиб, бир қиш узлатда ўтирса, қиссани албатта ёзиб битиради…
Лўппи кенжатойи, отаси, Отабеги уйдан чиқавермагач, Абдулла чирсиллатиб, яна бир дона ғойибдан келган қирмизка узумдан еди-да, ғужумчанинг қолдиғини, бежама сифат, қулоқ кетига қистириб, ишга киришди.
Ўша аёз қишнинг 31-нчи декабрь куни, янги 1938-нчи йил арафасида, Абдуллани таъзири билмол қилиб, уйидан қамоққа олиб кетишди…


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (12.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 1191 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 УммуМадина   (12.07.2012 12:28) [Материал]
Раҳмат!
Давомини ҳам сабрсизлик билан кутамиз...
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 2
Мехмонлар: 2
Фойдаланувчилар: 0