Пайшанба, 19.09.2024, 13:06
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Наср

Жинлар базми (II фасл) 11кун
Абдулҳамид ИСМОИЛ
Ёзувчи халқи одам танимайди. Илк қарашда бу фикр зиддиятли туюлса-да, Абдулла умрида неча бор бунга амин бўлган. Ёзувчи халқи одамларни тўқийди, ўз хаёлларидан ясайди. Безайди, ясантиради, тусантиради. Қарабсизки, бир ярамас исқирт ҳам бу бежовда туппа-тузук қаҳрамонга айланади-қўяди. Одамларни ким яхши танир экан - хотинлару театр режисёрлари. Раҳбар билан Маннон Уйғунни эслади шу топда Абдулла. Аёлларнинг юраги хафв сезади чамаси: “Дадаси, манови шогирдингиз ортиқча мулозамат қиладими, эҳтиёт бўлинг, кўнгли тоза эмас унинг...” - дегани дуппа-дуруст гап бўлиб чиқади. “Йўғ-э, хотин, бу йигит адабиётимизнинг келажаги, ҳали шундай ярқирайди-ки!” – деб, Раҳбар-бонусига бас келиши эса аксинча ёппа-ёлғон бўлиб чиқади.
Маннон Уйғун ҳам одамларни тўқимайди, афтидан вазият ичига солади. Ана ўшанда аблаҳнинг аблаҳлиги, мунофиқнинг мунофиқлиги, дўстнинг дўстлиги яққол очилади-қўяди шекилли...
Абдулла бу бекорчи фикрларда қамоқдаги яна бир кунни ўтқазарди. Бир тарафдан қишнинг калта куни йўқолиб боришидан юраги ачишса-да, бошқа ёндан кеч тезроқ келишинию, чўнтагидаги бир парча қоғозу, бир кесим қаламчадан тезроқ фойдаланишни орзуқиб-орзуқиб кутарди.
Маҳмуд Қошғарийда ўқиган эски туркча бир сўз – “им” сўзини ўйларди Абдулла. Бу сўз ўзбекчада “имо” ё “имлаш” сифатида қолган холос. “Им” сўзи эса икки одам ўртасидаги келишилган очқич сўзни англатар экан. Солдатлар орасидаги пароль сўзини. “Им билган эр ўлмас” – дейди Қошғарий. Қумлоқлик аскар билан бир имга келишиб олишсамикан?
Шу пайт Абдулланинг фикрларини бузиб, Муборакнинг жўраси Содиқ Абдулла елкасига қоқди-да, бесўнақай имладию: “Мана бу одам Чўлпон деганийззи ёнида ётганди” – дея, ёнидаги симрайганроқ, тажангроқ маҳбусга имо-ишора қилди.
Абдулла хаёлари тўридан озодланар экан, Чўлпон отини ҳамоно туйса-да, бу ерга нима алоқаси бор эканлигини дарров тушунмай, бироз гангсигандек эди. Миядаги тегирмон тошлар айланиб, негадир қайта Маннон Уйғунга йўлиқди. Бир пайтлар Маннон Уйғуру, Чўлпону, Абдулланинг ўзи ва яна бир қанча ўзбек Москвада яшаган эди. Рост, Абдулла ўшанда ўз муддатининг сўнгигача пойтахтда қололмади, бироқ Москвадан Тошкентга ёлғиз ўзи қайтаркан, бир кун эмас бир куни Чўлпоннинг Москвада яшаган ҳаёти ҳақида бир нарса ёзишни орзу қилиб келди. Роман бўлмаса қисса бўлар, қисса бўлмаса узунроқ ҳикоя... Аммо афсус, буни ҳам ёзолмади.
У Содиқнинг жўраси билан саломлашди.
- Лазиз-зода, – деб таништирди ўзини энсаси қотганроқ бу одам. - Чўлпон ҳақида суриштирган экансиз. У мен билан тўшак бўлишиб ётган.
Лазиз-зода иштиёқсиз бир йўсинда қамоқ ҳаётининг кундалик манзаларини кавшар, Абдулла эса анави ёзилмай қолган асар армонини қайтадан, юраги аччиқ бир ўкинч билан, туярди. Ана шу ўкинч, ана шу юпанчсизлик хақида бўлиши керак эди бу асар. Дунёнинг марказига айланган Москва, ўқидан чиққан олам, ҳар соҳада инқилоб. Москвага илгарироқ келиб қолишган Ботуми, Фитрат уйларида бир Маяковский, бир Татлин, бир Бахтину, бир Мейерҳолдлар билан учравшувлар. Буларнинг ҳар бири ўз соҳасини ағдар-тўнтар қилиб, янгидан тузаётган даҳо. Чўлпоннинг-да ўзбек шеъриятида қилаётганлари аслида булардан қолишмасди, бироқ ўзлари билан ўзлари овора бу даҳолар бошқаларни кўришармиди...
Буларнинг орасида ким билан топишди Абдулла – тагли-тугли, шажараю-насабли зодагон Алексей Толстой билан. Иккаласи тарихни севишда бирлашишди. Инқилоблар эса бир шоир сўзига мувофиқ:

Эски ола-гастон
тартибсизликдан
янгисини ясаш
бу балки яшаш... -

деган фикрда, иккиси-да айни хулосага келишди. Лекин Толстойни эмас, Чўлпонни эслаётган эди Абдулла. Бировнинг юртига тушиб қолган шоирни.

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар,
Тоғларми, тошларми ё оқар сувлар...

Ёки кун кетишига Абдулланинг кўнгли бўшашиб кетдими.

Денгизлар қайнаса, тошса сувлари
Кесилса йўлчининг истак йўллари,
денгизга айланса ўнг ва сўллари,
шунда юпатгайму ҳўлланган кўзлар?..

Лазиз-зода Чўлпоннинг ғилдирак кўзойнаги ҳақида гапирар, Абдулла эса ўзининг ёзмаган асарини афсус билан эсларди...
Абдулла Москвада ўқиб юрган чоғи кимдир Тошкентдан Чўлпоннинг “Уйғониш” китобини олиб келди-да, бу китоб дарҳол ўзбеклар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Абдулла Чўлпонни анчадан бери билар, 1919- нчи йили “Ўзбек ёш шоирлари” юғурмаси шов-шув бўлиб кетгач, Чўлпон номини танимаган инсон қолмаган эди. Булар бир-икки маротаба Фитрат-домланинг “Чағатой гурунги”да ҳам бир-бирига йўлиқишган, бироқ Чўлпон – машҳур шоир, Абдулла эса у вақт атиги бир-икки ҳикоя чоп этган беном ёш ёзғучи – шунинг учун ҳам “сен айри, мен айри” бўлиб юришган.
Бироқ “Уйғониш” Абдулланинг қўлига тегдию, муқовадаги икки сатр: “Нечун очилди кўзим, қайда қолди уйқуларим? Бу уйғонишда тўлиб тошди, ошди қайғуларим...”ни ўқидию, кўзлари очилди. Бу тилда ҳали ҳеч ким ёзмаган, бурун ёзилган адабиёт эса бу тилнинг ўнгида шалвираган увададек титилиб-тўкилиб, Абдулла Москва осмонига қараганича: “Меним ўйимми қора, ёки юрт кўкида булут...” дея, аллақандай сармастликда бу шоирни топишга, унга ўз кўнглидаги бор севгинию эҳтиромни, фахрнию ҳавасни рози изҳор қилишга интиқиб интилди.
Ҳали ҳам эсида Москвадаги ўша учрашув. Зиё Саиду, Айн деган икки қизилсўз Москва Ёзувчиларнинг ишчи-пролетар ассоциацияси дачасида ёш ўзбек адибу шоирларини тўплаб, рус пролетар қаламкашлари оталиғида икки кунлик уқув семинари ўтказадиган бўлишди. “Ўрмонда ош дамлаймиз” – деб, Чўлпону, Боту, Олтою Анқабой, Абдуллаю яна аллакимлар зўр иштиёқ билан дачага тўпланишди. Семинар Чўлпоннинг бир шеърини шарҳ этишдан бошланди:

Кўнгил жимдир. Совуқ кўкда
қараб унга ёниб турган
ҳануз холаю юлдузлар.

Бутун атроф ва ҳарёқда
“Нон! Олтин!” – деб фиғон қилган
талашчи, ғалвачи эллар.

У жим, лекин фиғонларга
қулоқ берган ва кўз тиккан
узоқларга-йироқларга!..

Аввалига Айн бу шеърнинг ғоявий чуруклигию, буржуа индивидуализми ҳақида оғиз кўпиртириб гапирди. Бу шеърнинг Зиё Саид томонидан тайёрланган рус таржимасини ўқиган Авербух дегани ҳам марксизм ғояларидан келиб чиқиб, шеърнинг пала-партишлигию, мантиқий носозлигини фош қили бошлади. Бир нуқтада у:
- Мен айтаётган хулосаларимни таъкидлаш учун худди шу шеърни бошдан оёғига ўгириб ёзиб чиқдим. Бирон нарса ўзгаргани йўқ - ўша-ўша мужмаллик! – дея, ўқий бошлади.

Узоқларга-йироқларга
қулоқ берган ва кўз тиккан
у жим, лекин фиғонларга

талашчи, ғалвачи эллар
“Нон! Олтин!” – деб фиғон қилган
бутун атроф ва ҳарёқда.

Ҳануз холаю юлдузлар
қараб унга ёниб турган
кўнгил жимдир совуқ кўкда.

Ундан кейин Зиё Саид урди, яна бир-икки рус пролетар тоифаси девалашди, танаффусда Чўлпон кўздан ғойиб бўлди. Уқув семинарининг иккинчи қисмида Олтой мақталди, Абдулла рағбатлантирилди... Кейинги танаффусда дили беҳаловат Абдулла Чўлпонни қидиришга тушди. Қараса, у ўз хонасида темир каравотига чалқанча ётганича, бошини чангаллаган. Ёлғиз икки кўзойнаги милтирайди.
Абдулла унинг оёқ томонига ўтиб, каравотнинг бир чекасига ўтирди. Орада сукунат. Кейин Чўлпон ҳазин овозда:
- Буниси менинг шеърим ҳам тугул, Блокни таржима қилган эдим, - деб хўрсиниб қўйди-да, қўшиб қўйди: - Емаган сомсага пул тўладик-ку...
Абдулла, ўзини тутолмай, кулиб юборди. “Бефаросат!” – деб ўйлади у ўзича баногоҳ, “Шоир андуҳда ётсаю, сен кулиб ўтирсанг!” Бироқ Чўлпон ҳам кутилмаганда кулиб юборди.
Роса отамлашишди ўшанда иккиси. Абдулла тўкилиб¬-сочилиб Чўлпоннинг “Юпанч истагини” ўқиди:

Ўйлаган ўйлар-ла кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айталар бу тунда ёруғ шам ёнмас
Чақмаса гугуртни асл ўғуллар...

- Жумабозор истансасида чекиш хумори тутиб, гугурт тополмай бу шеърни ёзган эдим, - деб қувлик қилди Чўлпон. Булар яна ичаги узилиб кулишди...
Шу-шу пролетар ёзувчиларининг фитналари орасида буларнинг иккиси қиёмат дўст бўлишган эди...

* * *

Фитналарнинг улуғи Умаршоҳнинг девонида эмас, балки ҳарамида юз берарди. Булардан сўнгиси – Моҳларойим бошига Ойпошша кундош бўлиб тушгач, Моҳларойим туйган зорликни Ойпошшанинг ўзига ҳам билдириш воқеаси бўлди. Айтмаганмиди Моҳларойим бир ғазалида:

Урди зулфинг ҳалқаси бўйнимда печ,
То хаёли дами сайёд айладим.

Сайддан сайёдга айланди бу ишда ҳарамнинг тўнғич бекаси. Ойпошша Моҳларойимдек бекнинг қизи эмаса-да, мартабада юқорироқ “хўжақизлардан” – пошшалардан эди. “Оқсуякликда” ундан ортиқ нима бўлиши мумкин – хўжаларга ўхшаб ҳалифалар авлодидан эмас, Пайғамбаримизнинг уруғларидан бўлган сайид ё тўра қизи. Ҳарам атрофида ким кўп – ғаддор кампирлар. Булардан иккитасини ишга солган эди, қидириб-қидириб уруғига “қорача” зинҳор аралашмаган Эшон Султон Хожаи-калоннинг исмат пардаси ортида ўтирган қизини топишди. Ҳам ота, ҳам она томонидан сайидликнинг ипак толасидан яралган бу маъсума - ота тарафидан Аҳрорий, она томонидан Маҳдумий Аъзамий шажара самари бўлиб, ҳусни-латофатда ойдан бож олар эди. Ана ўша сайиданинг таърифини Амирул-муслимийннинг қулоғига етказиш пайидан бўлди ҳарамнинг тўнғич бекаси.
Шу пайт сайидлардан бири Маҳмудхон-тўра Ўратепага ҳоким бўлиш дағдағасида кунора Амир Умархоннинг ҳузури олийларига қатнарди. Орага отинчаларнинг улуғини солиб, Сайид Маҳмуднинг пошшаси орқали унинг Ўратепа ҳокимлигига бўлган иштиёқи Эшон Султон Хожаи-калоннинг бокира қизини Амирул-муслимийн никоҳига олиб бериш орқали ҳал бўлиши ётиғи билан етказилди.
Хон ҳузурига кейинги ташрифи замонида Сайид Маҳмудхон-тўра мўминлар Амирининг Пайғамбаримиз хонаводасига уланиши аҳамиятини таърифу тавсиф этди.
- Бу дунёнгизни Парвардигоримиз бекаму кўст берди, энди нариги дунёни ҳам Тангримизнинг суюкли арзандаларидан бўлмоқчи экансиз, бунинг ҳам тадоригини кўриб қўйган маъқул.
Сайид Маҳмудхон-тўра тутаноқу лабирроқ одам бўлиб, тез-тез гапирар, бу билан бирга ҳамиша суҳбатдоши билан сир бўлишгандек туюларди. “Бошқа одамга айтмас эдиму, бироқ сизга...” – дегандек.
- Бошқа ёндан Амирул-муслимийн рутбангиз ушбу алоқанинг ҳам омили, ҳам мақсади мувофиқидир, - деб, сўнги сўзларни пичирлаш ила ютарди Маҳмудхон-тўра.
- Боғда ўсган энг чиройлик гулни боғбон чакасига тақади эмасми, ул гули раънонинг дурри шабнами осмонимизнинг ягона қуёшига тобеъдир, - деб, тобларди у тезоб амирни. - Ҳулласи шоир айтмиш:

Агарда бо магар ҳам жуфтсози,
Аз у фарзанд зояд кошки ном.
Яъни:
Агар билан магарни жуфт қурсанг,
Ундан кошки исмли фарзанд туғилар.

У қилиб, бу қилиб, совчи солишга кўндирди у Умархонни. Совчилар Эшон Султон Хожаи-калоннинг эшик турмини бузишди. Тўзиди ўшанда Сайидлар хонадони, уясига пашша кирган арилардек ғувиллади аҳли байт. Улуғ-улуғ сайиду хожалар келишди Амир Умархон қошига: Аслзода Шайхул-ислому табаррук қозикалонлар Амирни бу кўримсиз, нобакор ишдан қайтармоқсчи бўлишди. “Исён” деб айтди бири, “ғулув” деб айтди иккинчиси, бироқ шу ерда Амирул-муслимийннинг ҳам қайсарлиги тутди. Бундан бир кеча аввал гўшанишинликда ҳарамнинг тўнғич бекаси бетаъма айтган ғазалдан ўқиди ул “оқсуякларга”:

Берур ғурур ила оройишу фашу дастор,
Ки худнамолиғ эрур зеби корхонаи шайх...

Булар кетидан дарғазаб Амирнинг ўнгига кирган Сайид Маҳмудхон-тўра эса - ё қудратингдан! – юракка малҳам боскандек, Умаршоҳ хозиргина Шайхулислому қозикалонга қайтарган жавобини улагандек мана бу сўзларни айтса бўладими:

Хомуш этарман ани бир шарори оҳ ила
Агарчи тез эрур ўт каби забонаи шайх.

Қисқаси, пишди Амирул-муслимийн юрагида ихтиёр. Эшон Султон Хожаи-калон хонадонига совчи бўлиб Сайид Маҳмудхон-тўранинг ўзи борди. Тағин Эшонларнинг бузурги билан сирлашгандек нафасини ичига ютиб-ютиб, совчилик мақсадини айтди. Эшон Султон Хожаи-калон аввалига ўз қулоғига ишонмади, Сайид Маҳмудхон жумла кетларини ютишда мақсадини яхши англатолмади, - дея, уни узоқ гапга солди. Ул зот қарасалар, Султон Маҳмудхон Ҳазрати Эшон билан тилсимлашгандек, ички гапини чиндан ҳам фитнаю исёнларнинг каттасига олиб боряпти. Бир зум Эшонимиз ўз уруғини дуои бад қилиб, қувиш хаёлига ҳам бордилару, шайтонга “Ҳай” бермай, - дея, ўзларини зўрға тутиб олдилар.
- Амирул-муслимийн - Худонинг ердаги сояси. Сайид Ғози-хожа қардошимиз ҳам бул андишаларга борган, ахир тақдиру муваққатга тан бериб, исмат пардаси ортидаги душизасини... – Сайид Маҳмудхон-тўра яна сидқидилдан гапирган маҳрамдек жумласини сўнгини пичирлашга ўтди.
- Сайид Ғози-хожа нима қилган экан? - деб, билмагандек овоз пилигини бу мавҳумиятда юқори кўтарди Эшон Султонхон.
- Амирул-муслимийннинг бошараф Минг уруғи билан чатишди, энди ўзлари ҳам файзлик амалига эриш...
- Айтаётганингизни бари эриш... – деб, гапни узди Эшон Султонхон Хожаи-калон. – Менинг Минг бўладими, юз мингми, қорачага берадиган қизим йўқ, тамом вассалом!
Ўз қардоши Сайид Маҳмудхон-тўрага, Амирул-муслимийн Умархонга “йўқ” дейишга ботинди онҳазрат, бироқ ишга хон саройининг ҳарами бош қўшган экан, бул мардона “йўқ”ларнинг чеплари бир кун турар, икки кун. Эшон Султонхон Хожаи калоннинг отин пошшалари бор эмасми. Чеплар ташқи хужумдан эмас, ички мулоҳазадан емирилар экан...
Бир ой ўтар-ўтмас муаррихларнинг жимжимадор ёзиши бўйича: “Амир Умархон тўйхонанинг осмонўпар чодирида бахт тахтига ўтирди ва унинг мажлиси, хурсандчилик ўтириши муҳтарам бекларнинг қуёшангиз пешоналари нуридан безак топди. Арғувоний шароб жомлари ялтирашдан ва тароватли майин ичимлик тўла қадаҳлар ёғдуси ўтирганлар юзи саҳифаларини равшан айлаб, кўзларини қамаштирди. Сиймбадан соқийлар юзининг нури офтоби ул базмгоҳ теварагини нурлантириб сафобахш этди. Хушовоз мутрибларнинг дилкушо нағмалари майпарастлар ҳузур-ҳаловати ва қувончини неча чандон зиёда қилди...”
Индаллосини айтганда эса, Амир Умархоннинг суюкли кенжа бекаси Ойпошша устига ундан-да ёш, ундан-да зодагон келин туширилди...

Недан айни шу саҳнани хаёлидан кечирди Абдулла, қайдам? Беихтирос Лазиз-зода ҳамон Чўлпонга тааллуқсиз бўлган алланималарни чайнарди. Унинг Серго Орджонокидзедек икки қулоғ устидаги икки тук сочи ва ўртада ялтираб турган сийқа боши фирқа раҳбари эканлигидан далолат бериб турар, пастга қараб бурчаклаган юзи эса, тажанглигини ҳам ана ўша фирқавий мияю шуурнинг олам машмашалари юзасидан ортиқча уринишларига йўярди.
“Чўлпон, Чўлпон” – деб, ўзим сўрадиму, гап Чўлпонга келганда бир - ҳарам фитнасига, бир - Лазиз-зоданинг икки тук сочига алахсишимни қара!” – деб, ўз-ўзидан ўкинди Абдулла. Ажаб гаплардан бебаҳра қолган бўлсам-а...”
Лекин буларнинг барини бузиб, орага яна қизилсоқол Журъат кириб қолди-да:
- Шахризод акамизнинг навбати энди бизга! – дея, бир қўлида шарақлаган ошиқлар, бошқа қўли билан Абдулланинг тирсагидан тутиб, яна қамоқнинг биқиқ тўрига бошлади...

* * *

- Биз кечки нонуштага қадар Муборак-жуҳуд билан ошиқ ташлайлик, сиз эса бизга Синдбод-бахрий каби бир ҳикоя сўзлаб беринг, - ва одатдагидек мақол қўшиб қўйди, - Ширин-ширин сўзласанг илон инидан чиқар, аччиқ-аччиқ сўзласанг мусулмон динидан чиқар.
Абдулла, ростини айтганда, ўнғайсизланди. Радиокарнаймиди у, икки қиморбоз ошиқ ўйнашганда буларга чўпчак айтса. Ё фоҳиша хотинмаски, бировнинг чолғусига йўрғаласа. Лекин Журъат-оқсоқолнинг хатти-ҳаракатларида зўрлаш эмас, сиқилган юракнинг ёзилишга эҳтиёжи кўпроқ туюларди. Ахир Журъат-қизилсоқолнинг ўзи айтмиш: “Карнайчидан нима кетар? Бир пуф!”
- Майлингиз, - деб, кўнди Абдулла бироз андишадан сўнг, - Бироқ билингиз, “Иссиқ жон иситмасиз бўлмас”, бизнинг ҳам қизишларимиз бор...
- Сиз “токча” дейсиз, биз “мўри” деймиз. Алқисса, бир-биримизни меҳримизни йўқотмайлик. “Йўқолган тўппи бошимга тор эди” – деб суюнмайлик, - деб яна фикрларини маталларга буркади Журъат-қизилсоқол ва ўз хирпасини тепага ташлади. Хирпа, айланиб-айланиб, ерга урилди-да, аввалига чикага, кейин пукага, кейин товвага ва яна бир умбалақашиб, олчига турди.
- От, Муборак, - деб, имлади оқсоқол ва ҳар доимгидек изоҳлаб қўйди: Кўришмасанг отангни йиқит.

Абдулла ўз чўпчагини бошлади:
- Эй, саодатли авом, ҳикоя қиладирларки бир замонлар Хўқанд хонлигида Амир Умархон деган подшоҳ бўлиб, унинг уч хотини бор экан. Бирининг оти Моҳларойим, иккинчисининг оти Ойпошшахон, учинчиси эса...
- Э, сиз Нодира-бегумдан ҳекоя айтган... – деб, бесамар ўйиндан алахсиди шу захотиёқ Муборак.
- Сабр, - деб, жеркиди оқсоқол. – Сабр қилсанг хом ғўрадин ҳалво битур...
Абдулла бир зумга Муборакнинг топағонлигига ҳайратланди-да, бироқ қиморбозлар яна ўйинга киришганини кўргач, ўзича давом этди:
- Ул шоҳ умрида хотинларни, хотинлардан-да кўра кўпроқ ошиқ ўйинини, ошиқ ўйинидан-да ортиқроқ ов қилишни яхши кўраркан.
“Ошиқ” сўзида ялт этиб Абдуллага қараган Журъат-оқсоқол истеҳзолик табассум аралаш:
- Сизга тараф йўқ Шаҳризод. Қитиқ ерларимизнинг баридан тутдингиз. Майли, тўғри сўзга тўғаноқ бўлмайлик, давом этаверинг, - деб, яна қулоқ осди.
- Бир қиш ўтиб, кўклам келган чоғи хотину-ҳарамини лола сайли баҳонасида далага олиб чиқаман деб, ўзи қиморбоз дўстлари билан овга отланибди. Ов эса қаерда яхши экан - Сирдарё бўйидаги тўқайларда зўр экан. Хўқанддан чиқиб, Косону Тўрақўрғон томонларга бошлашибди отларинию кўчларини. Кўклам шаббодаси эсган, аёллар араваларда ҳаводан сархуш бўлиб, ашулаю лапар айтган, эркаклар йўл-йўлакай далада бедана тутиб, тузда товушқон отиб кетишди.
Булар тўхтаган қишлоқларда халойиқ Умархон-подшох ўзангиларини ўпар, ҳар ерда зиёфат, ҳар бекатда айшу-ишрат, ҳар қадамда кўклам сурури ҳукм сурарди. Бир неча кун деганда булар Тўрақўрғонга кириб келишди. Тўрт кун улуғ дабдаба билан у ерда зиёфатлар берилди, подшоҳ ўз фуқаросига ошлар улашди. Ундан чиқиб, Косонга ўтилди, у ерда ҳам улуғлар қабрларини зиёратлар қилиб, яна ажру-ниёз тариқасида халойиққа садақалар улашилди, зиёфатлар берилди.
Ана кейин дарё бўйига қайтилиб, қўш қўйилди ва атрофдаги бешаю тўқайларда шикорнинг каттаси бошланди. Ов учун йиғилган фақат лочинларнинг сони бир неча мингга етарди. Подшоҳнинг ўзида уч юздан ортиқ хос лочини, тўққизта шунқор қуши бор эди. Қирқ баҳрин, йирик овловчи шоҳин, қирқта оҳу олувчи чарғ-шунқор, икки юз тоз ит, қозоқ хонларидан армуғон бўлиб келган иккита ҳумозот ити ҳам бор эди. Буларнинг бўйинбоғлари олтину-кумушдан эди, ёпинчиғлари эса баҳмалдан.
Тўқайзорга улуғ дабдаба билан кирилгач, Умархон-подшоҳ лочин солишга тушди. Бешадаги қушлар ҳайиқиб, осмонга учганидан, осмон қоп-қора бўлди. Овнинг роса қизиган пайти тўқайзор ичидан овчиларнинг бақириқ-чақириқлари, дод-войлари эшитилиб қолди. Подшоҳ ўғлию жияни билан яқинлашиб қарасалар, қамишзор ичида баҳайбат бир шеру унинг бузоқдек икки боласи турибди. Бу шернинг тортган наърасидан эса еру осмон ларзага келмоқда.
- Хап-сеними! – деди шу ерда подшоҳ! - Шерга ҳеч киминг тегмайсан, текканнинг хонумони талон! – деб буюрди у овчиларга. - Бу шерни мен ўзим отаман!
Умаршоҳнинг Рум подшосидан хадъя бўлиб келган хос тўфанги бор эди, ана ўшани ўқлаб, ўзи пистирмага ётди-да, шер атрофидаги қамишзорга ўт қўйишни буюрди. Қамишзорга ўт кетгач, шер шу қадар бўкирдики, осмон қулаб ерга тушгандек бўлди. Ўт орасида ўзини ҳар томонга уриб, бир зумда уч кишини гумдон, тўрт кишини ярадор қилиб, олтита отни ер тишлатди. Ахир илож тополмай, дашт сари илдамлай бошлаганди, подшоҳ ўз тўфангидан ўт очди. Ўқ келиб ҳайвонлар подшосининг икки кўзи ўртасидан кириб, думи томонидан чиқиб кетган эди. Шер сапчиб, шу қадар даҳшатли наъра тортдики, лочинлар тапур-тупур ерга ёғилди. Аммо бу бўкиришда бу улкан шернинг ўзи ҳам ерга гурсиллаб қулади. Зилзила ерни титратгандек бўлди. Ана турди хайқириқ, ана қалқди шўру-шайн...
Лочину шунқорлар ерга ёғилгандек, подшоҳ устига офарину тасаннолар ёғилди... Подшоҳ эса бу ҳодисадан эсдалик деб, шернинг икки қозиқ тишини суғуртириб, тумор ўрнида ўз бўйнига осиб олди.

Қисса шу ерга етганда қамоқхона эшиги шақир-шуқур билан очилди-да аскарлардан бири жўжахўроз овозда:
- Ужин! – деб қичқирди, ва Абдулла ҳикоясини узди.

* * *

- Эй, саодатли қиморбозлар, - деб ҳикоясини давом эттирди оқишоқ гуручли бўтқа нонуштадан сўнг Абдулла, қисса нимада тугашини ўзи билмасдан. - Бу овдан кейин Умаршоҳ подшоҳ бир неча кун хотинлари билан айшу-ишратда ўтқазиб, Хўқандга қайтадиган бўлибди.
Маллалликка мойилроқ Журъат-қизилсоқолу, юмалоққина ва силлиқ Муборак ҳам ошиқ ўйнашга лаёқатсизроқ урнашгандек бўлишса-да, энди Абдуллага қулоқ осиш тугул, икки жуфт кўзини ҳам тикишди.
- Булар бир неча кўч масофа босиб, Наманган шаҳрига кириб боришибди.
- Биз Намангон шаҳрига бўлгон... – деб, яна ҳикояга аралашган эди Муборак-жуҳуд, Журъат-оқсоқол бу сафар сўз билан чўрт узиш ўрнига, енгидан бир тортиб қўйган эди шеригини, Муборак тилини қисганича, миқ этмай қолди.
- Наманганда ҳам зиёфатлар, яна соқийлару, муғаннийлар, мутриблару нозанинлар, - деб, ақлини жамлашга тиришди Абдулла. Кейин бир фикрга келди чамаси айшу-ишрат саҳифаларини варақлаб ташлагандек янги бир саҳнага киришди.
- Умаршоҳнинг турган-битгани овчи эди. У нафақат даррандаю-парранда овлар, балки ўзи, даррандадек, аёл зотининг паррандасига ташланар эди. Уч никоҳли шарий хотини бир тараф, ўнлаб танноз канизакларию чўрилари бир тараф эди. Ким қўйган бу лақабни, билмадиму, бироқ ҳарамда Умаршоҳнинг тахаллуси, барча билгандек Амирий эмас, балки “дарранда” эди.
Шуни ҳам айтиш керакки, Умаршоҳнинг тўнғич хотини - шоира, кенжа хотини - зодагон, аммо ўртанча хотини дунёда тенги йўқ гўзал эди. Тирик жоннинг унга кўзи тушар эканки, истар-истамас бу ҳуснга махлиё, бу латофатга мафтун бўлиб қолар экан. Айниқса унинг кўзлари жодуга тўла экан, эркакка қараса ҳиёнат, аёлга қараса рашк туйғусини туғдирар, буларнинг ўнгини тушга, тушини бадхобга айлантирар экан.
Буларнинг барига даррандаи подшоҳ зўрига, иҳтиёрларига қарши уйланган экан. Буларнинг оталари бири ҳоким, бири хўжа, бири сайид, барилари подшоҳ иродасига бўйсуниб, ўз қизларини унга қурбон келтирган экан.
Умаршохнинг тўнғич хотинидан бўлган ўғли Мадалихон, Умархоннинг жияни Ҳакимхон билан харам хотинларига боқиш асносида ўзининг ўша ўгай онаси Ойпошшага ошиқу-беқарор бўлиб қолибди. Бундан воқиф бўлган Ҳакимхон дастлаб насиҳат қилибди, гапи ўтмагач: “Отангга айтаман!” – деб, қўрқитибди. Мадалихон бошида гапга кўнгандек бўлса-да, ичида ўша-ўша ножоиз ишқ ўтида куяверибди.
Майли, буларни бир ёнга қўйиб турайлик-да, Умархон-подшонинг ўзидан эшитайлик.
Ул ҳазрат айшу-ишратлар орасида қур ташласа, йўл чиқибди, шундан аввалига хотин-халажини араваларга ўзи солиб, Намангандан Ахсикентга жўнатибди, улардан кейин қўшини йиғиб, ўзи ҳам беш-олти маҳрамию, қирқ одам соқчиси билан йўлга чиқибди. Худонинг қудратини қарангки, худди анавиларнинг кўтарган чангу-тўзонидан каби осмон бир зумда қорайиб, шу қадар қаттиқ шамол кўтарилибдики, мисли довул. Оғиз-бурун ғичир-ғичир тупроққа тўлибди, кўзлар чангдан ачишиб, қизил қонга беланибди. Олам зим-зиё, йўл тугул, ўз отингни ёлини кўриб бўлмас эмиш. Булар қатор бўлиб, бир-бирининг жабдуқидан тутиб, подшоҳ қаерга юрса, кетидан қолмай кетаверишибди. Очиқ чўлда қуюн айланганидек, булар ҳам юриб-юриб, яна эски жойларига қайтиб келишармиш.
Кун ҳам битиб, тун тушгани шамолнинг совуқ нафасидану атрофдаги оч бўриларнинг увиллашидан маълум бўлибди, лекин буларнинг йўли ҳаргиз битмас эмиш. Жин айлантиряпти бизни деган овоза аскардан аскарга ўтиб, барини ваҳимага туширибди. Аввалига соқчиларнинг тўрттаси ўзаро аҳдлашиб, бировнинг қайишидан узилиб, тонгни кутиш учун панароқ жойда қолишибди. Кейинроқ яна учтаси, яна бештаси. Алқисса, тун яримлаб қолганда, подшоҳу атрофида бояги бир сиқим маҳрами қолибди, холос. Бироқ на чироқ, на манзил кўринмас эмиш. Бобур подшоҳ бир пайтлар айтмиш:

Ҳижронингда бу тун кўнгулда қайғу эрди.
Васлингга етишмадим, жиҳат бу эрди.
Оҳим тутуни бирла кўзумнинг ёшидин
Йўл балчиқ эди, кеча қоронғу эди...

Ҳикоя шу ерга етганда, қамоқхона аскарларидан бири бояги жўжахўроз овозда “Отбой!” – дея, нидо қилди ва Журъат-оқсоқол Абдулладан қулоғию кўзини узиб, қамоқхона аҳлига беиштиёқ тарзда: “Отбой! Ўнг ёнга ёт!” – дея, эълон қилди. Абдулла Муборак билан қоронғуда бировларнинг оёқларига қоқилиб-суқилиб, ўз жойларига ўтишди-да, на қобиқ бўшатилган, на таҳорат олинган йўсинда тўшакларига ётишди.
Кечаси, тун яримлаб қолганида, бедор Абдулла Раҳбар-бонусига пайпаслаб-пайпаслаб бир нарсаларни ёзди-да, алланечук жўшқин бир ҳолатда оқсоқол буйруғи билан барча қатори ўнг ёнига ағдарилди. “Ётдим ёним билан, турғизгил имоним билан...”

* * *

(Азизлар, шу ерда қиссанинг иккинчи фасли тугайди. Рамазон ойи муносабати билан дўконимиз келаси ойга ёпилади. Рамазонингиз муборак бўлсин. Давомини бир ойдан кейин истаганлар бир оғиз ёзиб юборинглар)




Манбъа: http://www.facebook.com/permalink.php?story_fbid=363319873740587&id=135713306501246
Рукн: Наср | Қўшди: Davron (19.07.2012) | Муаллиф: Абдулҳамид ИСМОИЛ
Кўрилди: 1259 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 2

0  
1 Феруза   (20.07.2012 10:08) [Материал]
Ассалому алайкум ижодкорлар,аввало Рамазон ойи кутлуг булсин,уйлаган яхши ниятиларга етинглар.Мен ушбу асарни укиб жуда хурсанд булдим,бир огиз гапим ерда колмабди,миннатдорман.Факат узримни айтсам ишлар бн овора булиб бошки сахифаларини укий олмабман,бош сахифаларини кандай топиб укисам булади?Давомини албатта езиб борсангиз нур устига нур буларди,олдиндан миннатдорчилик билдираман.
0  
2 Davron   (20.07.2012 12:42) [Материал]
Ва алейкум салом! Барчамизга тенг бўлсин!
Асарнинг биринчи қисмлари шу сайтда мавжуд. Бунинг учун аввал илинган материалларга қарасангиз кифоя. Рақамлар билан ажратиб қўйилган!
Сизга ҳам миннатдорчилик билдирамиз!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0