Пайшанба, 19.09.2024, 12:52
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Хориж » Шеърият

ТАҚДИР
Баходирхон СУЛТОН

ТАҚДИР
Шоир бўлдим,
душманларим
кўролмайин,
қаламимни синдирдилар.

Хофиз бўлдим
рақибларим
билолмадим,
дуторимни синдирдилар.

Ошиқ бўлдим,
севган ёрим
қучолмадим,
ҳаётимни синдирдилар.

Лайлак бўлдим,
осмонимга
учолмадим,
қанотимни синдирдилар.

Дарвиш бўлдим,
ғанимлардан
қочолмадим,
таёғимни синдирдилар.

Дўст тутиндим,
душмандан ҳам
ўтиб тушиб,
ишончимни сўндирдилар.

Манман бўлдим,
хатоларим
тан олмадим,
тақдиримни синдирдилар.

Қочоқ бўлдим,
яқинларим
унутишиб,
умидимни сўндирдилар.

Ўзбегим
Сарвқомат гўзаллар,
Девқомат паҳловонлар
Достонида акс этган.

Шоҳи-Зинда, Регистон,
Минораи Калонлар
Савлати кўкка етган.

Жаннатмакон боғ-бўстон,
Қандолату-таомлар
Таьрифи четга кетган.

Табиати мўьтадил,
Халқи эса соддадил
Аждоди ҳалол ўтган.

Қанча улуғ сиймолар,
Хоразмий, Ибн-Синолар
Буюк асарлар битган.

Подшолари зиёли,
Фуқороси иймонли,
Маьрифатда кун ўтган.

Бобур шоир бўлгандек,
Олим Мирзо Улуғбек
Коинотни кашф этган.

Муҳаммаднинг уммати,
Ўзбек турки миллати
Шундай бир халқ бор экан.

Озодликка талпинар юрак!

Не қилайин тилим кесайми?
Рост гапларни сўзлайверади,
Не қилайин кўзим ўяйми?
Камчиликни кўраверади.

Не қилайин қўлим кесайми?
Ҳақиқатни ёзаверади,
Не қилайин юзим тўсайми?
Ноҳақликлар бўлаверади!

Итоаткор, заҳматкаш халқим,
Битта нокас зўрлайверади.
Адолат излаб беваю етим,
Бағри қонлар зорлайверади!

Не қилайин тинчимас кўнглим
Ҳур ҳаётни қумсайверади.
Не қилайин заиф юрагим
Озодликни истайверади!

Нега кетдинг?
Мана келди сенсиз илк баҳор,
Табиат ҳам уйғона бошлар.
Қушлар сайрар сенсиз ҳар наҳор,
Армон мени сен томон бошлар.

Бугун тонгда йил ошинг бериб,
Қабристонга келдим сўроқлаб,
Не ҳам қилай, юрагим тилиб,
Чин дунёга кетдинг йироқлаб.

Қабринг узра лола қизғалдоқ,
Алвон бўлиб ёзибди япроқ.
Ғунча бўлиб сўлдинг қизалоқ,
Сени ютиб тўйдими тупроқ?

Бу дунёда эдингку борим,
Ёлғизгина гўзал гулзорим,
Бахтим, тахтим, дилдаги орим,
Нега кетдинг, тингламай зорим?!

Жиянимни соғиниб
Қуёш чиқар ҳар тонг чарақлаб,
Ой ҳам боқар тунлар ийманиб,
Юлдуз кўкни ёритар чақнаб,
Сен келмассан майин жилмайиб.

Тоғлар турар виқорли бўлиб,
Ариқларда сув оқар тўлиб,
Боғда гуллар қолдику сўлиб,
Кутавериб келишинг кулиб.

Армон менинг юрагим ўртаб,
Тинчлик бермас қалбим кемириб.
Ҳаловатим кетдинг ўғирлаб,
Келмайсанми қошинг чимириб?
Бевақт гуллаган ўрик
Қиш мавсуми, баҳор келмасдан,
Ҳатто қушлар хониш қилмасдан,
Ҳовлида бир тупгина ўрик,
Гуллади қишни менсимасдан.

Яширолмай қалбда севинчим,
Дўстларимдан олдим суюнчи.
Узоқ давом этмай қувончим,
Иримчилар бузишди тинчим.

Дейишдилар, -Яхшимас бу ҳол,
Кулфат келар, тезроқ олдин ол.
Гар гулласа чиллада ниҳол,
Қурбонлик қил, қон чиқар дарҳол.

Хосиятин сўроқлаб кўрдим,
-Кес, -дедилар, -уни остидан.
Маслаҳатни иримга бурдим,
Афсусдаман ғўрлик дастидан.

-Бўлмаган гап!, -деди баъзилар,
-Бехосият бўларми дарахт?
Ҳали-ҳамон бағрим эзилар,
Кесганимда тарк этмасди бахт!

Билсам, ўрик гуллаган экан,
Сен туғилган кунга тўғрилаб.
Мени алдаб, нияти экан,
Олиб кетиш, сени ўғирлаб!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Bahodir (26.06.2012) | Муаллиф: Баходирхон Султон E W
Кўрилди: 823 | Шарҳлар: 4 | Рейтинг: 5.0/2

Шарҳлар: 4

0  
1 MuzaffaR   (26.06.2012 14:53) [Материал]
up thumb respect
0  
2 Samandar,   (28.06.2012 13:22) [Материал]
шоир каерлик экан? кискача маълумот беролмайсизларми?
0  
4 Bahodir   (28.06.2012 14:55) [Материал]
Албатта мен хакимда маълумот олишингиз мумкин. Мен Узбекистонликман, хозир Нидерланд кироллиги (Холландия) да яшайман. Электрон почтамни адресини ва узимни сайтимни ушбу сайт муаллифига юборганман.
0  
3 Davron   (28.06.2012 14:38) [Материал]
муаллиф сайт оркали ўз шеърини жўнатган. Хозир чет элда яшайди. Агар муаллиф ўзи истаса тўлиқроқ маълумот берамизб албатта.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0