Пайшанба, 19.09.2024, 22:07
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Матбуот

ДУНЁДА ДИЁНАТ ҲАЛИ МАВЖУДДИР,
Ҳуснинисо АҲМЕДОВА – Суғд вилоятида ҳақ сўзни ҳайқириб айтувчи жасур журналист сифатида танилган. У 90-йилларда вилоят даврий нашрларида ўзининг ўткир мақолалари билан фаол иштирок этиб, ижтимоий турмушнинг ҳаққоний манзараларини матбуотда акс эттирган журналистлардан биридир. Бугун унинг қалами оддий қишлоқнинг оддий хонадонидаги буюк инсоний туйғулар ҳақида ҳикоя қилади.


«ДУНЁДА ДИЁНАТ ҲАЛИ МАВЖУДДИР…»

Қуёш эрта туриб қараса, бир аёл ёши ўтинқираб қолганига қарамай чаққон қимирлаб, уй-рўзғор ишларини қилиб бўлибди. Хижолатдан қуёш қизариб кетибди: «Мендан ҳам вақтли турган инсон бор экан-да», деб. Кейин шу меҳнаткаш, жафокаш аёл кўнглига қувонч бахш этай деб нурларини рўйи заминга сочворибди. Аёл эса хамирларини қориб, ёш келинчаклар каби чаққон қимирлаб, нонуштани тайёрлаб, уйдагиларни эрталабки дастурхонга чорлабди. Келин, ўғил, неваралари билан дастурхон атрофида жам бўлиб нонушта қилибди. Ҳалиги аёл болаларининг иштаҳа билан нонушта қилишларини завқ билан томоша қилиб, севинчини ичига ютиб, нонуштадан кейинги юмушларга уннаб кетибди. Тушлик вақти яқинлашганда яна овқат тадоригини кўриш унинг вазифаси экан. Яна дастурхон атрофида болалар жамулжам. Болалари атрофида парвона она бургут каби палопонларига ғамхўрлигини давом эттирибди. Янги ёпилган нон ҳиди хонадон бекасининг саришталиги нишонаси бўлиб дастурхонда яшнаб турибди. Тушлик овқатдан кейин яна турмуш ташвишларига тeла [аёт онанинг хизматига қўшилиб қоришиб кетади. Бу хонадоннинг чусту чолок келинчаги каби аёл бу оилада болаларга Катта она, дард чеккани юз-кўзидан билиниб турса ҳам ҳаётга муҳаббати кўзларида порлаб турган келинчакка қайнона… ОНА!
Юқоридаги ҳаракатлар бу ОНАнинг бир кунлик, аслида ҳар кунлик юмушлари. Биз ана шу ОНА оиласига бир назар ташлаймиз…

ТЎПХОНА

Fончи туманининг Иторчи, Кенагас, Манғит қишлоқлари аҳолиси ўзбекнинг ўтарчи, манғит, кенагас уруғларига мансубдир. Инчунин, бу ҳамсоя қишлоқлар қадимдан шу ўзбек уруғлари номи билан аталиб келган. Иторчи қишлоғининг аҳолиси сони бисёрлиги жиҳатидан майдаю катта гузарларга – маҳаллаларга бўлинган ва бу жойлар ҳам келиб чиқиш тарихига кўра алоҳида номлар билан юритилади.
Қишлоқнинг Тўпхона гузари Иторчининг яқин ўтмиш тарихига алоқадордир. Тўпхона ва Ўрисқўрғон тепаликларини сўлим ва дилтортар Ишқобод сойи ажратиб туради. Айтишларича, Чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олаётган пайтларда Ишқободнинг ўнг ўзани устидаги тепаликка ўрислар катта бир отрядининг тўп ва замбараклари ўрнатилган экан. Маҳаллий аҳоли ҳанузгача уй-жой қуриш ёхуд экин-тикин қилиш асносида қазилган тупроқдан тўпнинг қисмлари, темир парчаларини топиб олишади.
Тўпхонада наврўзғор – ёш оилалар камчиликни ташкил этади. Бу гузарда, асосан, қариси бор – париси бор оилаларким, буларнинг ҳар бирида қайнона, баъзисида иккитадан ҳам қайнона мавжуддир. Яъни, катта қайнона, кичик қайнона мисолида. Маълумки, қайноналик шарафига фақат «тиш қоққан»ларгина ноил бўлишади. Бундайлар бой ҳаётий тажрибага эга, ҳаётнинг дарсликларини икир-чикиригача ҳижжалаб ўқиган, ўз оиласи турмушининг иссиқ-совуқларию пасту баландига сабот билан бардош бера оладиган, бир сўз билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб, ўз оиласини рўшнолик сари етаклайдиган, қиз узатиб, келин туширганлардир.
Қайноналик ҳам бир ҳунарким, унингда ўзига хос сиру синоатлари, ижтимоий-сиёсий дастуруламаллари бўлади. Бу сиёсатдан чалғиш, қалтисроқ ҳаракат, озгина хатолик ҳам қайнона ва келин ўртасидаги муносабатлар йўналишини салбий томонга ўзгартириб юбориши муқаррардир. Шунинг учун ҳам қайноналар рeзғор бедовининг жиловидан маҳкам тутиб, машаққатли йўлни босиб ўтишлари керакким, кейинчалик келин ҳам тайёр йўлдан ҳаёт сари дадил қадам ташлаб кетаверади.

ҚАЙНОТА

Тўпхона маҳалласида Бердивой тоға (руҳи поклари шод бўлгай тоғанинг) ва Роҳатой хола Эрназаровларнинг оиласи ҳам «тиш қоққан»лардан. Ўзларининг саккиз фарзандининг отасию онаси, яхшиларни яна саккиз фарзандининг қайнотаю қайнонаси. Бу икки инсон беш қиз ва уч ўғилни элу юртга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялаб, вояга етказиб, уйлаб-жойладилар. Йигирма бир набира, тўртта эваранинг бобою бувиси бўлдилар. Ҳам танти деҳқону, ҳам миришкор боғбон бўлган ота-онанинг изидан борган фарзандлар – Шарбатой, Шакарой, Тўйчивой, Қобилжон, Нилуфар, Лобар, Садорат ва Шавкатжонларнинг суяги ҳам меҳнат билан қотди. Келинлар Зулхумор, Ойдиной, Адибалар қайнотаю қайнонага юксак эҳтиром сақлаган ҳолда, сидқидилдан уларнинг хизматларини қилишди. Бирор марта дилларини оғритиб, бошларини эгадиган ҳаракат қилишмади.
Бердивой тоға жон томирлари бўлган фарзандлари ва келинларининг барчасига баробар дилсўз, меҳрибон ва ғамхўр ота бўлди. ҳаракатчанлилиги, меҳнаткашлиги боис, дилбандларига аччиқ меҳнатнинг ширин нонини едириб келди. Меҳр, муҳаббат, орият, ўзаро тотувлик, мурувват, ҳалоллик каби фазилатларни фарзандларининг қон-қонига сингдириб, тарбия қилди. Дўстпарвар, меҳмоннавоз бўлгани учун, бу оиланинг дастурхони доимо очиқ ва тўкин бўлди.
Дарвоқе, фарзанд ота-онанинг жон томири, дедик. Жон томир учун ҳаммаям жон тортиб, жафо чекаверади. Бу – изчил ҳаёт ҳадиси. Бироқ, бировнинг фарзанди, айниқса, келин учун жон тортиш… Бердивой тоға кенжа келини Адибанинг саломатлигини тиклаш йўлида қанчалар жон тортишиб, қанчалар жафолар тортгани ёлғиз Яратганга аён. Шунинг учун ҳам у халқнинг раҳматини олди. Тоға пайти келиб, чин дунёга риҳлат қилганида, унинг ортидан «Жафокаш инсон эди, Парвардигорнинг ўзи шу бандасига жаннатнинг тўридан жой бериб, Кавсар ҳовузининг сувидан сероб қилсин, номаи аъмолини ўнг томондан берган бўлсин, бу дунёда кўролмаган роҳату фароғатини у дунёда кўрсин» деб элу юрт дуо қилди. Кўпнинг дуоси – кўл, деганлар, иншооллоҳ, шундай бўлсин!

АДИБА
Роҳатқул ака ва Сабоҳат опанинг хонадонларида янги меҳмон дунёга келди. Унинг исмини Адиба деб қўйишди. Фарзандга қўйилажак ном, кўпинча, ота-онанинг орзуйи армони ифодаси бўлади. Роҳатқул ака касби шофёр бўлишига қарамай, нафис адабиёт шайдоси ҳамдир. Не тонгким, бу гўдак улғайиб, қундуз сочлари шарорадек жўшиб, елкасида шаршарага айланди. Тири пайкон киприклар қуралай кўзларига соябон бўлиб, пайваста қошлар ўсманинг хислатидан қалдирғочнинг қанотидек сайқалланган қизалоққа айланганида, у ҳам дадасидек, бадиий адабиётга, шеъриятга кўнгил қўйди. Ўзи ҳам нурдек афшон, сувдек зилол, покиза туйғуларини қалб дафтарига тушира бошлади. Қизалоқ бирдан улғайиб, кўзга ташланиб қолгани учун, қиз бола шайтон бўлади-да, кечагина жамалаксоч қизча эди, қаранг, бўй етиб, қадди-қомати келишган қизга айланибди, дейишади.
Раҳматовларнинг қўшниси Роҳатой хола Адибани қизалоқлигидан кўз остига олиб юрарди. Унинг доимо кулиб турувчи қуралай кўзлари, очиқ кўнгиллиги, меҳнатсевар, одобли, андишали каби фазилатлари Роҳатой холанинг кўнглига оташлар ёқар, қизга нисбатан қизиқиши ортгандан ортарди. Онаизор қизнинг таърифини ҳар соат, ҳар дақиқа ўғли Шавкатжоннинг қулоғига қуйиб турди:
– Шавкатжон, Сабоҳат холангни Адиба қизини бир кўрсанг эди. Бирам ажойиб, бирам одобли, бирам чиройли, бирам…
Онасининг бўрттирма сифатлари кўп бу мақтовига тўнғич фарзанд Шарбатой қаҳ-қаҳ отиб кулади:
– Шавкатдан олдин Адибага ўзингиз ошиқ бўлмасангиз, апажон. Яхши қиз овулдан чиқмас, деган гаплар бор. Шавкат ҳам бинойидай. Бир йигит бўлса, Шавкатдек бўлар-да. Отни қамчилаш керак. Агар укам кўнса, эрта тонгдан уларни дарвозахонасининг олдини супуриб келавераман, – у укасига шўх назар ташлаб, кўнглига қўл солди.
Шавкат кулимсираганча, бошини эгиб, индамай тураверди. Бу туриш опасига қўл келди:
– Сукут – аломати ризо. Шу бугундан қолдирмай совчи киритамиз. Бўладиган ишнинг вақтида бўлгани яхши.
Тўпхонага янги гап тарқалди: «Эмишким, Роҳатой хола, Роҳатқул аканинг қизини кенжасига сўраттириб, одам киритипти…»
«Энди эшитдингизми? Аллақачон Роҳатой хола иккита нону оқлиғини ҳам олиб қайтди-ку!»
«Эй, билмаганингизни қаранг, энди қўшниларга чиқиб, Роҳатойга қуш муборак, Роҳатқулга янги қудалар муборак, деб келайлик, бўлмаса…»
Тўпхонада ажойиб бир тўй бўлди. Шавкатжонни куёвлик сарупосида мисли шаҳзодаю Адибажонни келинликнинг оппоr либосида мисли малика дейсиз. Дилгинсираб турган маҳалла аҳли куёв ҳам, келин ҳам ўзларига тегишли бўлгани учун, бу тўйда обдон ўйнаб-кулишди, ўзлари айтмоқчи, роса бит тўкишди.

КЕЛИНЧАК

Эрназаровлар ҳовлисига янги келин тушди. Адиба бу хонадонга қувонч, осойишталик, меҳру муҳаббат, бахт ола келди. У овсин-ожин, қайнакаларию қайнсингилларига ўзгача эҳтиром сақлар, Шавкатжоннинг отасини Отажон, онасини Апажон, дея, қайнотаю қайнонага ҳам ўз самимиятини изҳор этиб турарди.
Маҳаллада янги келинчакнинг таърифи оғизга тушди:
«Ҳай, ҳай, кўз тегмасин, енгимни шимариб гапирай, Сабоҳатнинг қизи одамнинг жонидай, хушмуомала, одобли, тарбия кўрган-да, эпчилгина…»
Адиба ҳақиқатан ҳам эпли келин эди. У ҳам рeзғор, ҳам дала юмушларини эпларди. Хамир-патир, оби овқат, ўтин, чўп тайёрлаш каби кундалик ишларни уддабурролик билан бажарар, турмуш ўртоғи, қайната, қайнонасининг қалбларига иззату икром, меҳру муҳаббат туйғуларини мисқоллаб жойлаб борарди. Рўзғорлари алоҳида бўлган қайнакалар, қайнсингиллар ва овсинлардан келиб қолгудай бўлишса, уларни очиқ чеҳра, дилобарлик билан кутиб оладиган, тўкин дастурхонининг ноз-неъматларига қўшиб, ширин суханларини ҳам тортадиган бЎлди. Ҳамма ундан миннатдор, ҳамма ундан рози, ҳамманинг ундан кўнгли тўқ. Оила бекаму кўст, оила тотув, оила тинч. Қайнота, қайнона иззату икром шоҳсупасидаги тўрт қават кўрпачанинг устида иззатдаю, Шавкатжон ва Адибажон уларнинг хизматида…
Қизчалик бўлишди. Гўдакка Ишқободнинг шалолаларидек соф ва жўшқинлик тимсоли сифатида Шалола деб исм қўйишди. Ўғилчалик бўлишди. Уни, аяси Ҳофиз Шерозий шеърияти ихлосманди бўлгани боис, Шероз деб номлашди.

ДАРДНИНГ КЕЛИШИ

«Дарднинг келиши осон, кетиши қийин». «Дард бўлсин, ажал бўлмасин». «Дард филни пашша қиларкан». «Дард туядек бўлиб кириб игнадек чиқиб кетади». Бу мақоллар маънисига дардсиз ҳам, дардманд ҳам етади. Шунинг учун ҳам соғлигинг – бойлигинг, деб бежиз айтишмаган.
Эрта баҳордан Шавкатжон билан Адиба болаларни олиб, далага кўчиб кетишди. Сувнинг йўлини тўғрилаш, олмазорларни суғориш керак. Яшаш жойларини тозалаб, атрофга сабзавот экинлари ва уйчанинг теграсига гулу райҳонлар экиш керак. Эру хотин бир ойдан ошиқроқ шу юмушлар билан машғул бўлишди.
Ўша куни ҳам Адиба ҳар кунгидек тонг бўзармай уйқудан турди. Ола говмишни соғиб, сутни сузди-да, чамбаракка илди. Бир кетмондастача келаётган хиратоб сувни бодринг пушталарига таради. Сигир ва бузоқни ўтлоқзорга ҳайдаб бориб, қаттиқроқ ерга қозиқларини қоқди. Қайтиб келиб мўъжазгина ҳовли саҳнини супуриб-сидирди. Унумдор тупроқнинг ҳосиласи бўлиб, офтобнинг тиғида яйраб, отқулоқдек бўлиб кетган ўсма баргларидан беш-ўнта барг узиб, деворнинг остига ташлаб қўйди. Кесак деворли чоғроққина уйчага кириб, болаларидан хабар олди. Шавкатжонни уйғотди. У олмазордаги сув йўналишини яна бир бор кўздан кечириши керак эди. Ўзи молларнинг шилтасига хас-хашакларни аралаштириб қориб, таппи ясашга уринди.
Шавкатжон қайтиб келди. Офтоб ҳам оҳиста ётоғидан бош кўтара бошлади. Саҳархез болалар ҳам ҳалиги бодринг пуштасига қўйилган сувнинг бошида ўйнашар, Адиба ҳар замон сувга тегманглар, деб пўписа қилиб қўярди. У ўчоққа ўт қалаб, челакдаги сутни қозонга ағдарди. Болалар гугурт ўйнамасин деб қутини чорпоянинг шифтига қистирди. Ўчоқ бошига келиб, оташгиракни оламан, деб узалган жойида қаттиқ чинқириб, ўзини ортга олди. Ўчоқнинг ортида чақалоқнинг билагидек келадиган илон чўқмордек бошини кўтарди. Менга тега кўрма, дегандек, ўз ҳимояси учун вишиллаб турарди. Болалар олисроқда-ку, Шавкатжон хавфни сезиб, белкуракни кўтариб хотини томонга югурди. Адибанинг икки кўзи бепарво ўйнаб юрган болаларида. Ўзининг ранги докадек оқариб кетган, қимирлашга мажоли етмасди. Илон ўзини ерга ташлаб, шувиллаб қоча бошлади. Шавкатжон илонни бел билан қиймалаб ташлаб, жарликка олиб бориб кўмиб келди. Адибанинг қаттиқ қўрққанини билиб, сувчўмичдаги сувни кафтига олди-да, хотинига сездирмай, унинг юзига сув урди. Адиба сесканди. Ўчоқнинг олдига чўк тушиб, беҳолгина сўзланди:
– Бекор ўлдирдингиз-да. Энди унинг жуфти келиб, ўч олмаса гўргайди.
– Умрингда илон кўрмагандек гапиришингни қара. Илонни тушда кўрсанг – ранж, ўнгда кўрсанг – янч, деган машойихлар. Офтобшувоққа тоблангани чиққан бўлса, сутнинг ҳидини билиб, ўчоқбошига келиб қолган-да. Қўрқма!
Хотинига далда берган Шавкатжоннинг ҳам юраги ҳаприқиб, бутун вужудини енгил титроқ қамраб олган эди.
Шу воқеадан анча вақт ўтгандан сўнг, Адибанинг боши қаттиқ оғрийдиган, оёқ-қўли бўшашиб, тинка-мадори қуриб қолгандек, ўзини лоҳас сезарди. Қаттиқ қўрқдимикан, деб дами ўткир азойимхонларга дам солдиришди. Парихонга ўқитишди. Бош оғриғига даво топилавермагач, асабшунос духтурларга олиб боришди. Менингит, яъни бош мия ёхуд орқа мия пардасининг бирор сабабга кўра яллиғланишига қарши қилинган укол Адибани биратўла тўшакка ётқизиб қўйди. Унинг боши билинар-билинмас тўлғаниб қўяр, чап қўли ва оёuи чўяндек оғир бўлиб қолган эди. Тили ҳам ғализроқ бўлиб, қийналиброқ гапирар эди.
Отли қамчиндек келин нега бирдан бундай дардга йўлиқди? Энди нима бўлади? Қайнота ва қайнонанинг ёши бир ерга етган бўлса. Бири тўрт яшар, бири икки ёшли болаларининг ўзи парваришга муҳтож бўлса. Келинлар ва қизлар ҳам ҳадеганда ёрдамга етиб келишолмаса. Ўз рўзғорларининг ташвиши ўзларига етиб-ортса…
Адибанинг ота-онаси, қайнота-қайнонаси тезда ўзларини ўнглаб, бор меҳр-мурувватларини, бор куч-ғайратларини, бор топган-тутганларини Адибанинг соғлиғи йўлида нисор қила бошлашди.
Йиллар оғир. Йиллар бешафқат. Кейинчалик Адиба бир жуфт қўлтиқтаёқда секин-аста юрадиган бўлди. Тошкентдаги асабшунос духтурлар ташхиснинг охирги хулосасини айтишди:
– Бу қизимиз ҳали ёш. Танаси касалликка қарши фаол кураш олиб бораяпти. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетади. Фақат, вақт, сабр, бардош, беморга эса осойишталик керак.
Бердивой тоға Адибани қўлтиқтаёқда кўриб, ичдан эзилар, қандай қилса, унинг дарди енгиллашаркин, деган ўй билан фикри-зикри банд бўларди… Роҳатой хола ҳақиқий оналик матонатини намоён қилди. У рўзғорнинг бор юмуши, болалар тарбияси, бемор парваришини ўз кифтига ортиб, бу залворли юкни мардонавор кўтарди. Унга, албатта, болалари, келинлари яқиндан ёрдам бериб туришди. Айниқса, онасига ҳаммадан кўра дилсўз бўлган Шарбатой ўз рўзғоридан ортиб, онасига дастгирлик қилиб турди.

ҚАЛДИРFОЧЛАР ҚАЙТГАН КУН

Эрназаровлар хонадонида ҳар ёз мавсуми бир жуфт қалдирғоч учиб келиб яшайди. Полапончаларини катта қилгач, совуқ тушиши билан яна иссиқ ўлкаларга учиб кетишади. Бу йил баҳор фасли яримлаяптиямки, улардан дарак йўқ. Адиба тоқатсизланиб, қалдирғочлар кечикаётганини билдирди.
– Қиш қаттиқ келди. Тоғлардан ошиб ўтаётганларида, музлаб қолишдимикан, нима бўлдийкин? –келинига қўшилиб астойдил ташвишланди Роҳатой хола.
Шу гапга унчалик кўп бўлмай, яна қадрдон қалдирғочлар учиб келишди. Улар ҳовли бўйлаб, чаппар уриб айлана бошлашди, вижир-вижир, салом, биз келдик, дегандек. Адиба дераза олдида турарди. Қувончдан, битта қўлтиқтаёқни олиб, иккинчисини ёдидан чиқариб, қайнонасига суюнчилаш учун шошилди. Қайнона ошхонада жаз-жуз масаллиқларни қовуриб, овқат қилаётган экан.
– Апажон, – деди энтикиб Адиба, – зориқиб кутган меҳмонларимиз келишди. Қалдирғочлар қайтишди, – деди. Роҳатой хола ошхонадан югуриб чиқди. Юз-кўзларида севинч ифодаси зоҳир эди. Лекин, келинига қараб, дарҳол ташвишланиб сўради:
– Майлику-я, болам, битта таёғинг қани? Йиқилиб тушма тағин.
– Уларни қаранг, ҳамма уйларга бир-бир кириб, разведка қилиб чиқишаяпти.
Бахмалтўшли жажжи қушлар чаппар уриб учишар, икки ожиза уларнинг парвозига маҳлиё термулишар эди. «Хайрият, қалдирғочлар қайтишди, кечикиб бўлса ҳам, қайтишди».
Соппа-соғ юрган Бердивой тоға қаергадир бориб келди-да, бир қўлим, бир оёғим ишламаяпти, деб ётиб қолди.
– Сенга оғир бўладиган бўлди, кампир. Сен энди қандай қиласан, қандайгина қиласан-а, кампир. Касал касал эмас, касал боққан касал.
– Ҳечқиси йўқ. Дард – тананинг меҳмони. Ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз, – чолига тасалли берарди у.
Тоға беморлик тўшагида ётибди. Унга Роҳатой хола парвона. Узоқ йиллар рўзғор аравасини бирга тортишган жуфтликнинг бири мана бу тўшакда бемору, иккинчиси эса бу кўргиликни ҳам мардона қаршилаган шу муштипар аёл. Чоли айтганидек унга дарҳақиқат қийин бўлди. На илож. Бошга тушганини кўз кўрар дейдилар.
Бердивой тоға бир ярим йилдан кўп дард чекди. Вужудига туядек кириб, жон-жонига сингиган дард нинадек бўлиб чиқиб кетгунча икки қовун пишиғи eтди.
Келинг, бир ярим йилнинг ақаллан бир кунини тасаввур қилайлик. Кундузи келди-кетди, рўзғорларидан ортиб бирров қўл қоқишгани келган фарзандларининг далдаси билан ўтади. Ярми эса… Айниқса қаҳратон қишда электр тармоқларидан ток узатиш кескин қисқартирилган тун бўлса-чи…
Бемор мизғиса мизғиб, уйғонса унинг атрофида парвона бўлган аёлга тонгни интизорлик билан кутишдек орзиқишларини сиз тасаввур қила оласизми, азизлар?!..
Роҳатой холага қийиндан қийин бўлди. Чоли дилтанг бўлар, бу томонга ётқиз, тўрга ётқиз, деразанинг олдига жой қил, дея инжиқланаверар эди.
Бердивой тоға шу жонсараклик билан, бир ярим йил беморлик тўшагида ётиб, чин дунёга риҳлат қилди… Оиланинг шоҳ устуни қулади. Адиба қаттиқ куйди. Шундай беозор, меҳридарё одам ҳам ўладими, деб гиряи нолалар қилди. Айрилиқ жафосига қаламидан аччиқ сатрлар тўкилиб, оппоқ дафтарининг юзини қорайтирди.

Қайнотам –«Отажоним, маккаи мадинам отам»
(Адибанинг қайнотаси ҳақидаги хотираларидан)
Апажоним ҳам, отажоним ҳам кексайиб қолишаяпти. Танамга, жону жаҳонимга чирмовуқдек ёпишган дард бироз бўшашган. Эҳ, бу лаънати дард 12 йилдан буён жонимни қақшатади. Бу йил Шалола 8-синфга, Шероз 6-синфга ўтишди. Болаларим дастёр бўлиб қолишди. Айниқса, Шалола кўп юмушларни апажонимнинг қўлидан олаяпти. Ўзим ҳам енгил-елпи кирларни юваяпман…
Унда отажоним ҳаёт эдилар. Апажоним куйиб-пишиб нон ёпдилар. Иссиқдан бўғриқиб, томоқлари аралаш танғиб боғлаган қора дурраларининг тугунини ечдилар-да, ерга ўтирдилар. Кейинги кунларда тез толиқиб қолаяптилар. У кишига кўзим тушдию, бор оғирлигимни қўлтиқтаёқларга ташлаб, ўксиниб, қимтинганча, турган еримда туравердим. Қанийди, илгариги қувватим бўлсаю тандир-тандир нон ёпсам. Илгаригидек ҳамма ишларни тeкис бажариб, чолу кампирнинг дуосини олсам. Менинг ўкинч, армон билан ўксиниб, қимтиниб турганимни отажоним сезиб қолибдилар.
– Адиба, – дедилар, – қаердасан қизим? Дастурхон сол, қаймоқ келтир. Иссиқ нон билан чой ичамиз.
Отам йўлига шундай дейдилар. Аслида, дастурхонни хонтахтанинг устига ташлаб, пиёлаларни чайиб қўйган бўладилар. Бир коса қаймоқни ҳам қўлим етадиган жойга қўядилар. Дастурхон ёзиб, устига тайёр дамланган чой, қаймоқ ва пиёлаларни қўйишим керак бўлади, холос.
Лаби даҳони кожроқ бир аёл қайнонамга йўриқ кўрсатибди:
– Адойи тамом бўлибсиз. Келинни уйларига жўнатиб юборинг. Ўғлингиз хотининини шунча яхши кўрадими. Эзилиб кетдингизку. Ўзингизга раҳмингиз келсин. Касал боқишнинг ўзи бўладими? Сизнинг бир кунингизга мен дош беролмайман темир экансиз-ку. Болаларини катта қилиб берсангиз ҳам катта гап, депти. Унинг бу гапидан апажоним қаттиқ оғринибдилар:
– Битта Шавкатжон эмас, ҳаммамиз яхши кўрамиз. Биз оиламиз билан Адибани жону жигаримиздан ортиқроқ кўрамиз. Адибага она сути бермаганман, холос. Уни еру кўкка, ҳатто, туққан онасигаям ишонмайман, дептилар.
Бугун Шалола иккимиз чучвара қилдик. Уйимизга дадам билан аямлар келишди.
– Роҳат, – дедилар дадам қайнонамга, – Худо хоҳласа, сени у дунёю бу дунёйинг ҳам обод. ҳар беш вақт намозимда сени дуои жонингни қиламан. Илоҳим, Худо сенга умр берсин. Шероз уйланар вақтида ҳам оилангга ўзинг бош бўл. Адиба қилолмаган хизматларни набира келининг қилсин. Буларнинг ҳам роҳатини кўр, Роҳат! – Дадам қароқларини тўлдирган кўз ёшларини яширмадилар, – сен жаннати хотинсан, Роҳат.
Қайнонамга зимдан назар соламан. Юзларида саноқсиз ажинлар. Озиб қолганлари туртиб чиққан елкаларидан билиниб турибди. Озмай ҳам бўладими?! Ахир, етмишга яқинлашдилар. Ҳануз хамир қор, нон ёп, кир юв, кечки овқатни сол, мол-ҳол, тирикчилик – тирриқчилик…
Онажоним – жафокашим. Кўзларимнинг нури, қалбимнинг қўри, онажонгинам. Мени, фарзандларимни гулдан пахта қилиб, оқ ювиб, оқ тарадингиз. Биз Сиздан умрбод қарздормиз. Бахтимизга бошгинангиз омон бўлсин, онажон!

Онам Сабоҳат Эшонхўжа қизи ва қайнонам Роҳатой Усмонхўжа қизига атаб, саккизинчи март арафасида шеърлар битдим. Онамга атаб ёзган шеъримни кўчириб, атрофини гуллар билан безадим. Акаларим ўқитувчи. Аҳрор акам эса филолог. Шу акам шеърларимни кўриб бироз хижодат бўлиб деди:
– Сен бизни уялтирдинг-ку, Адибажон. Онамизга ҳаммамиз ҳам шеър ёзсак арзийди. Сен эса биздан олдинга ўтиб кетиб, биринчи бўлиб онамизгагина эмас, балки сенга она каби меҳрибон қайнонангга ҳам шеър ёзибсан. Сен ёзган шеърларни кўзга суртиб ўқиймиз. Чунки бу шеър нафақат бизнинг онамиз ҳақида. Балки барча Оналар ҳақидадир.

ОНАЖОНИМ – ЁРУF ЖАҲОНИМ, ОНАМ

(Қайнонам Роҳатой Усмонхўжа қизига)

Сиз осмон экансиз, онажон,
Осмондек бағри кенг, мусаффо.
Сиз инсон экансиз, онажон,
Шарафли, табаррук, бебаҳо.

Сиз қўрғон экансиз, онажон,
Хонадон қўрғони босафо.
Сиз райҳон экансиз, онажон,
Ҳовлимиз уфорли, пурҳаво.

Шу eринда, шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги шеърини келтиришни жоиз билдик:

Дунёда диёнат ҳали мавжуддир,
Ҳали мард йигитлар яшаб юрибди.
Оналар оқ сути ҳамон оқ сутдир,
Қуёш ҳам фалакда кезиб турибди.

Ҳали қай дилларда яшар Тангри ҳам,
Ҳали афсоналар ўлиб кетмаган.
Ҳали соф туйғулар топмаган барҳам,
Инсон орзусига ҳали етмаган.

Дунёда диёнат мавжуд бўлмаганида эди, дардга чалинган келинини онасиникига олиб бориб ташлаш Роҳатой холанинг биринчи иши бўларди. Аммо Роҳатой хола иймонли, эътиқодли, диёнатли Инсон бўлгани учун ўн икки йилдан буён келинига «келин» бўлиб яшаб келмоқда. Бу мусулмон инсоннинг ИНСОНлиги, ДИЁНАТИдир.
Ҳали мард йигитлар яшаб юрганига исбот Шавкатжоннинг аҳли аёлига сабот билан садоқат кўрсатишидир. Соғ хотинини минг бир баҳона билан қўйиб, хотин олган «мардлар»дан унинг қаери кам. Йўқ, у бундай қилмади, қилмайди ҳам. Бўлмаса у ҳам юрт йигитлари каби Рус юртига бориб ишлаб келса, рeзғори обод бўларди. Болам-чақам олдида бўлай, дардкаш аёлим ва меҳрибон онам қошида турай деб қишлоrда деҳқончилик қилиб, рўзғор қимирлатиш билан умргузарондир. Мардман, деб кўкракка уриш эмас, инсоннинг мардлиги бир кўнгилни обод этиш эканлигини у ўз меҳнати, садоқати билан исботлаб яшамоқда.
Оналар сути ҳамон оқ сутлиги Роҳатой холанинг турмуш ташвишларига елкасини мардона, бардош билан тутиб бериши эмасми?
Қуёш эса… шундай ажойиб хонадон шарофатига қойил қолиб фалакдагина эмас, Адибанинг юз-кўзларида порлаб турибди.
«Инсон орзусига ҳали етмаган…» Адиба орзу қилади. Тезроқ чопқиллаб юриб кетай. Онажонимнинг хизматларини қилай. Ҳаётнинг бешафқат зарбасига сабр билан дош берган хонадоним сарвари Шавкат акага ўз қўлим билан овқатлар пишириб берай. Орадан ўтган шунча йиллар давомида ақалли бир марта бўлсаям унинг оғзидан на ҳақорат, на маломат эшитдим. Аёллик, бекалик вазифамни чин кўнгилдан адо этай ахир. Панжаларимни соғинган говмишдан сутлар соғиб, болаларим оғзига тутсам… Орзуларининг чеку чегараси йўқ…
Қалдирғочлар тотув хонадон пештоқида яшайди. Табиатни бизнинг ақлимиз етмайдиган тилсимларидан бири бу ҳам. Бундай хонадонда соф туйғулар яшаётгани қалдирғочлар чуғур-чуғуридан маълум.
Ҳали афсоналар ўлиб кетмаганлиги шуки, Роҳатой хола хонадонидаги бу аҳиллик, тотувлик кўрмаганлар учун афсона. Аммо Роҳатой хола – бу Роҳатой хола. Адибанинг қайнона эмас, ОНАСИ. Чунки «Дунёда диёнат ҳали мавжуддир!»


Рукн: Матбуот | Қўшди: SHUHRAT1404 (01.02.2013) | Муаллиф: ҲУСНИНИСО АҲМЕДОВА
Кўрилди: 928 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 додхо   (06.02.2013 03:33) [Материал]
Адибага ухшаш кисмати огир аёл ёнида чинакам инсоний мехр билан яшаётган Рохатой хола таъзим!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0