Пайшанба, 19.09.2024, 22:22
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Матбуот

УЛУҒЛАР НАЗАРИ ТУШГАН ИНСОН
Тилаб ОЛДИ

Туйғуларимизни жунбушга келтириб куй таралмоқда. Минг йиллар қаъридан мавжланиб-мавжалинб юракларга оқиб кирмоқда бу куй. Мусиқий чолғу асбоблари ясовчи уста Темурмалик Умаров яратган танбур, дутор, тор, рубобу дўмбиралар икки буюк халқ: ўзбек ва тожиклар ўртасида кенг тарқалган, улар орасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мен у ясаган бир танбурга термулиб, устага асбобни бировга совға қила оласизми, десам у шундай жавоб қилди:
- Бу танбурга бутун меҳримни, санъатимни, қалбим қўрини бердим, астойдил ишладим. Ва буни мусиқамиз алломаси, мақом мулки султони, академик Юнус Ражабий уй музейига совға қиламан.
Танбур ҳошиясига қуйидаги байт битилган эди:
Ҳадя ба ту намудаам танбур эй ажаб,
Шояд зи ту хуррам шавад руҳи Юнус Ражаб.
Мана устоз санъаткор фарзанди нима деб ёзибди. Хар дафъа танбурни қулга оларканман, кўнглимда гўё ўзбек ва тожик халқлари ҳақидаги энг ширин туйғулар, олижаноб ҳислар қайтадан жилолангандек бўлади…
Юз йиллик тут танасидан ўйиб ишланган майда тароқли тор мен учун энг нодир ва бебаҳодир. Торни кўриб Озарбойжон усталари ҳам ҳайратландилар. Уста Темурмаликни дунёнинг энг зўр соз ясовчилари Страдевари (Италия), Амати (Ҳинд) ва ўзбек устаси Усмон Зуфаров қаторида кўраман.
Қўли гул инсон яратган созлардан таралган оҳанглар шинавандалар дилига ором, дардига малҳам бўлади.
Темурмалик ука, Аллоҳ ижодингизга, илҳомингизга, умрингизга барака берсин. (Ҳасан Ражабий, Ўзбекистон халқ хофизи, «Дўстлик» ордени нишондори, 27-март 2008- йил Тошкент.) Темурмалик, камтарлик ҳам эви биланда. Шунча ҳунарингиз бор экан, бир чеккада индамасдан…
Энди дўстим, фақир одам панада юргани маъқулроқми дейман…
Тунов куни шоир Авлиёхон Эшон билан сизни роса «чайнадик».
Ҳа майли, ижодкор халқи сал шунақароқ бўлади-да.
(Мириқиб кулишдик.)
Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,
Олиб туфроққами кетгумдир охир.
Шоир ҳақ. Назаримда бугун нотакрор ва ноёб касб эгаси, ўз ишининг беқиёс устаси Темурмаликни кашф этиш учун биринчи қадамни қўйдик.
Қиймати мард на ба сийму зар аст,
Қиймати мард бо илму ҳунар аст. – дейди уста.
Темурмаликнинг ҳасбу ҳоли замондошлариникидан фарқланмайди. Узоқ Айний ноҳиҳиясининг сўлим гўшаси Путхин қишлоғида оддий меҳнаткаш оилада тўққизинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Улғайгач, қатор йиллар Айнию Пролетарда (ҳозир Ж. Расулов) ҳисобчи бўлиб халққа хизмат қилди. Ёшлигида «Мен ҳам тоғам Мирсафардай дўмбираю дутор ясовчи уста бўламан» деган фикрни кўнглига тугиб қўйганди. Шу истак уни Тошкентга, Чорсу томон мўъжизакор соз устаси Абдуқодир Алимов томон етаклади. Абдуқодир ака машҳур соз ясовчи уста Усмон ота Зуфаровнинг невараси экан.
Хуллас, мен Абдуқодир аканинг этагидан тутдим. Икки-уч унинг хонадонида меҳмон бўлдим. Юлдузимиз тўғри келиб, дўстлашдик.
- Инсон ўзидан бир боғ ёки яхши ном қолдиришни истайди, - дейди Абдуқодир ака. - Шогирдим Темурмаликни тез орада бутун Тошекнт таниди. У бу ерда кўплаб дўстлар, мухлислар орттирди.
Ўзбекистон радиоси тожик бўлими мудири Шоҳқаҳҳор Салимов:
-Тожикистоннинг тоғли Айний ноҳияси мен кўп бўлганман. У ердан таниқли хофиз Жўрабек Муродов, Нақибхон Тўғрал, Қутби Киром, Гулназар Келди, Бобо Ҳожи, Мухиддин Олимпур сингари машҳурлар етишиб чиққан...
Темурмалик ясаган мусиқа асбобларига таниқли санъаткор Шерали Жўраевнинг назари тушди.
Яхшидир аччиқҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон,
Ул ширин ёлғонга мендек алданиб қолғон ёмон.
Умрингиз алдоқ жаҳонда алданиб ўтгай ва лек
Сўнгги қийналғон ёмондир, сўнгги қийнолғон ёмон…
Устоз шоир Эркин Воҳидов ғазалига Шерали Жўраев куй басталаб ижро этмоқда. Уни сиз шунчаки эмас, сел бўлиб тинглайсиз. Қўшиқ ва наво бир-бирига боғлиқ маъво. Ҳар иккиси ҳам изнсиз, ихтиёрсиз тингловчи кўнгил мулкидан жой олади:
Сўнгги қийналғон ёмондир,
Сўнгги қийнолғон ёмон…
Куй бутун борлиғингизни забт этади, кўнгилга кириб бораверади, бамисоли қўшиқни сиз яратгандай, куйини ўзингиз басталагандай.
Шу-да санъатнинг кучи, сеҳри, оҳанрабоси.
Шер аканинг юздан зиёд қўшиқлари архивимда сақланади. Бўш вақтларда, дўст-ёрлар даврасида ҳозиргидай ҳузур қилиб эшитамиз.
Дарвоқе, сурат тарихини сўраган эдингиз.
Бундан беш йил аввал Тошкентда Шер аканинг уйида меҳмон бўлдим, ул инсон билан икки соатча суҳбатлашдим. Кетишга рухсат сўрадим. Шер ака: «нима, менинг хонадоним меҳмонхона ўрнини босмайдими, деб койиб бердилар.
Қачон Тошкентга тушсам устоз Абдуқодир акани, Ҳасан Ражабийни, Шерали акани, Ғуломжон Ёқубовларни кўрмасдан қайтмайман. Улар мен учун энг қадрдон инсонлардир. Бир куни илҳомим келиб Шер акага бита ширу-шакар битдим:
Ҳар гаҳе, ки куйласанг ту бо забони тољикї,
Ҳар киши ҳайрон бўлар, тољикзабонам, Шерали.
Торҳои дўстиро мо бупайвастем ба ҳам,

Тољикам, ту ўзбекї, ман қуш, ту болам, Шерали
Сохтаам торе ба ту, аз чўби тути фолғарї,
Совға қил, Темурмалик, бар дўсти жонам Шерали.
Уста Темурмалик машҳур хонанда Жўрабек Муродовга ҳам бир неча соз асбоблари ясаб берган. Жўрабек ака уста ҳақида:
«Истеъдод Аллоҳ номидан берилувчи туҳфадир. Ҳамшаҳрим Темурмаликка ҳам шу мукофот насиб қилдики, биз бундан беҳад шодмиз. Устага бахт-иқбол насиб этсин».
Темурмаликнинг кўнглида бир орзуси бор. У гўзал Путхинда ўзи ясаган тор асбоблари сақланадиган уй-музей яратмоқчи. Музей тарҳи ҳам чизиб қўйилган. Анча-мунча қурилиш материаллари ҳам сотиб олинган. Лекин, қўли калталик қурсин, уста Темурмаликка ёрдам ва эътибор сув ва ҳаводай зарур.
Хайрлашар эканмиз, «ҳой биродар, агар уй-музей битса, унинг очилиш маросимига Жўрабегу Шералилар қатнашадилар, эсдан чиқмасин, майлими?» дейди уста мамнуният билан.
Орзудаги кунлар тезроқ келишини кутиб қоламиз.


Рукн: Матбуот | Қўшди: Davron (11.07.2012) | Муаллиф: Тилаб ОЛДИ
Кўрилди: 1039 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 додхо   (13.02.2013 02:05) [Материал]
Мусурмонкул(Утган кунлар) эналаринг ...ми деб сураган экан. Шарх ёзувчилар! Сизларнинг эналаринг инглизми?
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0