Пайшанба, 19.09.2024, 22:13
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Наср

БЕГОНА
Ҳуснинисо Аҳмедова – 1959 йил 12 февралда Суғд вилояти(собиқ Ленинобод) Ғончи райони, Иторчи қишлоғида зиёли оиласида туғилган. 1977-82 йилларда Тошкент Давлат Университети(ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети) журналистика факультетида таҳсил олган. Таҳсилни тугатгач, Суғд вилояти телевидение ва радиокомитетида, «Қадрият» газетасида журналистик фаолият юритган.
«Ўзга ҳовли ҳавоси», «Тахайюл» китоблари нашр этилган. «Чангда қолган гул» қиссаси ва қатор ҳикоялари Ўзбекистоннинг «Шарқ юлдузи», «Саодат», «Санам», журналларида, Тожикистон даврий нашрларида, хусусан, «Суғд ҳақиқати» вилоят нашрида, «Қадрият» газетасида, «Нафосат», «Суғд юлдузи» журналида, шунингдек «Қадр», «Орзулардан очилган чечак», «Нафис сўз шайдолари» «Ширу шакар» каби коллектив тўпламларда ҳам унинг бир қатор ҳикоялари чоп этилган.
Айни пайтда Суғд вилояти Ғончи райони Ўртақўрғон қишлоғида яшаб, ижод этмоқда.

БЕГОНА

Бу йилги қиш чилласи Ўтган йилгидан ҳам қаттолроқ келди. Сандал уйни иситмайди. Печкага ўтин камчилроқ. Электр печь кераксиз буюмдек ётипти. Электр узатиш чекланган. Фақат эрталаб ё кечқурун 15 дақиқадан, узоқроқ берилса, икки соатга электр чироқлари ёнади. Ҳатто бир чойнак чойнинг қайнаши ҳам маҳол. Азага келганларнинг ҳам оғзида шу гап. «Юрт ҳам тоза ўлиб қолди-да», – дейди қариялардан бири. «Нимасини айтасиз, тағинам қишлоқчилик, гардай Ўтин-чЎп ғамлайсиз. Шаҳардаги шўрликларга қийин бўлди-да. Бетондан чиққан зах баданингни сўриб олади, ҳамма ўпка касал бЎлмаса гЎрга эди». Бошқаси оғзини ёпиб, «қих-қих»лаб кулади. «Ёшлигимда жа-а уйқучи бЎганаканман. Сургалаб тургазиб, ўтирғизиб қЎйишса ҳам ўтирган кўйи ухлаб ўтирарканман. Қаричилик қурсин, уйқусизлик касалига учраганман. Икки соат ухлагандай бЎламан, куракларим ерга ботиб, қақшаб уйғотади. Тамом, уйқу йўқ. Зим-зиё уйда енгимни бЎйнимга болиш қилиб, шипга термулиб, бақрайиб ётавераман, ётавераман, ҳечки тонг отса». Умидлантирувчи гапни Боймат саркор айтади: «Газетдан неваралар ўқиб берди. Ўзимизнинг мамлакатда катта ГЭСлар ишга тушаяпти экан. Ишга туширишнинг ўзи бўладими. Эҳ-ҳей, қанчадир маблағ керак экан. Бошқа давлатлар ҳам ёрдам берамиз, депти, ўшанда кўрасизлар. Олам гулистон. Бу азобларимиз роҳат бЎлади. Неварала ярим кечагача тилбузару, дийдиёларини вағиллатиб қўяверса. Ҳе, шу чироғғи катталарига ҳам ҳайронман, соат Ўндан ошдими, Ўчириб ташламайдими, бу бекорчи хўжалар ҳам тинчиб қолса, деб қолмайлик, тағин. Туркманам электримиздан фойдаланавер, депти. Энди Ўзимизнинг электримиз бЎлгани яхши-да».
Чироқсиз изғирин янада қаҳрлироқ бЎларкан. Кеча Холбек молнинг тертини олай, деб ошхонага кирса, бир сават сабзавот ап-аралашиб тиррайиб музлаб ётипти. Зулхумор пиёзни илиқроқ жойга қЎярди. Турп, шолғом, сабзи учун майда Ўрачалар ковлаб, солиб қЎярди. Кам-камдан ишлатиб юрарди. Қуруқ ва соз тупроқда маҳсулот яхши сақланарди. Кечаги совуққа қазноқдаги анчагина уруғлик картошка билан янги йил дастурхонини безатишга тЎрт танга байрам пули бЎлар, деб атаб қЎйган нок, олмалар ҳам тошга айланиб қолипти. Бундай пайтларда Зулхумор ҳушёрлик қилар, баданида нами бор барча маҳсулотларни қалин кЎрпачалар, гиламлар билан совуқ Ўтмайдиган қилиб Ўраб қЎярди. Ҳаво юмшагудай бЎлса, яна очиб казноқни шамоллатарди. Холбек бу қаттол изғиринлар худди хонадонида юз берган аёзли кунларни ёдига солаётгандек жунжикди. Ичи сиқилди, уҳ, тортди. Томорқага Ўтди. Офтобнинг ожиз шуъласи ердаги қорларда аксланиб, жимирлаб турибди. Тарновлардаги сумалаклардан ҳар замон битта-битта томчи томаяпти. Ҳаво бироз мулойимлашган шекилли, дарахтларнинг шохларидан қор парчалари тўкилмоқда.
Томорқанинг адоғида тераклар адл қомaтларини кериб туришибди. Қизиқ, алифдек теракларга ҳам қарғалар ин қЎяр экан-да. Уларнинг тепа қисмидаги айри шохларнинг ўртасига цилиндрсимон, саватсимон, тўрвамонанд қуш уялари устамонлик билан Ўрнатилган. Ўб-бо, қурмағурлар-ей, уяни ҳам боплашаркан-да. Халқ шунга айтаркан-да, қузғуннинг ҳам ватани бор деб. Холбек қизиқсиниб, қуш уяларини кузатди. Мол чўзиб маъради. Буни қаранг энди, бефаросат хотиннинг ишини. Сигирни обчиқиб, қор устига боғлаб қЎйипти. Молни ташқарига обчиқадиган ҳавоми, совуқ ичини ялаб кетади-ку совуқ.
– Ўв-в!!! – молхона томонга қараб бақирди, – қахтасан? Қори куралмаган жойга мол обчиққанингни қара.
– Нима-а? – Тахта эшик очилиб, хотинининг жун рўмолга ўралган боши кўринди.
– Қорри устига обчиққанингни қара.
– Нима? – саволини такрорлади аёл, – қорри ман курайми, эркак одам куранг эди…
Холбекнинг дами Ўчди. Кеча томи тиш борми, ҳовли саҳни борми, ҳафсала билан қордан тозалаган эдию, шу молхонанинг олдини нега тозаламапти, Ўзиям ҳайрон. Шундай бЎлсаям хотинини айбситди: «Иссиққина молхонада ётавурмайдими жонивор, нега обчиқди?»
Шилта теккан яғрини «дир-дир» титраб турган сигирга раҳми келдию, молни қозиқдан ечиб, ичкарига етаклади.
– Ҳаво исиб кетади ҳозир, киргизманг, – норози чимрилди хотин.
Эр унга Ўқрайди. Молни жойига боғлади. Жонивор юкли. Ишқилиб илиқ-иссиқ кунларга етгач, бузоқласин-да. Бехабар қолишса, бу ҳаволарда бузоқчаям қотиб қолиши ҳеч гапмас.
Хотинининг тумшайиб қолганига шаштидан тушди:
– Бундай ҳавода зинҳор обчиқма. Нимжонгина мол, егулигини мазаси йЎқ, бола ташламасин тағин. Буни офтоби одамкуш, дейдилар, ҳали бу ҳайвон-ку.
– Ҳаҳ!!! Ўлмайди…
Бу беписанд гапдан Холбек аччиқланди:
– Сен Ўлмайсан. Бу – мол! БЎғоз мол!
Гап Ўз-Ўзидан хотинининг бепуштлигига бориб тақалаётганидан хижолат бЎлди. Ўзича ғудранди.
Холбек сигирни ичкарига етаклади. Молхона шифтини ис босиб кетибди. Сигирнинг орқа оёқлари остида бир уюм ахлат, охури тЎла нишхЎрд. Зулхумор шифт, охурлар у ёқда турсин, молнинг устини ҳам юмшоқ супургича билан супуриб турарди. Соғишдан олдин ҳам чавитки шипиргича билан қорнига ёпишган хасларни супуриб, елинини бир офтоба илиқ сувга чаяр, кейин сочиқчага артгач, соғишга Ўтирарди. Эринмасди. Сутни тЎрт қават букланиб, сим гардишга чатланган докадан ўтказарди.
Ўша айрилиқнинг мудҳиш кечаси қайнонаси Холбекни ичкарига имлади. Зулхумор жон талвасасида экан. Равонда Дамиржон қўшнисининг генератори тариллаб, учта уйни ёритиб турибди. Агар шу овоз чиқариб турмаганда, ҳовлида Ўлик сукунат ҳукм сурган бЎларди. Зулхуморга уйнинг ўртасига баланд қилиб Ўрин солишган. Кенгу мўл ўриннинг устида Зулхуморгинаси тасмадай тортилиб ётибди. Фақатгина қорни ҳамон икки қатлик вақтидагидек дўмпайиб турибди. Совуқ бўлишига қарамай, устига енгилроқ гулли кЎрпа ёпишган. Рангига мурданинг ранги Ўтирган. Лабларини қимтиб, шикаста овозда сЎзланди:
– Самандарни сизга, сизни худони паноҳига топширдим. Уни ёнингиздан жилдирманг. Чақалоқнинг қабрчасигаям нишона қЎй-диринг. ҚЎй-қЎзиларни ҳаммасини обчиқиб сотинг. Етмаса тойчаниям… Сигир қолсин. Ҳарна, бир қошиқ оқи бор, рЎзғорга ёрдам. Самандарни эҳтиётланг.
Холбек ҳайрон қолди. Икки-уч соатнинг ичида хотинининг юзига мурданинг заъфарони урибди-я. Қароғида лимбиллаб турган кЎз ёшлари, ҳозир шувиллаб оқиб, ёноқларини ювадигандек.
– Бу гапларинг Ўринсиз, Зули. Сен ҳали яхши бЎлиб кетасан,– овози титради. Яна бир оғиз гапирса, ҳўнграб йиғлаб юбориши мумкинлигидан қЎрқиб бошини хам қилди Холбек.
– Гулгун холанинг келини, Анор чеча қандай ўзини осиб ўлдирди экан, мени эса ҳечам Ўлгим келмаяпти.
Холбек унинг гапларига чидамай, бошини чангаллаб ихради:
– Сен ўлмайсан, Зули.
Киприк қоқмай ётган жувон, гапим тамом, дегандек, юзини бурди.
Зулхуморнинг оёқ учига чўккан қайниси Эркинжон унга туринг, дегандек имо қилди. У қўзғалди. Хотинининг кароғида тЎлиб турган ёш, ундан юз ўгирганида тўкилиб кетгандир эҳтимол.
Ташқарига чиқди. Кўз ёшларини яшириш фойдасиз эди. Ҳеч кимга сўйланмай иҳраб йиғлайверди, йиғлайверди. Ёнига Садир бовоси келди.
– Қандоқ қиласан, Ўғлим, буям кЎргилигинг-да. Ўзинг учун Ўл етим. Маърака оғир, болам лозим омад – золим омад. ТЎй қиламан, деган анча-мунча йиғинади. Лозим қийин, кутмаганингда келади. Борингни дЎхтурларга харжлаб қЎйдинг. Эрталаб, Дамиржон иккаланг сигирингни бозорга етаклайсиларми, билмасам, ёким топган тутганингдан бир кунлик маъракага етадиган сармоянг қолганми, нима дейсан, болам? Эртага лозимга келганларнинг олдига кЎз ёшимиззи дастурхон қилмаймиз-ку... Нима бЎлганда ҳам эрта бировнинг эшигига пул сЎраб сарғайиб борма, дейман-да. Пуржангни тЎғрилаб қЎявер, шЎрликнинг неча кунлик умри қолган, Худо пошшо!
– ҚЎйларни ҳайдаймиз, бозорга.
– Майли, болам, иккитасининг Ўрнига битта Ўртамиёна бЎрдоқи олинглар. Майда-чуйдалар рЎйхатга тиркалган, яквора ҳаммасини тЎғрилаб келгинглар. Эркинжонни грузавойида боринглар, уям ками-кўстига ёрдам қиламан, деяпти.
Зулхумор ўлим тўшагида ётганида ҳам жўяли гапирган эди. Майда туёқ мол тез кўпаяди. Лекин қорамол қиламан деган одамга бозордан синамолини олиш қийин. То мол қилгунингча, нечтасини алмаштиришга тўғри келади. Зулхумор сигирнинг бир қошиқ оқи рЎзғорга ҳар на ёрдам, деганида ҳам ҳақ эди. Ўзи кунора сут, қатиқ, қаймоқдан таом тайёрларди, чин толпиқ пиширилаётган куни Самандар хушвақт бЎларди. Аям қаймоқ чалпак қилаяпти, деб.
Кейинги хотинининг топиб олгани нуқул пиёва. Иккита пиёзнинг калласини олиб, тЎртта картошка билан бир қозон сувни чилғитиб солади-да, «шақира-шуқур» кайнатаверади. Пиёва осонроқ-да. Супра, тахта, ун-урвоқ қилиб ўтирмайсан.
Ҳайфгина-я, шундоқ хотиннинг қадрига етибман-а. Эҳ, Зули, жаврона ўлдирдим сени, ўзим ўлдирвордим. Мана хотин деган қанақа бЎлар экан. Оғзингдаги гапингни юлқилаб ола солиб, ёқангга ёпиштиради.
Самандарнинг раҳматли аяси ёз бўйи кўрпачаларни сўтиб, ўзи қавиқдан чиқарарди. Пахтаси эскирган кўрпаларини пахта «тим-тим»га обориб, янгилатиб келарди. Ҳар йили ёзда битта гиламни қўлдан чиқараверарди, сен у қилганни мингдан бирини ҳам қилмайсан-ку», – деган эди, гап келганда.
– Ўша учун ўша раҳматлийиз, ажалидан беш кун олдин ўлиб кетди-да. Нима, мениям меҳнатда эзилтириб, ўшани кунини бошимга солмоқчимисиз?
Бу аччиқ ҳақиқат эди.
Назокат духтур буларнинг уйига келиб обдон тушунтирди. Зулхуморга туғиш мумкин эмас экан, жигари хаста. Энди районга тушиб боласини олдириб келмаса, оқибати яхши бЎлмас экан. Жигар одам танасининг энг нозик аъзоси экан. Зулхумор духтурни алдаб-сулдаб чиқарворди-ю, лекин ўжарлик қилиб ҳеч қаерга бормади. «Битта болани эплаволарман, одамлар ўнталаб бола туққан. Ана Ўзимнинг келинбим, битта буйрак билан туғди». Холбек ҳам кЎнди: «Эсон-омон қЎлингга ол, кейин Ўзингниям даволатамиз». Зулхумор ёз бЎйи урчуқ йигирди, гилам борми, шолча борми, ҳаммасини сойга обтушиб ювди. Яна битта жун гилам тЎқиб олди. Туғишига яқин қолганда ҳам кЎрпа-тЎшакларига авра-астар тикиб, ҳаммасини бутлади. Назокат духтур ваҳима қилган экан-да, деди эр. Жигар ўироз бЎлса бунча ишни қилолармиди.
Туғруқхона эшигида сарғайиб Ўтирганида доя момо чиқиб, беморнинг ҳолидан воқиф қилди:
– Болача … бЎлмайди.
– Онаси …
– Онасиям оғир. Ўғилчасини йЎқлатаяпти. Майли, уйга олиб кетинг. Боласининг дийдорига тЎйсин. Назокатга қЎнғироқ қиламан. Ҳолидан бохабар бЎлиб туради.
Аёлдан энди нима ҳақда сЎрашни билмай меровсираб турган эди, энага чиқиб, гЎдакни нобуд бЎлганини айтди.
Доя момо, эшитдингизми, дегандек, Холбекка ачиниб қаради.
Анчадан кейин, йиғидан юзлари рапидадек шишиниб кетган қайнонаси гЎдакнинг жасадини кЎтариб чиқди.
Уч кундан сЎнг Зулхуморнинг Ўзи…
Мана бу хотинни унга синглиси Заҳро топган.
– Ҳусни Ўзига яраша-ку, лекин оту қамчиндай хотин. Қошлари қалин, пичоқнинг дастасидек. Битта айби туғмаслиги. Мумкин худо берса, сенга келганда туғар.
Фотима унга бироз қараб турди-да, лабларини буриб, «хо-хо»лаб кулиб юборди.
– Ўхшатишниям қара-да, пичоқнинг дастасими ёки чакалак чайла. Чағир кЎзлариниям мақта, патила-пат чочлариниям, – яна хохолай бошлади.
– Вой, паризот-ей! Ўзингни аптингга бир қара, ажила-бужи. Чочингда номига бир тор бЎлсаям қораси қолганми? Қошингни ўрнида битта эгри чизиғам йЎқ, Бибипотмами, Бибикбўсами. Худога минг катла шукур, сенга Ўхшаб қолмаганимга-я.
Холбек кулимсираб эгизак сингилларининг навбатма-навбат беданадек отиб сайрашларини кузатиб турди.
Худонинг амри билан икки эгиз қизнинг феъл-атвориям, гавда тузилишлариям икки хил. Фотима бесЎнақайроқ бЎлсаям, кЎнгли очиқ аёл. Ўзига қараб юрса, яхшигина ҳусниям бор. Заҳро андишасизроқ. Гап келганда, чаёнчадек чақиб олади. Юзи сарғимтир, кЎзининг ичиям мушукникидек сарғимтир. Хирароқ кўрадиган бЎлганиданми, ёшлигидан кЎзойнак тақади. Ҳалиям ёш қизчалардек пошнали туфличалар, юбкачалар кийиб юради, таннозойим. Дилига келганини тилига чиқариб юбораверади. Унга Муқаддас опаси «Кўзойнакли илон» деб жуда мослаб лақаб қЎйган.
Буларнинг бамаъниси Муқаддас опаси. Ақлиям, ҳусниям расо, ҳалимдек аёл. Орқама-орқа тЎртта қиз туққан. Пардозсиз юради.
Холбек пардоз-андозчи аёлларини хушламайди. Заҳро синглисининг қошқаламларини неча марталаб синдириб ташлаган. Буёқларини сувга бЎктириб қЎйган. Бир куни катта кЎчадан келаётса, оқ-сариқдан келган, калта сочлари силлиқ таралган бир йигитча оппоқ тишларини кЎрсатиб унга қараб ишшайиб келаяпти. Заҳромасмикан, деган Ўй кЎнглидан Ўт-ди-ю, кЎзойнаги йЎқлиги учун бу фикри кулгули туюлди. Қаерда кЎрган экан, қизиқсиниб у томонга бир қур назар ташлади.
– Ака, – сарғиш кЎзчалари жилдиради «йигитча»нинг, – битта Ўнталик бериб тур, қарзга – кечқурун отамдан обераман.
– Заҳро, вой кЎзойнакли илон, бу қанақа кийиниш? – Холбекнинг ғаши келиб, синглисининг чЎнтаклари кЎк пиджагига ва қоматига ёпишиб турган жинс шимига ишора қилди. – Эрталаб Потма билан сабзи Ўташга кетмовдингми?
– ЙЎқ, – мен Ўрнимга мардикор топдим. Ўзимда беш бор эди, сен Ўн берсанг, шу бугуннинг Ўзида сабзи Ўтоқдан чиқади.
– Қани, олдимга туш-чи,– Холбек оёқ остидаги тошчаларни тергилади. Шу қувди тирқиратиб…
Зулхумор ҳам Ўсма, хинага Ўч эди. Орқасига бир шаҳарни иншоотининг акси туширилган, «Суздаль» деб ёзилган тЎртбурчак ойначаси бЎларди. «Бир куни шу матаҳингни синдириб ташлайман», дерди эр.
– Буни синдиролмайсиз. Ана Хитой кўзгучалари, бармоғинг тегмай, Ўзи «чил-чил» бЎлади, бу тошойна. – Эрнинг ёлғон пЎписасига тушунган аёл ойначага яна бир назар ташлаб, чЎнтагига солиб қЎяр, нозланиб сЎзланарди.
– Ўсма қЎйсамам, сурма қЎйсамам, сизга ёқиш учун қЎяман-да-а, хЎжайин. Сиз менга зуғум қиласиз. У куни Бувзаҳройиз чочлани қизилга бЎяб, пошна баланд этакчани кийволган, бЎйинларига ташлаган шарфларини кЎрсайиз товонига тушиб турибди. Бир келдила, бир келдилар. Унга индолмайсиз.
– Уни бошида эри бор. Аслида аёл деганидаям озгина ҳусни бЎлиши керакмикан, шунга яраша ақл ҳам мутаносиб бЎлиб бораверармикан, – деб ҳам қЎйди.
Холбекка ярим йилдан сЎнг бека олиб келишди. Бу хотинни илгари кЎрмаган эди. Шу, Заҳронинг «кандидатура»си. Ўша кунданоқ Холбекка ёқинқирамади. Аёлнинг қалин қошлари остидаги укки кЎзлари одамга тип-тик боқаркан. РЎзғор ишларини қЎл учида бажариб турибди. Самандар билан иши йЎқ. Бир ишни оёқлатмай, бошқасини бошлайди. Палписроқ. Фотима синглиси уйидаги қайроқи унидан қип-қизил бЎрсилдоқ нонлар ёпиб бериб кетарди. Бунинг хамири ё ошмаган бЎлади, нон оғир, берч бЎлади. Ё бўлмаса, ачиб кетиб, нонлар тандирда турмай оқиб кетади шекилли, кулга беланган қинғир-қийшиқ нонлар дастурхонда пайдо бЎлиб қолади.
– Ўрганиб кетар, – дейди Муқаддас опаси. – Лекин болага меҳри йЎқроқ экан. Агар Самандарни менга берсанг, Ўз қизларимдан ортиқроқ меҳр берардим, хотинингниям руҳи шод бЎларди.
– Агар сизга болани берсам, мен сЎққабошга хотин, рЎзғор чикора, опа? Самандар мени ҳаётим-ку. Уйланмагунимча ҳоли-жонимга қЎймадийла, рЎзғорингга бека, болангга она керак, деб. Анови кЎзойнакли илоннинг иши бу, Потмани кЎнгли чопмовди-я. Буни Заҳрони эрига қариндошчилигини билмабман. Агар муни ҳайдаворсам, Заҳройиззи ошигаям заҳар тушмаса эди…
Аёзли қиш Ўтиб, баҳор келди. Кейинги хотинининг иш юритишига қараб ҳар сонияда Зулхуморни эслайверади, эслайверади.
Холбек кечки овқат устида разм солса, Самандарнинг тирноқлари Ўсиб, ичига йиғилган чирк кЎкимтир бЎлиб турибди.
– Муни қачон чЎмилтирган эдинг?, – сЎради хотинидан. – Раҳматли аяси ҳафтада бир марта сувга солиб, тирноқларини оларди, тоза уст кийдирарди.
Кейинги кунларда Зулхуморни эслайвериши хотинига ёқмай қолган. Жаҳл билан қЎзғалиб дастурхонни йиғиб олди. Ўзича ғудраниб бЎзланди:
– Раҳматли аяси, раҳматли аяси.. У кунигина чЎмилтирувдим, тирноғини олмовдим холос.
Самандар бу ишининг оқибати жанжал бЎлишини билмай бидирлади:
– Малимам, тинноғларингни олдириб кел, деб уришдила,– деди.
Холбекнинг жон-пони чиқиб кетди. Қаттиқ уялди. Демак, Самандарнинг кир-чир юришини Ўқитувчилар ҳам сезишибти-да.
– Ишим кЎп, билдийизми, сЎқимдай болани чЎмилтириш билан умрим Ўтаркан-да, бу ёғда қанча иш. Ана Муқаддас опайиз сЎраяпти, берворинг, сигирдай қизлари бор, болайизга Ўшалар яхши қарайди.
– Ҳой иблис, апам аввал Ўзиникиларни эплавосин, кЎп гапиравермай. Сен жа, нима иш қилиб қЎяяпсан, битта болага қарамасанг, менга нима кераклигинг бор. Майли, Зулхуморга Ўхшаб Ўлиб кетмаслигинг учун, рЎзғорнинг оғир ишини қилма, лекин болани парваришла. Бояги гапни иккинчи оғзингга олма, мен ёлғиз боламни поччани эшигида ҳеч қачон сарғайтирмайман!
– БЎлмаса менам сиз талаб қилганчалик бунга қаролмайман. Қани бир мартасига бериб кЎрайлик-чи, бир-икки йил Ўтса, дастёр бЎлса қайтариб обкелармиз, – ҳамон муросага келтирмоққа уринарди у.
– Ҳаҳ-ҳ. –Холбек оғир сЎлиш олди. – Ўшанийчунам, худо сени тирноқдан сиққан экан-да, бу ҳақда гапирма дегандим-ку!
Хотинининг укки кЎзлари кенгайиб, лаблари пириллади.
Холбек хато гапирди, бундай демаслик керак эди. Муқаддас опаси айтганидек, бир мунглиғнинг кЎнглини ҳадеб оғритаверишдан не наф?!
Хотини тузукроқ тарбия топмаган. Оналик туйғуси узун кун қЎғирчоғининг бошида парвона бЎлган қизчаларда ҳам кЎринади. Бу эса менинг рЎзғоримга, Ўзимга, Ўғлимга бегона. Зулхумор фаришталик эди. Бу унинг калишининг патагига ҳам Ўхшамайди.
Эридан бояги таънани эшитган аёл ҳамон чирсиллаб турарди. Самандарни ҳам қЎлларидан юлқилаб, ювинтиргани олиб кетди. Бола йиғламсираб турарди.
– Эҳ-ҳ-ҳ, энди нима бЎлади? БЎйнидан боғлаган този овга ярамайди. Бу туришда ҳаёт бЎлармиди.
Ўю хаёлда кЎзи илинипти. Боланинг қаттиқ чинқириғидан сапчиб туриб кетди. Даҳлизда яланғоч бола кЎзлари юмуқ, қЎлчаларини силкитиб, чинқириб йиғлар, бурчакда бир қЎлида сув чЎмич, бир қЎли билан пешбандини чангаллаб турган аёл бақрайиб турарди.
– А-а-а! Нима қилди, нима?
– Аям. Аям бошимдан қайноқ сув қуйворди-ла. Вой, куйиб қолди бошим, вой…
Холбекнинг бошига биров залворли мушти билан ургандек, гандираклаб кетди. Мияси зириллаб, аъзойи баданидан тер чиқиб кетди.
– Ҳеч нарса қимайди, ҳозир Ўғлим, ҳозир. – Пайпаслаб кийимчаларини топди, чаппа-чуппа кийғизиб, курсига Ўтирғизди. Ўзиям кийиниб, чЎнтагига пул солди. Ҳануз даҳлизнинг бурчида бақадек бақрайиб қолган хотинига таҳдид қилди:
– Агар шунга бир нарса қилса, қайтиб келсам, устингдан Ўт қЎйвораман, ҳайвондан тарқаган.
Касалхонада Рустамжон деган ёшгина врач навбатчи экан. Самандарга Ўзи укол қилди. Ҳамон бошидан совуқ тер қуйилаётган отага тасалли берди:
– ҚЎрқманг ака, у даражада ажог олмаган. Бош териси қизариб турибди, холос. Нима қилдийиз Ўзи?
– Аяси чЎмилтираётувди. Иссиқ сувни чапиштириш эсидан чиқипти.
Врач ҳамширага дори-дармонлар ёзилган қоғозни бериб, Холбекка шивирлади:
– Қасддан қилмагандир. Энди номи Ўгай-да, худо асрасин, ишқилиб…
Самандар бироз тинчиб, ухлаб қолди. Рустамжоннинг гапидан сЎнг хотини эсига тушди. Назарида у ҳамон даҳлиз бурчида бир қЎли пешбандини тутамлаган, бир қЎлида сув чЎмич, бақа қЎрқувдан қандай бақрайиб турган бЎлса, уям Ўша туришда тургандек эди. Бирдан юрагига ваҳм аралади. Боя унга таҳдид қилган, Ўлдираман, дегандек гап қилган эди. Уларнинг касалхонадан қайтишларини кутмай бу аёл Ўзини бир нарса қилиб қЎйса нима бЎлади, алҳазар, алҳазар. Холбек ҳамширага боладан хабардор бЎлишини тайинлади-ю уйга югургилади.
Телбаларча кЎчада юрди. Уйга етгунча довдираб, Ўзича сЎзланиб бораверди:
– Унга тегмаслик керак. У бегона эканлигини тушунтириб Ўтириш ҳам шарт эмас. Урмай-сЎкмай жавобини бериб юборавериш керак. Бошқа илож йЎқ, бошқа илож йЎқ. У Ўғлимга бегона, Ўзимга бегона, рЎзғоримга бегона. Бегона, бегона. У бечоранинг ҳам айби йЎқ. Чунки у шундай тарбия топган. Тузуклай рЎзғор ҳам кЎрмаган. Бола боқмаган, бегона….

ЎЗГА ҲОВЛИ ҲАВОСИ

Дилбарнинг бу ҳовлига келин бЎлиб тушганига эндигина уч ой бўлди. Лекин у ҳамон тортинчоқ, одамови. Худди ҳовлида ғивирлаб юрган чумолиларни босиб оладигандек, ҳадиксираб қадам ташлайди. Айниқса, қайнотасининг одати ғалати экан; ҳаммага лақаб тақаб чақиради. Қайнонасининг исми Тўтихол бЎлгани учун, “Тўтиқуш, ҳо Тўтиқуш, қаердасан?”деб йўқлаб қолади. Овсинини “Қумқайроқ, устарақайроқ”, дер экан. Сабабини овсинидан сўраган эди, лабларини буриб, “какбутта мен буларга қарши ўғлини қайраб турармишман”, деди норози оҳангда. Қайнисини тўрт Ўғилнинг отаси бЎлишига қарамай, “жўжа , жўжахурус” деб чақиради. Турмуш ўртоғи Абдурашидни “Танка, Замбарак” деб қолади .Ўғил бола бЎлишига қарамай , онасига кЎпгина “сир”ларни шипшиб қЎядиган қайнуканинг лақаби – Мужрим Раҳмон, Мужрик. “Мужрим, товуқларга сув бердингми, қЎйларни айлантириб кел, Мужрим.” Дастлаб Дилбар ҳам бу уканинг отлари Мужрим экан, деб хаёл қилган эди, кейинчалик билса, Обиджон деган яхшигина оти ҳам бор экан. Қизиғи, бундан ҳеч ким ажабланмайди.
Дилбар ҳам бу ҳолга кулибгина қЎя қолардию, лекин қайнотасининг Ўзига ҳам лақаб тақашини ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.
Бир куни маставанинг юзига кЎкат сепиш учун катта гулзорда Ўсган райҳонларнинг баргчаларидан териб олаётган эди, ошхона томондан гулдираган овоз эшитилди:
–Ўв Боғдагул, овқатингиз пишгунча, бизнинг ошқозонлар ҳам ҳилдираб кетади- ку ! БЎла қолмайсизми энди, мулойим супургига Ўхшаб ағдан – бақа бориб келавермай. – Келиннинг қошлари чимирилганини кЎриб, қЎшимча қилди, – хапа бЎмайсиз энди, бизнинг гаплар дангаланг!
Ана холос! Бир зумда Боғдагулнинг тарози палласини Мулойим супурги босди-кетди.
Қайнонаси сергапгина, хушчақчақ аёл. Бироқ аччиғи чиқса, юзингда кЎзинг борми, демай, гапни қамчи туширгандек, шарттиллатиб гапиравераркан.
Дастлабки кунларданоқ Мужрим билан адоватли чиқиб қолишди. Гарчандки рЎбару бЎлиб бир-бирларига аччиқ-тизиқ гаплар қилишмаган бЎлса-да, Ўртада қандайдир туманлик бор эди. Бу хушрЎйгина, кЎзлари чақноқ йигитча янгаларига паст назар билан қарар, баъзан уларнинг устидан кулиб, эрмаклаб Ўтиришни ҳам хуш кЎрарди. Қумқайроқ ичида зил кетсаям, ташида тиржайиб тураверарди .Лекин камситишлардан озорланган Дилбар йигитчани тез-тез қайириб ташларди.
У кунги кечки овқатни овсини уйларига кетгани учун бир Ўзи қилди. Қайнотасининг ошқозони “ҳилдираб” кетмаслиги учун, масаллиқларни шошилинч тайёрлади. Кечқурун катта хонтахта устига икки лаган манти сузиб келтирилди. Ҳамма “олинг-олинг” қилиб энди лаганга қЎл узатишган эди, қайнота қатиқ сЎради. Дилбар қЎзғалмоқчи бЎлган эди, қЎймади:
– Ўтираверинг, келинпошша, Мужрим олиб келади. Тур, Ўғлим, бир коса менга, бир коса Ўзларингга келтир.
Мужрим ҳурпайди. Бир зум сукут сақлаб, шашт билан Ўрнидан қЎзғалиб косаларда қатиқ келтириб, бирини отасининг, бирини Дилбарнинг олдига “тЎқ” этказиб қЎйди.
Дилбар қиймага тузни сал ортиқроқ солган, шекилли, овқатнинг тузи баландроқ бЎлган эди. Янги келин хижолат бЎлди. Энди қайнотага кесатиш учун мавзу топилди. “Бу дейман, Боғдагул, хаёлингизни Рашид танка судраб кетганмиди дейман, овқат бироз-а?..” Хайрият, у ҳеч нарса демади. Дилбарнинг назарида ҳамма иштаҳа билан овқатланаётгандек эди. Фақат Обиджонгина бир-икки қЎл узатиб, тумшайиб Ўтириб олди.
– Олинг, улгина, – деб, секингина илтифот қилди Дилбар.
– ТЎйдук, ахча қиворибсиз-ку! Кеннайим бир кун бЎлмаса, овқатниям бопларкансиз!
Тамом Дилбарнинг бЎлари бЎлди.
– Бекорларни айтибсан! — Қайнотанинг гулдироқ овози янгради.—Жа суробида бЎпти. Еб бЎлиб устидан муздеккина қатиқни симирворамиз, кейин кЎк чойни майдалаб Ўтирамиз. Ол, ҳи, емасанг, тЎйингда е, кЎрамиз ҳали сеники қанақа овқат қиларкан?!
Дилбарнинг гуноҳи бЎйнида, уялиб-қимтиниб идишларни йиғиштириб олди. Ювиб, жой-жойига тахлаётганди, қЎлида тЎрт дона тухум қайнона кирди:
– ҚЎшниларда ҳам андиша қолмаяпти. ТЎртта тухум палон пулга чиқипти.—Кеннайиси, шуни Обиджонга пишириб берсангиз, устига бир бошгина пиёзни майдалаб тЎғраворсангиз, ботаъмгина бЎлади.
– ЙЎқ, – деди Дилбар, -мен ахча қилвораман.
Қайнонасига биринчи марта гап қайтаргани учун “дув” қизарди, шошилиб Ўзини ташқарига олди.
Бугун ТЎтихол ая қандайдир ҳашамга отланаркан, келинларини чақириб, фармон берди:
– Латофатхон, сиз бу кеч ош қилинг. Унгача уйларни генерални уборка қилиб чиқинг. Дилбарой кир ювсинлар. Жа дастурхонларни шираю шарват босиб, таёқдек қотиб кетибди. Мусулмон одамнинг олдига ёзиб бЎлмайди. Нон бугунга етарли, эртага хамир қиларсизлар.
Дилбар кечаси билан оёқ-қЎли оғриб чиққани учун Ўзини лоҳас ҳис қилар, у билан ҳеч кимнинг иши бЎлмаса, кириб ётиб олгудек чоғи бор эди. Лекин буйруқ берилди, вазифа бажарилиши шарт. Келин кир ювадиган машина олдида уюлиб турган катта-катта дастурхонлар, кийим-кечакларни кўриб миясидаги оғриқ зЎрайгандек бЎлди. ҳафсаласизлик билан челакларни даранглатиб, сувга тушиб кетди.
“Кўз – қўрқоқ, қўл—ботир. Ҳозир бир зумда ювиб ташлайман”.
Лекин ювиш осон бЎлмади. Дилбар машинанинг дастасини қийинчилик билан айлантираркан, оғзи қуруқшаб, нафас олиши қийинлашарди. Назарида аъзойи бадани мисдек қизиб кетган эди.
Ювилган кирларни тоғораларга жойлади. Ахир уч рЎзғордан озмунча кир чиқармиди. Энди бирор киши ёрдам бермаса, Ўзига қийин бЎлишини Ўйлаб овсинининг олдига кирди.
– Чайишворардиму, була – акайиз кийимларимни срочна дазмоллаб қЎй, дегандилар. Эшиттийиз, уйларни қанақа қилиб қЎйишимни айтиб кетишди. Анав Мужрим Ўлгурга айтинг, ҳеч бЎлмаса сойноққача кЎтаришиб борсин, белингиз узилиб кетади-ку. Ана, ётибди бекорчиликдан...
“Фақат қайрашни билади бу қумқайроқ. Лекин қайралмайди. Болаларининг булғанган иштончасигача менга ювдирди, чайишга келганда баҳонаси кЎпайди.”
Супириб-сидириб, қоронғу қилинган уйда, дарҳақиқат, Обиджон ухлаб ётарди. Дастлаб уни ички кийимда ётганини Дилбар пайқамаган экан, кейин, юраги ёрилгудек бЎлиб ташқарига чиқди. Менинг укаларим андишали экан-да, ё алҳазар, деди .
Сойнинг суви муздек экан. Боя қизиб кетган Дилбар, энди совуқ қотиб, қалт-қалт титрай бошлади. Кирларни бураб сиқишга ҳечам қЎллари қовушмасди. Белида қаттиқ оғриқ туриб, кЎнгли беҳузур бЎла бошлади. Сойни оппоқ туман қоплаган. У беихтиёр қаддини ростлаб, чор тарафга аланглай бошлади. Яқин Ўртада ҳеч ким кЎринмасди. КЎринган билан бировга чайишворинг, деб илтимос қилиб бЎлмаса, йЎқ, бироз чидаса ҳаммаси бЎлади.
Дилбар бошидаги латта чамбарак устига зилдек тоғорани қЎйди. Белининг оғриғи бироз пайсал топганидан ажабланди. Лекин оёқлари сира Ўзига бЎйсунмасди. Худди маст одамдек гандираклаб эшик олдида тЎхтади. Машаққат билан бошидан тоғорани олди. Боя келтириб қЎйгани кир тЎла тоғорани ёнига бунисини ҳам қЎйди. “Бирортаси ёймаптиям, мен бу ёқда Ўлиб тириляпману. Ё Ўзим ҳам танбал бЎлиб қолганманми? ЙЎқ, ҳар ҳолда бизда бошқача эди. Кеннайим кир чайишга отланса, укаларим тоғораларни эшакка ортиб сойга тушириб беришарди. КЎпчилик бЎлиб сойда кир чайқардик, қандайдир завқли ҳам эди. Ишқилиб, бир уйда икки келин бЎлса, вазифалари бЎлиб берилар экан-да.”
– Латофат опа, кирларни чайиб келдим. Шуни ёйиб қЎйинг, негадир ҳаммаёғим зирқираб, мазам бЎлмай кетаяпти.
– Ошни ким қилади?
Шу пайт Латофат унинг кЎзига жуда хунук кЎриниб кетди. Жаҳли чиққанини сезди шекилли, Латофат минғиллади:
–Ҳа, қЎйиб қЎйинг, ажалмасдир, зирвакни қилиб ёйиб қЎярман.
Дилбар ичкарига кириб қалин кЎрпаларга Ўраниб ётди. Нима бало, ҳамма ёғи кесакдек музлаб қолганми, озгина бЎлса ҳам илиқлик сезмаяпти. Шу топда кЎз Ўнгига бувисининг қизиб турган сандали келди.
Абдурашид эшикдан ҳовлиқиб кирди, Дилбарга кЎзи тушиб остонада тЎхтади:
–Ия, ҳа жоним, маза йЎқми? – шошилинч кийимларини алмаштириб, диваннинг бир четига омонат Ўтирди. Хотинининг муздек пешонасига қайноқ кафтини қЎйди. – Иситма йЎғу, хозир футбол бошланади, – деди жЎшиб, – “Помир”-“Пахтакор”. Ишқивозлар аллақачон Тошканга жЎнаворишган. Биз ақаллан телевизордан кЎрайлик.
Абдурашид чиқиб кетгандан сЎнг кЎнгли ҳувиллаб қолгандек бЎлди.
Жиндек мизғиган эканми, қайнонасининг қаттиқ-қаттиқ сЎйланишидан, тоғораларнинг даранглашидан уйғониб кетди.
– Ҳалиям писсайиб битта ошни қотиролмай Ўтирибсизми? Болалар билан ишингиз йЎқ, кЎчада сарпойчанг чопиб юришибди, мен абедда кетувдим. Вой тавба, шЎлли болаларим, э туққандан кейин эплаб қарашни ҳам билиш керак-да. Бир кун ТЎтихол уйда бЎлмаса атрофни наҳс босади. – Кейинги айтилган гаплар Дилбарга қарата отилган Ўқ бЎлдики, у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетди:
– ТЎртта латтани дорга ташлаб қЎйишгаям иситма касалми? Оббо ҳозирги ёшларнинг муғомбирлиги...
– КЎп жаврадингиз-да апа, – Мужримнинг бепарволик билан берган дашноми онасига оғир ботди шекилли, баттар тутақди:
– Бола бЎлмай Ўл, сЎқим, акаларинг телевизордан кетмаса, сенгина Ўлгур уйқудан бЎшамасанг, келинларни аҳволи бу.
- КЎпроқ талтайтиринг келинларингизни, мен Рашид бЎлсам, лойга булаб урардим, нозима – нозимни...
Дилбар оғир ишдан ҳеч қачон оғринган эмас. Лекин ноҳақ айтилган гапни кЎтаролмайди. Жаҳлданми, совуқданми тишлари таккиллаб, Ўрнидан турди.
Пахтали нимчасини кийиб ташқарига чиқди.
Молхонанинг олдида бузоғи билан бир қозиққа боғланган сигир кавш қайтариб турарди. Овсини жониворнинг оёқларига тушов солиб, сигир соғишга Ўтирганди, сигир депсинди. “ХЎш-ш, жонивор, хЎш-ш-ш”, дея Латофат унинг сағрисини силаб аврай бошлади. Сигир тек туриб яна боягидек кавш қайтаришга тушди.
“Тавба, яхши гапни шу ҳайвон ҳам тушунади. Бузоғининг ризқидан қийиб, деярли ҳамма сутини соғиб олишаяптию бу бир оғиз “ҳЎш-ш” га ҳЎшшайиб турибди”.
Қайнона келинининг “яхши бориб келдингизми” деган саволини жавобсиз қолдирди.
– Қоронғу тушмасдан сувга югуринг, - деди дарғазаб бЎлиб, - уйда бир томчиям сув қолмабти. Биринг ош қилгансан, биринг иш, шу билан кунларинг соп бЎпди. БЎлмаса, иккита қамчиндай келин ҳамма ишларни тинчитиб, уйларни сувга тЎлғазиб ташламайдими? “Чак” этар сув йЎғ-а, пақирлар даранглаб ётибти. Санлага Обиджонга Ўхшаган қул ҳам керак . Сувларингни олиб келиб берса, шЎлли болам, яна ... Эй бЎлақонг сизам, – қичқирди Латофат томонга, – молни тагида кЎпам пайпасланавермай.
Дилбар икки челак сувни юқорига кЎтариб чиқди. Тепаликка чиққунча ҳансираб қолди, қЎлларига озроқ дам берди. Нафаси қисилиб кетиб, нимчасини тугмаларини ечди.
“Лаънати ангина ! Ойим олдириб ташла, деб қанча тавалло қилдилар. Ҳар гал қайта қЎзиганда, тавбамга таянаман. Тузалдим, дегунча барча азобларни унитаман”.
Иккита сирли челакни саланглатиб Латофат кЎринди .
– КЎрдингизми, – деди ён-атрофга бир аланглаб оларкан, – ТЎтиқушнинг сайрашини. Мени обу адо қилган бу жодугар. Ўн беш йилдан буён унинг заҳрини ютиб келаяпман. Лекин сиз бЎш келманг, асло сир берманг. Қаранг, касалмисан, Ўсалмисан, деб сЎраб ҳам Ўтирмайди, унга фақат қимирлаб турсангиз ҳисоб, чЎри деб Ўйлайдими келинни ...
Латофатнинг ҳасрат сандиғи ҳали-бери ёпилиши душворлигини билган Дилбар энсаси қотганини яширмай, челакларни кўтариб жўнади.
“Овсиним – ожиним, кўрсам келар ғижиним. Сиртдан қараганда бундай беозор, меҳнаткаш кимса йўқ. қайнонага, ҳарчандки ялтоқлангани билан аслида уни кЎрарга кЎзи, отишга милтиғи йўқ”.
ТЎтихол ая ошхонада овқат сузаяпти экан. Келинининг ранги бЎздек оқариб кетганини фаҳмлаб синчиклаб разм солди:
– Тобингиз қочтими?
– Ҳи ...
–Иссиққина ош еб, устидан қайноқ-қайноқ чой ичсангиз, терлаб ёзилиб кетасиз.
Лекин Дилбарнинг томоғидан ош тугул бир қулт сувнинг Ўтиши ҳам амри маҳол эди. Келин ошнинг хушбЎй ҳидидан секингина ютинганди, томоғи ачишганидан афтини бужмайтирди. қозон бошида Ўралашаётган болакайларни уйга олиб кирди. Обиджон ошхонанинг томини чангитиб супираётган эди, чанг уйга кирмасин деб дераза ва даричаларни ёпди .
– Обид, қаро шомда шипир-шипир қилма, пастга туш, ош суздик, ҳаммаёқ булқиб кетди-ку! Ҳовлини расво қилдинг .
– Ҳовлингиз азалдан ҳаром босган, шу келинларингиз бЎлса, шу аҳволда ишлашса, ҳамма ёқ ҳаром босади.
“Вой ҳалол-ей, томни эмас, юзингиздан андишани супириб ташлаган экансиз-ку! Тоғдан тош юмалатиб кептими, деб нақ Ўтакам ёрилди-я “.
Ҳарчанд “чопар” юборишмасин, Дилбар ошга бормади. Қанча ётганини билмайди. Кимдир оҳиста туртиб уйғотди :
–Алангаи оташ бЎлиб ёнаяпсиз-ку, Дилбарой, манг мана бу аспиринни ютворинг, тафтингизни олади. Қуйруқ мойига атала пишириб келдим. Қайноқ-қайноқ ичинг...
Қайнона жавраб-жавраб келинига ичкизди. Тахмондан кўрпа олиб чиқиб келинини яхшилаб ўраб қўйди:
– Ташна қолсангиз, мана бу термосдан қайноқ-қайноқ чой ҳЎпланг. Эрталабгача отдек бЎлиб кетасиз, – деди бЎшаган идишларни олиб чиқиб кетаркан.
Қайнона боягина номаъқул гапларни сўзлаган аёлга сираям ўхшамасди.
Иссиқ овқатнинг таъсириданми ёки қайнонасининг кутилмаган меҳрибончилигиданми, Дилбарнинг вужудига иссиқлик югуриб, кўнгли кўтарилди. Негадир кўзларига ёш қалқди.


Рукн: Наср | Қўшди: Davron (15.07.2012) | Муаллиф: Ҳуснинисо Аҳмедова
Кўрилди: 1106 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 хакпараст   (24.10.2012 23:40) [Материал]
Ижод оламида узини реклама килувчилар бугун купайиб кетди. Тошкентга кайси танишнинг олдига кирмай кучирмачи шоирларнинг китоблари катор турганини кураман.Хуснинисо Ахмудова эса рекламадан, уз-узини реклама килишдан жуда узок адиба.Олис кишлокда тирикчиликдан ортиб хикоялар ёзиб, хатто уларни китоб килишни уйлаб хам курмай яшайди. Унинг хикоялари самимий, хакикатпараст опанинг узи каби содда кишлок одамлари хаётини акс эттиради. Мана шунака ижод намуналари беринглар. Мен номер биринчи шоир ё ёзувчиман деганлар хали вакт тегирмонилдан бутун чикадими йукми, гумон. Аммо адиба Хуснинисо хкиоялари укувчи калбида яшайди.
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0