Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Қадр изламагин қадрсизлардан...
Мўминжон ЭРКАЕВ

*****
Ғанимат дунёда ғаним излама,
Осмондан пастроқ бўл, ердан баландроқ.
Совуқ сўзлар билан қалбни музлатма.
Ёмон ўйларингни оловларда ёқ.

Кимдандир қочасан, тоқатларинг тоқ,
Кимнингдир суҳбати дардингга малҳам.
Йўлнинг охирида ким сенга муштоқ,
Дўстларнинг тенг ярми дардингга беғам.

Дунё ўзи тўла надоматларга,
Куфрлик бўлмасин, нолаларни қўй.
Бу ҳаёт берилган бахтли яшашга,
Шу афкор ҳолингда ҳар кунингни суй.

Қадр изламагин қадрсизлардан,
Меҳрсиздан кутма ҳеч қачон шафқат.
Она дуосини олмаганларда,
Қайдан пайдо бўлсин элга муҳаббат.
2013 йил

Қизилпилол
Ўрикнинг гулида шеърнинг нафаси,
Майсалар шивири қўшиққа оҳанг.
Бойчечак—қирларнинг оҳу ноласи,
Бир дунё дард билан оқар Новатан .

Кетмон билан ернинг чеҳрасин очган-
Деҳқоннинг юзида нурнинг акси бор.
Тонгни ибодатда кутган аёлнинг
Таърифи шеър бўлар гўзал, бетакрор.

Бир ошиқ боладай югурар дарё,
Ҳузурбахш наволар олиб шамолдан.
Шу ҳислар қўйнида ўсган бир шоир
Чиқса-чиқибди-да Қизилпилолдан.
2013 йил

*****
Ҳовли ўртасида йиғлаган дарахт
Фарёдини юксалиб кўкка бўйланар.
Айланмайди дунёни кезиб,
Унинг атрофида дунё айланар.

Томирларин маҳкам ушлаган,
Она замин қўйиб юбормас.
Менинг каби қурбатлик сўраб,
Қаҳратонли жойларга бормас.

Ватанида чарчамас одам,
Ғарибликни яхши биламан.
Бутун умр ҳовлида ўсган,
Шу дарахтга ҳавас қиламан.
2013 йил
Дард чизиғи
Чоҳлар қазар душманинг бўлса,
Кўролмаса сени кўзлари.
Қулоғингга кирмаса сира
Ўйиб айтган заҳар сўзлари—
Сочинг оқармас эди.

Яшамоқнинг иложи бўлса,
Аблаҳлардан минг қадам нари.
Ё яшасанг улардан қочиб,
Хилватгоҳда валий сингари,
Гуноҳларинг камроқ бўларди.

Сиқилмасанг номардни кўриб,
Курагингни тешмаса тиғи.
Дард чизиғи дилни тилмаса,
Табассумдан кам бўлса йиғи.
Ажин босмас эди юзларинг.

ЛАЙЛАТУЛ-ҚАДР
Табиат ажойиб гуллади бу кеч,
Ҳар қадам гулларга тегиб кетасиз.
Бундай манзарани кўрганмисиз ҳеч,
Нилуфар гулидай кўкарар ялпиз.

Чучмомалар сизга салом беради,
Тунга чирой берар намозшомгуллар.
Кўзингиз дунёдан қувонч теради,
Муҳаббатдан жўшиб сайрар булбуллар.

Туғилгандай бўлиб онадан қайта,
О, ҳар кун кутгандай тонгни кутмайсиз.
Оллоҳга шукрона, такбирлар айта,
Бу тунни ҳеч қачон сиз унутмайсиз.

Ҳушингизни олар роҳатбахш чирой,
Армонлар яшамас тилагингизда.
Бахт куйин куйлайди оқаётган сой
Муҳаббатдан куйлаб юрагингизда.

Қайгадир йўқолар умидсизлик ҳам,
Энди сизга ғаним—қайғу бегона.
Шодликдан кўзингиз бўла бошлар нам,
Сиз амин бўласиз—Оллоҳ ягона.
1994 йил




Манбъа: http://www.facebook.com/munavvara.munavvara
Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (27.06.2013) | Муаллиф: Мўминжон Эркаев
Кўрилди: 880 | Шарҳлар: 5 | Рейтинг: 3.0/2

Шарҳлар: 5

0  
1 Musofir   (27.06.2013 15:37) [Материал]
Онадан янги туғилгандай содда, гўзал ва нафис шеърлар ! Омадингизни берсин !
0  
2 шоирмас   (27.06.2013 15:47) [Материал]
Ростдан хам самимийлик бор! Лекин, Одил Икром мақтаганидек жааа зўўўр эмаску....
0  
3 Musofir   (27.06.2013 15:57) [Материал]
Жааааа зўўўўўр бўлиши учун ҳали яшаш керак, ўсиш керак, ўқиш ўрганиш керак.Бу гап ҳаммамизга тегишли )))).  Одил Икромни мафтун қилган жиҳати шеърлардаги бокира туйғулар, оппоқ кўнгилнинг акс ойнаси менимча.
0  
4 Musofir   (27.06.2013 16:12) [Материал]
Янги туғилган чақалоқдан нон ёпиб беришни талаб қилолмаймиз-ку, шоирмас ака ))
0  
5 jurabek   (27.06.2013 16:25) [Материал]
Бу киши ҳам ёмон шоир эмас эканлар. Лекин негадир деярли бирорта сатрлари эсимда қолмади, чунки бадиий санъатлар зўрма-зўраки ишлатилгандек туюлди менга. Туйғуларни таёқ билан қўрага қамаб бўлмайди...
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0