Пайшанба, 19.09.2024, 12:44
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

БАҚҚОЛ, УНИНГ ТЎТИСИ ВА ТЎТИНИНГ ДЎКОНГА МОЙ ТЎКИБ ҚЎЙИШИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

Одил ИКРОМ таржимаси

Бор эди баққолу тилдон тўтиси,
Хушнаво, зангори, бийрон тўтиси.

Эрди ул ҳам кўз-қулоқ дўкон аро,
Барча савдогарга айлаб хуш наво.

Одамий лафз, нутқи ҳам буткул равон,
Тўтилардек куйламиш ул хушзабон.

Ўтди бир кун ул томон, бул ёнга тез,
Тўкди гулмой челагин туртиб шу кез.

Хожа қайтгач ўз уйидан хожадек
Сўнгра дўкон ичра турмиш лаҳза тек.

Кўрди: Дўкон – жиққа ёғ, ул бир маҳал,
Урди сўнг зарб бирла, бўлмиш тўти кал.

Қолди тилдан неча кун ул тўти жим,
Ўртаниб оҳ урди баққол бетиним.

«Ҳай, дариғ, тўсмиш қуёшим ул булут!»
Деб шу он юлмиш соқол, ўртаб вужуд:

«Кошки, қўл синсайди ул бир лаҳза, оҳ,
Хушзабоним боши кал бўлгунча то».

Кошки, қуш тил, сўзга кирса деб нуқул
Ҳадя бермиш учраган дарвишга ул.

Ўтди уч кун, ҳамда уч тун, кўнгли хит
Қолди дўкон ичра баққол ноумид.

Кошки, сўз айтсайди деб қуш, ҳар сафар
Кўрсатар кўп ҳайротомуз нарсалар.

Ўтди бир дарвиш ялангбош бир маҳал,
Боши тос янглиғ яланг, туксиз ва кал.

Тилга кирмиш улни қуш кўрган ҳамон,
Сўнгра ул дарвишга дер: «Ҳей, сен, фалон!

Не учун, эй, калсан, аё, кал, ҳойнаҳой,
Ёки сен ҳам шишадан тўкдингми мой?»

Тўти ўхшар дерди дарвиш ўзига,
Кулди ногоҳ барча қушнинг сўзига.

Қилмагин ҳеч ўзни поклардек қиёс,
Гарчи, ёзилганда «Шер», «шир» шакли мос.

Жумла олам шул сабаб – гумроҳмижоз,
Чунки, Ҳақ абдолидан билгувчи оз.

Ўзларин гоҳ анбиёдек билдилар,
Ўзни, ориф, авлиёдек билдилар.

Дердилар: «Биз ҳам улардек бир одам,
Ейди не, бўлгай раво бизларга ҳам».

Билмагай, лек, кўзи кўр ул бандалар,
Бул аро бордир тафовут қанчалар.

Бир чамандан ейди бир жуфт ори гар,
Қолдирар ул болу бул заққум заҳар.

Ейди бир хил майса, бир хил ичкилик,
Бир кийик гўнг қолдирар, мушк бир кийик.

Жуфт қамиш бир хил ичиб, озиқланар,
Бир қамиш бўм-бўш, бирин дейсан шакар.

Бундайин юз минг қиёслар бор қатор,
Лек, арода неча йиллар фарқи бор.

Ейди ул, ундан палидлик тарқалар,
Ейди бул, Ҳақ ёғдусин нурдек тарар.

Ейди ул, туққай ҳасад, кин доимо,
Ейди бул, Ҳақ ишқидан бўлгай бино.

Ул замин пок, бул замин шўр, бағри туз,
Ул малакдир, бул лаин шайтон ҳануз.

Ўхшагай ул икки суврат шакли ҳам,
Икки хил, лек, шўр-шириндир унда таъм.

Бил, фақат, завқ аҳли, гар кўргач татиб,
Бергай ул сув тотли, шўрин ажратиб.

Жоду ҳам тилсимни айлаб кўп қиёс,
Дейдилар, ҳар иккиси-чун ҳийла хос.

Жодугарлар ҳам билиб илмин расо,
Қўлга олмишлар Мусо янглиғ асо.

Бул асодан ул асо фарқлик, бироқ,
Бу амалдан ул амал-чун йўл йироқ.

Бул амал олгай Худонинг лаънатин,
Ул амал олгай Худонинг раҳматин.

Эрди бир маймунмижоз кофир қавм,
Қалбга ёғгай таъбидан офат азим.

Неки одам қилса, маймун ҳам қилар,
Кўрса не Одамда, ул ҳар дам қилар.

Ул гумон айлайди: Одамдек қилар,
Фарқни, лек, маймунсифат қайдан билар?

Ул амрдан, бул хусуматдан қилар,
Айла даф, ким ул ғараздан қилса гар.

Ул мувофиқ ҳам мунофиқ – ҳамнамоз,
Ул, фақат, тақлид қилар, қилмас ниёз.8

Ҳам намоз, ҳам рўза ҳам ҳажлар, закот
Бирла ул мўъмин, мунофиқ айри, ёт.

Оқибат, мўъминда қўл келгай баланд,
Охират дам ул мунофиқ ҳоли танг.

Ҳар иков бир хил амал қилгай, бироқ,
Бир-бировдан Марву Рай янглиғ йироқ.

Ҳар иков боргай мақомин ахтариб,
Ҳар иков боргувчи, номин ахтариб.

Улни ким мўъмин деса, яйрайди ул,
Гар мунофиқ деса ким, қақшайди ул.

Улда ном маҳбубдир ул Ҳақ зотидан,
Булда ном манфурдир ул офотидан.

Гарчи, ул «мим», «вов»у, «мим», «нун» - жўн садо,
Бебаҳодир, бўлса гар «мўъмин»га жо.

Гар мунофиқ деса ким пасткаш кишин,
Ул чаёндай жонга санчар ўз нишин.

Гар қилар бўлса бу ном дўзахдан ор,
Унда не боис жаҳаннам таъми бор?

Ном ямондир гар, сабаб ул сўздамас,
Сув агар шўр бўлса, айбдор кўзамас.

Кўза – сўз, ул маъни сувдир беҳисоб,
Маънидир ул «индаҳу Уммул Китоб».

Шўр, ширин уммони бордир бул жаҳон,
Ул ародир «Барзахун ла яғбиён».

Бил, улар ҳар иккисин ўз асли – чин,
Англа аслин, сен синаб ҳар иккисин.

Ўлчасанг соф, сохта зар вазнин мудом,
Бил, маҳактош ажратар қадрин мудом.

Ҳар тирик жонларга Ҳақ бергай маҳак,
Ажралар не унда Ҳақ, не шубҳа-шак.

Тушса қай бўғз ичра гар бир хору хас,
Токи, олинмайди хас, ул тинчимас.

Неча минглаб луқмалардан, унга ёт
Хасни ҳис айлар тирик жон шул заҳот.

Олам англаш бул жаҳон норвонидир,
Динни англаш осмон норвонидир.

Бул шифосин сиз табибдан ахтаринг,
Ул шифосин сиз ҳабибдан ахтаринг.

Бўлса соғ бул ҳис, фаровондир бадан,
Бўлса соғ ул туйғу, вайрондир бадан.

Гар танин жон йўли барбод айлагай,
Қайтадан вайронни обод айлагай.

Ганжу зар деб хонасин барбод қилар,
Ганж-ла ундан кўркли ҳам обод қилар.

Сув йўлин тўсгач, ариқлар қазди ул,
Сўнгра пок сувдан ариқ тўлғазди ул.

Олди тортиб ўқни, эт бўлгач майиб,
Янги эт битмиш, жароҳат тарқалиб.

Қалъалар бузгай, улар ёвдан йироқ,
Қайтадан қургай уни бошдан-аёқ.

Ҳақ ишин, Ҳақ ҳолатин англайди ким?
Бул зарурдир, ушбу дам айтганларим.

Фарқ қилар гоҳ улу, гоҳ булдин иши,
Бил, фақат, ҳайратга солмоқ – дин иши.

Кимки ҳайрондир – нигорон талъати,
Fарқу маст айлар уни Дўст ҳайрати.

Дўстининг дийдорига тўймайди ул,
Ўзни кўргай, ўзгасин кўрмайди ул.

Ташлагин ҳар юзга сен бир-бир назар,
Юз таниш-чун бул юмуш бергай самар.

Одамий сувратда Иблис бунда мўл,
Чўзмагил бекор улар томонга қўл.

Чунки, сайёд ҳуштагин ногоҳ чалар,
Барча қушлар ул садодан алданар.

Тинглагач ҳамжинси овозин улар,
Пастланиб, ул дам тузоқ, тўрга тушар.

Ул тубан дарвиш сўзин ғорат қилар,
Сеҳридан сўнг алданар ул соддалар.

Мард одам бўлгай мудом равшанназар,
Ким тубан, қилгай макр, қилмай ҳазар.

Кийса шер юнгин гадоликдан агар,
Бу Мусайлам номин ул Аҳмад атар.

Бул Мусайлам-чун лақаб «каззоб»дир,
Ул Муҳаммад, бил, «улул албоб»дир.

Ҳақ шаробин сўнги бўлгай хуш атр,
Боданинг ости азоб, кир, қуйқадир.
(давоми бор)


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (27.06.2013) | Муаллиф: Жалолиддин Румий, Одил Икром тарж.
Кўрилди: 891 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 1

0  
1 jurabek   (28.06.2013 18:10) [Материал]
Одил оғанинг бошқа икки-уч "Маснавий" таржимонларига қараганда ютуқлари - имкон қадар кўпроқ сўзларни ўзбекчалаштирганлар ва содда, равон, тушунарли. Ваҳоланки, баъзи таржимонлар кўп ўринларда фақат қўшимчаларни ўзбекчалаштириб, сўзларни асл ҳолида - форсча келтирганлар. Биз энг маъқул таржиманинг давомини кутяпмиз. Уни сўнгигача мана шундай аниқ ва равон ўгиришда Одил Икромга Оллоҳ мададкор бўлсин!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0