Пайшанба, 19.09.2024, 12:44
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Бироқ, танимайман ўзимни ўзим.
Одил ИКРОМ

Мен келдим ўзимни ўлдирган жойга,
Ой – гувоҳ, мен бунда топганман тўзим.
Раҳмат, дейман мени таниган ойга,
Бироқ, танимайман ўзимни ўзим.
Хаёл етаклайди қарғаб ва алдаб,
Хаёлга ит каби эргашаман жим.
Мен келдим ўзимни ит каби ҳайдаб,
Бироқ, ҳайдаламан ўзимдан ўзим.
Кетарман, қўлимдан тутмайди хаёл,
Кетарман, йўлларни кўрмайди кўзим.
Менга хотиралар келмоқда малол,
Мен қайтиб келмасман ўзимга ўзим.
Қолса осмон қолар, қолса ер қолар,
Сенинг нигоҳингда қолмасман бошқа.
Қолса никоҳингда битта эр қолар,
Ой қолар – мен олиб кетмаган бошдай.

***

Тоқат қил…
Оғир бўл, дардни эмиздинг,
Озурда хаёлдай кетмагин тўзиб.
Ризқимиздай синган бардошимизнинг
Ерда изи қолар, осмонда ўзи.
Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли,
Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.
Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб,
Сайраса сайрабди ўша қалдирғоч…
Кунларни санайсан ақлдан озиб,
Тундошингга дўнар ёлғиз ирода.
Ахир, тариқатдан, тоқатдан ошиб,
Тош бўлиб тўкилдим ўшал Минога.
Қобиғидан чиқиб кетади чўнг дил.
Мунаққаш чўққилар бермаганда панд.
Кўзларинг ёшига чўкмаган кўнгил, –
Отанг ётган уйнинг томидай баланд.
Барча фарёдингни ютасан ичга,
Бунча ардоқладинг ҳижронни, ғамни.
Гургзода дунёда бўрилар ичра
Шу пайтгача тирик юрганинг камми?!..
Топилар ўртанган армонларга ном,
Бир умр гумонда қолмассан мангу.
Бағримда офатлар олмоқда ором,
Кўриб қўй, мен тоқат қилаяпман-ку.

***

Нигоҳларим қайрилган тиғдай
Қароғингга тўқинди беэрк.
Қайтиб кетдим кўзингга сиғмай,
Остонадан ҳайдалган итдек.
Мен қўрқмайман энди ўлимдан,
Тирикликдан қўрқаман, бироқ.
Хаёлларим тирик кўмилган
Таним – ойдан ўғирланган хок.
Қанотлари қайрилган армон
Юрагимга суйкалар беҳуш.
Баданимда типирчилар жон, –
Кучукка дуч келган каби қуш.
Жон – капалак, осмонингдан туш,
Жон, капалак, йиғлама, йитма.
Мен ўшаман – ўзинг билган қуш,
Ўзинг билган мен ўша итман.
… Оҳ, ёшларинг сочилар тим-тим,
Буёғини пешонангдан кўр.
Битта бошга – минг битта ўлим,
Битта бошга – биттагина гўр.

НИЯТ

Қўрқма, азоб берса агар ит талаб
Ёки хафа қилса дўстинг, душманинг.
Тўкилган ёшингни битта- битталаб
Териб олар, фақат, умид қушлари.

Қўрқма, ёмон кўрса сени ўзгалар,
Қандай яралгансан – яшайсан шундай.
Фақат, ўтинаман, очма сўзга лаб,
Сен менга жуда ҳам яқинсан тундай.

Қўрқма, кўнгилнинг тор йўлакларига
Хазондай сочилса иғволар тоши.
Улғаяр нафратнинг йўргакларида
Фақат, ишқ, фақат ишқ – юрак фарроши.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (29.06.2013) | Муаллиф: "Ҳафта ижодкори" Одил Икром
Кўрилди: 903 | Шарҳлар: 4 | Теглар: Одил Икром | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 4

0  
1 Аъзам   (01.07.2013 09:46) [Материал]
Шеър мухлисларига қуйма мисралардан иборат шеър ёмғирининг ёғиши муборак. Анчадан буён шеър ўқиб бунчалик завқланмаган эдим. Одилжон ака шеърларидаги сўзнинг ортиқча бўёқларсиз ўз меъёрида сайқалланиши менга жуда ёқди. Сўнгги шеърдаги охирги мисраларга эътибор беринг - "Фақат, ишқ, фақат ишқ – юрак фарроши". Ишқ инсонни ўзгартириб юборишини биламиз, кўрганмиз. Лекин ишқни юракни ҳар қандай чанг ва ғуборлардан тозаловчи фаррош тарзида тасвирланиши яхши топилган. Шоир шеърларида оҳорий тасвирлар. ўхшатишлар, рамзлар бир талай. Махсус тайёргарлик кўрмаган ўқувчи ҳам бирдай завқ ола олади.
0  
2 Rahimjon   (01.07.2013 10:33) [Материал]
Одил Икром шеърлари ўқувчини тобора ўзига ошно қиладиган шеърият! Ўз мухлисларини дарров арқонига боғлайди-я!
0  
3 Musofir   (01.07.2013 23:46) [Материал]
Ayniqsa " Niyat" ga maza qildim. Ohori to'kilmagan niyat e'kan...
0  
4 додҳо   (18.07.2013 02:44) [Материал]
Шеър ҳам кайфиятга қараб ўзгариб турар эканда. Шоирнинг "Тоқат қил" шеъридаги мана бу мисраларга эътибор беринг: "Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли, Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб йиғласа йиғлабди битта  малласоч.Кунларни санайсан ақлдан озиб, Тундошингга дўнар ёлғиз ирода. Ахир, тўққиз қават тоқатдан ошиб, Етдим бинафшаранг ўшал бинога". Менимча .шу биринчи вариант чиройли чиққан. Умуман,Одил Икром шеърияти ҳақида бир оғиз сўз. Маҳорат гўзал. Аммо Малоҳат...Шоирлик касбга айланса Маҳорат кучаяди. Муҳаббат чулғанса  Шеър гўзал малакка айланади.Қуруқ маҳорат билан ёзилган шеърлар камалакка ўхшайди.Валлоҳу аълам!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0