Пайшанба, 19.09.2024, 22:14
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

БИЗГА ЁТ ДИЛЛАРДАН ИЗЛАДИК ВАТАН...
Улуғбек АШУРОВ
1968 йил 18 июнда Ленинобод области, Исфара районининг Офтобрўй қишлоғида туғилган. 1975-85 йиллар шу қишлоқдаги мактабда ўқиган. 1988-91 йиллар Мирзо Турсунзода номидаги Конибодом педагогика билим юртида, кейинроқ ХДУнинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1991 йилдан бошлаб Офтобрўйдаги ўрта мактабда ўқитувчилик қилмоқда. Шоирнинг "Офтобрўй фарзанди" (2008) "Ғўзлон чашмалари" (2009) шеърий тўпламлари чопдан чиққан.


ОНАМ ХОТИРАСИГА

Кимдан оз яшадинг, кимдан зиёда,
Гоҳи севинч тўлди, гоҳ қалбга фиғон.
Руҳи покинг қайтиб келмас дунёга,
Мендан ғариб борми энди Онажон?!

Қабринг тепасида эгилса бошим,
Кўзларимдан ёшмас, қуйилар армон.
Энди йигитликка етганда ёшим,
Мендан ғариб борми энди Онажон?!

Яқинларинг оҳу ноласи битди,
Фақат бир умрга мен қолдим гирён.
Етимлик қалбимни тимдалаб ўтди,
Мендан ғариб борми энди Онажон?!

Отам хотирига ёзганимда шеър,
Кўп азоб чекди деб қилардинг гумон.
Сўнгги илҳомимни олиб кетди ер,
Мендан ғариб борми энди Онажон?!

* * *
Нолам ётар чўлларда,
Итлар ҳурган йўлларда.
Нетай бахтсиз сорбонман,
Йўлда қолган карвонман.

Тунлар итлар ҳуради,
Қашқирлар от суради.
От сурмаган бир жонман,
Битмай қолган армонман.

Кечир ўзинг яратган,
Бахтга интиқ қаратган.
Букун пойингда хорман,
Бир бор меҳрингга зорман.

Йўллардаги карвонлар,
Сафардаги инсонлар,
Қамишзорларда хорман,
Меҳр кутган баҳорман.


Толе

Сенинг йўқ меҳрингдан изладим имдод,
Армонларим қолди остоналарда.
Шу ҳиссиз қалбингдан сўрадим нажот,
Толемиз йўқ экан пешоналарда.

Сенинг дунёларинг ўзга бир дунё,
Менинг қалбим аро ўзга бир оташ.
Менинг армонларим сенингча рўё,
Сенинг орзуларинг ўзгача яшаш.

Бир-бирга бегона икки соҳилмиз,
Кўникмоқдан ўзга чора йўқ ахир.
Ўртада оқмоқда бекор умримиз,
Нетайлик шу экан бу ғариб тақдир.

* * *

Бир-бирдан воз кечдик, тутмадик аза,
Дилларда ишқ эмас қолди бир фиғон.
Муҳаббат йўлларин тўсди дарвоза,
Бизга очилмоғи энди даргумон.

Сен ўзга, мен ўзга сўқмоқлар аро,
Туртина-суртина йўл олдик ҳар ён.
Сўқмоқлар кўҳнадир, кўҳнадир дунё,
Бизни ҳам лол этди кўплардек ҳайрон.

Ҳайрат билан кимлар этагин тутдик,
Тақдирнинг ҳукмига сўзсиз бериб тан.
Ненидир ютқазиб, ненидир ютдик,
Бизга ёт диллардан изладик Ватан.

Мен маскан айлаган гўша чордевор,
Лекин кошонани қўмсамас кўнглим.
У жуда олисдир, лекин ба ҳар ҳол,
Ўша ошиённи унутмас кўнглим.

* * *

Энди бизга олисдир йўллар,
Энди бизга бегона висол.
Энди титраб кўришмас қўллар,
Энди умид -ширин бир хаёл.

Йўлларингга интизор боққан,
Сени севган кўзлар кўр энди.
Бир вақтлар дилингни ёққан
Ёлғиз юрак кимга зор энди.

Ҳайқиролмам, унларим сўнган,
Юролмасман оёқларим шол
Бу дилимни айрилиқ йўнган,
Тузалмагай,, қайтмаску висол.

Бизлар энди тирик мурдамиз,
Ўлолмасмиз тирилиш маҳол.
Фақатгина бир хотирамиз
Тирик қолар жоним эҳтимол.

Хотиралар қийнаса сени,
Тақдирингга ўқима лаънат.
Ёдларингга тушсам гар, мени
Сукут сақлаб эслагин фақат.

Фақат сендан ёлғиз илтимос,
Юрагимнинг битмас армони.
Тушларимга кириб турсанг бас,
Мен туш дебон яшай дунёни...


Рукн: Шеърият | Қўшди: gayrat95 (24.12.2012) | Муаллиф: УЛУҒБЕК АШУРОВ.
Кўрилди: 888 | Шарҳлар: 2 | Рейтинг: 5.0/1

Шарҳлар: 2

0  
1 Davron   (25.12.2012 14:09) [Материал]
Ажойиб шеърлар учун рахмат! gayrat95 бизда сизнинг эмаилингиз йук экан. Имкон булса davron.hotam@gmail.com га ёзиб юборсангиз
0  
2 хакпараст   (26.12.2012 00:25) [Материал]
ажойиб! Улугбек,табриклаймиз. Факат китобларингизни бир жунатинг. укийлик
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0