Пайшанба, 19.09.2024, 12:46
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Бизнинг орамизда нима қолди айт?
Одил ИКРОМ

Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Юраклар – таланган маъводай юпун.
Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,
Орамиздан ўтар Худо урган тун.
Баъзида, юракни кўмар нолага,
Юраклар оралаб ўтган ер изи.
Баъзида, осмон ҳам тушар орага:
Зарҳал ҳарф битилган чўчқа териси.
Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,
Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.
Сенсиз ўтаётган менинг кунларим
Менинг гуноҳимдан ўтмайди, холос.
Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,
Биз бевақт қартайган норасидамиз.
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..

***

Кўзингда бир калом тентирар унсиз,
Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.
Ахир, мен – кафанга ўралган бир ҳис,
Кўзларинг оқига чулғанган мардум.
Ахир, мен – заминда яшаган осмон,
Ахир, мен – осмонга етмаган овоз.
Ахир, бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,
Ахир, бу дунёнинг ёлғонлиги – рост.
Ахир, бу дунёда мен бошқа дунё,
Меники эмас бу ўткинчи кадар.
Ахир, мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,
Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.
Жисмимни киннадай ёриб кирган жон
Чақирганим билан чиқмас бир муддат.
Ёлворганим билан ёришмайди тонг,
Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.
Айтсанг-да – айтмасанг кетарман тўзиб,
Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.
Ахир, мен – дунёга ўтмаган сўзинг,
Ахир, мен – дунёдан ўтаётган сўз…

** *
Хазонрез боғларда жилмаяди куз,
Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.
Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,
Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.
Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,
Қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари,
Соғинчдан қабариб кетар юрагим,
Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.
Аммо, кетолмасман ғурбатдан қочиб,
Қайси бир турбатда тентирар танам.
Сен билан тирикдир саркаш қувончим,
Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.
Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,
Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.
Фақатгина, сенинг нафасинг уйғоқ,
Фақатгина, сенинг соғинчинг бедор.
Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,
У – ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.
Мен жон аччиғида титрайман, юрак –
Заққум дарахтининг япроғи…

***

Ўйласам юракни ваҳима босар,
Ўйлар жуда оғир, жуда ҳам оғир.
Кетсам, қисматимга қаро қор ёғар,
Қолсам, юрагимга ёғмоқда ёмғир.
На тўхтар на йўлга бошлайди тана,
Руҳим ҳам негадир на шод на ғамгин.
Қолсам уволингга қоламан яна,
Кетсам, саволингда қоламан тағин.
Нечун олқаганча оҳ-зорларингни,
Маломат ёғилар билмасдан тиним?
Нечун мен суяман озорларингни,
Нечун мен суяман, суймайди жиним?..
Мени тушунмади бу ерда ҳеч ким,
Мен ҳам англамадим ҳеч кимни, аммо,
Қолсам, нечун шайтон ҳиринглайди жим,
Кетай десам, нечун йўл бермас Худо?...


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (28.06.2013) | Муаллиф: "Ҳафта ижодкори" Одил Икром
Кўрилди: 917 | Шарҳлар: 3 | Теглар: Одил Икром | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 3

0  
1 mezbon   (30.06.2013 08:44) [Материал]
Жуда хам кучли шеърлар! Рахмат Одилжон Икром! Лекин, "Орамиздан ўтар Худо урган тун" каби мисраларингиз сал эриш туюляптида.
0  
3 додҳо   (18.07.2013 02:48) [Материал]
Яхшилаб қаранг, эришгина эмас, ғашга тегадиган шеър ясаш ҳам кўзга ташланади. "Қуёшни узоқдан сев!"
0  
2 Samandar   (01.07.2013 14:17) [Материал]
Юраклар – таланган маъводай юпун. 
яхши ўхшатиш
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0