Пайшанба, 19.09.2024, 22:07
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

ҲИММАТГА ҚАСИДА
Абдували БЕКМУҲАММАД 1948 йилда Ғончи ноҳиясининг Иторчи қишлоғида туғилган. Хужанд давлат дорилфунуни ўзбек филологияси факултетини тамомлаган.
Иш фаолиятини ноҳия газетасида таржимонликдан бошлаган. 1994-96 йилларда «Ленинобод ҳақиқати» (ҳозирги «Суғд ҳақиқати») рўзномасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган. 2009 йилдан «Суғд ёғдуси» ойномаси бош муҳаррири ўринбосари бўлиб хизмат қилган.
«Кўнгил», «Иторчинома», «Эзгуликнинг турноқлари», «Кўзларим дарёси», «Кунботар фарёди» китоблари муаллифи.
Ҳозирги пайтда «Шарқнома» журнали бош муҳаррири. Тожикистон маъорифи аълочиси, Тожикистон маъданияти аълочиси, Тожикистон журналистлар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.

ҲИММАТГА ҚАСИДА
Чумолидай фақат инга тортган каслар,
Сармояси тоғдай, аммо зиқна, пастлар,
Кар қулоқни йиртиб кирсин шундай саслар:
Бу дунёда қолса ёлғиз ҳиммат қолур,
У бир гавҳар, нархи тушмас-қиммат қолур.

Ҳиммат туғи ҳилпираса юрагида,
Демак, билинг, яхшилик бор тилагида!
Муҳтожларга қўлин чўзгай керагида,
Бу дунёда қолса ёлғиз ҳиммат қолур,
У бир гавҳар, нархи тушмас-ҳиммат қолур.

Кафтларида олов ташир совуқ келса,
Жони қалқон дўстга хатар ёвуқ келса,
Ажабланманг, умри тафтга тўлуқ келса,
Бу дунёда қолса ёлғиз ҳиммат қолур,
У бир гавҳар, нархи тушмас-қиммат қолур.

Ҳиммати йўқ подишоҳдан гадо яхши,
Эзгуликка моли, жони фидо яхши,
Саховат бўй таратган ер, само яхши,
Бу дунёда қолса ёлғиз ҳиммат қолур,
У бир гавҳар, нархи тушмас-қиммат қолур.

Вақт бешафқат-на боғинг, на томинг мангу,
На кундузинг ва на қаро шоминг мангу,
Авлодларга ибрат-яхши номинг мангу,
Бу дунёда қолса ёлғиз ҳиммат қолур,
У бир гавҳар, нархи тушмас-қиммат қолур.
Ҳимматлигим, ҳимматингдан айланайин,
Ноёблигинг-қимматингдан айланайин,
Ёниб турган ҳикматингдан айланайин,
Бу дунёда қолса ёлғиз ҳиммат қолур,
У бир гавҳар, нархи тушмас – қиммат қолур!

Сўз таърифида
Кунни латта-путта, хасга ўрама,
Сўзни пардалама, Сўзни бурама,
«Нега?» лаб сен мендан ҳадеб сўрама,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил донодир.

Сўз-Қуёш, чарақлаб, ловуллаб, турсин,
Сўз-Дарё , шарқираб, шовуллаб турсин,
Сўзпараст дунёни Сўз қўллаб турсин,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил дунёдир.

Сўз деб кундуз манам, Сўз деб кечаман,
Сўз деб муқим манам, Сўз деб кўчаман,
Сўзнинг қанотида кўкка учаман,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил самодир.

Сўзда «бир» дедингми, «икки» билинсин,
Жароҳатинг битсин, яранг силинсин,
Сўзлар яхшиликка аскар қилинсин,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил фидодир.

Гул билан илдиздош гул Сўзларни топ,
Адашган кимсага йўл Сўзларни топ.
Ранги, таровати мўл Сўзларни топ,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил гадодир.

Сўзи ва амали айрудан қайтгил,
Сўззорда курмакдан-ғайридан қайтгил,
Ростни айтмоқ-қийин, барибир айтгил,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил нидодир.

Сўз билан бошингдан ғамлар арисин,
Сев Сўзнинг мардини, Сўзнинг парисин,
Сўзлар қаримасин, Вали қарисин,
Кўнгилдан сўрагил, Кўнгил худодир!

ИСТАРАВШАН
Бобом, момом десам, узоқ-узоқдан
«Истаравшан» деган нидо келади.

Соя-салқин юртлар ўтар ёдимдан,
Бу юрт барчасидан аъло келади.

Тўрт фасл минг рангда зоҳир макон бу,
Ҳар рангда бир ҳикмат-маъно келади.

Қирларига кўчган дунё гулзори,
Боғларига оппоқ сафо келади.

Ёзлари қайноқдир, иссиғин сўкма,
Тоғидан дилкушо ҳаво келади.

Ларзон шохаларда тўкин куз акси,
Бозорга куз кўчиб гўё келади.

Иккидан бирови тижоратийдир,
Чин, Эрон… саф тортиб дунё келади.

Олиму орифин санаб етмадим
Ҳар гузардан минг-минг доно келади.

Мушоира қилур гулойлар: Анбар,
Дилшод – Барно, биздан Раъно келади.

Султон, Жамшид, Валий-туркигўй, лекин –
Шеърларидан форсий садо келади.
***
Тунпараст шабпарак кундузни сотар,
Қуёшни – шу олам афрузни сотар.

Хушбўйни не билсин тўнғиз мижозлар,
Райҳонни сотишар, ялпизни сотар.

Ерни ҳали тузук билганимиз йўқ,
Ерликлар лоф уриб юлдузни сотар.

Манфаат ўлсин-ей, манфаат қурсин,
Шоирлар маддоҳи ҳақ Сўзни сотар.

Гадонинг душмани гадолиги рост,
Ёзни – қиш, қиз – баҳор, чол – кузни сотар.

Нокас, ножинсларга очма дастурхон,
Тузлуғингни булғаб, сўнг тузни сотар.

Гоҳ ожиз ҳақиқат тўҳмат олдида,
Игналар бирлашиб нумдузни сотар.

Ҳайрият ўртада бурун бор, йўқса –
Чап кўзинг зум ўтмай ўнг кўзни сотар.

Валибек, билиб бос ҳар бир қадамни,
Юзсизлар сендек юз пок юзни сотар!

***
Оппоқ деганларинг мағзи қародир,
Бу ҳолдан бечора кўнглим яродир,
Бу не кўргуликдир, бу не балодир,
Ҳислар тўлқинида оқиб яшайман,
Бахт деган ниқобни тақиб яшайман.

Суратим ўзгадир, сийратим бўлак,
Изҳорим ўзгадир, фикратим бўлак.
Гоҳо муқаллидман, фитратим бўлак,
Ҳислар тўлқинида оқиб яшайман,
Бахт деган ниқобни тақиб яшайман.

Яшамоқ нимадир, кун кўрмоқ нима,
Ўткинчи дунёда жон ғамин ема,
Вужудинг уммонда омонат кема,
Ҳислар тўлқинида оқиб яшайман,
Бахт деган ниқобни тақиб яшайман.

Кўрдим дема ахир, кўрганинг ҳеч-ку,
Кеча туғилгандинг. Бугун-чи? Кеч-ку.
Вақт умринг ёқувчи шафқатсиз печ-ку,
Ўзимни шу печда ёқиб яшайман!
Бахт деган ёлғонни тақиб яшайман!


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (10.07.2012) | Муаллиф: Абдували Бекмуҳаммад
Кўрилди: 1098 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 хакпараст   (24.12.2012 00:23) [Материал]
магзи карларнинг бари кародир.каро деганлари вали булодир. шеъридан форсий садомас, гинг-гинг яро келодир. мактабада ишламай маориф аълочиси хам булиш мумкин эканда, валибой!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0