Пайшанба, 19.09.2024, 22:15
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

Янги гап
Одил ИКРОМ таржимаси

Сайидали МАЪМУР
Тожикистон халқ шоири

ЯНГИ ГАП

Янги гап айт, янги гапнинг завқи ўзгача.
Фаррухий.

Айтилмаган гаплар кўпдир дунёда,
Босиб ўтилмаган йўл бор, манзил бор.
Қачонгача эски гапларни айтиб,
Эски йўллар узра тентирайсан зор.

Шоир қалби ўтли вулқон сингари,
Ўти, алангаси билмагай ҳудуд.
Қалбинг қайноқ эмас, совуқдир бари,
Тоғлар тошидай жим сақлайди сукут.

Тириклик бепоён денгиздир жўшқин,
Бир зум ором олмас, бунинг устига.
Кўксинг ичра туғён тинган, ашъоринг
Қайиғи лиқ тўла эски-тускига.

Айтилмаган гаплар кўпдир дунёда,
Кўпдир топилмаган ганжу жавоҳир.
Ҳали айтилмаган сўзларни айтиб,
Сен пинҳон хазина ахтаргил, шоир.

Шеъринг сабоқ бўлсин, ҳар бир бўғинни
Мустаҳкам қолипга жойлагин бир-бир.
Эски қолипларни синдириб, бузиб,
Ўзинг сўз мактабин яратгин, шоир!

Жонга тегиб кетди эски нарсалар,
Дилда янги сўзлар саф тортсин қатор.
Ахир, янги сўзда бордир ҳарорат,
Ўша ҳароратнинг ҳаловати бор.

ҲАҚҚУШ

Қурбақалар сайрамоқда,
Аҳён-аҳён Ҳаққуш ҳам…
Суҳроб Сипеҳрий.

Ҳаққуш, куйингга зор, беморман букун,
Қурбақа сайрайди билмасдан тиним.
Товушинг бунча паст?!
Ўртаниб ёнар,
Жонбахш овозингдан айрилган дилим.

Ҳаққуш, ҳақиқат йўқ, ҳовуз булғаган
Сассиқ қурбақага булоқда не бор?!..
Овозингни бўғиб, шовқин солган ул
Қурбақабоқарлар айлади безор.

Ҳаққуш, қурбақалар садоси ўчсин,
Баланд овоз билан чақирганингда.
Fамгин юракларни ғамдан қутқариб,
Олис кетма бир зум яқинларингдан…

КЎЗГУ

Кўзгудай ўзни кўз-кўз айламак одатим йўқдир…
Фоний Кашмирий.

Юрагимда улкан кўзгу бор,
Юзида йўқ ғубор, чанг ва кир.
Бу жаҳонда поклик менга фарз,
То нопоклик умри мангудир.

Ярақлаган кўнглим бор, бироқ,
Ичқоралар берганда озор.
Кўрсатмасман ўзимни беғам,
Сабр-тоқат менга бўлгай ёр.

Гарчанд, қолдим поклигим боис,
Нопоклардан таъзиримни еб.
Йўлда ётган тошни кўтардим,
Йўловчилар қоқилмасин деб.

Доғ ахтарар кўзи ғилайлар,
Лекин, кўзгу – шаффоф, кўнглим тўқ.
Сен кўзгумнинг кўнглига боққил,
Кин, ҳасаддан унда бир доғ йўқ.

Қалбим улкан кўзгудир, аммо,
Мақтанишга тоқатим йўқдир.
Дўстлар акси кўринар, ўзни
Кўз-кўз қилиш одатим йўқдир.

ИККИ БЎЛАК ОЛМА

Мен сен билан, сен мен билан
Бирга эдик, бир тан-жон.
Сен мендан, мен сендан бир зум
Айрилмасдик ҳеч қачон.

Ҳеч ким у кун мену сенинг
Фарқимизга бормаган.
Ўхшар эдик биз иккига
Бўлинган бир олмага.

Қисматимиз, бахтимиздан
Рози эдик иккимиз.
Гўдаклик-ла бирга ўтди
Ўқиш, ўйин изма-из.

Кўзбойлоғич ўйнар эдик,
Оқшом келса уфуриб.
Сен беркинсанг, қидирардим
Тўрт томонга югуриб.

Гоҳ кечикиб, гоҳ бир зумда,
Гоҳ топардим тунда ҳам.
Энди сени тополмайман,
Ҳатто, ёруғ кунда ҳам.

Ҳар гал кўрсам икки бўлак
Олмани, не ҳам дердим.
Тағин сени эслагайман,
Эй, илк севгим, илк севгим.

Букун олис бир-биридан
Манзилимиз, йўлимиз.
Икки бўлак олмадир бу
Икки бўлак дилимиз.

ЭЙ, КИПРИГИ ҚАРО

Ҳар лаҳза чақнаган кўзларинг каби,
Ўрилган кокилинг мисоли ҳар дам,
Қора сочларингдай, қора қошингдай
Қора бўлсин ўшал киприкларинг ҳам.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!

Кипригинг эгилар хатар етганда,
Ёмғир ёғиб кетса – кўзларингда нам.
Кипригинг майсага ўхшаган майин,
Майсанинг юзига қўнгандир шабнам.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!

Кипригинг кўксимга ботган ханжарми
Ёки у камондан бўшатилган ўқ?
Сенинг ханжарингдан, сенинг ўқингдан
Ҳеч қачон мен нажот ахтарганим йўқ.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!

Майли, қолгин доим қорасоч бўлиб,
Қошинг қаро бўлсин, кўзларинг қаро.
Аммо, истамасман, икки оламда
Сенинг юзинг қаро бўлмасин асло.
Эй, киприги қаро, киприги қаро,
Сени ёмон кўздан асрасин Худо!

ДЕВОР

Қишлоқда туғилдик бир тонг иккимиз,
Каттакон бир томнинг остида бедор.
Орамизда ғамнинг девори эмас,
Бор эди бир лойдан қурилган девор.

Доим огоҳ эдик бир-биримиздан,
Ортиқча ташвишлар келарди малол.
Дунёмиз бир эди иккимизнинг ҳам,
Товланарди рангин камалак мисол.

Ошиқликдан огоҳ эмасдик, ишқни
Болалик ўйини деб ўйлардик биз.
Мен учун чиройли келинчак эдинг,
Бир афсона эди ошиқлигимиз.

Қўғирчоғинг бизга чақалоқ эди,
Ундан меҳримизни аямасдик ҳеч.
Ҳавас билан униг сочин тарардинг,
Мен эса силардим бошин эрта-кеч.

Деворга ёзардим сенинг номингни,
Ўшанда, бўр билан, эй, меҳрибоним.
Тошнинг баданига номинг ўйсам гар,
Баданимга сиғмай кетарди жоним.

Ўшанда дафтарга битсам номингни,
Сенга аталарди шеърларим бари.
Ўшандан сўнг шеърлар битдим номингга,
Номинг билан тўлди шеър дафтарлари…

Келин бўлиб тушдинг қай бир шаҳарга,
Сенсиз бўшаб қолди гавжум қишлоқ ҳам.
Ҳовлининг девори қулаб, ўрнига
Баланд девор бўлиб кўтарилди ғам.

Иккимиз туғилдик бир тонг, бир томнинг
Остида, бир қишлоқ, битта ўлкада.
Бир-биридан жудо томимиз, афсус,
Айрилиқ девори қолди ўртада…

ИШҚ КИТОБИ

Қийноқ, азобларни
Мен ҳам тортганман,
Аммо, ортиқ эди
Ишқнинг азоби.

Баъзан дарё эдим
Изтиробларга,
Аммо, нажот бермас
Ишқ изтироби.

Баъзан, тўлқин эдим
Гирдоблар ичра,
Мени ютиб кетди
Ишқнинг гирдоби.

Хато қилмас эдим
Ҳисоб-китобда,
Аммо, топилмади
Ишқнинг ҳисоби.

Ҳар бир саволимга
Жавобим бордир,
Мени лол қолдирди
Ишқнинг жавоби.

Ишқ фасли бобида
Китоблар титдим,
Ҳаргиз тамом бўлмас
Ишқнинг китоби.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (24.06.2013) | Муаллиф: Одил Икром таржимаси
Кўрилди: 844 | Шарҳлар: 1 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 1

0  
1 jurabek   (25.06.2013 05:14) [Материал]
Ажойиб шеърлар, ажойиб таржима! Бор бўлинглар!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0