Қўлим очилмайди, ўлгунимча то Сендан яширганим – ўша бир нарса. Менинг бандалигим бўлгунча бажо, Билмайсан. Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам Қўлидан келмаган орзуси, ўйи. Қўлимдан келади, ахир, азизам, Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.
Йўлим очилмайди, ўлгунимча то Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан. Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато, Билмайсан. Билмайсан, бир куни тумонат одам Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан. Йўлни мен бошлайман, ахир, азизам, Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.
Кўзим очилмайди, бошқа одам у, – Кўзин катта-катта очиб жилмайган. Мен сендан бир дунё яширдим мангу, Билмайсан. Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам, У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари. Кўзимда яшайди, ахир, азизам, Кўзимда – кўзингнинг ёшлари…
Таъсирли дардларга йўргакланган шеърлар! Сатрларни бир ўқишда англаш мушкул. Лекин бир сўз қайта - қайта қўлланилиб кетган, бошқача варианти изланса яхши бўларди. ҚЎЛИМ,ҚЎЛИДАН, ҚЎЛИМДАН, ҚЎЛИДАН ва ҳоказо. Аммо қўйиқ изтироб ичида бу унчалик сезилмайди.
Тўғриси, ҳеч йўқ баҳсни қиздирарман деб, бир оз камчилик истаб кўрдим! (тўғрисида ). Лекин, топганим хайрат ва завқдан бошқа нарса бўлмади! Балки, мен Одил Икромнинг бир шеърда ишлатган топилдиқларидан бир неча шеърлар ясаб ташлаган бўлармидим....
Мен сендан бир дунё яширдим мангу, Билмайсан. Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам... қойил.
Бироқ, сизда бошқача фикрлар бўлса биз билан бўлишинг, дўстлар!