Пайшанба, 19.09.2024, 22:10
| RSS

Ижодкор

Бош саҳифа » Материаллар » Тожикистон » Шеърият

МУХАММАСЛАР
НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Бир тутам умр ёнди, ўчди, борми бу шомдин вафо,
Ғайри тангридан вафо йўқ ва на султондин вафо,
Оби хом, туфроғи хом, сўрмангиз хомдин вафо,
Кимса ҳаргиз кўрмади чун аҳли даврондин вафо,
Улки даврон офатидур, не тамаъ ондин вафо.
Ул намозшомгул мисоли очилиб сўлса не тонг,
Ё тўкиб кўзимни ёшин ўзгага кулса не тонг,
Ёки ботганда қуёшим қасдма-қасд тўлса не тонг,
Жониму умримдир ул ой, бевафо бўлса не тонг,
Қайда кўрмиш кимса ҳаргиз умр ила жондин вафо.
Шому тонг кўнглимда номинг, сен ҳаётим жавҳари,
Сўз ила йиққан бисотим, мол-мулким гавҳари,
Болу пар боғлаб ўйимга кўкладим мен сен сари,
Гар вафо қилсанг эрур андинки, бордурсан пари,
Йўқса ким оламда кўрмиш навъи инсондин вафо.
Гарчи каж, макру фирибнинг роҳидан ҳеч юрмадим,
Гарчи нафс аҳли ила базму тараблар қурмадим,
Вақте, ит ташланса дўстга бетараф ҳам турмадим,
Ваҳки, даврон аҳлидан жуз бевафолиғ кўрмадим,
Ҳар нечаким кўрдилар мен зори ҳайрондин вафо.
Бир замонким, аҳли кин меҳру шафқатни билмади,
Парвариш этган гулингни бўйлари сочилмади,
Бунда зоғ соҳиби боғ ким, назарлар қилмади,
Чун вафо гулбарги даврон боғида очилмади,
Бежиҳатдур кимки истар бу гулистондин вафо.
Бу фалак ҳаргиз бошингга бори ғам солдурмасун,
Сенгадир тангрим тавофим, ўзингдан қолдурмасун,
Ишқ хумор айлаб кўнгилни, куйини чолдурмасун,
Кимса кўнглин кимсадин истаб вафо олдурмасун,
Ким, менга худ етмади ул кўнглим олғондин вафо.
Жамшидо, жонингга жавр этдику меҳмони ҳусн,
Ул санинг қатлинг учун ё ҳури ғулмони ҳусн,
Дил элин қонини тўкди бераҳм ҳоқони ҳусн,
Эй Навоий, гар вафосиз чиқди ул султони ҳусн,
Топтинг элдинким, тиларсен энди султондин вафо.

ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Келиб Наврўз, адирларни кезурга бир саман бўлса,
Яна ортингга мингашган пари ширин сухан бўлса,
Ҳаволаб бесабр диллар ғуборсиз шўху шан бўлса,
Баҳор айёмида гулгашт этарга бир чаман бўлса,
Қилурга шарҳи ҳол, аҳли муҳаббат икки тан бўлса.
Ҳаётинг сархуш онига ғанимлар кулса ҳам майли,
Лабин жомида паймона, не тонгким, тўлса ҳам майли,
Чечаклар атридан беҳуш қўлида ўлса ҳам майли,
Хазон айёмида ул тавба қилган бўлса ҳам майли,
Етиб майхораликнинг мавсуми паймоншикан бўлса.
Ҳаво соф, еру осмон кўк, бу шундай жаннатий бир он,
Хонашинликни тарк айлаб висолга ошиқар инсон,
Ҳаёт завқини сурмакка бу охир беназир имкон,
Булут қатра фишону, руҳафзо сабзалар хандон,
Ариқларнинг лабида сабзавори бир чаман бўлса.
Сабо гул мушкини пуркар, абас дилларда бори ғаш,
Танинг парқу мисол енгил, унут бунда жами каш-каш,
Парилар белида қўллар, гилос лабда нафас уйқаш,
Ҳаво ҳам мўътадил, ҳавзи мусаффо, суфраи дилкаш,
Оқар сув ғалт уриб, себарга узра мавжзан бўлса.
Киярмиш жомаи заррин кишида токи покдир ком,
Очиб лаб ғунчалар саф-саф, қилур атрини мўл инъом,
Бу янглиғ анжумандин лол улангай тонг билан кеч шом,
Сабўи лаъл бирлан шишаи байзоу олтун жом,
Ўшал мажлисда соқий бир нигори сиймтан бўлса.
Кўз тикиб ўлтурмагингиз чун моҳ тобон бўлса гар,
Икки танга бул саодат дайр аро етмас магар,
Бори жонзот тунда этмиш суқ, ҳавас-ла шўъру шар,
Гул узра андалибу, сарвнинг бошида қумрилар,
Юзу қад ҳасратидан оҳу фарёд айлаган бўлса.
Муродин мевасин кўрса давр-давронни на қилсун?
Муаттар гесусин ўйнаб кажрав замонни на қилсун?
Ишқ аталмиш ўтда ёнмас бу бесар жонни на қилсун?
Киши тўбию кавсар, жаннату ризвонни на қилсун?
Жаҳон айвонида ҳосил бу янглиғ анжуман бўлса.
Айланур чарх, ўтар айём, қаю кўзларда суқ кўргай,
Кими ҳоли карру фар-ла, кими эгнида кўк кўргай,
Аё Жамшид, узумнинг ширинин доим кучук кўргай,
Суруру шодликни давр боғида нечук кўргай,
Камина Фурқатийнинг маскани байтул-ҳазан бўлса.

КЕЧИР, Ё РАБ!
(Эркин Воҳидов ғазалига мухаммас)

Қалбга тиғ санчди бир «оқил», кечир ё раб, кечирдим мен,
На тиғ, заҳрини сочди тил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Сабаб гумроҳ мени деб бил, кечир, ё раб, кечирдим мен,
Менга тош отди бир жоҳил, кечир, ё раб, кечирдим мен,
У қулдир, бандаи ғофил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Ақл кўр бўлганда, тамкин, фаросат аҳли кўп хордир,
Биров пишқирди, кўрдикки, биров пок луқмага зордир,
То бор инсон-ёвуз, хоксор, бу ҳеч он битмаган кордир,
Жаҳонда фитналар бордир, адолат гоҳи ночордир,
Адолат, қил ўзинг одил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Не дей, бошдин гуноҳкормен, ахир одам қачон бўлдим,
Билолмай дўсту душманни, уйи меҳмонга кон бўлдим,
Кўнгилни очдим ҳар касга ва охир бағри қон бўлдим,
Ёмон бўлдим, ёмон бўлдим, хато ўққа нишон бўлди,
Хато қилган эмас қотил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Бири оқу бири қора юзи гумроҳ бу инсоннинг,
Гоҳи нафс аждарига қул, гоҳи амрида имоннинг,
На қилсинки, вужуди хом ўзингсан соҳиби хомнинг,
Гуноҳидан ўт ул жоннинг, сўзига кирди шайтоннинг,
Кўнгул алданмоғга мойил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Керакдурми ўлик таннинг кераксиз жонига мотам?
Саросар маънисиз ўтган ҳаёту онига мотам?
Зарурми шундоқ ҳам ҳайфо умрлар ёнига мотам?
Тутурман ул синиқ одам синиқ иймонига мотам,
Дилига эътиқод жо қил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Э воҳ, банданг ёруғ кунда, юрар роҳи разолатда,
Ки, бир дасти мурувватда, ки бир дасти хиёнатда,
Илож қанча, риё қўпди, ҳариш урчиб музофотда,
У ҳам, мен ҳам қиёматда турармиз лол, хижолатда,
Бўлиб даргоҳингга дохил, кечир, ё раб, кечирдим мен.
Эшитсанг кечмишим бисёр, юракда кўп оҳу воҳим бор,
Бало-ю фитнадан лекин, мени сақлар паноҳим бор,
Имон даргоҳида танҳо адолатпеша шоҳим бор,
Кечир, янглишмаган ким бор, менинг ҳам кўп гуноҳим бор,
Одамзот асли нокомил, кечир, ё раб, кечир ё раб!

КИРДИ КЎКЛАМ КЎНГЛИМА…
(Жамол Камол ғазалига мухаммас)

Тинмайин қушлар навоси, ҳар саҳар, шоми билан,
Очди саҳфа дафтаримдан ишқ достони билан,
Безадим ҳошиясини мен шафақ қони билан,
Кирди кўклам кўнглима фируза оқшоми билан,
Шўъласи жонимга тушди лолагун жоми билан.
Ғунчалар ёқут лабидан тамшаниб жом истадим,
Ҳам ҳаририга боқишдан терганиб, шом истадим,
Ҳам ипак ресмонидан бир майин дом истадим,
Мен-ку барқут бағрида бир лаҳза ором истадим,
Ваҳки, оромим йўқолди лаҳза ороми билан.
Яйрасин гулчеҳралар деб ҳув чўққилар посбон,
Қир-адирлар кийди шоҳи, зангори атлас том-том,
Бу не жаннат, боғи ризвон, номи не, қандай макон,
Шабнам эрмас, эврилиб гулшанга қўнмиш осмон,
Ё магар боғ чирмашибдир кўкка ишкоми билан.
Ваҳки, шу лаҳза дилимда ҳисларим пайвастадир,
Мен нечук осмондадурман, ой нечук ҳув пастдадир,
Бўй сочар ялпиз ариқда, ҳар қадам гулдастадир,
Олмазор қўйнида тўлган ой нечук саргаштадир,
Воажаб ким, ерда юрмиш Ой деган номи билан.
Ошиқ ўлдингми, бас, сенга хоку санг зардир, деди,
Ҳамда кўк ёмғирларининг оти гавҳардир, деди,
Ҳар гиёҳ, япроғу майса нури жавҳардир деди,
Ишқ аро саргашталик бир кун муқаррардир деди,
Ғунча андоми билан, япроқ яшил доми билан.
Бу фасл жоним билан дунёмни обод айлади,
Кўнглида неклик, мурувват борни у шод айлади,
Айни чоқ Жамшид улуғ устозларин ёд айлади,
Ким, Жамол оқшом паноҳида қасамёд айлади,
Ишқ илмин ўрганурга ишқ-илҳоми билан.

ИНСОНИ ЙЎҚ
(Авлиёхон Эшон ғазалига мухаммас)

Қайга боқсанг сиртмоғи шай, қайда, айт, қопқони йўқ,
Ки, кўнгил инсонига рост демак осони йўқ.
Бир гуруҳ мақсуди чиркин дил эзар, лек қони йўқ,
Улуғ ўрмон ичинда ўқ тегмаган сиртлони йўқ,
Бу кўнгил юрти таланди, руҳ деган султони йўқ.
Боқ, ҳаёт қонуни талху майдалар расми шуким,
Тўқ бошоқ кўрса қумурсқа тортадир, турмайди жим,
Завқланур, балки ишидан гўнг титиб, олмайди тин,
Бошимизга чўққилардан тош отиб ўйнайди ким.
Пастда қолган кимсаларнинг синмаган қалқони йўқ.
Фаҳми паст, ноқису шумлар мақтанурлар ўргилиб,
Биз даҳо, султону бег, дейдилар кўксин юлиб,
Гоҳ иноқ, гоҳида лекин қалбларин ерлар кулиб,
Дил тубинда неча гумроҳ кўкка боққай термулиб,
Бир-бирин янчиб урингай, бир қулоч арқони йўқ.
Ёзмадим, аршдин ҳикоят сўйладим шом худба-худ,
Ким, тамиз аҳлин мудом бўлмагай оҳида дуд,
Дўст айтди, кўп куюнма, куймагингдан борми суд,
Барча дардим ичга ютдим, ўт бўлиб ёнди вужуд,
Элга ошкор айлай десам, бўғзима лисони йўқ.
Кимники, дастин олувдим, бўлди у тантиқ, ажаб.
Кимники, билдим рафиқ деб, зарб едим қаттиқ, ажаб,
Бу нечун минбарга чиққай, деб қилур таҳқиқ ажаб,
Бу дунёга ҳайрон боқиб, топмадим, мантиқ ажаб,
Кўксима бир босай десам, маънили инсони йўқ.
Бандайи хомдан, хулоса, ол сабоғинг зуд-зуд,
Боқки, у рафтор, сўзингга хайрихоҳми ёки зид,
Шармисорлар даврасини, Жамшидо, сен четлаб ўт,
Дуч келганнинг этагидан маҳкам тутиб, тушгай мурид,
Шоири кўп музофотда битта ҳам Эшони йўқ.


Рукн: Шеърият | Қўшди: Davron (18.09.2012) | Муаллиф: ЖАМШИД
Кўрилди: 1099 | Шарҳлар: 3 | Рейтинг: 0.0/0

Шарҳлар: 3

0  
1 Хасанбой Гойибов   (12.10.2012 10:09) [Материал]
Жамшид ака. Регарга яна келаман деб келмадингиз.Якинда углингиз келиб кетибди. Афсуски кейин эшитиб колдим. Сиз мухаррирлик килган "Хажрида куяр кунгил" китобимдан жунатмокчи эдим. Кунгирок килиб туринг. Мухаммасларни укидим.Зур.Хайр омон булинг.
0  
2 gayrat95   (23.12.2012 07:24) [Материал]
Мухаммаслар зўр, айниқса ҳар банднинг охирги икки мисраси яхши чиқибди. Ана шундай мисралар ёзинг Жамшидбой tongue
0  
3 хакпараст   (24.12.2012 00:19) [Материал]
энди мухаммас колувди харом булмаган. яхшиси навоийнинг яхши яхши газалларини териб беринглар.аллаканака мухаммасгиналарни бермай!
Шарҳни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қолдира олади.
[ Рўйхатдан ўтиш | Кириш ]
Меню
Рукунлар
Кириш формаси
Ихчам-чат
Статистика

Жами on-line: 1
Мехмонлар: 1
Фойдаланувчилар: 0